Category Archives: Мийқот

 Бу категорияда мийқотлар ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Мийқотдан ўтиб эҳром боғлади …

Мийқотдан ўтиб эҳром боғлади …

Савол: Рамазон ойида умра учун эҳром боғлади ва шаввол ойининг биринчи кечасида Каъбатуллоҳга етиб келди. У мутаматтеъ ҳисобланадими ёки йўқми? Мийқотдан эмас, Жиддадан эҳром боғлаб Каъбани тавоф қилган, Сафо ва Марва оралиғида саъй қилган, сўнгра Мадинага чиқиб Маккага Мадинадан эҳром боғлаб кирган, Каъбани тавоф қилган, Сафо ва Марва оралиғида саъй қилган одамнинг тавофи қон чиқариши ўрнига ўтадими ёки йўқми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 4461-4):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Биринчидан, рамазоннинг охирида эҳром боғлаган ва шаввол ойининг биринчи кечасида тавоф ва саъй қилиб эҳромдан чиққан ҳамда ўша йили ҳаж қилишга отланган одам мутаматтеъ – ҳаж қилиш асносида умраси билан фойдаланган одам ҳисобланмайди. Чунки у, ҳаж ойларидан бошқа ойда эҳром боғлаган.

Иккинчидан, мийқотдан ўтганидан сўнгра эҳром боғлаб умрасини адо этган сўнгра Мадинага сафар қилиб мийқотдан эҳром боғлаб умра қилган одамнинг иккинчи умраси, мийқотдан ўтиб эҳром боғлагани туфайли биринчи умрасида вожиб бўлган қон чиқариши – жонлиқ сўйишини соқит қилмайди.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:             Абдуллоҳ ибн Қаъуд

Мийқотдан эҳромсиз ўтиш

Мийқотдан эҳромсиз ўтиш

463 – Савол: Мийқотдан эҳромсиз ўтган одамнинг ҳукми нима?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Мийқотдан эҳромсиз ўтиб кетган одам икки ҳолатдан бирида бўлади:

У одам ё ҳаж ва умра нийятида мийқотдан эҳромсиз ўтган бўлади ва унинг ҳаж ва умра нийятида бўлгани учун мийқотга қайтиб бориши ва ўша ердан эҳром боғлаб қайтиши керак бўлади. Агар эҳром боғламасдан мийқотдан ўтса ибодат фарзларидан бирини қилмаган ҳисобланади ва илм аҳлларининг қарорларига кўра бундай одам жарима ўлароқ Маккада ҳайвон бўғизлаб, гўштини ўша ердаги фуқароларга тарқатади.

Ёки мийқотдан ҳаж ва умра нийятида ўтмаган бўлади. Бундай одамга Маккада узоқ ёки оз муддат қолишидан қатъий назар, бирон жарима солинмайди. Агар биз уни мийқотда эҳром боғлашга мажбур қилсайдик, унинг бир неча марта ҳаж ёки умра қилиши фарз бўлиб қолар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эса умра ичида бир марта ҳаж қилганлари собит бўлди. Ундан кўра кўпроқ қилиш эса, нафлдир.

Мийқотдан ҳаж ёки умрани қасд қилмай эҳромсиз ўтган одамлар ҳақидаги илм аҳлларининг қувватли қавллари, шундан иборат. Унинг эҳром боғлаши зарурий эмас ва мийқотдан ўтганидан сўнг бирон жарима тўламайди.

 

Манбаъ: «Фатаава арканил Ислам».

Макон мийқотлари

Макон мийқотлари

462 – Савол: Ҳажнинг макон мийқотлари қайси жойлар?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Ҳажнинг макон мийқотлари бештадир: Зулҳулайфа, Жуҳфа, Яламлам, Қарнул-Манозил, Зоту Ирқ.

Зулҳулайфа – ҳозирги кунда Абёр Алий деб аталади ва Мадинага энг яқин мийқот ҳисобланади. У Макка шаҳридан уч марҳала узоқликда бўлиб (450 км), Маккага энг йироқ мийқотдир. Зулҳулайфа мадиналиклар ва Мадинадан ўтадиганлар мийқотидир.

Жуҳфа – шомликлар Макка томон босиб ўтадиган қадимги қишлоқдир. У билан Макка ўртасида уч марҳалача масофа бўлиб (187 км), қишлоқ ҳозирги кунда харобага айланган. Шунинг учун одамлар ҳозирги кунда унинг ўрнига Робиғ (деган жой)дан эҳром боғлайдилар. (Робиғ Маккадан 204 км олисда).

Яламлам – яманликларнинг Макка томон йўлидаги тоғ ёки жой. Ҳозирги кунда уни Саъдийя деб аталади. У билан Макка орасида икки марҳалача масофа бор (54 км).

ҚарнулМанозил – яманликларнинг Макка томон йўлларидаги тоғ ёки жой. Ҳозирги кунда уни Сайлул-Кабир деб аталади. У билан Макка орасида икки марҳалача масофа бор (94 км).

Бу тўрт мийқот: Зулҳулайфа, Яламлам, Жуҳфа ва Қарнул-Манозилларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тайинлаган бўлсалар, Зоту Ирқни «Сунан» ҳадислар девони муаллифлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Кўфа ва Басра аҳолиси учун тайнлаган эканликларини нақл қилган бўлсалар ҳам (Имом Бухорий 1531; Имом Муслим 2867; Абу Довуд 1741; Насоий 2653; Ибн Можа 2915), Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг ҳам тайинлаганлари саҳиҳ ривоятлар билан нақл қилинди. Ҳузурига келиб: «Эй Амирулмўъминийн, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам наждликларга Қарнни мийқот қилиб тайинладилар. У бизнинг йўлимиздан жуда олисда. (Биз нима қилайлик?)»– деган куфалик ва басраликларга: «Йўлингизда унинг рўпарасига қаранглар!»– деб жавоб берди (Имом Бухорий 1531). (Зоту Ирқ билан Макка ораси 94 км).

Хуллас, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан содир бўлган бўлса, иш тамом. Агар бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эмас, бизлар эргашишга буюрилган ва бир неча ўринларда фикрлари Аллоҳ таолонинг аҳкомларига тўғри келган тўғри йўлдаги халифалардан бири бўлмиш Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан содир бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мийқотни белгилаган бўлсалар, бу ҳам бир қиёсдир. Одам бирон мийқотдан ўтадиган бўлса, ўша ердан эҳром боғлаши керак бўлади. Мийқотнинг рўпарасидан ўтаётган одамнинг эса, худди ундан ўтаётган одамдек эҳром боғлаши шарт. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу қилган қиёснинг ҳозирги кунимизда катта фойдалари бор. Масалан, биров Маккага ҳаж ёки умра нийятида учоқда келаётган бўлса, пастдаги мийқотнинг рўпарасига етиб келгач эҳром боғлаши зарур бўлиб, эҳром боғлашни, кўплаб одамлардек, Жиддага етиб боғлаш учун кечиктирмаслиги керак. Рўпаранинг қуруқликда, ҳавода ёки сувда бўлишининг фарқи йўқ. Шунинг учун ҳам кемада келаётганлар Яламлам ёки Робиғнинг рўпарасига келганларида эҳромларини боғлайдилар.

Манбаъ: «Фатаава арканил Ислам».

Ҳажнинг замон мийқотлари

Ҳажнинг замон мийқотлари

460 – Савол: Ҳажнинг замон мийқотлари қайсилар?  

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Ҳажнинг замон мийқотлари шаввол ойининг кириши билан бошланиб, зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, яъни Қурбон ҳайити куни якунланади. Бу Аллоҳ таолонинг:

﴿الْحَجُّ أَشْهُرٌ مَعْلُومَات﴾

«Ҳаж (мавсуми) маълум ойлардир» (Бақара: 197) оятининг кучли маъносидир.

«Ойлар» кўплик маъносидадир ва бу сўздан унинг ҳақиқати қасд қилинмоқда. Яъни, ҳаж шу ойлар мобайнида қилиниб, унинг ҳар бир кунида қилинмайди. Чунки ҳажнинг белгиланган кунлари бор. Фақатгина, ифоза тавофи ва саъй ибодатларини ҳаж ибодатининг ойи ҳисобланган зулҳижжа(нинг биринчи ярми)да қилиш керак бўлсада, бироқ, у иккисини зулҳижжа ойининг охирига қадар кечиктириш мумкин. Бу кечиктириш, узр бўлсагина жоиздир. Масалан: хотин киши ифоза тавофидан илгари қон кўриб қолса. Булар ҳаж учун белгиланган замон мийқотларидир.

Умранинг замон мийқоти йўқдир. Сиз йил давомида умра қилишингиз мумкин. Бироқ, рамазон ойидаги умра ҳажга бадалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаж ойларида ҳам умра қилганлар. Жеъэрронадан қилган умралари ва ҳажлари билан қилган умралари зулқаъда ойида бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойларни танлаганлари, ҳаж ойларида умра қилишнинг ўзига хос имтиёз ва фазилатлари бор эканини кўрсатмоқда.

 

Манбаъ: «Фатаава арканил Ислам».