Tag Archives: жинлардан ҳимояланиш

Қуш бўлиб кўринган жин …

Савол: Кечаларнинг бирида ўн беш ёшли укам Жанубдаги қишлоқ сойларидан бирида кетар экан қуш каби гавдаланган бир нарсани кўрибди. У нарса укам билан бир километрча юрибди. Бундан кейин укамда қаттиқ депрессия пайдо бўлиб, гапира олмай қолди. Укамнинг кейинроқ айтишича, у нарса укамнинг гоҳ ўнг, гоҳ чап, гоҳ олд, гоҳ эса орқа томонидан юриб борибди. Укам бир неча марта Аллоҳ таолони тилга олишга ҳаракат қилсада, кучи етмабди. Сўнгра у нарсадан узоқлашай деса, бунинг ҳам имкони бўлмабди. Нарса бирдан ғойиб бўлибди. Укам эса йўлида давом этиб, уйга етиб келибди. Шу воқеадан кейин укам икки ҳафта асаблари бузилиб, депрессияни бошидан кечириб, телбанамо бўлиб қолди. Бир неча кун ичида эса эпилепсия аломатлари кўринди. Мен уни Даммом шаҳридаги касалхонага олиб бордим. Шунда айрим дўстларимиз: Укангизга жин тегибди. У,  жинни кўрган. Уни касалхонада даволатишингиз қийин. Уни табибга олиб боринг,– дейишди. Бу гапдан кейин укамни Даммомдаги жин текканларни даволайдиган табибнинг олдига олиб бордим. Табиб бизни қабул қилиб, укамни олдига ўтқазди ва таҳлил ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавотларни баралла айтиб, бошқа бир нарсаларни биз эшитмайдиган паст товушда минғирлай бошлади. Сўнгра бир финжонга сув қуйиб, унга Фотиҳа сурасини ва мен ҳаётимда эшитмаган жумлаларни айтиб, сувни укамга ичириб, бир тутам жун берди ва уни укамга туташимизни айтди. (Биз айтганларини қилиб) ҳузурига қайта келдик. Болага яна аввалгидек дуоларни ўқиди ва тавсияларини қилиб: Олдимга олти ҳафтада олти марта келасизлар. Шундан кейингина укангизнинг исмини ёзиб оламиз ва доримиз бор ёки йўқ эканини излаб кўрамиз. Биз болага тутатқилар дудланганини кўрамиз. Кейин Нажрон, Абҳо ва бошқа вилоятларда ҳам тутатқимиз дудланган беморларни кўрамиз,– деди. У, Кувайтлик мижозлари борлигини ҳам айтди. Иккинчи томондан, мазкур табиб сизга шунча пул берасан демайди, аксинча, берган пулингизни олади. Укамнинг соғлиғига келсак, у, Аллоҳнинг изни билан, бутунлай тузалиб кетди.

Ўзимнинг эътиқодим эса, тўғри эътиқод бўлиб, манфаат ва зиённи берган ёлғиз Аллоҳ таоло эканига ишонаман. Мен мазкур табиб олдига борар эканман ва ҳар замон укамга Аллоҳ таологина шифо беришини эътиқод қилганман. Мен сиз жаноблардан шуни сўрамоқчиман: Мазкур табиб олдига укамни олиб бораверайми ёки менга бошқа насиҳатда бўласизми?

Иккинчидан, бу табибнинг одамларни юқоридаги услуб билан даволаши шаръий нуқтаи назардан тўғрими?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 6913):

Агар ҳолат сиз айтгандек бўлса, сизнинг укангизга жин тегибди. Унинг давоси эса Фотиҳа, Ихлос, Фалақ, Нос ва бошқа суралар, Оятул Курсий ва бошқа оятлар ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ йўллар билан собит бўлган зикру дуолар билан бўлади. Масалан шу дуолар билан:

))أُعِيذُكَ بِكَلِمَاتِ اللهِ التَّامَّةِ مِنْ كُلِّ شَيْطَانٍ وَهَامَّةٍ وَمِنْ كُلِّ عَيْنٍ لاَمَّةٍ((

«Сизни Аллоҳнинг тўкис сўзлари билан барча шайтон, ҳашарот ва маломат қилгувчи кўздан қўрийман» (Имом Бухорий 3371. Шунга ўхшаш маънода: Абу Довуд 4737, Термизий 2060, Ибн Можа 3525, Имом Аҳмад 1/236, 270; Ҳоким 3/167).

))أَذْهِبِ الْبَأْسَ رَبَّ النَّاسِ ، اشْفِ أَنْتَ الشَّافِي ، لاَ شِفَاءَ إِلاَّ شِفَاؤُكَ ، شِفَاءً لاَ يُغَادِرُ سَقَمًا ((

«Одамлар Робби, мусибатни кетказ! Бирон касалликни қўймайдиган шифо бер, Сен шифо бергувчисан ва Сенинг шифойингдан бошқа шифо йўқ!» (Имом Бухорий 7/171, Имом Муслим (Нававий шарҳи билан) 14/180, 181; Абу Довуд 3883, 3885 ва шу маъноларда: 3890, Термизий 973, Ибн Можа 3530, Байҳақий «Сунан» 3/381, 9/350).

Укангизнинг касалига ўқишингиз ёки ўзи ўқиши мумкин бўлган кўпроқ дуолар учун шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳнинг «ал–Калимут Тоййиб», аллома Ибн Қоййимнинг «ал–Ваабилус соййиб» ва Имом Нававий раҳимаҳуллоҳнинг «ал–Азкор» китобларига мурожаат этишингиз мумкин.

Биз сизга мазкур табибнинг олдига укангиз ва бошқаларни даволатиш учун қайта бормасликни насиҳат қиламиз. Чунки, табиб Фотиҳа сурасини ўқиб тўғри қилган бўлсада, у билан бирга финжондаги сувга хуфёна дуолар ҳам ўқиб, ичирибди. Унинг хуфёна қилган дуолари шайтоний азойим ёки жинлардан ёрдам сўраш ҳам бўлиши мумки. Агар шундай бўлса, бу, фолбинлик ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса фолбинлар ҳузурига боришни таъқиқлаганлар. Шаръий дам солиш – руқя фолбинларга боришдан беҳожат қилади. Табибнинг Нажрон, Абҳо ва бошқа жойлардаги мижозларини ҳам даволай олиши унинг фолбинлиги ва жинларни ишга солганидан даракдир.

Аллоҳ таоло укангизга шифо берсин ҳамда биз ва сизларни ҳидоятида устивор қилсин!

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Жин одамни бошқарадими?

Савол: Баъзи одамларга жин тегса: Унинг жин ҳожаси ёки шайхи бор!,– дейишади. У жин эса ё кофир ёки насроний бўлиб, жин теккан одамни шариатга зид бўлган намоз ўқимаслик ёки черковга бориш ёхуд кучи етмайдиган ишларга ундаши, у ишларни қила олмаса қийнаши мумкин. Жинлардан қутилишнинг шариатга мос йўли борми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 5802 – 3):

Жинларнинг инсонга тегиши бор гап. Жин ўзи теккан одамни ҳаром нарсаларга буюрса, мазкур одам шариатга маҳкам боғланиши ва жинга итоат этмаслиги керак. Агар жин у одамни қийнаса унинг шарридан Аллоҳга сиғиниши, ўзини Қуръон ўқиш, шаръий паноҳ сўраш дуолари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган зикрлар билан ҳимояланиши керак. Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини ўқиб қўлига дам солиб, қўллари билан юзи ва танасининг қўли етган жойигача силаши ва яна айни сураларни ўқиб қўлига дам солиб, қўллари билан юзи ва танасининг қўлларига етган жойигача силаши, яна қайта учинчи марта айни ишни такрорлаши ва Қуръоннинг булардан бошқа суралари, оятлари ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ йўллар билан собит бўлган зикрларни шифо бериши ва жину шайтонлардан асраши учун Аллоҳга ёлбориб, ўқиши керак.

Кенгроқ маълумот учун шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳнинг «ал–Калимут Тоййиб», аллома Ибн Қоййимнинг «ал–Ваабилус соййиб» ва Имом Нававий раҳимаҳуллоҳнинг «ал–Азкор» китобларига мурожаат этишингиз мумкин. Чунки, уларда ҳам ўқиб дам солишингиз мумкин бўлган талайгина дуолар бор.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён