Category Archives: Муздалифа

 Бу категорияда Муздалифадаги ибодатларга оид фатволар билан танишасиз.

Минода эмас, Муздалифада тунадик…

Суҳандон: Тингловчимиз сўрамоқда: Ақаба тошларини отиб, Каъбани тавоф қилгач, Минога қайтдик ва қурбонлигимизни бўғизладик. Сўнгра, қолиш учун Минода жой қидирдик, бироқ топа олмай, Муздалифага чиқиб, ўша ердан жой топиб, кечаларимизни ўша ерда ўтказдик. Энди эшитсак, ҳожи Минодан ташқарида тунаши мумкин эмас экан. Агар шундай тунаган одам бўлса, унинг Минога қайтиб, ўша ерда туриши, сўнгра, ташқаридаги чодирига матоҳларини олиш учун чиқиб,келиши мумкин экан. Биз билан бирга бўлганларнинг баъзилари Минодан ташқаридаги жойимизда қурбонлигини сўйди. Бизга тушунтириб берсангиз, шу сўйишнинг ҳукми нима?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Бунинг жавоби шуки, агар ҳожи узоқ қидиргач Минода тунаш учун жой топа олмаса, ундан Минода тунаш масъулияти соқит бўлади. Бироқ, унинг одамлар атрофида тунаши шартдир. Яъни, унинг чодири ҳожилар чодирига қўшни бўлиши керак.  Унинг чодири Муздалифада ёки Мино ташқарисидаги бошқа жойда бўлса ҳам, муҳими чодирининг ҳожилар чодирига қўшни бўлишидир.

Минода тунашнинг соқит бўлиши, ҳожининг Макка ёки хоҳлаган бошқа ерида тунаши маъносида эмас. Шунинг учун таъкидлаяпмизки, ҳожилар бир−бирига узвий яқин бўлишлари керак. Бинобарин, шундай ҳам деймиз: Агар масжид намозхонлар билан тўлиб, кўчадагилар ҳам масжиддагилар сафига уланиб намоз ўқишаётган бўлишса, уларнинг намозига зарар йўқ.

Муздалифада қурбонлик қилишга келсак, қурбонликни Муздалифа, Мино, Макка ва Ҳарам ичига кирган барча ерда сўйилса жоиздир ва унинг зарари йўқдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Макканинг ҳар дараси йўл ва қурбонлик қилинадиган жойдир»− деганлар.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Оила билан Муздалифада тунай олмадик …

Оила билан Муздалифада тунай олмадик …

Савол: Машина киралаб оилаларимиз билан ҳаж қилдик. Арафотдан соат тўққизда туша бошладик ва Муздалифага маҳаллий вақт билан кечаси соат иккида етиб келдик. Шерикларим ёнларида оилалари борлигини ва шариат рухсат берганини баҳона қилиб, Муздалифада тунамасликка қарор қилишди. Муздалифада ўн беш минутча ўтириб, йўлга чиқдик. Мен бунинг учун жарима беришга лойиқманми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 2300-1):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Агар ҳолатингиз айтилганидек бўлса ва ёнларидаги оилалари учун тонггача Муздалифада тунаш ташвишли бўлишидан қўрқишган бўлса, сиз ва уларнинг маҳаллий вақт билан кечаси иккида у ердан айрилишингизнинг бирон зарари йўқ. Чунки у, туннинг ярмидан сўнгра рўй берган. Ночор ва хотин─қизларга раҳмат ўлароқ ўша пайтда Муздалифадан чиқишларига рухсат берилган.    

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:             Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Аъзо:             Абдуллоҳ ибн Қаъуд

Заифа аёлнинг Муздалифада туриши вожиб эмас

 

Заифа аёлнинг Муздалифада туриши вожиб эмас

Савол: Заифа аёлнинг Муздалифада тунашининг ҳукми нима?

Шайхулислом ибн Таймийя (раҳимаҳуллоҳ) жавоб беради:

Эркак кишининг тонггача Муздалифада тунаб, у ерда бамдодни аввалги вақтларида ўқиши ҳамда Машъарул-Ҳаромда (уфқ) сарғайгунича туриши  – суннатдир. Заифа аёллар ва болалар эса, ой ғойиб бўлгач, Муздалифадан Минога  (эртароқ) тушишлари мумкин.

Кучли одамлар Муздалифадан Минога тонг отиб, бомдодни ўқиб ва у ерда (уфқ сарғайган пайтга қадар) турмагунларича тушишлари жоиз эмас. Муздалифанинг ҳар ери – мавқиф-турадиган жойдир. Бироқ Қазаҳ олдида туриш афзалдир. Қазаҳ – Мақъада тоғидир. У – бугун одамлар турган, бинолар қурилган ва уламолар «Машъарул-Ҳаром» деб атаган жойдир.