Category Archives: Қурбонлик

Бу категорияда қурбонликлар ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Хунаса ҳайвонни қурбонлик қилса бўладими?

Хунаса ҳайвонни қурбонлик қилса бўладими?

Савол: Хунаса ҳайвонни қурбонлик қилса бўладими?

Фатво № 45152:

Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Хунаса ҳайвон ўта ориқ бўлмаса, қурбонлик учун сўйса бўлаверади.

Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жонлиқни қурбонликка яроқсиз қиладиган айбларни айтиб берганлар. Улар: кўрлиги, касаллиги, чўлоқлиги ва ўта ориқлиги аниқ кўриниб турган ҳайвонлардир.

Мазкур айбларга ўшаларга ўхшаш ёки улардан кўра қаттиқроқ бўлган айблар қиёсланаверади. Масалан, кўра олмаётган, юра олмаётган, қўли ёки оёғи кесилган ҳайвонлар… Буларни 36755− саволга берилган жавобда батафсил айтиб ўтилган.

Хунаса ҳайвоннинг булар қаторига кирмаслиги кўриниб турибди. Бироқ ўта озғин бўлса, у ҳам қурбонликка ярамайди.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ хунаса молни қурбонлик қилиш ҳақида савол берилганида, уни қурбонлик қилиш жоиз эканини айтган. Бу осор ундан «Мавааҳибул Жалил» китобида нақл қилинган («Мавааҳибул Жалил» 3/239).

Валлоҳу аълам.

 

Манбаъ: «Ислом: савол ва жавоб» веб саҳифаси

Пулини садақа қилгандан кўра қурбонлик сўйиш афзал

Пулини садақа қилгандан кўра қурбонлик сўйиш афзал

Савол: Биз ака−укамиз ва алоҳида хонадонларда яшаймиз. Ҳайитда, иншааллоҳ, битта қўй сўйиб, иккинчисининг пулини садақа қилмоқчимиз. Шундай қилишимиз тўғрими ёки иккита қўй сўйишимиз вожибми?

Фатво № 96816:

Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Ҳар иккингиз ҳам биттадан қўй сўйишингиз машру бўлиб, битта қўйга шерик бўлишингиз жоиз эмасдир.Чунки, сиз ўзингиз акангиздан мустақил, алоҳида хонадонда яшашингизни айтиб ўтдингиз. Қурбонликда шерик бўлиш шартларини 96741− саволга берган жавобимизда айтиб ўтганмиз.

Унда шуларни таъкидлаган эдик: уламолар қурбонлик сўйишнинг ҳукми ҳақида фарқли фикрларни айтган бўлсаларда, жумҳури уламо фикрига кўра қурбонлик қилиш суннатдир. Айрим фуқаҳоларнинг фикрига кўра эса, унинг ҳукми «вожиб»дир.

Уламолар қурбонликни сўйиш, унинг пулини садақа қилишдан афзал ва авло эканини айтганлар. Шунга кўра сиз қурбонлик қилгач, унинг гўштидан садақа қилишингиз мукин. Ёки номингизда кўпроқ эҳтиёж бўлган олис юртларда қурбонлик қилиши учун бировга ваколат беришингиз ҳам мумкин.

«Матолибу улин нуҳо» китобида шундай дейилган (2/473): «Қурбонлик ёки ақиқа учун олинган жонлиқни сўйиш, унинг пулини садақа қилишдан кўра афзалдир. Буни Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ёзиб қолдирган. Шунингдек, ҳажда сўйиладиган қурбонлик – ҳадянинг пулини ҳам садақа қилиш жоиз эмас… Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Ундан кейинги халифалари қурбонлик бўғизлаб, унинг гўштини ҳадя қилдилар. Агар қурбонликнинг пулини садақа қилиш афзал бўлганида эди, улар бундан воз кечмас эдилар».

Валлоҳу аълам.

 

Манбаъ: «Ислом: савол ва жавоб» веб саҳифаси

Сўяётган пайтда нийятни талаффуз қилиш

Сўяётган пайтда нийятни талаффуз қилиш

Савол: Сўяётган одам: «Бу фалончидан!» дея нийятини талаффуз қилиши керакми? Шундай талаффузнинг ўзи нийят ўрнига ўтадими?

Фатво № 109340:

Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Бу талаффуз нийят эмас. «Аксинча, сўяётган одамнинг: «Бу ўзимдан ва оила аъзоларим номидан» деб айтиши унинг кўнглида бўлган нийятидан даракдир. У, нийятни талаффуз қилишни хоҳлаган одам каби: «Аллоҳим, мен қурбонлик бўғишлашни хоҳладим» демади. Балки, қалбида бўлган нарсани изҳор этди, холос. Ҳолбуки, нийят жонлиқни олиб келиб ётқизган ва сўйган пайтидан илгари бўлган» (Мажмуъу фатава Ибн Усаймийн, 22/20).

 

Манбаъ: «Ислом: савол ва жавоб» веб саҳифаси

Бошқалар номидан қурбонлик қилиш ва қурбонликдаги нуқсонлар

Бошқалар номидан қурбонлик қилиш ва қурбонликдаги нуқсонлар

Суҳандон: Тингловчимиз (яна)сўрамоқда:Ҳайвонларни қурбонлик ибодатига нолойиқ қиладиган нуқсонлар нималар? Қурбонликни сўйишнинг аввалги ва охирги вақтлари қайси пайтлар? Биров бошқасининг номидан унинг номини тилга олмасдан қурбонлик қилса ҳам бўладими?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Ҳайвонларни қурбонликка яроқсиз қиладиган нуқсонлар Бароъ ибн Озиб разияллоҳу анҳу ривоят қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисида очиқ баён қилинган: «Тўртта ҳайвон борки, уларни қурбонлик қилиш жоиз эмас: касаллиги, кўрлиги, чўлоқлиги аниқ бўлган ва ўта озғин (териси суягига ёпишган) ҳайвонлар» (Имом Молик «Муватто» 1024). Мазкур тўрт нуқсон қурбонликни яроқсиз қилади. Бу ёки буларга ўхшаган нуқсонлар ва уларнинг маънолари мавжуд бўлган ҳайвонлар, ҳукмда шу ҳайвонлар каби (яроқсиз)дир.

Кўр ҳайвон ─ кўзи юқоридан ёки чуқуридан тери билан қопланган, ёхуд (кўз соққаси) бутунлай оқ бўлган ва кўрган одам кўрлигини билган ҳайвондир. Аммо кўзи жойида турган (ва оддий кўздек кўринаётган) лекин кўрмаётган бўлса, уни қурбонлик қилиш мумкин.

Касаллиги аниқ ҳайвон ─ касаллик симптомлари: ҳолсизлик, иштаҳасизлик, иситма ва бундан бошқа касаллигига далолат қиладиган аломатлари кўриниб турган ҳайвондир.

Чўлоқлиги аниқ бўлган ҳайвон ─ уламоларнинг қавлларига кўра, (ўз жинсидан бўлган) соғлом ҳайвон билан бирга юра олмаган ҳайвондир. Шу боис, ўз ҳамжинси бўлган ҳайвон билан юра олган ёки «мусобақалаша олган» ҳайвонни қурбонлик қилинса зарари йўқдир.

Териси суягига ёпишган ориқ ҳайвон ─ уларнинг гўшти ширин бўлмайди. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қурбонлик қилишдан қайтардилар.

Кўзлари тери билан қопланган ҳайвонга, кўзи кўр бўлган ҳайвон ҳам менгзайди. Чўлоқлиги аниқ бўлган ҳайвонга ўхшагани учун аъзоларидан биронтаси кесиб ташланган ёки юришга қурби етмайдиган ёталоқ ҳайвон ҳам қурбонликка яроқсиз бўлади. Тўлғоғи келиб боласини туғмоқчи бўлиб турган ҳайвон ҳам туғиб, ўзининг соғлом ҳолатига келмагунича, касаллиги аниқ ҳайвон каби қурбонликка яроқсиз бўлади. Хурмо ёки бошқа нарсани еб ичи қотган ҳайвон ҳам тузалмагунича қурбонликка ярамайди. Чунки у ҳам хатарга юз тутган бўлади.

─ Ҳурматли шайх, ич қотишдан мақсад уни еб қўйганими?

─ Яъни, хурмо ёки бошқа нарсани ейиши натижасида ичи қотиб, нафас олиши қийинлашган ва қорни шишган (бўккан) ҳайвон. Бу ва бунга ўхшаган ҳайвонлар қурбонликка яроқсиздир. Аммо қулоғи ёки шоҳи ёхуд тиши ёда думида нуқсони бўлган ҳайвонлар қурбонликка ярайверсада, бошқа соғломларини қурбонлик қилиш афзалдир.

─ Ҳурматли шайх, қурбонлик сўйиш учун энг аввалги ва охирги вақтлар қайси пайтлардир?

─ Қурбонлик сўйишнинг аввалги вақти (Ҳайит) намоз(и) ва хутбадан сўнградир. (Ҳа), намоз ва хутбадан кейинги вақт энг афзал вақтдир. Аммо қурбонликнинг охирги вақти Ташриқ кунлари бўлиб, сўйилиш муддати тўрт кун ичидадир. Бу кунлар мобайнида кечаси ёки кундузи сўйилса раводир.

─ Ҳурматли шайх, бошқа одамнинг номидан исмини тилга олмай қурбонлик қилса равоми?

─ Агар ваколат бериладиган одам сўйишни билса, унга ваколат берилса бўлади. Афзали эса, қурбонликни кимнинг номидан сўйилса унинг олдига олиб келиш ва агар билса уни ўз қўллари билан сўйишидир: агар чапақай бўлмаса ҳайвонни чап тарафи билан, чапақай бўлса ўнг тарафи билан ётқизади. Бундан мақсад, ҳайвонни қийнамасликдир. Агар одам чапақай бўлса ҳайвон ўнг тарафи билан ётқизилсагина қийналмайди. Яна афзали, сўйиш пайтида ҳайвоннинг оёқларини бўйнига олиб келиш ва сўйилгач қўл ва оёқларини боғламасликдир. Эркин қолган аъзоларнинг ҳаракати натижасида ҳайвон вужудидаги қонларнинг чиқиб кетиши осонлашади. Бу ─ ҳайвонни қийнамайди.

─ Ҳурматли шайх, қурбонликни фалончининг номидан деб айтиш керакми?

─ Фалончининг номидан,─ деб айтиш афзал. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Аллоҳим) Бу ─ Сендан, Муҳаммаддан ва Муҳаммаднинг оиласидан ҳамда Сен учун!»─ деганлар (Байҳақий «Сунанул Кубро» 19658). Агар тилга олмаса ҳам, қилинган нийят етарлидир. Кимнинг номидан қилинаётган бўлса унинг номини қурбонлик сўйилаётган пайтда тилга олинади ва: Аллоҳнинг номи билан … Аллоҳу акбар! (Аллоҳим), бу ─ Сендан, Муҳаммаддан ёки фалончи ва фалончидан Сен учун!,─ дейилиб, одамнинг исмини айтилади. Аммо баъзи авом одамларнинг Ҳайит куни қурбонлик қилинадиган ҳайвон олдига бориб Аллоҳнинг номини айтиши ва уни пешонасидан то думигача силаши ва Аллоҳнинг исмини такрорлашларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинган бирон асоси йўқдир.

─ Ҳурматли шайх, мусулмон бўлмаган одамга қурбонлик ваколатини бериш мумкинми?

─ Унга қурбонликдан бошқа нарсаларни сўйишга ваколат бериш мумкин.

 

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Қорамолга етти кишидан оз ҳиссадор бўлса бўладими?

Қорамолга етти кишидан оз ҳиссадор бўлса бўладими?

Савол: Қорамолни қурбонлик қилинар экан, унга етти кишидан озроқ одамнинг ҳиссадор бўлиши жоизми?

Фатво № 111322:

Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Қорамолни қурбонлик қилинар экан, унга етти кишининг ҳиссадор бўлиши жоиздир. Бунинг баёни «Фатво № 45757»да айтиб ўтилди.

Модомики, бир қорамол учун етти кишининг ҳиссадор бўлиши жоиз экан, ундан кўра озроқ одамнинг шерик бўлишлари, кўпроқ қурбонликка кўнгилли бўлишлари, албатта, жоиздир. Ҳолбуки, битта қўйни қурбонлик қилишга қодир бўлган одамнинг битта молни қурбонлик қилиши мумкиндир.

Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ «ал−Умм» китобида шундай деган (2/244): «Қурбонлик қилаётганларнинг сони еттидан оз бўлса, қурбонликлари раводир. Ҳолбуки, улар ортиқча қурбонликни кўнгилли ўлароқ қилган бўладилар. Бинобарин, туяни сўйиш қўй сўйиши лозим бўлган одам учун раводир. У, қўй гўштидан ортиқ бўлган қурбонликни кўнгилли ўлароқ қилган бўлади».

Косоний раҳимаҳуллоҳ «Бадоъиус саноиъ» китобида шундай дейди (5/71): «Етти кишидан оз: икки ёки уч ёхуд тўрт ёда беш ва ё олти ҳиссадорнинг қорамол ва туяни қурбонлик қилиши жоиздир. Чунки еттидан бир ҳисса жоиз экан, ундан кўра каттароқ ҳисса тенг ёки ҳиссадорларнинг бирига ярми, қолганига учдан бири, яна бошқасига олтидан бири тегиши билан вазни еттидан бирдан кам бўлмаслик шарти билан фарқли бўлса ҳам, албатта, жоиздир».

 

Манбаъ: «Ислом: савол ва жавоб» веб саҳифаси