Category Archives: Ҳажжи бадал

Бу категорияда Ҳажжи бадал ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Масжидларга чиқа оладиган чол ва ҳаж

Суҳандон: Аллоҳ бошингиздан баракалар ёғдирсин! Саудия Арабистони Қироллигида истиқомат қилаётган суданлик тингловчи Иброҳим  сўрамоқда: Отам Суданда яшайди ва масжид ва яқинимиздаги уйларга бориб−келишга ярайди. Бироқ, анчагина кексайиб қолгани ҳамда узоқ йиллар давом этган касаллиги боис, иш қилишга ярамайди. У, ҳаж қилиш учун келса тавоф ва саъйларни ўзи қила олади. Фазилатли шайх, отамнинг пули йўқ, мен эса бу ердан унга етарли маблағни жўната олмайман. Чунки, унинг ҳаж қилиши учун ўн саккиз минг Судан жунайҳига яқин пул керак. Менга фатво берсангиз: Унинг номидан ҳаж қилсам бўладими? Аллоҳ устингиздан савоблар ёғдирсин!

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Агар отангиз сиз тавсифлаган ҳолатда бўлса, яъни, пули бўлмаса, унинг ҳаж қилиши фарз эмас. Гарчи ҳаж қилмай оламдан ўтса ҳам, Аллоҳга гуноҳкор бўлмай оламдан ўтган бўлади. Унинг диёнатида айбланадиган бирон қусур ҳам йўқ. Чунки, Аллоҳ таоло ҳажнинг фарз бўлишига қодир бўлишни шарт қилган ва:

﴿ وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا

«Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун ҳаж қилиш мажбурияти бордир» (Оли Имрон: 97)− деган. Кимнинг пули бўлмаса, у, ҳаж қила олмайди. Ҳаж қила олмаса, ҳаж қилиш унга фарз бўлмайди.

Шунинг учун, сиз отангиздан хотиржам бўлинг ва у тўғрисида безовта бўлманг. Чунки, ҳаж қилиш унга фарз эмасдир.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Она номидан ҳаж қилиш

Суҳандон: Аллоҳ бошингиздан баракалар ёғдирсин! Саудия Арабистони Қироллигида истиқомат қилаётган суданлик тингловчимиз Ризо Умар ўтган йили ҳаж қилгани учун Аллоҳга ҳамду санолар айтиб сўрамоқда: Бу йил, тирик бўлган онам номидан ҳаж қилмоқчиман. Бироқ унинг анчагина кексайгани ва соғлиғидаги муаммаолари туфайли ҳаж қилишга имкони йўқ. Мен, унинг номидан ҳаж қилсам бўладими? Аллоҳ сизга билдирсин, менга тушунтириб берсангиз.

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Ҳа, агар бу одам зиммасидаги ҳаж фаризасини қилган бўлса, икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан нақл қилинган қуйидаги ҳадисга кўра, онаси номидан ҳаж қилиши мумкин: «Бир жувон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ бандалар зиммасига ҳаж фаризасини юклади. Менинг отам анча кексайиб қолган қариядир ва у, уловга мина олмайди. Унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?»− деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Ҳа, унинг номидан ҳаж қилаверинг»,− деб жавоб бердилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир одамнинг «Шубрума номидан лаббайк!» деганини эшитдилар ва: «Шубрума нима?»− деб сўрадилар. Ҳалиги одам: Менинг акам ёки яқин қариндошим, дея жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Ўз номингдан ҳаж қилганмисан?»− деб сўрадилар. У: Йўқ,− деб жавоб бергач: «Ўз номингдан ҳаж қил. Сўнгра, Шубрума номидан ҳаж қил!»− дедилар.

Бу – Маккага келишга қодир бўлмаган одам номидан ҳаж қилишнинг жоиз эканлигига далолат қилади. Бироқ, бунинг бир шарти бор: Ҳажжи бадал қилаётган одам ўз зиммасидаги ҳаж фаризасини адо этган бўлиши керак.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Ота−онамнинг ҳаж қилганларини билмайман…

Суҳандон: Аллоҳ бошингиздан баракалар ёғдирсин! Дастуримизнинг жазоирлик тингловчиси сўрамоқда: Фазилатли шайх, отам−онам болалик чоғимда вафот этишган. Мен, улар камбағал бўлганликлари учун ҳаж фаризасини адо этишганми ёки йўқми, билмайман. Аллоҳ устингиздан баракалар ёғдирсин, мен нима қилишим керак?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Мен сизга шуни айтмоқчиман, бундай ҳолатда ота−онангизнинг диёнатида айбланадиган бирон қусур йўқ. Чунки ҳаж, Аллоҳ таоло:

﴿ وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا

«Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун ҳаж қилиш мажбурияти бордир» (Оли Имрон: 97) деб айтганидек, қодир бўлган одамларгагина фарз бўлади

Улар модомики камбағал эканлар, сиз, уларнинг ҳаж қила олмаганликлари учун ўксиманг ва қайғурманг. Шундай бўлсада, улар номидан ҳаж ва умра қилишингиз мумкин. Бундай пайтда, ўзингиз зиммангиздаги ҳаж фаризасини адо этиб бўлгач, бу энг яхшисидир, аввал онангиз, сўнгра отангиз номидан ҳаж ёки умра қилинг.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Ҳажжи бадал қилиш

Суҳандон: Жийзонлик тингловчи аёл сўрамоқда: Биров номидан ҳажжи бадал қилишнинг ҳукми нима? Ҳажжи бадал қилмоқчи бўлган одам, мендан каттагина маблағ талаб қилди. Мен унга сўраган маблағини беришим керакми?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Ҳажжи бадал ҳаж қилишга соғлиги умуман имкон бермаган ва тузалиш умиди ҳам бўлмаган одам номидан қилинади. Бироқ тўрт мучали соғлом одам на фарз ва на нафл ҳажда, ҳажжи бадал қилдириш ҳуқуқига эга эмас. Шунингдек, соғайиш эҳтимоли бўлган одам ҳам ҳажжи бадал қилдира олмайди. Балки, соғайишини кутиб, соғайгач ҳаж фаризасини ўзи қилади.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Қизнинг отаси номидан ҳажжи бадал қилиши

Суҳандон: Бу мактуб Ҳоил шаҳридаги тингловчимиз Лона Абдуллоҳдан келибди. У, мактубида сўрамоқда: Ҳаж фаризасини адо этган қиз, вафот этган отаси номидан ҳаж қилса бўладими? Агар қила олса бунинг шартлари нима?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Ҳа, ҳаж қилаётган одам ўғил ёки қиз ёхуд ака (ва ука) зиммаларидаги ҳаж фаризасини адо этишган бўлса, оталари ёки ука (ёки ака)лари номидан ҳаж қилишлари жоиз. Сабаби, икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан нақл қилинган ушбу ҳадис бор: «Бир жувон онасининг ҳаж қилишга назр қилгани, бироқ, назрини бажо келтира олмай вафот этгани, шунинг учун онаси номидан ҳаж қилиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга онаси номидан ҳаж қилишга рухсат бердилар».

− Фазилатли шайх, балоғатга етган ака−укалари бўлса ҳам, бу жувонинг отаси номидан ҳаж қилиши жоизми?

− Ҳа, унинг балоғатга етган ака−укалари бўлса ҳам, жоиздир.

− Фазилатли шайх, бу эркакларнинг иши эмасми?

− (Бу иш бир жинсга чекланмаган), уни эркаклар ҳам аёллар ҳам қила оладилар. Шунинг учун, Хасъам қабиласига мансуб бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Аллоҳ бандалар зиммасига ҳаж фаризасини юклади. Менинг отам анча кексайиб қолган қария бўлиб, уловга мина олмайди. Унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?» дея савол берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Ҳа, (қилишингиз мумкин)»,− деб жавоб бердилар ва аёл киши бўлишига қарамай эркак киши номидан ҳаж қилишга ижозат бердилар.

− Фазилатли шайх, (ҳаж сафарида) аёлнинг маҳрами бўлиши шартми?

− Ҳа, албатта. Ҳаж ёки бошқа сафар қилсин, аёл ўзининг ёки бошқасининг номидан ҳаж қилсин − ҳар сафарида маҳрам бўлиши шартдир.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.