Қуръон ўқиб дам солиш

Савол: Қуръон билан даволаниш, дам солиш, Муъаввазот сураларини ўқишга одатланиш ва Қуръондан туморлар ясашнинг ҳукми нима?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 2392 – 4):

Аввало, Қуръон билан даволаниш, Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида нақл қилинган ҳадисга кўра, жоиздир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан бир нафар одамлар сафарга чиқиб, араб қабилаларидан бирида қўноқладилар ва ўзларини меҳмон қилишларини сўрадилар. Бироқ қабиладагилар уларни меҳмон қилишдан бош тортдилар. Баногоҳ, қабила сардорини чаён чақиб олди ва қўлларидан келган барча нарсани қўллаб кўрсаларда нафи тегмади. Ичларидан баъзилари: Қўноқлаётган анави нафарнинг олдига боринглар. Шояд уларнинг ичида бу ҳақда бирон маълумот бордир,- дейишди. Нафар олдига келиб: Эй жамоат, сардоримизни чаён чақиб олди ва биз қўлимиздан келган барча нарсани қилсак-да фойдаси бўлмади. Шунинг учун ичингизда (уни даволай оладиган кишининг маълумоти) борми?,- дедилар. Битталари: Ҳа, мен дам соламан. Лекин, сизлардан меҳмон қилишингизни сўрасак рад этдингиз. Бизга бирон нарса бермасангиз дам сола олмайман,- деди ва улар билан бир неча қўйга келишди. Бориб дам солганида бемор худди тушовдан қутилган (туя)дек, довдирамай юра бошлади. Қабиладагилар келишилган қўйларни бердилар. Нафардагилар (қўйларни кўриб): Орамизда бўлиб беринглар!,- дейишди. Дам солган одам эса: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига боргунча бўлишманглар. Биз бўлган воқеъани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб, Унинг нимага буюришига қараймиз,- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, бўлган воқеъани айтиб беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унинг руқя эканини қаердан билдингиз?! Тўғри қилибсизлар, (қўйларни) бўлишиб олинглар! Бўлиширкан менга ҳам бир ҳисса ажратинглар!»– дедилар» (Имом Бухорий 2156, Имом Муслим 2201, Термизий 2063, Абу Довуд 3418, Ибн Можа 2156, Имом Аҳмад 3/50). Бу ҳадис Қуръон билан даволаниш машру эканига далолат қилади.

Иккинчидан, Қуръондан тумор қилиб олиш – гуноҳ йўлини тўсиш учун туморлар тақишнинг ҳаром эканига далолат қиладиган ҳадисларнинг умумий маъноларига биноан айтилган уламоларнинг қувватли қавлларига кўра, жоиз эмасдир.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Аъзо:             Абдуллоҳ ибн Қаъуд