Тутуруқсиз гапира бошлади …

Савол: Биров касал бўлса тутуриқсиз гапира бошлайди. Одамлар: Уни жин чалибди!,– дейишади. Шу гап тўғрими ёки йўқми? Кейин, қорини олиб келишади ва у, одамга одатдаги ҳолатига қайтгунича (оят) ўқийди. Тўйларда ҳам куёвга махсус дуоларни ўқишиб иқтидорсиз қилиб қўйишади ва у, қайлиғига жинсий яқинлик қила олмайди. Шу ҳам тўғрими ёки нотўғрими?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 4306 – 5):

Аввало, жинлар Аллоҳ таолонинг махлуқотларидан бири бўлиб, улар Қуръон ва ҳадисларда эслатилган. Улар ҳам ибодат қилишга таклиф қилинган махлуқлар бўлиб, мўъминлари жаннатга, кофирлари эса жаҳаннамга киради. Жин тегиши эса ҳаётда бўлиб турган ишдир. Жин теккан одамларни Қуръон Карим оятлари ва машруъ бўлган дуолар билан даволанади.

Иккинчидан, никоҳ куни ёки чимилдиқ кечаси куёвнинг иқтидорсиз бўлиб, қайлиғи билан қовуша олмаслиги, сеҳр туфайлидир. Сеҳр қилиш ҳаром бўлиб, у билан шуғулланмаслик керак. Жоду иши билан шуғулланишнинг таъқиқи Қуръон ва суннатда баён қилинган. Шу боис, сеҳргарнинг жазоси ўлимдир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён