|
Ислом фиқҳини ўрганишнинг аҳамияти
Муаллиф: Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий
Асл сарлавҳа: بَيَانُ أَهَمِّيَّةِ الْفِقْهِ الإسْلاَمِيِّ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Барча Оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи, саҳобалари ва Унинг йўли ва ҳидоятидан Қиёмат кунигача айрилмаган барчага салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг ...
Ислом фиқҳи, ҳукмларнинг далиллари ва бу бобда мурожаат этиладиган Ислом фуқаҳоларини ўрганиш – илм аҳллари эътибор беришлари ва одамларга тушунтиришлари керак бўлган муҳим ишлардан биридир. Чунки, Аллоҳ таоло инсу жинларни Ўзигагина ибодат қилишлари учун яратган бўлиб, бу ибодатни Ислом фиқҳи ва унинг далилларини, Ислом аҳкомлари ва уларнинг ҳужжатларини, бу бобдаги ишончли муҳаддислар ва фуқаҳоларни билмай туриб ўрганиш мумкин эмасдир.
Уламолар – пайғамбарларнинг ворисларидир. Пайғамбарлар олтин ёки кумуш тангани эмас, илмни мерос қилиб кетдилар. Шу илмдан баҳраманд бўлган одам – кўп нарсани олган бўлади. Аллоҳнинг динини ўрганиш ва унда Алллоҳнинг Китоби – Қуръон Карим ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларида келганидек Аллоҳнинг динини онгли англаб фақиҳ бўлиш, банданинг саодатли ҳаётининг омили, жаҳаннамдан қутилиш ва жаннатга эришиб, зафар қучишининг аломатларидандир.
Аллоҳ таоло олимларнинг шаънини баён қилиб, обрўларини кўтарди. Улар Аллоҳни ва Аллоҳнинг шариатини яхши билган, Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган нарсаларга амал қилган, ҳидоят олимлари, зулматнинг чироғи, Аллоҳнинг Қуръони ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига амал қилган ва Аллоҳ таоло улар ҳақида қуйидаги оятларини нозил қилган одамлардир:
﴿شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ﴾
«Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилгувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир» (Оли Имрон: 18);
﴿يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ﴾
«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур» (Мужодала: 11);
﴿إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاءُ﴾
«Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур» (Фотир: 28).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Аллоҳ бировга яхшиликни раво кўрса, уни динда фақиҳ – билимдон қилиб қўяди»– деб айтилган ва саҳиҳ эканига иттифоқ қилинган ҳадис ворид бўлган (Имом Молик «Муваттоъ» 960).
Ушбу буюк ҳадис бизга динда фақиҳ бўлишнинг фазилатларини кўрсатмоқда.
Динда фақиҳ (олим) бўлиш – Аллоҳнинг Қуръони ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини билиш, демакдир. Мана шу – шариатнинг асоси, Аллоҳ бизга амр қилган аҳкомлар, манъ қилган таъқиқлар, банданинг зиммасидаги Аллоҳнинг ва бандаларнинг ҳақларини билиш, Аллоҳдан қўрқиш, Уни улуғлаш ва Унинг нигоҳбон эканидан мудом бохабар бўлиш нуқтаи назаридан, Исломдаги фақиҳликдир. Чунки илмнинг боши – Аллоҳдан қўрқиш, Аллоҳнинг ҳурматларини улуғлаш ҳамда банданинг қилган ва қилишдан воз кечган нарсаларида Аллоҳнинг нигоҳбонлигидан хабардор бўлишдир.
Аллоҳнинг қўрқувси ва нигоҳбонлигидан бехабар бўлган одам амалининг қиймати йўқдир. Чунки, фойдали илм ва саодат аломати бўлган диндаги фақиҳлик – ўз эгасида Аллоҳнинг қўрқувсини шакллантирадиган, Аллоҳнинг ҳурматлари ва нигоҳбонлигини улуғлашни келтириб чиқарадиган, Аллоҳнинг фарзларини адо этиб, таъқиқларидан воз кечишга ундайдиган, Аллоҳ йўлига ва Аллоҳнинг бандаларига юборган шариатини баён қилишга чорлайдиган илмдир. Шахснинг шундай тарздаги диний билимга эга бўлиши, Аллоҳнинг унинг учун яхшиликни суйган эканининг белгисидир. Одамнинг билимдан маҳрум қолиши, жоҳиллар ва Аллоҳ йўлидан адашганлар билан бирга бўлиши, динда фақиҳ бўлишдан ва Аллоҳ фарз қилган ишлардан воз кечиши ҳамда Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга эътиборсиз бўлиши эса, Аллоҳнинг бу одамга яхшиликни раво кўрмаганининг аломатидир. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло кофирларни ўзларининг яралиш моҳияти ва огоҳлантирилган нарсаларидан юз ўгирганликлари билан тавсифлади ва бу билан банданинг Аллоҳнинг динини қабул қилиши, Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлиши, ўзига муаммоли бўлган нарсаларни сўраб ўрганиши ва онгли ҳаракат қилиши лозим эканини огоҳлантирди. Чунки Аллоҳ таоло шундай деган:
﴿وَالَّذِينَ كَفَرُوا عَمَّا أُنْذِرُوا مُعْرِضُونَ﴾
«Кофир бўлган кимсалар эса ўзлари огоҳлантирилган нарсадан (яъни охиратдаги азобдан) юз ўгирувчидирлар (уни инкор қилгувчидирлар)» (Аҳқоф: 3);
﴿وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنْ ذُكِّرَ بِآَيَاتِ رَبِّهِ فَأَعْرَضَ عَنْهَا وَنَسِيَ مَا قَدَّمَتْ يَدَاهُ﴾
«Парвардигорининг оятлари билан панд-насиҳат қилингач, улардан юз ўгирган, ўзи қилиб ўтган гуноҳларини унутиб қўйган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?!» (Каҳф: 57).
Мўъмин илм излаши, динда билимдон бўлиши, Аллоҳнинг Китобига катта эътиборни қаратиб уни тафаккур қилиши, ундан фойдаланиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эътибор бериши: уни билиб, унга амал қилиши ва ундан имкони борича кўпроқ ёдлаб олишга ҳаракат қилиши керак. Бу икки асосдан юз ўгирган ёки улардан ғафлатда қолган одам бўлса, бу унга Аллоҳнинг яхшиликни раво кўрмаганининг, ҳалокатнинг, қалбларнинг бузилиши ва уларнинг ҳидоятдан чиққанининг белгисидир. Аллоҳ таолога Аллоҳни ғазаблантирадиган барча нарсалардан сиғинамиз!
Ҳой мусулмонлар, биз Аллоҳнинг динида билимдон бўлишимиз, ўзимизга фарз бўлган нарсаларни ўрганишимиз, Аллоҳнинг Китобини тафаккур, тиловат, истифода ва амал нуқтаи назаридан билишимиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига ёдлаш, амал қилиш ва унда фақиҳ бўлиш нуқтаи назаридан эътибор беришимиз, бундан ташқари, ўзимизга муаммо бўлган нарсаларни сўрашга катта аҳамият беришимиз керак. Чунки, одам билмаган нарсасини ўзидан кўра билимдонроқ бўлган одамдан фойдаланиш учун сўрайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
﴿فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ﴾
«Агар билмасангизлар зикр аҳлидан сўранглар!» (Наҳл: 43).
Шунинг учун ҳам, одам билимли биродарларининг илм ҳалқаларида иштирок этиши, уларнинг билимларидан истифода этиши, улардаги фойдали билимларни ўзидаги фойдали билимларга қўшиши керак. Шундагина унда кўп яхшиликлар ва диндаги фақиҳлик жамланади ҳамда Аллоҳнинг динини ўрганишдан воз кечганлар сифатидан йироқлашади. Ҳолбуки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ бировга яхшиликни раво кўрса, уни динда фақиҳ – билимдон қилиб қўяди»– деб айтганлар (Имом Молик «Муваттоъ» 960).
Биз айтиб ўтган гаплардан, мўъмин, Ислом фуқаҳоларининг фазилатини, уларга кўплаб яхшиликлар берилганини, улар саодат сабаблари ва ҳидоят йўлларидан аксарини қўлга киритганларини билиб олади. Чунки, фойдали илм – ҳидоят омилларидан бири бўлиб, илмдан маҳрум бўлган одам кўп яхшиликлардан маҳрум қолади. Шу илмига амал қилиб Аллоҳдан тақво қилган одам эса, саодат омиллари билан ризқланади.
Уламоларнинг бошида пайғамбарлардан сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари туради. Улар камолот бобида ҳақиқий фуқаҳолар бўлиб, илмни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олганлар. Аллоҳнинг Қуръони ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини яхши билиб, уларни ўзларидан кейинги авлодлар – тобиинларга яхши ўрганиб ва амал қилиб, Қуръонни лафзи, тафсири ва қироати билан етказганлар.
Шунингдек, ўзларидан кейинги умматларга садоқатли тобиинлар воситасида пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи ва саллам баён қилиб берган Аллоҳнинг Каломини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитишган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда кўришган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътироз билдирмаган суннатларини ҳам, ўта омонатдорлик ва садоқат билан етказдилар. Улар етказдилар. Бу билимлар бизга шубҳага ўрин бўлмаган устивор ва ҳимояланган йўллар билан етиб келди: ишончли одамлар ишончлиларга, ишонлилар ҳам ишончлилардан қўлма–қўл олдилар ва у, асримизга етиб келди ва келгуси асрларга ҳам етиб боради, (иншааллоҳ).
Бу – Аллоҳ таолонинг бандалар зарарига ҳужжатни барпо қилишидир. Илмни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳобаларга, саҳобалардан ўзларидан кейингиларга ишончли қўллардан ўтиб бориши – ҳужжатни барпо қилиш, йўлни тушунтириш, ҳақиқатга чорлаш, ботилдан огоҳлантириш, бандаларга яралиш ғоялари бўлган Аллоҳга сиғиниш ва итоат этишни тушунтириш, демакдир.
Бундан маълум бўлмоқдаки, ўзларидан кейингиларнинг зиммасида уларнинг ҳам уларга раҳмат, мағфират ва ризолик сўраш, илмларидан, тўплашган ва ёзишган фойдали билимларидан истифода қилишга ҳарислик каби ҳақлари бордир. Чунки улар, кейингилардан кўра каттароқ бўлган эзгу ишларни олдин қилдилар, кенгқамровли билимга эга бўлдилар. Булардан илгари Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларини яхши билиб, бизга ўзларига етиб келган Аллоҳ, Қуръон ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларини нақл қилдилар.
Шунинг учун ҳам, биз уларнинг қадрларини билишимиз, сермаҳсул илмлари, Аллоҳнинг пайғомини ҳимоя қилганлари, одамларга Аллоҳнинг динини ўргатганлари учун ташаккур айтишимиз, улар қолдирган девонлар: фойдали китоб ва илмлардан истифода этишимиз, бу билан Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган гапларнинг мағзини чақишга ҳаракат қилишимиз керак.
Улар қилган энг катта фойдали ишлар ва бизга нақл қилишган яхшиликлардан бири, биз учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ҳимоя қилганларидир. Улар бизга суннатни ҳимояланган ва бузилмаган ҳолатида нақл қилдилар. Унда Қуръоннинг тафсирлари, гўзалликлари, иккинчи ваҳий – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган аҳкомлар бордир. Зеро Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръонни ва Қуръонча бўлгн бошқа илмларни ҳам берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда: «Огоҳ бўлингларки, менга Қуръон ва Қуръонча илмлар ҳам берилди»– деганлар (Имом Аҳмад 16546, 17174).
Илм аҳллари суннат олиб келган билимларни одамларга етказиб тушунтиришлари; Роббиларининг Каломи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига хутбалар, мавъизалар, дарслар ва илм ҳалқалари ва булардан бошқа таълим ва иршод воситаларида йўллашлари керак.
Шунинг учун ҳам уламолар турли шаҳарларга сафар қилиб, у ердаги уламолар билан, фойда ва илм олиш учун боғландилар. Саҳобалар даврида айрим саҳобалар Мадинадан Миср ва Шом, Ироқ ва Яман ва бошқа мамлакатларга илм ва фойда олиш учун сафар қилдилар. Шунинг учун ҳам, пайғамбарлардан кейинги энг фазилатли инсонлар бўлган саҳобаларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг битта суннатини билмаганлари ва ёд олмаганлари ва буни бошқа бир саҳоба билгани учун, унинг ҳузурига сафар қилиб, уни ундан эшитиб, уни бошқа – Аллоҳ йўлида эргашган биродарларига етказиш учун ўлкадан ўлкага кўчиб юрганини кўрасиз.
Улардан кейин тобиинларга мансуб уламолар келдилар. Улар ҳам шундай қилдилар. Илм олиш учун сафар қилдилар, илм талаб қилиш йўлида қанча йўлларни босиб ўтдилар. Аллоҳнинг динини ўрганиб, саҳобалар қўлида фақиҳ бўлиб етишдилар. Улардан ўзлари тушунмаган нарсаларни сўраб, унга амал қилдилар. Сўнгра, олган илмларини ўзларидан кейингиларга ривоят ва дироят нуқтаи назаридан нақл қилдилар. Сўнгра, тобиинларга эргашганлар ҳам бу илмни ўзларидан кейингиларга етказдилар ва ҳадис, тафсир, араб тили ва бошқа турли шаръий илмлар ҳақида асарлар ёзиб, одамларнинг онгини оширдилар, тўғри йўлга етакладилар. Ҳатто, Аллоҳнинг Китоби ва маънолари ўрганиладиган, суннат ва маънолари ҳимояланадиган шаръий қоидаларни ҳам одамларга ўргатдилар.
Шулар билангина Аллоҳнинг Китобига, Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига онгли, ҳидоят ва нур узра туриб амал қилинади. Аллоҳ у уламоларнинг меҳнатларини муносиб тақдирласин ва устларидан савобларини ёғдирсин! Уларнинг илмлари билан барчамизни фойдалантирсин, нафсимизнинг шумлиги ва ёмон амалларимиздан паноҳ берсин!
Дарс ҳалқаларида иштирок этиш ҳам, мавзуимизга тааллуқлидир. Чунки у, илм аҳлининг йўлидир. Саҳиҳ ҳадисда шундай дейилган: «(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар жаннат боғчаларидан бирининг ёнидан ўтсангиз, у ерда яйрангиз!»– дедилар. Саҳобалар: «Жаннат боғчалари нималардир?»– деб савол бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дарс ҳалқалари»– деб жавоб бердилар» (Термизий 3432; Имом Аҳмад 12065, 12523).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Илм излаб йўлга тушган одамга, Аллоҳ жаннат сари йўлни осон қилади»– дедилар (Имом Муслим 4867; Термизий 2570, 2869; Ибн Можа 219, 221).
Имл аҳлидан сўраса ёки улар билан учрашиш учун юртларига сафар қилса ёхуд уларни уйларида зиёрат этса, Аллоҳ йўлида илм олиш учун йўлга чиққан ҳисобланади.
Илм аҳллари шундай дейдилар: «Илмни ёд олишга ёрдамчи бўлган усуллардан бири, салаф солиҳ раҳимаҳумуллоҳ ва улардан кейинги уламолар каби уни ёзиш ва ёд олишга катта аҳамият беришдир. Буларнинг барчаси илм таҳсилининг воситаларидан ва илмга олиб борадиган йўллардандир. Бинобарин, фақиҳ бўлиш ва илм излаш боис бир шаҳардан иккинчисига, бир олимнинг уйидан иккинчисига кўчиб юриш ҳам илм таҳсили учун йўллар ва усуллар туридан биридир. Булар ҳам: ««Илм излаб йўлга тушган одамга Аллоҳ жаннат сари йўлни осон қилади»– ҳадисининг маънолари ичига киради».
Муваффақият Аллоҳнинг қўлидадир.
Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин!
|