Category Archives: Ақиқа

Бу категорияда чақалоқ аҳкомлари билан танишасиз.

Тўртта фарзандимга ақиқа қилмадим …

Тўртта фарзандимга ақиқа қилмадим …

Савол: Менинг тўртта фарзандим бор. Улар туғилганида биронтасига ақиқа қилган эмасман. Энди (катта бўлишгач) уларнинг ҳар бирининг номидан ақиқа қилишим керакми ёки пулини берсам бўлаверадими? Аллоҳ устингиздан мукофотлар ёғдирсин, менга тушунтириб берсангиз.  

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 12591-7):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Ўғил бола учун иккита, қиз бола учун эса битта қўйни ақиқа ўлароқ бўғизланади. Пулини ёки бошқа нарсани ақиқа ўрнига бериш, ақиқа ўрнига ўтмайди.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:             Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Онамнинг икки фарзанди чақалоқликларида вафот этган …

Онамнинг икки фарзанди чақалоқликларида вафот этган …

Савол: Онамнинг икки фарзанди чақалоқликларида вафот этишган. Ҳозиргача улар учун ақиқа қилинмаган. Ўша пайтлари отамнинг қўлида ақиқа қилишга етадиган маблағи бўлмаган. Шуни ҳам айтишим керакки, отам вафот этган. (Айтингчи), онам вафот этган фарзандлари учун ақиқа қилса бўладими?  

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 5088-1):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Агар ҳолат сиз айтгандек бўлган бўлса, онангиз ўша икки бола учун ақиқа қилса бўлади ва бу ақиқаси учун Аллоҳ савоб беради, иншааллоҳ.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:             Абдуллоҳ ибн Қаъуд

Қизча ўлганидан кейин ақиқа қилинди …

Қизча ўлганидан кейин ақиқа қилинди …

Савол: Қизча вафот этганидан сўнгра ақиқа қилинди. У вафот этганида бир яримга кирган эди. (Айтингчи), бу ақиқа айтилганидек бўлибдими ёки йўқми? Бу қизчанинг охиратда ота-онасига фойдаси тегадими? Бизга тушунтириб берсангиз.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 4679-8):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Ҳа, бу ақиқа раводир. Бироқ, уни қизча туғилганининг еттинчи кунидан кечиктириш суннатга хилофдир. Гўдаклик чоғида вафот этган ҳар қандай ўғил ва қизнинг, сабр қилган мўъмин ота-оналарига фойдаси тегади.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Жинсияти билиниб қолган тушук учун ақиқа

Жинсияти билиниб қолган тушук учун ақиқа

Савол: Жинсияти: ўғил ёки қизлиги билиниб қолган ва ой куни тўлмай тушган бола учун ақиқа қилинадими ёки йўқми? Шунигдек, соғлом туғилган, бироқ бир неча кун ўтгач вафот этган чақалоқ учун-чи? Бир ёки икки ёхуд олти ой ёда бир йил ё ундан ҳам кўпроқ яшаган ва вафот этган бола учун ақиқа жонлиғи бўғизланадими ёки йўқми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 1528-3):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Уламолар жумҳури ақиқа қилиш суннат эканига қарор қилишган. Бунинг далили Имом Бухорий, Имом Аҳмад ва «Сунан» муаллифлари Салмон ибн Омир разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ушбу ҳадисдир: «Болага ақиқа қилиб, унинг номидан қон чиқаринглар ва озорларни кетказинглар!» (Термизий 3513; Ибн Можа 3850).

Ҳасан раҳимаҳуллоҳ Самура разияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ушбу ҳадисини нақл қилди: «Ҳар бир чақалоқ туғилган кунининг еттинчисида сўйиладиган ақиқасига гаровга қўйилган. (Ўша куни) унинг сочлари олинади ва исм қўйилади». Термизий бу ҳадисни саҳиҳ деди (Имом Бухорий 5155; Имом Муслим 782; Термизий 1522; Насоий 4220; Абу Довуд 2837; Ибн Можа 3165; Имом Аҳмад 8/5; Доримий 1969).

Амр ибн Шуъайб раҳимаҳуллоҳ отасидан, у бобосидан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилди: «Бировингиз фарзанди учун жонлиқ сўймоқчи бўлса, сўйсин: ўғил учун бир-бирига ўхшаш иккита қўй, қиз учун эса битта қўй!». Бу ҳадисни Имом Аҳмад (5/201), Абу Довуд ва Насоий яхши санад билан ривоят қилди.

Агар руҳ пуфланишидан илгари тушган ва унда ўғил ёки қизлик аломатлари билиниб қолган бўлса, бундай тушук учун ақиқа қилинмайди. Бундай тушукни чақалоқ ҳам дейилмайди ва унга исм ҳам қўйилмайди.

Бироқ, (руҳ пуфланган) чақалоқ учун туғилишининг еттинчи кунида ақиқа қилинади. Агар бола тирик туғилиб еттинчи кунидан илгари вафот этса, унга еттинчи кунида ақиқа қилинади ва исм қўйилади. Агар етти кун ўтиб ақиқа қила олмаса, баъзи уламоларнинг фикрига қараганда унга ақиқа қилиш суннат ҳисобланмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ақиқа учун еттинчи кунни белгиладилар. Ҳанбалий мазҳабига мансуб уламолар ва бошқа бир гуруҳ фуқаҳолар ақиқа ҳақида айтилган ҳадисларнинг умумий маъноларига кўра етти кун яшамаган чақалоқ учун туғилишидан сўнгра бир ой ёки бир йил ёки ундан кўра кўпроқ вақт ўтган бўлишига қарамай ақиқа қилиш суннат эканини айтганлар. Зеро Анас разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз номидан пайғамбар бўлганларидан сўнгра ўзларига ақиқа қилганларини ривоят қилганини Байҳақий раҳимаҳуллоҳ нақл қилган. Шунинг учун ақиқа қилиб қўйиш, эҳтиётлироқдир.               

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:             Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Етти кун яшамаган болага ақиқа қилиш

Етти кун яшамаган болага ақиқа қилиш

Савол: Туғилганидан сўнгра етти кун яшамаган болага ақиқа қилинадими ёки йўқми? 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 969):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Туғилганидан сўнгра етти кун яшамаган боланинг туғилган кунининг еттинчи кунида ақиқаси қилинади. Еттинчи кунидан илгари вафот этиши, унинг номидан еттинчи куни жонлиқ сўйишига монеълик қилмайди. Чунки ақиқа қилишнинг вақтига далолат қиладиган шаръий ҳужжатларнинг боланинг етти кундан илгари вафот этиши ундан ақиқа қилишни соқит қилишига далолат қилганини билмаймиз. Чунки у ҳужжатларнинг барчаси ақиқанинг туғилиш билан машруъ экани ва еттинчи кунида сўйилишини кўрсатмоқда. Бу умумий маъно саволдаги ҳолатни ҳам ўз ичига олади. Биз, юқорида айтиб ўтганимиздек, бу ҳолатнинг ўша умумий маънодан ташқарида эканини билмаймиз.

Сўйишни еттинчи кунга чеклашдан унинг машруълиги еттинчи кундан бошланади, деган хулосани чиқармаслик керак. Чунки туғилишнинг ўзи, ақиқа қилишни талаб қилади Еттинчи кун эса, шу машруъ фармонни ижро этиш учун энг афзал кундир. Шунинг учун ҳам, ақиқа жонлиғини еттинчи кундан олдин сўйилса ҳам, жоиздир. Бу ҳақда аллома Ибн Қоййим ва унга тобеъ бўлган уламолар (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин!) айтиб ўтгганлар.      

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Мунийъ ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён