PDF Bos ePochta
Seshanba, 09 Mart 2010 08:32

Барака учун одамларга Қуръон ўқитиш

Савол: Угандада бирон киши Аллоҳга ризқини мўл қилиши учун дуо қилмоқчи бўлса, толиби илмларни чақиради ва уларнинг ҳар бири ўзи билан бирга Қуръон Каримиин олиб келади. Улар тўпланишгач, бирови Қуръоннинг юраги бўлгани учун Ёсин сурасини, иккинчиси Каҳф сурасини, учинчиси Воқеъа ёки Раҳмон ёхуд  Духон ё Маъориж ёки Нун ёхуд Таборак ё Муҳаммад ёда Фатҳ ва ёки бошқа бирон сурани ўқийди. Улар тартиб билан Бақара сураси ёки Нисо сурасидан ўқимай, (Қуръоннинг у ер ёки бу еридан) танлаб ўқийдилар ва шундан кейингина дуо қиладилар. Айтингчи, шу йўсинда ўқиш машруъми? Агар машруъ бўлмаса, далил билан унинг тўғри йўлини айтиб берсангиз?   

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 4028):

Қуръонни маъноларининг мағзини чақиб тиловат қилиш, Аллоҳга дуолар қилиш ва муваффақият, ризқ мўллиги ва бошқа турдаги яхшиликларни сўраб ёлбориш – Аллоҳ учун қилинган энг афзал ибодатлардан биридир. Бироқ, саволда айтилганидек, Қуръоннинг муайян сураларини саноқли одамларга тақсимлаб, уларнинг ҳар бирининг у сураларни ўқиб ризққа мўллик бериши ёки бошқа мақсадлар учун ўқилиши, бидъатдир. Чунки бундай қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг на ҳадисларида ва на қилган ишларида, на саҳобалардан ва на Уммат салафидан нақл қилингандир. Яхшилик – салафга издош бўлишда, ёмонлик эса улардан кейингилар чиқарган бидъатлар ичида яширингандир. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Бизнинг ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайо қилган кишининг бу иши ўзига қайтарилгандир» ҳадиси нақл қилинган (Имом Бухорий 2550; Имом Муслим 1718; Абу Довуд 4606; Ибн Можа 14; Имом Аҳмад 6/270).

Аллоҳ таолога дуо қилиш ҳар (машруъ) замон ва маконда, шодиёна ва мусибатларда машруъ бўлиб, Аллоҳ таоло намоздаги саждада, саҳар вақтларида, намозда салом беришдан илгари дуолар қилишга рағбатлантирган. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари ҳам вориддир:

«Роббимиз ҳар кеча туннинг охирги учдан бири қолганида Дунё осмонига нозил бўлади ва: «Менга дуо қилган борми, уни ижобат қилсам! Мендан (эҳтиёжини) сўраган борми, (эҳтиёжини) берсам! Мендан мағфират тилаган борми, мағфират қилсам!»– дейди» (Имом Бухорий 7065; Имом Муслим 758; Термизий 446; Абу Довуд 1315; Ибн Можа 1366; Имом Аҳмад 2/504; Имом Молик «Муваттоъ» 496; Доримий 1478);

«Рукуъда Аллоҳни улуғланглар! Саждада эса дуо қилишга қаттиқ ҳаракат қилингларки, сизларга ижобат қилинишига лойиқдир» (Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривояти. Имом Муслим 479; Насоий 1045; Абу Довуд 876; Ибн Можа 3899; Имом Аҳмад 1/219; Доримий 1326);

«Сажда қилган ҳолати банданинг Аллоҳга энг яқин бўлган онидир. Бас, сизлар (саждада) кўп дуо қилинглар!» (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривояти. Имом Муслим 482; Насоий 1137; Абу Довуд 875; Имом Аҳмад 2/421).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳуга ташаҳҳудни ўргатар эканлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Сўнгра (банда) ўзи ёқтирган дуони танлаб қилаверсин!» (Имом Бухорий 800; Имом Муслим 402; Термизий 1105; Насоий 1298; Абу Довуд 968; Ибн Можа 899; Имом Аҳмад 1/428; Доримий 1340).      

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:               Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:        Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

 

Бошқа мақолалар: