Жин одамни бошқарадими?

Савол: Баъзи одамларга жин тегса: Унинг жин ҳожаси ёки шайхи бор!,– дейишади. У жин эса ё кофир ёки насроний бўлиб, жин теккан одамни шариатга зид бўлган намоз ўқимаслик ёки черковга бориш ёхуд кучи етмайдиган ишларга ундаши, у ишларни қила олмаса қийнаши мумкин. Жинлардан қутилишнинг шариатга мос йўли борми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 5802 – 3):

Жинларнинг инсонга тегиши бор гап. Жин ўзи теккан одамни ҳаром нарсаларга буюрса, мазкур одам шариатга маҳкам боғланиши ва жинга итоат этмаслиги керак. Агар жин у одамни қийнаса унинг шарридан Аллоҳга сиғиниши, ўзини Қуръон ўқиш, шаръий паноҳ сўраш дуолари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган зикрлар билан ҳимояланиши керак. Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини ўқиб қўлига дам солиб, қўллари билан юзи ва танасининг қўли етган жойигача силаши ва яна айни сураларни ўқиб қўлига дам солиб, қўллари билан юзи ва танасининг қўлларига етган жойигача силаши, яна қайта учинчи марта айни ишни такрорлаши ва Қуръоннинг булардан бошқа суралари, оятлари ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ йўллар билан собит бўлган зикрларни шифо бериши ва жину шайтонлардан асраши учун Аллоҳга ёлбориб, ўқиши керак.

Кенгроқ маълумот учун шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳнинг «ал–Калимут Тоййиб», аллома Ибн Қоййимнинг «ал–Ваабилус соййиб» ва Имом Нававий раҳимаҳуллоҳнинг «ал–Азкор» китобларига мурожаат этишингиз мумкин. Чунки, уларда ҳам ўқиб дам солишингиз мумкин бўлган талайгина дуолар бор.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён