Category Archives: Жонлиқ сўйиш

Бирон муносабат учун жонлиқ бўғизлаш

Савол: Ичимда ёки атрофимдаги одамларга фарзандимнинг муваффақияти ёки йўл ҳаракати ҳодисасидан саломат қутилгани ёхуд қандайдир бир қувончли муносабат учун, Аллоҳ учун садақа нийятида бўғизлаганим жонлиқнинг ҳукми нима? Фазилатли шайх, шу садақадан истеъмол қилиш жоизми ёки йўқми? Шуни ҳам айтишим керакки, мен у ёки бу ишни қиламан деб қасам ҳам ичмайман ва назр ҳам қилмайман. Бироқ шундай қувончли онлар содир бўлганида “Аллоҳ учун садақа” дейман, холос. Аллоҳ бошингиздан савоблар ёғдирсин, бизга бу масъалани тушунтириб берсангиз: Биз учун соғлом йўл қайси бири?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 9573):

Ишлардаги асос, уларнинг нийятга асосланишларидир. Нийят эса амалга савоб берилишининг шартидир. Мусулмон одам ҳар бир нафақасида Аллоҳ таолога яқин бўлишни нийят қилиши керак. Агар меҳмон ташрифи ёки фарзандни рағбатлантириш ва шунга ўхшаш муносабатлар бўлса ва бу билан Алоҳ таолога яқин бўлишни (банда) нийят қилса, сўйилган жонлиқдан (бўғизлатган одам) еса зарари йўқдир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:             Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Бировни рози қилиш учун жонлиқ сўйиш

Бировни рози қилиш учун жонлиқ сўйиш

Савол: Арабларнинг зарурат туғилган пайтда бир-биридан розилик олиш одати бор. Розилик олмоқчи бўлган одам дарвозадан Аллоҳнинг номи билан битта қўйни сўйилмагунича кирмайди. Баъзида рози қилаётган одам иккинчи қўйни: Буни рози қилаётган одамнинг ўзи бўғизлаши ҳаром,- деб бошқасига бўғизлатади. Бу жонлиқларни рози қилинаётган одамга ҳурмат юзасидан сўйилади. Бу икки қўйнинг ёки биттасининг гўштини ейилса бўладими ёки йўқми?   

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 1984):

Гўштини меҳмон, меҳмоннинг дўстлари ва зиёфатга чақирилган бошқа одамларга иззат кўрсатиш учун таом шаклида тақдим этиш мақсадида қўй ва бошқа ҳайвонларни бўғизлаш, жоиздир. Ҳатто, саҳиҳ ҳадислар бунга тарғиб қилиб, ташвиқ этгандир. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган одам меҳмонини сийласин!» (4/127 (3748)), Абу Шурайҳ Каъбий разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса: «Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган одам меҳмонини сийласин! Унинг мукофоти бир кечаю, бир кундуздир. Меҳмондорчилик уч кун бўлиб, ундан ортгани садақадир. У (меҳмон)нинг (мезбон) биродарини(нг уйида уни) қийин ҳолатга тушириб қўядиган даражада қолиши ҳалол эмасдир»– деганлар (Имом Бухорий 7/104, Имом Муслим (Нававий шарҳи) 12/30).

Баъзида сўйишдан мақсад, шахсни мутлақ улуғлаш ва мутлақ ҳурматлаш бўлади. Бундай мақсадда сўйилган гўштни хом ёки пишириб тақдим этиш жоиз эмас. Чунки у, Аллоҳдан бошқаси учун сўйишнинг умумий маънолари орасига дохил бўлиб, лаънатни тақозо этадиган ширк амали бўлади. Алий разияллоҳу анҳунинг шундай дегани нақл қилинган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга тўрт жумлани айтдилар: «Аллоҳдан бошқаси учун (жонлиқ) сўйган кимсани Аллоҳ лаънат қилди! Ота-онасини лаънатлаган кимсани Аллоҳ лаънат қилди! Бидъатчига жой берган одамни Аллоҳ лаънат қилди! Ер аломатларини ўзгартирган одамни Аллоҳ лаънат қилди!»» (Имом Муслим 1978, Насоий 4422, Имом Аҳмад 1/118). Шунга кўра, қассоб Аллоҳнинг номи билан сўйган бўлсада, у жонлиқ гўштини тановул қилиш жоиз эмас. Чунки, амаллар нийятларга кўра бўлади: бу жонлиқни сўйиш билан тановул қилишнигина эмас, балки, муайян шахсни мутлақ улуғлаш ва мутлақ ҳурматлаш назарда тутилган, тановул қилиш эмас.

Бироқ, рози қилмоқчи бўлган одам жонлиқни меҳмон ёки бошқалар учун зиёфат нийятида сўйса, меҳмонни мутлақ улуғлаш қасд қилинмагани боис, гўштларини тановул қилиш жоиздир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:               Абдулазиз ибн Боз             

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Сулҳ учун жонлиқ сўйиш

Савол: Икки ёки уч ёхуд улардан кўра кўпроқ кишилар ўртасида хусумат ёки жанжал бўлса, қишлоқ оқсоқоллари ёки қабила сардорлари орани тузатиш учун тўпланадилар. Икки тараф ўртасидаги хусумат ёки жанжал сабаблари ва айбдор аниқлангач, оқсоқол ёки сардорлар кўпроқ айбдор бўлганнинг бўйнига икки ёки уч ёхуд жанжал катталигига кўра ундан кўра кўпроқ жонлиқ, айби оз бўлганнинг зиммасига эса битта жонлиқ сўйишга буюриб, жанжаллашганлардан бошқа нарсалар ҳам оладилар. Ҳар икки тараф зиммасига тушган жонлиқларни сўядилар ва уларни тановул қилиш учун одил ҳакамлардан бир гуруҳи ҳозир бўлади.

Жанжаллашган тарафлар камбағал ёки давлатманд бўлишларига қарамай, бу ҳукмларга рози бўлишга мажбурдирлар. Бу одат «бурҳаҳ» ёки «утомаҳ» деб аталади. Айтишларича, у ердагилар ораларида содир бўлган кўп муаммоларда давлат доираларига мурожаат қилишмайди.

Мени қизиқтирган нарса, мазкур одатларда ҳакамлар қилган ҳукмнинг жоиз ёки нозоизлигидир. Бундай ҳукмларни қилган одам (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг) «Аллоҳ Аллоҳдан бошқаси учун (жонлиқ) бўғизлаган кимсани лаънат қилди!»  ҳадиси маъноларига кирадими (Имом Муслим 1978, Насоий 4422, Имом Аҳмад 1/118) ёки йўқми? Шуни ҳам айтиб ўтайки, ушбу қон бир одамнинг ёки одамларнинг ёхуд қабила сардори ёки сардорларининг розилиги учун чиқарилади. Менга (бу масъала)ни тушунтириб беришингизни илтимос қиламан.     

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 200):

Айбдорнинг хатосини аниқлаш, мазлумга ёрдам бериш, орани тузатиш ва жанжалларни Ислом шариати олиб келган ҳуқуқлар билан ажрим қилиш, Қуръон ва суннат  асосидаги машруъ ҳақдир. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деган:

﴿ وَإِنْ طَائِفَتَانِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ اقْتَتَلُوا فَأَصْلِحُوا بَيْنَهُمَا فَإِنْ بَغَتْ إِحْدَاهُمَا عَلَى الْأُخْرَى فَقَاتِلُوا الَّتِي تَبْغِي حَتَّى تَفِيءَ إِلَى أَمْرِ اللَّهِ فَإِنْ فَاءَتْ فَأَصْلِحُوا بَيْنَهُمَا بِالْعَدْلِ وَأَقْسِطُوا إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ ﴾

«(Эй мўминлар), агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар дарҳол уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Энди агар улардан бирови иккинчисининг устига тажовуз қилса, бас то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушинглар! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан ўнглаб қўйинглар. (Мудом) адолат қилинглар! Зе­ро Аллоҳ адолат қилгувчиларни суюр» (Ҳужурот: 9);

﴿ لا خَيْرَ فِي كَثِيرٍ مِنْ نَجْوَاهُمْ إِلَّا مَنْ أَمَرَ بِصَدَقَةٍ أَوْ مَعْرُوفٍ أَوْ إِصْلَاحٍ بَيْنَ النَّاسِ وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ ابْتِغَاءَ مَرْضَاتِ اللَّهِ فَسَوْفَ نُؤْتِيهِ أَجْرًا عَظِيمًا ﴾

«Уларнинг кўп махфий суҳбатларидан — агар садақа беришга ё бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар — ҳеч қандай фойда йўқдир. Ким Аллоҳ ризосини истаб бу ишларни қилса, унга улуғ мукофот беражакмиз» (Нисо: 114).

Жанжаллашган тарафлар сулҳ ортидан оз ёки кўп бўғизлаётган жонлиқларга келсак, агар бу ишлари билан жанжалу хусуматдан саломат қутулганлари, жанжалдан аввалги холислик  ва биродарлик ҳолатига қайтганларига шукрни нийят қилсалар, бу, шариат рағбатлантирган яхши иш бўлиб, у, яхшиликларни қилиш ва неъматларга шукрона келтиришга ташвиқ қилган насслар ўз ичига олган ишдир.

Бундай ишларни Каъб ибн Молик разияллоҳу анҳу каби саҳобалар қилишган. Бироқ, бундай ишлар вақтинчалик замон ва сабаблар юзага келганидагина қилиниши, давомийлик шаклини олмаслиги ва одамнинг моддий имконларидан ортиқча бўлмаслиги керак. Акси тақдирда, бундай масъулиятларни зиммага юклаш таъқиқланади. Агар талаб хусуматлашган тарафларни сўроқ қилган ва сулҳни эълон қилган кишининг зўрлаши билан бўлса, яъни, қўйилган талабни кечиктирган одам айбдор ва уятсиз деб ҳисобланса, бу – Аллоҳ таоло рухсат бермаган ҳукмдир. Чунки, сулҳ муваффақиятсиз бўлиши, ҳукм бузилиши ва одамлар орасидаги хусумат аввалгидек қайталаниши ёки ундан ҳам шиддатли бўлиши мумкин.

Фақат, сардор ёки оқсоқоллар тарафидан берилган ҳукм фақатгина золим ёхуд айбдорнинг қилган зулми ва хатосига кўра адабини бериш – таъзир учун, мазлумнинг кўнглини кўтариш бўлса, фуқаҳолар кўришларига кўра моддий жарима солиниши, жоиздир ва бу жаримани Байтулмолга қўйилади ёки савобли бирон иш учун сарфланади. Бундай пайтда ҳакамлар ёки сулҳ қилишда иштирок этганлар учун жонлиқ сўйишга мажбурланмайди.

Бу жонлиқларни сўйиш, яқин бўлиш ёки умид ёхуд эҳтиёжни адо этиш ёда зарарни даф қилиш ёки фойдани жалб этиш тилагида Аллоҳдан бошқа бутларга, солиҳ одамлар мозорига ёки жинларга қурбонлик қилиш ҳукмида эмасдир. Балки, улар – дин номидан янгилик яратиш ва Аллоҳ таоло рухсат бермаган удумларга риоя қилишни таъқиқлаш ҳолатидир. У ҳукмлар Аллоҳ таолонинг:

﴿ اتَّخَذُوا أَحْبَارَهُمْ وَرُهْبَانَهُمْ أَرْبَابًا مِنْ دُونِ اللَّهِ ﴾

«Улар раввин ва роҳибларини Аллоҳни қўйиб парвардигор қилиб олдилар» (Тавба: 31) қавлининг маънолари остига киришга, «Аллоҳ таоло Аллоҳдан бошқаси учун қурбонлик бўғизлаган кимсани лаънат қилсин!» ҳадисининг маънолари остига киришдан кўра яқинроқдир. Ҳолбуки, ҳар икки иш ҳам залолат ва қаллобликдир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Мунийъ ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён