Инсоннинг яралиши

Инсоннинг яралиши

Савол: Биз: «Ҳомилага тўртинчи ойидан кейин жон ато этилади» деган жумладан: «Жонли эркак уруғининг онанинг (тухумдонидан ажралган) тухум билан бирлашиши оқибатида ҳомила пайдо бўлади. Шу уруғ ва тухумнинг эса руҳи (жони) йўқ»– деб тушунишимиз керакми ёки йўқми? 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 2612 – 6):

Эркакнинг уруғи (сперми) ва онанинг тухумлари, Аллоҳ офатлардан сақласа, бир-бири билан Аллоҳнинг изни ва тақдири билан бирлашадиган кунгача, ўзларининг яшашига муносиб бўлган жонли бўладилар. Икковлари бирлашса ва Аллоҳ хоҳласа, ҳомила пайдо бўлади. Бундан ташқари, ривожланиши ва маълум босқичларни босиб ўтишига муносиб жонли бўлади. Ҳомилага жон ато этилгач, Латиф ва Хабардор Аллоҳнинг изни билан унда янги ҳаёт бошланади.

Инсон, гарчи моҳир табиб бўлса ҳам, ҳомиладорлик сирлари, сабаблари ва босқичларини ҳеч қачон тўкис била олмайди. Балки у, ўзига берилган тадқиқот, билим ва тажрибалар воситасида ҳомиладорликнинг айрим кўринишлари – симптомлари ва ҳолатларини била олади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

﴿اللَّهُ يَعْلَمُ مَا تَحْمِلُ كُلُّ أُنْثَى وَمَا تَغِيضُ الْأَرْحَامُ وَمَا تَزْدَادُ وَكُلُّ شَيْءٍ عِنْدَهُ بِمِقْدَارٍ • عَالِمُ الْغَيْبِ وَالشَّهَادَةِ الْكَبِيرُ الْمُتَعَالِ﴾

«Фақат Аллоҳгина ҳар бир аёлнинг кўтариб юрган ҳомиласини (ўғилми-қизми, расоми-норасоми, чиройлими-хунукми эканини) ҳам, бачадонлар (муддатидан илгари) ташлайдиган болани ҳам, (тўққиз ойдан) ортиқроқ туриб қоладиган болани ҳам билади. У зот даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир. У ғайбу шаҳодатни (яъни махфий ва ошкора барча нарсани) билгувчи буюк ва юксак зотдир» (Раъд: 8, 9);

﴿إِنَّ اللَّهَ عِنْدَهُ عِلْمُ السَّاعَةِ وَيُنَزِّلُ الْغَيْثَ وَيَعْلَمُ مَا فِي الْأَرْحَامِ﴾

«Дарҳақиқат, ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина (қиёмат) соати (қачон бўлиши тўғрисидаги) билим бордир. У (Ўзи хохлаган вақтда), Ўзи хохлаган жойга ёмғир ёғдирар ва (оналарнинг) бачадонларидаги ҳомилаларини (ўғилми-қизми, расоми-нуқсонлими, бахтлими-бахтсизми эканини) билар» (Луқмон: 34).    

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:             Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:      Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan