Эшикдан кирган одам учун ўриндан туриш

Савол: Эшикдан кирган одам учун ўриндан туриш ва уни ўпишнинг ҳукми нима?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 2294):

Биринчидан: Кириб келган одам учун ўриндан туриш ҳақидаги саволга, шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ шаръий далилларга асосланган қониқарли жавобни берган. Биз, ўша жавобни мавзуга муносиб бўлгани боис, бу ерда келтирамиз. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва рошид халифалар замонида яшаган салафлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳар кўрганларида, замондошларимиздан кўплари қилаётганидек, ҳадеб ўринларидан туравермас эдилар. Балки, Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу бу ҳақда: «Саҳобалар ўзларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра севимлироқ одам йўқ бўлишига қарамай, У зот келсалар, ёқтирмагани сабабли, ўринларидан туришмас, узоқ сафарда бўлсалар кутиб олиш учун ўринларидан турар эдилар»—  деди (Термизий 5/90).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Икрима разияллоҳу анҳу учун ўринларидан турганлари нақл қилинган (Имом Молик ривояти, «Тамҳид» 12/52).

Саъид ибн Муоз разияллоҳу анҳу келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорларга: «Сардорингиз учун оёққа турингиз!»- дедилар (Имом Бухорий 7/135, Имом Муслим (Нававий шарҳи билан бирга) 12/92, Абу Довуд 5/390, 391). Саъд разияллоҳу анҳу Қурайза қабиласи устидан ҳукм қилиш учун кетган ва улар унинг ҳукмига рози бўлишган эди.

Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонидаги салафлардан ўрнак олишлари лозим. Чунки, улар авлодларнинг энг яхшиларидир. Каломларнинг энг яхшиси – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг энг яхшиси эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлидир. Ҳеч ким энг яхши одам ва энг яхши авлод йўлидан бошқа йўлларга оғмасин!

Итоатли банда ўз дўстларининг одатий учрашувларда ўринларидан туриб кўришишларига рози бўлмаслиги керак. Шундай бўлсада бирон сафар ёки бошқа ишлардан қайтган одам бўлса ва одамлар ундай ҳолатдаги одамларни ҳурмат юзасидан тик туриб кутиб олишлари анъана бўлса ва тик туриб кутиб олинмаса ҳурматсизлик ҳисобланса, бунинг учун ўриндан туриш яхшидир. Чунки ўриндан турмаслик, кин ва адоватларга сабаб бўлиши мумкин. Агар одамларнинг одати суннатга мувофиқ бўлса, ўриндан турмаслик келган одам учун ҳурматсизлик ҳисобланмайди. Бу туриш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Кимни ўзи учун одамларнинг ўринларидан туришлари қувонтирса, жойини жаҳаннамдан тайёрлаб олсин!» ҳадисидаги ўриндан туриш эмас (Абу Довуд 5/398, Термизий 5/90). Бу ҳадисда тилга олинган одам ўзи ўтирган ва бошқаларнинг туришларини хоҳлаган одамдир. Келган пайтида ўринларидан туришларини истаган одам эмас. Шунинг учун (уламолар) «унинг келишига турдим» жумласи билан «унинг учун турдим» жумласи орасини айирдилар. Келаётган одам учун ўрнидан турган одам, туришда бир хил кўринсада, ўтирган одам учун ўриндан туришнинг аксидир. (Имом Муслим раҳимаҳуллоҳнинг «Саҳиҳ» ҳадислар девонида) «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам беморлик пайтларида ўтириб, саҳобалар эса тик туриб намоз ўқидилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни ўтириб намоз ўқишга буюрдилар ва: «Мени ажнабийлар бир-бирларини эъзозлаганидек эъзозламанглар!», дедилар» (Имом Муслим (Нававий шарҳи билан) 4/133, Абу Довуд 5/398, Ибн Можа 2/1261).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз раҳбарлари учун ўринларидан турадиган ажнабий халқларга ўхшаб қолмаслик учун, намозда ўзлари ўтирган пайтларида саҳобаларнинг тик туришларини таъқиқладилар ва: «Мени ажнабийлар бир-бирларини эъзозлаганидек эъзозламанглар!», дедилар.

Буларнинг барчасининг хулосаси эса, салафнинг одат ва ахлоқларига тобеъ бўлиб, уларга амал қилишга имкони борича ҳаракат қилишдир. Агар биров биз айтгандек тушунмаса, буларнинг одат эканини билмаса ва одамлар одатига кўра муомала қилишни тарк қилишда фасод келиши аниқ бўлса, кичикроқ манфаатдан воз кечиб каттароғини қилинганидек, келиши эҳтимол бўлган катта фасоддан сақланиш учун кичикроқ фасодни қилинади» (Шайхулислом Ибн Таймийя «Мажмуъу фатаава» 1/374 ва ундан кейинги бетлар).

Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ қаламга олган мавзуни икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Каъб ибн Молик разияллоҳу анҳу ва унинг йўлдошининг тавбаларини Аллоҳ таоло қабул қилган қиссада Каъб разияллоҳу анҳу масжидга кириб келганида Талҳа ибн Убайдуллоҳ разияллоҳу анҳу ўрнидан туриб, Каъб томон катта одимлар ташлаб юриб келгани, салом бергани ва тавбасининг қабули билан табриклагани, бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бунга эътироз этмаганларининг нақл қилиниши, қувватлайди (Имом Бухорий 5/130 ва ундан кейинги бетлар, Имом Муслим (Нававий шарҳи билан) 17/87 ва ундан кейинги бетлар).

Бу – кириб келган одамни кутиб олиш, у билан қўл бериб сўрашиш ва салом бериш учун ўриндан туришнинг жоиз эканига далолат қилади. Шунга ўхшаш ҳадис ҳам нақл қилингандир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизлари Фотиманинг олдига кирса Фотима ўрнидан турар, отасининг қўлларини ушлар ва ўтирган жойига ўтқазар эди. Фотима разияллоҳу анҳо кирган пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўринларидан турар, қизининг қўлидан ушлар ва ўз жойига ўтқазар эдилар» (Абу Довуд 5/391, Термизий 5/70). Бу ҳадисни Термизий ҳасан деди.

Иккинчидан: ўпиш ҳақида. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан унинг машру эканига далолат қилган ҳадис нақл қилинган. Оиша разияллоҳу анҳо айтди: «Зайд ибн Ҳориса келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг уйимда эдилар. Зайд келиб эшикни қоқди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг устларида кийими йўқ, кўйлакларини қўлида судраб, Зайд учун ўринларидан туриб юра бошладилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бундан на аввал ва на кейин кийимсиз кўрмадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайдни қучоқладилар ва ўпдилар».

Бу ҳадисни Термизий ривоят қилди (Термизий 5/76) ва ҳасан ҳадис эканини айтди. Ҳадисдаги «кийими йўқ» жумласининг маъноси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам усталирда кўйлаги йўқ, бироқ изор – лунгилари бор эди. Ушбу ҳадис кириб келган одамга шундай қилиш жоиз эканини ифодаламоқда.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (набираси) Ҳасан ибн Алийни ўпдилар. Буни кўрган Ақраъ ибн Ҳаабис: Менинг ўнта ўғлим бор ва мен улардан биронтасини ҳам ўпмадим,- деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шафқат қилмаган шафқат кўрмайди!»– дедилар». Муттафақун алайҳ (Имом Бухорий 7/75, Имом Муслим (Нававий шарҳи билан) 15/76, Термизий 4/318, Имом Аҳмад 2/69).

Бу ҳадис, шафқат ва марҳамат бобидан ўпишнинг машру эканини кўрсатмоқда. Оддий учрашувларда ўпишнинг машру эканига далолат қиладиган бирон ҳужжат йўқ. Бундай пйтларда қўл бериб сўрашиш етарлидир. Қатода разияллоҳу анҳу: Мен Анасга: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари ичида қўл бериб сўрашиш бормиди?- деб сўрасам: Ҳа,- деб жавоб берди, деди (Имом Бухорий 7/136, Термизий 5/75).

Анас разияллоҳу анҳу айтди: «Яманликлар келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Яманликлар келди. Улар қўл бериб сўрашишни илк бошлаганлардир»– дедилар». Бу ҳадисни Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ соғлом санад билан ривоят қилди (Абу Довуд 5/389).

Бароъ ибн Озиб разияллоҳу анҳу айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки мусулмон учрашгач қўл бериб сўрашишар экан, улар айрилишларидан илгари Аллоҳ уларни мағфират қилади»- дедилар». Бу ҳадисни Абу Довуд (5/388), Термизий (4/74), Имом Аҳмад (4/289, 303) нақл қилдилар. Термизий бу ҳадисни саҳиҳ деди (Ибн Можа 2/1220).

Анас разияллоҳу анҳу айтди: «Бир одам: Ё Расулуллоҳ, айримларимиз биродари ёки дўсти билан учрашса унга эгилса бўладими?,- деб савол берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ»,- деб жавоб бердилар. – Уни қучоқлаб ўпадими?- деди. – Йўқ,– деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. – Унинг қўлини олиб сўрашадими?-  сўради ҳалиги одам. – Ҳа,– деб жавоб беридалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам». Термизий бу ҳадисни ривоят қилди ва: Ҳасан ҳадисдир. Бироқ, санади заифдир, деди (5/75). Чунки, Ҳанзала ибн Садусий илм аҳллари тарафидан заиф ўлароқ қабул қилинган. Шояд Термизий раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни бошқа ҳадисларда далолати бўлгани учун ҳам ҳасан ўлароқ қабул қилгандир.

Имом Аҳмад, Насоий ва бошқа муҳаддислар соғлом (саҳиҳ) санад билан қуйидаги ҳадисни нақл қилдилар. Термизий раҳимаҳуллоҳ Софван ибн Ассол разияллоҳу анҳудан саҳиҳ санад билан ривоят қилади: «Иккита яҳудий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан тўққизта мўъжиза ҳақида сўрадилар. Улар саволларига жавоб берган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўллари ва оёқларини ўпдилар ва Сизнинг пайғамбар эканингизга гувоҳмиз!,- дедилар» (Термизий 2734, Насоий «Мужтабаа» 4087, Имом Аҳмад 4/239, 240, Ибн Можа 3705).

Табароний раҳимаҳуллоҳ яхши санад билан Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари қўл бериб сўрашишар, сафардан қайтсалар қучоқлашишар эдилар» (Ҳайсамий «Мажмаъуз завааид» 8/36). Буни аллома Ибн Муфлиҳ «ал-Аадаабуш шаръийя» китобида қаламга олди.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Аъзо:             Абдуллоҳ ибн Ғудайён