Category Archives: Эҳром

 Бу категорияда эҳром ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Билмай ниқоб тақдик …

Суҳандон: Хамис Машитлик А. А. сўрамоқда: Саволим шундан иборат: Бундан беш йилча илгари умра қилишни нийят қилдик ва Ҳарамга етиб келгач мен ва бир дугонам иккимиз, ниқоб сингари юзимизни ёпдик. Яъни, пешонамиз ва юзимизни ёпиб, кўзларимизни очиқ қўйдик. Биз шундай  қилдигу, ниқобнинг ҳукмини билмас эдик. Ниқоб тақиш эҳромлик аёлга жоиз эмаслигини кейин ўргандик. Биз нима қилишимиз керак?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Сизларга бирон жарима йўқ. Чунки, эҳромлик пайтида бирон ҳаракатни билмай қилиб қўйган одамга жарима бўлмайди. Шунинг учун, намозхоннинг оғзидан намоз ўқиётган пайтида (билмасдан) бирон гап чиқиб кетиб қолса, намози раводир. Масалан, биров салом берса алик олиб қўйса ва алик олиш намозни бузишини билмаса, унга бирон жарима йўқдир. «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Муовия ибн Ҳакам разияллоҳу анҳунинг масжидга киргани ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқигани, намоз асносида намозхонлардан бири чучкириб: Алҳамдулиллаҳ,− деганида: Ярҳамукаллоҳ! (Аллоҳ сизга раҳмат ёғдирсин!), дегани ва саҳобалар унга норози қараш билан нигоҳ ташлашгани ва бунга унинг: Қуриб кетай!,− деб яна гапиргани ва саҳобалар уни тинчитиш учун сонларига қўллари билан урганлари, шундан сўнгра Муовия разияллоҳу анҳунинг жим бўлгани, намозини тугатганидан сўнгра уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чақириб: «Бу – намоздир. Унда одамларнинг гапини гапириш мумкин эмас. У – такбир ва Қуръон қироатидан иборатдир»− деганлари, Муовия разияллоҳу анҳунинг эса: Ота−онам фидо бўлсин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга на дашном бердилар ва на мени жеркидилар,− дегани ёки шундай мазмунда ҳикоя қилгани нақл қилинган.

Кўриниб турибдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муовия разияллоҳу анҳуни намозини қайта ўқишга буюрмадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза ҳақида: «Рўзадорлигини унутиб еб ёки ичиб қўйган одам, рўзасини тугалласин.Чунки уни Аллоҳ едириб, ичиргандир»− деганлар (Имом Муслим 2772).

Бинобарин, банда барча ибодатлардаги ҳаром нарсаларни унутгани ёки билмагани туфайли қилиб қўйса, унга бирон жазо йўқдир.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Таъқиқланган ниқоб

Суҳандон: Аллоҳ устингиздан эҳсонларини ёғдирсин! Бир жувон Маккага умра қилиш учун борди. Мийқотда таҳорат олгач чиммати бўлмагани боис, кўзларини кўрсатмай ниқоб тақиб олди. У бирон жарима тўлаши керакми? Унинг умраси равоми ёки бирон жарима бериши керакми?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Ҳа, умраси раводир ва унга бирон жарима йўқдир. Чунки у, ижтиҳод қилган. Шунинг учун ижтиҳоди тўғри бўлса икки, нотўғри бўлса битта савобга эришган. Агар ниқобдан кўзлари чиқиб турмаса, яъни, кўзларининг олдига рўмолининг бир тарафини ташлаган ва кўзлари кўринмаган бўлса, зарари йўқ. Таъқиқланган ниқоб эса, одатда юзни тўсиш учун тақиладиган ва икки кўзни кўрсатиб турадиган ниқобдир. Шу ниқоб эҳромлик хотин−қизлар учун таъқиқлангандир.   

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Эҳромга киргач юзимизни очамиз …

Суҳандон: Тингловчи синглимиз яна сўрамоқда: Ҳаж, умра ва бошқа ибодатларни адо этиш учун Макка шаҳрига борганимизда ҳижоб киймаймиз. Баъзилар: Сиз қон чиқаришингиз керак?,─ дейдилар. Ҳурматли шайх, шу тўғрими ёки йўқми? Биз Каъбаи мушаррафанинг ёнида турганимизда юзимизни очсак бўладими?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Муслима аёл (эҳромга киргач) олдидан бир ёки бирдан кўп эркаклар ўтса, саҳобаларнинг рафиқалари каби, юзини тўсиши керак. Бундай пайтда унга фидя жаримаси бўлмайди. Чунки бу, буюрилган ишдир. Буюрилган иш таъқиққа айланмайди. Тўсган нарсанинг юзга ёпишмаслиги шарт эмас. Ёпишиб турса ҳам бирон зарари йўқ. Шу боис, у аёл, эркаклар олдида экан юзини тўсиши керак. Чодирга ёки уйга кирса юзини очиши керак. Чунки, эҳромга кирган аёлнинг юзи очиқ бўлиши керак.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Эҳромдаги аёлнинг пайпоқ кийиши

Суҳандон: Ушбу қимматли тавсияларинигиз учун Аллоҳ таоло сизни яхши мукофотлар билан тақдирласин! Ушбу тингловчи сўрамоқда: Ҳаж ёки умрани нийят қилган аёл пайпоқ кийиши керакми?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Унинг пайпоқ кийиши шарт эмас. Лекин оёқларини оёқларигача етадиган кенг ва узун кийим билан тўсиши керак. Унга шарт эмас, дейишимиздан мақсад, унинг ковуш кийиши ҳаром бўлади, деган маънони англатмайди. Аксинча ковуш кийиши мумкин. Эҳромдаги аёл қўлқопларнигина киймаслиги керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳромдаги аёлнинг қўлқоп кийишини таъқиқладилар. Агар биров: Аёл киши эҳромга киргач кафтларини қандай тўсади?,─ деб қолса: Абоси ёки кенг ва узун рўмоли ёхуд узун енги бўлган кийим билан тўсади,─ деб жавоб берамиз. Хуллас, аёл қўлқопсиз ҳам кафтларини тўсиши мумкин.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Эҳромдаги аёлнинг қўлқоп кийиши

Суҳандон: Аллоҳ устингиздан баракаларини ёғдирсин! Тингловчи аёл сўрамоқда: Мен тавоф асносида қўлига қўлқоп кийиб тавоф қилаётган аёлни кўрдим. Унинг (тавофда) қўлқоп кийишининг ҳукми нима?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Агар қўлқоп кийиб тавоф қилаётган аёлни кўрсангиз унга танбеҳ беришдан илгари: Сиз эҳромдамисиз?,─ деб сўраб кўринг. Агар у: Ҳа,─ деса: Қўқопларни ечинг. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳромлик аёл ҳақида: «Қўлқон киймайди»─ деганлар (Имом Молик «Муваттоъ» 717; Абу Довуд 1827), денг. Агар эҳромда эмаслигини айтса ва қилаётган тавофи нафл бўлса, қўлқоп кийишининг зарари йўқ.

Шу муносабат билан амру маъруф ва наҳий мункар бобида бир нарсага огоҳлантириб қўймоқчиман: Сиз бировни қайтараётган нарсангизнинг мункар эканини аниқ билинг. Чунки, бундан илгари қайтаришингиз шошқалоқликдир. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилаётган пайтларида масжидга кириб келган ва ўтирган одамни: «Намоз ўқидингизми?» деб сўрашдан илгари ўтиришдан қайтармадилар. У: Йўқ, дегач: «Ўрнингиздан туринг ва икки ракаат енгил намоз ўқинг!»─ дедилар (Байҳақий «ас–Сунанул Кубро» 5902). Қилган иши мункар бўлиш эҳтимоли бўлган одам ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тутган йўл қандай экани ҳақида тафаккур қилиб кўринг. Унинг қилган иши мункар бўлмаслиги ҳам мумкин эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг яхши ўрнакдирлар. Аммо бирон кишининг қилган ишига қараб ўз фикрида мункар деб ўйлаш, шошқалоқликдан бошқа нарса эмасдир.

 Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.