Ота−онамнинг ҳаж қилганларини билмайман…

Суҳандон: Аллоҳ бошингиздан баракалар ёғдирсин! Дастуримизнинг жазоирлик тингловчиси сўрамоқда: Фазилатли шайх, отам−онам болалик чоғимда вафот этишган. Мен, улар камбағал бўлганликлари учун ҳаж фаризасини адо этишганми ёки йўқми, билмайман. Аллоҳ устингиздан баракалар ёғдирсин, мен нима қилишим керак?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Мен сизга шуни айтмоқчиман, бундай ҳолатда ота−онангизнинг диёнатида айбланадиган бирон қусур йўқ. Чунки ҳаж, Аллоҳ таоло:

﴿ وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا

«Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун ҳаж қилиш мажбурияти бордир» (Оли Имрон: 97) деб айтганидек, қодир бўлган одамларгагина фарз бўлади

Улар модомики камбағал эканлар, сиз, уларнинг ҳаж қила олмаганликлари учун ўксиманг ва қайғурманг. Шундай бўлсада, улар номидан ҳаж ва умра қилишингиз мумкин. Бундай пайтда, ўзингиз зиммангиздаги ҳаж фаризасини адо этиб бўлгач, бу энг яхшисидир, аввал онангиз, сўнгра отангиз номидан ҳаж ёки умра қилинг.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Ҳажжи бадал қилиш

Суҳандон: Жийзонлик тингловчи аёл сўрамоқда: Биров номидан ҳажжи бадал қилишнинг ҳукми нима? Ҳажжи бадал қилмоқчи бўлган одам, мендан каттагина маблағ талаб қилди. Мен унга сўраган маблағини беришим керакми?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Ҳажжи бадал ҳаж қилишга соғлиги умуман имкон бермаган ва тузалиш умиди ҳам бўлмаган одам номидан қилинади. Бироқ тўрт мучали соғлом одам на фарз ва на нафл ҳажда, ҳажжи бадал қилдириш ҳуқуқига эга эмас. Шунингдек, соғайиш эҳтимоли бўлган одам ҳам ҳажжи бадал қилдира олмайди. Балки, соғайишини кутиб, соғайгач ҳаж фаризасини ўзи қилади.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Қизнинг отаси номидан ҳажжи бадал қилиши

Суҳандон: Бу мактуб Ҳоил шаҳридаги тингловчимиз Лона Абдуллоҳдан келибди. У, мактубида сўрамоқда: Ҳаж фаризасини адо этган қиз, вафот этган отаси номидан ҳаж қилса бўладими? Агар қила олса бунинг шартлари нима?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Ҳа, ҳаж қилаётган одам ўғил ёки қиз ёхуд ака (ва ука) зиммаларидаги ҳаж фаризасини адо этишган бўлса, оталари ёки ука (ёки ака)лари номидан ҳаж қилишлари жоиз. Сабаби, икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан нақл қилинган ушбу ҳадис бор: «Бир жувон онасининг ҳаж қилишга назр қилгани, бироқ, назрини бажо келтира олмай вафот этгани, шунинг учун онаси номидан ҳаж қилиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга онаси номидан ҳаж қилишга рухсат бердилар».

− Фазилатли шайх, балоғатга етган ака−укалари бўлса ҳам, бу жувонинг отаси номидан ҳаж қилиши жоизми?

− Ҳа, унинг балоғатга етган ака−укалари бўлса ҳам, жоиздир.

− Фазилатли шайх, бу эркакларнинг иши эмасми?

− (Бу иш бир жинсга чекланмаган), уни эркаклар ҳам аёллар ҳам қила оладилар. Шунинг учун, Хасъам қабиласига мансуб бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Аллоҳ бандалар зиммасига ҳаж фаризасини юклади. Менинг отам анча кексайиб қолган қария бўлиб, уловга мина олмайди. Унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?» дея савол берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Ҳа, (қилишингиз мумкин)»,− деб жавоб бердилар ва аёл киши бўлишига қарамай эркак киши номидан ҳаж қилишга ижозат бердилар.

− Фазилатли шайх, (ҳаж сафарида) аёлнинг маҳрами бўлиши шартми?

− Ҳа, албатта. Ҳаж ёки бошқа сафар қилсин, аёл ўзининг ёки бошқасининг номидан ҳаж қилсин − ҳар сафарида маҳрам бўлиши шартдир.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Ҳаж пайтида тортишув…

Савол: (Минода) тошларни отиб бўлгач мен билан хотин қудам ўртамизда оилавий тортишиб қолдик ва бир−биримиз билан бир ой аразлашиб юрдик. Бизга тушунтириб берсангиз, ушбу тортишув ва араз ҳажимизни бекор қиладими?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Бундай араз ва тортишув ҳажни бекор қилмайди. Бироқ ҳаж ва умра учун эҳром боғлаган одам тортишмаслиги керак. Чунки Аллоҳ таоло:

﴿ فَمَنْ فَرَضَ فِيهِنَّ الْحَجَّ فَلا رَفَثَ وَلا فُسُوقَ وَلا جِدَالَ فِي الْحَجِّ

«Бас, ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди»− деган (Бақара: 197).

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Жинлар қандай ҳаж қилишади?

Сухандон: Тингловчимиз сўрамоқда: Жинларга ҳам ҳаж қилиш фарзми? Агар шундай бўлса улар қаерда ҳаж қиладилар?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Масъалага юзаки боқилса, уларга ҳам одамзот зиммасига юклатилган мажбуриятлар юкланган. Хусусан, уларга ўз ҳолатларига кўра одамзотдан фарқли ибодат турларини қилиш мажбурияти юкланган бўлиб, беш рукн каби, ибодат асослари (айнидир). Уларнинг ҳажлари ҳам макон ва замон нуқтаи назаридан одамзотнинг ҳажига ўхшайди. Бироқ, одамзот зиммасига юкланган мажбуриятлардан фарқли бўлади.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Қуръон ва суннат соясидаги ҳаёт сари!