Category Archives: Никоҳ

Бу бўлимда оила ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Насроний уканинг тўйида иштирок этиш …

 

Насроний уканинг тўйида иштирок этиш …

         Савол: Аллоҳга шукур, Ислом динини қабул қилганман. Бироқ, оилам ҳануз насроний динида. Яқинда укам уйланади. Тўй черковдаги диний маросим билан бошланиб, ортидан зиёфат берилади. Мен оиламга диний маросимда иштирок этмаслигимни айтдим. Сиздан шуни сўрамоқчиман: Ислом дини менинг, турмуш ўртоғим ва фарзандимнинг укамнинг айрим насронийлар учун ароқ тортиладиган тўй зиёфатида иштирок этишимизга ижозат берадими? Агар ижозат бермаса, менинг нима қилишимга насиҳат қиласиз? Менга далиллар билан жавоб беринг. Бу мавзу мен учун жуда муҳим. Чунки, отам мени олти йилдан буён яқинига йўлатмайди. Мен эса уларни Ислом динига даъват қилишни хоҳлайман. Аллоҳ таоло бошингиздан яхши мукофотлар ёғдирсин.    

Шайх Муҳаммад Солиҳ ал–Мунажжид жавоб беради (Фатво № 6992):

Алҳамдулиллаҳ …

Биринчидан: сизни Ислом динига ҳидоят қилгани учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, Ундан динида устивор бўлиш неъматини, оилангизни ҳидоят қилиб, мусулмон бўлишларини сиздан дариғ тутмаслигини сўраймиз.

Иккинчидан: тўйнинг черковдаги диний маросимларига қатнашмаслик билан кўрсатган муносабатингиз, мақтовга сазовордир. Чунки ғайри муслимларнинг диний маросимларида иштирок этиш камида катта гуноҳ бўлсада, кофир бўлишгача олиб бориши мумкин.

Учинчидан: гумонингизча ароқ тортиладиган тўй зиёфатида, худди черковда иштирок этишдан бош тортганингиздек, иштирок этмаслигингизни насиҳат қиламиз. Чунки ундай йиғинларда иштирок этиш ҳаром ва катта гуноҳлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло бу ҳақда:

  ﴿فَلَا تَقْعُدْ بَعْدَ الذِّكْرَى مَعَ الْقَوْمِ الظَّالِمِينَ

«Эслатилганидан сўнгра золим қавмлар билан бирга ўтирманг!» (Анъом: 68), Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: «Бировингиз мункарни кўрса уни қўли билан ўзгартирсин! Агар қодир бўлмаса тили билан ўзгартирсин! (Бунга) қодир бўлмаса кўнгли билан ўзгартирсин! Бироқ, бу ‒ иймоннинг энг кучсизидир!»‒ деганлар (Имом Муслим 49

Мазкур йиғинларда иштирок этган одамнинг, кўпинча, мункарни қўли ёки тили билан ўзгартишга кучи етмайди. Фақатгина, кўнгилдаги ўзгартиш қолади, холос. Бу эса ўша мункарда иштирок этишдан тўса олмайди.

Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган одам ароқ ичилаётган дастурхонда ўтирмасин»‒ деганлар (Имом Аҳмад 14241. Бу ҳадисни аллома Албоний раҳимаҳуллоҳ «Ирваул ғалил» китобида саҳиҳ деган: 7/6).

У ерда иштирок этишни ҳаром қилиш омили эса, мункарга рози бўлишди.

Тўртинчидан: савол берган биродаримиз тарафидан бундай ҳолатларда таъвиз бериш шаръан жоиз эмасдир. Чунки таъвиз оиласини Исломга чорлаётган пайтида уни ўсал қилиб қўйиши мумкин. Даватчи ўзи ва Роббиси билан чин муомалада бўлар экан, бошқаларга қилаётган даъвати таъсирчан бўлаверади. Масъала ва муносабатлардаги беқарорлик, бошқаларнинг унга бўлган ишончларини йўқотади.

Аллоҳу аълам. 

 

Манбаъ: http://islamqa.com/ar/ref/6992

 

Ҳабашистонлик олим бешта аёлга уйланишга ижозат берди …

Ҳабашистонлик олим бешта аёлга уйланишга ижозат берди …

Савол: Ҳабашистонда Ҳ. А. деган одам бор. Бу одам тавҳидга чақириб, хурофотларга қарши курашмоқда. Унинг ҳадис илми ҳақида дарс ҳалқалари бор. Халқ унинг гапларига қулоқ солади. У тавҳидга қилган даъватида анчагина муваффақиятни қўлга киритган. Узоқ ва яқиндан издошлари кўпайган. Фазилатли шайх, шундай бўлсада яқин кунларда ундан айрим ишлар содир бўлиб, унга ўз мулоҳазаримизни айтмай, жим қолсак бўлмайди. Шулардан бири, унинг бешинчидан то тўққизинчи хотингача уйланиш ҳақидаги ижозатидир. У бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг никоҳларида тўққизта аёлни жамлаганини ҳужжат қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўнта хотини бор маҳалида мусулмон бўлган саҳобага тўрттадан ортиқчасидан ажралишга буюрган ҳадисларини заиф деб ҳисобламоқда. (Шу ҳолат ҳақида фатво берсангиз?).

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 19377):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Мазкур киши қилган ижозати билан Қуръон, суннат ва Уммат ижмоъсига зид катта хато қилибди. У, ҳақиқатга ва Тўғри йўлга қайтиши керак. Аллоҳ таолодан унга буни тилаймиз.

Мусулмоннинг Аллоҳ таолонинг қуйидаги қавлига кўра тўрттадан ортиқ хотинга уйланиши жоиз эмас:

﴿ فَانْكِحُوا مَا طَابَ لَكُمْ مِنَ النِّسَاءِ مَثْنَى وَثُلَاثَ وَرُبَاعَ ﴾

«… сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар» (Нисо: 3).

Аллоҳ таоло белгилаб қўйган сон – тўрттадан ортиқчасига уйланиш жоиз эмас. Бунинг далили: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам янги мусулмон бўлган ва никоҳида тўрттадан ортиқ хотини бўлган одамларга, рафиқалари ичидан тўрттасини танлаб, бошқаларидан ажралишга буюрар эдилар.

Бу – қавллари ишончли бўлган илм аҳлларининг ижмосидир.  

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:             Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби: Абдулазиз Оли Шайх

Аъзо:            Солиҳ ибн Фавзон ал–Фавзон

Бир одамнинг тўрттадан ортиқ хотини бор …

Бир одамнинг тўрттадан ортиқ хотини бор …

Савол: Яшаётган муҳитимизда ўрганишимиз аҳамиятли бўлган нарса ҳақида сўрамоқчимиз: Бир эркак никоҳида тўрттадан ортиқ хотин бўлишининг ҳукмини далиллар билан айтиб беринг?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 1294):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Эркак кишининг рафиқалари ўртасида адолат қилиши ва жабр қилмаслигига ишончи бўлса, биттадан тўрттагача хотинга уйланиши жоиздир. Бироқ никоҳида тўрттадан ортиқ хотинни жамлаши ҳаромдир. Бунинг далили Қуръон, суннат ва ижмоъдир.

Қуръоннинг далиллари: Аллоҳ таоло айтди:

﴿ وَإِنْ خِفْتُمْ أَلَّا تُقْسِطُوا فِي الْيَتَامَى فَانْكِحُوا مَا طَابَ لَكُمْ مِنَ النِّسَاءِ مَثْنَى وَثُلَاثَ وَرُبَاعَ فَإِنْ خِفْتُمْ أَلَّا تَعْدِلُوا فَوَاحِدَةً أَوْ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ ﴾

«Агар етим қизларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар. Энди агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, бир аёлга ёки қўл остингиздаги чўри билан (уйланингиз)» (Нисо: 3).

Аллоҳ таоло биттадан ортиқ аёлга уйланмоқчи бўлган эркакка, зулм қилиб қўйишдан қўрқмаса, хоҳласа битта, хоҳласа иккита, хоҳласа учта ва хоҳласа тўртта аёлга уйланишга рухсат берди. Бироқ тўрттадан ортиқ аёлга уйланишга рухсат бермади.

Аёл таносил аъзосининг бошқаларга нисбатан асоси, ҳаромдир. Уни, Аллоҳ таоло баён қилган ва рухсат берган усуллар билангина ҳалоллаб олинади. Аллоҳ таоло эса эркакнинг тўрттадан ортиқ аёлга уйланишига рухсат бермади. Бинобарин, тўрттадан ортиқ бўлгани, ҳаромлик асосида қолаверади.

Суннатдан далиллар эса, Абу Довуд ва Ибн Можа раҳимаҳумаллоҳлар Қайс ибн Ҳорис разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисдир. У айтди: «Мен мусулмон бўлганимда саккизта хотиним бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бориб буни айтганимда: «Улардан тўрттасини танлаб ол!»– дедилар» (Абу Довуд 2241, Ибн Можа 1952, Абдурраззоқ 12654, Ибн Абу Шайба 4/318, Таҳовий 3/255, Байҳақий 7,149, 183).

Имом Аҳмад, Термизий ва Ибн Можа раҳимаҳумуллоҳлар Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилдилар. У айтди: «Ғайлон Сақафий мусулмон бўлганида жоҳилият замонида уйланган саккизта хотини бор эди. Уларнинг барчаси Ғайлон билан бирга мусулмон бўлишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса Ғайлонга улардан тўрттасини танлаб олишни буюрди». Бу ҳадисни Ибн Ҳиббон ва Ҳоким раҳимаҳумаллоҳлар ҳам ривоят қилишиб, саҳиҳ дейишди (Шофиий 2/16, Имом Аҳмад 2/13, 14, 44, 83; Термизий 1128, Ибн Можа 1953, Дору Қутний 3/269, 270, Ибн Ҳиббон 4156, 4158; Ибн Абу Шайба 4/317, 14/216; Таҳовий «Шарҳул маъоний» 3/252, Ҳоким 2/192, 193; Байҳақий 7/149, 181, 182, 183; Бағавий 2288).

Саҳобалар, мазҳаббоши тўрт имом ва бошқа аҳли суннат ва жамоат уламолари айтган қавллари ва қилган амаллари билан, бир эркакнинг ўз никоҳида тўрттадан ортиқ хотинни жамлаш ҳуқуқига эга эмасликларини таъкидлашган. Фақатгина, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан мустаснодир.

Бу ҳукмдан юз ўгирган ва тўрттадан ортиқ хотинга уйланган одам, Аллоҳнинг Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига хилоф иш қилган бўлади.    

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:             Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Мунийъ ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Бешинчи хотинни олган одамни тошбўрон қилинадими?

Бешинчи хотинни олган одамни тошбўрон қилинадими?

Савол: Бешинчи хотинга уйланган одамни тошбўрон қилинадими ёки йўқми? Мазкур турмушдан дунёга келган фарзанд валади зино ҳисобланадими ёки йўқми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 2757-1):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Шаръий далиллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа бирон кишининг тўрттадан ошиқ хотинни никоҳида жамлаши жоиз эмаслигини кўрсатмоқда. Бу, уламолар ўртасида ижмоъ қилинган ҳукмдир. Фақатгина, шиаларнинг бир тоифаси бунга ижозат берган бўлсада, аҳли суннат учун шиаларнинг ҳукми ҳукм ҳисобланмайди. Тўртта хотини бўла туриб бешинчи хотинни олган одам ва бешинчисидан дунёга келган фарзанд ҳақидаги ҳукмни билиш учун шариат қозисига мурожаат қилинади. У, шариат асослари, билими, вазият ва ҳолатга қараб қарор чиқаради.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:             Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:            Абдуллоҳ ибн Қаъуд

Кекса кампирни бешинчи хотин қилиб олса бўладими?

Кекса кампирни бешинчи хотин қилиб олса бўладими?

Савол: Жинсий истаклари қолмаган бир кампир бор. Тўртта хотини бўлган эркак уни фақатгина парваришлаш ва боқиш учун никоҳига олса, унинг бешинчи хотини ҳисобланадими ёки йўқми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 4225-2):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Тўртта хотини бўлган эркакнинг ҳайз кўраётгна ёки кўрмаётган, жинсий истаги бўлган ёки бўлмаган бешинчи хотинга уйланиши ҳаромдир. Бу ҳақда шаръий далиллар ворид бўлгандир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён