|
Мусулмонга азият беришнинг хатари
Хатиб: Шайх Солиҳ ибн Муҳаммад Оли Толиб, Маккаи Мукаррамадаги Масжидул Ҳаром имоми ва хатиби
Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий
Асл сарлавҳа: خطورة أذية المسلم
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир... Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ Унга, Унинг оиласи, саҳобалар, тобиинлар ва уларга яхшилик билан издош бўлганларга салавот, салом ва баракалар ёғдирсин!
Сўнг ...
Аллоҳдан лойиқ бўлганидек тақво қилинглар ва Исломни Қуръон билан маҳкам ушланглар ҳамда унутмангларки, сизлар эртага Аллоҳнинг ҳузурида туриб қилган амалларингиз учун ҳисоб берасизлар ва унга қараб муносиб тақдирланасизлар. Натижа эса ё жаннатга ёки жаҳаннамга бўлади:
﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَلْتَنظُرْ نَفْسٌ مَّا قَدَّمَتْ لِغَدٍ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ﴾
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат Куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Ҳашр: 18).
Аллоҳнинг бандалари, мусулмоннинг Аллоҳ ҳузурида ўз ҳурмати ва қадри, ҳимояси ва хатари бордир. Ҳолбуки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг наздида дунёнинг йўқ бўлиб кетиши, мусулмоннинг қонини тўкишдан кўра енгилроқдир»– дедилар (Саҳиҳ ҳадис. Ҳадис лафзи Байҳақийники. Термизий 1315; Насоий 3449; Ибн Можа 2609).
Шариат мусулмонни ҳар тарафлама, гарчи уни туйғулари ва ҳиссий жиҳатдан бўлсада озордан ҳимоя қилиб, ҳурматини ардоқлайдиган одоб, йўлланма, аҳком ва жазоларни олиб келди. Ислом, биродарликни эҳсонни тақозо этадиган, сурат ва шакли қандай бўлишидан қатъий назар озор беришни таъқиқлайдиган асос қилиб қўйди. Аллоҳ таоло айтди:
﴿إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ﴾
«Дарҳақиқат, мўъминлар – оға–инидирлар» (Ҳужурот: 10).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Бир-бирингизга ҳасад қилмангиз! (Молни) олмасангиз сунъий равишда нархни кўтармангиз ва бир-бирингиздан нафратланмангиз! Бировингиз бировнинг савдоси устига савдо очмасин! Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлингиз! Мусулмон мусулмоннинг оғасидир: унга зулм қилмас, таҳқирламас ва ёрдамсиз ташлаб қўймас! Тақво бу ердадир,– дея кўксиларини уч марта кўрсатдилар – Мусулмон биродарини таҳқирлаши, бандага ёмонлик қилиш нуқтаи назаридан кифоядир. Мусулмоннинг мусулмоннинг қони(ни тўкиши), моли(ни рухсатсиз олиши) ва обрўси(ни тўкиши) ҳаромдир» (Имом Муслим ривояти: 4650);
«Бировингиз биродарига ўзи учун суйган нарсани суймагунича мўъмин бўла олмайди» (Муттафақун алайҳ. Имом Бухорий 12).
Тарихнинг унутилмас йиғини – Видолашув ҳажидаги тарихий қарор мусулмон ҳуқуқининг эълони, унинг ҳурмати ва ҳурматини ардоқлаш ва Аллоҳ наздидаги қадри ҳамда унга озор бериш ҳаром эканига пойдевор бўлди.
Ҳой мусулмонлар, Аллоҳ улуғлаган бу ҳурматни тўкиш, мусулмонларга азият етказиш билан тажовуз қилиш, энг катта гуноҳлардандир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
﴿وَالَّذِينَ يُؤْذُونَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ بِغَيْرِ مَا اكْتَسَبُوا فَقَدِ احْتَمَلُوا بُهْتَاناً وَإِثْماً مُّبِيناً﴾
«Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасликларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар» (Аҳзоб: 58).
Агар азият солиҳ ва мўъминлар ичидаги сара инсонларга берилса, жиноятнинг ҳажми кенгайиб боради. Қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло шундай деган: «Ким менинг дўстимга душман бўлса, Мен унга қарши уруш очаман!» (Имом Бухорий 6021).
Қайси аҳмоқ Аллоҳга қарши уруш очишга ҳаракат қилиши мумкин? Ахир Аллоҳ таоло:
﴿إِنَّ اللَّهَ يُدَافِعُ عَنِ الَّذِينَ آَمَنُوا﴾
«Аллоҳ мўъминларни мудофаа қилади!»– демаганми?! (Ҳаж: 38). Аллоҳнинг мудофааси банда иймонининг оз ёки кўплигига қараб бўлади. Агар банда иймонида Аллоҳнинг дўсти бўлиш даражасига етиб борса, Аллоҳ унинг душманларига қарши уруш очади. Гоҳида сиз билмаган ҳолда кучсиз бир мўъмин ҳам Аллоҳга дўст бўлиш мақомига етган бўлиши ва Аллоҳ унга душман бўлганларга уруш очиши мумкин. Шунинг учун бундан эҳтиёт бўлинг! Ибн Касийр (раҳимаҳуллоҳ) ўз тафсирида шундай ёзади: «Аллоҳ таолонинг:
﴿وَالَّذِينَ يُؤْذُونَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ بِغَيْرِ مَا اكْتَسَبُوا﴾
«Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасликларидан озор берадиган кимсалар» (Аҳзоб: 58) оятининг тафсирида: «Уларга қилмаган айбларини «Қилди!» деб қўйган кимсалар:
﴿فَقَدِ احْتَمَلُوا بُهْتَاناً وَإِثْماً مُّبِيناً﴾
«ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар». Яъни, мўъмин ва мўъминаларни айблаш ва камситиш учун қилмаган ишларини уларга туҳмат қиладилар ва у қилмаган ишлари билан айблайдилар».
Аллоҳнинг бандалари! Шариат мусулмонга ҳатто туйғуларида ҳам босим беришга олиб борадиган нарсаларни ҳаром қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар уч киши бўлсангиз икки киши учинчисидан хуфёна сирлашмасин! Чунки бундай қилиш уни хафа қилади!»– дедилар (Имом Муслим 4953; 4054). Бошқа бир ривоятда эса: «Чунки бу – мўъминга озор беради. Аллоҳ таоло эса мўъминга озор беришни ёқтирмайди»– дедилар (Саҳиҳ ҳадис. Термизий 2751).
Ҳатто иш мусулмонлар йўлидан тиконни олиб қўйган одамни жаннат билан тақдирлаш даражасига етди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биров йўлда турган дарахт шохлари олдидан ўтар экан: «Аллоҳга қасамки, мен буни мусулмонларга озор бермаслиги учун четга олиб қўяман»– деди ва жаннатга кирди»– дедилар (Имом Муслим 4744). Ўзи ташламаган ва озгина бўлсада мусулмонларга озор етишининг олдини олган одамнинг савобига қаранг!
Озорнинг олдини олишнинг ўзи – савоб ва мусулмон тақдирланадиган ажрдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлардан ёмонлигингни тий! Бу ҳам сендан ўзингга садақадир!»– дедилар (Имом Муслим 119).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Мусулмонларнинг қайси бири яхшидир?» деган саволга: «Мусулмонлар тили ва қўлидан омон бўлганларидир»– деб жавоб берганлари нақл қилинган (Имом Бухорий 9, 6003).
Ибн Ражаб (раҳимаҳуллоҳ) бу ҳадиснинг шарҳида шундай дейди: «Мусулмон дегани мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омон бўлган инсондир. Бундан мақсад, иймони коми бўлган мусулмондир. Мусулмонлар қўли ва тилидан омон бўлмаган инсон, зарур бўлган иймони тўкис бўлмаган мусулмондир. Чунки, мусулмонларнинг банданинг тили ва қўлидан омон бўлишлари – фарздир. Мусулмонга тил ва қўл билан озор бериш – ҳаромдир!» (Ибн Ражаб «Фатҳул Борий», 1/33).
Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қилди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўл бўйида ўтирманглар!»– дедилар. Саҳобалар: «Агар у ерда ўтириб гаплашишимиз зарур бўлса–чи?!»– деб савол бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар ўтирмоқчи бўлсангизлар, йўлнинг ҳаққини беринглар!»– деб жавоб бердилар. – Ё Расулуллоҳ, йўлнинг ҳаққи нима? – Кўзни юмиш, озор бермаслик, саломга алик олиш, савобли ишга чорлаб, гуноҳ ишлардан қайтаришдир» (Муттафақун алайҳ: Имом Бухорий 5761; Имом Муслим 3960, 4021).
Озор бериш турларига мусулмонларга йўлларида ва умумий жойларда қийинчилик туғдириш, уларнинг йўлларига эътиборсизча ахлатлар ташлаш ҳам киради. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки лаънатловчи нарсадан сақланинглар!»– дедилар. Саҳобалар: «Икки лаънатловчи нарсалар нима?»– деб савол беришганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қилгувчиси лаънатга гирифтор бўладиган икки иш: одамларнинг йўллари ва соябон жойларига бўшанишдан қочинглар:!»– дедилар (Имом Муслим 397). Абу Довуд (раҳимаҳуллоҳ)нинг ривоятида эса: «Икки лаънат қилувчи нарсадан эҳтиёт бўлинглар!»– дейилган (Абу Довуд 23).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлдан озор берадиган нарсаларни олиш ҳам садақа, ҳам иймоннинг бир шохи эканидан дарак бердилар. Бу ҳақда Табароний (раҳимаҳуллоҳ) ва бошқалар саҳиҳ санад билан ҳадис ривоят қилдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмонларга йўлларида озор берган одамга, уларнинг лаънатлари ёғилади!»– дедилар» («ал–Мўъжамул Кабир» 3050).
Исломнинг буюк қоидаларидан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларидир: «Ўзинг фойдаланиб бошқага зарар берма ва ўзингга ҳам, бошқага ҳам зарар берма!» (Имом Аҳмад 2719, 21714; Ибн Можа 2331, 2332).
Яхши мақсад учун ҳам мусулмонларга озор бериши жоиз эмас. Бир киши жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилаётган пайтда, сафлардаги одамлар елкасини ёриб олдинга ўта бошлади. Буни кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўтир, (мусулмонларга) озор бердинг!»– дедилар (Абу Довуд 943; Ибн Хузайма 1811. Ибн Ҳиббон бу ҳадисни саҳиҳ деди).
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисини ривоят қилди: «(Хом) пиёз, саримсоқ ва тарра истеъмол қилган одам масжидимизга яқинлашмасин. Чунки фаришталар одамзод озорланган нарсалардан озорланадилар» (Имом Муслим 876). Бу – қасдсиз ва машруъ мақсадда бўлсада, мусулмонларга озор бериш таъқиқланган эканига далолат қилмоқда. Шундай экан, ўз хоҳиши ва истаги билан қасддан озор бериш ҳақида нима дейиш мумкин?!
Ҳой мусулмонлар, озор беришнинг шакллари кўп бўлиб, улардан, хусусан, хатари ва таъсири қаттиқ бўлгани ҳақида насс ворид бўлганларидан мусулмон узоқ туриши керак. Бинобарин, ғийбат, чақимчилик, қўшнилар, хизматкорлар ва кучсиз инсонларга нисбатан озор беришдан сақланиш лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмонлар тарафидан аҳд берилган (кофир)га ким зулм қилса ёки уни камситса ёхуд кучи етмаган нарсаларни қилишга мажбурласа ёда ундан норози қилиб бирон нарсани олса, Мен Қиёмат кунида унинг даъвочисиман!»– дедилар (Абу Довуд саҳиҳ санад билан ривоят қилди, 2654).
Агар аҳд берилган кофирга зулм қилинганидаги ҳолат шу бўлса, ўзининг мўъмин биродарларига зулм қилган кишининг ҳоли нима бўлади?! Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Ё Расулуллоҳ, фалончи аёл тунлари намоз ўқиб, кундузлари рўзадор юради. Бироқ, тили билан қўшниларига озор беради. (Унинг ҳукми нима?)»– деб айтилганида: «Унда ҳеч қандай яхшилик йўқ. У – жаҳаннамдадир!»– дедилар» («ал–Адабул муфрад» 119. Имом Аҳмад ва Ҳоким ҳам бу ҳадисни ривоят қилди. Ибн Ҳиббон бу ҳадисни саҳиҳ деди).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган киши қўшнисига озор бермасин!»– дедилар (Муттафақун алайҳ).
Сўкиниш, ҳақоратлаш, ғийбат қилиш, чақимчилик ва обрўга тил теккизиш ҳам, озор беришнинг бир туридир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
﴿إِذْ تَلَقَّوْنَهُ بِأَلْسِنَتِكُمْ وَتَقُولُونَ بِأَفْوَاهِكُم مَّا لَيْسَ لَكُم بِهِ عِلْمٌ وَتَحْسَبُونَهُ هَيِّناً وَهُوَ عِندَ اللَّهِ عَظِيمٌ﴾
«Ўшанда сизлар уни тилдан тилга олиб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўйлар ва буни енгил иш деб уйлар эдингизлар. Ҳолбуки у Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳдир)» (Нур: 15).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилиб баралла товушлари билан: «Ҳой тили билан мусулмон бўлиб, иймон қалбига ўтмаган жамоат! Мусулмонларга озор берманглар ва уларни айбламанглар! Уларнинг нозик тарафларини изламанглар! Чунки, ким мусулмон биродарининг нозик тарафларини излайдиган бўлса, Аллоҳ унинг нозик тарафларини излайди. Аллоҳ кимнинг нозик тарафини излаб қолган бўлса, уни хонадонининг ичида бўлсада расво қилади»– дедилар».
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу Каъбага назар ташлаб: «Сен нафқадар буюк ва ҳурматинг нақадар улуғдир! Шундай бўлсада, мўъминнинг ҳурмати сеникидан кўра улуғдир!»– деди (Термизий саҳиҳ санад билан ривоят қилди, 1955).
Ҳатто Имом Муслим (раҳимаҳуллоҳ)нинг «Саҳиҳ»ида Омир ибн Амр разияллоҳу анҳудан нақл қилинган ушбу ҳадис бор: «Ким мусулмонни ғазаблантирса Аллоҳни ғазаблантирибди. У одам энг фозил ва муҳтарам инсонлардан бўлса ҳам, Аллоҳнинг жазоси ва интиқомидан хатардадир».
Ҳой мусулмонлар, мўъминларга азият бериш ва бутун инсонларга ёмонлик қилишдан сақланинглар! Фақатгина, Қуръон ва суннатдан ҳамда шу умматнинг салафи солиҳидан соғлом ҳужжат бўлсагина зоҳирий ҳақни олиш бундан мустаснодир. Ҳаққингизни олар экан сизнинг кучли ва ишончли далилингиз бўлсинки, Роббингизга жавоб берар ва ҳақлар ўз эгасига берилар экан, тилингиз тутилмасин.
Мўъминга озор бериш – зулмдир. Мазлумнинг дуоси билан Аллоҳ ўртасида ҳеч қандай парда йўқдир. Бандаларнинг озорларига сабр қилиш, уларни дуойи бад қилишдан кўра афзалдир:
﴿وَلَئِن صَبَرْتُمْ لَهُوَ خَيْرٌ لِّلصَّابِرينَ﴾
«Агар сабр қилсангизлар, у сабрлилар учун яхшидир» (Наҳл: 126).
Айрим озорлар борки, мазлум кечирмагунича у озорга ўқиган намози, тутган рўзаси ва берган садақаси каффорот бўла олмайди. Савобларга эришиш қийин бўлган ва амал номалари учиб юрган бир пайтда мазлум қандай кечириши мумкин?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Инқирозга учраган ким эканини биласизларми?»– дедилар. Саҳобалар: «Ичимизда инқирозга учраган одам кумуш тангаси ва бирон матоҳи қолмаган одамдир»– деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: «Умматим ичидан инқирозга учраган одам Қиёмат куни намоз, рўза ва закот билан келган ва уни сўккан ва бунга туҳмат қилган, унинг молини еган ва бунинг қонини тўккан ва уни урган ҳолатида келади. Унга ва бунга бунинг ҳасанотларидан олиб берилади. Ҳақларини бергунча ҳасонотлари тугаб қолса, уларнинг хатоларини олиб бунинг устига ташлайдилар. Сўнгра, уни жаҳаннамга улоқтирилади»– дедилар (Имом Муслим 4678).
Шахснинг ҳурмати ёки замон ёхуд макон ёда муносабатга қараб, озор катта бўлиши, гуноҳлар кўпайиши ва жазо қаттиқ бўлиши мумкин.Агар оддий одамларни масхаралаш озор ва бало бўлса, солиҳлар, обидлар, Аллоҳ йўлида холис ҳаракат қилаётган одамларни масхаралашнинг гуноҳи қаттиқ ва хатари қалтисдир. Ҳолбуки, масхаралаш ва айблашлар пайғамбарларга қарши ишлатилган қурол эди. Аллоҳ барча пайғамбарларга салавоту саломлар йўлласин!
Бу ишлар ҳар бир давлат ва асрда давом этаётган бўлсада, уни инкор этилмай ошкор қилинган пайтда гуноҳ оғирлашади. Олимлар ва диннинг обрўсини тўкиш ва уларни камситиш, Ислом Оламида кейинги даврлардагина пайдо бўлди. Модомики аҳли муҳтарам экан, дин ҳам ҳурмати билан қолади. Агар олимларга билим ва амал борасида уларнинг тенгги бўлмаган одамлар раҳбар бўлиб қолса, бу ҳам уларни камситиш ва фитнадан бошқа нарса эмасдир.
Ҳой мўъминлар, яқин қариндошларага озор беришнинг ҳам жазоси қаттиқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Видолашув ҳажининг хутбасида ва ўлим тўшагида ётган пайтларида рафиқаларга яхшилик қилишни васият қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам васиятига – хотин-қизларга зулм қилган одамнинг ҳолига войлар бўлсин! Ўз умр йўлдошига озор берган рафиқанинг ҳолига ҳам войлар бўлсин! Чунки ундай аёлни фаришталар лаънатлайди. Эр ва хотиннинг бир-бирларига озор беришлари энг ёмон озорлардан ҳисобланади. Раҳбарларнинг ўз фуқароларига озор беришлари, уларнинг ҳуқуқларини поймол қилишлари ва халқ хўжалигидаги одамлар манфаатини кечиктириш ҳам, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида баён қилинган қаттиқ азобни тақозо этади:
﴿وَالَّذِينَ يُؤْذُونَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ بِغَيْرِ مَا اكْتَسَبُوا فَقَدِ احْتَمَلُوا بُهْتَاناً وَإِثْماً مُّبِيناً﴾
«Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасликларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар» (Аҳзоб: 58).
Аллоҳ таоло менга ва сизларга Қуръон Карим ва суннатни баракали қилсин ва у иккисидаги оят ва ҳикматлар билан фойдалантирсин. Мен шу гапларимни айтиб, ўзим ва сизлар учун Аллоҳдан мағфират сўрайман!
Иккинчи хутба
Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси, меҳрибон ва раҳмли, жазо (Қиёмат) Кунининг эгаси — подшоҳи бўлмиш Аллоҳ учундир. Мен: «Ягона ва шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, очиқ ва ҳақ мулк Унинг эканига ва Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Аллоҳнинг бандаси, омонатдор ва садоқатли элчиси эканига» гувоҳлик бераман. Аллоҳ Унга, Унинг оиласи, саҳобалари, тобиинлар ва уларга Қиёматгача издош бўлганларга салавот, салом ва баракалар ёғдирсин.
Сўнг ...
Ҳой мусулмонлар, юқорида эслатилган мисоллардаги мусулмонларга қилинган озорлар гуноҳи кабира ва оғир жиноят ҳисобланар экан, миллионлаб мусулмонлар зарар кўриб, зиёни бутун Умматга етаётгна озорлар ҳақида нима дейиш мумкин?!
Озорнинг кўпайиб, доирасининг кенгайишига қараб, уни қилган одамнинг гуноҳи ҳам каттайиб, жазоси ҳам оғирлашиб бораверади. Агар лаънат мусулмонларнинг йўллари ва кўланка жойларига бўшанган бир неча одамгагина келса, минглаб мўъминларни динлари, эътиқодлари ва дунёқарашлари сабабли озорлаётган одамлар ҳақида нима дейишимиз мумкин?!!
Бу одамлар Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламни озорламоқдалар. Зеро муттафақун алайҳ бўлган ҳадис қудсийда Аллоҳ таоло: «Одам фарзанди Менга озор беради»– деган бўлса (Имом Бухорий 4452; Имом Муслим 4166), Қуръон Мажидда шундай деган:
﴿إِنَّ الَّذِينَ يُؤْذُونَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ لَعَنَهُمُ اللَّهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَأَعَدَّ لَهُمْ عَذَاباً مُّهِيناً﴾
«Албатта Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига озор берадиган кимсаларни Аллоҳ дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатлагандир ва улар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб: 57).
Ҳақиқатни чалкаштириш, воқеъни бузиб кўрсатиш, маърифат ва онг манбаъларини, қийматлар, ахлоқлар ва сулукни оғулаш – мусулмонларга озор бериш, демакдир. Фазилат ва фитратга, шариатнинг асос ва усулларига зид бўлишдан ташқари, омма завқига ҳам терс келадиган нарсаларни ўқиш ёки кўриш ёхуд эшитиш билан одамлар оммаси қанчалар озор чекади. Бу – мусулмонларга озор бериш, уларнинг динлари ва туйғуларининг кўринишларига терс келмайдими? Ҳатто, ўзини ва оиласини гуноҳ ишлардан ҳимоя қилмоқчи бўлган одам, анчагина қийналадиган ҳолатга келиб қолмадими?!
Аллоҳнинг бандалари, озор бериш турларидан бири, дин душманлари одамларнинг эҳтиёжи ва камбағаллигини суиистеъмол қилиб, мусулмонлар ўлкасини қора булути билан қоплаб олган судхўрлик билан қонларини ичмоқдалар. Судхўрлик ўзининг зулми ва тажовузкорлиги билан мусулмонлар муомалаларига ҳукмрон бўлиб олди. Банклардан бошлаб, кредитларгача етиб борди ва ҳатто асари келишини хоҳламаган инсонларнинг хонадонларига ҳам кириб келди. Қарзлар кўпайиб, бериладиган пулларни туғди. Қарздор ундан оз фойдаланиб, молнинг баракаси кетди.
Мол эгалари ва иқтисодчилар ўзаро муомалаларида Аллоҳдан қўрқсинлар! Чунки, эртага – Аллоҳнинг даргоҳида сўроқ қилинадилар! Кошки давлат қарзи ҳасана берадиган банклар сонини кўпайтирса, судхўрлик ва рибо шубҳалари мусулмон жамиятларда камайиб йўқ бўлса ҳамда молнинг баракаси ёғилса!
Бозор ва иқтисод бобида умумий озор бериш ва айрим савдогарлар ҳамда баъзи «манфаатчилар» шуғулланаётган яккақўллик – монополия, нархларни сунъий ошириш, мусулмонларнинг ризқлари ва маошларига танглик келтириш каби аҳолига ёппасига озор бериш сиёсати борки, бу очкўзлик уларнинг иштаҳаларини очиб, тамаъгирлик туйғуларини оғулади.
Тижорат ризқ дарвозаси бўлсада, бу унинг кучсизларнинг қонини охирги қатрасигача сўришни, бундан кўра оғирроғи қарзларни кўпайтириб, тоқат қилиб бўлмайдиган қарзнини қарздорга юклаб, чўнтакни кучсизлар ҳисобига бойитишни ифодаламайди. Шунинг учун ҳам, доимо Аллоҳ таолонинг ушбу оятини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак:
﴿وَالَّذِينَ يُؤْذُونَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ بِغَيْرِ مَا اكْتَسَبُوا فَقَدِ احْتَمَلُوا بُهْتَاناً وَإِثْماً مُّبِيناً﴾
«Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасликларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар» (Аҳзоб: 58).
Буларни тингладингиз, энди, махлуқотларнинг энг яхшиси, энг пок инсон – Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ҳошимий Қурашийга салавот ва саломлар айтингиз! Аллоҳим, банданг ва расулинг Муҳаммадга, Унинг пок оиласи ва юзларидан нур порлаган саҳобаларига салавот, салом ва баракалар ёғдир!
Аллоҳим, ё Роббал Оламийн! Ҳидоятдаги имомлар, ҳузурингдаги мақбул хулафойи рошидинлар – Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алийлар ҳамда пайғамбарингнинг бошқа барча саҳобаларидан, уларнинг йўлларидан юриб, суннатларига эргашганлардан рози бўл!
Аллоҳим, Ислом ва мусулмонларни азиз, ширк ва мушрикларни хор, Ислом душманларини вайрон қил! Бу ва барча мусулмонларнинг ўлкасини осуда ва доруломон қил!
Аллоҳим, бизни ўз ватанимизда хотиржам қилиб, раҳбарларимиз ва имомларимизнинг ишини ислоҳ қил! Имомларимиз ва раҳбарларимизни ҳақиқат билан қувватла!
Аллоҳим, бизни қимматчилик, вабо, рибо, зино, зилзила, машаққат ва ошкору хуфёна бўлган ёмон фитналардан асра! Аллоҳим, Ер юзидаги барча мусулмонларнинг аҳволини тузат! Уларни ҳақиқат ва ҳидоят узра бирлаштир! Қонларини ҳимоя қил! Ўз диёрларида хотиржам қилиб, ҳаётларини фаровон айла, аҳволларини тузатиб, душманларининг кулларини кўкка совур!
Аллоҳим, ё Роббал Оламийн! Ер юзидаги қийналаётган мусулмонларга ёрдам эт! Аллоҳим, уларга Фаластинда, Мақдисда сен учун оёққа турганларга ёрдам бер ва уларни ҳидоят узра бирлаштир!
Аллоҳим, динингга, Китобингга, пайғамбарингнинг суннатига ва мўъмин бандаларингга ёрдам эт! Аллоҳим, Ислом душманларини Сенга ҳавола этдик, улар сенга ғолиб кела олмаслар! Аллоҳим, бизга бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам яхшиликлар насиб айла ва жаҳаннам азобидан сақла!
Аллоҳим, гуноҳларимизни мағфират айла, айбларимизни пардала, ишларимизни осон қил! Мақсадларимизга Сени рози қиладиган йўллар билан етказ! Аллоҳим, мусулмонларнинг қайғуларини кетказ, бошларига фалокат етганларга ёрдамчи бўл ва асирларини Ўзинг озод қил! Қарздорларнинг қарзларини ўта, Ўз раҳматинг билан бизнинг ва барча мусулмонларнинг хасталарига шифо бер! Аллоҳим, бизни, ота-онамизни ва уларнинг зурриётларини мағфират қил! Дарҳақиқат, Сен дуоларни эшитгувчи ва қабул қилгувчи Зотсан!
Аллоҳим, Сенгина илоҳсан, Сенгина бойсан, Сенгина билгувчисан! Тавбаларимизни қабул қил, Сен тавбаларни қабул қилгувчи ва раҳмли Зотсан.
Мен Роббингиз – иззат Парвардигорини мушриклар тавсифлаётган нолойиқ сифатлардан поклайман. Барча пайғамбарларга саломлар, барча оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!
|