|
|
|
| Yakshanba, 19 Iyul 2009 10:18 | |||
|
Хазир алайҳиссалом саҳро ва дарёларда одамларни қўриқлайдими? Савол: Хазир алайҳиссалом инсонларни дарё ва саҳроларда қўриқлайдими? Йўлдан адашган одам чорласа, ёрдам берадими? Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 1727-6): Уламоларнинг қувватли қавлларига кўра Хазир алайҳиссалом Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб юборишидан илгари вафот этган. Бунинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу оятидир: ﴿وَمَا جَعَلْنَا لِبَشَرٍ مِنْ قَبْلِكَ الْخُلْدَ أَفَإِنْ مِتَّ فَهُمُ الْخَالِدُونَ﴾ «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан аввал ҳам бирон одамзодга абадий ҳаёт берган эмасмиз. Бас, агар сиз ўлсангиз, улар абадий қолурларми?! (Йўқ, улар ҳам мангу қолмаслар)» (Анбиё: 34). Унинг яшагани ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашгани тақдирда ҳам, суннат унинг пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотидан кейин вафот этганига далолат қилмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу кеча туш кўрдингизларми?». (Саҳобалар: Ҳа). – Юз йилнинг бошида бугун Ер юзида (тирик) бўлган бирон кимса қолмайди,– дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам» (Имом Аҳмад 2/88, 121, 131; Фатҳул Борий 115, 1126, 3599, 5844, 6218, 7069; Имом Муслим 2537, 2538; АБу довуд 4348; Термизий 2251). Демак, Зазир алайҳиссалом вафот этган бўлиб, уни чорлаган кимсаларни эшитмайдиган, чорлаганларнинг чақириқларини эшитмайдиган, адашган одам тўғри йўлга солиб қўйишини сўраса ҳам солиб қўя олмайдиган ўлик мақомидадир. Кунимизгача тирик бўлишини фараз қилганимизда ҳам, у – бошқа ғоиб махлуқлар сингари ғоибдир. Аллоҳ таолонинг қуйидаги ва бошқа оятларига биноан унга на дуо қилиб бўлинади ва на қийинчилик ва фаровонлик замонларида ундан мадад сўралади: ﴿فَلَا تَدْعُوا مَعَ اللَّهِ أَحَدًا﴾ «Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18). Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси: Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён
|


