Category Archives: Китоблар

 
 
Бу бўлимда исломий даъват ҳақидаги китоблар билан танишасиз.

Ҳаж, умра ва зиёрат ҳақидаги кўп масъалаларнинг Қуръон ва суннат ёғдусидаги ечимлари

 

Ҳаж, умра ва зиёрат ҳақидаги кўп масъалаларнинг Қуръон ва суннат ёғдусидаги ечимлари

 

Муаллиф: Аллома Абдулазиз ибн Боз

 

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

 

Асл сарлавҳа: التَّحْقِيقُ وَالْإِيضَاحُ لِكِثِيرٍ مِنْ مَسَائِلِ الْحَجِّ وَالْعُمْرَةِ وَالزِّيَارَةِ عَلَى ضَوْءِ الْكِتَابِ وَالسُّنَّةِ

 

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

 

Муқаддима

Аллоҳнинг ўзигагина ҳамду санолар, охирги Пайғамбарга салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Ушбу рисола ҳаж, умра ва зиёрат ҳақидаги кўп масъалаларнинг Қуръон ва суннат ёғдусидаги ечимларини ўз ичига олган мухтасар, ибодат ҳақидаги китобча бўлиб, уни ўзим ва Аллоҳ хоҳлаган мусулмонлар учун тўплаб, далиллар соясида ечимлар чиқаришга ҳаракат қилдим.

Ушбу рисола қирол Абдулазиз ибн Абдурраҳмон Файсал раҳимаҳуллоҳ тарафидан ажратилган маблағ эвазига 1363 ҳижрий йили биринчи марта нашр қилинди. Аллоҳ таоло унинг маконини жаннат қилсин!

Сўнгра, мен бу рисоладаги айрим масъалаларни соддалаштириб, эҳтиёжга кўра баъзи иловаларни қўшдим ва Аллоҳ ирода қилган одамлар фойдаланишлари учун «Ҳаж, умра ва зиёрат ҳақидаги кўп масъалаларнинг Қуръон ва суннат ёғдусидаги тадқиқот ва ечимлари» номи билан қайта нашр қилдирдим. Кейинроқ эса фойдали бўлсин дея муҳим илова ва огоҳлантиришларни ҳам қўшимча қилдим ва у, бир неча марта ёйинланди.

Аллоҳ таолодан ушбу рисола билан фойдаларни кўпайтириши, қилинган меҳнатнинг Ўзи учун холис қабул қилиши ҳамда жаннат неъматларига эришиш учун восита қилишини тилаб қоламан. Дарҳақиқат, Аллоҳ биз учун етарлидир ва У қандай яхши Вакилдир. Куч ва қудрат Буюк, Улуғ Аллоҳ билангинадир!

 

Муаллиф:

Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Саудия Арабистони Қироллиги Бош муфтийси,

Катта уламолар Ҳайъати, Илмий Тадқиқотлар ва Фатво бериш Идораси раиси

 

 

 بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

 

Барча оламлар Робби бўлган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Оқибат – тақводорларникидир. Аллоҳнинг бандаси ва расули Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, унинг оиласи ва барча асҳобларига салавоту саломлар ёғсин!

Сўнг …

Бу – ҳаж, ҳажнинг фазилати ва одоблари, ҳаж сафарига отланган одам қилиши керак бўлган ишларнинг баёни ҳамда ҳаж, умра ва зиёрат ҳақидаги муҳим масъалаларни ўз ичига олган мухтасар ва изоҳли китобча бўлиб, унда мусулмонларга насиҳат бўлиши ва Аллоҳ таолонинг:

﴿وَذَكِّرْ فَإِنَّ الذِّكْرَى تَنْفَعُ الْمُؤْمِنِينَ ﴾

«Ва (Қуръон билан) панд-насиҳат қилинг! Зеро у панд-насиҳатлар мўминларга нафъ етказур» (Зориёт: 55),

﴿وَإِذْ أَخَذَ اللَّهُ مِيثَاقَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ لَتُبَيِّنُنَّهُ لِلنَّاسِ وَلَا تَكْتُمُونَهُ ﴾

«Аллоҳ Китоб берилган кимсалардан «Албатта у Китобни одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар!» — деб аҳд-паймон олган эди» (Оли Имрон: 187),

﴿وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى ﴾

«Эзгулик ва тақво асосида ҳамкор бўлингиз!» (Моида: 2) оятларига кўра амал қилиш нийятида, Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари далолат қилган масъалаларни тўпладим.

Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам: «Дин – насиҳатдир!» дея уч марта тарорлаганлари ва: Ким учун, ё Расулуллоҳ!?,− деб савол берилганида: «Аллоҳ, Аллоҳнинг китоби ва расули ҳамда мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммалари учун!»− деб жавоб берганлари ифода этилган саҳиҳ ҳадис ҳам нақл қилинган (Имом Муслим 205, Имом Аҳмад 17069).

Табароний раҳимаҳуллоҳ Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисини ҳам ривоят қилган: «Мусулмонлар ишига эътибор бермаган одам, улардан бири эмасдир! Эрта−ю кеч Аллоҳга, Аллоҳнинг китоби ва расулига, мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммаларига насиҳатгўй бўлмаган одам, улардан эмасдир!» («ал−Мўъжамул Авсат» 7473).

Ушбу китобча сабабли менга ва мусулмонларга фойдалар келтириши, унинг таълифидаги ҳаракатларни Ўзи учун холис ҳамда ҳузуридаги неъматлар жаннатини қўлга киритишга сабаб қилишини, Аллоҳнинг ўзидангина тилайман. Дарҳақиқат, У – эшитгувчи ва ижобат қилгувчи Зотдир. У, бизга етарлидир ва қандай яхши Вакилдир!

 

ФАСЛ

Ҳаж ва умранинг фарзлиги ҳамда уларни адо этиш учун шошилиш ҳақида

Бу тушунарли бўлган бўлса, − Аллоҳ таоло мени ва сизларни ҳақиқатни билиш ва унга издош бўлишга муваффақ қилсин! − билингларки, Аллоҳ азза ва жалла Ҳурматли уйини ҳаж қилишни бандаларига фарз қилиб, ҳажни Исломнинг бешта рукнларидан бири қилиб қўйди. Аллоҳ таоло айтди:

﴿وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ عَنِ الْعَالَمِينَ ﴾

«Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан беҳожат бўлган зотдир» (Оли Имрон: 97).

Икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисини нақл қилган: «Ислом беш нарса устига қурилган: «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси» дея шаҳодат келтириш, намозни тўкис адо этиш, закотни бериш, рамазон рўзасини тутиш, Аллоҳнинг ҳурматли Уйи (Каъба)ни ҳаж қилиш» (Имом Бухорий 8).

Саид ўз «Сунан»ида Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг: «Одамларни шаҳарларга юбориб, боён бўла туриб ҳаж қилмаган кишиларни текшириб, уларга жизъя солишни буюрмоқчи бўлдим. Улар мусулмон эмаслар! Улар мусулмон эмаслар!»− деганини, Алий разияллоҳу анҳунинг эса: «Ҳаж қилишга қодир бўла туриб қилмаган одамнинг яҳудий ёки насроний бўлиб ўлишида шубҳа йўқ!»− деганини нақл қилди.

Қодир бўла туриб ҳануз ҳаж қилмаган одам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қилган қуйидаги ҳадисга биноан, ҳаж қилишга шошилиши керак: «Ҳаж қилишга шошилингиз! Чунки, бировингиз бошига нима келишини билмайди!» (Имом Аҳмад 2869).

Чунки, қодир бўлган одамнинг ҳаж фарзиасини зудлик билан адо этиши, Аллоҳнинг қуйидаги оятининг зоҳирий маъноси:

﴿وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ عَنِ الْعَالَمِينَ ﴾

«Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир. Кимда-ким кофир бўлса (яъни Каъбани зиёрат қилиш фарз эканини инкор қилса), бас, албатта Аллоҳ бутун оламлардан беҳожат бўлган зотдир» (Оли Имрон: 97) ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳой одамлар, Аллоҳ сизларга ҳаж қилишни фарз қилди. Бас, ҳаж қилингиз!» ҳадисига кўра, фарздир (Имом Муслим 3321).

Умра қилишнинг вожиб эканини ифодалаган ҳадислар ҳам ворид бўлган. Улардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Жибриил алайҳиссаломнинг Ислом ҳақида берган саволига берган жавобларидир: «Ислом – «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканига» шаҳодат келтиришингиз, намозни тўкис адо этишингиз, закотни беришингиз, Уй (Каъба)ни ҳаж ва умра қилишингиз, жанобатдан ғусл қилишингиз, таҳоратни тўкис қилишингиз, рамазон (рўзаси)ни тутишингиздир». Бу ҳадисни Ибн Хузайма («Саҳиҳ» 1) ва Дору Қутний раҳимаҳумаллоҳлар Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг санади билан нақл қилишди. Дору Қутний раҳимаҳуллоҳ: Бу, санади саҳиҳ бўлган ҳадисдир,− деди.

Ҳадислардан яна бири: Оиша разияллоҳу анҳо: Ё Расууллоҳ, хотин−қизларга ҳам жиҳод борми?,− деб савол берганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Улар учун жангги бўлмаган жиҳод бор: ҳаж ва умра»− деб берган жавобларидир. Бу ҳадисни Имом Аҳмад (25836) ва Ибн Можа (2901) раҳимаҳумаллоҳлар саҳиҳ санад билан ривоят қилишган.

Ҳаж ва умрани умр давомида бир марта қилиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларига кўра, фарздир: «Ҳаж (фаризаси умр давомида) бир мартадир. Ундан ортиғи − нафлдир» (Имом Аҳмад 2304).

Ҳаж ва умрани кўп қилиш эса, суннатдир. Икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умра умрагача орадаги гуноҳларга каффоратдир. Тўкис қилинган ҳажнинг мукофоти эса, жаннатдир»− деганлар (Имом Бухорий 1773, Имом Муслим 3355).

 

ФАСЛ

Гуноҳлардан тавба қилиш ва қилган зулмлари учун розилик олишнинг фарзлиги ҳақида

Мусулмон ҳаж ёки умра сафарига отланар экан, ўз оиласи ва дўстларига Аллоҳдан тақво қилиш – Аллоҳнинг амрларини бажо келтириш ва таъқиқларидан сақланишни васият қилиши, мустаҳабдир. У, бировдан оладиган ёки бировга берадиган қарзларини ёзиб ўз гувоҳлигини бериши ва Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги оятига кўра барча гуноҳларидан тавба қилишга шошилиши керак:

﴿وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ ﴾

«Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар» (Нур: 31).

Тавбанинг ҳақиқати – банданинг гуноҳдан воз кечиб, ундан тийилиши, қилган гуноҳларига (чин дилдан) пушаймонлиги ва унга қайта қайтмасликка қасд қилишидир. Агар у бировларга зулм қилган бўлса ёки уларнинг обрўсига ёхуд молу мулкига зарар берган бўлса, уларни қайтаради ва сафарга отланишдан илгари уларнинг розилигини олади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким биродарига молу шарафида зулм қилган бўлса, тилла ва кумуш тангалар бўлмаган Кун келишидан илгари розилигини олиб олсин! (Агар розилигини ола олмаса у кунда) ундан қилган зулми миқдорича яхшиликлари тортиб олинади ва (мазлумга) берилади. Агар ҳасанотлари бўлмаса, у (мазлум)нинг гуноҳлари бунга ортилади»− деганлар (Имом Бухорий 2449).

Йўлга отланган одам ҳаж ва умраси учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинганидек, ҳалол пул ишлатиши керак: «Аллоҳ − покдир ва пок нарсани қабул қилади» (Имом Муслим 2393).

Табароний раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар ҳожи ҳалол пул билан чиқса ва оёғини узангига қўйгач: Лаббайкаллоҳумма, лаббайк! (Аллоҳим, амрингга мунтазирман! Мунтазирман!) деса, самодан нидо қилгувчи: Лаббай! Аллоҳ сени беҳад бахтиёр қилсин! Зодинг – ҳалол, уловинг – ҳалол ва ҳажинг – гуноҳсиз тўкисдир,− дея нидо қилади. Агар нопок пул билан чиқиб оёғини узанггига қўйгач: Лаббайкаллоҳумма, лаббайк! (Аллоҳим, амрингга мунтазирман! Мунтазирман!) деса, самодан нидо қилгувчи: Сенга лаббай эмас! Аллоҳ сени бахтиёр қилмасин! Зодинг – ҳаром, сарфинг – ҳаром ва ҳажинг – мабрур эмасдир,− дея нидо қилади» («ал−Мўъжамул Кабийр» 1299).

Ҳожи, одамлардан беҳожат бўлиб, уларнинг қўлидаги нарсаларга кўз тикмаслиги керак. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким одамларнинг қўлидаги нарсага кўз тикмаса, Аллоҳ унинг кўзини тўйдиради. Ким (одамлардан) беҳожат бўлса, Аллоҳ уни бой қилади» (Имом Бухорий 1427, Имом Муслим 2471) ва: «Киши одамлардан гадойлик қилиб сўрайверади, сўрайверади ва Қиёмат куни юзида бирон парча гўшт қолмай келади» деганлар (Имом Муслим 2445).

Ҳожи, қилаётган умра ёки ҳажи билан Аллоҳнинг юзини, Охират диёрини, қилаётган ишлари ва оғзидан чиқаётган гаплари билан Аллоҳнинг розилигини қасд қилиши, қилаётган ҳаж ва умраси билан дунё матолари, риёкорлик, хўжа кўрсин, фахрланиш ва ғурурланишни кўз олдига келтирмаслиги керак. Чунки, бу, амалларнинг бекор бўлиши ва мақбул бўлмаслигининг омилидир. Зеро Аллоҳ таоло шундай деган:

﴿مَنْ كَانَ يُرِيدُ الْحَيَاةَ الدُّنْيَا وَزِينَتَهَا نُوَفِّ إِلَيْهِمْ أَعْمَالَهُمْ فِيهَا وَهُمْ فِيهَا لَا يُبْخَسُونَ أُولَئِكَ الَّذِينَ لَيْسَ لَهُمْ فِي الْآخِرَةِ إِلَّا النَّارُ وَحَبِطَ مَا صَنَعُوا فِيهَا وَبَاطِلٌ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ ﴾

«Ким (фақат) шу ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлса, уларга қилган амалларини(нг ажр-мукофотини) шу дунёда комил қилиб берурмиз ва улар бу дунёда зиён кўрмайдилар. Ундай кимсалар учун охиратда дўзах ўтидан ўзга ҳеч кандай насиба йўқдир. Уларнинг бу дунёда қилган барча яхшиликлари беҳуда кетур ва қилиб ўтган амаллари бефойдадир» (Ҳуд: 15, 16);

﴿مَنْ كَانَ يُرِيدُ الْعَاجِلَةَ عَجَّلْنَا لَهُ فِيهَا مَا نَشَاءُ لِمَنْ نُرِيدُ ثُمَّ جَعَلْنَا لَهُ جَهَنَّمَ يَصْلَاهَا مَذْمُومًا مَدْحُورًا وَمَنْ أَرَادَ الْآخِرَةَ وَسَعَى لَهَا سَعْيَهَا وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَأُولَئِكَ كَانَ سَعْيُهُمْ مَشْكُورًا ﴾

«Ким нақд (дунё)ни кўзловчи бўлса, Биз (шу дунёда улардан) Ўзимиз истаган кимсалар учун Ўзимиз хоҳлаган нарсани нақд қилиб берурмиз. Сўнгра (яъни, охиратда) унинг учун ўзи мазаммат ва қувғинга дучор бўлган ҳолда кирадиган жаҳаннамни жой қилиб берурмиз. Ким охиратни истаса ва мўмин бўлган ҳолида (охиратга лойиқ) саъй-ҳаракат қилса, бас, ундай зотларнинг саъйлари (Аллоҳ наздида) мақбул бўлур» (Исро: 18, 19).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Аллоҳ таоло айтди: Мен, ўртоқ қилинадиган шериклардан беҳожатман! Қилган амалида менга бошқани шерик қилган одамни, ширки билан бирга ташлаб қўяман!» саҳиҳ ҳадиси ҳам нақл қилинган (Имом Муслим 7666).

Шунингдек, ҳожи сафарида тоат−ибодатли, тақводор ва динини яхши билган одамларга йўлдош бўлиши ва пасткашу фосиқ одамларга сафардош бўлишдан эҳтиёт бўлиши керак.

У, ҳаж ва умрасида қилиши керак бўлган ибодатларни ўрганиши, уларни яхши билиши, билмаган нарсалари ҳақида билганлардан сўраши лозим. Агар улови ёки машинаси ёхуд учоғи ёда бошқа нақлия воситасига мингач, Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ушбу саҳиҳ ҳадиси кўра, уч марта такбир айтиб, қуйидаги дуоларни айтиши мустаҳабдир:

﴿سُبْحَانَ الَّذِي سَخَّرَ لَنَا هَذَا وَمَا كُنَّا لَهُ مُقْرِنِينَ وَإِنَّا إِلَى رَبِّنَا لَمُنْقَلِبُونَ ﴾

«Токи сизлар уларнинг устига ўрнашгайсизлар, сўнгра, унга ўрнашиб олгач, Парвардигорингизнинг неъматини эслаб: «Бизларга бу (кема ёки от-улов)ни бўйсундириб қўйган зот (яъни Аллоҳ барча айбу-нуқсондан) покдир. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик. Шак-шубҳасиз бизлар (барчамиз) «Парвардигоримизга қайтгувчидирмиз», дегайсизлар» (Зухруф: 13, 14).

(( اللَّهُمَّ، إِنَّا نَسْأَلُكَ فِى سَفَرِنَا هَذَا الْبِرَّ وَالتَّقْوَى، وَمِنَ الْعَمَلِ مَا تَرْضَى، اللَّهُمَّ، هَوِّنْ عَلَيْنَا سَفَرَنَا هَذَا، وَاطْوِ عَنَّا بُعْدَهُ! اللَّهُمَّ، أَنْتَ الصَّاحِبُ فِى السَّفَرِ، وَالْخَلِيفَةُ فِى الأَهْلِ! اللَّهُمَّ، إِنِّى أَعُوذُ بِكَ مِنْ وَعْثَاءِ السَّفَرِ، وَكَآبَةِ الْمَنْظَرِ، وَسُوءِ الْمُنْقَلَبِ فِى الْمَالِ وَالأَهْلِ))

«Аллоҳим, бу сафаримиз чоғида Сендан эзгулик ва тақвони, Ўзинг рози бўлган амални тилаймиз. Аллоҳим, бизга сафаримизни осон қил! Унинг узоқлигини билдирма! Аллоҳим, Сен − сафардаги йўлдош, оиладаги ўринбосарсан! Аллоҳим, Сенга сафар машаққатлари, кўринишнинг ёмонлиги, молу оиладаги кўнгилсизликлардан сиғинаман!» (Имом Муслим 3339).

Ҳожи сафари давомида Аллоҳ таолога кўп дуолар қилиб, зикр ва истиғфорни (ҳам) кўп айтади. Аллоҳга ёлбориб, Қуръон тиловати ва маънолари ҳақида тафаккур қилиб, намозларни жамоат билан ўқиш билан машғул бўлади. Тилини миш−миш, фойдасиз гаплар, ғийбат, ёлғон, чақимчилик, оғайнилари ва бошқа мусулмон биродарлари устидан кулишдан тияди. Дўстларига яхшилик қилиши, уларга озор бермаслиги, уларни ўз имкониятидаги ҳикмат ва чиройли насиҳатлар билан яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариши лозим.

 

ФАСЛ

Ҳожининг мийқотга етгач қиладиган ишлари ҳақида

Ҳожининг мийқотга етиб келгач ғусл қилиб, хушбўйланиши мустаҳабдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мийқотга етиб келгач эҳром боғлашдан илгари кийимларини ечганлар ва ғусл қилганлар. Икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Оиша разияллоҳу анҳодан шундай ривоят нақл қилинган: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эҳромга киришлари учун ва Каъбани тавоф қилишларидан илгари эҳромдан чиққанлари туфайли хушбўйлаб қўяр эдим» (Имом Муслим 2883).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умра учун эҳром боғлаган, лекин ҳайз қони келиб қолган Оиша разияллоҳу анҳони ғусл қилиш ва ҳаж учун эҳром боғлашга буюрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зулҳулайфада кўзи ёриган Асмо Умайс қизи разияллоҳу анҳони ғусл қилиш ва таносил аъзосига пахта қўйиб, устидан латта билан боғлаб олиш, сўнгра эҳром боғлашга буюрдилар (Ибн Можа 2913).

Бу ҳадисларга кўра қиз ва жувонлар мийқотга етиб келганларида ҳайз ёки туғруқ қони келиб қолгудек бўлса ғусл қилиб, одамлар билан бирга эҳром боғлашлари, ҳожилар қилган барча ишларни қилишлари, бироқ, Каъбани тавоф қилмасликлари керак. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша ва Асмо разияллоҳу анҳумоларни шунга буюрдилар.

Эҳром боғламоқчи бўлган одам мўйлаблари, тирноқлари, таносил аъзолари атрофи ва қўлтиқ остидаги тукларини, эҳром боғлаганидан кейин эҳромлик пайтида олишга муҳтож бўлиб қолмаслиги учун, олиши керак. Чунки икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан келтирилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ишларга мусулмонларни ҳар замон буюрганлари нақл қилинган: «Фитрат бешта нарсадир: хатна қилиш, туносил аъзоси атрофидаги тукларни олиш, мўйлабни қисқартириш, тирноқни олиш ва қўлтиқ ости тукларини юлиш» (Имом Бухорий 5891).

Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга мўйлабни қисқартириш, тирноқларни олиш, қўлтиқ ости тукларини юлиш ва таносил аъзолари атрофидаги тукларни қириш учун қирқ кечадан ошмаган вақтни белгилаб бердилар (Имом Муслим 622).

Насоий эса «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вақтни тайинлаб бердилар» лафзи билан, Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Термизийлар эса Насоий келтирган лафз билан нақл қилдилар. Эҳром боғлашдан олдин сочни олдириш эса, эркакларга ҳам, хотин−қизларга ҳам машру эмасдир.

Соқолни ёки ундан бирон тукни олиш эса, ҳаромдир. Аксинча, уни ёппа (эъфо қилиб) қўйиш вожибдир. Чунки, икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумонинг ушбу ривояти бор: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мушрикларга хилоф иш қилинглар: соқолларни ёппа қўйиб, мўйлабларни қисқартиринглар!»− дедилар (Имом Бухорий 5892). Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ эса, ўз «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг ушбу ривоятини келтирган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўйлабларни қисқартиринглар, соқолларни ёппа қўйинглар ва мажусийларга хилоф қилинглар!»− дедилар (Имом Муслим 626).

Ҳозирги даврда фалокат ёғилиб, эркакларнинг аксарияти бу суннатга риоя қилишни қўйинг, унга қарши курашиб, кофирлар ва хотин−қизларга менгзашга рози бўлишмоқда. Аллоҳ таолодан, гарчи кўпчиик воз кечаётган бўлсада, бизни ва бошқа мусулмонларни суннатга мувофиқ ва уни маҳкам ушлаб ҳаёт кечириш ҳамда унга чорлашга муваффақ қилишини сўраймиз. Аллоҳ таоло бизга етарлидир ва У қандай яхши вакилдир! Куч ва қудрат Буюк ва Олий бўлган Аллоҳ билангинадир!

Сўнгра, эркак киши эҳромни – лунги ва ридони боғлайди. Эҳромнинг оқ рангда бўлиши ва оёқ кийимларининг ковуш бўлиши мустаҳабдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бировингиз изор ва ридо ҳамда ковушларда эҳромга кирсин!»− деганлар. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривояти (4899).

Хотин−қизларнинг қора ёки яшил ва бошқа рангли кийимларда эҳромга киришлари жоиздир. Фақатгина, кийинишида эркакларга ўхшамаслиги керак. Бироқ, эҳромлик пайтида ниқоб (чиммат) ва қўлқоп кийишлари мумкин эмас. Шундай бўлсада, юзи ва кафтларини ниқоб ва қўлқопсиз тўсадилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳромлик хотин−қизларга ниқоб тутиш ва қўлқоп кийишни таъқиқлаганлар.

Баъзи авом одамларнинг хотин−қизлар эҳроми учун кўк ёки қора рангли кийимларни тайинлаб, бошқаларини киймасликларининг (шаръий) асоси йўқдир.

Ҳожи ғусл қилиб, тозаланиб, эҳромни боғлагач чин қалбдан киришаётган ҳаж ёки умра ибодатлари учун нийят қилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Амаллар нийятлар билан бирга бўлади. Ҳар бир кишига нийят қилган нарсаси бўлади»− деганлар (Имом Бухорий 1, Абу Довуд 2203). Бу нийятни тилда талаффуз қилиш ҳам машрудир. Агар умрага нийят қилмоқчи бўлса: «Лаббайка, умратан!» ёки «Аллоҳумма, лаббайка, умратан!» (Аллоҳим, умра қилиш учун амрингга мунтазирман!),− дейди. Ҳаж учун нийят қилган бўлса: «Лаббайка, ҳажжан!» ёки «Аллоҳумма, лаббайка, ҳажжан!» (Аллоҳим, ҳаж қилиш учун амрингга мунтазирман!)− дейди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар. Афзали эса, бу жумлаларни улови – туяси ёки машинаси ёхуд бошқа нарсага миниб, хотиржам ўтирганидан кейин айтишидир. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мийқотда туясига миниб, туя (чўккан жойидан) турган пайтида айтганлар. Бу – илм аҳллари айтган қавлларнинг соғломроғидир.

Нийятни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилингани учун, фақатгина, эҳром боғланганида талаффуз қилиш машрудир. Намоз, тавоф ва бошқа ибодатларда эса нийятни талаффуз қилмаслик керак. Масалан: Фалон намозни ўқишга ёки тавоф қилишга нийят қилдим!,− деб айтилмайди. Аксинча, буни талаффуз қилиш янги чиққан бидъатлардан бўлиб, уларни товуш чиқариб тилга олиш, қаттиқ гуноҳлардан биридир. Агар нийятни (эҳром боғлашдан бошқа пайтда) талаффуз қилиш машру бўлса эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Умматга ўз ҳаракати ва қавли билан баён қилар ҳамда салаф солиҳ уларни биздан илгари қилишган бўлар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалардан нақл қилинмаган ибодатлар, бидъатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: «Ишларнинг энг ёмони, (дин ниқоби остида) янги пайдо бўлганларидир ва барча бидъат залолатдир»− деганлар. Бу, Имом Муслим ривоятидир (2042). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бизнинг ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилган одамнинг бу иши, рад қилинган»− ҳам деганлар (Имом Муслим 4589). Бошқа бир ривоятда эса: «Ким бизнинг ишимиздан бўлмаган амални қилса, у (амал) рад қилингандир»− деганлар (Имом Муслим 4590).

 

Фасл

Макон мийқотлари ва уларнинг чегаралари ҳақида

Мийқотлар бештадир:

1 – Зулҳулайфа.

Зулҳулайфа мадиналикларнинг мийқоти бўлиб, одамлар бугунги кунда уни «Абёри Алий» деб аташади.

2 – Жўҳфа.

Жўҳфа – шомликларнинг мийқоти ҳисобланиб, Робиғга яқин жойдаги кўҳна қишлоқдир. Одамлар ҳозирги кунда Робиғдан эҳром боғлайдилар. Робиғдан эҳром боғлаш – мийқотдан эҳром боғлаш, демакдир. Чунки Робиғ (шаҳри) Жўҳфадан бир оз илгарида жойлашган.

3 – Қарнул манозил.

Қарнул манозил – наждликларнинг мийқоти бўлиб, ҳозирги кунда «Сайл» деб аталади.

4 – Яламлам.

Яламлам – яманликларнинг мийқотидир.

5 – Зоту ирқ.

Зоту ирқ – ироқликларнинг мийқотидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу мийқотларни юқорида айтилган одамлар ҳамда ўша ерлик бўлмаган ва ўша жойлардан ҳаж ва умра қилиш нйиятида ўтадиган одамлар учун мийқот қилиб белигилаганлар. Хуллас, ўша ердан ўтадиган одамларнинг бу мийқотларда эҳром боғлашлари фарздир. Маккага ҳаж ёки умра нийятида кетаётган одамларнинг мийқотлардан қуруқликёки ҳаво йўлларидан эҳромсиз ўтишлари ҳаромдир. Бу, Расулуллоҳ соллаллоҳу

алайҳи ва саллам мийқотларни белгилаган пайтларида айтган қуйидаги ҳадисларининг умумий маъносидир: «У (мийқот)лар ўша (минтақа)лар ва у ер- ерларни босиб ўтаётган ўша минтақада яшамаган, бироқ, ҳаж ва умрани хоҳлаган одамлар учундир» (Баззор 4892).

Маккага ҳаж ва умра нийятида ҳаво йўллари билан отланган одам, агар вақти бемалол бўлса учоққа ўтиришдан аввал ғусл қилиши ва бошқа тозаликларни бажо келтириши, мийқотга яқинлашгач эса эҳромини боғлаб, умра учун талбия айтиши мумкин. Агар вақти бемалол бўлмаса ҳаж учун талбия айтади. Эҳромини учоққа ўтиришдан ёки мийқотга яқинлашишдан илгари боғласа ҳам зарари йўқ. Бироқ, мийқотга яқинлашганда ёки мийқотнинг тўғрисига келгандагина ибодатга киришни нийят қилиб, талбия айтади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мийқотдагина эҳром боғлаганлар. Уммат эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу ва бундан бошқа диний ишларда ўрнак олиши керак. Чунки Аллоҳ таоло:

﴿لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ ﴾

«(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» деган бўлса (Аҳзоб: 21), Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мендан ибодатларингизни олинглар!»− деганлар (Байҳақий «ас−Сунанул Кубро» 9796).

Бироқ, Макккага ҳаж ва умра нийятида кетмаётган савдогар, ўтинфуруш ва бошқа касб эгалари, эҳром боғламайдилар. Агар улар ҳам умра ва ҳажни қасд қилсалар, юқоридаги ҳадисга кўра эҳром боғлашлари керак: «У (мийқот)лар ўша (минтақа)лар ва у ерларни босиб ўтаётган ўша минтақада яшамаган бироқ ҳаж ва умрани хоҳлаган одамлар учундир» (Баззор 4892). Бунинг маъноси шуки, мийқотни босиб ўтаётган одам ҳаж ва умра нийятида бўлмаса, унга эҳром боғлаш мажбурияти йўқдир. Бу, Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган раҳмати ва енгилликларидан биридир. Бунинг учун Аллоҳ таолога мўл ҳамдлар ва шукрлар бўлсин! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Фатҳ йилида ҳаж ва умра нийятида эмас, Макканинг фатҳи ва ундаги ширкларни йўқотиш учун эҳромсиз етиб келганлари ва Маккага бошларида дубулғалари билан кирганлари, сўзимизни қувватлайди.

Турар−жойлари мийқот билан Каъба оралиғида бўлган Жидда, Уммус Салам, Баҳра, Шароиъ, Бадр, Мансурага ўхшаш шаҳар ва қишлоқ аҳолиси, муқаддам қаламга олинган бешта мийқотга бормайдилар. Аксинча, уларнинг мийқотлари турар−жойлари бўлиб, ҳаж ва умрани хоҳлаган одам ўша ердан эҳром боғлайверади. Агар у одамнинг мийқот ташқарисида ҳам турар−жойи бўлса, эркиндир: хоҳласа мийқотга чиқиб эҳром боғлайди, хоҳласа мийқотдан Маккага энг яқин бўлган турар−жойидан эҳром боғлайверади. Чунки, Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қилган ва мийқотлар зикр қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шу (мийқот)лардан кейинги (шаҳар ва қишлоқлардаги) одамнинг эҳром боғлайдиган жойи − хонадони ва Макка аҳолиси Маккадан эҳром боғлайди»− дейилган (Имом Бухорий 1526, Имом Муслим 2860).

Бироқ, Ҳарам ичида турган ва умра қилмоқчи бўлган одам, Ҳарамнинг чегараси – Ҳиллга чиқиб, ўша ердан эҳром боғлаши керак. Чунки, Оиша разияллоҳу анҳо умра қилмоқчи бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни акаси Абдурраҳмон билан бирга Ҳиллга чиқишга ва ўша ердан эҳром боғлашга буюрганлар. Бу – Ҳарамда бўлган одам умра қилмоқчи бўлса Ҳарамдан эмас, Ҳиллдан эҳром боғлаши зарур эканига далолат қилади. Бу ҳадис, Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қилган юқоридаги ҳадисни хослайди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Маккаликлар Маккадан эҳом боғлайди» ҳадисини умрага эмас, ҳажга хос эканини ифодалайди. Агар умрага ҳам Маккадан эҳром боғлаш жоиз бўлса эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша разияллоҳу анҳони ҳам Ҳиллга чиқишга буюрмас ва Маккадан эҳром боғлашга рухсат берган бўлар эдилар. Бу – жумҳури уламонинг қавлидир. Бу – мўъмин учун эҳтиётлидир. Чунки унда икки ҳадиснинг барчасига амал қилиш мавжуддир. Тавфиқ Аллоҳдандир!

Ҳаждан илгари умра қилган одамларнинг ҳажни қилиб бўлгач Танъим, Жеъэррона ва бошқа жойларга чиқиб эҳром боғлаб, қайта−қайта умра қилаверишларининг машру эканига биронта далил йўқ. Билъакс, ундай қилмаслик афзал эканига далиллар бор. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари ҳаж фаризасини адо этганларидан сўнгра умра қилмадилар. Оиша разияллоҳу анҳо эса Маккага кириб келгани маҳал ҳайз қони келиб қолгани боис одамлар билан бирга мийқотда эҳром боғлаган умрасини қила олмагани учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўша умрасининг ўрнига бошқа умра қилишни талаб қилган ва Танъимда эҳром боғлаб, умра қилган эди. Бу билан унинг иккита умраси: ҳаждан илгари қила олмаган ва ҳаждан кейин мустақил қилган умраси бўлди. Оиша разияллоҳу анҳонинг ҳолатига тушган одамларнинг мазкур далил ва кенгчиликларга биноан ҳаждан сўнгра умра қилишларининг бирон зарари йўқдир. Шуни ҳам унутмаслик керакки, ҳожиларнинг ҳаждан илгари қилган умраларидан ташқари ҳаждан кейин ҳам умра қилишлари бошқаларга нисбатан катта машаққатларни, жумладан, тиқилинч ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳидоят ва суннатларига хилоф ҳодисаларни келтириб чиқаради.

Аллоҳ муваффақият эгасидир!  

 

Фасл

Ҳаж ойларидан бошқа ойларда мийқотга етиб келган одамларнинг ҳукми ҳақида

Билингки, мийқотга етиб келган одамнинг икки ҳолати бор:

Биринчи ҳолат: у, ҳаж ойларидан бошқа рамазон ва шаъбон каби ойларда мийқотга етиб келган. Бундай одамнинг умрага чин юракдан нийят қилиб: «Лаббайка умратан!» ёки «Аллоҳумма, лаббайка умратан!» (Аллоҳим, умра қилиш учун амрингга мунтазирман!) дея тилида талаффуз қилиши суннатдир. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган талбияни бошлайди:

(( لَبَّيْكَ اللَّهُمَّ، لَبَّيْكَ! لَبَّيْكَ لاَ شَرِيكَ لَكَ لَبَّيْكَ! إِنَّ الْحَمْدَ وَالنِّعْمَةَ لَكَ وَالْمُلْكَ! لاَ شَرِيكَ لَكَ ))

«Аллоҳим, амрингга мунтазирман! Амрингга мунтазирман! Сенинг шеригинг йўқдир! Амрингга мунтазирман! Дарҳақиқат неъмат ва мулклар Сенингдир! Сенинг шеригинг йўқдир!» (Имом Бухорий 5915). Каъбага етиб боргунича мазкур талбияни кўп айтиб, Аллоҳнинг зикрини кўп қилади. Каъбага етиб келгач талбия айтишни тўхтатади. Каъбани етти марта тавоф қилгач, Иброҳим алайҳис салом мақоми орқасида икки ракаат намоз ўқиб, Сафо (тепалиги)га чиқиб, Сафо ва Марва тепаликлари орасида етти марта саъй қилади. Сўнгра, сочларини ё кестириб ёки қирдириб олдиради. Шу билан унинг умраси тугайди ва эҳроми туфайли ҳаром бўлган барча нарса ҳалол бўлади.

Иккинчи ҳолат: у, мийқотга ҳаж ойлари: шаввол, зулқаъда ойлари ёки зулҳижжа ойининг биринчи даҳасида етиб келади.

Бу одам учта ибодатдан бири: фақатгина ҳаж қилиш, фақатгина умра қилиш ва ҳар иккисини бирга қилиш ҳуқуқига эгадир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатул вадоъда зулқаъда ойида мийқотга етиб келгач асҳобларини шу учта ибодатдан бирини қилишларига ҳуррият бердилар. Суннат эса, ёнида қурбонлиги бўлмаса, умрага нийят қилишидир. У, ҳаж ойларидан бошқа маҳалда мийқотга етиб келган одам қилган ишларни қилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага яқинлашган асҳобларини эҳромларини умра нийятида бўлишига амр қилдилар ва буни улар Маккада эканликларида таъкидладилар. Бундан кейин улар тавофу саъй қилдилар, сочларини олдирдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига биноан эҳромдан чиқдилар. Қурбонликларни ўзлари билан бирга олиб келганлар эса, эҳромдан чиқмадилар. Чунки уларни Қурбон ҳайити кунида эҳромдан чиққунча эҳромда қолишга буюрдилар. Қурбонликларини ўзи билан бирга олиб келган одамнинг ҳаж ва умра учун эҳром боғлаши суннатдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонликларини ўзлари билан бирга олиб келган ва умра учун эҳром боғлаган лекин қурбонликларини олиб келган асҳобларини умраси билан ҳажга ҳам талбия айтишга ҳамда Қурбон ҳайити куни ҳар иккисидан бирга ҳалол бўлмагунча эҳромдан чиқмасликка буюрдилар. Агар қурбонлигини ўзи билан олиб келган одам фақатгина ҳаж учун эҳром боғлаган бўлса, худди қорин ҳажи қилаётган одам каби, Қурбон ҳайити куни эҳромдан чиққунигача эҳромида қолади.

Бундан маълум бўлмоқдаки, фақатгина ҳажнинг ўзига ёки ҳаж ва умра учун эҳром боғлаган, бироқ, ёнида қурбонлиги бўлмаган одамнинг эҳромида узлуксиз қолиши лойиқ эмас. Балки, уни умрага айлантириб олиш – суннатдир. Яъни, тавофу саъй қилиб, сочини олдиргач эҳромидан чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонликларини ўзлари билан бирга олиб келмаган асҳобларини буюрганларидек, эҳромидан чиқади. Агар бундай одам (Маккага) кеч келган ва ҳаж қилишдан кечикиш эҳтимоли бўлса, эҳромида (ҳаж нийятида) қолишининг бирон зарари йўқдир. Валлоҳу аълам!

Агар одам (ҳаж ёки умра) ибодатини касаллик ёки душман қўрқувси ёхуд бошқа бирон омил сабабли қила олмасликдан қўрқса, унинг эҳром боғлаётган пайтида: Агар мени бирон ғов тўсиб қолса, эҳромдан чиқадиган ерим ўша тўсган жойдир!,− дейиши мустаҳабдир. Чунки Зубайр қизи Зубоъа разияллоҳу анҳо: Ҳой Расулуллоҳ, мен ҳаж қилмоқчиман. Бироқ, касалман,− деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Ҳаж қилаверинг ва эҳромдан чиқиш жойим мени тўсган жойдир, дея шарт қилинг!»− дедилар, Муттафақун алайҳ. (Имом Бухорий 5089, Имом Муслим 2960).

Бу шартнинг фойдаси шуки, эҳром боғлаган одамга ибодатини тугаллаш учун монеъ бўладиган касаллик ёки душман қаршилиги тўсиқ бўлса, тўсиқ бўлган жойда эҳромидан чиқаверади ва бунинг учун бирон жарима йўқдир.

 

Фасл

Болакай қилган ҳаж, фарз ҳаж ўрнига ўтадими?

Кичик болакай ва қизчанинг ҳажи ҳақида Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг ушбу ривояти бор: Бир жувон қўлидаги боласини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўтариб: Ё Расулуллоҳ, бу ҳаж қилса бўладими?− деб сўраганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, сизга савоб(и) бўлади»− деб жавоб бердилар (Имом Муслим 3317).

Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида эса Соиб ибн Язид разияллоҳу анҳунинг: «Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳаж қилдирилди. Ўшанда етти ёшда эдим» деган ривояти ҳам бор (Имом Бухорий 1858).

Бироқ ёш болаларнинг ҳажлари фарз бўлган ҳаж ўрнига ўтмайди.

Шунингдек, бировнинг қарамоғидаги қул ва жориялар қилган ҳаж ҳам, фарз бўлган ҳаж ўрнига ўтмайди. Чунки Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Ҳаж қилган ҳар қандай болакай балоғат ёшига етса, унинг бошқа ҳаж қилиши фарздир. Ҳар қандай қул ҳаж қилган ва сўнгра озод қилинган бўлса, унинг бошқа ҳаж қилиши фарздир». Бу ҳадисни Ибн Абу Шайба ва Байҳақий саҳиҳ санад билан келтиришган («ас−Сунанул Кубро» 10134).

Агар болакай яхшилик билан ёмонлик ўртасини айира олмайдиган даражада кичик бўлса, унинг номидан эҳром боғлар экан валийси нийят қилади: унинг кийимларини ечиб, унинг номидан талбия айтади. Натижада, болакай эҳромлик одамга айланади ва унга ҳам катта ёшдаги эҳромликларга таъқиқланган нарсалар таъқиқланади. Яхшилик билан ёмонлик ўртасини айира олмайдигн кичик қизча номидан валийси нийят қилиб, талбия айтади ва у қизча ҳам шу билан эҳромликка айланади. Натижада, унга ҳам катта ёшдаги эҳромлик аёлларга таъқиқланган нарсалар таъқиқланади. Болакай ва қизчанинг тавоф асносида тана ва кийимлари пок бўлиши зарур. Чунки, тавоф ҳам намозга ўхшайди ва унинг раво бўлиши учун таҳорат шартдир.

Агар болакай ва қизча яхшилик билан ёмонликни айира оладиган даражада оқил бўлса, валийларининг изни билан эҳром боғлашади. Эҳром боғлаш асносида худди катталар каби ғусл қилишади, хушбўйланишади ва бошқа ишларни қилишади. Валийлари уларнинг оталари, оналари ёки бошқа ақраболари бўлишидан қатъий назар, уларнинг йўлбошчиси ва манфаатларининг посбонидир.

Эҳром боғлаган болакай ёки қизча тош отиш ва бошқа ибодатларни қилишда ожиз қолишса, валийси отади. Бундан бошқа − Арафотда туриш, Мино ва Муздалифада тунаш, тавоф ва саъй каби ибодатларни уларнинг ўзлари қилишлари лозим. Агар тавоф ва саъйни қилишга ўзлари қодир бўлишмаса, уларни кўтариб тавоф ва саъй қилдирилади. Болаларни кўтариб олган одам қилаётган тавоф ва саъйини болалари билан ўртасида шерик қилмаслиги афзалдир. Шу боис, иккиси учун тавоф ва саъйни нийят қилиши ва ўзи учун алоҳида тавоф ва саъй қилишни эҳтиёт нуқтаи назаридан нийят қилиши керак. У бу билан «Ўзингизга шубҳали бўлган нарсани шубҳасиз бўлмаган нарса учун тарк қилинг!» ҳадисига амал қилган бўлади. Зеро кўтариб олган одамнинг ўзи ва кўтариб олган боласи учун битта нийят қилиши, уламоларнинг қувватли қавлларига кўра жоиздир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам боласининг ҳажи ҳақида савол берган жувонни, фарзанди учун алоҳида тавоф қилишга буюрмадилар. Агар унинг учун алоҳида тавоф қилиш фарз бўлса эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тушунтирар эдилар. Тавфиқ бергувчи Аллоҳ таолонинг ўзигинадир.

Яхшилик билан ёмонлик орасини ажрата оладиган бола ва қизчага худди катта одамларга буюрилганидек, тавофга киришишдан илгари таҳорати синса таҳорат олишга ва нажаслардан покланишга буюрилади.

Ёши кичик болакай ёки қизчанинг эҳром боғлаши валийлари зиммасидаги фарз эмас, аксинча, нафлдир. Агар эҳром боғлатса савоб олади, боғлатмаса зарари йўқдир. Валлоҳу аълам.

 

Фасл

Эҳром таъқиқлари ва эҳромлик одамга мубоҳ бўлган нарсалар ҳақида

Эркак ва жувон бўлишидан қатъий назар эҳром боғлаган одамнинг нийят қилганидан сўнгра сочи ва тирноғини олиши ҳамда хушбўйланиши жоиз эмас. Жумладан, эркак кишининг танани бутунлай ёпиб турадиган кўйлак ёки қисман ёпиб турадиган футболка, иштон, қўнжлик пойафзал ва пайпоқ каби нарсаларни кийиши жоиз эмас. Лунги топа олмаса иштон, ковуш топа олмаса қўнжлик пойафзалнинг қўнжини кесиб ташламай кийиб олиши мумкин. Чунки икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ковуш топа олмаган одам қўнжлик пойафзални, лунги топа олмаган одам эса иштонни кийиб олсин!» ҳадисини нақл қилган (Имом Муслим 2850).

Аммо Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо тарафидан ривоят қилинган ва ковушлар бўлмаса қўнжлик пойафзални қўнжини кесиб кийиш кераклигини ифодалаган ҳадис, мансух−бекор қилингандир. Чунки буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада турган пайтларида эҳромлик одам нима нарсаларни кийиши ҳақида савол берилганида айтган эдилар. Одамларга (Маккада) Арафот тоғида хутба қилганларида эса ковуш бўлмаган пайтда қўйнжлик пойафзал кийишга буюриб, унинг қўнжини кесиб ташлашга буюрмадилар. Ҳолбуки, бу хутбани Мадинадаги жавобларини эшитмаган одамлар ҳам тинглашган эди. Ҳадис ва Фиқҳ усуллари қоидасига кўра, эҳтиёж вақти ҳақида баённи кечиктириш, жоиз эмасдир. Шунга биноан, қўнжни кесиб ташлаш буйруғининг мансух бўлгани тушунилмоқда. Агар қўнжни кесиб ташлаш фарз бўлса эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баён қилган бўлар эдилар. Валлоҳу аълам!

Эҳромлик одамнинг ковушга ўхшагани учун қўнжи оёқ ошиқларидан паст бўлган пойафзални кийиши, жоиздир. Бундан ташқари, лунгисини ип ёки шунга ўхшаш нарса билан боғлаб олишининг ҳам зарари йўқ. Чунки, уни таъқиқлаган бирон ҳужжат йўқ.

Эҳромлик одамнинг ғусл қилиши, бошини ювиши ва ўта қаттиқ зарурат туғилиб қолса эҳтиёткорлик билан қашлаши ҳам мумкин. Агар шундай пайтда бошидан соч тўкилиб қолса, бунинг зарари йўқдир.

Эҳромга кирган хотин−қизларнинг юзларига бурқа ёки ниқоб (чиммат), қўлларига эса қўлқоп каби тикилган нарсаларни тақиб, кийишлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларига кўра жоиз эмас: «(Эҳромлик) аёл киши ниқоб тақмайди ва қўлқоп киймайди» (Имом Бухорий 1838). Қўлқоп – юнг ёки пахта ва бошқа хом−ашёдан қўл катталигида тўқилган кийимдир. Хотин−қизларга бундан бошқа кўйлак, иштон, маҳси, пайпоқ ва бошқа тикилган тайёр кийимларини кийишлари ижозатлидир.

Шунингдек хотин−қизлар эҳтиёж туғилган пайтида рўмолларини боғламай юзларини тўсишлари ҳам мумкин. Агар рўмол унинг юзига тегиб турса, Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисга кўра, зарари йўқдир: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга турганимизда отлиқлар ёнимиздан ўтишарди. Улар бизнинг қаршимизга келишганида биримиз бошидаги жулбобини юзига тушириб олар эди. Ўтиб кетгач эса, юзини очиб олар эди» (Абу Довуд 1835, Имом Аҳмад 24522, Бағавий «Шарҳус−суннаҳ» 1977). Бу ҳадисни Дору Қутний раҳимаҳуллоҳ Умму Салама разияллоҳу анҳонинг ривояти билан ҳам келтирган.

Шунингдек, аврат бўлгани боис ажнабий эркаклар олдида хотин−қизларнинг юз ва қўлларини тўсишлари ҳам фарздир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло:

﴿وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا لِبُعُولَتِهِنَّ ﴾

«У (мўъмина)лар зеб-зийнатларини фақатгина эрларига … кўрсат− синлар», деган (Нур: 31). Шубҳасиз, юз ва қўлнинг кафт қисми жозибали зийнатлардан биридир. Юз, буларнинг энг жозибалисидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло

﴿وَإِذَا سَأَلْتُمُوهُنَّ مَتَاعًا فَاسْأَلُوهُنَّ مِنْ وَرَاءِ حِجَابٍ ذَلِكُمْ أَطْهَرُ لِقُلُوبِكُمْ وَقُلُوبِهِنَّ ﴾

«Қачон сизлар (пайғамбар аёлларидан) бирон нарса сўрасангизлар парда ортида туриб сўранглар! Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутгувчироқдир», деган (Аҳзоб: 53).

Хотин−қизларнинг кўпи одат қилиб олган рўмолни кўтариб туриши учун тагидан боғлаб олиш ҳақида, билишимизча, шариатда биронта ҳам далил йўқ. Агар бу машру бўлса эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматига баён қилар ва жим қолмас эдилар.

Эҳром боғлаган эркагу аёлнинг эҳромини кир бўлган пайтида ювиши, бошқасига алиштириши жоиз бўлиб, заъфарон ва варс теккан кийимларни кийиши жоиз эмас. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда буни таъқиқлаганлар (Имом Бухорий 134, Имом Муслим 2848). (Варс қўғагулга ўхшаган ўсимлик бўлиб, ундан хушбўй бўёқлар тайёрланади. Бу икки ўсимлик ҳам хушбўй бўлгани боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар теккан эҳромни боғлашни таъқиқладилар. Мутаржим изоҳи.).

Эҳромга кирган одам уятсиз ва ҳақоратомуз сўзларни талаффуз қилиш ва жанжаллашишдан воз кечиши лозим. Чунки, Аллоҳ таоло:

﴿الْحَجُّ أَشْهُرٌ مَعْلُومَاتٌ فَمَنْ فَرَضَ فِيهِنَّ الْحَجَّ فَلَا رَفَثَ وَلَا فُسُوقَ وَلَا جِدَالَ فِي الْحَجِّ ﴾

«Ҳаж (мавсуми) маълум ойлардир. (Яъни Шаввол, Зулқаъда ва Зулҳижжа ойининг ўн куни). Бас, ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди» деган (Бақара: 197).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам ушбу саҳиҳ ҳадис нақл қилинган: «Ҳаж қилаётиб уятсиз гапларни гапирмаган, уятсиз ишларни қилмаган ва гуноҳ ишларга қўл урмаган одам, онаси туққан кундагидек (маъсум) бўлади» (Имом Бухорий 1521, Имом Аҳмад 7375).

Ҳадис(нинг арабча матнида келган) «рафас» сўзи уятсиз иш ва уятсиз гап, «фусуқ» эса гуноҳларни, «жидол» эса фойдасиз беҳуда нарсаларни деб жанжаллашишни ифода этади. Аммо ҳақиқатни кўрсатиш ва ботилни қайтариш учун ширинсуханлик билан мунозара қилишнинг зарари йўқ. Билъакс, у – буюрилгандир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

﴿ادْعُ إِلَى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُمْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ ﴾

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Парвардигорингизнинг йўли — динига донолик ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала — мунозара қилинг!» (Наҳл: 125).

Эҳром боғлаган одамга бошига ёпишиб турадиган дўппи, салла ва (араблар) тайласони (бошга ташлаган рўмоли) ва бошқа нарсаларни кийиши (ёки ташлаб олиши) ҳаромдир. Бинобарин, юзини тўсиб олиши ҳам ҳаромдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафа куни туясидан йиқилиб ўлган одам ҳақида: «Уни сув ва нилуфар (сидр) билан ювиб, икки кийим (эҳромнинг икки парчаси: лунги ва ридо) билан кафанланглар ҳамда боши ва юзини ўраманглар. Чунки, у, Қиёмат куни талбия айтиб қайта жонланади»− деганлар. Муттафақун алайҳ. Ҳадис лафзи Имом Муслимники (Имом Муслим 2953).

Машинанинг томи ёки шамсия ёхуд шунга ўхшаш чодир ва дарахтлар кўланкасида сояланишнинг зарари йўқ. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Ақаба тошларини отар эканлар кийимлар билан соябонлар қилингани, Арафа куни хурмо дарахти остига гумбазлик чодир тикилгани ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ерда Қуёш заволдан оғгунича қолганлари ҳақида саҳиҳ ривоятлар бор.

Эҳромдаги эркагу аёлларнинг қуруқликдаги овларни ўлдириши, уларни ўлдиришга ёрдамчи бўлиши, овларни жойларидан ҳуркитиши, уйланиши, жинсий алоқа қилиши, хотин−қизларга совчи қўйиши, шаҳват билан уларни қучоқлаши ҳаромдир. Чунки, Усмон разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Эҳромлик одам уйланмайди, уйлантирилмайди ва совчи қўймайди» (Имом Муслим 3514).

Агар эҳромлик одам унутган ёки билмагани учун тикилган (кўйлак каби) нарсаларни кийган ёки бошини ўраган ёхуд хушбўйланган бўлса, унга фидя жаримаси йўқдир ва эсига тушганида ёки билганида ечиб ташлайди. Билмагани ёки унутгани боис сочидан бир толасини ёки ҳаммасини қирдирган ёки тирноғини олган одамга ҳам, тўғриси, бирон жарима йўқдир.

Мусулмон эркак ёки аёл эҳромда бўлсин ёки бўлмасин, Ҳарам ичида овни ўлдириши ёки овни ўлдиришга қуроли ёки ишораси ёхуд шунга ўхшаш бирон ёрдами билан кўмакчи бўлиши, овни турган жойидан ҳуркитиши, ҳаромдир.

Шунингдек, Ҳарамнинг яшил (қуримаган) ўсимлик ва дарахтларини кесиши, Ҳарам минтақасида топилдиқни эгасидан бошқасининг олиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларига кўра ҳаромдир: «Бу шаҳар –яъни Макка− Аллоҳнинг ҳурматли қилиши билан Қиёмат кунигача ҳаромдир: унинг дарахтлари кесилмайди, ўсимликлари синдирилмайди, топилдиқлари излаган одамидан бошқасига ҳалол бўлмайди».Муттафақун алайҳ (Имом Бухорий 2434, Имом Муслим 3371).

«Излаган одам» − танитаётган одам. «Ўсимлик» − яшил (қуримаган) ўт−ўлан.

Мино ва Муздалифа Ҳарамдан, Арафот эса Ҳиллдан ҳисобланади.

 

ФАСЛ

Ҳожи Маккага кирганида нималар қилиши ва Масжидул Ҳаромга кирганида қиладиган тавоф ва унинг қилиниш шакли ҳақида

Эҳромлик одамнинг Макка шаҳрига етиб келгач, унга киришдан илгари ғусл қилиши мустаҳабдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага киришдан илгари ғусл қилганлар. Масжидул Ҳаромга етиб келгач эса, унга кириш учун ўнг оёғини босиб:

))أَعُوذُ بِاللَّهِ الْعَظِيمِ, وَبِوَجْهِهِ الْكَرِيمِ, وَسُلْطَانِهِ الْقَدِيمِ, مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ، اللَّهُمَّ افْتَحْ لِى أَبْوَابَ رَحْمَتِكَ ((

«Улуғ Аллоҳ ва унинг карийм юзи ҳамда кўҳна салтанати билан тошбўрон қилинган Шайтондан сиғинаман! Аллоҳим, менга раҳмат дарвозаларингни оч!» дейди (Абу Довуд (466) ва Имом Муслим 1685).

Каъбага етиб келган мутаматтеъ ва умрачи талбияни тўхтатади ва тавофни бошлашдан илгари Қора тош сари юриб, унинг рўпарасига келади ва ўнг қўли билан силаб, имкони бўлса ўпади. Ўпиш асносида атрофидаги одамларга тиқилинч пайдо қилиб озор бермайди. Уни силаш асносида: «Бисмиллаҳ ва Аллоҳу акбар!» (Тавофимни Аллоҳнинг номи билан бошлайман ва Аллоҳ буюкдир!)− дейди. Агар Қора тошни ўпиш имконияти бўлмаса, уни қўли ёки ҳассаси билан силайди. Агар силашга ҳам имкони бўлмаса қўли билан (Қора тош тарафга) ишора қилиб: «Аллоҳу акбар!»− дейди.

Ишора қилган қўли ёки ҳассасини ўпмайди. Каъбани чап томонига олиб тавоф қилади. Тавофнинг бошида:

))اللَّهُمَّ، إِيمَانًا بِكَ، وَتَصْدِيقًا بِكِتَابِكَ، وَوَفَاءً بِعَهْدِكَ، وَاتِّبَاعًا لِسُنَّةِ نَبِيِّكَ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ((

«Аллоҳим, Сенга иймон келтириб, Қуръонингни тасдиқлаб, аҳдингга вафо қилиб, пайғамбаринг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга издош бўлиб (тавофимни бошлайман)»− деса яхши. Чунки бу дуо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинган (Байҳақий «ас−Сунанул Кубро» 1256).

Каъбанинг атрофини етти марта тавоф қилинади ва Маккага умрачи ёки мутаматтеъ ёхуд муфрид – фақатгина ҳаж қилиш ёда қорин – битта эҳром билан умра ва ҳаж қилишни нийят қилган мусулмонлар тавофнинг биринчи учтасини рамл – кичик одимлар билан тез юриб, қолган тўртта тавофни эса тез юрмай қиладилар. Ҳар бир тавоф Ҳажарул асвад рўпарасидан бошланиб, ўша ерда тугайди.

Бу (келиш) тавофида изтибоъ қилиш мустаҳабдир. Изтибоъ – ридонинг ўртасини ўнг қўлтиқ остидан ўтказиб, чап елкага ташлаб олишдир. (Эслатма: хотин−қизлар рамл ва изтибоъ қилмайдилар. Мутаржим изоҳи).  

Агар тавоф қилаётган одам тавофининг саноғида адашиб кетса, саноқнинг ишончлироғи – кичигини ҳисоб қилади. Яъни, агар учта ёки тўртта тавоф қилгани ҳақида шубҳаланиб қолса, тавофини учта деб ҳисоблайди. Саъйда ҳам шундай қилади.

Тавофни тугатгач, тавофнинг икки ракаат намозини ўқишдан илгари ридосини елкасига, унинг икки тарафини эса кўксига қўяди.

Хотин−қизларга таъқиқлаш ва инкор этиш керак бўлган нарсалар: пардозли, атир қўйиб, аврат бўлганлари учун авратларини очиб тавоф қилишларидир. Эркаклар билан аралаш бўлган тавоф ва бошқа пайтларда ҳам хотин−қизлар зийнатларидан воз кечишлари керак. Чунки, улар – аврат ва фитнадир. Аёл кишининг юзи зийнатининг энг кўрками бўлиб, уни маҳрамларидан бошқасига кўрсатиши, Аллоҳ таолонинг қуйидаги қавлига кўра, жоиз эмасдир:

﴿ وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا لِبُعُولَتِهِنَّ

«Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар» (Нур: 31). Қора тошни ўпишлари асносида бирон эркакнинг кўзи тушгудек бўлса, юзларини очишлари жоиз эмасдир. Агар эркакларга тиқилинч келтириб чиқарадиган бўлса ва кенг имконият бўлмаса, хотин−қизларнинг Қора тошни силаш ёки ўпишлари жоиз эмас. Аксинча, тиқилинч ҳосил қилиб Каъба яқинида тавоф қилишларидан кўра эркаклар ортидан тавофларига давом этишлари, хотин−қизлар учун афзал ва катта савоблидир.

Рамл ва изтибоъ бу тавофлардан бошқа тавофларда ва саъйларда (эркаклар учун ҳам) машру эмасдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага келган пайтларида қилган биринчи тавофида рамл ва изтибоъ қилган эдилар. Рамл ва изтибоъ хотин−қизлар учун умуман машру эмасдир.

Банда тавоф асносида таҳоратли, нажаслардан пок, Роббисига итоатли ва тавозули бўлади.

Унинг тавофи асносида Аллоҳ таолони зикр этиши, дуолар қилиши, жумладан, Қуръон ўқиши яхши ва мустаҳабдир. Бу ва бундан бошқа тавоф ва саъйларда қилинадиган махсус зикр ва махсус дуо йўқдир.

Айрим одамларнинг ҳар бир тавоф ёки саъй учун махсус зикр ва дуоларни хослаб олишларининг бирон асоси йўқдир. Аксинча, қайси дуони ўқиса бўлаверади.

Тавоф асносида Ямоний рукнининг рўпарасига келган эҳромлик одам уни ўнг қўли билан силайди ва: «Бисмиллаҳ ва Аллоҳу акбар!» дейди−ю, ўпмайди. Уни силаш қийин бўлса силашдан воз кечиб, тавофида давом этиб, Ямоний рукн рўпарасига келганида унга ишора қилмайди ва такбир ҳам айтмайди. Чунки бу, билишимизча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинмаган. Тавофдаги одамнинг Ямоний рукн билан Қора тош оралиғида:

﴿ رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا حَسَنَةً وَفِي الْآخِرَةِ حَسَنَةً وَقِنَا عَذَابَ النَّارِ

«Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қилгин, охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин» дейиши мустаҳабдир (Бақара: 201). Қора тошнинг рўпарасига ҳар келганида уни силаб, ўпади ва: «Аллоҳу акбар!» дейди. Унинг рўпарасига келганида ўпиш ва силаш имкони бўлмаса, қўли билан ишора қилиб, такбир айтади.

Замзам қудуғи ва Иброҳим алайҳиссаломнинг мақоми орқасидан, хусусан, тиқилинч пайтида юриб тавоф қилишнинг ҳам зарари йўқ. Чунки, Масжиднинг ҳар жойи тавоф қилса бўладиган макондир. Равоқлар устида тавоф қилса ҳам жоиздир. Бироқ, имкони бўлса Каъбага яқин жойларда тавоф қилиш афзалдир.

Тавофни тугатгач Иброҳим алайҳиссаломнинг мақоми орқасида икки ракаат намоз ўқийди. Агар бунинг тиқилинч сабабли имкони бўлмаса, масжиднинг ҳар қандай жойида ўқиса ҳам бўлаверади. Бу икки ракаат намозда Фотиҳа сурасидан сўнгра Кофирун ва Ихлос сураларини ўқиши суннатдир.Сўнгра, Қора тош сари юриб, уни имкони бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиб, ўнг қўли билан силайди.

Сўнгра, ҳожи Сафо тепалигига йўлагидан чиқиб боради ва унинг олдида туради. Имкони бўлса Сафонинг тепасига чиқиш, афзалдир. Сафонинг тепасида Аллоҳ таолонинг:

﴿ إِنَّ الصَّفَا وَالْمَرْوَةَ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ

«Албатта Сафо ва Марва Аллоҳ (буюрган) маросимлардандир» оятини ўқийди (Бақара: 158). Унинг қиблага юзланиши, Аллоҳга ҳамду сано−ю такбир ва шу зикрни айтиши мустаҳабдир:

(( لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ، يُحْيِى وَيُمِيتُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَىْءٍ قَدِيرٌ، لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَحْدَهُ، أَنْجَزَ وَعْدَهُ، وَنَصَرَ عَبْدَهُ، وَهَزَمَ الأَحْزَابَ وَحْدَهُ ))

«Якто ва шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир. Эгадорлик ва ҳамду санолар унга хосдир. У тирилтиради, ўлдиради. Ҳолбуки, У – барча нарсага қодирдир. Якто Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир. У ваъдасини рўёбга чиқарди, бандасига ёрдам берди ва Ўзи гуруҳларни мағлуб этди» (Абу Довуд 1907).

Сўнгра, қўлларини кўтариб қодир бўлганича дуо қилади. Мазкур дуо ва зикрни уч марта такрорлайди. Кейин пастга тушиб, Марва томон юра бошлайди. Икки белги қўйилган жойга етиб келган эркаклар иккинчи белгига қадар шитоб юрадилар. Хотин−қизлар эса тез юрмайдилар. Чунки, улар – авратдирлар. Уларнинг саъйда (оддий) юришлари машрудир.

Сўнгра, юришда давом этиб, Марва тепалигига чиқади. Марвада ҳам худди Сафодаги каби (қиблага қараб, зикрлар) қилади. Бироқ:

﴿ إِنَّ الصَّفَا وَالْمَرْوَةَ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ

«Албатта Сафо ва Марва Аллоҳ (буюрган) маросимлардандир» оятини ўқимайди. Чунки уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиб саъйнинг биринчи бошланишида, Сафо тепалигига чиқилганидагина ўқиш машрудир. Сўнгра, пастга тушиб, Сафога қараб юра бошлайди. Икки белгининг олдига етиб келганида яна шитоб юради. Буни етти марта такрорлайди. Бир тарафдан иккинчи тарафга бориш битта, қайтиш иккита саъй ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар ва: «Мендан (ҳаж ва умра) ибодатларингизни олинглар!»− деганлар (Байҳақий «ас−Сунанул кубро» 9796). Саъй асносида зикр ва дуоларни кўп айтиш, мустаҳабдир.

Агар имкони бўлса ҳожи катта (жанобат) ва кичик (таҳоратни бузадиган нарсалардан) пок (яъни тўкис таҳоратли) бўлиши керак. Таҳоратсиз саъй қилса ҳам, жоиздир. Шунга кўра, тавофни қилиб бўлгач ҳайз ёки туғруқ қони келиб қолган пайтда саъй қилган жувоннинг саъйи, инобатлидир. Чунки, саъй қилиш учун таҳоратли бўлиш шарт эмас. Таҳоратли бўлиш, юқорида айтиб ўтилганидек, мустаҳаб, холос.

Саъйни тўкис қилгач сочини ё қирдиради ёки қисқартиради. Эркакларнинг сочларини қирдириб олдиришлари афзалдир. Ҳаж қилаётган одам сочини қирдириб олдирмай, қисқартирса ҳам бўлаверади. Агар Маккага ҳаж вақтига яқин замонда келган бўлса, сочини қирдирмаслиги ва ҳаж қилаётган пайтида қолган сочини қирдириши афзалдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан бирга Маккага зулҳижжа ойининг тўртинчи кунида келгани маҳал, (умра қилган асҳоблари ичидан) ҳаж учун қурбонлик ҳайдаб келмаганларини сочларини қисқартириб, эҳромдан чиқишга буюрдилар. Сочларини қиришга буюрмадилар.

Сочни қисқартириш деганда бошда ўсиб чиққан сочларнинг ҳаммасини ёппасига қисқартириш назарда тутилади. Бошнинг бир тарафидан (бир тутам сочни) кесиб қўйиш етарли эмас. Қирдираётган пайтда ҳам ёппа қирдириш керак бўлиб, унинг бир тарафини қирдириб қўйишнинг ўзи кифоя эмас.

Хотин−қизларнинг сочларини қисқартиришлари: ҳар ўримидан бармоқнинг бир бўғимича ёки ундан кўра озроқ кесишлари машрудир. Хотин−қизлар бундан ортиқчасини олмайдилар.

Агар эҳромлик одам юқоридаги ибодатларни қилса, умраси тугайди ва унга эҳром боғлаши билан ҳаром қилинган барча нарса бекор бўлади. Бироқ, Ҳиллдан қурбонлигини ўзи билан бирга олиб келган одам, ҳаж ва умрани бутунлай тугатмагунича эҳромида қолади. Аммо фақатгина ҳажга муфрид ўлароқ ёки ҳаж ва умрага баробар эҳром боғлаган бўлса, эҳромини умра нийятига буриб юборади.

Ва у, қурбонлигини олиб келмаган матаматтеъ каби ибодат қилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шунга буюрган ва: «Қурбонлигимни ҳайдаб келмаганимда эди, сизлардек эҳромдан чиқардим»− деган эдилар (Имом Аҳмад 14896).

Хотин−қизлар умрага эҳром боғлаганидан кейин ҳайз ёки туғруқ қони кўриб қолсалар, покланмагунларича Каъбани тавоф қилмайдилар ва Сафо ва Марва оралиғида саъй қилмайдилар. Пок бўлганларидан кейингина тавоф ва саъй қилиб, сочини кесадилар ва шу билан умралари тугайди. Агар тарвия (зулҳижжа ойининг саккизинчи) кунигача пок бўлмаса, ўзи турган жойдан ҳаж учун эҳром боғлайди ва одамлар билан бирга Минога чиқиб кетаверади. У ҳаж билан умрани боғлаб – қорин бўлиб, сабр этади. Сўнгра, ҳожилар қиладиган Арафот тоғи ва Машъарул Ҳаромда туриш, тошларни отиш, Муздалифа ва Минода тунаш, қурбонликни сўйиш ва сочларни кесиш каби амалларни бажо келтиради. Пок бўлганидан кейин эса Каъбани тавофини ҳамда Сафо ва Марва оралиғидаги саъйни ҳам умраси ва ҳам ҳажи учун битта қилади. Яъни бу тавоф ва саъйи умраси учун ҳам, ҳажига ҳажи учун ҳам ўтаверади. Чунки, Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: «Умрага эҳром боғлаганимда ҳайз қоним келиб қолди. Шунда менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сиз ҳожилар қиладиган барча ишларни қилаверинг. Фақатгина, пок бўлмагунча Каъбани тавоф қилманг!»− дедилар». Муттафақун алайҳ (Имом Муслим 2977).

Ҳайз ва туғруқ қони келаётган хотин−қизлар Қурбон ҳайити куни тошларни отиб, сочини қисқартирса унга эридан бошқа хушбўйланиш ва шунга ўхшаш эҳром таъқиқлари худди бошқа пок хотин−қизларга ҳалол бўлганидек ҳалол бўлади. Пок бўлиб тавоф ва саъй қилганидан кейин, эри ҳам ҳалол бўлади.

 

ФАСЛ

Зулҳижжа ойининг саккизинчи кунида ҳаж учун эҳром боғлаш ва Минога чиқиш ҳақида

Тарвия − зулҳижжа ойининг саккизинчи куни Маккага келиб қўнган ва ҳаж қилмоқчи бўлган маккаликларнинг ҳаж учун эҳром боғлаб ўз турар−жойларидан қўзғалишлари мустаҳабдир. Чунки саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрлари билан Абтаҳда қолиб, саккизинчи куни ўша ердан ҳаж учун эҳром боғлаган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни Каъбага бориб унинг ёки тарновнинг олдида эҳром боғлашга буюрмаган эдилар. Шунингдек, Минога чиқиш олдидан Видолашув тавофини қилишга ҳам буюрмаган эдилар. Агар шундай қилиш машру бўлганида эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни саҳобаларга ўргатар эдилар. Барча яхшилик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг асҳобларига эргашишдадир.

Ҳожи, худди мийқотда эҳром боғлаганида қилганидек, ҳажга эҳром боғлар экан ғусл қилади, покланади ва атир суради. Ҳаж эҳромини боғлаб бўлгач ҳожининг Тарвия куни завол маҳалидан олдинёки кейин Минога йўл олиши, талбияни Ақаба тошларини отгунча кўп айтиши, Минода пешин, аср ва ҳуфтон намозларини ўз вақтида жам қилмай қаср ўқиши, суннатдир. Шом ва қаср намозларини ҳам ўз вақтида бироқ қарс қилмай ўқиши, суннатдир.

Бу ҳукм маккалик ва бошқа ерлик ҳожилар учун умумийдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мино ва Арафотда маккалик ва бошқа ердан келган ҳожилар билан бирга намозларни қаср ўқиганлар. Маккаликларни намозларини тўла ўқишга буюрмаганлар. Агар тўла ўкишлари фарз бўлса эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни баён қилар эдилар.

Арафа куни қуёш чиққанидан сўнгра, ҳожи Минодан Арафа сари йўл олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилганлари учун, агар имкони бўлса, заволга қадар Намирада бўлишлари суннатдир.

Қуёш (заволдан) оғгани маҳал имом ёки ноибининг одамларга қарата, ҳолатга муносиб шаклда хутба ўқиши суннатдир. У, хутбасида ҳожиларга ўша ва ундан кейинги кунларда машру бўлган ибодатларни баён қилиши, Аллоҳдан тақво қилиш, ҳар бир ишда Аллоҳ таолони яктолаш ва Унга ихлос қилишга буюриши, Аллоҳнинг ҳаромларидан огоҳлантириши, Аллоҳнинг Қуръони ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига қатъий риоя қилиш, у иккиси билан ҳукм қилиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиб, ҳар ишда Унинг ҳукмига интилишга тавсияларда бўлиши керак.

Хутбадан кейин ҳожилар пешин ва аср намозларини биринчи намоз − (пешин)нинг вақтида битта азон ва иккита такбир (иқомат) билан қаср ва жам қилиб ўқийдилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар. Бу ҳақдаги ҳадисни Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Жобир разияллоҳу анҳунинг ривояти билан нақл қилган.

Сўнгра, одамлар Арафотда турадилар. Арафотнинг Батну Намирадан бошқа барча жойи мавқиф – турадиган жойдир. Турар экан, имкони бўлса қибла ва Раҳмат тоғига (бирданига) юзланиб туриш мустаҳабдир. Агар иккисига бирданига юзланишнинг имкони бўлмаса, фақатгина, қиблага юзланиб туради. Бу мавқифда ҳожининг Аллоҳни зикр этиши, Унга дуо қилиши, ёлбориши, дуо қилаётган пайтида қўлини кўтариши мустаҳабдир. Агар талбия айтиб, Қуръон ўқиса яхшидир. Унинг:

(( لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ، يُحْيِى وَيُمِيتُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَىْءٍ قَدِيرٌ ))

«Якто ва шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир. Эгадорлик ва ҳамду санолар унга хосдир. У тирилтиради, ўлдиради. Ҳолбуки, У – барча нарсага қодирдир»ни кўп айтиши суннатдир (Абу Довуд 1907). Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дуоларнинг энг яхшиси, Арафотдаги дуодир. Мен ва мендан аввалги пайғамбарлар айтган (зикр)нинг энг яхшиси:

(( لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ، يُحْيِى وَيُمِيتُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَىْءٍ قَدِيرٌ ))

«Якто ва шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир. Эгадорлик ва ҳамду санолар унга хосдир. У тирилтиради, ўлдиради. Ҳолбуки, У – барча нарсага қодирдир»дир»− дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Аллоҳ таолога энг суюмли бўлган тўртта жумла: Субҳоналлоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Ла илаҳа иллаллоҳ ва Аллоҳу акбардир» деганлари ҳам саҳиҳ ривоятлар билан ворид бўлган (Имом Муслим 5724).

Бу зикрни кўп айтиш, хушу ва жиддийлик билан такрорлаш лозим. Бундан ташқари шариатда ворид бўлган дуоларни ҳар замон айтиш керак. Хусусан, шу жойда ва шу муаззам кунда кўп айтиш керак. Имкони борича пурмаъно дуо ва зикрларни айтишга ҳаракат қилиш лозим:

((سُبْحَانَ اللهِ وَبِحَمْدِهِ سُبْحَانَ اللهِ الْعَظِيمِ ))

«Аллоҳни ҳамдлари билан (мушриклар тавсифлаётган сифатлардан) поклайман! Буюк Аллоҳни (мушриклар тавсифлаётган сифатлардан) поклайман!».

﴿ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ، سُبْحَانَكَ، إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ

«Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй пок Парвардигор, дарҳақиқат мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим» (Анбиё: 87).

(( لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ، وَلاَ نَعْبُدُ إِلاَّ إِيَّاهُ، لَهُ النِّعْمَةُ، وَلَهُ الْفَضْلُ، وَلَهُ الثَّنَاءُ الْحَسَنُ، لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ، مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ، وَلَوْ كَرِهَ الْكَافِرُونَ ))

«Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва биз унгагина сиғинамиз! Неъмат, барча марҳамат ва ҳамду санолар Унгагина хосдир. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир! Кофирлар ёқтирмаса ҳам, биз унга динни холис қилиб ибодат қиламиз!» (Имом Муслим 1371).

((لاَ حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ إِلاَّ بِاللَّهِ ))

«Куч ва қудрат Аллоҳ билангинадир!» (Имом Муслим 6384).

﴿ رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا حَسَنَةً وَفِي الْآخِرَةِ حَسَنَةً وَقِنَا عَذَابَ النَّارِ

«Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қилгин, охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин» (Бақара: 201).    

(( اللَّهُمَّ، أَصْلِحْ لِى دِينِىَ الَّذِى هُوَ عِصْمَةُ أَمْرِى، وَأَصْلِحْ لِى دُنْيَاىَ الَّتِى فِيهَا مَعَاشِي، وَأَصْلِحْ لِى آخِرَتِى الَّتِى فِيهَا مَعَادِي، وَاجْعَلِ الْحَيَاةَ زِيَادَةً لِى فِى كُلِّ خَيْرٍ، وَاجْعَلِ الْمَوْتَ رَاحَةً لِى مِنْ كُلِّ شَرٍّ ))

«Аллоҳим, ишларимнинг тутқичи бўлган динимни, тирикчилигим бўлган дунёйимни ислоҳ қил! Аллоҳим, оқибатим бўлган охиратимни ислоҳ қил! Ҳаётни мен учун барча яхшиликларда зиёда (баракали), ўлимни эса барча ёмонликлардан роҳат қил!» (Имом Муслим 7078).

أَعُوذُ بِاللَّهِ ((مِنْ جَهْدِ الْبَلاَءِ، وَدَرَكِ الشَّقَاءِ، وَسُوءِ الْقَضَاءِ، وَشَمَاتَةِ الأَعْدَاءِ ))

«Аллоҳга синовнинг қаттиқлиги, бахтиқароликнинг тубанлиги, тақдирнинг ёмонлиги ва душманларнинг ҳақоратидан сиғинаман!» (Имом Бухорий 6347).

(( اللَّهُمَّ، إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْهَمِّ وَالْحَزَنِ، وَمِنَ الْعَجْزِ وَالْكَسَلِ، وَمِنَ الْجُبْنِ وَالْبُخْلِ وَمِنَ الْمَأْثَمِ وَالْمَغْرَمِ، وَمِنْ غَلَبَةِ الدَّيْنِ وَقَهْرِ الرِّجَالِ ))

«Аллоҳим, мен Сенга қайғу ва ғамдан, ожизлик ва танбалликдан, қўрқоқлик ва қурумсоқликдан, гуноҳ ва қарздан, қарзнинг ғолиб келиши ва одамларнинг зўравонлигидан сиғинаман» (Имом Бухорий 2893).

(( اللَّهُمَّ، إِنِّى أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْبَرَصِ، وَالْجُنُونِ، وَالْجُذَامِ، وَمِنْ سَيِّئِ الأَسْقَامِ ))

«Аллоҳим, мен Сенга песлик, телбалик, моховлик ва ёмон касалликлардан сиғинаман!» (Абу Довуд 1556).

(( اللَّهُمَّ، إِنِّي أَسْأَلُكَ الْعَفْوَ وَالْعَافِيَةَ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، اللَّهُمَّ، إِنِّي أَسْأَلُكَ الْعَافِيَةَ فِي دِينِي وَأَهْلِي، وَاسْتُرْ عَوْرَتِي، وَآمِنْ رَوْعَتِي، وَاحْفَظْنِي مِنْ بَيْنَ يَدَيَّ، وَمِنْ خَلْفِي، وَعَنْ يَمِينِي، وَعَنْ يَسَارِي، وَمِنْ فَوْقِي، وَأَعُوذُ بِكَ أَنْ أُغْتَالَ مِنْ تَحْتِي ))

«Аллоҳим, мен Сендан Дунё ва Охиратда афву офият сўрайман! Аллоҳим, мен Сендан диним ва оиламда офият тилайман! Менинг заиф тарафларимни тўс! Кўнглимни хотиржам қил! Олдим ва орқам, ўнг ва чап тарафларимдан ва тепамдан мени асра! Мен Сенга Ерннг ютишидан сиғинаман!» («ал−Адабул Муфрад» 698).

((اللَّهُمَّ، اغْفِرْ لِي خَطِيئَتِي وَجَهْلِي، وَإِسْرَافِي فِي أَمْرِي، وَمَا أَنْتَ أَعْلَمُ بِهِ مِنِّي ))

«Аллоҳим, менинг хато ва жоҳиллигимни, ишларимдаги исрофим ва Ўзинг мендан кўра яхшироқ билганинг (гуноҳларим)ни мағфират қил!» (Имом Бухорий 6399).

(( اللَّهُمَّ، اغْفِرْ لِى جِدِّى وَهَزْلِى، وَخَطَئِى وَعَمْدِى، وَكُلُّ ذَلِكَ عِنْدِى ))

«Аллоҳим, менинг жиддийлигим ва ҳазилларимни, билмай ва билиб қилганларимни кечир! Уларнинг барчаси олдимдадир!» (Имом Муслим 7076).

((اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ الثَّبَاتَ فِي الأَمْرِ، وَالْعَزِيمَةَ عَلَى الرُّشْدِ، وَأَسْأَلُكَ شُكْرَ نِعْمَتِكَ , وَحُسْنَ عِبَادَتِكَ، وَأَسْأَلُكَ قَلْبًا سَلِيمًا , وَلِسَانًا صَادِقًا، وَأَسْأَلُكَ مِنْ خَيْرِ مَا تَعْلَمُ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا تَعْلَمُ، وَأَسْتَغْفِرُكَ لِمَا تَعْلَمُ، إِنَّكَ عَلَّامُ الْغُيُوبِ ))

«Аллоҳим, мен Сендан ишдаги устиворлик, тўғри йўлдаги сабот, неъматларингга шукрона келтириш, Сенга чиройли ибодат қилишни сўрайман! (Аллоҳим), Сендан соғлом қалб, ростгўй тилни тилайман! Аллоҳим, Сендан Ўзинг билган нарсанинг яхшироғини тилаб, Сенга Ўзинг билган нарсаларнинг ёмонроғидан сиғинаман! Сен билган нарсалар учун Сендан мағфират тилайман! Дарҳақиқат, Сен – ғайб ишларни билгувчисан!» (Табароний «ад−Дуъа» 631).

(( اللَّهُمَّ، رَبَّ النَّبِيِّ مُحَمَّدٍ، اغْفِرْ لِي ذَنْبِي، وَأَذْهِبْ غَيْظَ قَلْبِي، وَأَجِرْنِي مِنْ مُضِلاَّتِ الْفِتَنِ مَا أَحْيَيْتَنَا ))

«Эй, пайғамбар Муҳаммаднинг Робби! Гуноҳларимни мағфират қил, кўнглимнинг ғазабини кетказ! Модомики тирик эканман, мени адаштирувчи фитналардан асра!» (Имом Аҳмад 27111).

(( اللَّهُمَّ، رَبَّ السَّمَاوَاتِ وَرَبَّ الْأَرْضِ، وَرَبَّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ، رَبَّنَا، وَرَبَّ كُلِّ شَيْءٍ، فَالِقَ الْحَبِّ وَالنَّوَى، وَمُنْزِلَ التَّوْرَاةِ وَالْإِنْجِيلِ وَالْفُرْقَانِ، أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ كُلِّ شَيْءٍ أَنْتَ آخِذٌ بِنَاصِيَتِهِ، اللَّهُمَّ أَنْتَ الْأَوَّلُ فَلَيْسَ قَبْلَكَ شَيْءٌ، وَأَنْتَ الْآخِرُ فَلَيْسَ بَعْدَكَ شَيْءٌ، وَأَنْتَ الظَّاهِرُ فَلَيْسَ فَوْقَكَ شَيْءٌ، وَأَنْتَ الْبَاطِنُ فَلَيْسَ دُونَكَ شَيْءٌ، اقْضِ عَنَّا الدَّيْنَ وَأَغْنِنَا مِنْ الْفَقْرِ ))

«Аллоҳим! Эй, Еру Кўкларнинг, Буюк аршнинг эгаси! Эй Роббимиз ва барча нарсанинг Робби! Дону уруғларни ёрган, Таврот, Инжил ва Қуръонни нозил қилган Зот, Сенга пешонасидан тутганинг барча нарсанинг шарридан сиғинаман! Аллоҳим, Сен – Биринчисан ва Сендан аввал бирон зот йўқдир! Сен – Охиргисан ва Сендан кейин бирон зот йўқдир! Сен – Зоҳирсан ва Сенинг устингда бирон зот йўқдир! Сен – Ботинсан ва Сендан кейин бирон зот йўқдир! Қарзимизни уз ва бизни фақирликдан беҳожат қил!» (Имом Муслим 4888).

(( اللَّهُمَّ، آتِ نَفْسِى تَقْوَاهَا، وَزَكِّهَا أَنْتَ خَيْرُ مَنْ زَكَّاهَا، أَنْتَ وَلِيُّهَا وَمَوْلاَهَا ))

«Аллоҳим, нафсимнинг тақвосини бер ва уни покла. Зеро Сен энг яхши покловчисан. Сен нафсимнинг валийси ва ҳожасисан!» (Имом Муслим 7081).

(( اللَّهُمَّ، إِنِّى أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْعَجْزِ وَالْكَسَلِ، وَالْجُبْنِ وَالْهَرَمِ، وَالْبُخْلِ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ عَذَابِ الْقَبْرِ ))

«Аллоҳим, Сенга ожизлик ва танбалликдан, қўрқоқлик, кексалик ва қурумсоқликдан ҳамда қабр азобидан сиғинаман!» (Имом Муслим 7048).                

(( اللَّهُمَّ، لَكَ أَسْلَمْتُ، وَبِكَ آمَنْتُ، وَعَلَيْكَ تَوَكَّلْتُ، وَإِلَيْكَ أَنَبْتُ، وَبِكَ خَاصَمْتُ. اللَّهُمَّ، إِنِّى أَعُوذُ بِعِزَّتِكَ، لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ، أَنْ تُضِلَّنِى، أَنْتَ الْحَىُّ الَّذِى لاَ يَمُوتُ، وَالْجِنُّ وَالإِنْسُ يَمُوتُونَ ))

«Аллоҳим, Сенга таслим бўлдим, иймон келтирдим, таваккул қилдим ва қайтдим! Сен сабабли (душманларга қарши) курашдим. Аллоҳим, Сендан бошқа илоҳ йўқдир, Сенинг иззатинг билан мени адаштирмаслигинг учун Сенга сиғинаман!  Сен ўлмайдиган тирик Зотсан! Жин ва инсонлар эса ўладилар» (Имом Муслим 7074).

(( اللَّهُمَّ، إِنِّى أَعُوذُ بِكَ مِنْ عِلْمٍ لاَ يَنْفَعُ، وَمِنْ قَلْبٍ لاَ يَخْشَعُ، وَمِنْ نَفْسٍ لاَ تَشْبَعُ، وَمِنْ دَعْوَةٍ لاَ يُسْتَجَابُ لَهَا ))

«Аллоҳим, мен Сенга фойда бермайдиган билимдан, юмшамайдиган кўнгилдан, тўймайдиган нафсдан ва ижобат қилинмайдиган дуодан сиғинаман!» (Имом Муслим 7081).

(( اللَّهُمَّ، جَنِّبْنِي مُنْكَرَاتِ الأَخْلاقِ، وَالأَعْمَالِ، وَالأَهْوَاءِ، وَالأدْوَاءِ ))

«Аллоҳим, мени ёмон ахлоқ, ёмон амал, ёмон истак ва касалликлардан йироқ қил!» (Табароний «ал−Мўъжамул кабийр» 15379).

(( اللَّهُمَّ، أَلْهِمْنِي رُشْدِي، وَأَعِذْنِي مِنْ شَرِّ نَفْسِي ))

«Аллоҳим, мени тўғри йўлимга илҳомлантир ва нафсимнинг шумлигидан асра!» (Баззор 3580).

((اللَّهُمَّ، اكْفِنِى بِحَلاَلِكَ عَنْ حَرَامِكَ، وَأَغْنِنِى بِفَضْلِكَ عَمَّنْ سِوَاكَ ))

«Аллоҳим, мени ҳалолинг билан ҳаромингдан, марҳаматинг билан Ўзингдан бошқалардан беҳожат қил!» (Термизий 3911, Имом Аҳмад 1319).

((اللَّهُمَّ، إِنِّى أَسْأَلُكَ الْهُدَى، وَالتُّقَى، وَالْعَفَافَ، وَالْغِنَى))

«Аллоҳим, мен Сендан ҳидоят, тафво, иффат ва беҳожатликни тилайман!» (Имом Муслим 7079, Термизий 3827).

(( اللَّهُمَّ، إِنِّى أَسْأَلُكَ الْهُدَى وَالسَّدَادَ ))

«Аллоҳим, мен Сендан ҳидоят ва тўғриликни сўрайман!» (Имом Муслим 7078, Имом Аҳмад 1168).

((اللَّهُمَّ، إِنِّي أَسْأَلُكَ مِنَ الْخَيْرِ كُلِّهِ عَاجِلِهِ وَآجِلِهِ، مَا عَلِمْتُ مِنْهُ وَمَا لَمْ أَعْلَمْ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنَ الشَّرِّ كُلِّهِ عَاجِلِهِ وَآجِلِهِ، مَا عَلِمْتُ مِنْهُ وَمَا لَمْ أَعْلَمْ، اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ مِنْ خَيْرِ مَا سَأَلَكَ عَبْدُكَ وَنَبِيُّكَ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا عَاذَ بِهِ عَبْدُكَ وَنَبِيُّكَ، اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ الْجَنَّةَ وَمَا قَرَّبَ إِلَيْهَا مِنْ قَوْلٍ أَوْ عَمَلٍ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنَ النَّارِ وَمَا قَرَّبَ إِلَيْهَا مِنْ قَوْلٍ أَوْ عَمَلٍ، وَأَسْأَلُكَ أَنْ تَجْعَلَ كُلَّ قَضَاءٍ قَضَيْتَهُ لِي خَيْرًا ))

«Аллоҳим, мен Сендан яхшиликнинг ҳаммасини – ҳозирги ва келгусидагисини, улардан билганларим ва билмаганларимни тилайман. Аллоҳим, Сенга ёмонликнинг ҳаммаси – ҳозирги ва келгусисидан, улардан билганларим ва билмаганларимдан сиғинаман. Аллоҳим, мен Сендан банданг ва пайғамбаринг тилаган нарсаларни тилайман ва банданг ва пайғамбаринг сиғинган нарсалардан Сенга сиғинаман! Аллоҳим, мен Сендан жаннатни ва жаннатга яқинлаштирадиган сўз ва амални сўраб, Сенга жаҳаннамдан ва жаҳаннамга яқинлаштирадиган сўз ва амалдан сиғинаман! Мен Сендан қилган барча ҳукмингни мен учун яхшилик қилишингни тилайман!» (Ибн Можа 3846).

(( لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ، يُحْيِي وَيُمِيتُ، بِيَدِهِ الْخَيْرُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ ))

«Якто, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ! Эгадорлик ва ҳамду санолар Унингдир! (У) тирилтиради ва ўлдиради. Яхшиликлар Унинг қўлидадир! Ҳолбуки, У – барча нарсага қодирдир» (Имом Аҳмад 27086).

(( سُبْحَانَ اللهِ، وَالْحَمْدُ لِلَّهِ، وَلاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ، وَاللَّهُ أَكْبَرُ، وَلاَ حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ إِلاَّ بِاللَّهِ الْعَلِيِّ الْعَظِيمِ ))

«Аллоҳни (мушриклар сифатлаётган нолойиқ сифатлардан) поклайман! Ҳамду санолар Унингдир! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир ва Аллоҳ буюкроқдир! Куч ва қудрат Азийм ва Буюк Аллоҳ биландир! » (Ибн Можа 3878).

((اللَّهُمَّ، صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ، وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ، وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ. اللَّهُمَّ، بَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ، وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا بَارَكْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ، وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ ))

«Аллоҳим, Муҳаммад ва Муҳаммаднинг оиласига, Иброҳим ва Иброҳимнинг оиласига салавот ёғдрганингдек салавот ёғдир! Дарҳақиқат, Сен – мақтов ва ҳамду санога лойиқ Зотсан! Аллоҳим, Муҳаммад ва Муҳаммаднинг оиласига, Иброҳим ва Иброҳимнинг оиласига барака ёғдрганингдек барака ёғдир! Дарҳақиқат, Сен – мақтов ва ҳамду санога лойиқ Зотсан!» (Имом Бухорий 3370, Абу Довуд 980).

﴿ رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا حَسَنَةً وَفِي الْآخِرَةِ حَسَنَةً وَقِنَا عَذَابَ النَّارِ

«Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қилгин, охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин» (Бақара: 201).

Арафотда ҳожининг юқоридаги ёки уларнинг маъносидаги дуо ва зикрлар ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавоту саломларни такрорлаши ва Аллоҳ таолодан дунё ва охиратнинг бахту саодатини тилаши, мустаҳабдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилсалар, уни уч марта такрорлар эдилар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиш керак. Мусулмон бу ўринда Роббисига берилган, мутавозе, итоатли, Унинг ҳузурида мунгли бўлиб раҳмати ва мағфиратидан умидвор, азоби ва интиқомидан қўрққан, ўзини сарҳисоб қилган, чин тавбасини янгилаган бўлиши керак. Чунки бу кун буюк кун ва муаззам йиғин бўлиб, Аллоҳ таоло унда бандаларига эҳсонларини ёғдиради, улар билан фаришталарга ғурурланади ва жаҳаннамдан кўплаб инсонларни озод қилади. Шайтон у кундагидек ўта таҳқирланган, ўта митти ва ўта хор ҳолатда фақатгина Бадр куни кўринган. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Оиша разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисини ривоят қилган: «Аллоҳ таолонинг Арафа куни жаҳаннамдан бандаларни озод қилганидек бошқа кун йўқдир. Аллоҳ (Ер юзига) яқинлашади ва фаришталарга мақтаниб: Улар нимани хоҳлашаяпти?,− деб сўрайди» (Имом Муслим 3354).

Мусулмонлар Аллоҳни ўзларидан кўра яхшироқ деб билишлари, душманлари бўлмиш Шайтонни хорлашлари, кўплаб зикр ва дуо қилишлари, истиғфор ва барча гуноҳ ва хатолардан тавба этишлари керак. Ҳожилар бу маконда қуёш ботгунига қадар зикр, дуо ва ёлбориш билан банд бўлишади. Қуёш ботганидан сўнг эса, хотиржамлик ва вақор билан Муздалифа сари йўлга тушадилар. Талбияни кўп айтадилар ва кенг жойларга келганда тезроқ юрадилар. Қуёш ботишидан илгари йўлга тушиш мумкин эмас. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёш отгунича Арафотда турганлар ва: «Мендан (ҳаж) ибодатларингизни олинглар!» деганлар (Байҳақий «ас−Сунанул кубро» 9796).

Ҳожилар Муздалифага етиб келгач, шом намозини уч ва ҳуфтон намозини икки ракаат қилиб, битта азон ва икки иқомат билан жамлаб, етиб келган намоз шом бўлса шом намози вақтида, ҳуфтон бўлса ҳуфтон намозининг вақтида ўқийдилар. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар.

Баъзи авом одамларнинг Муздалифага етиб келгач намоздан илгари Жамарот тошларини теришлари ва буни машру деб тушунишлари, асоси бўлмаган хатодир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Машъардан Минога қайтгач тошни теришга буюрганлар. Минонинг қаеридан бўлса ҳам тош терилса бўлаверади. Уни Муздалифадан териш шарт деган нарса йўқ. Уни Минодан териш жоиздир. Суннат эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиб ўша куни еттита тошни теришдир. Қолган уч кунда эса, ҳар куни Минодан йигирма битта тош териб, уларни учта Жамрадан отади.

Тошларни ювиш мустаҳаб эмас, аксинча, уларни ювмай отилади. Чунки тошларни ювиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам, саҳобаларидан ҳам нақл қилинмаган. Жамаротга отилган тошларни эса (қайта) отилмайди.

Ҳожи у кеча Муздалифада тунайди. Кучсиз бўлган хотин−қизлар, болалар ва кексаларнинг, Оиша, Умму Салама ва бошқа саҳоба разияллоҳу анҳумларнинг ривоятларига кўра, туннинг охирида Минога тушишлари жоиздир. Улардан бошқа ҳожилар бамдод намозини ўқигунларича Муздалифада қолишлари ва Машъарул Ҳаром олдида тўхтаб қиблага юзланишлари, Аллоҳнинг зикри, такбир ва дуолар билан уфқ сарғайгунича Аллоҳга илтижо қилиб туришлари керак. Дуо асносида қўлларини кўтаришлари мустаҳабдир. Муздалифанинг қерида турсалар ҳам жоиздир. Уларнинг Машъарга яқин ёки унинг устига чиқишлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларига кўра фарз эмасдир: «Мен ўша ерда –яъни, Муздалифада– турдим. Муздалифанинг ҳар ери – мавқиф (турадиган жой)дир». Имом Муслим ривояти (3011) (Абу Довуд 1937).

Уфқ сарғайгач, ҳожилар қуёш ботишидан илгари Минога туша бошлайдилар. Юришлари асносида талбияни кўп айтадилар. Меҳсарга етиб келганларида бир оз тезроқ юришлари мустаҳабдир.

Минога етиб келгач Ақаба жамраси олдида талбия айтишни тўхтатадилар. Ақабага етиб келишлари биланоқ еттита тошни отадилар. Ҳар бир тошни отар экан қўлларини кўтариб, такбир айтадилар. Ҳожининг тошни отаётган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам каби Каъбани чап ва Минони ўнг тарафига олган вазиятда Водийнинг ўртасидан отиши, мустаҳабдир.

Аслида, қайси тарафдан отса ва тош ҳовузга тушса, жоиздир. Тошнинг отилган нишон ичида қолиши эмас, нишонга тегиши шартдир. Агар нишонга тегиб, ҳовуздан ташқарига чиқиб кетса ҳам, уламолар каломининг зоҳирига кўра раводир. Буни Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ «Шарҳул муҳаззаб» китобида очиқ айтган. Отиладиган тошлар соҳил тошларидек, нўхатдан бир оз каттароқ бўлади.

Ақаба жамрасини отиб бўлгач қурбонлигини сўяди. Туя ва бошқа ҳайвонларни сўйиш пайтида: «Бисмиллаҳ, валлоҳу акбар! Ҳаазаа минка ва лака!» (Аллоҳнинг номи билан! Аллоҳу акбар! Аллоҳим, бу (қурбонлик) Сендан ва Сен учун!)− дейди ва қиблага юзланади. Туяни чап қўлини тушовлаб, тик турган пайтида, қорамол ва чўйларни эса чап томони билан ётқизиб сўйиш суннатдир. Агар қиблага юзланиб сўймаса суннатни тарк қилган бўлади ва қурбонлиги раводир. Чунки сўйиш асносида қиблага қаратиш суннат бўлиб, фарз эмасдир. Ўз қурбонлигининг гўштидан ейиши, бошқаларга садақа ва совға қилиб бериши, Аллоҳнинг қуйидаги қавлига кўра, мустаҳабдир:

﴿ فَكُلُوا مِنْهَا وَأَطْعِمُوا الْبَائِسَ الْفَقِيرَ

«Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверинглар, бечора камбағалларга ҳам едиринглар» (Ҳаж: 48). Қурбонлик қилиш вақти, уламоларнинг соғлом қавлларига кўра, Ҳайит кунидан бошлаб, Ташриқ кунларининг учинчи кунида қуёш ботгунича давом этади. Шундай қилиб қурбонлик қилиш кунлари Қурбон ҳайити ва ундан кейинги уч кун (ҳаммаси бўлиб тўрт кун) бўлади.

Туя ёки бошқа ҳайвонларни сўйганидан кейин сочини қирдиради ёки қисқартиради. Сочни қирдириш афзалдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларини қирдирганларга уч марта, калтайтирганлар учун эса бир марта раҳмат ва баракот ёғдириши учун Аллоҳга дуо қилганлар. Сочни калтайтирар экан бошнинг бир қисмидаги сочларни эмас, билъакс, худди қирдирганидек ёппасига қисқартириш лозим. Хотин−қизлар сочларининг ҳар ўримидан бармоқ бўғимича ёки ундан кўра озроқ сочни кесадилар.

Ақаба тошларини отиб, сочларни қирдириш ёки қисқартиришдан сўнгра ҳожига рафиқаларга жинсий алоқа қилишдан бошқа эҳромнинг барча таъқиқлари бекор бўлиб, эҳромдан чиқади. Бу – эҳромдан биринчи марта чиқишдир. Эҳромдан чиққани маҳал атир қўйиши ва Ифоза тавофини қилиш учун Маккага йўл олиши суннатдир. Чунки Оиша разияллоҳу анҳо шундай деган: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эҳром боғлашларидан илгари эҳромлари учун ва эҳромдан чиққач Каъбани тавоф қилишлари учун хушбўйлаб қўяр эдим» (Имом Бухорий 1439, Имом Муслим 2883). Бу тавофни «Ифоза» ёки «Зиёрат» тавофи деб аталади. Ифоза тавофи ҳаж рукнларидан бири бўлиб, усиз ҳаж тўкис бўлмайди. Аллоҳ таолонинг қуйидаги қавлидан мақсад ҳам Ифоза тавофидир:

﴿ ثُمَّ لْيَقْضُوا تَفَثَهُمْ وَلْيُوفُوا نُذُورَهُمْ وَلْيَطَّوَّفُوا بِالْبَيْتِ الْعَتِيقِ

«Сўнгра (қурбонлик қилганларидан кейин) улар кирларини кетказсинлар (яъни эҳромдан чиқиб, сочларини олдириб, тоза либосларини кийсинлар), назрларини (яъни зиммаларидаги ҳаж мажбуриятларини) тўла адо қилсинлар ва «Эски Уй»ни тавоф қилсинлар!» (Ҳаж: 29).          

Таматтуъ ҳажини қилаётган ҳожи тавофни қилиб ва Иброҳим алайҳиссалом мақоми орқасида икки ракаат намозни ўқигач, Сафо ва Марва тепаликлари орасида саъй қилади. Бу саъй ҳажи учун , аввал қилган саъйи эса умраси учундир.

Уламолар қавлларининг саҳиҳига кўра, битта саъй етарли эмас. Оиша разияллоҳо анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг қурбонлиги ёнида бўлса, умра билан бирга ҳаж учун эҳром боғласин. Сўнгра, ҳар иккисидан эҳромдан чиқмагунича эҳромини ечмасин»− дедилар. … Умрага эҳром боғлаганлар Каъбани тавоф қилгач, Сафо ва Марва оралиғида саъй қилиб, эҳромдан чиқдилар. Сўнгра Минодан қайтгач ҳажлари учун бошқа тавоф қилдилар» (Имом Бухорий 1556, Имом Муслим 2968).

Оиша разияллоҳу анҳо умра учун эҳром боғлаган, сўнгра ҳажлари учун Минодан қайтгач бошқа тавоф қилган кишилар ҳақидаги жумласи билан, мазкур ҳадиснинг шарҳида қавлларнинг қувватлироғи Сафо билан Марва оралиғида тавоф қилишни қасд қилганини ифодалайди. У, бу гапи билан Ифоза тавофини назарда тутган эди, деб айтаётганларнинг тушуниши нотўғридир. Чунки, Ифоза тавофи у ердаги барча ҳожиларнинг ҳаққи бўлиб, улар буни қилишган эди. Унинг бу гапидан мақсад таматтуъ ҳажини қасд қилган одамга тегишлидир. Яъни, Минодан қайтгач ҳажини тўкис қилиш учун Сафо ва Марва оралиғида иккинчи марта тавоф қилишдир. Бу, алаҳамдулиллаҳ, равшандир ва аксар уламоларнинг қавлидир. Яна гапимизнинг тўғри эканига Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ»да илова ўлароқ Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан жазм билан нақл қилган ушбу ҳадис ҳам далолат қилади: Унга таматтуъ ҳажи ҳақида савол берилганида шундай жавоб берди: «Муҳожирлар, ансорлар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рафиқалари Видолашув ҳажида эҳром боғладилар. Биз ҳам эҳром боғладик. Маккага етиб келганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳажингиз учун боғлаган эҳромингизни умра айлантиринглар! Қурбонлигини олиб келганлар ундай қилмасин!»− дедилар ва биз Каъбани тавоф, Сафо ва Марва оралиғида саъй қилиб, хотинларнинг олдига бориб, кийимларимизни кийдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қурбонлигини ўзи билан бирга олган одамлар, қурбонликлари сўйилмагунича эҳромдан чиқмайди»− дедилар. Сўнгра бизни Тарвия куни эрталаб ҳаж учун эҳром боғлашга буюрдилар. Маносикларни адо этганимиздан сўнгра келиб, Каъба, Сафо ва Марвани тавоф қилдик» (Имом Бухорий 1572).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг ривояти таматтуъ қилмоқчи бўлган одамнинг икки марта саъй қилишини очиқ кўрсатиб турибди. Валлоҳу аълам.

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ эса Жобир разияллоҳу анҳунинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари Сафо ва Марва оралиғида бир мартагина тавоф қилдилар» ривоятини келтирган (Имом Муслим 3001). Бу – уларнинг биринчи тавофлари эди. Бундан қурбонликларини ўзлари билан бирга олиб келган саҳобаларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эҳромда қолганлари ва умра ва ҳажларидан битта эҳром билан чиққанларини кўрсатмоқда. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаж ва умрага нийят қилган бўлса, қурбонликларини ўзлари билан бирга олиб келган саҳобаларни (битта эҳром боғлаб,) умра қилиш билан бирга ҳаж қилишга ва эҳромдан иккисидан бирданига чиқишга буюрган эдилар.

Жобир разияллоҳу анҳу ва бошқалар ривоят қилган саҳиҳ ҳадислар, қорин ҳажини нийят қилган одамнинг битта саъй қилишига далолат қилмоқда.

Шунингдек, фақатгина ҳаж қилишга нийят қилган муфрид ҳожи, Қурбон ҳайити кунигача эҳромида қолади ва биттагина саъй қилади. Қорин ва муфрид ҳожилар Қудум тавофидан сўнгра саъй қилган бўлсалар, шу саъйларни кифоя қилиб, Ифоза тавофидан сўнгра саъй қилмайдилар. Бу – Оиша ва Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумолар ривоят қилган ҳадис билан, Жобир разияллоҳу анҳуниг мазкур ҳадисини боғлашдир. Шу билан ўзао зиддият йўқолиб, ҳадисларнинг барчасига амал қилиш амалга ошади.

Бу боғлиқликни Оиша ва Ибн Аббос разияллоҳу анҳумолар ривоят қилган ҳадиснинг саҳиҳлиги қувватлайди. Улар таматтуъ ҳажини қилаётган одамнинг иккинчи саъйни қилишини исботлайди. Жобир разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиснинг зоҳири эса буни рад этади. Усул ва Ҳадис истилоҳлари фанларида мусбат нарса манфийдан муқаддам қўйилиши таъкидланган. Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ!

 

ФАСЛ

Қурбон ҳайити куни ҳожи қиладиган афзал ишлар

Ҳожининг Қурбон ҳайити кунида юқорида айтиб ўтилган тўртта ишни тартиб билан қилиши афзалдир:

1 – Ақаба жамрасининг тошини отиш.

2 – Қурбонлик сўйиш.

3 – Сочни қирдириш ёки қисқартириш.

4 – Таматтуъ ва ифрод ҳажига нийят қилганлар учун Ифоза тавофи ҳамда Сафо ва Марва оралиғида саъй қилиш. Ифоза ҳажини қилишга нийят қилган ҳожи ҳам Қудум тавофидан кейин қилмаган бўлса, саъй қилади.

Бу тартибда кейин келган амални олдинги амалдан илгари қилса, олдин келган амални кейин келган амалдан сўнгра қилса, зарари йўқ. Чунки бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рухсат берганлар. Бунга тавофдан илгари саъй қилиш ҳам киради. Чунки, у ҳам Қурбон ҳайити куни қилинади ва саҳоба қавлининг таҳтига киради. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўша куни олдин ёки кейин қилиб қўйилган амалнинг ҳукми ҳақида савол берилагнида: «Қилаверинг, зарари йўқ!»− деб жавоб берганлар (Имом Бухорий 83, Имом Муслим 3216). Зеро унутиш ёки билмаслик оқибатида саъйни тавофдан илгари қилиб қўйиш мумкин. Шунинг учун ҳам уни ўша умумий қоида таҳтига дохил қилиш лозим. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавоф қилишдан илгари саъй қилиб қўйган одам ҳақидаги саволга: «Зарари йўқ» дея жавоб берганлари собитдир. Бу ҳадисни Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Усома ибн Шарик разияллоҳу анҳудан саҳиҳ санад билан нақл қилган (2017). Бундан, мазкур масъаланинг ҳам умумий қоида таҳтига дохил эканида шубҳа қолмайди. Аллоҳ муваффақ қилгувчи зотдир!

Ҳожи эҳромидан учта амални: Ақаба тошларини отиш, сочларни қириш ёки қисқартириш, ҳозиргина айтиб ўтганимиздек, Ифоза тавофини қилгач саъй қилиш билан бутунлай чиқади. Агар шу учта амални қилиб бўлса, унга эҳромни боғлаш билан ҳаром қилинган хушбўйланиш, жинсий алоқа каби таъқиқлар бекор бўлади. Агар мазкур уч амалдан иккитасини қилса, хотинлардан бошқа барча таъқиқлар бекор бўлади ва буни «Эҳромдан биринчи чиқиш» деб аталади.

Ҳожининг Замзам сувидан (қониб) ичиши ва ундан қоринларининг ғўлдираши, қодир бўлганича фойдали дуоларни қилиши, мустаҳабдир. Замзам суви нима нийятда ичилса ўша нийятга кўра бўлади. Бу ҳақда Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абу Зарр разияллоҳу анҳунинг ушбу ривоятини келтирган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Замзам суви ҳақида: «У, очликни кетказади» деганлар» (Имом Муслим 6513). Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ бунга: «Касалликлар шифосидир» жумласини қўшимча қилган.

Ифоза тавофи ва саъй қилиши керак бўлган ҳожилар, саъйларидан сўнгра Минога қайтадилар ва у ерда уч кеча ва уч кундуз қоладилар. Бу уч кун мобайнида қуёш заволдан оғганидан кейин уччала жамаротда тош отадилар. Бунда жамаротлар тартибига риоя қилиш шарт.

Бунинг учун биринчи Жамаротдан бошлайди. У, Хайф масжиди тарафидагисидир. Ҳожи еттита тошни пайдарпай отиб, ҳар тошни отишида қўлларини кўтаради. Жамаротдан бир оз орқага кетиб, уни чап томонига олиб, Каъбага юзланиб, қўлларини кўтариб ёлборган ҳолатида кўп дуо қилиши, суннатдир.

Кейин иккинчи Жамаротда ҳам худди биринчисидагидек тош отади. Бироқ, унда тош отганидан кейин бир оз олдинга чиқиб, Жамаротни ўнг томонига олиб, Каъбага юзланиб, қўлларини кўтариб, дуо қилади.

Учинчи Жамаротда тошларни отиб бўлгач, унинг ёнида (дуо қилиш учун) турмайди.

Ташриқ кунларининг иккинчисида ҳам, заволдан сўнгра тошларни отади ҳамда биринчи ва иккинчи Жамаротлар олдида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиб, худди биринчи кунда қилганидек ишларни қилади.

Ташриқ кунларининг биринчи ва иккинчи кунларидаги тош отишлар ҳаж фарзларидан бири бўлиб, биринчи ва иккинчи кунлари Минода тунаш ҳам фарздир. Бироқ, мешкопчи, чўпон ва улар ҳукмидаги одамлар учун фарз эмасдир.

Мазкур икки кунда тошларни отиб бўлгач Минодан чиқишни хоҳлаган одам, қуёш ботишидан илгари чиқиб кетиши жоиздир. Бироқ, учинчи кечани ҳам Минода тунаб, учинчи куни тошларни отиши афзал ва бунинг савоби кўпдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:

﴿ وَاذْكُرُوا اللَّهَ فِي أَيَّامٍ مَعْدُودَاتٍ فَمَنْ تَعَجَّلَ فِي يَوْمَيْنِ فَلَا إِثْمَ عَلَيْهِ وَمَنْ تَأَخَّرَ فَلَا إِثْمَ عَلَيْهِ لِمَنِ اتَّقَى

«Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилингиз! Ким икки кунда шошилиб (зикрни тўхтатса) унга гуноҳ йўқ, ким кейинда (учинчи кунга ҳам) қолса, унга-да гуноҳ йўқдир. (Мазкур ҳукмлар) тақводор кишилар учундир» (Бақара: 203).

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг Минодан кетишларига рухсат берган, аммо ўзлари чиқиб кетмаган ва (зулҳижжа) ойининг ўн учинчи куни тошларни завол маҳалидан кейин отиш учун Минода тунаган, тошларни отиб бўлгач пешин намозини ўқишдан илгари йўла чиққан эдилар.

Қувватсиз ёш боланинг валийси ўз тошларини отиб бўлгач, боласининг тошларини ҳам Ақаба ва бошқа жамаротларда отса бўлади. Қувватсиз ёш қизчанинг валийси ҳам унинг номидан тошни отса бўлади. Бунга далил Ибн Можа келтирган ва Жобир разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисдир: «Биз ёнимизда хотин−қизлар ва болалар билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ила ҳаж қилдик ва болалар номидан талбия айтиб, улар номидан тош отдик» (Ибн Можа 3038).   

Бирон касаллик ёки кексалик ёхуд вазн оғирлиги сабабли тош отишга қодир бўлмаган одамнинг тош отиш ваколатини бошқаларга бериши, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига кўра, жоиздир:

﴿ فَاتَّقُوا اللَّهَ مَا اسْتَطَعْتُمْ

«Қодир бўлганингизча Аллоҳдан тақво қилингиз!» (Тағобун: 16).

Чунки, санаб ўтилган одамлар Жамаротлар олдидаги тиқилинчга бардош бера олмай, тош отиш учун белгиланган вақт ўтиб кетиб қолиши мумкин ва унинг қазоси йўқдир. Шу боис уларнинг, бошқа маносик−ҳаж ибодатларидан фарқли ўлароқ, бошқаларга отиш ваколатини беришлари жоиздир. Эҳромдаги одам гарчи ўз ҳажи нафл бўлса ҳам, ҳаж ибодати ичидаги тош отишдан бошқа амалларни бажариш учун бошқалар номидан ҳаракат қилиш ҳаққига эга эмас. Чунки ҳаж ёки умра учун эҳром боғлаган одам, гарчи ҳар иккиси ҳам нафл бўлсада, Аллоҳ таолонинг қавлига кўра ҳар иккисини тўкис қилиши керак:

﴿ وَأَتِمُّوا الْحَجَّ وَالْعُمْرَةَ لِلَّهِ

«Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун комил суратда адо қилинг!» (Бақара: 196).

Тавоф ва саъй қилиш учун белгиланган вақт эса, тош отиш вақтига зид ўлароқ, ўтиб кетмайди. Аммо Арафотда туриш, Муздалифа ва Минода тунаш замони ўтиб кетиши мумкин. Бу вақтни кучсиз одам қийналиб бўлсада ўтказиши мумкин. Бироқ, тошни бевосита ўзининг отиши унга анчагина машаққатли бўлиши мумкин. Ҳолбуки, бошқа амалларга хилоф ўлароқ тош отиш ваколатини бошқага бериш, узрли одамнинг ҳаққи экани салаф солиҳдан ворид бўлган.

Ибодатлар Аллоҳ тарафидан белгиланган бўлиб, биров ҳужжат билангина ибодат чиқариши машрудир. Ноиб (вакил) ҳар бир Жамарот олдида туриб бирданига ўзи ва ваколат берган одам номидан тош отиши мумкин. Унинг аввал уччала Жамаротда ўз номидан тош отиб, кейин тош олиб келиш учун орқасига қайтиб келиши шарт эмас. Уламоларнинг кучли қавлларига кўра ва далилу ҳужжати бўлмагани учун, шундайдир. Қолаверса, бундай қилиши унга машаққат туғдириши мумкин. Чунки Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло:

﴿ وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ

«ВаАллоҳ (йўлида) ҳақиқий жиҳод қилингиз! Унинг Ўзи сизларни (шу муқаддас дин учун) сайлади ва бу динда сизларга бирон хараж-танглик қилмади» деган бўлса (Ҳаж: 78), Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар!»− деганлар (Имом Бухорий 69, Имом Муслим 4626). Бундан ташқари, саҳобаларнинг ҳам фарзандлари ва ночор саҳобалар номидан тош отган пайтларида аввал ўзларига отиб, кейин кетиб ваколатини берган одамлар номидан тош отганлари нақл қилинмаган. Агар шундай қилишган бўлса эди, бизга нақл қилинарди. Зеро ундай ҳолатни нақл қилишга саҳобаларнинг ҳимматлари анчагина баланд эди. Валлоҳу аълам!

 

ФАСЛ

Таматтуъ ва қирон ҳажи қилганларга қурбонлик сўйишнинг фарзлиги

Таматтуъ ва қирон ҳажи учун эҳром боғлаган ва Ҳарам аҳли бўлмаган ҳожининг қон чиқариши – қўй ёки туя ва қорамолнинг еттидан бир ҳиссасини қурбонлик қилиши, фарздир. Бу қурбонлик ҳалол ва машру тирикчилик йўллари билан топилган пулдан бўлиши шартдир. Чунки Аллоҳ таоло Покдир ва пок нарсаларнигина қабул қилади.

Мусулмон, Аллоҳ таоло унга ўз молидан қурбонлик қилишга имкон берган бўлса подшоҳ ёки бошқа одамлардан қурбонлик ва бошқа нарсаларни тиланмаслиги керак. Шундагина Аллоҳ таоло уни одамлар қўлидаги нарсадан беҳожат қилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинган кўплаб ҳадисларда тиланчиликни мазаммат қилиш, айблаш ва ундан воз кечганларни мақташ ворид бўлган.

Қирон ва таматтуъ ҳажини қилаётган одам қурбонлик қилишдан ожиз бўлса, ҳажда уч кун, уйига қайтганида эса етти кун рўза тутади. Уч кунлик рўзасини тутишда эркиндир: хоҳласа Қурбон ҳайитидан илгари тутади, хоҳласа Ташриқнинг уч кунида тутади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

﴿ فَمَنْ تَمَتَّعَ بِالْعُمْرَةِ إِلَى الْحَجِّ فَمَا اسْتَيْسَرَ مِنَ الْهَدْيِ فَمَنْ لَمْ يَجِدْ فَصِيَامُ ثَلَاثَةِ أَيَّامٍ فِي الْحَجِّ وَسَبْعَةٍ إِذَا رَجَعْتُمْ تِلْكَ عَشَرَةٌ كَامِلَةٌ ذَلِكَ لِمَنْ لَمْ يَكُنْ أَهْلُهُ حَاضِرِي الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ

«(ораларингиздан) ким ҳаж (йўлида) умрадан фойдаланган бўлса (яъни ҳаж мавсумида аввал умра амалларини бажариб, иҳромдан чиқиб, сўнгра ҳажга иҳром боғлаган бўлса), муяссар бўлган бирон ҳадяни юборсин! Ким (ҳадя қиладиган нарса) топа олмаса, уч кун ҳажда, етти кун қайтганидан кейин рўза тутсин! Бу тўла ўн кундир. Ушбу ҳукм аҳли — оиласи Масжид-ал-ҳаромда бўлмаган кишилар учундир» (Бақара: 196).

Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида Оиша ва Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумоларнинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ташриқ кунлари қурбонлиги бўлмаган хотин−қизларгагина рўза тутишни буюрдилар» деганлари келтирилган (Имом Бухорий 1998). Бу ҳадис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга боғланган–марфуъ ҳукмидадир. Афзали эса уч кунлик рўзани Арафа кунигача тутиш ва Арафа куни оғизнинг очиқ бўлишидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оғизлари Арафа кунида очиқ бўлган ва у куни Арафот тоғида рўза тутишни таъқиқлаганлар. Зеро оғизнинг очиқ бўлиши, зикр ва дуоларни қилишга анчагина ёрдамчи бўлади.

У уч кунлик рўзани пайдарпай ва кунларни оралатиб тутиш ҳам жоиздир. Қолган етти кунлик рўзани ҳам пайдарпай тутиш фарз эмас. Аксинча, пайдарпай ва кунларни оратиб тутиш ҳам раводир. Чунки Аллоҳ таоло ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уни падарпай тутишни шарт қилмаган. Етти кунлик рўзани оиласининг ёнига қайтганида тутиши, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига кўра афзалдир:

﴿ وَسَبْعَةٍ إِذَا رَجَعْتُمْ

«ва қайтганидан кейин етти кун рўза тутсин!» (Бақара: 196).

Камбағал одамнинг қурбонлик ўрнига рўза тутиб қўявериши подшоҳ ёки бошқа боён одамдан қурбонлик сўрашидан кўра яхшироқдир. Агар бировдан сўрамаган пайтида қурбонлик берилса, уни сўйса зарари йўқ. Агар биров номидан ҳажжи бадал қилаётган бўлса ва унинг қариндошлари берилган пул ичида қурбонлик учун пул беришни шарт қилишмаган бўлса ҳам, (рўза тутавериши керак). Айрим одамларнинг ҳукумат ёки бошқа жойлардан баъзи одамлар номига ёлғондан жонлиқ талаб қилишларининг ҳаром эканида ҳеч шубҳа йўқдир. Чунки у, алдаб бировнинг ҳаққини олишдир. Аллоҳ таоло бундан бизни ва барча мусулмонларни асрасин!

 

ФАСЛ

Ҳожи ва бошқа одамларнинг амру маъруф қилишларининг фарзлиги ҳақида

Ҳожи ва бошқа одамлар зиммасидаги энг катта фарзлардан бири амру маъруф ва наҳий мункар ҳамда намозларни, Аллоҳ таоло Қуръонида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларида айтганларидек, беш вақт жамоат билан бирга ўқишдир.

Маккаликларнинг масжидларга бормай уйларида намоз ўқишлари, шариатга зид хато бўлиб, ундан қайтариш керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйи масжиддан узоқ, кўзи кўр бўлгани боис уйида намоз ўқиш учун рухсат сўраган аъмо одамдан: «Намоз учун чақириқни эшитасанми?»,− деб сўрадилар ва ундан: Ҳа, деган жавобни олгач: «Унга ижобат қил!»− дедилар (Имом Муслим 1044).

Бир ривоятда: «Мен сиз учун рухсат топа олмаяпман!»− дедилар (Абу Довуд 552).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Намозга буюрсам−у иқомат айтилса, бир одамни буюрсам−у одамларга имомлик қилса, сўнгра, намозда иштирок этмаган одамларниг уйларига бориб устларидан ёқиб юборсам!» (Шу маънодаги ҳадис: Имом Бухорий 2420).

Абу Довуд ва бошқамуҳаддис раҳимаҳумуллоҳларнинг «Сунан» ҳадислар девонида Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ушбу ривоят бор: «Азонни эшитиб келмаган одамнинг узри бўлмаса, намози йўқдир!» (Ибн Можа 793). Имом Муслим раҳимаҳуллоҳнинг «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳумодан ушбу ривоят бордир: «Ким эртага Аллоҳга мусулмон ўлароқ дуч келишни хоҳласа, мана бу намозларни азон айтилган жойларда ўқисин! Чунки Аллоҳ пайғамбарларингизга ҳидоят йўлларини жорий қилди ва намозлар ҳидоят йўлларидир! Агар сизлар уларни намозга келмаган қолоқ каби уйларингизда ўқисангиз, пайғамбарингизнинг суннатини тарк қилган бўласизлар! Пайғамбарингизнинг суннатини тарк қилсангиз, адашасизлар! Таҳорат олган, олганда ҳам таҳоратини чиройли қилган, сўнгра шу масжидлардан бирига йўл олган кишининг босган ҳар қадами учун Аллоҳ бир яхшилик ёзади. У билан бир даражасини кўтариб, битта хатони кечади. Мен намозга бормаганларнинг нифоқи аниқ мунофиқлар бўлганини кўрганман. Бировни икки киши ўртасида олиб келиниб, сафга қўйиларди» (Имом Муслим 1520).

Ҳожи ва бошқаларнинг Аллоҳ ҳаром қилган зино, бесоқолбозлик, ўғрилик, судхўрлик, етимлар молини ноҳақ ейиш, муомалалардаги фирибгарлик, омонатга хиёнат қилиш, маст қилувчи ичимликларни ичиш, тамаки маҳсулотларини чекиш, лунги (шим)ни оёқ ошиқларидан пастга тушириб кийиш, кибрланиш, ҳасад, риёкорлик, ғийбат ва мусулмонларни масхара қилиш, уд, рубоб ва бошқа чолғу асбобларини чалиш, радио ва бошқа жиҳозлардан қўшиқ ва куйларни тинглаш, нарда, шахмат ва қимор ўйнаш, одамзот ва бошқа жонзотлар расмини чизиш каби ишларни қилиш ва уларга рози бўлишдан эҳтиёт бўлишлари фарздир. Чунки буларнинг барчаси Аллоҳ таоло ҳар замон ва ҳар маконда ҳаром қилган ишлардир. Хусусан, бу ишлардан ҳожилар ва Ҳарам ичида яшаётган аҳоли ўта эҳтиёт бўлиши керак. Чунки, бу осуда шаҳар − Маккада қилинган осийликларнинг гуноҳи ва жазоси бошқа жойларда бўлганидан кўра қаттиқроқ ва оғирроқдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

﴿ وَمَنْ يُرِدْ فِيهِ بِإِلْحَادٍ بِظُلْمٍ نُذِقْهُ مِنْ عَذَابٍ أَلِيمٍ

«кимки у жойда зулм-зўравонлик билан йўлдан чиқмоқчи бўлса (буларнинг ҳар бирига) аламли азобдан тотдириб қўюрмиз» (Ҳаж: 25). Модомики Аллоҳ таоло Ҳарам ичида зулм қилишни нийят қилган одамни жазолар экан, уни қилган одамнинг жазоси қандай бўлади?! Шубҳасиз, жазоси ўта оғир ва шафқатсиз бўлади! Шунинг учун ҳам зулм ва бошқа гуноҳлардан йироқ туриш керак.

Мазкур ва Аллоҳ таоло ҳаром қилган бошқа гуноҳларга қўл урмасаларгина, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисида баён қилинганидек, ҳожиларга ҳажнинг тўкислиги ва гуноҳларнинг мағфирати насиб этади: «Ҳаж қилган ва ҳақоратли гапларни айтмаган ва гуноҳларга қўл урмаган одам, онасидан туғилган кундагидек (маъсум) бўлади» (Абу Нуъайм «Ҳилятул авлия ва табақотул асфия» 8/316).

Бу гуноҳларнинг энг ашаддийси ва каттаси − Аллоҳнинг даргоҳида ҳомийлик қилишлари ёки беморларига шифо беришлари ёхуд йўқолган нарсаларини қайтариб беришлари ва шунга ўхшаш умидларни рўёбга чиқаришлари учун мурдалардан мадад ва ёрдам сўраш, уларга назр аташ ва жонлиқ сўйишдир. Бу – Аллоҳ таоло ҳаром қилган иш, жоҳилият мушрикларининг дини, Аллоҳ таоло бекор қилиш ва таъқиқлашлари учун китоблари ва пайғамбарларини юборган катта ширкдир.

Ҳар бир ҳожи ва бошқа одам бу гуноҳдан эҳтиёт бўлиши, агар илгари қилган бўлса Аллоҳга тавба қилиши, тавбасидан сўнгра янгитдан ҳаж қилиши шартдир. Чунки, катта ширк, Аллоҳ таоло айтганидек, қилинган солиҳ амалларни бекор қилади:

﴿ وَلَوْ أَشْرَكُوا لَحَبِطَ عَنْهُمْ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ

«Агар улар мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди» (Анъом: 88).

Аллоҳдан бошқаси – пайғамбар, Каъба, омонат ва бошқа нарсалар номига онт ичиш, бировларнинг кўриши ёки эшитиши учун иш қилиш, «Аллоҳ ва сиз хоҳласангиз» ёки «Аллоҳ ва сиз бўлмаганингизда эди» ёхуд «Бу, Аллоҳдан ва сиздан» каби жумлаларни талаффуз қилиш, кичик ширк турларидан биридир.

Бу каби ширкий гуноҳлардан ҳазир бўлиш ва улардан воз кечишни тавсия этиш, фарздир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳдан бошқаси(нинг номига) онт ичган одам кофир ёки мушрик бўлибди»− деганлар. Бу ҳадисни Имом Аҳмад, Термизий (1535) ва Абу Довуд раҳимаҳумуллоҳлар саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар. «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Умар разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини ривоят қилган: «Ким онт ичса Аллоҳнинг номи билан онт ичсин ёки сукут сақласин!» (Имом Бухорий 2678, 6646).

Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Умар разияллоҳу анҳудан ушбу ривоятни нақл қилган: «Омонатга қасам ичган одам, биздан эмас!» (Абу Довуд 3255).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар учун энг қўрққан нарсам – кичик ширкдир» дедилар ва у ҳақда савол берилганида: «Риёкорлик!»− деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад 24030).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: ««Аллоҳ ва фалончи хоҳласа» деманглар. – Аллоҳ хоҳласа, сўнгра фалончи хоҳласа,− денглар» (Абу Довуд 4982).

Насоий раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ушбу ривоятни келтирган: «Биров: Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ ва Сиз хоҳласангиз!,− деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: «Мени Аллоҳга тенгдош қилдингми! Албатта, Аллоҳнинг ўзи хоҳласа!»− дедилар» (Насоий 10825).

Ушбу ҳадислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавҳид тарафини ҳимоя қилишига, умматини катта ва кичик ширкдан огоҳлантиришига, уларнинг иймонларининг саломатлиги, Аллоҳнинг азоби ҳамда ғазабининг сабабларидан қутилишларига далолат қилади. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни энг яхши мукофотлар билан тақдирласин! Чунки У, пайғомни етказди, Аллоҳ ва бандалари учун насиҳат қилди! Аллоҳ таоло Унга Қиёмат кунигача мудом салавот ва саломлар йўлласин!

Илм аҳлларига мансуб ҳожилар ва Аллоҳнинг осуда шаҳрида истиқомат қилаётганлар одамларга Аллоҳ таоло улар учун машру қилган нарсаларни билдиришлари, Аллоҳ ҳаром қилган ширк ва маъсият турларидан огоҳлантиришлари, буларни далиллар билан тушунтиришлари, одамлар зулматлардан ёруғликка чиқишлари, зиммаларидаги таблиғ ва баённи адо этишлари учун сафарбар бўлишлари керак. Аллоҳ таоло айтди:

﴿ وَإِذْ أَخَذَ اللَّهُ مِيثَاقَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ لَتُبَيِّنُنَّهُ لِلنَّاسِ وَلَا تَكْتُمُونَهُ

«Аллоҳ Китоб берилган кимсалардан «Албатта у Китобни одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар!» — деб аҳд-паймон олган эди» (Оли Имрон: 187).

Бундан мақсад, Уммат олимларини аҳли китоблар ичидан етишиб чиққан ва ҳақиқатни яшириб дунё матоларини охират неъматлари устига афзал кўрган золимлар йўлидан огоҳлантиришдир. Аллоҳ таоло айтди:

﴿ إِنَّ الَّذِينَ يَكْتُمُونَ مَا أَنْزَلْنَا مِنَ الْبَيِّنَاتِ وَالْهُدَى مِنْ بَعْدِ مَا بَيَّنَّاهُ لِلنَّاسِ فِي الْكِتَابِ أُولَئِكَ يَلْعَنُهُمُ اللَّهُ وَيَلْعَنُهُمُ اللَّاعِنُونَ إِلَّا الَّذِينَ تَابُوا وَأَصْلَحُوا وَبَيَّنُوا فَأُولَئِكَ أَتُوبُ عَلَيْهِمْ وَأَنَا التَّوَّابُ الرَّحِيمُ

«Биз нозил қилган ҳужжатлар ва ҳидоятдан иборат (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ пайғамбар эканлиги ҳақидаги) нарсаларни одамларга Китобда (Тавротда) равшан қилиб берганимиздан кейин беркитган кимсаларни шубҳасиз Аллоҳ лаънатлагай ва лаънатловчи зотлар (фаришталар ва мўминлар) лаънатлагайлар. Магар қайсилари тавба қилиб, ўзларини ўнглаб, (одамларга ҳақиқатни) очиқ айтсалар, бас, уларнинг тавбаларини қабул қиламан. Ва фақат Менгина тавбаларни қабул қилгувчи, раҳмлидирман» (Бақара: 159, 160).

Қуръон оятлари ва пайғамбарона ҳадислар Аллоҳ йўлига чорлаш ва бандаларни нима мақсадда яратилган эканликларини билдириш, Аллоҳга энг афзал яқинлик, энг муҳим масъулият ҳамда пайғамларлар ва улар издошларининг Қиёматгача давом этган йўли эканини кўрсатмоқда. Аллоҳ таоло айтди:

﴿ وَمَنْ أَحْسَنُ قَوْلًا مِمَّنْ دَعَا إِلَى اللَّهِ وَعَمِلَ صَالِحًا وَقَالَ إِنَّنِي مِنَ الْمُسْلِمِينَ

«(Одамларни) Аллоҳ(нинг дини)га даъват қилган ва ўзи ҳам яхши амал қилиб, «Шак-шубҳасиз мен мусулмонлардандирман», деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзлагувчи ким бор?» (Фуссилат: 33);

﴿ قُلْ هَذِهِ سَبِيلِي أَدْعُو إِلَى اللَّهِ عَلَى بَصِيرَةٍ أَنَا وَمَنِ اتَّبَعَنِي وَسُبْحَانَ اللَّهِ وَمَا أَنَا مِنَ الْمُشْرِكِينَ

«Айтинг: «Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга — ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро) мен мушриклардан эмасман»» (Юсуф: 108).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир яхши ишни кўрсатса, унга қилган одамнинг савобича савоб берилади» (Имом Муслим 5007) деган бўлсалар, Алий разияллоҳу анҳуга: «Аллоҳ сиз туфайли бир одамни ҳиоятлаб қолса, сизга қизил юнгли туяларингиздан кўра яхшироқдир!»− дедилар, Муттафақун алайҳ (Имом Муслим 6376).

Бу маънодаги ҳадислар талайгина.

Илм ва иймон аҳли Аллоҳ йўлига даъват, бандаларни нажот йўлига иршод қилиш ҳамда ҳалокат омилларидан огоҳлантириш учун хусусан шу аср – нафсу ҳаво ғолиб, ҳалокатли ва алдамчи ғоялар урчиган, ҳидоят даъватчилари камайган, даҳрийлик ва бошбошдоқликка чорловчилар сони кўпайган бир замонда куч ва ғайратларини аямасликлари керак. Аллоҳнинг ўзи бизга мададкор бўлсин! Ла ҳавла ва ла қувввата илла биллаҳил Алиййил Азийм! (Куч ва қудрат Олий ва қудратли Аллоҳ билангинадир!).

 

ФАСЛ

Тоат−ибодатлар заҳирасини олиш

Ҳожилар Маккада турган чоғларида Аллоҳнинг зикри, тоати ва солиҳ амалларни қилиш билан таъминланиб олишлари, намозларни кўп ўқишлари, Каъбани кўп тавоф қилишлари мустаҳабдир. Чунки, Ҳарамдаги савоблар саноқсиздир. У ерда қилинган гуноҳлар эса ўта азиймдир. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мўл салавоту саломлар айтиш ҳам, катта савобли ишдир.

Агар ҳожилар Маккадан чиқишмоқчи бўлса, Каъбага видолашув тавофи қилишлари вожибдир. Бу – Каъбани охирги марта кўришларидир. Ҳоиза ва туғруқ қони кўраётганлар Видолашув тавофини қилмасалар ҳам бўлаверади. Чунки Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу: «Одамлар охирги ишлари Каъба(ни тавоф қилиш) эканига буюрилишди. Фақтагина, ҳоиза хотин−қизга енгиллик берилди» деган. Бу ҳадиснинг саҳиҳ эканига қарор қилинган (Имом Бухорий 1755, Имом Муслим 3284).

Ҳожи Каъба билан видолашиб, масжиддан чиқмоқчи бўлганида, тўғри юриб чиқиб кетаверади. Юзини Каъбага қилиб, орқаси билан чиқмайди. Чунки бу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалардан нақл қилинмаган бўлиб, янги чиққан бидъатлардан ҳисобланади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

«Бизнинг ишимиздан бўлмаган ишни қилган одамнинг бу иши, (ўзига) рад қилингандир» (Имом Муслим 4590);

«(Дин номи остида) янги чиққан нарсалардан ҳазир бўлингиз! Чунки, (дин номи остида) янги чиққан барча нарса бидъат ва барча бидъат − залолатдир» (Имом Аҳмад 17285, Абу Довуд 4609).

Аллоҳ таолодан динида устивор қилиши ва унга хилоф бўлган барча нарсалардан саломат қилишини сўраймиз. Дарҳақиқат, У – саховатли ва қўли очиқ Зотдир.

 

ФАСЛ

Зиёрат ва унинг одоблари ҳақида

Икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан келтирилган ҳадисга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларини ҳаждан илгари ва кейин зиёрат қилиш, суннатдир: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Менинг масжидимда ўқилган (битта) намоз Масжидул Ҳаромдан бошқа бутун масжидларда ўқилган мингта намоздан кўра яхшироқдир» (Имом Бухорий 1190).

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Менинг масжидимда ўқилган (битта) намоз Масжидул Ҳаромдан бошқа барча масжидларда ўқилган мингта намоздан кўра афзалроқдир» (Имом Муслим 3440).

Абдуллоҳ ибн Зубайр разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Менинг бу масжидимдаги (битта) намоз Масжидул Ҳаромдан бошқа масжидларда ўқилган мингта намоздан кўра, Масжидул ҳаромда ўқилган (битта) намоз Менинг бу масжидимда ўқилган юзта намоздан кўра афзалдир». Бу ҳадисни Имом Аҳмад (16162), Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон раҳимаҳумуллоҳлар ривоят қилишган.

Жобир разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Менинг бу масжидимдаги (битта) намоз Масжидул Ҳаромдан бошқа масжидларда ўқилган минга намоздан кўра, Масжидул Ҳаромда ўқилган (битта) намоз эса бошқа масжидларда ўқилган юз мингта намоздан кўра афзалроқдир» (Имом Аҳмад 15306, Ибн Можа 1406).

Бу маънодаги ҳадислар кўпдир.

Агар зиёратчи Масжидун Набийга етиб келган бўлса, кириш учун ўнг оёғини босади ва:

(( بِسْمِ اللَّهِ، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلاّمُ عَلَى رَسُول اللَّهِ، أَعُوذُ بِاللَّهِ الْعَظِيمِ وَبِوَجْهِهِ الْكَرِيمِ وَسُلْطَانِهِ الْقَدِيمِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ، اللَّهُمَّ افْتَحْ لِى أَبْوَابَ رَحْمَتِكَ ))

«Аллоҳнинг номи билан (кираяпман). Расулуллоҳга салавоту саломлар бўлсин! Буюк Аллоҳга, Унинг улуғ Юзига ва кўҳна Салтанатига тошбўрон қилиб лаънатланган Шайтондан сиғинаман! Аллоҳим, менга раҳмат дарвозаларингни оч!»− дейди (Фарқли ҳадислар мажмуъаси: Абу Довуд 466, Имом Муслим 1685). Бу дуони бошқа масжидларга кираётган пайтда ҳам ўқийди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидига кириш учун махсус дуо йўқ. (Киргандан) кейин икки ракаат намоз ўқиб, Аллоҳ таолодан ўзи учун хайрли бўлган нарсаларни дуолар қилиб сўрайди. Агар бу намозни Равзаи шарифада ўқиса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисига кўра афзалдир: «Уйим билан минбарим оралиғида жаннат бўстонларидан бири бор» (Имом Бухорий 1195, Имом Муслим 3434).

Намоздан сўнгра, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалари Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумоларнинг қабрларини зиёрат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабри олдида тўхтаб одоб билан туради ва паст товушда (шундай) салом беради: «Ассалому алайка я Расулаллоҳ, ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ». Чунки Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг «Сунан»ида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ушбу ҳадис ривоят қилинган: «Ким Менга салом берса унга алик олишим учун Аллоҳ Менга руҳимни қайтаради» (Абу Довуд 2043). Агар зиёратчи саломида:

(( السَّلَامُ عَلَيْكَ يَا خِيرَةِ اللَّهِ مِنْ خَلْقِهِ، السَّلَامُ عَلَيْكَ يَا سَيِّدَ الْمُرْسَلِينَ وَإِمَامَ الْمُتَّقِينَ، أَشْهَدُ أَنَّكَ قَدْ بَلَّغْتَ الرِّسَالَةَ، وَأَدّيْتَ الْأَمَانَةَ، وَنَصَحْتَ الْأُمَّةَ، وَجَاهَدْتَ فِي اللَّهِ حَقَّ جَهَادِهِ ))

«Эй Аллоҳ бандаларининг сараси, Сизга ассалом! Эй расуллар саййиди ва тақводорлар пешвоси, Сизга ассалом! Мен Сизнинг пайғомни етказган, омонатни адо этган, Умматга насиҳат қилган ва Аллоҳ йўлида лойиқ бўлганидек жиҳод қилган эканингизга гувоҳлик бераман» деса ҳам зарари йўқ. Чунки, буларнинг барчаси ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларидир. Ҳожи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўп салавот айтиб, дуо қилади. Салавотни шариатда айтилганидек салом билан бирга айтади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

﴿ يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

«Эй мўъминлар, Унга салавоту саломлар айтинглар!» (Фуссилат: 33).

Сўнгра, Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумоларга салом бериб, уларнинг ҳақларига дуо қилиб, улардан рози бўлади.

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг асҳобига салом берар экан, кўпинча: «Ассалому алайка, ё Расулуллоҳ! Ассалому алайка, ё Абу Бакр! Отажон, ассалому алайка!»дан нари ўтмас ва қайтар эди (Байҳақий 10570).

Ушбу зиёрат фақатгина эркакларга учун машрудир. Хотин−қизлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлганидек, қабрларни зиёрат қилмайдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қиладиган хотин−қизлар ва қабрларни масжид қилиб, улар устига чироқ ёққанларни лаънат қилдилар» (Имом Аҳмад 2030, Термизий 320).

Аммо, Мадина шаҳрини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида намоз ўқиш, дуо қилиш ва бошқа масжидларда машру бўлган бошқа ишлар учун қасд қилиш, юқорида ўтган саҳиҳ далилларга кўра, барчага машрудир.

Зиёратчининг катта савоблари мўл бўлгани боис, беш вақт намозни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидида ўқиши, унда зикр, дуоларни кўп қилиши ҳамда нафл намозларни кўп ўқиши суннатдир.

Фазилати ҳақида юқорида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Уйим билан минбарим оралиғида жаннат бўстонларидан бири бор» (Имом Бухорий 1195, Имом Муслим 3434) ҳадиси айтилган Равзаи шарифада нафл намозларни кўп ўқиш, мустаҳабдир.

Фарз намозларини адо этиш учун зиёратчи ва бошқа одамлар Масжидун Набийга боришлари ва олдинги сафлар тиқилинч бўлсада, имкони борича унинг биринчи сафида ўқишга ҳаракат қилишлари керак. Чунки саҳиҳ ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биринчи сафда намоз ўқишга рағбатлантирганлари ворид бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар одамлар азон айтиш ва биринчи сафдаги нарса (савоб)ни билсалар ва унинг чораси қуръа ташлаш эканини кўрсалар, ўзаро қуръа ташлар эдилар». Муттафақун алайҳ (Имом Бухорий 615, Имом Муслим 1009).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: «Олдинги сафларга ўтинглар! Менга иқтидо қилинглар. Кейингилар сизларга иқтидо қилсинлар! Қавм намоздан ҳадеб кечикаверади ва Аллоҳ ҳам уни (савоб ва мақомларда) кечиктириб қўяди»− дедилар (Абу Довуд 680).

Имом Муслим ва Абу Довуд раҳимаҳумаллоҳлар Оиша разияллоҳу анҳонинг ушбу ҳадисини келтирдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одам биринчи сафдан ҳадеб кечикаверади ва Аллоҳ (ҳам) уни жаҳаннамда(н чиқишдан) кечиктиради» (Абу Довуд 679).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: «Фаришталар Роббилари ҳузурида саф тортгандек саф тортмайсизларми?»− дедилар. Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, фаришталар Роббилари ҳузурида қандай саф тортадилар?,− деб савол беришганида: «Биринчи сафни тўлдириб, сафда жипс турадилар»− деб жавоб бердилар (Имом Муслим 996).

Бу маънодаги ҳадислар жуда ҳам кўп. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдинги ва кейинги ҳолатдаги масжидларга ҳам, бошқа масжидларга ҳам тааллуқлидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларини сафнинг ўнг томонига рағбатлантирганлари ҳам саҳиҳ ҳадисларда ворид бўлган. Маълумки, Масжидн Набавийда сафнинг ўнг тарафи Равзаи шарифадан четдадир. Бундан, биринчи саф ва унинг ўнг томони Равзи шарифага эътибор беришдан кўра каттароқ эътиборга лойиқ экани кўринмоқда. Биринча саф ва унинг ўнг томонига эътибор бериш, Равзаи шарифага эътибор беришдан кўра авлороқдир. Бу мавзуда келган ҳадисларни диққат билан ўрганган одам, буни жуда яхши пайқайди. Тавфиқ Аллоҳнинг қўлидадир.

Ҳужрани силаш, ўпиш ва унинг атрофида тавоф қилиш, бирон кишига жоиз эмасдир. Чунки, бундай қилиш салаф солиҳнинг биронтасидан нақл қилинмаган. У ишлар ёмон бидъатдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўз эҳтиёжини ёки мушкилларининг кушойишини ёхуд беморнинг шифосини ёда шунга ўхшаш нарсаларни сўраш, жоиз эмасдир. Чунки буларниг барчасини Аллоҳ таолодан тиланади. Уларни ўликлардан сўраш Аллоҳ таолога ширк келтириш ҳамда Аллоҳдан бошқасига ибодат қилишдир. Ҳолбуки, Ислом дини икки асосга асосланган:

Биринчиси: Аллоҳ таолонинг ўзигагина ибодат қилиш.

Иккинчиси: Аллоҳ таолога Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатиб берганидек ибодат қилиш. Шугина, «Ла илаҳа иллалоҳ ва Муҳаммадур Расулуллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир) деб берилган шаҳодатнинг маъносидир.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзидан шафоат−ҳомийликни сўралмайди. Чунки, шафоат − Аллоҳнинг мулкидир ва уни Аллоҳдангина тиланг! Аллоҳ таоло айтди:

﴿ قُلْ لِلَّهِ الشَّفَاعَةُ جَمِيعًا

«Айтинг: «Барча шафоат-оқлов ёлғиз Аллоҳникидир»» (Зумар: 44).

Биз: «Аллоҳим, менга Пайғамбарингни шафоатчи қил! Аллоҳим, менга фаришталар ва солиҳ бандаларингни шафоатчи қил! Аллоҳим, менга мендан илгари оламдан ўтган қариндошларимни шафоатчи қил!»,− деймиз ёки шунга ўхшаган жумлаларни истеъмол қиламиз.

Ўликлардан эса, улар пайғамбар бўлсалар ҳам, бўлмасалар ҳам, бирон эҳтиёжни тиланмайди. Чунки, бундай қилиш шариатда йўқ! Ўликнинг эса Аллоҳ кўрсатган амаллардан бошқа барча амали тўхтаган!

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳнинг «Саҳиҳ» ҳадислар тўпламида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ушбу ривоят бор: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамзот вафот этса, учтадан бошқа амаллари тўхтайди: жорий садақа ёки фойдаланиладиган илм ёхуд маййитга дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанд»− дедилар» (Имом Муслим 4310).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан тириклик пайтларида шафоат сўраш жоиздир. Бундан ташқари Қиёмат кун шафоат қилиш ҳуқуқи берилган пайтда ҳам шафоат сўраш жоиздир. Чунки, у онда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдинга чиқиб, Аллоҳ таолодан шафоат истаган одам учун шафоат сўрай оладилар. Маълумки, бу дунёдаги шафоат−ҳомийлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларигагина хос эмас, аксинча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам, бошқаларга ҳам тегишлидир. Масалан, мусулмон одам дўстига дуо қилишини орзу қилиб: Менга Роббим олдида фалон ва фалон ишларда шафоатчи бўлинг!,− дейиши мумкин. Сўралган одам эса қилинган истак шариат рухсат берган нарсалардан бўлса, дўсти учун Аллоҳга дуо қилиши ва унинг ҳомийлигини қилиши жоиздир.

Қиёмат кунида эса, Аллоҳ таоло изн бермаган бирон кимса шафоат қила олмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:

مَنْ ذَا الَّذِي يَشْفَعُ عِنْدَهُ إِلَّا بِإِذْنِهِ)

«Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз оқлай олмайди» (Бақара: 255).

Инсоннинг ўлик ҳолати ўзига хос ҳолат бўлиб, уни ўлимдан аввалги тириклик ёки ўлгандан кейин қайта жон ато этилган ҳолатига ўхшатмаслик керак. Чунки маййитнинг Аллоҳ таоло истисно қилган амалларидан бошқа барчаси тўхтаган ва у, қилган амалларининг гаровида қолган. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барзах ҳаётида ҳам, шаҳидлар ҳаётидан кўра яхшироқ комил ҳаётда эканларида шубҳа йўқ. Бироқ, у ҳаёт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг на ўлимидан аввалги ва на барзах ҳаётидан кейинги тирилган ҳаётидек эмас. Балки, унинг кайфияти ва ҳақиқатини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Шунинг учун ҳам юқоридаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Менга салом берса унга алик олишим учун Аллоҳ Менга руҳимни қайтаради» деганлар (Абу Довуд 2043).

Бу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўлик эканликлари ва алик олишлари учун руҳлари қайта юборлишига далолат қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганликларига Қуръон ва суннатдан далолат қилган насслар борлиги маълум ва илм аҳллари ўртасида ижмоъ қилинган ҳолатдир. Бироқ, бу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барзахдаги ҳаётига монеъ бўла олмайди. Ҳолбуки, шаҳидларнинг ўлими уларнинг Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида зикр қилинган барзах ҳаётларига монеъ бўла олмайди:

﴿ وَلَا تَحْسَبَنَّ الَّذِينَ قُتِلُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ أَمْوَاتًا بَلْ أَحْيَاءٌ عِنْدَ رَبِّهِمْ يُرْزَقُونَ

«Аллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг! Йўқ, улар тириклардир! У зотлар Аллоҳ Ўз фазлу карами билан берган неъматлардан хушнуд ҳолларида баҳраманд бўлмоқдалар» (Оли Имрон: 169).

Кунимизда бу бобда шубҳаланиб ширкка ва Аллоҳни қўйиб мурдаларга ибодат қилишга чақираётган одамлар сони кўпайгани боис, биз, бу мавзуга бир оз кенгроқ тўхталдик.

Аллоҳ таолодан бизни ва барча мусулмонларни шариатга зид амал ва эътиқодлардан асрашини сўраймиз. Валлоҳу аълам.

Айрим одамларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабри олдига келгач товушларини кўтаришлари ва ўша ерда узоқ туриб қолишлари, шариатга зиддир. Чунки, Аллоҳ таоло Ислом умматини товушларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг товушларидан кўра баландроқ кўтаришни ҳамда одамлар бир−бирларига гапирганларидек, Унинг ҳузурида баланд товушда гапиришни таъқиқлаган ва шундай деган:

﴿ يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَرْفَعُوا أَصْوَاتَكُمْ فَوْقَ صَوْتِ النَّبِيِّ وَلَا تَجْهَرُوا لَهُ بِالْقَوْلِ كَجَهْرِ بَعْضِكُمْ لِبَعْضٍ أَنْ تَحْبَطَ أَعْمَالُكُمْ وَأَنْتُمْ لَا تَشْعُرُونَ إِنَّ الَّذِينَ يَغُضُّونَ أَصْوَاتَهُمْ عِنْدَ رَسُولِ اللَّهِ أُولَئِكَ الَّذِينَ امْتَحَنَ اللَّهُ قُلُوبَهُمْ لِلتَّقْوَى لَهُمْ مَغْفِرَةٌ وَأَجْرٌ عَظِيمٌ

«Эй мўминлар, (токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар (пайғамбар билан сўзлащган пайтларингизда) овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар! Албатта Аллоҳнинг пайғамбари ҳузурида овозларини паст қилган зотлар — ана ўшалар Аллоҳ дилларини тақво учун имтиҳон қилган (яъни тақво имтиҳонидан ўтган) зотлардир. Улар учун мағфират ва улуғ ажр-мукофот бордир» (Ҳужурот: 2, 3).

Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабри олдида узоқ туриш ва ҳадеб салом беравериш издиҳомга ва товушларнинг кўтарилишига сабаб бўлади. Бу эса Аллоҳ таоло мазкур оятларда мусулмонлар учун машру қилган таълимотларга зиддир. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тириликлигида ҳам, ўлгандан кейин ҳам ҳурматлидир. Шу боис мўъмин одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурида шариат одобларига мухолиф ишларни қилмаслиги керак. Айрим зиёратчиларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламниг қабрларига юзланиб, қўлларини кўтариб дуо қилишга интилишлари, шаръий одобларга зиддир. Бу, салаф солиҳ – саҳобалар ва уларга яхшилик билан издош бўлганлар қилган ишнинг хилофи бўлиб, (дин ниқоби остида) янги пайдо бўлган бидъатлардир. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг ва Мендан кейинги ҳидоятда юрган хулафойи рошидинларнинг суннатига қатъий риоя қилинглар, уларни озиқ тишларингиз билан маҳкам тишланглар! (Дин ниқоби остида) янги чиққан нарсалардан ҳазир бўлинглар! Чунки, (дин ниқоби остида) янги пайдо бўлган нарсалар – бидъат ва ҳар бир бидъат − залолатдир»− деганлар. Бу ҳадисни Абу Довуд (4609) ва Насоий раҳимаҳумаллоҳлар яхши санад билан келтиришган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бизнинг ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилган киши(нинг бу иши қабул қилинмай,) ўзига қайтарилгандир»– деганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим (4589) ривоятлари. Имом Муслимнинг ривоятида эса шундай деганлар: «Бизнинг ишимиз бўлмаган нарсани қилган киши(нинг бу иши,) ўзига қайтарилгандир» (Имом Муслим 4590).

Алий ибн Ҳусайн – Зайнулобидийн разияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабри олдида дуо қилаётган одамни кўриб, уни қайтарди ва айтди: Сизга бобом – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан менга дадам айтиб берган ҳадисни айтайми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қабримни байрамгоҳ қилиб олманглар! Менга салавот айтинглар! Чунки саломларингиз қаерда бўлсангизлар ҳам менга етиб келади»− деганлар. Бу ҳадисни Ҳофиз Муҳаммад ибн Абдулвоҳид Мақдисий раҳимаҳуллоҳ «ал−Аҳаадисул мухтора» китобида келтирган.

Айрим зиёратчилар, худди намозхонлар каби ўнг қўлларини чап қўлларига боғлаб кўксиларига ёки кўксиларининг пастига қўйиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом берадилар. Бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қабри олдида салом берилаётганда ҳам, бошқа қироллар, раҳбарлар ва улар каби одамлар олдида ҳам жоиз эмас. Чунки бу ҳолат, хорлик, хўрлик ва ҳокисорлик ҳолати бўлиб, Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ «Фатҳул Борий» китобида олимлар ҳақидаги мавзуда айтганидек, Аллоҳ таолодан бошқаси учун лойиқ эмас. Бу ҳолатни тушунган ва салаф солиҳга издош бўлишни хоҳлаган одамга масъала очиқ−равшандир.

Аммо таассуб, нафсу ҳаво, кўр−кўрона тақлид, салаф солиҳ йўлига чорлаётган одамлар ҳақидаги бадгумонлик ғолиб бўлган одамнинг иши, Аллоҳга ҳаволадир. Биз у ҳам ҳақиқатни танлаши учун Аллоҳ таолодан ўзимиз ва унинг учун ҳидоят ва тавфиқ сўраймиз. Аллоҳ тилашимиз лойиқ бўлган энг яхши Зотдир!

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабри шарифларига юзланиб салом ва дуо билан лабларини қимирлатаётган одамларнинг бу ишлари ҳам, бидъатчиар ўйлаб топган юқоридаги янгиликлардан бошқа нарса эмасдир. Мусулмонга ўз динида Аллоҳ рухсат бермаган нарсаларни ўйлаб топиши, мумкин эмас. У бундай бидъатлари билан Аллоҳга яқин ва самимий бўлиш ўрнига, Аллоҳдан узоқлашади. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ бу ва бунга ўхшаш ишларни инкор этиб: «Бу умматнинг охирини, аввалини ислоҳ қилган нарса ислоҳ қилади»− деган (Шайх Абдурраҳмон ибн Ҳасан Оли Шайх «Фатҳул Мажийд шарҳу китабит тавҳид»: 1/470).

Маълумки, бу умматнинг аввалини ислоҳ қилган нарса Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Унинг рошид халифалари, мақбул саҳобалари ва уларга яхшилик билан издош бўлганлар йўлида юришдир. Бу умматнинг охири ўша йўлни маҳкам ушлаш ва унга қатъий риоя қилиш билангина тузалади.

Аллоҳ таоло бутун мусулмонларни дунё ва охиратда нажот ва иззатлари бўлган нарсаларга муваффақ қилсин! Дарҳақиқат, У – саховатли ва улуғ Зотдир.

 

ДИҚҚАТ!

[Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрини зиёрат қилиш ҳукми]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат қилиш, айрим одамлар ўйлаганидек фарз ҳам, ҳажнинг шартларидан бири ҳам эмас. Аксинча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидининг зиёратчилари ва унга яқин жойда истиқомат қиладиган одамлар учун мустаҳабдир.

Мадина шаҳридан олисда яшайдиган одамнинг эса, қабрни зиёрат қилиш мақсадида келиши жоиз эмас. Чунки, Масжидун Набийни қасд қилиб келишгина суннатдир. Агар масжидга етиб келса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва икки саҳобасининг қабрларини зиёрат қилиши мумкин. Чунки, бу зиёрат масжидни қасд қилишга тобеъдир. Чунки, икки «Саҳиҳ» ҳадислар тўпламида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Учта масжид – Масжидул Ҳаром, Менинг бу масжидим ва Масжидул Аксодан бошқа масжидларга отланилмайди» деганлари ворид бўлган (Имом Бухорий 1189, Имом Муслим 3450).

Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёки бошқа бировнинг қабрини қасд қилиш машру бўлса эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни умматга кўрсатар, унинг фазилатини айтиб ўтар эдилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг насиҳатгўйи, Аллоҳни энг яхши билгани ва Аллоҳдан жуда ҳам қўрққанидир. Ҳолбуки, У, таблиғни тўкис қилди, умматига бутун яхшиликларни кўрсатди ва барча ёмонликлардан огоҳлантирди. Жумладан, мазкур учта масжиддан бошқа масжидларга отланишни таъқиқладилар ва айтдилар: «Мозоримни байрамгоҳ ва уйларингизни мозор қилиб олмангиз! Менга салавот айтингиз! Чунки, салавотингиз қаерда бўлсангиз ҳам менга етиб келаверади!» (Ибн Аби Шайба «ал−Мусоннаф» 7625).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига зиёрат учун отланиш − уни сайилгоҳ қилиб олиш ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам содир бўлишидан қўрққан гуноҳ − ғулув ва меъёрдан ошишга воситадир. Ҳолбуки, кўплаб одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрини зиёрат қилиш учун отланишнинг машру эканига эътиқод қилганлари боис, ғулув ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни меъёридан ортиқ улуғлаш иллатига мубтало бўлдилар.

Бу бобда ривоят қилинган ва одамлар тарафидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат қилиш машру эканига ҳужжат қилинаётган ҳадислар, санади заиф, ҳатто уйдирма ҳадислардир. Уларнинг заиф эканини Дору Қутний, Байҳақий, Ибн Ҳажар раҳимаҳумуллоҳ ва бошқа Ҳофизлар таъкидлашган. Уларни мазкур учта масжиддан бошқа жойларга отланишни ҳаром қилган саҳиҳ ҳадислар билан қиёслаш, жоиз эмасдир.

Ҳурматли китобхон, сизга билишингиз ва огоҳлантиришингиз учун шу мавзуда айтилган айрим уйдирма ҳадисларни эслатиб ўтамиз:

1 – «Ҳаж қилган, бироқ, мени зиёрат қилмаган одам менга жафо қилибди!».

2 – «Ўлимимдан сўнгра мени зиёрат қилган одам, гўё тириклигимда зиёрат қилгандек бўлади».

3 – «Мени ва бобом Иброҳимни бир йилда зиёрат қилган одамга жаннатни бериш, Аллоҳ зиммасидаги кафолатдир».

4 – «Қабримни зиёрат қилган кишига шафоатим берилади».

Бу ва бундан бошқа ҳадислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинмаган.

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ «ат−Талхис»да юқоридаги «ҳадислар»дан кўра кўпроғини зикр қилиб, уларнинг ривоят йўллари заиф эканини айтиб ўтган.

Ҳофиз Ақилий раҳимаҳуллоҳ эса: «Бу бобда биронта саҳиҳ ҳадис йўқ»− деган.

Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ: «Мазкур ҳадисларнинг ҳаммаси уйдирмадир»− деди.

Буларни билишингиз, ёд олишингиз ва кўриб чиқишингиз, сиз учун етарлидир.

Агар буларнинг биронтаси собит бўлсайди, саҳобалар уларга амал қилиш, даъват этиш ва баён қилиш учун одамлар ичидан энг илғорлари бўлишар эди. Чунки улар, инсонлар ичида пайғамбарлардан кейинги энг яхши одамлар, Аллоҳ чизган ва бандаларига машру қилган чегара ва ибодатларни яхши билган ҳамда Аллоҳ ва Аллоҳнинг махлуқларига энг самимийлари бўлишган. Модомики улардан нақл қилинмаган экан, бу, у ишларнинг машру эмаслигига далолат қилади. Мазкур ҳадисларнинг биронтаси саҳиҳ бўлса эди, ҳадисларни жамлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрини ўзини зиёрат қилиш зикр этилмаган машру зиёрат учун истеъмол қилиш мумкин бўлар эди. Аллоҳу субҳонаҳу ва таъоло аълам!

 

ФАСЛ

Қубо масжиди ва Бақийъ қабристонини зиёрат қилишнинг мустаҳаб экани ҳақида

Мадина шаҳрининг зиёратчиларига Қубо масжидини зиёрат қилишлари ва унда намоз ўқишлари мустаҳабдир. Чунки, икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумонинг ушбу ривояти бор: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қубо масжидини уловга миниб ва пиёда зиёрат қилар ва унда икки ракаат намоз ўқир эдилар» (Имом Муслим 3456).

Саҳл ибн Ҳунайф разияллоҳу анҳу айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уйида покланган ва Қубо масжидига бориб, унда намоз ўқиган одамга умра савоби берилади»» (Ибн Можа 1412).

Зиёратчиларга Бақийъ қабристони, шаҳидлар жумладан Ҳамза ибн Абдулмутталиб разияллоҳу анҳунинг мозорини зиёрат қилиш, суннатдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни зиёрат этар ва ҳақларига дуо қилар эдилар. Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қабрларни зиёрат қилинглар! Улар сизга Охиратни эслатади!»− деганлар (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини қабрларни кўрганлари маҳал:

(( السَّلَامُ عَلَيْكُمْ أَهْلَ الدِّيَارِ مِنْ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُسْلِمِينَ، وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللَّهُ لَلَاحِقُونَ، أَسْأَلُ اللَّهَ لَنَا وَلَكُمْ الْعَافِيَةَ ))

«Ассалому алайкум, эй мўъмин ва мусулмонлар диёри! Иншааллоҳ, биз ҳам сизларга албатта етиб келамиз! Аллоҳдан ўзимиз ва сизлар учун офият тилайман» дейишни ўргатдилар. Бу ҳадисни Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Сулаймон ибн Бурайдадан, у эса отасидан нақл қилди (Имом Муслим 1620).

Термизий раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг ушбу ривоятини келтирди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинадаги қабрлар олдидан ўтдилар ва уларга юзланиб:

((السَّلاَمُ عَلَيْكُمْ يَا أَهْلَ الْقُبُورِ، يَغْفِرُ اللَّهُ لَنَا وَلَكُمْ، أَنْتُمْ سَلَفُنَا وَنَحْنُ بِالأَثَرِ ))

«Ассалому алайкум, эй қабрдагилар! Аллоҳ бизу сизларни мағфират қилсин! Сизлар биздан олдин, бизлар эса орт(ингиз)дан (келамиз)»− дедилар» (Термизий 1073).

Бу ҳадислардан маълум бўлмоқдаки, қабрларни зиёрат қилишдан шаръий мақсад Охиратни, маййитларга яхшилик ва дуо қилиш ҳамда улар учун раҳмат тилашни эслашдир. Қабрларни олдида дуо ёки ибодат қилиш, ёки ҳожатларни сўраш ёхуд касалликлар шифосини тилаш ёда ўша ерда ётган маййитлар ёки уларнинг ҳурматини восита қилиб тилакда бўлиш ва шунга ўхшаш бошқа нарсалар мақсадида зиёрат қилиш мункар бидъат бўлиб, уни Аллоҳ таоло ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам машру қилмаган ҳамда салаф солиҳ амалда кўрсатмаган. Балки, бу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъқиқлаган ботил гаплардир: «Қабрларни зиёрат қилинглар, лекин, ботил гапларни гапирманглар!» (Табароний «ал−Мўъжамус сағийр» 881).

Мазкур ишларнинг барчаси бидъатликда бир−бири билан бирлашсада, мартабалари фарқлидир. Уларнинг айримлари қабрлар олдида Аллоҳдан бошқаси учун дуо қилиш, Аллоҳдан маййитнинг ҳаққи ва обрўси билан тилакда бўлиш каби ширк бўлмаган бидъатлар бўлсада, баъзилари мурдалардан тилакда бўлиш, улардан мадад сўраш каби катта ширкдир.

Буларни юқорида мафассал айтиб ўтилди. Шунинг учун доимо ҳазир бўлинг, Роббингиздан муваффақият ва ҳақиқатга ҳидоят қилишини тиланг! Чунки, У – муваффақ қилувчи, ҳидоятловчи Зот бўлиб, Ундан ўзга илоҳ ва парвардигор йўқдир.

Бу – ёзмоқчи бўлган охирги сатрларимиздир.

Аллоҳ таолога аввалда−ю охирда ҳамду санолар бўлсин! Аллоҳ таоло бандаси, расули ва махлуқотларининг сараси бўлмиш Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи, асҳоблари ва уларга яхшилик билан Қиёматгача издош бўлганларга салавоту саломларини ёғдирсин!

 

Дўстингиз ким? (Абдуллоҳ ибн Алий Жуъайсин)

Дўстингиз ким?

Муаллиф: Абдуллоҳ ибн Алий Жуъайсин

Мутаржим: Абу Жаъфар ал−Бухорий

Асл сарлавҳа:  مَنْ تُجَالِسُ؟

  

بسم الله الرحمن الرحيم

Иккинчи нашрнинг муқаддимаси

Аллоҳнинг ўзигагина ҳамду санолар, сўнгги Пайғамбарга салавоту саломлар бўлсин …

Сўнг …

Бу, китобчамизнинг иккинчи нашри бўлиб, унда биринчи нашрдаги ёйин хатоларини тузатиб, баъзи қўшимчаларни илова қилдим ва айрим дўстларимизнинг таклифларига қулоқ бердим. Аллоҳ уларнинг устларидан мукофотлар ёғдирсин!

Аллоҳ таолодан ушбу китобча билан муаллифи ва ўқувчисини манфаатдор қилишини сўрайман.

Аллоҳ азза ва жалла пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва асҳобларига салавоту саломларини йўлласин …

بسم الله الرحمن الرحيم

Барча Оламлар робби бўлган Аллоҳга ҳамду санолар, Унинг бандаси ва расули бўлган пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва барча асҳобларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Ушбу китобчада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уламолар ва донишмандларнинг солиҳ дўстлар билан бирга бўлиш ва ёмон йўлдошлардан узоқ туришга рағбатлантирган ибратомуз сўзлари ҳамда яхши ва ёмон дўстларнинг таъсирларини қаламга олдим.

Мен кўз олдимга Аллоҳ йўлидаги дўстларим – ёшларни келтириб, ибратли сўзларни тўплаш ва ёзишдан бошқа иш қилмадим.

Ёш дўстим, мазкур сўз ва ҳикматларни йўлингизни ёритадиган маёқ қилиб олинг. Дўстларни танлар экан табиий севги ёки завқ ҳамда мижозингизга бўйинсунманг! Чунки кўп одамлар борки, улар ҳозири ва келажагида ўрганиб қолмаслик учун суйган овқати ва нафси истаган шаҳватидан воз кечади.

Ғоибона дуога муҳтож (мендек) дўстингизни дуоларингизда унутманг. Шояд ўша дуоларингиз билан Аллоҳ таоло менга ва сизга фойда келтирар.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Абдуллоҳ ибн Алий Жуъайсин

Қасим – Бурайда – Шариат факультети

Почта қутиси № 281

  

بسم الله الرحمن الرحيم

Барча оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамду санолар, барча оламлар учун раҳмат қилиб юборилган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва асҳобларига салавоту саломлар бўлсин …

Сўнг …

Аллоҳ таоло жин ва инсонларни яратишдаги мақсадни, шериксиз Аллоҳ таолонинг ўзигагина ибодат қилишга чеклади ва айтди:

﴿ وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنْسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ

«Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 56);

﴿ وَلَقَدْ بَعَثْنَا فِي كُلِّ أُمَّةٍ رَسُولًا أَنِ اُعْبُدُوا اللَّهَ وَاجْتَنِبُوا الطَّاغُوتَ

«Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36);

﴿تَبَارَكَ الَّذِي بِيَدِهِ الْمُلْكُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا وَهُوَ الْعَزِيزُ الْغَفُورُ

«(Барча оламлар) подшоҳлиги Ўз қўлида бўлган зот — Аллоҳ баракотли-буюкдир. У барча нарсага қодирдир. (Эй инсонлар, У) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У қудратли ва мағфиратлидир» (Мулк: 1, 2).

Булардан бошқа, одамзотнинг яратилиш ғояси − Аллоҳ таолога ибодат қилиш эканини таъкидлаган кўплаб оятлар ҳам бор.

Аллоҳ таоло яратар экан ҳикмати одамзотни бошқалар билан аралашиш, бирга ўтириш ва тўпланишга табиатан мойил бўлишини тақозо қилди.

Бирга ўтириш ва унга менгзаган нарсаларнинг одамзотнинг фикрлаши, манҳажи ва сулукига катта таъсири бўлиб, инсониннг оқибати, дунёвий ва ухровий саодатининг фаол омилидир. Зеро шахс ўзи билан бирга ўтирган киши билан таъсирланиб, ундан фикр, эътиқод, сулук ва амалда ўрнак олади.

Бунга шариат, ақл, воқеълик, тажриба ва мушоҳадалар далолат қилади.

Шариатнинг далолати, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг золимнинг Қиёмат кунидаги пушаймони, адашган кимсалар адашишлари ва (Тўғри йўлдан) оғишларига золимнинг сабаб бўлганига қилган афсусидан берган ушбу хабардир:

﴿وَيَوْمَ يَعَضُّ الظَّالِمُ عَلَى يَدَيْهِ يَقُولُ يَا لَيْتَنِي اتَّخَذْتُ مَعَ الرَّسُولِ سَبِيلًا يَا وَيْلَتَى لَيْتَنِي لَمْ أَتَّخِذْ فُلَانًا خَلِيلًا لَقَدْ أَضَلَّنِي عَنِ الذِّكْرِ بَعْدَ إِذْ جَاءَنِي وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِلْإِنْسَانِ خَذُولًا

«У кунда бу золим қўлларини (бармоқларини тишлаб надоматлар қилиб) дер: «Э, қанийди мен ҳам пайғамбар билан бир йўлни тутганимда эди! Ўлим бўлсин менга, қанийди мен фалончини дўст тутмаганимда эди, Аниқки, менга эслатма — Қуръон келганидан сўнг, ўша (фалончи) мени йўлдан оздирди». (У кунда) шайтон (ҳаёти дунёда ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўйгувчидир» (Фурқон: 27−29).

Ибн Жарир раҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг тафсирида шундай дейди: «У куни Аллоҳга бепарво бўлгани ва ўзини Роббисининг йўлидан тўсган дўстига итоат этгани боис (кофир) куфр ҳалокатига улоқтиргани учун пушаймон бўлиб: Кошки дунё ҳаётида пайғамбар билан бирга азобдан қутқарадиган йўлдан юрсайдим, дейди. Аллоҳ таоло:

﴿لَقَدْ أَضَلَّنِي عَنِ الذِّكْرِ بَعْدَ إِذْ جَاءَنِي

«Аниқки, менга эслатма — Қуръон келганидан сўнг, ўша (фалончи) мени йўлдан оздирди» (Фурқон: 29) қавли билан дунё ҳаётида дўстига итоат этиб Роббисига қилган осийлигига қилган пушаймонлигидан: У мени Аллоҳнинг даргоҳидан келган зикр – Қуръондан тўсди!,− дея дарак бермоқда» [Табарий тафсири 2/19. Суютий раҳимаҳуллоҳ ўз тафсирида (6/250) ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан санади саҳиҳ бўлган осорни зикр қилди. Унга кўра оятнинг нозил бўлиш сабаби шундай эди: Уқба ибн Абу Муъайт мусулмон бўлди. Бироқ кўп манбаъларда шомлик экани айтилган ҳамда Уқбанинг олдига келиб ундан аччиқланган кофир дўстининг рағбатига қараб, Ислом динидан чиқди. Лекин Усул фанида: Ибрат – сабабнинг хослигида эмас, лафзнинг умумийлигидадир, деган қоида бор. Шунинг учун ҳам, Ибн Касийр раҳимаҳуллоҳ: Нозил бўлиш сабаби Уқба ибн Абу Муъайт ёки бошқа бахтиқаролар бўлишидан қатъий назар, ушбу оят(нинг ҳукми) барча золим учун умумийдир,− деган (Ибн Касийр тафсири 6/116)].

Аллоҳ таоло:

﴿الْأَخِلَّاءُ يَوْمَئِذٍ بَعْضُهُمْ لِبَعْضٍ عَدُوٌّ إِلَّا الْمُتَّقِينَ

«У Кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Аллоҳ йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстдирлар)» деди (Зухруф: 67).

Аллоҳга итоатсизлик асосида бир−бири билан дўстлашган ва биродарлашган кимсалар, Қиёмат кунида бир−бирларига душман бўлишади. Бу душманлик ва адоватнинг сабаби эса, бирларининг бошқаларига ботил ишларда ёрдамчи бўлишлари, (Тўғри йўлдан) озиш ва залолатга чорлашларидир. Тақволи дўстларнинг Қиёмат кунидаги бир−бирларига бўлган муҳаббати, дунёдагидан кўра қувватли ва комил бўлади. Чунки улар дунё ҳаётида бир−бирларига ёрдамчи, (Аллоҳга) итоат қилишга рағбатлантирувчи ва ёмонликлардан огоҳлантирувчи бўлишган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Яхши ва ёмон суҳбатдошнинг мисоли мушку анбар ташиган (аттор) ва босқончининг мисолига ўхшайди. Мушку анбарни ташиган одам ё ундан сизга беради ёки сиз ундан сотиб оласиз ёхуд ундан хушбўй ҳидни оласиз (ҳис этасиз). Босқончи эса ё кийимингизни ёқади ёки ундан бадбўй ҳидни оласиз (ҳис этасиз)» (Имом Бухорий 2101, 5534; Имом Муслим 2628. Абу Мусо разияллоҳу анҳу ривояти. Ҳадис лафзи Имом Муслимники).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суҳбатдошнинг яхшилик ва ёмонлик нисбатига қараб салбий ёки ижобий таъсирлари борлигини айтиб ўтдилар ва яхши суҳбатдошга мушку анбарни кўтариб юрган одамни ташбеҳ қилдилар. Чунки бу одам билан бирга ўтирсангиз ундан сизга учта хислат кўчиб ўтади: ё у сизга мушкдан беради ёки ундан мушкни сотиб оласиз ёхуд ўзингиз, танангиз ва кийимларингизга унинг ширин ҳиди уради. Бинобарин, яхши суҳбатдошдан фойдаланасиз. Солиҳ ва саховатпеша одамлар билан бирга ўтириш манфаатлари ҳақида бир оздан кейин гапириб ўтамиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёмон суҳбатдошни босқончига ўхшатдилар. Босқон – олов пуфланадиган ва ғализ теридан қилинган (темирчилик) асбоби(и) бўлиб («Умдатул Қорий» 9/308), ё ундан сачраган ёнилғи зарралари кийимингизни куйдиради ёки ҳеч бўлмаганида танангиз ва кийимингизга ундан чиққан қўланса ҳид ўрнашади. Бинобарин, сиз ёмон суҳбатдошлардан салбий таъсирлар оласиз ва бунинг тафсилотлари келгусида баён қилинади.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис ҳақида шундай деди: «Ушбу ҳадисда солиҳ ва эзгу ишларни қиладиган одамлар, мурувватли ва намунали ахлоқ эгалари билан бирга ўтиришнинг фазилати, бадкирдор, бидъатчи, ғийбатчи, ишсиз, фосиқ ва бошқа бадхулқ нарсалар билан шуғулланадиган одамлар билан суҳбатдош бўлишни таъқиқлаш баён қилинган» («Шарҳу Саҳиҳи Муслим» 16/178).

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтди: «Ҳадисда суҳбатдош бўлиш билан дин ва дунёга зарар берадиган одамлар билан бирга ўтиришга таъқиқ, дин ва дунёга фойдаси бўлган одам билан бирга ўтиришга эса тарғиб бордир» («Фатҳул Борий» 4/324).

Саъдий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис ҳақида шундай дейди: «Мазкур икки мисол билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шуни баён қилдилар: Сиз солиҳ суҳбатдошнинг барча ҳолатларида яхшилик ва катта фойдаларни қўлга киритасиз. У − қўлидаги мушкини ё совға қилиш ёхуд сотиш билан сизга манфаат келтирадиган атторга ўхшайди. Унинг олдида озгина ўтирсангиз ҳам, келган мушк бўйларидан кўнглингиз фараҳлайди. Солиҳ киши билан ҳамсуҳбат бўлиш эса, ўткир ҳидли мушкдан кўра фойдалироқ бўлган яхшиликларга эришишга сабабдир. Чунки, у сизга ё динингиз ва дунёйингизга фойдали бўлган нарсани ўргатади ёки насиҳат қилади ёхуд зарарли ишларингиздан огоҳлантириб, Аллоҳ таолога итоат қилиш, ота ва онага яхшилик қилиш, қариндош−уруғлар билан борди−келиш қилишга ташвиқ қилади, хатоларингиз айтади, гаплари, ишлари ва ҳолатлари билан олийжаноблик ва гўзал ахлоққа чақиради. Чунки, одамзот ўз дўсти ва суҳбатдоши билан таъсирланадиган қилиб яратилган. Табиат ва руҳлар эса сафарбар қилинган аскарлар бўлиб, бир−бирини яхшилик ёки ёмонликка етаклайди. Ҳеч бўлмаганида солиҳ суҳбатдошдан оладиган ҳамда ҳеч камситилмайдиган фойда, у билан бўлган дўстликни ўйлаб, яхшилик қилишда рақобатлашиб ва ёмонликлардан узоқ туриб, қабоҳат ва гуноҳларга қўл урмайсиз. У сизни ҳузурингизда ҳам, йўқлигингизда ҳам унутмайди ҳамда муҳаббати ва дуолари тириклигингизда ҳам, ўлганингиздан кейин ҳам фойда беради. Сизнинг унга боғлиқлигингиз ва унинг сизга бўлган муҳаббати туфайли сизни доимо мудафаа қилади. Чунки сизнинг бошингизга шундай ишлар келиши мумкинки, ўзингиз ўзингизни бевосита ҳимоя қила олмайсиз. Жумладан, у сизга фойдаси тегадиган шахс ва ишларни тавсия қилиши ҳам мумкин. …» («Баҳжату қулубил аброр: Олтмиш саккизинчи ҳадис»).

Келгуси сатрларда суҳбатдошнинг тафсилотлари, унинг салбий ва ижобий таъсирлари ҳақидаги мавзуни қаламга олар эканман, солиҳ дўстлардан териб олиниши мумкин бўлган айрим самараларни, унинг дунё ва охиратдаги инсонга бўлган яхши таъсирларини ҳам баён қиламан. Сўнгра, Аллоҳ йўлидаги муҳаббатнинг фазилати ва таъсирларини ҳам айтиб ўтаман. Чунки, дўстлик билан муҳаббат ўртасида чамбарчас боғлиқлик бор. Ундан кейин эса, разил ва бузғунчи одамлар билан суҳбатдош бўлиш ва ундан келиб чиқадиган зарар ва ҳалокатлар ҳақида сўз юритиб, мавзуни дўстларни танлашга тарғиб қилган айрим осорларни зикр этиш билан хотималайман.

Шубҳасиз нарсалардан бири шуки, одамлар ўзаро фарқли бўладилар. Уларнинг айримлари яхшилик очқичлари ва унга далолат қилгувчи бўлса, айримлари ёмонлик очқичи ва унга жалб қилгувчи бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Дарҳақиқат, одамлар ичида яхшиликнинг очқичлари ва ёмонликнинг ёпгувчилари ҳамда ёмонликнинг очқичлари ва яхшиликнинг ёпгувчилари бор. Аллоҳ таоло қўлига яхшилик очқичларини берган одамларга муждалар, Аллоҳ таоло қўлига ёмонлик очқичларини берган одамларнинг ҳолига войлар бўлсин!» (Ибн Можа 216. Бу ҳадисни аллома Носируддин Албоний раҳимаҳуллоҳ ҳасан деган: «Саҳиҳу Сунани Ибн Можа» 1/46).

Солиҳ инсонлар билан суҳбатдош бўлишнинг самаралари

Хайр ишларни қилгувчи ва солиҳ инсонлар билан ўтиришдан ҳосил бўладиган яхшилик ва самаралар саноғига ета олмайдиган даражада кўп бўлиб, ушбу китобчада уларнинг айримларинигина эслатиб ўтаман.

Шулардан:

1 – Солиҳ инсонлар билан бирга ўтириш баракотлари суҳбатдошини қамраб, амали уларникидек бўлмасада, яхшиликлари унга ҳам ўтиб боради.

Бунга Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Имом Бухорий ва Имом Муслим раҳимаҳумаллоҳлар қилган ривоят далолат қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таолонинг йўлларни кезиб, зикр аҳлини қидирадиган фаришталари бор. Улар Аллоҳни зикр қилаётган одамларни кўрсалар (бир−бирларини): Қидирган нарсангизга келинглар!,− деб чақиришади. Улар улар (зикр аҳли)ни қуйи осмонгача қанотлари билан ўраб оладилар. Ўзи жуда яхши билсада Роббилари улардан: Бандаларим нима дейишмоқда?,− деб сўрайди. Фаришталар: Сенга тасбиҳ, такбир ва ҳамд айтиб улуғлашмоқда,− деб жавоб берадилар» дея узун ҳадисни айтдилар ва охирида шундай дедилар: «Аллоҳ таоло: Сизларни уларни мағфират қилганимга гувоҳ қиламан!,− дейди. Фаришталардан бири: Уларнинг орасидан улардан бўлмаган, балки, эҳтиёжи учун келган бир одам ҳам бор, −бошқа бир ривоятда эса: Уларнинг орасида хатокор фалончи банда ҳам бор. У ўтиб кетар экан улар билан бирга ўтириб қолган эди,− дейди. Аллоҳ: Улар – суҳбатдошлари бахтиқаро бўлмайдиган суҳбатдошлардир»− дейди. Бошқа бир ривоятда эса: (Аллоҳ): Уни ҳам мағфират қилдим. Чунки, улар − суҳбатдошлари бахтиқаро бўлмайдиган қавмлардир,− дейди (Имом Бухорий 6408, Имом Муслим 2689).

Абу Фазл Жавҳарий раҳимаҳуллоҳ: «Яхши одамларни суйган одамларга, уларнинг баракалари таъсир қилади. Бир ит фазилатли одамларни суюб, уларга ҳамроҳлик қилди ва Аллоҳ таоло уни муқаддас Қуръонида зикр қилди»− деди. У бу гапи билан Аллоҳнинг қуйидаги оятида зикр қилинган Ғордаги йигитларнинг итини назарда тутди:

﴿وَكَلْبُهُمْ بَاسِطٌ ذِرَاعَيْهِ بِالْوَصِيدِ

«Уларнинг итлари эса олди оёқларини остонага ёзиб ётур» (Каҳф: 18).

Қуртубий раҳимаҳуллоҳ ўз тафсирида Жавҳарий раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини келтиргач шундай дейди: «Агар баъзи итлар бундай олий мақомга солиҳ ва авлиё инсонларга йўлдош бўлиш ва аралашиш билан эришган ва буни Аллоҳ таоло муқаддас Қуръонида зикр қилган бўлса, авлиё ва солиҳ инсонларни суйган ва улар билан аралашиб юрган муваҳҳид мўъминлар ҳақида нима деб ўйлайсиз?!» («ал−Жомеъ ли аҳкаамил Қуръан»: Каҳф сурасининг тафсири: 10/372).

Роғиб Исфаҳоний раҳимаҳуллоҳ айтди: «Айрим донишмандлар: Яхши одамлар атрофида ўтирган одамга, уларнинг баракаси юқади. Аллоҳнинг дўстлари билан бирга бўлганлар, гарчи Ғор йигитларининг ити каби ит бўлса ҳам, бахтиқаро бўлмайдилар,− дедилар» («аз−Зарийъа ила макааримил ахлаақ» 192).

2 – Одамзот суҳбатдошидан намуна олиш, унинг билими, амали, сулуки ва манҳажи билан таъсирланиш табиати билан
яратилган.

Яхши одамлар билан суҳбатдош бўлганлар, улардан таъсирланадилар. Мураббийлар намуна олиш йўли билан таъсирланиш, гап ва насиҳат билан ўрнак олишдан кўра таъсирчанроқ эканини жуда яхши билишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одам, дўстининг динида бўлади. Шундай экан, бировингиз ким билан дўстлашаётганига боқсин!»− дедилар [Абу Довуд 5/168, Термизий 2378, Имом Аҳмад 2/303, Бағавий «Шарҳус суннаҳ» 13/70 (бу ҳадисни Термизий ва аллома Албоний («ас−Силсилатус саҳиҳаҳ» 927) ҳасан дедилар. Алоий ҳам буни ҳасан деди («ан–Нақдус саҳиҳ» 11), Имом Нававий эса бу ҳадиснинг санадини саҳиҳ деди («Риёзус солиҳийн» 371)].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадисларида одам дўстига устиворлик ва салоҳиятнинг борлиги ёки йўқлигида ҳамшакл ва ўхшаш бўлишини баён қилдилар. Шу боис дўстларни танлашга рағбатлантириб: «Шундай экан, бировингиз ким билан дўстлашаётганига боқсин!»,− дедилар. Яъни, дўсти қандай одамлигини ўргансин ва у диндорлиги ва хулқида мақбул дўстлардан бўлсин.

Хаттобий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Одам дўстининг динида бўлади» деб айтган ҳадисларининг маъноси шудир: Диндорлиги ва омонатдорлигига рози бўлганингиз одам билангина дўстлашингиз! Чунки, дўстлашганингиздан кейин у сизни ўз дини ва йўли сари етаклайди. Диндорлигингиз билан алданиб, ўзингизни хатарга отиб, дини ва йўли мақбул бўлмаган одам билан дўстлашиб қолманг!» («Китаабул узлаҳ» 141).

Суфён ибн Уйайна раҳимаҳуллоҳ айтди: «Фиръавнга қаранглар, унинг ёнида Ҳомон бор! Ҳажжожга қаранглар, унинг ёнида ундан кўра золимроқ бўлган Язид ибн Абу Муслим бор! Сулаймон ибн Абдулмаликка қаранглар, унинг дўсти – хатоларини тўғрилаб, Тўғри йўлга солиб турган Ражо ибн Ҳайваҳ бўлган!» («Китаабул узлаҳ» 141).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтди:

«Дўстнинг дўстига далолат қилгандек далолат қиладиган бирон нарса, ҳатто, оловга далолат қиладиган тутун ҳам йўқ!» (Мовардий «Адабуд дунё вад−дин» 167);

«Одамларга дўстларига қараб баҳо беринглар! Чунки, одам ўзига ёққан одам билан дўстлашади!» (Ибну Абид Дунё «Китаабул ихваан» 120).

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтди: «Одамлар ҳам қушлар каби турли синфларга бўлинишади. Каптар каптар билан, қарға қарға билан, ўрдак ўрдак билан, булбул эса булбул билан бир хилдир. Одамлар ҳам ўз тоифаси билан билан биргадир!» (Ибн Ҳиббон «Равзатул уқало» 109).

Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ айтди: «Одамлар каклик тўдасига менгзаб, бир−бирига ўхшаш табиати билан яратилгандир» («Мажмуъу фатаава» 28/150).

Баъзи донишмандлар: «Дўстингизни дўстлашишдан илгари таниб олинг!»,− дедилар (Мовардий «Адабуд дунё вад−дин» 167). Яъни, мазкур дўст сиз билан дўстлашишдан илгари ким билан дўстлашган бўлса, унинг йўли ва сулукида бўлади.

Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ айтди: «Шахснинг феъли ва фаолиятига далолат қиладиган катта ҳужжат, унинг кимлар билан дўстлашгани ва кимларга муҳаббат қўйганига эътиборни қаратиш билан ён бўлади. Чунки, одамзот дўстининг динида бўлади. Учиб юрган қушлар ҳам ўз тури олдига қўнади» (Ибн Ҳиббон «Равзатул уқало» 108).

Адий ибн Зайд раҳимаҳуллоҳ айтди (Мовардий «Адабуд дунё вад−дин» 167):

Биров ҳақида савол бермай,

Дўстларини сен текшир!

Дунёдаги барча дўст,

Дўстига доим ўрнакдир!

Бир халқ ичида бўлсанг,

Сараси−ла бўл ўртоқ.

Расволардан кечгин воз,

Улар макони ботқоқ!

Мунтасир ибн Билол раҳимаҳуллоҳ айтди (Ибн Ҳиббон «Равзатул уқало» 109):

Айбу зийнат бўлган хулқлар

Қилган ишу, дўсту ёрда.

Шаклу шамойиллар ҳам,

Мойил бўлган дўсту ёрда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Руҳлар сафарбар қилинган аскарлардир: бир−бирини танишса дўстлашади, танишмаса айрилишади» [Имом Муслим 2638. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривояти. Имом Бухоирй раҳимаҳуллоҳ унга Оиша разияллоҳу анҳонинг ҳадисини илова қилди (3326)].

Хаттобий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай демоқчилар: Руҳлар бу дунёда ҳам учрашадилар ва ўрталаридаги илк яралишдаги ўхшашлик ва нафратга кўра ё дўстлашадилар ёки бир−биридан нафратланадилар. Шу боис яхши одамнинг ўзига ўхшаганни суяётгани, унга мойил бўлаётгани ва унинг зиддидан нафратланаётганини, фосиқ одамнинг эса ўзига ўхшаганни суюб, ўзнинг зидди бўлганни ёмон кўраётганини кўрасиз» («Маъаалимус сунан би ҳаашиятил Мунзирий» 7/187).

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Ҳадисдан шуни тушуниш мумкин: агар одам ўзида фозил ва солиҳ одамга нисбатан нафратни кўрса, унинг сабабини қидириб йўқотиши ва мазамматли васфдан қутилиши керак. Бунинг акси ҳам худи шундай» («Далилул Фаалиҳийн» 2/237, «Фатҳул Баарий» 6/370).

3 – Солиҳ дўст камчиликларингизни кўрсатади.

Солиҳ дўст сизга заиф нуқталарингиз, хатоларингиз ва хулқингиздаги камчиликларингизни кўрсатади. Натижада, ўзингизни тузатиш, камчиликларни бартараф этиш ва айбларни йўқотишга киришасиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўъминни мўъмин дўстининг камчиликларини кўргани боис ойнага ўхшатдилар. Мўъмин бу ойна билан ўз маънавий дунёси ва сулукидаги камчиликларини кўради. Чунки биродари унга, ойна ташқи камчиликларини кўрсатиб турганидек, ўз кўзи тушмаган ва идрок эта олмаган камчиликларини айтиб туради. Ўзаро камчиликларни айтиб туриш, солиҳ инсонларнинг машҳур одатларидан биридир.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Мўъмин – (мўъмин) биродарининг ойнасидир. Унда ёқтирмаган нарсасини кўрса тушунтиради, тузатади ва сиру ошкорада дўстини эҳтиёт қилиб, муҳофаза қилиб боради» (Ибн Абид Дунё «Китаабул ихваан» 131).

4 – Яхши дўстларингиз сизни бошқа одамлар билан боғлайди.

Яхши дўстларингиздан фойдаланганингиздек, улар таништирган одамлардан ҳам фойда оласиз. Бир солиҳ одам билан танишасиз ва унинг воситасида кўплаб солиҳ одамларга боғланасиз−ки, улар билан солиҳ одамнинг сизга қилган яхшиликлари кўпайиб бораверади.

5 – Сиз яхши дўстлар воситасида ўз хато ва камчиликларингиз билан танишасиз.

Солиҳ дўстингизнинг билими ва таблиғларига ўз амал ва сулукларингизни қиёслар экансиз, ибодатларингизда хато ва камчиилкларингизни ўрганасиз.

6 – Солиҳ дўст сабабли гуноҳларлардан воз кечасиз.

Сизнинг солиҳ одам билан бирга ўтиришингиз, уни ҳурматлашингиз ва жамиятдаги ўрни ва мақомини қадрлашингиз гуноҳлардан тийилишни тақозо этади. Ушбу муваққат тийилиш, ҳаром нарсалардан мудом тийилишинигизга сабаб бўлади.

7 – Солиҳ одам сизни билишингиз фойдлаи бўлган яхши ишларга йўллайди.

Масалан, сиз билмаган ёки адо этишда ялқовлик қилган фарзни ёхуд яхшиликларни кўпайтирадиган кўпгина нафл ва ихтиёрий ибодатларни кўрсатиб, сиз қилаётган ҳаром нарсалардан қайтариб, огоҳлантиради ҳамда эзгуликнинг саноқсиз лойиҳаларидан бирини қилишга рағбатлантиради.

8 – Солиҳ дўстнинг ўзингиздан билими, ибодати, даъвати, сулуки ҳамда эзгуликнинг кўпгина жиҳатларида устун эканини кўрасиз ва бунинг сиз учун икки тарафдан фойдаси бор:

Биринчи тараф: ўзингиздан устун одамни кўргач, сизда бўлиши мумкин бўлган ўз хислат ва амалларингиз билан кибрланиш туйғуси йўқолади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммати учун кибрланишдан қўрққан ва уни гуноҳлардан бири дея ҳисоблаган эдилар: «Агар гуноҳ қилсангизлар ундан кўра қаттиқроқ нарса сизларни ўраб олади. Кибрланишдан йироқ бўлингиз! Кибрланишдан йироқ бўлингиз!» (Қузоъий «Муснадуш Шиҳааб» 1447, Баззор «Кашфл астор» 3633, Мунзирий «ат−Тарғиб» 4/20, Ҳайсамий «Мажмаъуз завааид» 10/269, ҳадиснинг яанади яхшидир. Муҳаддис аллома Албоний бу ҳадисни ҳасан деди: «ас−Силсилатус Саҳиҳаҳ» 658).

Иккинчи тараф: бу, сизнинг яхши сифат ва амаллар учун мусобақа қилишингизга сабаб бўлади. Натижада, билим олиш, ибодат қилиш, сулукни тузатиш ва бошқа ишларга бўлган ғайратингиз ошади.

Шу боис Усмон ибн Ҳаким раҳимаҳуллоҳ шундай деган: «Диндорликда ўзингиздан устун, дунёдорликда ўзингиздан паст бўлган одамлар билан дўст бўлинг!» (Ибну Абид Дунё «ал−Ихваан» 125).

9 – Солиҳ дўстлар билан суҳбатдош бўлиш, барча амалларнинг тўрваси бўлган вақт – ҳаётни муҳофаза қилиш, демакдир.

10 – Солиҳ дўст сизни ҳузурингизда ҳам, йўқлигингизда ҳам ҳимоя қилади.

Натижада, сирларингизни очмайди, ҳурматингизни тўкмайди, ҳимояга муҳтож бўлган оғир онларингизда сизни мудофаа қилади.

11 – Шахс солиҳ ва сара инсонларни кўриши билан Аллоҳни ёдга олади.

Бунга воқеълик ва шариат далолат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таолонинг дўстлари шундай одамларки, уларни кўриш биланоқ Аллоҳни ёдга олинади» [Суютий раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни «ал−Жомиъус сағийр»да Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилган ва уни аллома Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳул Жомеъ»да (2557) ҳасан деган].

Бошқа бир ҳадисларида эса: «Сизларга ичингиздаги яхшиларингиздан хабар берайми?»− дедилар. Саҳобалар: Ҳа, ё Расулуллоҳ!,− дейишганида: «Сизларнинг яхшироқларингиз шундай одамларки, уларни кўриш биланоқ Аллоҳни ёдга олинади»− дедилар [Ибн Можа 4119. Асмо Язид қизининг ривояти. Ҳадиснинг санадини Бусирий раҳимаҳуллоҳ «Завааид»да ҳасан деган (3/273) ва унинг бунга Абдурраҳмон ибн Ғанам, Убода ибн Сомит, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Амр, Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳум ва бошқалардан нақл қилинган ҳужжатлари бор].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур икки ҳадисларида авлиё ва сара инсонларнинг кўрган одамларга таъсири бўлиб, кўришнинг ўзи билан Аллоҳни ёдга ола бошлайдилар. Шояд бунинг сабаби, кўрган одамнинг авлиё ва сара инсонларда ҳидоят, хомушлик, ҳайбат, иймон нури ва гўзал ахлоқни кўришлари бўлса ажаб эмас. Уларни бир кўришда шундай таъсир бўлар экан, улар билан бир даврада суҳбатдош бўлган ва уларнинг ёнида бўлган одамлар қандай бўлиши мумкин?!

Шунинг учун Мусо ибн Уқба раҳимаҳуллоҳ: «Дўстларимдан бирига дуч келсам, уни учратганим боис бир неча кун оқил бўлиб яшайман»− дер эди (Ибн Ҳиббон «Равзатул уқало» 92).

Суфён раҳимаҳуллоҳ айтди: «Кўпинча дўстларимдан бирини учратар эканман, учратганимдан сўнгра бир ой давомида оқил бўлиб яшар эдим» (Ибн Ҳиббон «Равзатул уқало» 93).

Абу Сулаймон раҳимаҳуллоҳ айтди: «Мен Ироқдаги дўстларимдан бирига нигоҳ ташлар ва ундан таъсирланиб, бир ой давомида амал қилар эдим» (Ибн Ҳиббон «Равзатул уқало» 92).

12 – Солиҳ дўстлар фаровонлик кунларингизда сиз учун зийнат ва йўлдош, оғир кунларингизда заҳирадир.

Улар қайғу ва аламларингизни енгиллатиш, муаммоларингизни ҳал қилишда катта ёрдамчидир. Сиз мусибатлар бостирган, йўлларингиз озайган ва қийналган кунларингизда уларнинг фикр ва маслаҳатлари билан кўнглингиз ёришади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу бир куни дўстларининг ҳузурига чиқди ва: «Сизлар ғамимни кетказгувчи (жило)ларсиз!»,− деди (Ибн Ҳиббон «Равзатул уқало» 92).

Аксам ибн Сойфий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Дўстлар билан учрашиш, ғамларга тасаллидир!» (Ибну Абид Дунё «ал−Ихваан» 155).

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу айтди: «Ростгўй дўстлардан айрилма ва уларнинг даврасида яша! Чунки улар фаровонлик пайтида зийнат, оғир кунларда заҳирадир!» (Ибну Абид Дунё «ал−Ихваан» 116, Мақдисий «ал−Мутаҳааббийна филлаҳ» 31, Ибн Ҳиббон «Равзатул уқало» 90).

Алий ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу айтди: «Дўстлардан айрилмангиз! Чунки, улар дунё ва охиратда заҳирадир!» (Абу Ҳомид Ғаззолий «Эҳяу улумид дийн» 2/160).

Довуд Тоий раҳимаҳуллоҳга биров: Менга васият қилсангиз?,− деганида: «Тақволи одамларга йўлдош бўл! Чунки, улар дунё аҳлининг сенга юки оз ва ёрдами кўп бўлганларидир!»,− деб жавоб берди (Ибну Абид Дунё «Китабул−Ихваан» 124).

Шабиб ибн Шайба раҳимаҳуллоҳ айтди: «Чин дўстлар – дунёнинг энг яхши даромадидир. Улар – фаровонлик пайтида зийнат, мусибатли онларда заҳира ва яхши тирикчилик ўтказишда ёрдамчидир» (Мақдисий «ал−Мутаҳааббийна филлаҳ» 30).

Айрим донишмандлар айтдилар: «Дўст ўлароқ диндор, насабли, фикрли ва одобли одамни танла! Чунки, у сенга муҳтож бўлганингда ҳожатбарор, мусибат онингда тасалли, ёлғизлигингда улфат ва фаровонлигингда зийнат бўлади» (Мовардий «Адабуд дунё вад−дийн» 168).

Абдулазиз Абраш раҳимаҳуллоҳ айтди (Ибн Ҳиббон «Равзатул уқало» 93, 94):

Кўп одамлар билан дўстлаш,

Дўстлар олтиндан қимматдир.

Мусибат онидаги бундай дўст,

Туғишган оғадан олийҳимматдир!

Маҳдий ибн Собиқ раҳимаҳуллоҳ айтди (Ибн Ҳиббон «Равзатул уқало» 93, 94):

Имконинг бўлса, кўп бўлсин дўсту ёринг,

Чунки, улар сенинг ёрдамчи−ю, дастёринг!

13 – Сизнинг солиҳ кишилар билан биродарлигингиз ва суҳбатдошлигингиз Қиёмат кунида қайғу ва аламлари бўлмаган ҳамда ғамгин бўлмайдиган кишилар қаторида бўлишингизга сабаб ва дўстлик ва улардан айрилмаслик, кафолатдир.

Аллоҳ таоло айтди:

﴿الْأَخِلَّاءُ يَوْمَئِذٍ بَعْضُهُمْ لِبَعْضٍ عَدُوٌّ إِلَّا الْمُتَّقِينَ يَا عِبَادِ لَا خَوْفٌ عَلَيْكُمُ الْيَوْمَ وَلَا أَنْتُمْ تَحْزَنُونَ

«У Кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Аллоҳ йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстдирлар). (У Кунда уларга айтилур): «Эй, Бизнинг оятларимизга иймон келтирган ва мусулмон бўлиб ўтган бандаларим, бу Кун сизлар учун ҳеч хавфу-хатар йўқдир ва сизлар асло ғамгин бўлмайсизлар» (Зухруф: 67, 68).

14 – Сиз тириклигингизда ҳам, ўлганингиздан кейин ҳам уларнинг қилган ғоибона дуоларидан фойдаланасиз.

Бир−бирлари учун хайрли дуолар қилиш, солиҳ инсонларнинг одатларидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон одамнинг дўсти учун қилган ғоибона дуоси − мустажобдир. Унинг тепасида вакил қилинган фаришта бўлади. Дўсти учун хайр дуо қилгани сайин вакил қилинган фаришта: Омийн, сенга ҳам ўшанча бўлсин!, дейди»− деганлар (Имом Муслим 2733. Уммуд Дардоъ разияллоҳу анҳо ривояти).

Убайдуллоҳ ибн Ҳасан раҳимаҳуллоҳ бир кишига: «(Солиҳ) дўстларни кўпайтир! Ўлиминг ҳақидаги хабар етиб боргач улардан сенга келган энг оддий нарса – уларнинг сенга қилган дуоларидир»,− деди (Ибну Абид Дунё «Китабул−Ихваан» 113).

Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ «Таъриху Бағдаад» китобида машҳур қорилардан бири бўлган Тийб ибн Исмоил раҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳолида шундай сатрларни ёзган: «Унинг уч юзта дўстининг рўйхати ёзилган варағи бўлиб, ҳар кеча уларнинг ҳаққига дуо қилар эди. Бир кеча дуо қилмай ухлаб қолди ва тушида унинг куняси билан: Абу Ҳамдун, бу кеча чироғингизни ёқмадингиз−ку!!,− дейилди. У (уйғониб) ўтирди ва варағини олиб, дўстларининг барчасига битта−биттадан дуо қилиб чиқди» («Таъриху Бағдаад» 9/361).

15 – Солиҳ инсонларнинг даврасидан жин ва инсон шайтонлар қўрқадилар.

Улар билан бирга ўтириш, шайтонларнинг васваса ва озорларидан тўсадиган мустаҳкам қалъадир. Бу, ёмон одамлар даврасининг аксидир. Ёмон одамлар давраси шайтонлариннг қароргоҳидир. Одам жамиятдан четда ёлғиз қолса ҳам, шайтон олиб келган ёмон васваса ва бузуқ фикрлар асирига айланади. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жамоатдан айрилманг! Чунки бўри четда қолган (қўйни) ейди!»− деганлар [Имом Аҳмад 5/196, 6/446, Абу Довуд 547, Насоий 2/106. Аллома Албоний «Саҳиҳун Насоий»да бу ҳадисни ҳасан деган (1/184)].

16 – Аллоҳ учун бирга ўтириш, дўстлашиш ва зиёратлашиш, ҳадис қудсийда айтилганидек, Аллоҳнинг муҳаббатига сабабдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таборака ва таъоло айтди: Менинг муҳаббатим − Мен учун бир−бирига муҳаббат қўйганлар, бир−бирини зиёрат қилганлар ва бир−бири учун фидоийлик қилганлар учундир» [Имом Молик «Муваттоъ» 2/953. Бунинг санадини Абдул Бар ва имом Нававий «Риёзус солиҳийн»да (387−) ҳадисда саҳиҳ эканини айтди. Мунзирий «ат−Тарғибу ват−Тарҳиб» 3/340. Аллома Албоний «Саҳҳул Жомеъ»да (4331) саҳиҳ деди].

Бу ҳадисни Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу ривояти билан нақл қилган бўлса, Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Амр ибн Абаса разияллоҳу анҳунинг ҳадисини ушбу лафз билан нақл қилди: «(Аллоҳ таоло айтди): «Менинг муҳаббатим Мени деб бир−бирларини суйган одамлар учун, Менинг муҳаббатим Мени деб бир−бирларини зиёратлашган одамлар учун, Менинг муҳаббатим Мени деб бир−бирларига фидоийлик қилган одамлар учун, Менинг муҳаббатим Мени деб бир−бирлари билан дўстлашган одамлар учун лойиқ бўлди» [Мунзирий «ат−Тарғибу ват−Тарҳиб» 3/47. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг ровийлари ишончлидир. Табароний «ас−Салааса»да нақл қилди ва ҳадис лафзи уникидир. Ҳоким раҳимаҳуллоҳ ҳам бу ҳадисни ривоят қилди ва: Ҳадиснинг санади саҳиҳдир,− деди. Димётий «ал−Матжарур Робиҳ» (555 бет)да: Имом Аҳмад уни саҳиҳ санад билан ривоят қилди,− деди. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилди ва Мунзий ва Димётийлар уни икки жойда «саҳиҳ санад билан» дея нақл қилишди].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биров бошқа қишлоқдаги дўстини зиёрат қилди. Аллоҳ таоло унинг йўлига битта фариштани вакил қилиб қўйди. Фаришта олдига келган одамга: Қаёққа кетаяпсиз?,− деди. У: Мен шу қишлоқдаги бир дўстимнинг олдига кетаяпман,− деди. Фаришта: Унинг зиммасида олишингиз керак бўлган бирон неъмат борми?,− деб сўради. Одам: Йўқ, фақатгина, мен уни Аллоҳ учун яхши кўрдим,− деди. Фаришта: Мен сизга Аллоҳ таолонинг сизни у (дўстингиз)ни Аллоҳ йўлида яхши кўрганингиздек яхши кўрганини (айтиш учун юборилган) элчисиман,− деди» (Имом Муслим «Саҳиҳ: Китабул бирри вас силаҳ, Бабу фазлил ҳубби филлаҳ» 2567, «Шарҳун Нававий ли Саҳиҳи Муслим» 16/124).

17 – Солиҳ одамларнинг мажлислари – Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиш мажлисларидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Бир қавм Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиб ўтирар эканлар, уларни фаришталар ўраб, раҳматлар қамраб олади, устларидан хотиржамлик ёғади ва Аллоҳ уларни ҳузуридаги зот (фаришта)лар ичида зикр қилади» (Имом Муслим 2700);

«Бир қавм Аллоҳни зикр қилиш учун тўпланишса ва бу билан Аллоҳнинг Ўзинигина қасд қилишса, самодан бир нидочи: (Ўрнинигиздан) кечирилган ҳолатингизда туринглар, сизларнинг ёмонликларингиз ҳасанотларга айлантирилди!,− дейди» [Имом Аҳмад 12480. Аллома Албоний: Ушбу ҳадиснинг санади ҳасандир, иншааллоҳ, деди («ас−Силсилатус саҳиҳаҳ» 2210. У «Саҳиҳул Жомеъ»да шунга ўхшаш ҳадисни зикр қилиб, унинг саҳиҳ эканини айтди 2/981].

18 – Аллоҳ йўлидаги дўстларини зиёрат қилиш билан банда севинади, босган одимлари ўзига ёқади ва жаннатдан катта қасрни ҳозирлаб қўяди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бирон беморни кўрган ёки Аллоҳ йўлидаги биродарини зиёрат қилган одамга самодан нидо қилгувчи нидо қилади: Яхши иш қилдингиз ва юришларингиз яхши бўлди ва жаннатдан жой тайёрлаб олдингиз!» [Термизий 2008, Ибн Можа 1443. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривояти. Бироқ, Ибн Можанинг ривоятида «Аллоҳ йўлидаги биродарини зиёрат қилган» жумласи йўқдир. Бу ҳадис ҳасан ғарибдир. Бу ҳадисни Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ «Мавааридуз замъаан» китобида саҳиҳ деган бўлса (712), Албоний «Саҳиҳу Жомиъит Термизий»да ҳасан деган (2/195)].

Анас разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини ривоят қилади: «Қайси банда биродарини Аллоҳ учун зиёрат қилса самодан бир нидо қилгувчи: Хуш бўлдинг ва сенга жаннат ҳам хуш бўлди!,− дейди. Аллоҳ таоло эса аршининг мулкида: Бандам мен учун зиёрат қилди. Унга зиёфат қилиш зиммамдадир!,− деб унга жаннатдан бошқа савобга рози бўлмади» [Баззор «аз−Завааид: Китаабул бирр вас−силаҳ, Бабуз−зиярати» 1918, Абу Яъло «Муснад» 4140, Мунзирий «ат−Тарғибу ват−Тарҳиб» 3/239, Димётий «ал−Матжарур Робиҳ» (534 бет)да: Баззор ва Абу Яъло яхши санад билан нақл қилишди,− деди. Ҳайсамий «Мажмаъуз завааид»да (8/178): Баззор ва Абу Яъло бу ҳадисни ривоят қилишди. Абу Яълонинг Маймувн ибн Ужлаандан бошқа ровийлари саҳиҳ ҳадис ровийлари бўлиб, у ҳам ишончли ровийдир,− деди].

Яна Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаннатдаги кишиларингиздан хабар берайми?»− дедилар. (Саҳобалар): Ҳа, ё Расулуллоҳ!,− дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жаннатда! (Абу Бакр) Сиддиқ жаннатда! Шаҳар четидаги дўстини Аллоҳ учун зиёрат қилган одам жаннатда!»− дедилар [Табароний «ал−Мўъжамус сағийр» 1/46. Димётий «ал−Матжарур Робиҳ» (545 бет)да: Иншааллоҳ, бу ҳадиснинг санади яхшидир,− деди. Табароний бу ҳадисни шунга яқин лафз билан Каъб ибн Ужрадан «ал−Мўъжамул кабийр»да ривоят қилди (307). Аллома Албоний бу ҳадисни «Саҳиҳул Жомеъ»да ҳасан деди (2604)].

19 – Хуллас, солиҳ дўст сизга диний ва дунёвий тарафлардан фойдалидир.

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

«Мўъмин – бирга юрсанг ҳам, маслаҳат сўрасанг ҳам, шерик бўлсанг ҳам фойда беради. Унинг барча ишларида манфаат бор!» (Абу Наъим раҳимаҳуллоҳ: Бу ҳадис Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисдир,− деди. «Ҳилятул авлия» 8/129);

«Мўъминнинг мисоли хурмога ўхшайди: ундан нимани олсанг сенга фойдадир» [Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривояти. Табароний « ал−Мўъжамул кабийр» 2/411. Бу ҳадисни аллома Албоний «Саҳиҳул Жомеъ»да (5848) саҳиҳ деди. Ҳадиснинг асл матни эса икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида шундайдир: «Дарахтлар ичида бири борки, унинг япроқлари тушмайди ва ўзи мусулмонга ўхшайди. Унинг нима эканини менга айтиб беринглар−чи?» … Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари жавоб бериб: «У – хурмодир!»− дедилар» (Имом Бухорий 61, Имом Муслим 2811)].

20 – Солиҳ дўстлар билан бирга ўтириш самараси, сизни Аллоҳ йўлидаги муҳаббатга олиб боради.

Муҳаббат бирга ўтиришни самара қилиб берганидек, бирга ўтириш ҳам муҳаббатни самара қилиб беради. Аллоҳ йўлидаги муҳаббатнинг нафс учун катта таъсири ва буюк самаралари бўлиб, Аллоҳ таоло унга катта ажру савоблар белгилаб қўйган. Ушбу фазилатлар ва унинг сон−саноқсиз самарали бўлгани боис, улар учун алоҳида баҳс ажратдим.

Аллоҳ йўлидаги муҳаббатнинг самара ва фазилатлари

А) Аллоҳ учун суюш Аллоҳнинг бандани хуш кўришига сабабдир.

Бир оз аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Аллоҳ азза ва жалла айтди: Менинг муҳаббатим Мен учун бир−бирини суйган ва Мен учун бирга ўтиришган одамлар учун вожиб бўлди …» ҳадиси ҳамда фариштанинг Аллоҳ йўлидаги биродарини зиёрат қилган одамга: «Мен сизга Аллоҳнинг у (дўстингиз)ни Аллоҳ учун суйганингиздек сизни ҳам суйганини (айтиш учун) юборилган элчисидирман» дегани айтиб ўтилди.

Абуд Дардоъ разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан марфуъан шундай дейди: «Икки киши бир−бирини Аллоҳ йўлида ғоибона яхши кўрар экан, дўстини иккинчисидан кўра яхшироқ кўргани Аллоҳга бошқасидан кўра суюмлироқ бўлади» (Табароний ривоят қилган санад жуда ҳам кучлидир: «Мўъжамул авсат» 5279, Мунзирий «ат−Тарғиб» 4/46).

Б) Аллоҳ таоло бир−бирларини Аллоҳ учун суйган одамларни Аршининг соясидан бошқа соя бўлмаган кунда, Аршининг соясидан жой беради.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу ҳадисини ривоят қилди: «Етти киши борки, Аллоҳ таоло уларга ўзининг соясидан бошқа соя бўлмаган кунда соя беради. … Аллоҳ учун бир−бирини суйган ва Аллоҳ учун бирлашиб, Аллоҳ учун айрилган икки киши» (Имом Бухорий 660, Имом Муслим 1031).

Яна Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ Қиёмат кунида: Менинг улуғлигим билан бир−бирини суйганлар қани? Мен уларга (аршимнинг) соясидан бошқа соя бўлмаган кунда соя бераман,− дейди» (Имом Муслим 2566).

В) Аллоҳ учун суюш ва Аллоҳ учун нафрат этиш, банда иймонининг камолотига далолат қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ учун суйган ва Аллоҳ учун ёмон кўрган, Аллоҳ учун берган ва Аллоҳ учун бермаган одам иймонини комил қилибди» (Абу Умома разияллоҳу анҳу ривояти. Абу Довуд 4681. Албоний бу ҳадисни саҳиҳ деган: «Саҳиҳул Жомеъ» 5965).

Г) Аллоҳ учун суюш, иймон ҳаловатини тотиш омилидир.

Икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадислари келган: «Уч хислат борки, улар кимда бўлса иймон ҳаловатини тотади: Аллоҳ ва Расули унга бошқа барча махлуқдан кўра севимлироқ бўлса, бировни Аллоҳ учун яхши кўрса ва Аллоҳ таоло қутқарганидан сўнгра куфрга қайтишдан жаҳаннамга отилишни ёқтирмаганидек нафрат этса» (Имом Бухорий 16, Имом Муслим 43).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким иймон таъмини тотмоқчи бўлса, бировни Аллоҳ учунгина суйсин!» [Имом Аҳмад 2/298, Баззор 63. Ҳайсамий раҳимаҳуллоҳ айтди: Бу ҳадисни Имом Аҳмад ва Баззорлар ривоят қилишди ва уларнинг ровийлари ишончлидир: «Мажмаъуз завааид» 1/90. Ҳоким раҳимаҳуллоҳ: Бу ҳадиснинг санади саҳиҳдир, бироқ Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилишмади, деди: 4/178. Бу ҳадисни аллома Албоний «Саҳиҳул Жомеъ»да ҳасан деди (5958)].

Д) Банда, солиҳ инсонларнинг салоҳияти ва устиворлигини суюш билан, қилаётган амали кўп бўлмаса ҳам, уларга ва уларнинг мартабаларига эришади.

Икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг ушбу ривояти нақл қилинган: «Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: Ё Расулуллоҳ, бир қавмни суйган, бироқ, уларга етиша олмаган одам ҳақида нима дейсиз?,− деб савол берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Киши суйганлари билан биргадир»,− деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий 6169, Имом Муслим 2640).

Яна айни манбаларда Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Биров Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: Қиёмат қачон бўлади?,− деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга нимани ҳозирладинг?»,− дея сўрадилар. Одам: Мен намоз, рўза ва садақадан кўп нарса тайёрлай олмаган бўлсамда, Аллоҳ ва Расулини яхши кўраман,− деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Сен суйганларинг билан биргасан!»,− дедилар. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сен суйганларинг билан биргасан!» деган сўзларидан жуда ҳам севиниб кетдик. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни, Абу Бакр ва Умарни яхши кўраман ва уларга бўлган муҳаббатим туфайли, улардек амал қила олмаган бўлсамда, улар билан бирга бўлишни орзу қиламан» (Имом Бухорий 3688, 6171, 7153; Имом Муслим 2639. Улардаги ривоятлар фарқли лафзлар билан келган).

Алий разияллоҳу анҳу марфуъан ривоят қилди: «Киши қайси халқни яхши кўрса, улар билан маҳшарда бирга бўлади» (Табароний 2/40. Мунзирий раҳимаҳуллоҳ бу ҳадиснинг санади яхши эканини айтган: «атТарғибу ват−Тарҳиб» 4/51).

Е) Аллоҳ учун яхши кўришнинг фойдаларидан бири, Аллоҳ таоло бир бандани Аллоҳ учун суйган одамга лутфларини ёғдиради.

Аллоҳнинг лутфи бандасига бўлган иймон, фойдали билим, солиҳ амал ва бошқа неъматларни ўз ичига олади. Абу Умома разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Банда бошқа бандани Аллоҳ учун яхши кўрар экан, Аллоҳ унга лутфини ёғдиради» [Ибну Абид Дунё «Китаабул ихваан» 20, Мақдисий «Китаабул мутаҳааббийн» 8. Лафз ҳар иккисиникидир. Имом Аҳмад бу ҳадисни «Банда бошқа бандани Аллоҳ учун яхши кўрса, Роббиси азза ва жалла унга лутфларини ёғдиради» лафзи билан нақл қилди (5/259). Аллома Албоний ҳадиснинг санади ҳақида: Бу − жуда яхши Шом санадидир,− деди («ас−Силсилатус саҳиҳаҳ» 1256). Бу ҳадисни Суютий ва Муновий раҳимаҳумаллоҳлар саҳиҳ дейишган («Файзул Қадийр» 5/410)].

Ё) Аллоҳ йўлида бир−бирларини суйганлар учун нурли минбарлар бўлиб, уларга пайғамбару шаҳидлар ҳавас қиладилар.

Термизий раҳимаҳуллоҳ Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан келтирган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Аллоҳ таоло айтди: Менинг буюклигим учун бир−бирларини яхши кўрганларга нурли минбарлар бўлиб, уларга пайғамбарлар ва шаҳидлар ҳавас қилишади» [Термизий ривояти (2390). У бу ҳадисни ҳасан саҳиҳ деган бўлса, аллома Албоний «Саҳиҳул Жомеъ»да саҳиҳ деган (4312)].

Яхши одамлар билан дўстлашиш самараларини кўргач ва солиҳ одам билан дўстлашишнинг ҳар жиҳатдан дунё ва охиратда катта манфаатлари бор эканини аниқ бўлгач, (энди) муҳаббати ва дўстлиги дунё ва охиратда қандай бахтиқароликларга олиб боришини кўришимиз учун, муқобил тараф – ёмон дўстлар мавзусига ўтамиз.

Ёмон дўстнинг зарарлари

Ёмон дўстнинг дўстига дунё ва охиратда ҳар томонлама зарари бордир. Ёмон одамлар суҳбатидан келадиган барча фасод ва зарарларнинг олдини олиш анчагина қийиндир. Шояд улардан баъзиларини айтишнинг ўзи, оқилнинг бундай суҳбатлардан йироқ туришга етарли туртки бўлар.

1 – Ёмон дўстнинг зарарларидан бири, унинг сизда соғлом эътиқодингиз ҳақида шубҳа уйғотиб, ундан буришидир.

Аллоҳ таоло бу ҳақда Соффат сурасида шундай дейди:

﴿فَأَقْبَلَ بَعْضُهُمْ عَلَى بَعْضٍ يَتَسَاءَلُونَ قَالَ قَائِلٌ مِنْهُمْ إِنِّي كَانَ لِي قَرِينٌ يَقُولُ أَإِنَّكَ لَمِنَ الْمُصَدِّقِينَ أَإِذَا مِتْنَا وَكُنَّا تُرَابًا وَعِظَامًا أَإِنَّا لَمَدِينُونَ

«Бас улар (яъни аҳли жаннат) бир-бирларига қараб савол-жавоб қилурлар. (Шундай суҳбатларнинг бирида) улардан бири деди: «Менинг бир дўстим бор эди. У (менга) «Ростдан ҳам сен (ўлганимиздан сўнг яна қайта тирилишимизни) тасдиқ этгувчиларданмисан? Бизлар ўлиб, тупроқ ва суякларга айланиб кетган вақтимизда ҳақиқатан ҳам (қайта тирилтирилиб) жазолангучимизми?» дер эди» (Соффат: 50 − 53).

Сиз ёмон дўстлари кофир бўлиб ўлишида катта рол ўйнаган Абу Толибнинг ҳикоясига қулоқ беринг: Имом Бухорий ва Имом Муслим раҳимаҳумаллоҳлар Мусайяб ибн Ҳазн разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Ўлим тўшагида ётган Абу Толибнинг олдига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келдилар ва унинг ҳузурида Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва Абдуллоҳ ибн Умайяларни кўрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Абу Толибга): «Амаки, Аллоҳнинг даргоҳида сиз учун ҳужжат қилишим учун «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ) жумласини айтинг!»− дедилар. Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Умайя: Ҳой Абу Толиб, сиз Абдулмутталибнинг миллатидан воз кечасизми?!,− дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (шаҳодат) калимасини таклиф қилгани сайин у иккиси ўз сўзларини такрорлашар эди. Ҳатто Абу Толибнинг охирги гапи: Мен Абдулмутталибнинг динидаман!, бўлди ва «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтишдан воз кечди» (Имом Бухорий 1360, Имом Муслим 34).

Дўстим, сиз ёмон дўстлар қилган ишга қаранг: Абу Толибни адаштирдилар, ўжарлик билан жаҳаннамга топширдилар! Аллоҳ таоло бундай дўстлардан асрасин!

2 – Ёмон дўст ўз суҳбатдошини ўзи каби мункар ва гуноҳ ишларни қилишга чорлайди ва шуни севади.

Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай дейди: «Дарҳақиқат, мункар аҳлининг кўпи мункарларини суйган одамни яхши, ёмон кўрганларни эса ёмон кўрадилар. Шунинг учун ҳам дунёвий ва шаҳвоний ишларда шу ишларни танлаган ва шерик бўлан одамларни ё раҳбар, қароқчилик ва бошқа гуноҳларда ёрдамчи бўлиш, ёки, шаробхўрликда ўртоқ бўлиш учун танлайдилар ёхуд ҳасад қилганлари боис ўзларидан кўра яхшиликни кўп қилиб, устунлигини кўрсатиб, бошқалардан раҳмат олиш билан ажралиб туриши ва ўз зарарларига ҳужжат бўлиши ёда ўзи ёки даъво қилган жойидаги раҳбарлар зарар бериб қўйиши ёхуд унинг миннати ҳамда хатари тагида қолиш ва бундан бошқа сабаблар боис ёқтирмайдилар. Аллоҳ таоло айтди:

﴿وَدَّ كَثِيرٌ مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ لَوْ يَرُدُّونَكُمْ مِنْ بَعْدِ إِيمَانِكُمْ كُفَّارًا حَسَدًا مِنْ عِنْدِ أَنْفُسِهِمْ مِنْ بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُمُ الْحَقُّ

«Аҳли китобларнинг кўпчилиги сизларни, иймонли бўлганингиздан кейин (яъни ҳозир), уларнинг ўзларига ҳам ҳақиқат очиқ равшан бўлганидан кейин ҳасад қилганлари сабабли куфрга қайтаришни истайди» (Бақара: 109).

Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида шундай деди:

﴿وَدُّوا لَوْ تَكْفُرُونَ كَمَا كَفَرُوا فَتَكُونُونَ سَوَاءً

«Улар ўзлари кофир бўлганлари каби сизлар ҳам кофир бўлиб, улар билан баробар бўлиб қолишларингизни истайдилар» (Нисо: 89).Усмон разияллоҳу анҳу: «Зония барча хотин−қизлар зино қилишини яхши кўради»− деди» («Мажмуъу фатаава» 28/150−151).

3 – Одам ўз табиатига кўра суҳбатдошининг одатлари, ахлоқи ва ишлари билан таъсирланади.

Юқорида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Киши дўстининг динида бўлади. Бас, бировингиз ким билан дўстлашаётганига диққат қилсин!» ҳадиси ўтди. Демак, суҳбатдошдан дўсти таъсирланади, унинг табиатини олади. Баъзилар: «Ёмон одамлар билан бирга ўтиришдан сақланинг! Чунки, табиатингиз унинг табиатини ўғирлаб олганини сезмай қоласиз»− дейишган (Роғиб Исфаҳоний «аз−Зариъаҳ ила макааримиш шариаҳ» 193).

4 – Ёмон одамни кўришнинг ўзи сизга унинг ошкора ёки хуфёна қилган гуноҳларини эслатади.

Натижада, ғофил ва банд бўлган пайтларида кишининг кўнглига ўша гуноҳлар келади. Обид инсонни кўриш ибодат қилишга муваффақ қилган Аллоҳни хотирлатади. Осийни кўриш эса маъсиятга етаклаган Шайтонни эслатади. Роғиб Исфаҳоний раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Суҳбатдош суҳбатдошига ўзининг гаплари ва ишлари билангина эмас, кўриниши билан ҳам таъсирини ўтказади. Суратларга қараш ҳам, суратдаги одам ахлоқининг қараётган одамга ўтишига таъсир қилади» (Роғиб Исфаҳоний «аз−Зариъаҳ ила макааримиш шариаҳ» 193).

5 – Ёмон одам сизни ёмон одамларга олиб боради ва улар сизга зарар беришади.

Улар суҳбатдошингиздан ҳам разилроқ бўлишлари мумкин.

6 – Ёмон дўст айбу камчиликларини сиздан яширади ва сиз уларни кўра олмайсиз.

У хатоларини сизга чиройли нарсалардек, гуноҳларни қалбингизга оғирлиги бўлмагандек, ибодатлардаги ғофилликни эса оқибати хайрлидек кўрсатади.

7 – Ёмон дўстлар билан бирга шаҳват ва лаззатларга ғарқ бўлиш ёки уларнинг таъқиқлашлари ёхуд ёмон одамлар билан бирга юрганингиздан уялганингиз туфайли солиҳ ва эзгу ишларни қиладиган одамлар суҳбатидан маҳрум қоласиз.

Натижада, солиҳ одамлардан узоқлашганингизга қараб яхшилик ва эзгуликлардан маҳрум бўласиз.

8 – Ёмон дўстлар билан бирга ўтирган одам ўз ишларини уларнинг қилмишларига қиёслайди.

Натижада, ўзининг ёмон ишларини уларникининг олдида арзимас деб билади. Бу эса унинг ҳаддан ошиши, Тўғри йўлдан оғишининг кучайиши, солиҳ амалларни камситиши, энг камида, ўзининг ҳолатини севиб кибрланишига сабаб бўлади. Кибр эса, юқорида айтиб ўтилганидек, ҳалокатли иллатдир.

9 – Ёмон дўстларнинг ўтиришлари қўшиқ, чақимчилик, ғийбат, ёлғон, лаънатлаш каби ҳаром ва маъсиятлардан холи бўлмайди.

Бундай ўтиришларда иштирок этаётган одам ё бу гуноҳларга рози бўлади ёки уларни таъқиқлашга тиришади. Бироқ, ўша даврадан ажрала олмай, гуноҳларга ўртоқ бўлади. Чунки, уламоларниг айтишича, инкор этиш – мункар давом этаверса даврадан айрилишни тақозо этади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

﴿وَإِذَا رَأَيْتَ الَّذِينَ يَخُوضُونَ فِي آَيَاتِنَا فَأَعْرِضْ عَنْهُمْ حَتَّى يَخُوضُوا فِي حَدِيثٍ غَيْرِهِ وَإِمَّا يُنْسِيَنَّكَ الشَّيْطَانُ فَلَا تَقْعُدْ بَعْدَ الذِّكْرَى مَعَ الْقَوْمِ الظَّالِمِينَ

«Қачон Бизнинг оятларимизни (масхара қилишга) киришаётган кимсаларни кўрсангиз, то бошқа гапга киришгунларича улардан юз ўгиринг! Энди агар шайтон ёдингиздан чиқарса, эслаганингиздан сўнг бу золим қавм билан бирга ўтирманг!» (Анъом: 68);

﴿وَقَدْ نَزَّلَ عَلَيْكُمْ فِي الْكِتَابِ أَنْ إِذَا سَمِعْتُمْ آَيَاتِ اللَّهِ يُكْفَرُ بِهَا وَيُسْتَهْزَأُ بِهَا فَلَا تَقْعُدُوا مَعَهُمْ حَتَّى يَخُوضُوا فِي حَدِيثٍ غَيْرِهِ إِنَّكُمْ إِذًا مِثْلُهُمْ

«Ахир Аллоҳ сизларга Китобда: «Қачонки Аллоҳнинг оятлари инкор қилинаётганини ва масхара қилинаётганини эшитсангизлар, то бошқа гапга ўтмагунларича ундай кимсалар билан бирга ўтирманглар», деган сўзларни нозил қилган эди-ку?! (Модомики, улар билан ўтирган экансиз), демак, сизлар ҳам шак-шубҳасиз уларнинг ўзисиз. Албатта, Аллоҳ барча мунофиқ ва кофирларни жаҳаннамга жамлагувчидир» (Нисо: 140).

10 – Ёмон одам билан дўстлашиш ва суҳбатдош бўлиш, заррача ихтилоф ва зарар келиши билан тўхтайди ва ўрнини нафрат эгаллайди.

Абдуллоҳ ибн Муътазз раҳимаҳуллоҳ айтди: «Ёмон дўстлар мусибат пайтида қочишади ва неъматлар сероб бўлганида атрофингда гир айланишади» (Хаттобий «Китаабул узлаҳ» 194).

Алий ибн Довуд раҳимаҳуллоҳ айтди (Мақдисий «Китабул мутаҳоббийна филлаҳ» 37 б.):

Аллоҳдан бошқаси чун дўст бўлганларнинг,

Дўстликлари мангу эмас, инонгин ҳардам.

Аллоҳ чун дўст бўлган дўстлар хайрли,

Муҳаббату софликлари доимо ҳамдам.

Абу Ҳасан Тиҳомий раҳимаҳуллоҳ айтди («Девонут−Тиҳомий» 315 б.):

Икки нарса бирдан кетар йўқ бўлиб:

Ёшлик бебошлиги, бадбахт дўстлиги…

Айрим донишмандларнинг муҳрига шу нақшлар солинган эди: «Биров сени бирон иш сабабли яхши кўрган бўлса, ўша иши битиши билан сендан айрилади» (Хаттобий «Китаабул узлаҳ» 151).

Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ айтди: «Оқил инсон ёмонлар билан дўст бўлмайди. Чунки уларнинг дўстлиги гиналарни ўз ичига олган оташ парчасидир. Ёмон одам ҳақиқий дўстликни билмас ва ваъдасига вафо қилмас» (Ибн Ҳиббон «Равзатул уқало» 101 б.).

Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ айтди: «Одамлар бир−бирларига ўз ихтиёрлари билан гуноҳу тажовузда ҳамкор бўлсалар ҳам, бир−бирларидан нафрат этадилар. Товус (раҳимаҳуллоҳ): Икки киши Аллоҳдан бошқаси учун бирлашсалар, албатта, жанжаллашиб айриладилар, деган. Агар дўстлик икки кишининг манфаати асосига қурилмаган бўлса, унинг оқибати адоват бўлади. Уларнинг манфаатлари эса, дўстликлари Аллоҳ учунгина бўлса амалга ошади. Агар бири иккинчисининг манфаати учун фидокорлик қилса ёки қилган талабларига ёрдамчи бўлса, бундай йўллар билан бир−бирларини рози қилишга уринишнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ. Чунки бундай ҳаракатлар ҳам ўзаро нафрат, душманлик ва лаънатлашга олиб боради. Уларнинг ҳар бири бошқасига: Сен бўлмасайдинг мен бу ишни қилмасдим! Бу менинг ва сенинг ҳалокатингдир!,− дейди» («Мажмуъу фатаава» 15/128, 129).

11 – Ёмон дўстлар билан жўралик бу дунёда давом этсада, Охират келиши билан узилиб, Аллоҳ таоло айтганидек, адоват ва нафратга айланади:

﴿الْأَخِلَّاءُ يَوْمَئِذٍ بَعْضُهُمْ لِبَعْضٍ عَدُوٌّ إِلَّا الْمُتَّقِينَ

«У Кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Аллоҳ йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстдирлар)» (Зухруф: 67).Дўстликнинг нафрат ва адоватга айлинш сабаби, гуноҳ ва тажовузга ҳавкорликдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деди:

﴿وَقَالَ إِنَّمَا اتَّخَذْتُمْ مِنْ دُونِ اللَّهِ أَوْثَانًا مَوَدَّةَ بَيْنِكُمْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا ثُمَّ يَوْمَ الْقِيَامَةِ يَكْفُرُ بَعْضُكُمْ بِبَعْضٍ وَيَلْعَنُ بَعْضُكُمْ بَعْضًا

«Иброҳим айтди: «Сизлар фақат ҳаёти дунёдаги ўзаро ошна-оғайнигарчилигингизни кўзлаб, Аллоҳни қўйиб, бутларни ушладинглар. Ҳали қиёмат кунида айримларингиз (яъни пешволарингиз) айримларингиздан (эргашувчилардан) тонур, айримларингиз айримларингизни лаънатлар. Сизларнинг борар жойингиз дўзахдир. (У жойда) сизлар учун ёрдамчилар йўқдир»» (Анкабут: 25).

Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ айтди: «Улардан бири шериклигидан зарар кўрса ва гуноҳ қилганига шоҳид бўлса, бошқасини кофирга чиқариб, лаънат қила бошлайди» («Мажмуъу фатаава» 15/129).

12 – Фисқу фужур ўтиришларининг кўпида Аллоҳни ёд қилинмайди.

Бу эса ўша ерда иштирок этган кимсалар учун Қиёмат кунида ҳасрату надомат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай деганлар: «Бирон қавм ўтиришларнинг биронтасидан Аллоҳни ёдга олмай турар эканлар, гўё ўлимтик устидан тургандек турадилар ва бу ўтиришлари Қиёмат кунида улар учун пушаймонлик бўлади» [Абу Довуд 4855, Имом Нававий бу ҳадисни «Риёзус солиҳийн»да (838) ва аллома Албоний «Саҳиҳул Жомеъ»да (5750) саҳиҳ деган].

13 – Ёмон дўстлар билан бирга ўтириш вақтни беҳуда ўтказиш ҳисобланиб, удан Қиёмат кунида сарҳисоб қилинади.

14 – Сиз ёмон дўстлар билан таниласиз ва ҳаққингизда ёмон гумонлар айланиб юради.

Хуллас, ёмон одамлар ўзларига яқинлашганларга дунё ва охиратда зарар келтиради.

Абдурраҳмон Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Хуллас, ёмон одамлар билан дўстлашиш ва уларга яқин бўлиш, ҳар тарафдан зиёндир. Улар сабабли қанча одам ҳалок бўлди, қанча одам эса сезган ва сезмаган ҳолатида уларнинг етовида ҳалокатли маконларга етиб борди» (Аллома Носир Саъдий «Баҳжату қулубил аброр», 68− ҳадис).

Шунинг учун Абу Асвад Дуалий раҳимаҳуллоҳ: «Аллоҳ таоло ёмон дўстдан кўра зарарли махлуқотни яратмади»− деди (Суютий «аш−Шиҳаабус саақиб фий заммил халили вас−соҳиб» 32 б.).

Нафсининг дунё ва охиратда нажот топишини хоҳлаган оқил, ёмон одамларга аралашишдан йироқ бўлиши, улардан қочиши ва бу ишга эътиборсиз қарамаслиги лозим.

Ушбу баҳснинг хотимасида, ёхши ва ёмон дўстларнинг осорларини кўриб ўтгач, сизларга ўтиришларни танлаш ва унга тарғиб ҳақида баъзи осорларни тақдим этмоқчиман.

Дўстларни танлаш ҳақида нақл қилинган осорлар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мўъмин билангина дўст бўл ва таомингни тақводоргина есин!». Бу ҳадисни Имом Аҳмад (3/38), Термизий (2395) ва Абу Довуд (4832) ривоят қилдилар ва уни Бағавий («Шарҳус суннаҳ» 13/69) ва Ибн Муфлиҳ («ал−Аадаабуш шаръийя» 3/561) келтирди.

Хаттобий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисга «Китаабул узлаҳ» китобида қилган шарҳида шу сатрларни ёзган: «Бунинг маъноси: Таомингизни тақводорларгина есин! Чунки ҳамтовоқлик дўстликни тақозо этиб, кўнгилларни жамлайди. Сиз аралашган ва хос дўстларингизнинг тақволи бўлишига ҳаракат қилинг!» («Китаабул узлаҳ» 142 б.).

Луқмон ўғлига шундай деди: «Ўғилчам, Аллоҳга тақво қилгандан кейин, солиҳ ўртоқ билан дўстлашини унутма!» (Хаттобий «Китаабул узлаҳ» 110 б.).

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу айтди:

«Ўзингизга алоқаси бўлмаган нарса ҳақида гапирманг! Душманингиздан йироқ туринг! Омонатдор дўстингиздангина хотиржам бўлинг! Аллоҳдан қўрққан ва Аллоҳга итоат қилган дўстгина омонатдор бўлади. Фосиқ одамлар билан бирга юрсангиз, сизга фосиқлигини ўргатади ва унга сирингизни берманг ҳамда ишларингизда Аллоҳдан қўрқадиган одамлар билангина машварат қилинг!» (Хаттобий «Китаабул узлаҳ» 144 б.);

«Одамзотга Исломдан сўнгра солиҳ дўстдан кўра яхшироқ (неъмат) берилмаган» (Муҳаммад Зубайдий «Итҳаафус саадатил муттақийн» 144 б.).

Алий разияллоҳу анҳу айтди: «Дўстлардан айрилмангиз! Чунки, улар дунё ва охиратда заҳирадир. Ахир, жаҳаннам аҳлининг:

﴿فَمَا لَنَا مِنْ شَافِعِينَ وَلَا صَدِيقٍ حَمِيمٍ

«Бизнинг на оқловчи ва на самимий дўстлари бор» (Шуаро: 100, 101) оятдаги сўзларига қулоқ солмайсизми?!» (Абу Ҳомид Ғаззолий «Иҳяу улумид дийн» 2/160).

Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Ийсо алайҳиссалом: «Кўриниши сизларга Аллоҳни эслатадиган, гаплари амалингизни кўпайтирадиган, амали Охиратга рағбатлантирадиган одамлар билан бирга ўтирингиз!»,− деди» (Муҳаммад Ғаззолий «Иҳяу улумид дийн» 2/159).

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Бировингиз Аллоҳ йўлида бир биродарини кўпайтирса, ўша билан (Аллоҳ ҳузуридаги) мақомини юксалтади» (Ибн Ҳажар «ал−Матолибил аалия» 4/10).

Абу Дардоъ разияллоҳу анҳу айтди: «Агар учта нарса бўлмаса Ернинг устида эмас, остида бўлишни хоҳлар эдим: хурмонинг сараларини танлашгандек сўзларнинг сарасини танлаган дўстларим, Аллоҳга юзларимни тупроққа белаб қилган саждаларим ва Аллоҳ йўлидаги бориш ёки келишлар» (Имом Аҳмад «аз−Зуҳд» 135 б.).

Муҳаммад ибн Восеъ раҳимаҳуллоҳ айтди: «Бу дунёда жамоат билан ўқилган намоз ва дўстлар билан учрашишдан бошқа лаззатлироқ нарса қолмади» (Имом Аҳмад «аз−Зуҳд» 313 б.).

Билол ибн Саъд раҳимаҳуллоҳ айтди: «Сизга дуч келгач Аллоҳни эслатган дўстингиз, ҳар учрашганида кафтингизга олтин танга кафтлаган дўстингиздан кўра яхшироқдир!» (Ибн Муборак «аз−Зуҳд» 167 б., «Ҳилятул авлия» 5/225).

Айрим донишмандларга: «Бойликларнинг қайси бири яхшироқ?»,− деб савол берилганида: «Аллоҳга бўлган тақводан сўнгра солиҳ биродар!»,− деб жавоб берди (Ибну Абид Дунё «ал−Ихваан» 133 б.).

Суфён раҳимаҳуллоҳга: «Ҳаётнинг суви нима?»,− деб савол берилганида: «Дўстлар учрашуви!»,− деб жавоб берди (Ибн Ҳиббон «Равзатул уқало» 93 б.).

Салафларнинг айримлари: «Дўстларни қидиришда сустлашган одам энг ожиз инсонлардан бири бўлса, дўстларни қўлдан чиқарган одам ундан ҳам баттардир»− деди (Ғаззолий «Иҳяу улумид дийн» 2/180).

Муҳаммад ибн Восеъ раҳимаҳуллоҳдан: «Дунёдаги энг афзал амал нима?»,− деб сўралганида: «Тақво ва эзгулик билан яқинлашган дўстлар билан йўлдош, биродарлар билан суҳбатдош бўлиш. Шундагина ўрталарида келишмовчиликлари бартараф бўлади»− деб жавоб берди (Ибну Абид Дунё «ал−Ихваан» 28 б., Мақдисий «Китабул мутаҳааббийна филлаҳ» 30 б.).

Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ айтди: «Яхши одамлар билан елкангда тош кўтаришинг, фожирлар билан ёққа қориштирилган хурмодан қилинган ҳалво – хабисани тановул қилишингдан кўра яхшироқдир», деб ушбу байтларни ўқиди:

Яхши одамлар−ла дўст бўл, мусулмон бўлиб қутиласан,

Ёмонларга бир кун дўст бўлган, доим пушаймон бўлган».

(Қуртубий тафсири 13/27, Ибн Ҳиббон «Равзатул уқало» 100 б.).

Ҳилолур Раъй раҳимаҳуллоҳ айтди: «Кучли дўстликлар, Аллоҳ азза ва жалла йўлида бўлган дўстликлардир» («Таҳзибу таърихи Димашқ» 1/439).

Маъмун раҳимаҳуллоҳ айтди: «Мулк ва фарзанд муҳаббатига ғолиб бўлган дўст – солиҳ дўстдир» (Ғарнаатий «Жаннатур ризо фи таслим лимаа қоддараллоҳу ва қазо» 3/68).

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ шу байтларни мисол қилиб келтирар эди:

Дўст бўлмоқчи бўлсанг мардлар билан,

Ишларини текшир бўш кетмасин замон,

Омонатли ва тақводор одамни топсанг,

Ўша қувонч, айрилмагин ундан ҳеч қачон!

(Ибну Абид Дунё «ал−Ихваан» 115 б., Ибн Ҳиббон «Равзатул уқало» 105 б.).

Муҳаммад ибн Имрон раҳимаҳуллоҳ айтди:

Одамзот дўстлари билан кучлидир.

Кафтлар бўғим билан кучли бўлгандек.

Бўғимлари кесилган кафтда йўқдир куч,

Кесилган билакда иш бўлмагандек!

(Ибн Ҳиббон «Равзатул уқало» 86 б.).

Қуртубий раҳимаҳуллоҳ ўз тафсирида айрим шоирларнинг ушбу байтларини келтирган:

Ёмон дўстдан узоқлаш,

кес унинг арқонини.

Кўрмасанг ундан яхшилик,

айланиб ўт ёнини.

Содиқ дўстга меҳр қўй,

қилма у билан тўполон.

Соф дўстликка эришасан,

ҳалим қолсанг ҳар замон!

(Қуртубий тафсири 13/26).

Бошқа шоир шундай деди:

Қайси жойда дуч келсанг ҳам,

Яхши одам бўлсин йўлдошинг.

Яхши йўлдош ким?, десанг агар.

Зарофатли бўлар қардошинг!

Одамлар ҳам ўхшар тангага,

Бири яхши, бири гўрсўхта.

Тангаларнинг бири ҳақиқий,

Бири эса гоҳида сохта!

(Ибн Ҳиббон «Равзатул уқало» 105 б., Қуртубий тафсири 13/26).

Хотима

Дўстим, яхши ва солиҳ одамлардан айрилманг ва ўзингизни шунга кўниктиринг! Уларнинг билимлари, ахлоқлари ва амалларидан ўрнак олиб, фикр ва тавсияларидан баҳраманд бўлинг! Эсимдан чиқмай шуни ҳам айтиб қўяй, сиз гоҳида у одамлардан ҳам камчиликлари, фарқли табиат ва тарзлари туфайли озор чекишингиз мумкин. Ўша пайтда сабр қилинг ва доимо қуйидаги оят кўз ўнгингизда турсин ва уни қалбингизга ёзиб қўйинг:

﴿وَاصْبِرْ نَفْسَكَ مَعَ الَّذِينَ يَدْعُونَ رَبَّهُمْ بِالْغَدَاةِ وَالْعَشِيِّ يُرِيدُونَ وَجْهَهُ وَلَا تَعْدُ عَيْنَاكَ عَنْهُمْ تُرِيدُ زِينَةَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَلَا تُطِعْ مَنْ أَغْفَلْنَا قَلْبَهُ عَنْ ذِكْرِنَا وَاتَّبَعَ هَوَاهُ وَكَانَ أَمْرُهُ فُرُطًا

«Сиз ўзингизни эртаю, кеч Парвардигорларининг юзини – розилигини истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб (ўзга аҳли дунёларга боқмасин)! Ва Биз қалбини Бизни зикр қилишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи-нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!» (Каҳф: 28).

Аллоҳ таолодан мени ва сизларни қўлимиздан ушлаб дунё ва охират саодатига етаклайдиган солиҳ дўстларни топишга муваффақ қилиши, яхшиликларни қилиб, ёмонликлардан воз кечишга муяссар айлаши, ҳар биримизни яхшиликлар очувчиси ва ёмонликлар ёпувчиси қилиши ҳамда Ўзининг раҳмат қароргоҳида бирлаштиришини тилайман. Омийн!

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва барча асҳобларига салавоту саломлар йўлласин…

 

 

Фойдаланилган манбалар

1- «الآداب الشرعية والمنح المرعية»، لابن مفلح، مكتبة الرياض الحديثة بالرياض.

2- «إتحاف السادة المتقين شرح إحياء علوم الدين»، للزبيدي، دار الفكر.

3- «إحياء علوم الدين، للغزالي»، مكتبة دار الإرشاد، القاهرة.

4- «الإخوان لابن أبي الدنيا»، ت محمد عبد الرحمن طوالبة، ط دار الاعتصام.

5- «أدب الدنيا والدين»، للماوردي، ت مصطفى السقاء، مطبعة مصطفى الحلبي.

6- «بلوغ المرام من أدلة الأحكام»، لابن حجر، ت محمد حامد الفقي، المكتبة التجارية الكبرى.

7- «بهجة قلوب الأبرار، وقرة عيون الأخيار، شرح جوامع الأخبار»، للسعدي، مطبعة الكيلاني.

8- «تاريخ بغداد»، للخطيب البغدادي، دار الكتاب العربي، بيروت.

9- «الترغيب والترهيب»، للمنذري، مكتب الإرشاد.

10- «تفسير القرآن العظيم»، لابن كثير، ط دار الشعب.

11- «جامع البيان عن تأويل آي القرآن»، لابن جرير الطبري، ط مصطفى الحلبي، الطبعة الثالثة 1388هـ.

12- «جامع الترمذي» ت: أحمد محمد شاكر، المكتبة الإسلامية.

13- «الجامع لأحكام القرآن»، للقرطبي، دار إحياء التراث العربي، بيروت.

14- «حلية الأولياء»، لأبي نعيم الأصبهاني، دار الكتاب العربي، بيروت.

15- «الدرر المنثور في التفسير بالمأثور» للسيوطي، دار الفكر للطباعة والنشر، بيروت.

16- «دليل الفالحين شرح رياض الصالحين»، لابن علان الصديقي، مطبعة الحلبي.

17- «ديوان أبي الحسن التهامي»، مكتبة المعارف، الرياض، 1402هـ.

18- «الذريعة إلى مكارم الشريعة»، للراغب الأصبهاني، مكتبة الكليات الأزهرية بمصر.

19- «روضة العقلاء ونزهة الفضلاء»، لابن حبان، ت. محمد محي الدين عبد الحميد، ط. دار الكتب العلمية، بيروت.

20- «رياض الصالحين»، للنووي، ت: الألباني، ط المكتب الإسلامي.

21- «الزهد»، للإمام أحمد، دار الكتب العلمية، بيروت.

22- «الزهد» للإمام ابن المبارك، ت: حبيب الرحمن الأعظمي، دار الكتب العلمية، بيروت.

23- «السلسلة الصحيحة»، للألباني، المكتب الإسلامي.

24- «سنن ابن ماجة»، ت: محمد فؤاد عبد الباقي، المكتبة الإسلامية، تركيا.

25- «سنن أبي داود»، ت: عزة عبيد الدعاس، دار الحديث، حمص.

26- «سنن النسائي»، بعناية عبد الفتاح أبو غدة، مكتب المطبوعات الإسلامية بحلب.

27- «شرح السنة»، للبغوي، ت: شعيب الأرناؤوط وزهير الشاويش، المكتب الإسلامي.

28- «الشهاب الثاقب في ذم الخليل والصاحب»، للسيوطي، ت: أحمد عبد الفتاح، مكتبة التراث الإسلامي، القاهرة.

29- «صحيح البخاري» ت: محمد فؤاد عبد الباقي، مع فتح الباري، ط السلفية.

30- «صحيح الجامع الصغير وزيادته»، للألباني، ط المكتب الإسلامي.

31- «صحيح سنن ابن ماجة»، للألباني، ط المكتب الإسلامي.

32- «صحيح سنن أبي داود»، للألباني، ط المكتب الإسلامي.

33- «صحيح سنن الترمذي»، للألباني، ط المكتب الإسلامي.

34- «صحيح سنن النسائي»، للألباني، ط المكتب الإسلامي.

35- «العزلة»، للخطابي، ت: ياسين السواس، دار ابن كثير، دمشق.

36- «عمدة القاري شرح صحيح البخاري» للعيني، ط مصطفى الحلبي، مصر.

37- «الفتاوى»، لابن تيمية، جمع عبد الرحمن بن قاسم وابنه محمد، تصوير، الطبعة الأولى.

38- «فتح الباري شرح صحيح البخاري»، ت: محمد فؤاد عبد الباقي، ط السلفية.

39- «فيض القدير شرح الجامع الصغير»، تأليف المناوي، دار المعرفة، بيروت.

40- «كتاب المتحابين في الله»، للمقدسي، ت: مجدي السيد إبراهيم، مكتبة القرآن، القاهرة.

41- «كشف الأستار عن زوائد البزار»، للهيثمي، ت: حبيب الرحمن الأعظمي.

42- «المتجر الرابح في ثواب العمل الصالح»، للدمياطي، ت: محمد رضوان وآخر، مؤسسة الخدمات الطباعية، بيروت.

43- «مجمع الزوائد ومنبع الفوائد»، للهيثمي، دار الكتاب العربي، بيروت.

44- «المستدرك على الصحيحين»، لأبي عبد الله الحاكم، دار الكتاب العربي، بيروت.

45- «مسند أبي يعلى الموصلي»، ت: حسين سليم أسد، دار المأمون للتراث بدمشق.

46- «مسند أحمد بن حنبل»، المكتب الإسلامي، بيروت.

47- «مسند الشهاب»، للقضاعي، ت: حمدي السلفي، مؤسسة الرسالة، بيروت.

48- «مصباح الزجاجة في زوائد ابن ماجة»، للبوصيري، ت: موسى محمد علي وآخر، ط دار التوفيق النموذجية.

49- «المطالب العالية بزوائد المسانيد الثمانية»، لابن حجر، ت: حبيب الرحمن الأعظمي، المطبعة العصرية بالكويت.

50- «معالم السنن للخطابي»، مع مختصر المنذري، ت: أحمد شاكر ومحمد الفقي، دار المعرفة، بيروت.

51- «المعجم الصغير»، للطبراني، نشر المكتبة السلفية، المدينة المنورة.

52- «المعجم الكبير»، للطبراني، ت: حمدي السلفي، الدار العربية، بغداد، ط أولى 1398هـ.

53- «المغني عن حمل الأسفار في الأسفار تخريج ما في الإحياء من الأخبار»، للعراقي، بهامش الإحياء، مكتبة دار التراث، القاهرة.

54- «المنهاج شرح صحيح مسلم بن الحجاج»، للنووي، ط المطبعة المصرية.

55- «موارد الظمآن إلى زوائد ابن حبان»، ت: محمد عبد الرزاق حمزة، دار الكتب العلمية، بيروت.

56- «موطأ الإمام مالك»، ت: محمد فؤاد عبد الباقي، دار إحياء التراث العربية.

57- «النقد الصحيح لما اعترض عليه من أحاديث المصابيح»، للعلائي، ت: عبد الرحيم قشقري.

 

Рўзанинг одоб ва аҳкомлари (Аллома Абдурраҳмон Жибрин)


Рўзанинг одоб ва аҳкомлари

 

Муаллиф: Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин

Мутаржим: Абу Жаъфар ал­–Бухорий   

Асл сарлавҳа: الصيام: آداب وأحكام

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Рамазонни бошқа ойлардан афзал қилиб, солиҳ амаллар ва савоблар мўл бўладиган мавсум айлаган, рамазонда ҳидоят ва нур бўлган Қуръон Каримни нозил қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога ҳамду сано ва шукроналар айтаман. Мен Аллоҳнинг ўзигина илоҳ экани ва Унгагина ибодат қилишимизга ҳамда Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Умматга амалларни баён қилган, мағфират ва кўплаб савобларга эришишлари учун уларга нафл – кўнгилли ибодатлар қилишни кўрсатиб берган Аллоҳнинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ Унга, Унинг оиласи ва саҳобаларига сонсиз салавоту саломлар йўлласин.

Сўнг …

Бу – рамазон ойида адо этилиши кўрсатилган рўза, таҳажжуд, эътикоф ва солиҳ амаллар ҳақида турли муносабат ва фурсатларда қилганим маърузалар мажмуъасидир. Ушбу маърузаларни айрим солиҳ дўстларимиз тўплабдилар ва уни нашр қилиш учун мендан рухсат сўрадилар. Бу маърузалар ичида умумий ва хусусий манфаатлар ётгани учун мен ҳам уларга рухсат бердим.

Мен бу маърузаларни олдиндан тайёргарлик кўрмасдан қилганим учун, унда таъбир заифлиги, гапнинг оқимида номутаносиблик ва тартибсизлик бўлиб қолгани, шубҳасиздир. Шундай бўлсада, ундаги маънолар аниқ маълумдир. Аллоҳ таолодан ушбу рисолани мусулмонларга фойдали, бизга ва бу рисолани нашр қилишда кўмакчи бўлган барчага савобларни сероб қилишини сўраб қоламан.

Аллоҳ таоло Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ Жибрин

 

 

Муқаддима

Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Биз Аллоҳга ҳамдлар, истиғфорлар айтамиз ва Ундан ёрдам, нафсимизнинг шарри ва ёмон амалларимиздан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоятловчи кисма йўқдир. Мен ягона шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ экани, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ эса Унинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман.

Сўнг …

Аллоҳ таоло:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ﴾

«Эй мўъминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам (саноқли кунларда) рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183)– деди. Ибн Касир (раҳимаҳуллоҳ) ушбу оят тафсирида шундай дейди: «Аллоҳ таоло бу Умматнинг мўъминларига хитоб қилар экан, уларни рўза тутишга буюрди. Рўза – Аллоҳга холис нийят қилиб ейиш, ичиш ва жинсий алоқадан тийилиш, демакдир. Чунки бундай қилиш билан нафслар бад хилтлар ва разил аҳлоқлардан тозаланиб, покланади. Аллоҳ таоло рўза тутишни худди бу Умматга фарз қилганидек, булардан илгари яшаб ўтган умматларга ҳам фарз қилганини, уларда бу Уммат учун ўрнак ва намуна борлигини, шунинг учун булар ушбу фарзни улардан кўра яхшироқ адо этиш учун ҳиммат камарларини маҳкам боғлашлари зарур эканини эслатди. Сўнгра эса, рўзанинг баданни поклашини ва шайтоннинг келиш йўлларини қийинлаштирганини таъкидлади» (Ибн Касир тафсири 1/497).

Хонадонингизга мукаррам ой кириб келди. Аллоҳ таоло унинг рўзасини тутиб, кечаларини ибодат билан ўтказишни вазифа қилиб юклади. Бу ибодатларда лоқайд бўлган одамлар – зиёнкордирлар. Бу ойнинг рўзасини тутиш ва тунги ибодатларини қилиш учун тиришганлар эса катта даромадни қўлга киритган кимсалардир.

Рамазон ойи – баракалар ойи бўлиб, унинг аввали – раҳмат, ўртаси – мағфират ва охири жаҳаннамдан қутилишдир. Бундай муборакли ойнинг тунлари ва наҳорларини ғанимат билишимиз керак. Бу ой чиққач гуноҳлари мағфират қилинмаган одам, ҳақиқатан, зиён кўрган одамдир.

Рўзанинг аҳамияти ва шаънининг буюклиги сабабли устозимиз алллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибриннинг маъруза ва фатволаридан ушбу рисолани тартибладим ҳамда унга ҳурматли шайхимиз тарафидан ёзилган айрим муҳим масъала ва фатволарни қўшиб қўйдим. Бунинг натижасида рўзанинг одоблари ва аҳкомларини баён қилган кенг қамровли рисола вужудга келди. Бундан ташқари эътикоф аҳкомлари, рамазоннинг охирги даҳасининг фазилатлари, фитр закоти, ҳайит аҳкомлари ва бу муборак ой билан видолашиш хотимасини ҳам қисқача тафсилотлари билан илова этдим.

Аллоҳ таолодан биз ва сизларга мусулмонларнинг иззат, зафар ва ҳукмронлик билан яшаган пайтларида рамазон ойини қайта­қайта яшатишини, янги рамазонга етказишини, биздан рўзаларимиз ва тунги ибодатларимизни қабул этишини тилаб қоламиз. Дарҳақиқат, Аллоҳ Эшитгувчи ва Қабул этгувчи Зотдир.

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга ва Унинг оиласига салавоту саломлар йўлласин.

 

Абу Анас Алий ибн Ҳусайн Абу Лавз

30 / 05 / 1417 ҳ. – 12 / 10 / 1996 м.

 

Биринчи фасл: лаҳзалар, фойдалар ва одоблар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Салмон разияллоҳу анҳунинг ҳадисида ривоят қилинганидек, саҳобаларини рамазон ойининг кириб келиши билан қутлардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбон ойининг охирги куни қилган хутбаларида шундай деган эдилар:

«Сизларга муборак ой кириб келди. Аллоҳ бу ойнинг рўзасини тутишни фарз, тундаги ибодатларини нафл қилди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бўлган кеча бор. Бу ойда яхши хислатлардан биронтасини қилган одам, бошқа ойларда фарз амални қилган кишидек бўлади. Бу ойда битта фарзни адо этган одам эса, бошқа ойларда етмишта фарзни адо этган одамдек бўлади. Бу ой – сабр ойидир. Сабрнинг мукофоти эса – жаннатдир. Бу ой – ҳамдардлик ойи бўлиб, унда мўъминнинг ризқи кўпаяди. Бу ойда ким рўзадорга ифтор қилиб берса, бу ифтори гуноҳларига мағфират ва жаҳҳанамдан халослик бўлади. Рўзадорнинг олган савобларидан бирон нарса камайтирилмай унга (ифтор берган одамга) ҳам берилади». Саҳобалар: «Ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифтор берадиган нарсага эга эмасмиз? (Биз нима қилишимиз керак?)»– деб савол беришганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай жавоб бердилар: «Аллоҳ бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки сув ёки (битта) хурмо билан ифтор қилиб берган одамга ҳам бераверади. Рўзадорнинг қорнини тўйдирган ёки рўзадорни суғорган одамни Аллоҳ менинг ҳавзимдан суғорадики, ундан бир ичган одам жаннатга киргунича ҳеч ҳам чанқамайди. Бу ойда тўртта нарса (хислат)ни кўпроқ қилинглар. Улардан иккитаси билан Роббингизни рози қиласизлар ва иккитасига ўзингиз муҳтожсиз. Роббингизни рози қиладиганингиз икки хислат: «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ) деб гувоҳлик бериш ва истиғфор айтиш. Ўзингиз муҳтож бўладиган икки хислат эса: Аллоҳдан жаннатни сўраб, жаҳаннамдан паноҳ тилашдир»» (Ибн Хузайма «Саҳиҳ» 1887).

Яна ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазон ойи келиши билан яйраб кетар эдилар. Ражаб ойи кириши биланоқ: «Аллоҳим, биз учун ражаб ва шаъбон ойларида баракалар ато эт ва бизни рамазонга етказ!»– деб дуо қилар эдилар (Баззор «Муснад» 6494; Ибн Асокир «Мўъжам» 309).

Салаф солиҳ ҳам (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин!), рамазон ойи билан қувонишар, унга етказиши учун Аллоҳ таолога дуо қилишар эди. Улар Аллоҳ таолога рамазон ойига етказиши учун олти ой дуо қилишиб, яна олти ой рамазон ойидаги ибодатларини қабул қилиши учун дуо қилишар эди. Уларнинг ўтказган йиллари бутунича рамазонга бўлган эътибор билан уйғунлашар эди. Чунки Ибн Абу Дунё ривоят қилган марфуъ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматим рамазондаги нарсалар (савоблар)ни билса эди, йилнинг ҳаммаси рамазон бўлишини орзу қилган бўлар эди»– деганлар.

Биз ҳам одамларнинг: итоатлисию итоатсизи, шахслару жамоатларинининг барчасини рамазон ойи келиши билан қувонишгани, масжидларга тез одимлар отиб боришгани, Қуръон ўқиб, кўплаб зикрлар қилишаётгани, турли вақтларда турфа ибодатларни қилиш билан машғул бўлаётганларининг гувоҳи бўлсакда, қисқа муддат ўтгач малолланиб, танбаллашганларини ва талайгина амалларга лоқайд бўлаётганларини кўрмоқдамиз. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолодан офият сўраймиз!

 

Рўзанинг фойдалари

Аллоҳ таоло рўзани очлик ва чанқоқни ҳис эттириш ёки нафсни азоблаш учун машруъ қилмади. Балки, рўзанинг гоҳида намоён бўладиган, гоҳо эса кўздан йироқда қолган фойдалари бор. У фойдалардан айримлари қуйидагилардир:

Тақвонинг ҳосил бўлиши

Аллоҳ таоло рўза тутишга буюрар экан уни тақвога боғлаб:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ﴾

«… тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам (саноқли кунларда) рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183)– деди ва тақвони рўза тутишнинг самараси қилди.

Хўш, рўзадорнинг тақвоси қачон ҳосил бўлади?

Тақво – Аллоҳ таолонинг азоби ва ғазабидан қўрқиш, банданинг ўзи билан Аллоҳга осий бўлиш ўртасига тўсиқ ёки парда қўйиши, демакдир. Рўзанинг эса, тақвони қўлга киритиш омилларидан бири эканида ҳеч қандай шубҳа йўқдир. Чунки, инсон модомики кундузлари рўзани бузадиган нарсалар: ейиш, ичиш ва хотинлардан ўзини сақлар экан, нафси бирон маъсиятга интилган чоғда ўзига келиб: «Аллоҳга итоат қилар эканман, қандай қилиб гуноҳга қўл урай?! Мубоҳ нарсаларни қилмай туриб, ҳаром нарсаларни қандай қилай?!»,– дейди.

Шунинг учун уламолар, рўзанинг ҳар замондаги ҳаромлардан воз кечиш ва банданинг мубоҳ нарсаларни тарк этиб Аллоҳга яқин бўлиши билан тўкис бўлишини таъкидлаганлар. Ҳар замонда ҳаром бўлган нарсалар сўдхўрлик муомалалари, хиёнат, қаллоблик, алдов, ҳаром йўллардан тирикчилик қилиш, ноҳақ йўллар билан бойликни қўлга киритиш кабилар бўлиб, уларнинг ҳаромлиги рамазон ойи каби муборакли ойларда яна ҳам қаттиқроқ бўлади.

Шунингдек, тилга ҳаром қилинган ғийбат, чақимчилик, сўкиниш, ҳақоратлаш, лаънатлаш, туҳмат қилиш ва бошқа нарсалар ҳам ҳар замон ҳаром қилингандир. Улардан воз кечилсагина рўза тўкис бўлиб, унга савоблар берилади.

Имом Аҳмад (раҳимаҳуллоҳ) ўз «Муснад»ида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғуломи Убайддан ушбу ҳадисни ривоят қилди: «Икки хотин рўза тутиб, чанқоқдан ўлишларига оз қолди. Улар бу ҳолларини айтишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан юзларини ўгириб олдилар. Улар иккинчи марта айтишганида, яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзларини улардан ўгириб олдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни чақирдилар ва қусишга буюрдилар. Уларнинг ҳар иккиси ҳам йиринг, қон ва сасиган гўштни қусдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу икки хотин Аллоҳ ҳалол қилган нарсалар билан рўза тутишган, бироқ, Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар билан рўзаларини очишган эди. Уларнинг бири иккинчиси олдига ўтириб, (биргалашиб) одамларнинг гўштларини ейишган эди»– дедилар» (Имом Аҳмад 23703).

Шунинг учун ҳам ҳадис шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Рўза ейиш ва ичишдан эмас, балки, беҳуда нарса ва ёмон гаплардандир» деганлари нақл қилинган (Байҳақий «Сунанул Кубро» 4/270).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қанча­қанча рўзадорлар борки, уларнинг (тутган) рўзаларидан насибаси очлик ва чанқоқлик бўлади. Қанча­қанча (тунларни ибодатлар билан) қоим қилганлар борки, уларнинг қиёмларидан бедорликдан бошқа нарса бўлмайди» (Имом Аҳмад 8501, 8856).

Ҳаром гапни тинмай эшитса қулоқларим,

Кўзим юмилмаса, пичирласа дудоқларим,

Тутган рўзам савоби эрур очлигу чанқоқ!

Рўза тутдим десам ҳам, рўза эмасдир, ўртоқ!

Демак, рўзадор ўз узвларини ҳаром нарсалардан авайлаши керак. Жобир разияллоҳу анҳунинг шундай дегани ривоят қилинган: «Агар рўза тутсанг қулоғинг, кўзинг ва тилинг ғийбат ва чақимчиликдан рўза тутсин. Қўшнига озор беришдан воз кеч. Вақорли ва хотиржам бўл. Рўза тутган ва тутмаган кунларингни бир хил қилиб қўйма!» (Ибн Ражаб «Латоифул маъориф»).

Рўзадор бўла туриб ҳаром ишларга қўл урган одамнинг, тутган рўзасидан таъсирланмагани аниқдир. Рўза тутиб гуноҳ қилган одам, тақводорлардан эмасдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ёлғон гапларни гапириш, унга амал қилиш ҳамда жоҳилликдан воз кечмаган одамнинг, ейиш ва ичишини тарк этишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқдир» (Имом Бухорий 1775, 5597; Имом Аҳмад 9463, 10158). 

 

Узвларни гуноҳлардан қўриш

Рўзанинг ҳикмат ва манфаатларидан бири инсон ўз виждони ва узвларини гуноҳлардан қўриб, рўзаси тўкис бўлиши учун гуноҳларга яқинлашмайди. Бундан кейин эса, банда мудом ҳаром нарсалардан узоқ туришга одатланади. Нафси ёлғон гапириш ёки ҳақоратлашга чақирса ёхуд сўкиниш ва ҳаёсиз сўзларни тилга олишга ундаса, банда ўзининг ибодатда эканини билади ва: «Бу ибодатларни қилар эканман қандай қилиб унга гуноҳларни қориштараман?! Бу ибодатимга гуноҳларни қандай қўшиб оламан?!»– дейди. Бир пайт ва бир ҳолатнинг ўзида икки нарса: ибодат ва гуноҳни бирлаштириш инсофдан эмас! Чунки, банданинг осийликка қўл уриши ибодатини бузади, савоблардан маҳрум қилади. Инсон эса доимо ибодатда бўлишга ҳаракат қилса, рамазон ойида яна ҳам қаттиқроқ ҳаракат қилади.

Кўплаб одамлар рамазон ойи мобайнида ўттиз ёки йигирма тўққиз кун ўзларини ҳаром нарсалардан ҳимоя қила оладилар ва Аллоҳ таоло бошқа пайтларда ҳам уларни ҳаром нарсалардан ҳимоя қилади. Кўплаб одамлар ароқ ичадилар, сигарет чекадилар ёки шунга ўхшаш ишларни қиладилар ва ушбу муборак ой келиши биланоқ ўз нафсларига қарши курашадилар ва унга ғолиб келиб, рўза ибодатининг буюклигини билганликлари унга бирон гуноҳни қўшишдан тўсиб туради. Улар рамазон ойи тугагунича ўзларини шундай ҳимоя қилиб яшайдилар. Бу уларнинг тавбалари, гуноҳлардан воз кечишлари ва ҳаром нарсалардан мудом узоқда қолишларига омил бўлади. Демак, рўза тутишда улар учун катта фойдалар бўлади.

Шунингдек, банда таҳажжуд ўқишга одатланса ва уни тарк этмаса, бу уни шу ибодатни кўп қилишга чорлайди. Агар банда рўзасини очадиган нарсалардан йироқ бўлиш ва Аллоҳ учунгина рўза тутиш билан Аллоҳга яқин бўлмоқчи бўлса, унинг иймони, ишончи ва соғлом қалби бошқа ибодатлар билан ҳам Аллоҳга яқин бўлишга ундайди. Шу боис уни ўзини наҳори давомида: «Бугун нима қила олдим? Ўзим учун қандай озиқ тўпладим?»– дея сарҳисоб қилаётганини, ўзининг вақтларини фойдасиз ўтказмаётганини, танҳо ўтирса (Қуръон) қироат(и) ёки зикр ёхуд дуо билан машғул бўлганини ё Аллоҳнинг неъмати ва мўъжизаларини ёдга олаётганини, намоз вақти кирса ўзига фарз қилинган намозларни кеча ва кундуз ўқиётганини, намозларга қалби ва танаси билан шошаётганини, намозда тилга олган барча жумлалари ҳақида тафаккур қилаётганини кўрасиз. Натижада, рўза ҳаром нарсалардан тўсишга сабаб бўлганидек, солиҳ ва Аллоҳга яқинлаштирадиган амалларни ҳам кўп қилишга омил бўлади.

 

Вужуд ҳимояси

Аллоҳ таолонинг рўза тўтишдаги ҳикматларидан бири, рўза билан инсон вужудининг кераксиз нарсалардан ҳимояланишидир. Шубҳасиз, ҳимоя – дори­дармонларнинг энг фойдалисидир. Рўза танага сабр, очлик ва чанқоқни кўтаришга одатлантирганидек, қаршилик (иммунитет) ва қувватни ҳам касб этади. Рамазондан кейин бирон қийинчиликка дуч келган тана, одатланиб қолгани учун унга бардошли бўлади. Бу маънода ҳам рўзанинг катта фойдалари бор.

 

Камбағаллар ва очликдан ўлаётган қашшоқларни хотирлаш

Рўза машруълаштирилган буюк ҳикматлардан бири – инсоннинг рўзаси давомида очликни ҳис этиб, мудом оч юрган камбағал ва қашшоқларни хотирлаши ва уларга меҳру шафқатининг ортиб, садақа қилишидир.

Рўза, ҳадисда ворид бўлганидек, очликни ҳис этган банданинг тазарруъ қилиб, Роббисига дуо қилиши учун машруълаштирилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Макка тоғлари олтин ҳолатда тақдим этилди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Роббим, мен бир кун оч, бир кун эса тўқ бўлишга розиман. Агар оч қолсам кўнглим юмшайди ва Сени эслайман. Тўқ бўлганимда эса Сенга ҳамду санолар айтиб, шукроналар келтираман»– дедилар (Термизий 2270; Имом Аҳмад 21166, 22190). Инсон очликни ҳис этса Аллоҳга ялиниб, ёлборади.

Рўзадаги ҳикматлардан бири очликни ҳис этиш учун банданинг таомларни оз истеъмол қилишидир. Шундагина унинг кўнгли юмшайди, Аллоҳга дуо қилади, Аллоҳни зикр этади, Аллоҳ томон йўналади ва Аллоҳнинг даргоҳида хоксорлик билан туради.

Талайгина одамларнинг ҳозирги кунда ушбу очликни ҳис этмаётганларини кўрмоқдамиз. Чунки улар ифтор дастурхонига еб, ичиладиган турфа нарсаларни қўйишиб, у билан қоринларини тўлдирмоқдалар. Бу ҳам етмаганидек, тунларини лаззатли таомларни ейиш билан ўтказиб, тонгдагина ейишдан тўхтамоқдалар. Бунинг оқибатида кундузлари давомида қоринлари тўқ, роҳат­фароғатда ёки уйқуда ёхуд шунга ўхшаш ҳолатларда ўтиб, ифтор маҳалига етишмоқдалар. Уларнинг биронтаси ўзининг рўзадор эканини ҳис этмаяпти ва уларда рўза аломатлари кўринмаяпти.

Маълумки, бундай ҳолат саҳобалар ва биринчи салафлар ҳаётида кўринмаган эди. Улар ифторда ҳам, саҳарликларида ҳам овқатларни оз, қоматларини тутиб турадиган даражадагина тановул қилишар, шундай бўлишига қарамай кун бўйи диний ва дунёвий ишлар билан шуғулланишар эди. Шунинг учун ҳам уларда очлик ва қийналиш аломатлари кўринар эди. Улар эса, бунинг савобини Аллоҳдангина умид қилишар эди. Бунинг хулосаси шуки, мусулмоннинг мақсади ейиш эмас, балки, у тутган рўзасининг асари ва фойдалари бўлиши учун амал қилиши керак!

 

Шаҳват ҳаяжонини пасайтириш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзани ёшлар учун «даво» қилиб қўйдилар. Яъни, рўза, қуйидаги ҳадисда айтилганидек, шаҳват ҳаяжонини пасайтиради: «Ҳой ёшлар жамоати, бировингиз уйланишга қурби етса уйлансин! Чунки уйланиш (ҳаром нарсалардан) кўзни юмдиради, таносил аъзосини (ҳаром нарсадан) сақлаб туради. Уйланишга кучи етмаган (йигит) рўза тутсин! Чунки рўза унинг учун ҳимоядир» (Муттафақун алайҳ: Имом Бухорий 4667; Имом Муслим 2485, 2486. Ибн Можа 1835; Насоий 2208; Доримий 2165). Чунки рўза – шаҳват суръатини пасайтиради.

Ҳозирги кундаги кўплаб одамлар рўза тутсаларда, тутган рўзалари уларнинг шаҳват жунбушларини пасайтиришга таъсир кўрсата олмаяпти. Чунки улар очлик, чанқоқлик ва машаққатни ҳис этмаяптилар. Билъакс, нафслари шаҳватлар билан қийналмоқда. Ахир улар нафсларини булғайдиган порно фильм ва ҳаёсиз видео сериалларни тутаётган рўзаларига «йўлдош» қилар эканлар, шаҳватларидан қандай воз кечсинлар?!

 

Рўзанинг хоссалари

Рўза бадан ибодати бўлиб, унинг асоси рўзани очадиган нарсалардан воз кечишдир. Рўзани очадиган барча нарсани тарк этиш банда билан Роббиси ўртасида сир бўлгани учун, рўза амали банда билан Роббиси ўртасида тўкис бўлишига қараб савоби ҳам катта бўлаверади. Буни кўплаб салаф уламолари таъкидлаб шундай деганлар: «Рўза – банда билан Роббиси ўртасидаги сирдир». «Рўзани котиб фаришталар ёзмайдилар. Чунки инсон рўза тутса, уни Аллоҳгина билиб туради». Зеро, сиз рўза тутсангиз ҳар бир ҳаракатингиз ва вақтингизда сизни ким назорат қилиб тура олади?! Аллоҳнинг назоратидан бехабар одамгина хоҳлаган ишини қилиши, Аллоҳдан қўрқмай (рамазон ойида) таом тановул қилиб, шароблар ичиши мумкин. Аллоҳга иймон келтирган банда эса ўзини назорат қилиб турган Зотнинг нигоҳидан қоча олмаслигини, ўзини қаттиқ назоратчи – Роббиси кузатиб турганини доимо ёдда тутади. Аллоҳ таоло айтди:

﴿الَّذِي يَرَاكَ حِينَ تَقُومُ وَتَقَلُّبَكَ فِي السَّاجِدِينَ

«У сизни ўзингиз (намоз учун) тураётган вақтингизда ҳам, сажда қилгувчилар (намоз ўқувчилар) орасида (имом бўлган ҳолингизда намоз рукнларининг биридан иккинчисига) кўчаётган (вақтингизда ҳам) кўриб турар» (Шуъаро: 218, 219).

Агар банда Аллоҳнинг кузатиб турганига иймон келтирган бўлса, бу иймон уни ҳар замондагидек амалида холис бўлишга ундайди ва бу ихлос йилнинг бошқа ойларида ҳам давом этади.

Агар Аллоҳнинг нигоҳбон эканини билсангиз, рўзангизни бозорлар ва хонадонларда ошкор ва хуфёна ҳимоя қилиб, уни бузадиган нарсаларни тановул қилмасангиз, нега энди Аллоҳ ҳаром қилган гуноҳларга рамазон ойидан кейин қўл урасиз?! Ахир Аллоҳ таоло бизга ёлғон, туҳмат ва бошқа тилга ҳаром қилинган гапларни, таносил аъзолари, қўл ва бошқа аъзоларга ҳаром қилинган амалларни ҳаром қилди­ку?!

Нега рамазон ойидан кейин бу гуноҳларни қилишга журъат этамиз?! Ахир рамазон ойида бизни кузатиб турган Зот, бизни бошқа ойларда кузатмайдими? Шунинг учун ҳам мўъмин банда Роббисини доимо ёдда тутиши керак. Чунки Аллоҳ, банданинг қалби яшириб турган барча нарсалардан огоҳдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

﴿وَلَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنْسَانَ وَنَعْلَمُ مَا تُوَسْوِسُ بِهِ نَفْسُهُ وَنَحْنُ أَقْرَبُ إِلَيْهِ مِنْ حَبْلِ الْوَرِيدِ﴾

«Аниқки, инсонни Биз яратганмиз, (демак), унинг нафси васваса қиладиган (яъни кўнглидан ўтган барча) нарсаларни ҳам билурмиз. — Биз унга жон томиридан ҳам яқинроқдирмиз» (Қоф: 16).


Иккинчи фасл: рўза аҳкомлари

Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсинки, рўзага тааллуқли аҳкомлар очиқ ва равшандир. Чунки рамазон рўзаси мусулмон ҳаётида ҳар йили такрорланиб келади. Тақводор бандалар эса, рамазон ойидан ташқари Аллоҳнинг катта савобларига эришиш илинжида кўнгилли ўлароқ нафл рўзалар ҳам тутадилар. Шунинг учун ҳам эслатиб ўтиш илинжида рўза аҳкомларини қисқача тилга олмоқчимиз.

Аввало, тутиш зарурий (фарз) ва нафл бўлган рўзалар.

Тутиш зарурий бўлган рўза, Исломнинг фарзлари ва рукнларидан биридир. Бу рўзани рамазон ойида тутилади. Бошқа рўзалар эса нафл – кўнгилли тутилган рўзалардир. (Аллоҳ таоло айтди):

﴿فَمَنْ تَطَوَّعَ خَيْرًا فَهُوَ خَيْرٌ لَهُ﴾

«Бас, ким ўз ихтиёри билан зиёда яхшилик қилса, ўзига яхши» (Бақара: 184).

Рўза тутишнинг зарурлиги ва фарзлигига далил, Аллоҳ таолонинг ушбу оятидир:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ﴾

«Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам (саноқли кунларда) рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом беш нарсага асосланган»– деб беш нарса ичида рамазон ойи рўзасини ҳам санаб ўтдилар (Имом Бухорий 7, 4153; Имом Муслим 20, 21; Термизий 2534; Насоий 4915).

Рўза фарз ёки нафл бўлишидан қатъий назар, субҳи содиқдан то қуёш ботгунича рўзани очадиган барча нарсалардан тийилиш, демакдир. Бу тийилиш балоғат ёшига етган одам – мукаллаф учун фарздир. Мукаллаф бўлмаган мажнун ва балоғат ёшига етмаган ёш болаларга рўза тутиш фарз эмасдир. Шунингдек, рўзанинг шартларидан бири бўлган мусулмонликка мушарраф бўлмаган кофирнинг ҳам, рўза тутиши фарз эмасдир.

Демак, рўза мукаллаф мусулмон – балоғатли, оқил ва кучли одамгагина фарздир. Бу ҳукмдан мусулмонлик кофирни, кучли одам бемор ва бошқа узрли инсонларни, гарчи охирги иккисига қазосини тутиб бериш ёки фидя беришлари фарз бўлсада, чиқариб ташлайди. (Яъни кофир, ишончли мутахассис докторлар тарафидан рўза тутишлари соғлиги ёки ҳаётига раҳна соладиган беморлар ва шариат тарафидан рўза тутмасликлари белгилаб қўйилган инсонлар рўза тутмасалар бўлаверади. Мутаржим изоҳи).
 

Иккинчи: рўзани бузадиган нарсалар

Рўзани бузадиган ҳиссий бузувчилар ҳаммага маълумдир. Уларнинг энг аҳамиятлилари: ейиш, ичиш ва жинсий алоқа қилишдир. Унутган одамнинг еб, ичиши афв қилингандир. «Саҳиҳ»да айтиб ўтилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига кўра, унутгани учун бирон нарсани еб, ичган одам рўзадор ҳисобланади ва рўзасини охиригача етказади. Чунки уни Аллоҳ едириб, ичирган бўлади. Энди, рўзани бузадиган нарсалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.
 

Ейиш ва ичиш

Рўзадор бирон узр сабабли еб, ичган бўлса, у кунги рўзасининг қазосини тутиб беради. Агар узрсиз еб, ичган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисида айтилганидек, катта гуноҳга қўл урган бўлади: «Рамазон кунларида рухсатсиз бир кун рўзасини очган одам, у куннинг қазосини умри давомида рўза тутса ҳам адо эта олмайди» (Имом Аҳмад 9700, 10080).

Рамазон ойида касаллик, сафар ёки бошқа бирон узрсиз қасддан рўзасини очган одам, (Исломнинг) ушбу рукн(и)га лоқайдлик қилган ҳамда рўзасини бузишга журъат этган одам, деб ҳисобланади. У худди намозни қасддан ўқимаган одам кабидир.

Талайгина уламолар лоқайдлик қилган ва узрсиз қасддан рўзасини очган одамнинг кофир эканига ҳукм қилганлар ва: Унинг ифтор қилишга ҳожати йўқдир, деганлар. Шунингдек, кўплаб уламолар намозни ҳам узрсиз ўқимаган одамнинг узри бўлмай туриб Аллоҳнинг фарзларидан бирига лоқайдлик қилгани учун кофир бўлишини таъкидлаганлар. Шундай бўлсада, унинг тавба қилиши, Аллоҳга ёлбориши, бу ишга бошқа қайтмаслиги, рамазон рўзасини тукис тутиб, ҳаёти давомида рўзани лойиқ бўлганидек тутишга бел боғлаши керак.
 

 Жинсий алоқа

Хотинига рамазон ойининг кундузида жинсий алоқа қилган эрнинг зиҳор каффоротидек каффорот бериш билан бирга, шу куннинг қазосини тутиб бериши – фарздир. Зиҳор каффоротини Аллоҳ таоло Мужодала сурасида шундай баён қилади:

﴿وَالَّذِينَ يُظَاهِرُونَ مِنْ نِسَائِهِمْ ثُمَّ يَعُودُونَ لِمَا قَالُوا فَتَحْرِيرُ رَقَبَةٍ مِنْ قَبْلِ أَنْ يَتَمَاسَّا ذَلِكُمْ تُوعَظُونَ بِهِ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ فَمَنْ لَمْ يَجِدْ فَصِيَامُ شَهْرَيْنِ مُتَتَابِعَيْنِ مِنْ قَبْلِ أَنْ يَتَمَاسَّا فَمَنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَإِطْعَامُ سِتِّينَ مِسْكِينًا ذَلِكَ لِتُؤْمِنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ وَتِلْكَ حُدُودُ اللَّهِ وَلِلْكَافِرِينَ عَذَابٌ أَلِيمٌ﴾

«Ўз хотинларини зиҳор қилиб, сўнгра айтган сўзларидан қайтадиган кимсалар (зиммасида эр-хотин) қўшилишларидан илгари бир қулни озод қилиш бордир. Бу сизларга мавъиза-ибрат бўлгай. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. Энди ким (озод қилиш учун қул) топа олмаса (унинг зимма­сида эр-хотин) қўшилишларидан илгари пайдарпай икки ой рўза тутиш бордир. Энди ким (рўза тутишга) қодир бўлмаса (унинг зиммасида) олтмишта бечора-мискинга таом бериш бор­дир. Бу (ҳукмлар) сизлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтиришларингиз учун (нозил қилинди). Булар Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) ҳадлари — қонунларидир. Ва (бу қонунларни инкор этгувчи) кофирлар учун аламли азоб бордир» (Мужодала: 3, 4).

Рамазон ойининг кундузида хотини билан қовушган одамнинг каффороти ҳам, худди шундайдир. Бу ҳолат бамдод намозидан сўнгра хотини билан бирга ухлайдиган ва ўзини тута олмаган, хусусан тунда хотини билан бирга ухламаган ёшларда кўпроқ содир бўлади. У, агар кундуз куни (хотини билан) ухлаб олган бўлса шаҳватининг жунбушига қарши тура олиши қийин бўлади. Шунинг учун мусулмон ёшларга мубоҳ бўлган шаҳватига қониқишлари учун қайлиқлари билан кечалари ухлашлари тавсия қилинади. Шундагина улар кундуз кунги ҳаром ва катта каффоротга сабаб бўладиган шаҳватдан қутиладилар.

Бу еб, ичиш ва жинсий алоқа қилишдан ташқари рўзани бузадиган бошқа нарсалар ҳам бор. Улар:

 Қусиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қусқи ғолиб келган одам (рўзасининг) қазосини тутмайди. Қасддан қусган одам (шу кунги) рўзасининг қазосини тутиб беради» (Термизий 653), деганлари ривоят қилинган. Яъни, ўзини қусишга мажбур қилган одам, рўзасини бузадиган нарсани чиқаришга мажбур қилгани учун, ўша кунги рўзасининг қазосини тутиб беради. Қусқиси ғолиб келиб чиққан одам эса, (у кунги) рўзасининг қазосини тутмайди. Чунки, қусқининг чиқишига одамнинг ўзи сабабчи бўлмаган.
  

Қоннинг жароҳатдан чиқиши ёки тинмай келиши

Агар қон ўзи тинмай келаётган бўлса, у кунги рўзанинг қазосини тутилмайди. Бироқ, қонни чиқаришга одамнинг ўзи қасд қилган бўлса, у одам ҳам худди қасддан қусган одамга қиёсан қазосини тутиб беради. Бироқ қон одамнинг ихтиёрисиз чиқса ёки одам унга муҳтож бўлса, масалан, тишини олдирса ёки бошқа жарроҳий амалиёт қилдирган бўлса, у қоннинг сўлаги билан бирга ютилишидан эҳтиёт бўлиши керак. Агар у эҳтиёт бўлса, яхши. Тўғриси эса, унинг бундай қилишининг рўзасига таъсири йўқдир.

Қортиқ билан қон олдириш – ҳижома

Имом Аҳмад (раҳимаҳуллоҳ) ҳижома усули билан қон олдириш рўзани бузишини айтди ва бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини ҳужжат қилди: «(Қортиқ билан) қон олган ва олдирганларнинг рўзаси бузилади» (Имом Аҳмад 22483, 22484, 22485; Термизий 705; Насоий 3184). Гарчи икки «Саҳиҳ»да бирон ҳадис келтирилмаган бўлсада, Заркашийнинг шарҳида айтиб ўтилганидек, ушбу ҳадисни талайгина саҳобалар ривоят қилганлар. Бу ҳадисни Шаддод, Савбон ва улардан бошқа ровийлар ривоят қилганларки, унинг санадида саҳиҳлигига қарши бирон нарса йўқдир.

Қон олаётган одамнинг рўзаси очилади. Чунки у, қонни сўради ва қон унинг сўлагига аралашиб, у ютиб юбориши эҳтимолдан холи эмас. Ҳозирги кунимизда эса қонни оғиз билан сўрмай тортиб оладиган тиббий жиҳозлар чиққан. У жиҳозлар билан қон олинадиган жойга босим берилади ва қонни асбоб сўриб олади. Бундай ҳолатда қон олган одамнинг рўзаси бузилмайди деб айтилсада, у одам бировнинг рўзасининг очилишига сабабчи бўлади.

(Қортиқ воситасида) қон олдирган одамнинг рўзаси, ундан кўп қон чиққани учун бузилади. Уни, ҳоизадан қон келишига қиёсланади.

 Қонни игна (укол) билан бериш

Агар қон таҳлил (анализ) ёки бирон беморга бериш учун олинса ва бу қон кўп бўлса, у ҳижома ҳукмида бўлади. Таҳлил учун олинган озгина қон эса, тўғриси, ҳижома бўлмагани учун, ҳижома ҳукми остига кирмайди.

Уколни икки мақсадда қилинади ва унинг тафсилотлари қуйидагичадир:

(Биринчи): агар уколлар озиқлантирувчи ва қувват уколлар бўлса, улар рўзани очади. Чунки улар таом ва шароб ўрнига ўтади. Озиқлантирувчи дегани, томирлардан бориб, таом ва шароб ўрнини босади. Шунинг учун ҳам, инсон танасига қувват касб этадиган озиқлантирувчи ва қувватлантирувчи уколлар рўзани очади ва озиқ­овқат тановули ўрнига ўтади.

(Иккинчи): инсон танасини тинчлантириш, танани тозалаш ва бошқа шунга ўхшаш дориларни бериш учун қилинадиган уколлар рўзани бузмайди ва уларни эҳтиёж туғилганида қилишнинг ҳам зарари йўқдир.

Рўзани маънавий очувчилар

Рўзадор ейиш, ичиш ва бошқа ҳиссий очувчилардан сақланиши керак бўлганидек, ҳадисда рўзанинг еб­ичишдангина эмас, балки беҳуда нарсалар ва ҳақорат қилишдан ҳам сақланиш экани баён қилинганидек, рўзасини нуқсонли қиладиган маънавий очувчилардан ҳам сақлаши керак.

Рўзадорнинг рўзасининг савобларини сақлаб қолиши учун, бошқаларга зарар ва машаққат туғридагина гапларни тилга олмаслиги вожибдир.

Учинчи: узрли инсонлар рўзаси

Агар одам касаллиги ёки сафари ёки шунга ўхшаш бирон эҳтиёжи сабабли ейиш ва ичишга муҳтож бўлса, Аллоҳ таоло қуйидаги оятида бемор ва мусофирларга рухсат берганидек, шу эҳтиёжига қадар ейиши ва рўзасининг қазосини тутиб бериши мумкин:

﴿فَمَنْ كَانَ مِنْكُمْ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ﴾

«Энди сизлардан бирор киши ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади» (Бақара: 184).

Биз фойдаси бўлишини назарда тутиб, қуйида узрли одамларнинг рўзаларига тааллуқли айрим аҳкомларни айтиб ўтмоқчимиз. Шулардан:

Мусофирнинг рўзаси

Аллоҳ таоло мусофирга қийинчилик туғдирмаслик, шафқат, раҳмат нуқтаи назаридан, рўза тутмасликка изн берди. Чунки Аллоҳ таоло сафарда қийинчилик ва машаққат борлигини жуда ҳам яхши билади ва сафар – азобнинг бир парчасидир. Шунинг учун ҳам мусофирга оғзини очишга, рўза тута олмаган кунларини санаб, уларнинг қазосини тутиб беришга рухсат берди.

Уламолар ҳам сафарда рўза тутиш ҳақида сўз юритган ва унинг жоиз эканини айтиб ўтганлар. Чунки, бу ҳақда кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Улардан бири Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисдир: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга рамазон ойида сафарга чиқдик. Рўзадор рўза тутмаганни, рўза тутмаган эса рўзадорни айбламаган эди» (Имом Бухорий 1811; Имом Муслим 1884).

Лекин уламолар шундай деганлар: «Мусофир қийинчилик ва машаққатларга йўлиқса, унинг рўза тутмаслиги афзал. Агар қийинчилик бўлмаса ва у машаққатни ҳис этмаса, рўза фарз қилинган замон ичида рўза тутиши афзалдир. Чунки, Аллоҳ таоло рўза тутмасликни қулайлик бўлиши учун машруъ қилган. Аллоҳ таоло айтди:

﴿فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ﴾

«(Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса), у ҳолда (рўза тутолмаган кунлари­нинг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди» (Бақара: 185)».

Сафар чоғида машаққат ва қийинчиликлар бўлса, рўза тутмаслик афзалдир. Бунинг далили икки «Саҳиҳ»даги Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисдир: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафарда эдик. Бир жойга қўнганимизда рўзадорлар йиқилиб қолдилар. Рўза тутмаганлар эса ўринларидан туриб, уловларни суғоришди ва чодирларни тикишди. Буни кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бугун рўзадорлар савобларни олиб кетдилар»– дедилар» (Имом Бухорий 2676; Имом Муслим 1886, 1887).

Бу шуни кўрсатмоқда: Ўз юкини бировнинг устига ташламаган ва ҳамроҳларига ёрдамчи бўлган ҳамда рўза зарар бермай, ҳолдан тоймаган мусофирга икки савоб: рўза тутиш ҳамда ўзи ва дўстларига кўмакчи бўлиш савоби берилади. Бироқ, бировнинг жой солиб бериши, қўнимгоҳини ҳозирлаши ёки уловини суғориши каби ишларида хизмат қиладиган одамга муҳтож бўлса, мусофирнинг рўза тутмаслиги афзалдир.

Беморнинг рўзаси

Рўза тутиш кўп ҳолатларда беморга оғир келиши ва қийинчилик туғдириши, шубҳасиздир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло унинг рамазон ойида рўза тутмаслигига рухсат бериб, тута олмаган саноқли кунларининг қазосини тутиб беришга буюрди ва айтди:

﴿فَمَنْ كَانَ مِنْكُمْ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ﴾

«Энди сизлардан бирор киши ҳаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади» (Бақара: 184).

Озгина уламолардан бошқаси, касаллик ва сафар сабабли рўзасини очган одамга қазо қилиши хос эканини таъкидладилар. Шунинг учун ҳам оятнинг маъноси шундайдир: «Агар бировингиз беморлиги ёки сафари боис рўзасини очган бўлса, рўзасини тута олмаган саноқли кунларининг қазосини бошқа кунлари тутиб беради».  

(Муфассирлар имоми) Қуртубий (раҳимаҳуллоҳ) ўз тафсирида шундай дейди: «Аллоҳ таолонинг:

﴿فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ﴾

«саноқли кунларда» оятининг бир қисми дилда бордир. Яъни, «Бировингиз бемор ёки мусофир бўлиб рўзасини очган бўлса, у кунларнинг қазосини тутиб берсин! …».

У, тафсирида шуларни ҳам ёзган: «Беморнинг икки ҳолати бўлади:

Биринчи ҳолат: унинг рўза тутишга умуман кучи етмайди. Бундай ҳолатда унинг рўзасини очиши вожиб бўлади.

Иккинчи ҳолат: бирон зарар ёки машаққат билангина рўза тута олади. Бундай одамнинг рўза тутмаслиги мустаҳабдир. Бундай ҳолатда ўз жонини қийнаган жоҳил одамгина рўза тутмаслиги мумкин.

Жумҳури уламо касаллик беморга оғриқ берса ёки бемор касалликнинг давомийлигидан қўрқса ёхуд касалликнинг кучайишидан ҳадикда бўлса, бундай беморнинг оғзини очиши жоиз эканига қарор қилган.

Имом Моликнинг оғиз очишга рухсат берган касалликни: «Беморга оғирлик қилган ва унинг тинкасини қуритган» деб тавсифлаши ҳақида фарқли ривоятлар келтирилган. Бир ривоятда унинг рўзани очишга рухсат берган касалликни: «Беморнинг рўза тутиш сабабли ўлимига сабабчи бўлиши», бошқа ривоятда эса: «Касалликни кучайтириши ва оғир ҳолат» деб ифодалагани вориддир.

Ҳасан (раҳимаҳуллоҳ): «Бемор касаллиги сабабли тик туриб намоз ўқий олмаса, рўзасини очиши мумкин»– деган.

Бир гуруҳ, жумладан, имом Шофиий (раҳимаҳуллоҳ): «Касалликнинг ўзи бандани рўзани очишга мажбур қилсагина бемор рўзасини очади. Касаллик инжиқликларига бардошли бўлган одам, рўзасини очмайди»– дедилар» (Қуртубий тафсири 2/276).

Заркаший (раҳимаҳуллоҳ) «Мухтасарул Харқий» китобига ёзган шарҳида шундай дейди: «Бизнинг назаримизда рўза тутмасликнинг жоиз эканининг шартларидан бири касалликдан рўза сабабли кучайиш ёки тузалишининг кечикиши ва шунга ўхшаш омиллар билан жабрланишдир. Чунки машаққат ва қийинчиликларни кетказиш учун бу ҳақда бизга рухсат берилди. Шунинг учун ҳам бу ҳукмни сафарга боғлаб зикр этилди. Агар бирон зарар келмайдиган бўлса, оғиз очишнинг маъноси йўқ. … Рўза тутмаслигига рухсат берилган одам бардошли бўлгани сабабли рўза тутаверган бўлса, унинг бу иши ўзига жабр қилгани ва Аллоҳ берган енгиллик имконияти ва рўза тутмаслик рухсатидан воз кечгани учун, макруҳдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло маъсиятларини қилишни суймаганидек, рухсатларини қилишни суяди»– деганлар (Имом Аҳмад 5600, 5606). Бемор касаллик инжиқликларини енгиб рўза тутган бўлса, унинг тутган бу рўзаси, асоси ирода бўлган амални қилгани учун, раводир. Бу рўзадор, намозни тик туриб ўқимаслиги мумкин бўлсада тик туриб ўзини зўрлаган одам сингари бўлади. …».

Заракший (раҳимаҳуллоҳ) «Шарҳул Кабир»да қуйидаги сатрларни ёзган: «Оғиз очишга рухсат берадиган касаллик – рўза тутиш оқибатида кучаядиган ёки тузалиши кечикишидан ҳадикда бўлинган касалликдир. Имом Аҳмад (раҳимаҳуллоҳ)га: Бемор қачон рўза тутмаслиги мумкин?,– деб савол берилганида: Қачон рўза тутишга кучи етмаса,– деб жавоб берган. Иситма кабими?,– деб берилган саволга эса: Қайси касаллик иситмадан кўра қаттиқроқ бўлади!,– деди. …».

Рўза тутмасликка машаққат ва қийинчилик сабаб эканида ҳеч шубҳа йўқ. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло:

﴿فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ﴾

«(Ва ким ҳаста ёки мусофир бўлса), у ҳолда (рўза тутолмаган кунлари­нинг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди» (Бақара: 185) деган.

Бироқ, тиш, кўз  ва бош оғриқлари енгил касаллик ҳисоблангани учун, улар сабабли рўза очилмайди. Балки, рўза тутмаслик банда учун оғир бўлиши мумкин. Чунки, кўплаб одамлар учун рўзанинг қазосини тутиб бериш машаққатдир.

Сабаби пайдо бўлсагина, рўза тутмаслик рухсати кучга киради. У сабаб эса оғриқ, машаққат, ҳарорати кўтарилгани учун еб, ичишга бардошнинг қолмаслиги ёки касалилк сабабли очлик ва чанқоққа сабр қила олмасликдир. Енгил касалликлардаги асос эса, рўзани тутмасликка омил бўлган сабаб йўқлиги учун рўза тутиш фарзлигининг ўз кучида қолишидир.

Валлоҳу аълам.

Кексаларнинг рўзаси

Кекса одам – ёши улғайиб, рўза тутишга мажоли бўлмаган ёки рўза тутса қийналадиган одамдир. Уламолар ёки кўплаб одамлар, кексаларни тузалиш умиди бўлмаган бемор ҳукмига қўшдилар ҳамда унга фидя беришни фарз қилдилар. Ҳолбуки, салаф уламолари ўртасида Аллоҳ таолонинг:

﴿وَعَلَى الَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍ﴾ 

Бошқа бир ривоятдаги:

﴿طَعَامُ مَسَاكِينَ﴾

«(Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг (бошқа бир ривоятда эса: «мискин бечораларнинг») бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим» (Бақара: 184) ояти кексайиб қолган чол ва кампир ҳақида нозил бўлгани кенг ёйилган эди. Шунинг учун ҳам, Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) «Саҳиҳ»идаги тафсирда кексайиб қолган чолнинг рўза тутишга кучи етмаган одам ҳақида Анас разияллоҳу анҳунинг кексайиб қолган чоғида бир ёки икки йил ҳар куни учун бир мискинга нон ва гўшт бериб, ўзи рўза тутмагани ҳақидаги ривоятни келтиради. Сўнгра, ўз санади билан Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ушбу оят ҳақида: «Бу оят мансух (бекор қилинган) эмас. Улар рўза тутишга кучи етмайдиган кексайиб қолган чол ва кампир бўлиб, (рўзасиз ўтказган) ҳар кун эвазига битта қашшоқни тўйдирадилар», деб айтган осорини келтирди.

Абу Довуд (раҳимаҳуллоҳ) Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ушбу оят ҳақида: «У – қариб қолган чол ва кампир ҳақидадир. У иккисининг мажоллари бўлмаса рўза тутмайдилар ва ҳар бир (рўза тутмаган) кунлари учун бир қашшоқни тўйдирадилар»,– деган гапини ривоят қилган. Бу билан, Имом Бухорийнинг ривоятига мувофиқ келиши учун, қийналганлари учун шундай қиладилар, демоқчи.

Дору Қутний (раҳимаҳуллоҳ) Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг: «Агар кексайиб қолган чол рўза тутишга ожизлик қилса, ҳар куни эвазига (ўртача катталикдаги) бир ҳовуч таом едиради»– деганини ривоят қилган ва бунинг санади саҳиҳ эканини қайд этган.

Ҳоким (раҳимаҳуллоҳ) эса Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг: «Кексайиб қолган чолнинг рўза тутмаслигига, ҳар бир куни учун қашшоқ одамни тўйдиришига ва у кунларнинг қазосини тумаслигига рухсат берилган»– деганини ривоят қилган.

Оятдан рўза тутишга мажоли бўлмаган барчанинг қашшоқни тўйдириш эвазига фидя бериши тушунилмоқда. Шунинг учун ҳам кўплаб салаф уламолари мазкур оятнинг ўзидан кейин келган:

﴿فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ﴾

«Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин» (Бақара: 185) ояти билан мансух – бекор бўлганини айтиб ўтганлар. Имом Бухорий ва бошқалар шу фикрдалар. Чунки оятнинг умумий маъноларидан рўза тутишга қийналган ёшлар, чоллар ва кампирларнинг рўзадан эваз ўлароқ бировларнинг қоринларини тўйдиришлари мумкин экани тушунилмоқда. Шояд, бу ҳукм Исломнинг илк даврларида бўлган бўлса. Чунки, рўза тутиш Исломни янги қабул қилган саҳобалар учун оғир туюлган ва уларга рухсат берилган бўлиши мумкин. Сўнгра, бу ҳукм бекор қилинди ва қодир бўлган пайтларида рўза тутиш мажбурияти юкланди.

Рўза тутишга кучи етмайдиган ва қийналадиган кекса одам, кексалиги туфайли узрлидир. У, Анас разияллоҳу анҳу каби, тўйдириш билан фидя беради. Чунки Анас разияллоҳу анҳу ёши юздан ошгач, анчагина кексайди. Шунинг учун рамазон ойи киргач ўттизта қашшоқни тўплаб, уларни нон ва гўшт билан тўйдирар ва шу билан рўза тутишдан кифояланар эди. Гоҳида эса кўнгилли ўлароқ, ўттиздан ортиқ қашшоқни ҳам тўйдирар эди. Валлоҳу аълам.

Ҳомиладор, эмизаётган, ҳоиза ва нифос қони келаётган аёлларнинг рўзаси

Маълумки, ҳомиладор ва эмизикли боласи бўлган аёлларнинг, кўпинча, рўзани қийналмай тутишга кучлари етади. Ҳатто, аёлларнинг кўпи кўзи ёригунича рўза тутишга давом этадилар ва бу аснода на ўзи ва на ҳомиласи заифлик ва оғриқни ҳис этади. Шунингдек, эмизикли боласи бўлган аёлнинг сути келиб, боласига сут бериши ва рўза тутиш мобайнида на ўзи ва на боласига хатар бўлади. Бироқ бу, ҳомиладор ва эмизикли боласи бўлган аёлнинг бемор каби ўз жони ёки ҳомиласи ёки эмизикли чақалоғининг ҳаётига хатар туғилиши мумкин бўлгани учун рўзасини очишга мажбур бўладиган ҳолатлари мавжуд эканини инкор эта олмайди. Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг: «Ҳомиладор ва эмизикли аёлнинг ҳаётларига хатар туғилса рўзаларини очиб, (қашшоқларни) тўйдираверадилар» дегани ривоят қилинган.

Дору Қутний (раҳимаҳуллоҳ) ўз «Сунан»ида Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг ўз рафиқасига: «Сиз рўза тутишга қийналганлардансиз. Сиз эваз берасиз, қазо қилмайсиз!» деганини ривоят қилган. Бошқа ривоятда эса: «Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг чақалоғини эмизаётган чўриси бўлиб, ҳомиласи тушди. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу уни рўзасини очиб, (қашшоқни) тўйдиришга буюриб, у кунги рўзанинг қазосини тутишга буюрмади»– дейилган (Дору Қутний 10). Сўнгра, Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ҳомиладор хотинининг (рўза тутиш ёки тутмаслик ҳақида) сўраганида: «Рўзангизни очинг ва ҳар кун эвазига бир қашшоқни тўйдирасиз ҳамда (у кунларнинг) қазосини тутмайсиз»– дегани ҳам ривоят қилди (Дору Қутний 14).

Сўнгра Нофеъдан ривоят қилди: «Ибн Умар разияллоҳу анҳунинг қизи қурайшликлардан бирига турмушга чиққан ва ҳомиладор эди. У, рамазон ойида қаттиқ чанқади. Буни кўрган Ибн Умар разияллоҳу анҳу уни рўзасини очиб, (рўза тутмаган) ҳар куни учун битта қашшоқни тўйдиришга буюрди» (Дору Қутний 15).

Шундай бўлсада фуқаҳолар ҳукмда ҳомиладор ва эмизикли аёллар ўртасини айирдилар. Ибн Қудома (раҳимаҳуллоҳ) «Муқнеъ»да: «Ҳомиладор ва эмизикли аёл ҳаётларига хатар борлигини ҳис этсаларгина рўзаларини очишлари ва рўзаларининг қазосини тутишлари керак. Агар чақалоғининг ҳаётига хатарни ҳис этсалар оғизларини очадилар, (тутмаган рўзаларининг) қазосини тутадилар ва ҳар кунлари учун бир қашшоқни тўйдирадилар» деган.

Шубҳасиз, ҳомиладор ва эмизикли аёллар ўз ҳаётларига хатарни ҳис этсалар, уларга (тутмаган рамазон кунларининг) қазосини тутиб бериши фарз бўлади. Чунки улар, ўз ҳаётига қўрққан бемор манзилатидадир. Агар чақалоқларининг ҳаётига хатар бўлишидан қўрқишса, уларга (қолдирган кунларининг) қазосини тутиб, (қашшоқни) тўйдириш билан каффорот бериши лозимлигини айтиб ўтдилар. Улар бу ҳукмни Аллоҳ таолонинг:

﴿وَعَلَى الَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍ﴾ 

«Рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим» (Бақара: 184) оятидан олдилар. Бас ҳомиладор ва эмизикли аёллар, ушбу оятнинг умумий маънолари ичига киради.

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу: «(Ҳомиладор ва эмизикли аёлларнинг ҳар) иккиси тутмаган рўзаларининг қазосини тутиб бериш билан бирга, қашшоқни тўйдирадилар»– деди. Бу, Имом Шофиий мазҳабида машҳур бўлган ҳукмдир. Чунки, улар қазосини тутиб беришга ярайдилар ва қазосини тутиб бериш ҳоиза ва туғруқ қони келаётган аёллар каби, уларга ҳам лозим бўлади. Оят эса тўйдиришни зикр қилиб, қазосини тутиб бериш ҳақида бирон нарсани баён қилмади. Бу ҳукм, бошқа далиллардан олинган.

Зеро, муқаддам айтиб ўтганимиздек, Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумолар: «Ҳомиладор ва эмизикли аёллар тута олмаган рўзаларининг қазосини тутмайдилар»– деган эдилар. Шояд бу, узрнинг давом этаётган пайтларида ёки ҳаёти давомида қазоларни тутиб бериш имконияти бўлмаслигидан ёки у иккисининг хоҳишларига қараб бўлса керак.

Ҳоиза ва туғруқ қони келаётган аёллар, ҳайз ва туғруқ қони келаётган пайтларида рўза тутмайдилар. Уларнинг кучлари етса ҳам, тутган рўзалари раво эмасдир. Бу, уларнинг ҳар иккисидаги мудом давом этаётган омил – ҳадас (нажосат) сабаблидир. Уларга ҳайз ва нифос замонида тута олмаган рўзаларининг қазосини тутиб бериш буюрилган. Оиша разияллоҳу анҳу айтади: «Биз (рамазонда) ҳайз қони келиб қолса рўзанинг қазосини тутиб беришга буюрилар, намознинг қазосини ўқиб беришга буюрилмас эдик» (Имом Муслим 508; Абу Довуд 229).

Маълумки, фармон буйруқ бериш ҳаққи бўлган Зот – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафидан бўлган. Уларнинг рўзаларини тута олмаган пайтларидаги ҳукмларини беморга қиёсланади. Шунинг учун ҳоиза ва туғруқ қони келган аёллар, фақатгина қазосини тутиб берадилар. Бироқ, қазосини тутиб беришга лоқайдлик қилган одам келгуси рамазонгача тутиб бера олмаса, қазосини тутиш билан бирга, қилган бир йиллик лоқайдлигининг жаримаси ўлароқ каффорот ҳам бериши керак.

Валлоҳу аълам.

Учинчи фасл: Тунги ибодат

Шубҳасиз, намоз Аллоҳга яқин қиладиган энг афзал ибодатлардандир. У Аллоҳ учунгина қилиниши керак бўлган диний ибодатдир. Унинг ичида рукуъ, сажда, қиём, қаъда, кўтарилиш ва йиқилиш, дуо ва ёлбориш, Аллоҳнинг зикри, қироат ва бошқа Аллоҳга яқин қиладиган турли ибодатлар борки, у бадан билан қилинадиган ибодатларнинг энг шарафлисидир.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло намозни мусулмонларга ҳаётлари ва яшаган йиллари давомида ўқишни фарз қилди ва бир кунда беш марта такрорлади. Чунки, унинг мусулмон ҳаётига катта таъсири бордир.

Намоз Аллоҳга яқинлаштирувчи муҳим ибодатлардан бўлгани учун ҳам, Аллоҳ таоло бандаларига Ўзига нафллар билан ҳам яқинлашишларини машруълаштирди. Аллоҳ таоло намозни кўп ўқиганлар, хусусан, тунлари кўп ўқиганларни мақтади ва пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни қуйидаги оятида тунги намозни ўқишга буюрди:

﴿يَا أَيُّهَا الْمُزَّمِّلُ قُمِ اللَّيْلَ إِلَّا قَلِيلًا نِصْفَهُ أَوِ انْقُصْ مِنْهُ قَلِيلًا أَوْ زِدْ عَلَيْهِ وَرَتِّلِ الْقُرْآنَ تَرْتِيلًا﴾

«Эй (кийимларига) ўралиб олган зот, кечаси (бедор бўлиб, намозда) туринг! Фақат озгина — унинг (кечанииг) ярмида (ухлаб ором олинг) ёки (уйқуни кечанинг) ярмидан ҳам бир оз камайтиринг, ёхуд унга (бир оз) зиёда қилинг (яъни кечанинг ярмидан кўпроғида ухлаб, истироҳат қилинг) ва Қуръонни тартил билан (яъни дона-дона қилиб) тиловат қилинг!» (Муззаммил: 1­ 4);

﴿وَمِنَ اللَّيْلِ فَتَهَجَّدْ بِهِ نَافِلَةً لَكَ عَسَى أَنْ يَبْعَثَكَ رَبُّكَ مَقَامًا مَحْمُودًا

«Кечанинг (бир қисмида) уйғониб ўзингиз учун нафл (ибодат) бўлган намозни ўқинг! Шоядки, Парвардигорингиз сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (яъни, гуноҳкор умматларингизни шафоат қилиб оқлайдиган) мақомда тирилтирур» (Исроъ: 79).

Аллоҳ таоло Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни тунлари шу Қуръон билан таҳажжуд ўқишга буюрди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга юборилган амр – Унинг уммати учун шариатдир. Уммати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга тобеъдир ва У – уларнинг ўрнаги ва пешвосидир.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тунги намози

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлари давомида Аллоҳ таолонинг:

﴿يَا أَيُّهَا الْمُزَّمِّلُ قُمِ اللَّيْلَ إِلَّا قَلِيلًا﴾

«Эй (кийимларига) ўралиб олган зот, кечаси (бедор бўлиб, намозда) туринг! Фақат озгина — унинг (кечанииг) ярмида (ухлаб ором олинг)» (Муззаммил: 1, 2) амрига итоат этиб, кечанинг ярми ёки учдан бирида ўринларидан турар ва кучлари етганича намозларини узун ўқир эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рамазон ойига катта эътибор берганлари ҳадисларда собитдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазонни иймон ва савоб умидида қоим қилган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади»– дедилар (Имом Муслим 1266, 1267; Имом Аҳмад 7455, 9100, 9913; Термизий 736; Насоий 1584, 1585). Рамазонни қоим қилиш эса, унинг муборак тунларини хушуъли ва дуоли таҳажжуд билан бедор ўтказишдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини бу намозни ўқишга рағбатлантирдилар. Улар таҳажжуд намози билан қурбат ҳосил қилишга интилишар, гоҳида ёлғиз, гоҳида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўқишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўлимларидан аввал улар масжид ичида уч ёки тўрт жамоат бўлиб намоз ўқишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан бирга кетма–­кет уч кеча: кечанинг ярмида ва учдан бири қолганида жамоат бўлиб намоз ўқидилар. Бироқ, саҳобаларнинг Ўзлари билан таҳажжуд ўқишга ҳарисликларини ва масжидда тиқилинч бўлганини кўргач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга таҳажжуд намози ҳам фарз бўлиб, улар бунинг уддасидан чиқа олмасликларидан, уни ўқишга мудом давом эта олмасликларидан қўрқдилар ва саҳобаларни ўз жойларида танҳо­танҳо ўқишга буюрдилар. 

Кейинроқ Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу одамларни «таровиҳ» деб аталган намозни бирга ўқишга жамлади. У, одамларга фарз қилинмаслиги аниқлигини билгач шундай жамлади. Чунки, ваҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафоти билан тўхтаган эди. Аҳли суннат рофизаларга хилоф ўлароқ, ушбу таҳажжудга ижмоъ қилдилар. Таровиҳ замонамизга қадар аҳли суннатнинг масжидларида жамоат билан, имомларнинг ижтиҳодига кўра, йигирма ракаат ёки ўн уч ракаат ёхуд ўттиз олти ракаат ё  қирқ бир ракаат қилиб ўқилиб келинмоқда.

Айрим одамлар Имом Молик ва бошқа имомлардан ривоят қилинган осорларга таяниб, қирқ бир ракаат ўқишни айтганлар. Бошқалар эса витр билан бирга ўттиз етти ёки ўттиз тўққиз ракаат ўқишни раъй қилганлар ва: «Бу – одамлар учун енгилликдир. Чунки, улар бу намозлар билан тунни (ибодат билан) ўтказадилар»– деганлар.

Айримлар (витр билан бирга) йигирма уч ракат ўқишни айтганлар. Буни, Имом Термизий (раҳимаҳуллоҳ) кўплаб уламолардан ривоят қилган. Бошқалар эса ўн бир ёки ўн уч ракаат ўқишни айтганлар. Буларнинг барчаси тўғридир. Лекин бу намоз, машрулаштириш сабабчиси бўлган хотиржамлик, хушуъ ва қалб ҳушёрлиги билан ўқилиши керак.

Уламолар ўн бир ракаатдан ортиқча ўқишга ҳам рухсат бердилар ва буни вақтга кўра белгилаш зарурлигини айтдилар: «Ўттиз тўққиз ракаатни икки соатда ўқиган одам, ўн бир ракаатни икки соатда ўқиган одам кабидир. Савоб ракаатлар ва сонларнинг кўплигига қараб эмас, замонга қараб берилади»– дедилар.

 

Салаф солиҳнинг таҳажжуди (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин!)

Салаф солиҳ (раҳимаҳумуллоҳ)лар таҳажжуд (таровиҳ) намозини кечанинг ярмида ёки учдан бирида ўқир эдилар. Яъни, уч соат ўқир эдилар. Агар тунлар узун бўлса тўрт соат, қисқа бўлса уч соатча ўқир эдилар. Бу – уларнинг таровиҳи эди. Улар ё ракаатлар сонини озайтирсалар қиём, рукуъ ва саждадни узун қилишар, ракаатлар сонини кўпайтирсалар аркон ва қироатларни енгилроқ қилар эдилар. Бу намозлар уч ёки тўрт соатча давом этар эди. Имом Молик ва бошқалардан ривоят қилинишича, улар кечани (намоз билан) бедор ўтказишар, тонг отишига оз қолгач хизматкорларнинг саҳарлик қилиш учун таомга чорлаганларидагина ибодатларидан бурилишар эди.

Ҳозирги кунимизда эса, одамлар дангаса бўлиб, уларни дунё ишлари чалғита бошлади. Улар бу намозларнинг чорак ёки учдан бир қисмини ўқилса, буни кўп деб ҳисобламоқдалар. Ўртача ўқилган қироатни эса узун деб ўйламоқдалар. Имомлари бирон узунроқ сурани ўқиб берса: «Жуда ҳам узатиб юбординг! Қисқароқ ўқи!»– дейдиганлар пайдо бўлган.

Бу намозлардан малолланаётган одамларнинг, таҳажжудга рағбати бўлмаган дангасалар эканида ҳеч шубҳа йўқдир. Мўъмин эса, таҳажжуд намозинин қалбининг сурури ва танасининг роҳати деб тушунади. Шунинг учун ҳам, ҳар бир мўъмин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сингари намозни ўзи учун қувонч, танасининг ҳузури, шифоси ва давоси деб ҳисоблаши, ўз эҳтиёжларининг қондирилиши учун намоз билан ёрдам сўраши керак. Ахир Аллоҳ таоло:

﴿وَاسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلَاةِ

«Сабр ва намоз билан ёрдам сўранг!» (Бақара: 45)– деб айтмадими?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошларига оғир мусибатлар келса намоз ўқишга киришганлари, бунинг натижасида ғам ва қайғуларидан қутилиб, Роббиси билан танҳо қолгани, Роббисининг унсияти билан қалби роҳатлангани ривоят қилинган.

Бу – намозни узун ўқиш ва унга суянишнинг ҳикматларидан биридир. Бир соат ёки бир соатча вақт ичида бу намозни ўқиётган одам орқасида туриб намоз ўқишга қийналаётган одамлар – ялқовдирлар! Ҳолбуки, бундай қилиш билан намоз камчиликлардан холи бўлмайди: хотиржамлик бўлмайди ва намозлик моҳияти йўқолади. Биз намозда қироатни тартил – дона­дона қилиб ўқишга, рамазон ойи давомида Қуръонни (намозда) бир ёки икки марта хатм қилишга буюрилганмиз!

Салаф солиҳ (раҳимаҳумуллоҳ) таҳажжудда кўпроқ қироат қилишга ҳаракат қилишар эди. Улар Бақара сурасини саккиз ракаатда ўқишар эди. Ҳолбуки, Бақара сураси икки ярим порадир! Замондошимиз бўлган илм аҳллари эса, Бақара сурасини саксон ракаатда ўқимоқдалар!! Улар билан, булар ўртасидаги фарққа қаранг! Бошқаларнинг эса (бир ой давомида) Қуръоннинг ярми ёки учдан икки қисмига чекланаётганларини кўрмоқдамиз!! Бунинг ҳам дангасалик эканида ҳеч шубҳа йўқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олмоқчи бўлган ва унга ҳақиқий издош бўлишни хоҳлаган имомга намозхонлар ёқтирсинлар, ёқтирмасинлар, бу намозларни хотиржамлик ва хушуъ билан ўқишни, одамларга бу намозлар хушуъ ва хотиржамлик билан адо этилиши зарурлигини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шунга буюрган эканликларини, солиҳ амалларни қилган аждодларимиз – саҳобалар ва уларга яхшилик билан издош бўлганлар ҳам шундай намоз ўқиганликларини тушунтиришлари керак. Аллоҳ уларнинг барчасидан рози бўлсин!

Ҳозирги кунда одатланиб қолинган қироатга кўра, Қуръон Каримни (таҳажжудларда) рамазон ойининг йигирма еттинчи кечасида хатм қилинмоқда. Мен шундай имомларни ҳам кўришга муяссар бўлдимки, улар Қуръон Каримни рамазон ойи давомида уч марта хатм қилар эдилар. Ҳолбуки, уларга иқтидо қилган намозхонлар ҳам Қуръон тиловатини эшитишни, намоздаги хушуъни ҳамда узун қироатларни севишар эди. Ҳозир эса, имомлар жуда ҳам қисқа ўқимоқдалар. Агар сиз имом бўлсангиз, намозхонларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозини ўқиб беринг! Ўшандагина таҳажжуддаги ҳикматларни тушуниб етасиз, Аллоҳ таоло таҳажжудни ўқиб, кечаларни бедор ўтказган, Қуръонни эса тартил билан дона­дона ўқиган кимсалар учун тайёрлаб қўйган ажру савобларни қўлга киритасиз.

 

Диққат!

Мен, йил давомида таҳажжуд ўқишга одатланган одамларга бир нарсани эслатмоқчиман: Сиз, йиллик одатингизни бузманг. Чунки туннинг охиридаги намозга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, фаришталар гувоҳ бўлади. Агар кечанинг аввалида Аллоҳ муяссар қилганича таровиҳ ўқиган бўлсангиз, кечанинг охирида ҳам оздир­кўпдир кучингиз етганича таҳажжуд намозини ўқишга ҳаракат қилинг. Шу боис ибодатларни ўз вақтида қилиш одатингиз бузилмайди.

Шунингдек, фарз намозларидан олдинги ва кейинги суннатларни ҳам ўз вақтида ўқишга ҳаракат қилинг. Агар у вақтларда кўпроқ намоз ўқимоқчи бўлсангиз, кучингизни аяманг! Айрим салаф олимларининг: «Амалларнинг рамазон ойидаги савоблари кўпайтирилади. Рамазондаги бир ракаат бошқа ойлардаги минг ракаатга, рамазон ойидаги битта яхшилик бошқа ойлардаги мингта яхшиликка тенг бўлади. Рамазондаги бир ракаат фарз намози бошқа ойлардаги фарзларнинг етмиштасига бадал бўлади. Рамазонда Аллоҳга яқин бўлиш учун битта хислатни қилган одам, гўё бошқа ойларда фарз ибодатни қилган одам каби савоб олади» деганлари Ибн Ражаб (раҳимаҳуллоҳ)нинг «Вазоифу рамазон» китобида ривоят қилинган.

Тўртинчи фасл: эътикоф

Эътикофдаги асос – бир жойдан айрилмай, ўша ерда бирон нарса билан машғул бўлиб туришдир. Мушриклар ҳам бутлари олдидан айрилмай ибодат қилишар эди. Буни Аллоҳ таолонинг ушбу оятларида кўришимиз мумкин:

﴿فَأَتَوْا عَلَى قَوْمٍ يَعْكُفُونَ عَلَى أَصْنَامٍ لَهُمْ

«Улар бутларига сиғиниб турган бир қавм олдидан ўтдилар» (Аъроф: 138).

Иброҳим алайҳиссалом:

﴿مَا هَذِهِ التَّمَاثِيلُ الَّتِي أَنْتُمْ لَهَا عَاكِفُونَ﴾

«Сизлар доимо чўқинадиган бу ҳайкаллар нимадир (яъни нега жонсиз ҳайкалларга сиғиняпсизлар?!)» (Анбиё: 52) деганида қавми:

﴿نَعْبُدُ أَصْنَامًا فَنَظَلُّ لَهَا عَاكِفِينَ﴾

«Бут-санамларга ибодат қилмоқдамиз. Бас уларга содиқлигимизча қолурмиз» (Шуъаро: 71) дедилар.

Аллоҳ таоло мусулмоннинг ибодати ва эътикофини масжидлардан ажралмас қилди ва айтди:

﴿أَنْ طَهِّرَا بَيْتِيَ لِلطَّائِفِينَ وَالْعَاكِفِينَ وَالرُّكَّعِ السُّجُودِ﴾

«(Иброҳим билан Исмоилга): «Менинг байтимни тавоф қилгувчилар, ўша ерда ибодат қилиб турувчилар, руку — сужуд эгалари учун пок тутинг», (деб буюрдик)» (Бақара: 125);

﴿وَلَا تُبَاشِرُوهُنَّ وَأَنْتُمْ عَاكِفُونَ فِي الْمَسَاجِدِ

«Масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қўшилманг!» (Бақара: 187). Бу оятда ҳам эътикофни масжиддан ажралмас эканини баён қилди.

Аслида, эътикофдаги одам бир жойда танҳо қолиб, ибодат билан машғул бўлади. Дунёдан ва дунё аҳлидан узлат қилади. Эътикоф – Аллоҳга итоат қилиб масжиддан айрилмасликдир. Ундан мақсад, вақтни ибодатга ажратишдир. Шунинг учун ҳам эътикофдаги одам озиқ­овқати ёки ичимликларини олиб келиш каби ўта зарур иши бўлмас экан ёки олиб келиб берадиган одами бор экан, масжиддан ташқарига чиқиши мумкин эмас. Бундан ташқари, ҳожатхонага чиқиш, таҳорат олиш каби эҳтиёжлари учун масжид ташқарисига чиқса бўлаверади.

Ибн Ражаб (раҳимаҳуллоҳ): «Эътикофнинг ҳақиқати ва маъноси Холиққа хизмат қилиш учун халойиқдан алоқаларни узиш, демакдир»– деди.

 

Эътикоф қилишнинг ҳикмати

Эътикоф қилишнинг ҳикмати – дунёдан, дунё аҳли ва ишлари билан шуғулланишдан узлат қилиб, кўп ибодат қилишга бел боғлашдир. Исломнинг катта шиорларидан бири бўлган мусулмонлар билан бирга жамоат намозини қолдирмаслик учун эътикофни масжидда қилиш машруълаштирилди.

 

Замон ва маконнинг фазилати

Мусулмон эътикоф қилмоқчи бўлса, жума намозлари ўқиладиган масжидни танлаши керак. Чунки у, масжиддан эътикофи тугаганидагина чиқиши лозим. Энг афзали эса эътикофнинг замон ва макон фазилатларини жамлаш учун, ибодатлар савоби орттириб бериладиган фазилатли вақтда бўлишидир.

Масжидул Ҳаром, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидлари ва Ақсо масжидида қилинган эътикофларнинг афзалликлари бор. У афзалликлар, бу уч масжидда қилинган ибодатларнинг фазилатига боғлиқдир. Дунёнинг бошқа масжидларидаги ибодатларнинг савоблари бир хилдир. Фақатгина, қадимги масжидларда қилинган ибодатларнинг савоби, муқаддам ибодатлар қилингани учун, кўпроқдир. Шунинг учун ҳам, эътикоф қилмоқчи бўлган одам қадимги масжидларни танлайди.

 

Эътикофнинг муддати

Мусулмон эътикоф қилмоқчи бўлса, унга «эътикофдаги одам» деган таъриф тўғри келиши учун, эътикофнинг энг ози бир кеча ва бир кундуз, яъни, йигирма тўрт соатдир. Ундан бошқа фикрларда эса ихтилоф бор. Айрим олимлар: «Мусулмон қуёшнинг чиқишидан то ботишигача бир кун, ёхуд, қуёш ботганидан то тонг отгунича бир кеча этикофда бўлса ҳам, эътикоф ҳисобланаверади»– дедилар. Айрим уламолар эса: «Эътикоф – ҳадис амалда кўрилиши учун бир кеча ва кундуз давом этиши керак»– деганлар.

 

Эътикофнинг таъқиқлари

Эътикофдаги одам Аллоҳ таолога яқин қиладиган намоз, Қуръон тиловати ва тафаккури билан машғул бўлиш билан бирга, дунёвий алоқалардан, зиёратлардан воз кечади. Эҳтиёжига яраша қисқача давом этадиган зиёратлардан бошқасига чек қўяди. Чунки, эътикофдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига айрим рафиқалари келганлари ва У билан қисқача суҳбатлашганлари ҳадисларда ривоят қилинган. Рафиқалар, фарзандлар ва ёру дўстлар учун зиёрат эшигини очиш билан, масжидлар хонадонга айланади. Натижада, масжидлар билан хонадонлар ўртасида ҳеч фарқ қолмайди. Бундай қилиш беҳуда гапларни сотиб ўтиришга ҳам олиб бориши мумкин.

Шунингдек, эътикофдаги одам дунё ва дунё аҳли билан алоқаларини узиши, бирон дунёвий иш ёки хабарни кўрган ёки эшитган кишидан сўрамаслиги, ибодатга берилиши, таровиҳ, суннат ва бошқа намозларни қолдирмай ўқиши, Қуръон тиловати, зикр, дуо, Аллоҳга ёлбориш ва бундан бошқа қалбнинг хушуси ва ҳушёрлиги билан, тилнинг хушу ва хоксорлигининг жамланиши ўртасида қалбнинг уйғоқлигига жиддий эътиборни қаратиши керак. Шунинг учун ҳам Ибн Ражаб (раҳимаҳуллоҳ) айрим одамларнинг эътикофни таърифлар экан: «Эътикофнинг ҳақиқати ва маъноси Холиққа хизмат қилиш учун халойиқдан алоқаларни узиш, демакдир»– деганларини нақл қилди. Сиз эътикофда экансиз, фалончи ва фалончи билан алоқаларингизни узинг! Барча одамлардан узоқ бўлинг! Қалбингиз роббингизга боғлансин! Қалбингиздаги Аллоҳнинг зикри уйқуда ҳам, уйғоқлкда ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам, ёнбошлаб ҳам мудом қолсин! Ҳар бир ҳолатингизда Аллоҳни эсланг! Гапираётган ҳар бир нарсангизни ўйлаб гапиринг! Қуръонни тафаккур билан ўқинг!

Бундан қирқ ёки эллик йил аввал оталаримиз ва устозларимизнинг эътикоф қилганларига шоҳид бўлганмиз. Улар эътикофларини бирон нарса сабабли бузмас, тинмай Қуръон ўқир эдилар. Чунки Аллоҳ уларга ёд олишни муяссар қилгани учун, Қуръонни ўқиш улар учун осон, шунинг учун ҳам кўпинча уни бир ёки икки кунда тафаккур билан хатм қилар эдилар. Чунки Қуръон ўқиш, уларнинг кеча ва кундуздаги асосий ишларига айланган эди. Фақатгина, озиқ–­овқатлари: ифторлиги ва саҳарликларини олиб келинар эди, холос. Гоҳида эса саҳарлик билангина чекланар эдилар. Ифторларида ҳам бир неча хурмони еб, кечки овқатни қилишмас, кечки овқат билан саҳарликлари бирга бўлар эди. Биз, устозларимизнинг шундай қилганларини кўрар эдик. Улардан бири фақатгина қазойи ҳожати ва таҳорат олиш учунгина ташқарига чиқар эди. Улар на касални кўришар, на жанозада иштирок этишар, на оиласидан хабар олар эдилар. Улар зиёрат ва бошқа дарвозаларни бутунлай ёпишар эди.

Эътикофининг савобларидан маҳрум қолмасликни хоҳлаган банда шундай бўлиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан ибрат олиши керак. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикофни бир йилгина қила олмаган эдилар. Эътикофга кирганларида муҳтарама рафиқалари ҳам эътикофга бошладилар ва уларнинг ҳар бири учун алоҳида чодирлар тикилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда чодирлар кўпайишидан норози бўлдилар. Чунки бу, рақобатга ўхшаб қолган эди. Шунинг учун ҳам ўша йили рамазон ойида эмас, шаввол ойида эътикоф қилдилар. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  кўпинча рамазон ойининг охирги ўн кунлигида, бир ёки икки мартагина иккинчи ўн кунликда эътикоф қилдилар.

Эътикоф, юқорида айтиб ўтганимиздек, ибодатни кўп қилиш ва мағфиратга эришиш, демакдир. Мағфиратнинг эса сабаблари бор. Рамазондаги мағфират сабаблари рўзани иймон ва савоб умидида тутиш, рамазон кечаларини, Қадр тунини иймон ва савоб умидида ибодатлар билан бедор ўтказиш, банданинг ўтган умри давомида қилган гуноҳларининг кечирилиш омилларини қўлга киритишга ҳарис бўлишидир.

Бешинчи фасл: рамазоннинг охирги даҳасини ибодатлар билан ўтказиш

Агар рамазон ойининиг энг яхши ой эканини билган бўлсак, унинг фазилатларини қўлга киритиш учун ҳар бир лаҳзани ғанимат билишимиз, охирги даҳа рамазоннинг энг афзал айёмлари ва кечалари эканини билган бўлсак у кунлари ибодат қилишга тиришишимиз, бирон дақиқасини бефойда ўтказмаслигимиз керак.

Ушбу даҳада қуйидагиларни қилиш мустаҳабдир:

1 – у ўн кунни ибодат билан ўтказиш;

2 – бошқа амалларни қилишга ҳам тиришиш;

3 – у кунлари фаоллик ва қувватни кўрсатиш;

4 – эътикоф қилиб, шаҳват ва лаззатли нарсаларда йироқ бўлиш.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ўн кунлардаги ибодати

«Саҳиҳ»да Оиша разияллоҳу анҳонинг шундай деганлари ривоят қилинган: «Охирги ўн кунлик кирса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг кечаларини ибодатлар билан бедор ўтказар, оиласини уйғотар ва жинсий алоқадан йироқ бўлар эдилар» (Имом Муслим 2008; Абу Довуд 1168; Насоий 1621; Ибн Можа 1758).

Яна ундан ривоят қилинишича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазоннинг йигирма кунини уйқу ва бедорлик билан ўтказган бўлсалар, (охирги) ўн кунида мижжа қоқмас, балки, унинг тунларини уйқусиз бедор ўтказар эдилар» (Имом Аҳмад 23983, 25136).

Бошқа бир ривоятда шундай дейди (разияллоҳу анҳо): «(Охирги) даҳа киргач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрпаларини йиғиб қўяр эдилар» («Қурратул айнайн фий шарҳи аҳаадис» 1/56). Яъни, рамазон охирги даҳасининг тунларида кўрпаларини солмас эдилар.

Бошқа бир ривоятда эса бунга таъкид ўлароқ: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (охирги даҳа) кечаларининг ҳаммасини ибодат билан ўтказар эдилар» дейилган.

 

Охирги даҳани ўтказишда одамларнинг турлари

Рамазоннинг охирги даҳасини ўтказишда одамлар тўрт қисмга бўлинадилар.

 

Биринчи қисм: рамазоннинг охирги даҳасини ибодат билан ўтказадилар.

Бу қисмдаги одамлар рамазоннинг охирги даҳасини Пайғамбарлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиб намозлар, узун қиём, рукуъ ва сажда билан ўтказадилар. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кечаларда намозларни узоқ ўқир эдилар. Ҳатто, кечаларнинг бирида саҳобалари билан бирга намоз ўқир эканлар, саҳарлик ўтиб кетишига оз қолган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир марта саҳобаларнинг бири – Ҳузайфа разияллоҳу анҳу билан ўқиган намозларида Бақара, Оли Имрон ва Нисо сураларини ҳар бир оят ҳақида тафаккур қилиб, раҳмат оятлари олдида тўхтаб ундан сўраб, азоб оятлари олдида тўхтаб ундан паноҳ сўраб, ўқиган эдилар. Икки ёки тўрт ракаат ўқиган эдиларки, муаззин келиб бамдод намозига азон айтди!!

Кечаларни ибодат билан ўтказишнинг мағзи шудир. Бундан бир неча йиллар илгари ибодатга тиришқоқ бўлган одамларнинг бу кечаларга катта эътибор берганлари, уларда ибодат ва нашотни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намуна олиб кучайтирганларини кўрасиз. Улар бу тунларни ибодат билан ўтказишга жиддий ҳаракат қилишар, уларни бутунлай намоз билан ўтказар эдилар. Улар ўн ракаат ўқишар. Қуръондан бир ярим порача ўқигач ярим соатча дам олишар, сўнгра, икки салом билан тўрт ракаат намозни икки ярим ёки уч соатчада ўқишар ва уларда уч ёки икки ярим пора Қуръон ўқишар, кейин эса бир соат ёки ундан кўра озроқ дам олишар, сўнгра, икки ярим ёки уч соатча вақтни олган олти ракаатни ўқишар ва уларнинг қироатида уч ёки уч ярим пора Қуръон ўқир эдилар. Сўнгра витрни ўқишар эди. Шу билан уларнинг тунлари намоз билан безанар эди. Шундай бўлсада, ўртада бир оз дам ҳам олишар эди. Чунки, бу саҳобалар, салаф солиҳ ва улардан кейингиларнинг одатлари эди.

Саҳобалар рамазон кечаларида йигирма уч ракаат намоз ўқир эдилар. Уларнинг айримлари ёки тобиинлар, Имом Молик ривоятига кўра, ўттиз олти ракаат намоз ўқир эдилар. Имом Шофиий (раҳимаҳуллоҳ)дан ривоят қилинишига кўра уларниг айримлари рамазон тунларида қирқ бир ракаатни тўрт ракаат билан ўқир эдилар. Бу тўрт ракаат ярим соатни ўз ичига олар, сўнгра беш ёки ўн дақиқа дам олишар, сўнгра яна тўрт ракаат намоз ўқишар ва шундай қилиб давом этишар эди. Ҳар тўрт ракаатдан сўнгра дам олганлари учун, бу намозни «таровиҳ» (истироҳат, дам олиш) деб атадилар. Бу одатлар ҳақиқатан ҳам шу кечаларни ибодат билан ўтказиш, демакдир.

Бу кечаларни ибодат билан ўтказишга, у кечалари Қуръонни тиловат қилиб чиқиш ҳам киради. Айрим одамлар бу кечаларда кучлари етганича намоз ўқигач, ҳалқаларга бўлинадилар ва масжидларда ёки бирларининг хонадонларида фазилат ва савоблар умидида Қуръон ўқишга ҳаракат қиладилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида Аллоҳнинг Китобини ўқиш ва уни ўрганиш учун тўпланар эканлар, уларга осудалик ёғилади ҳамда раҳмат фаришталари ўраб олади. Аллоҳ таоло уларни Ўзининг ҳузуридаги (фаришта)ларга ёд этади»– деганлар (Имом Муслим 4867; Термизий 3300; Абу Довуд 1243; Ибн Можа 241).

Ўн ёки йигирма ёки шунга ўхшаш бирон гуруҳ Қуръон ўқиш учун тўпланар: улардан бири тиловат қилиб, бошқалари Қуръонга қараб тинглар экан, сўнгра, иккинчилари бир ҳизб (туркум) ёки ярим ҳизб ёки уч ҳизб ўқир экан, уларга Аллоҳнинг Китобини ўқиганлар, ўрганганлар, тунларини тоат-ибодат ва қурбатлар билан ўтказганлар ҳақида айтилган гаплар тўғри келади.

Шунингдек, кечаларини (шаръий билимларни) ўрганиш ва ўргатиш билан ўтказганлар ҳам, бу тунларни фойда берадиган ибодат билан ўтказганлар қаторида бўладилар. Агар тунларимизни ёки кечанинг бир қисмини диний билимларни ўрганиш билан ўтказсак, бу, иншааллоҳ, ўзимизга фойдали ибодат билан ўтказиш бўлади.

Бу гуруҳдаги одамлар тунларидан ва вақтларидан унумли фойдаланган кимсалар ҳисобланишади.

 

Иккинчи қисм: рамазоннинг охирги ўн кечасини ҳунармандчилик ва савдо билан ўтказадилар.

Бу қисмга кечаларини савдо ёки ҳунармандчилик билан ўтказадиган ва шундан ўткинчи – дунёвий даромад топадиган одамлар кирадилар. Бу даромад уларнинг айримлари учун масжидлардаги одамлар, қироат билан шуғулланганлар ёки илм аҳллари топган савоблардан кўра қимматлироқ кўринади. Аслида улар, топган даромадларидан кўпроқ нарсаларда зиён кўрадилар. Чунки, уларнинг бири кечасини ўз ишлаб чиқариш жойи ёки дўконида арзимас дунё илинжида бедор ўтказади.

Агар бундай одам охират ишларидан юз ўгирган, бутунлай дунёга берилган ва охирати учун амал қилмаган бўлса, унинг Аллоҳ таоло қуйидаги оятида баён қилган кимсалар қаторида бўлиб қолишида хавф бор:

﴿مَنْ كَانَ يُرِيدُ الْحَيَاةَ الدُّنْيَا وَزِينَتَهَا نُوَفِّ إِلَيْهِمْ أَعْمَالَهُمْ فِيهَا وَهُمْ فِيهَا لَا يُبْخَسُونَ أُولَئِكَ الَّذِينَ لَيْسَ لَهُمْ فِي الْآخِرَةِ إِلَّا النَّارُ وَحَبِطَ مَا صَنَعُوا فِيهَا وَبَاطِلٌ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ﴾

«Ким (фақат) шу ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлса, уларга қилган амалларини(нг ажр-мукофотини) шу дунёда комил қилиб берурмиз ва улар бу дунёда зиён кўрмайдилар. Ундай кимсалар учун охиратда дўзах ўтидан ўзга ҳеч кандай насиба йўқдир. Уларнинг бу дунёда қилган барча яхшиликлари беҳуда кетур ва қилиб ўтган амаллари бефойдадир» (Ҳуд: 15, 16).

Бу оят дунёни ўзининг асосий мақсади қилиб, охиратни унутган ёки унуттирган, охират учун ҳаракат қилмаган, фикру хаёли дунё ортидан елиб­югуриш бўлган, дунё учун гўё тангрисидек ҳаракат қилган, ҳориб чарчаган одам ҳақидадир. Унга «Дунёнинг қули!» деган атама тўғри келган бўларди. Чунки у, дунёнинг олтин ва кумуш тангаларига сиғинади! Шунинг учун, у бахтиқаро бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Динор, дирҳам ва бахмал қули хор бўлсин!» (Имом Бухорий 2673, 5955).

Уларнинг ичида айримлари ҳам борки, намоз ва Қуръон тиловатига қисман эътибор беради. Роббисидан ва Роббисининг зикридан ғафлатда қолмайди. Қуръон тиловатидан чалғимайди. Бўш вақтларида ўқиши учун мусҳафи – Қуръон китоби ўзи билан бирга бўлади. Бўш пайтларида Аллоҳни зикр қилади ва кучи етганича намозларини ўқийди, вирдларини такрорлайди. Бу ҳам даромаднинг бир тури бўлсада, тўкис даромад эмасдир. Бундай одамлар қисман даромадни қўлга киритсаларда, кўплаб савоблардан маҳрум қоладилар.

 

Учинчи қисм: рамазоннинг охирги ўн кечасини беҳуда нарсалар ва кўнгилочар нарсалар билан ўтказадилар

Бу қисм, одамларнинг кўпини ўз ичига олади. Биз, уларнинг кечаларини беҳуда нарсалар ва ўйин-кулгу билан ўтказаётганларини кўрамиз. Уларни уйларида ёки мажлисларида тўпланиб, латифабозлик қилишиб қаҳқаҳа отаётганлари, беҳуда нарсаларни гапириб, ҳатто ғийбат ва чақимчилик қилишаётганларига, одамларнинг шарафи ва номусига тил узатишгача етиб боришганига, бу ўтиришларида Аллоҳни оз тилга олиб, на Қуръондан ва на бошқа диний мавзулардан гаплашмаганига гувоҳ бўласиз.

Уларнинг тунларини олий мақсадлар эмас, кундузги уйқу тугаллайди!! Аслида, уларнинг мақсади шу!! Улар икки нарсадан маҳрум қоладилар: намозхонлар билан бирга намоз ўқимаслик ва қорилар билан Қуръон қироатида иштирок этмаслик. Иккинчиси эса, дунёвий ишлар билан шуғулланган одамлар қўлга киритган даромад. Бу одамлар шу икки нарсадан маҳрумдирлар.

Улар бу зарарларга ачинмайдилар ва бу зиёнлар нақадар катта эканини сезмайдилар ҳам!! Огоҳ бўлингларки, улар ушбу улуғ айём ва кечаларни фойдалана олмай ўтказмоқдалар! Улар қанчалар зарар кўрмоқдалар-а?! Даромадни қўлга киритганларга савоблар берилганида, қанчалар ҳасрат чекар эканлар-а?! Улар яхшилик қилганларнинг савоблари орттирилганида ўзларининг на дунёвий ва на ухровий яхшиликлари борлигини, балки, беҳуда гапларни гапириш билан ўз гуноҳларини орттирганларини кўрадилар. Чунки, инсон фарзандининг гапирган ҳар бир гапи ёзиб қўйилади:

﴿مَا يَلْفِظُ مِنْ قَوْلٍ إِلَّا لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ

«У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатгувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф: 18).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одам фарзандининг оғзидан чиққан Аллоҳнинг зикри, Аллоҳ суйган гап, амри маъруф ва наҳий мункардан бошқа барча гаплар ўзининг фойдасига эмас, зиёнигадир» (Термизий 2336). Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу ояти мос келади:

﴿لَا خَيْرَ فِي كَثِيرٍ مِنْ نَجْوَاهُمْ إِلَّا مَنْ أَمَرَ بِصَدَقَةٍ أَوْ مَعْرُوفٍ أَوْ إِصْلَاحٍ بَيْنَ النَّاسِ﴾

«Уларнинг кўп махфий суҳбатларидан — агар садақа беришга ё бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар — ҳеч қандай фойда йўқдир» (Нисо: 114).

Бу одамлардан сўраладиган ва сарҳисоб қилинадган барча нарса уларнинг зарарига кетади: Нега буни гапирдингиз?! Нега тилингизни Аллоҳ таоло бўйинсундирган Аллоҳнинг зикри учун ишлатмадингиз?! Нега қулоқларингизни Аллоҳнинг тоати ва ризоси бўлган нарсаларни тинглашдан йироқ тутдингиз?!

Айтингчи, у одамлар бу саволларга жавоб бера оладиларми?!

 

Тўртинчи қисм: рамазоннинг охирги ўн кечаларини гуноҳлар билан ўтказадилар.

Буларнинг сони ҳам, Аллоҳ сақласин, жуда ҳам кўп. Улар бу кечаларни осийлик билан ўтказадилар. Улар куйлар, фитнага сабабчи бўлган қўшиқлар, ҳаёсиз тасмаларни тинглаб, порнофильм ва порносуратларни томоша қилиб тунларни бедор қиладилар. Гоҳида эса ҳаром шаҳватларни жунбушга келтирадиган нарсаларга боқадилар. Зеро фитнага чорловчи қўшиқларни тинглаш, инсон қалбига зино ва фасодга бўлган муҳаббат уруғларини экади ва уни ҳаром нарсаларни излашга ундайди.

Шунингдек, порно расмларга тикилишлари уларнинг қалбларида разилликка бўлган муҳаббат уруғини сочади ва бу муҳаббат уларни ўзлари учун ҳалол бўлмаган зино ёки ароқхўрлик ёхуд шунга ўхшаш ҳаром нарсаларни қилишга рағбатлантиради. Уларнинг ўтиришлари қулоқлари ҳаёсиз қўшиқларни тингласа, кўзлари порнорасмларни кўриш билан яйраса, оғизлари бепошна гапларни айтиш билан вайсаса, қоринлари ароқ ва ароққа ўхшаш ҳаром нарсалар билан тўлсагина, «қизийди»! Улар бу билан, ибодатларни тарк қилиш ва гуноҳларни қилиш ёки гуноҳларга бўлган муҳаббат омиллари ўртасини жамлайдилар.

Бундай инсонлар ажру савоблардан маҳрум қолиш билан бирга, жуда ҳам қаттиқ гуноҳкор бўладилар. Уларнинг сони шунчалар кўпки, хайрли ишларга даъват қилаётган ёки гуноҳ ишларни таъқиқлаётган ташкилотлар улардан шикоят қилмоқдалар. Бу ташкилот аъзолари уларни рамазон наҳорида маст қилувчи ичимликлар ичаётган пайтларида қўлга олмоқдалар!! На рўза тутадилар ва на гуноҳлардан йироқ турадилар!! Бунинг сабаби, уларнинг гумонича, тунларини шу ҳаром нарсалар ҳақидаги ўй ва фикрлар билан ўтказишларидир!! Бу хаёллар уларни асир қилиб, улар гуноҳларга «ошиқ» бўлиб, гуноҳларни қилиш билан завқ ола бошлайдилар. Натижада, ҳаром ишларни рамазоннинг кундузларида қилиб, Ислом рукнларидан бири бўлган рўзани тутмайдилар!! Ҳа, улар, Аллоҳ сақласин, гуноҳ билан, ибодат қилмаслик ўртасини бирлаштирадилар!! Бозорларда хотин-қизларга ўғринча назар ташлайдилар! Уларни кузатадилар ва уларга кўзларини қисадилар!! Буларнинг барчаси қалбларда иймоннинг озлиги ёки заифлигининг омили, иймон ўрнига гуноҳ ва куфр шаббодаларининг кириб келишидир.

Мазкур тўрт қисм инсонлар рамазоннинг охирги даҳасининг кечаларини айтиб ўтилганидек ўтказадилар. Мусулмон одам ўзи учун шу гуруҳлар ичидан муносибини танлаб олсин!

 

Охирги даҳада ибодатлар қилишга белни маҳкам боғлашнинг мустаҳаблиги

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рамазоннинг охирги даҳаси киргач тунларни ибодат билан ўтказгани, рафиқаларини уйғотгани ва ибодатга тиришганлари баён қилинган (Имом Муслим 2008). «Ибодатга тиришиш»дан мақсад, тоат-ибодат қилишга бор кучини аямасликдир. Бу – танбаллик, лоқайдлик ва уларнинг сабабларидан узоқ бўлишни талаб қилади.

Хўш, нималарда тиришқоқ бўлиш керак?

–        намозларда тиришқоқлик: кундузлари ва кечалари кучи етгунича намоз ўқиш;

–        тиловатда тиришқоқлик: кучи етганича Қуръонни қалб ҳушёрлиги билан тафаккур ила ўқиш;

–        зикрда тиришқоқлик: Аллоҳ таолони доимо ёдда тутиш, Аллоҳни унутмаслик ва тили Аллоҳнинг зикри билан нам бўлиш;

–        дуо қилишда тиришқоқлик: Роббисига хуфёна ва ошкора кўп дуо қилиш;

–        хайрия ишларда тиришқоқлик: турли насиҳатлар ва бошқа ибодатларни қилиш;

–        илм, ўрганиш ва уларга тааллуқли ишларда тиришқоқлик: барча ишларда тиришиш.

    

Охирги даҳада оила аъзоларини уйғотиш

Оила аъзолари – рафиқалар ва фарзандларни таҳажжуд намозини ўқишга буюриш, бу ҳукм остига киради. Мусулмон, оила аъзоларини намозга уйғотиш билан савобни умид қилади ва уларга таҳажжуд намозининг фазилатларини тушунтиради. Салаф солиҳ раҳимаҳумуллоҳлар оила аъзоларини рамазондан бошқа ойларда ҳам тунги намозлар учун уйғотар эдилар. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу кечанинг охирида оиласидаги намоз ўқишга қурби етган каттаю кичик барчани намоз учун уйғотар ва Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини ўқиб, уни нафл намозни ўқишга ҳарис бўлиш учун далил қилиб кўрсатар эди:

﴿وَأْمُرْ أَهْلَكَ بِالصَّلَاةِ وَاصْطَبِرْ عَلَيْهَا﴾

«Аҳли-умматингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг!» (Тоҳа: 132).

Бу, саҳоба разияллоҳу анҳум ва салаф солиҳ раҳимаҳумуллоҳнинг кеча ва кундуз нафл ибодатларни қилишга нақадар ҳарис бўлганликларининг нишонасидир. 

Шунинг учун ҳам мусулмон, рафиқалари, оғалари, фарзандлари, яқинлари, васоятини олган кишиларини ушбу шарафли кечаларда туришлари учун уйғотиши керак. Чунки, бу кечалар – саноқли кечалардир. Бу кечалар ё ўн ёки рамазон ойи ўттиз кун бўлмаса, тўққиз кундир. Чунки, ой гоҳида ўттиз кун бўлмаслиги мумкин. Эзгуликни излаган одам бу кечаларни ғанимат билсин ва унинг ҳар бир фурсатидан унумли фойдалансин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда: «Эр намоз учун ўрнидан туриб хотинини ҳам уйғотар ва икковлари (бирга) намоз ўқир эканлар, улар Аллоҳни кўп зикр қилган эркак ва аёллар қаторида ёзиладилар»– деганлар (Ҳоким 3561; Абу Довуд: 1114).

Эркак кишини бу ва бошқа кечаларда ўз қарамоғидаги кимсаларни уйғотиши ҳақидаги фазилатларни баён қилган бошқа ҳадислар ҳам ворид бўлгандир.

 

Охирги даҳада қувват ва нашотни кўрсатиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рамазоннниг охирги даҳасида шом ва ҳуфтон намозларидан ёки ҳуфтон намозларидан сўнгра ғусл қилганлари – чўмилганлари ривоят қилинган. Чунки, бундай қилиш билан намозга жиддийлик билан келинади. Тананинг фаоллиги қалб фаоллигига сабабдир.

Бу кечаларни улуғлаш ва ҳурматлаш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар энг яхши кийимларини кийиб ясанар эдилар. Бу ҳам, тана ва қалбнинг фаоллигига омилдир. Ҳатто, уларнинг баъзилари, бу кечалар учун бошқа кечаларда ҳеч кийишмайдиган либосларини кияр эдилар.

Фаол ва қувватли бўлиш учун улар баданлари, хонадонлари ва масжидларида  хушбўйларни истеъмол қилишарди. Улар кўпроқ атир ишлатишарди. Шу билан инсон бадбўй ҳидлардан йироқ, хушбўй бўлар эди. Чунки, фаришталар ширин ҳидларни суюб, одамзод жирканадиган нарсалардан йироқ турадилар. Улар, масжидларида атир ва хушбўй тутатқилар ишлатишар эди.

Бундай қилиш тана ва қалбда фаолликни вужудга келтиради. Тана ва қалб фаол бўлса, инсон малол олмайди. Инсон танаси ялқов бўлса қалби ҳам заиф бўлиб, ибодатлардан малол олади ва ялқовлик қила бошлайди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло кўпинча дангасаларни мазаммат қилган. Аллоҳ таоло мунофиқларни тавсифлар экан шундай деган:

﴿وَإِذَا قَامُوا إِلَى الصَّلَاةِ قَامُوا كُسَالَى﴾

«Агар намозга турсалар ялқовлик билан турадилар» (Нисо: 142).

Мусулмон ибодатни суйдирадиган ва қалбни қувонтирадиган амалларни бор вужуди билан ғафлатсиз, қалбни Аллоҳдан ва Аллоҳга итоатдан чалғитадиган нарсаларсиз қилади.

 

Қадр тунини охирги даҳада излаш

Рамазон ойининг охирги даҳасининг фазилати, унда Қадр туни бўлишига тақалади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Салмон разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай деганлар: «(Рамазон) – ичида минг ойдан кўра яхшироқ кечаси бўлган ойдир. Унинг яхшиликларидан маҳрум бўлган одам, (кўп нарсадан) маҳрум қолибди» (Имом Аҳмад 7148, 8631, 9133; Насоий 2079; Ибн Можа 1634).

Ушбу кеча бандалардан сир сақланган. Сабаби эса, бандаларнинг бошқа кечаларда ҳам ибодатга тиришқоқ бўлишларидир. Агар улар Қадр кечасининг қайси куни бўлишини билсалар эди, бошқа тунларда бемалол ухлаб ётишар ва шу кечанигина ибодатлар билан бедор ўтказишар, натижада, уларнинг амаллари кўпаймас эди. Бу кеча сир сақланса, одамлар ҳаракат қилишар ва ҳар кеча Қадр кечасини излаб, қисман бўлсада ибодат билан машғул бўлишар ва улардан бири ҳар кеча келганида: «Бу кечанинг минг ойдан кўра хайрлироқ эканини умид қиламан»– дейди ва у кечани ибодатлар билан ўтказади. Ундан кейинги кеча келса яна: «Бу кеча, ўша кеча бўлса керак?»– деб, охирги даҳа тугагунича шундай давом этади. Бу билан банда катта-катта савобларга эга бўлади, ҳасанотлари кўпаяди. Роббисига узуқ эмас, тинмай ибодат қилганлар қаторида бўлади.

Қадр тунини белгилаш ҳақида уламолар ўртасида фарқли кўришлар бор. Уларнинг сони, «Фатҳул Борий» китобида айтилганидек, қирққа яқин бўлсада, барчаси ҳам ишончли эмас.

Айрим уламолар Қадр туни рамазоннинг йигирма биринчи куни эканини айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Мен унинг тонгида сув ва лойга сажда қилаётганимни кўрдим»– ҳадисини (Имом Бухорий 1887; Имом Аҳмад 16045) ҳужжат қилдилар.

Айрим уламолар эса Қадр туни рамазоннинг йигирма учинчи кечаси эканини айтдилар ва бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг охирги етти кечани ибодат билан ўтказишга рағбатлантирганларини ва: «Бу ойдан неча куни ўтди?»– деб сўраганларини, саҳобаларнинг: «Йигирма икки (кечаси) ўтди ва етти кечаси қолди» дейишгач: «Бу ой тўкис (ўттиз кун) бўлмайди. Қадр тунини бу кечада изланглар!»– деганларини ҳужжат қилдилар (Имом Аҳмад 7116, 7423; Ибн Можа 1646). Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йигирма учинчи кечани назарда тутган эдилар. Буни Ибн Ражаб (раҳимаҳуллоҳ) «ал-Вазоиф»да айтиб ўтган.

Баъзи уламолар йигирма тўртинчи кечани Қадр кечаси ўлароқ ҳисобладилар. Чунки, бу кеча охирги етти кунликнинг биринчи кечасидир. Бунга далил ўлароқ эса, саҳобаларнинг Қадр кечасини охирги етти кечада кўрганларини ва бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сизларнинг тушларингиз охирги етти кечага мувофиқ келганини кўрмоқдаман. Бас (Қадр тунини) шу кечаларда излангиз!» ёки: «Ким Қадр кечасини қасд қилмоқчи бўлса, уни охирги етти кечада изласин!» деганларини далил қилдилар (Имом Бухорий 1876; Имом Муслим 1985; Имом Молик «Муваттоъ» 616, 1114). Агар ой тўкис (ўттиз кун) бўлиб келса, охирги етти кечанинг биринчиси – йигирма тўртинчи кечадир.

Баъзи уламолар: Қадр тунини рамазоннинг охирги даҳасининг тоқ кечаларида изланади,– дедилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қадр тунини рамазоннинг охирги даҳасининг тоқ кунларида изланглар!»– деганлар (Имом Бухорий 1878).

Юқорида айтиб ўтганларимизга бир назар ташласак, охирги даҳанинг тоқ кечалари: йигирма биринчи, йигирма учинчи, йигирма бешинчи, йигирма еттинчи ва йигирма тўққизинчи кечалардир. Булар – охирги даҳанинг тоқ кечаларидир.

Агар қолган йигирма саккизинчи, йигирма олтинчи, йигирма тўртинчи ва йигирма иккинчи кечаларга келсак ва уларни юқоридагиларга қўшсак, охирги даҳанинг кечалари ўнта бўлади ва уларда ҳам Қадр тунини излаш мумкин. 

 

Қадр тунининг фазилати

Аллоҳ таоло Қадр туни минг ойдан кўра афзалроқ эканини эслатди. Бунинг маъноси: «Бу кечада ўқилган намоз ва қилинган амал бошқа минг ойда ўқилган намоз ва амалдан кўра афзалроқдир», демакдир. Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Исроилга мансуб бир кишининг минг йил қурол кўтариб юрганини айтганларида саҳобалар ҳайратландилар ва: «Уларнинг ёшлари бунга қандай етган эди?»– деб савол бердилар. Аллоҳ таоло ўша кеча – Қадр кечасида қилинган ибодат мазкур Бану Исроилга мансуб киши қурол кўтариб юрган минг йилдан кўра яхшироқ эканини билдириб, оят нозил қилди. Буни Ибн Ражаб ва бошқалар ўз асарларида айтиб ўтганлар.

Хуллас, Қадр туни буюк марҳаматдир. Қадр кечасининг фазилатларидан бири унинг гуноҳларнинг мағфиратига сабаб бўлишидир. Бу кундан маҳрм қолган одам, ҳақиқатан, кўп нарсадан маҳрум қолади.

 

Қадр тунини ибодат билан ўтказиш

Қадр тунини ибодат билан ўтказиш, уни имкони борича намоз ўқиш билан ўтказиш, демакдир. Имом билан намозини тугатгунича кечанинг аввалидан то охиригача бирга турган одамга кечани ибодат билан ўтказганлиги савоби ёзилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари билан бирга кечаларнинг бирида намоз ўқиганлари, кечанинг ярмида намозни тугатишгач: «Кошки кечанинг қолган қисмида ҳам биз билан бирга намоз ўқисангиз эди?»– деганлари, бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Киши имом билан намозидан ўгирилгунича намоз ўқиса, унга кечасини ибодат билан ўтказганлик савоби ёзилади»– деганлари ворид бўлган (Термизий 734; Насоий 1298). Ушбу ҳадисни Имом Аҳмад ҳам ривоят қилди ва унга амал қилди (Имом Аҳмад 20450, 20474, 21419).

«Кошки кечанинг қолган қисмида ҳам биз билан бирга намоз ўқисангиз эди?»– деганларидан мақсад, «Кошки бизнинг кечамизни биз билан бирга ибодат билан ўтказсангиз ва биз ҳам бу кечанинг ҳаммасини намоз билан ўтказиш учун ҳаракат қилсак», демакдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса уларга шу муждани бердилар: «Киши имом билан намозидан ўгирилгунича намоз ўқиса, унга кечасини ибодат билан ўтказганлик савоби ёзилади». Бунга Аллоҳ қулайлик берганларгина муваффақ бўла оладилар ва кечаларни ибодат билан ўтказганлар қаторида ёзиладилар. Манашу, кечаларни ибодат билан ўтказишдир.

Қадр тунини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисида: «иймон ва савоб умидида»– деб айтганларидек, иймон ва савоб умидида ибодат билан ўтказилади. Иймон – Қадр тунининг фазилатларига ишониш, у кечада амал қилиш машруъ эканини тасдиқлашдир. У кечадаги амал эса намоз, (Қуръон) қироат(и), дуо, ёлбориш, хушуъ ва шунга ўхшаш ибодатлардир. Шундай экан, сиз бунга амр қилган, машруълаштирган ва рағбатлантирган Аллоҳга иймон келтиришингиз лозим. Бу кечада ибодат қилиш қаттиқ тайинланган. Шахснинг бунга иймон келтириши Аллоҳнинг бунга буюргани ва унга савоб беришини тасдиқлаши, демакдир.

«Савоб умидида бўлиш»нинг маъноси эса, нийят ва қалбнинг шак ва шубҳага ўрин қўймайдиган даражада самимийлигидир. Яъни, ўқиган намози ва тунларни ибодат билан ўтказиши орқасидан дунё матолари ёки мақтовни ёхуд одамлар кўриб, уни мақташларини умид қилмайди. Балки, савобни Аллоҳдан тилайди. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «иймон ва савоб умидида»– деб айтган ҳадисларининг маъносидир.

Қадр тунида гуноҳларнинг мағфират қилинишига келсак, у айрим ривоятларда катта гуноҳлар эмас, кичик гуноҳларнинг мағфират қилинишига чекланиб келган. Чунки, катта гуноҳлар мағфират қилиниши учун чин юракдан тавба қилиниши керак. Ҳа, катта гуноҳларнинг кечирилиши учун одам тавба қилиши, ундан воз кечиши ва қилган ишидан пушаймон бўлиши керак. Зеро Аллоҳ таоло кичик гуноҳларни рамазон рўзасини тутиш, тунларни ёки Қадр тунини ибодатлар билан ўтказиш каби ибодатлар ва уларни мудом қилиш билан кечираверади.

Муборак Қадр кечасида кўп дуо қилиш ҳам мустаҳабдир. Чунки, ўша қилинган дуоларнинг қабул бўлиш эҳтимоли кучлидир. У кечада мағфират ва хотиржамликни ҳам кўп сўралади. Бу, айрим ҳадисларда ривоят қилинган. Оиша разияллоҳу анҳо айтди: «Мен: «Ё Расулуллоҳ, Қадр туни қайси кеча эканини билсам ўша кеча нима десам бўлади?»– деб савол бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳим, Сен афв этишни суйган Афв этгувчи ва Саховатпешасан! Бас, мени афв эт!»– денг, дедилар» (Термизий 3435).

«Афв»нинг маъноси, хатоларни кечириш, гуноҳларни пардалашдир. «Гуноҳларни йўқ қилиш» эса, гуноҳларнинг асарини йўқ қилишдир. Бу шуни кўрсатмоқдаки, инсон нақадар кўп амал ва яхшиликлар қилмасин, албатта, унинг камчиликлари бўлади. Шунинг учун ҳам у, Аллоҳдан: «Роббим, мени афв эт! Роббим, мен Сендан кечиришингни сўрайман!»– дея мағфират тилайди.

Афв сўраш ҳақида жуда ҳам кўп дуолар ворид бўлган. Улардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Аллоҳим, мен Сендан афв ва хотиржамлик, дин, дунё ва охиратда осудалик сўрайман!»– деб қилган дуоларидир (Ибн Можа 2948).

Айрим салаф олимлари: «Аллоҳим, биздан рози бўл! Агар рози бўлмасанг бизларни афв эт!»– дер эдилар.

Айримлари эса қуйидаги шеърни айтар эди:

Остонангга келди мунгли,

банданг ортиб гуноҳларни!

Исрофи кўп, нобуди мўл,

хўп уюлган гуноҳларни!

Қилмишидан уялгани

эрур унга кифоят.

Роббим уни афв қил,

бериб катта офият!

Афв этишга лойиқсан,

Фақат Сендандир мадад!

Бу ва бунга ўхшаш гапларга инсон қанчалар амал қилмасин, унинг орзуси – гуноҳ ва хатоларини Аллоҳнинг кечириши, афв этиши, пардалаши ва изларини йўқ қилишидир.

Олтинчи фасл: рамазонда Қуръон ўқиш ва зикр қилиш

Маълумки, рамазон – Қуръон хусусияти бўлган ойдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

﴿شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ﴾

«(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган» (Бақара: 185). Аллоҳ таоло Қуръон Каримни шу ойда, шу ойнинг кечаларидан бири – Қадр кечасида нозил қилди. Шунинг учун ҳам, бу ойнинг Қуръонга тааллуқли имтиёзи бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазон ойида Қуръонни Жибрил лайҳиссаломга ўқиб берар ва ундан Қуръон дарси олар эди. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг саховатпешаси эдилар. Хусусан, рамазонда Унга Жибрил учрашиб, Қуръондарси бергач яна ҳам саховатли бўлар эдилар» (Имом Бухорий 5, 2981; Имом Аҳмад 2485, 2616). Жибрил алайҳиссаломнинг рамазон тунларини Қуръон ўрганиш учун тайинлаши, рамазон ойида Қуръон ўқишнинг аҳамиятли эканига очиқ далилдир. Маълумки, кўплаб ёки баъзи одамлар рамазон ойидан бошқа пайтларда Қуръон ўқишга эътибор бермайдилар. Шунинг учун улардан бири йил давомида Қуръонни бир ёки икки марта хатм қилади ёхуд ўн бир ойда ярмини хатм қилишади­да, рамазон ойи кириши билан уни тугаллашга шошилиб, хатмни тўкис қилишади.

Биз шундай деймиз: Бу одамга катта ажру савоб ва яхшилилар берилади. Бироқ, унинг Қуръондан узун замон ичида узоқ қолиши яхши эмас. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонни тарк этган одамларни қоралаб шундай деган:

﴿وَقَالَ الرَّسُولُ يَا رَبِّ إِنَّ قَوْمِي اتَّخَذُوا هَذَا الْقُرْآنَ مَهْجُورًا﴾

«Пайғамбар айтди: «Эй Парвардигорим, дарҳақиқат менинг қавмим (Қурайш қабиласи) ушбу Қуръонни тарк қилиб (ундан юз ўгирдилар)»» (Фурқон: 30).

Қуръонни тарк қилиш ёки Қуръондан воз кечишнинг маънолари:

–        одамнинг Қуръонни узоқ вақт ўқимаслиги ёки ўқиса ҳам оз ўқиши;

–        Қуръонни ўқиса ҳам оятлари ҳақида тафаккур қилмаслиги ва ўйлаб кўрмаслиги;

–        Қуръонни ўқиса ҳам унинг оятларини ҳаётига татбиқ қилмаслиги, таълимотларига амал қилмаслигидир.

Қуръонни йил давомида ўқиб юрган одамларгина Қуръон аҳли, Аллоҳ аҳли ва Аллоҳнинг хос бандаларидир.

Мусулмон Қуръон ўқишга катта эътибор бериши, уни лойиқ бўлганидек тиловат қилишга ҳаракат қилиши, ҳалолини ҳалол, ҳаромини ҳаром дейдиганлардан бўлиши, аниқ оятларига амал қилиб, муташобиҳ оятлрига иймон келтириш, Қуръоннинг ажойиботлари олдида тўхталиши, масаллари ва ҳикояларидан ибрат олиши ва таълимотларини ҳаётига татбиқ этиши керак. Чунки Қуръон, гарчи унинг тиловати ажру савоб билан тақдирлансада, унга амал қилиш ва уни ҳаётга татбиқ қилиш учун нозил қилинган.

Тиловатнинг фазилатлари ҳам кўп ва машҳурдир. Мисол ўлароқ ушуб ҳадисни келтирамиз: «Ким Қуръоннинг бир ҳарфини ўқиса унга битта яхшилик бордир. Битта яхшилик эса ўн баробари билан берилади. Мен «Алиф, лом, мим» битта ҳарфдир, демаяпман. «Алиф» – бир ҳарфдир, «лом»– бир ҳарфдир, «мим» – бир ҳарфдир» (Термизий 2835). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Алиф, лом, мим» жумласи учун ўттизта савоб белгилаб қўйдилар!

Ҳа, тиловатнинг фазилатлари кўп экани мусулмонларга маълумдир. Шунинг учун ҳам, рамазон наҳорлари ва кечаларида Қуръон ўқиш учун ҳимматлар кўпаяди. Биз баъзи қориларни кўрганмизки, улар ҳар кеча уч пора Қуръонни йиғилишларда ўқишар эди. Улар хонадонлар, масжидлар ёки бошқа бирон жойда тўпланишар ва ҳар ўн кунда бир марта хатм қилашр эди. Айримлари эса ўзи танҳо хатм қилар эди.

Мен, Қуръонни ҳар куни ёки икки кунда бир марта хатм қилган одамларни ўз кўзим билан кўрганман. Чунки Аллоҳ уларга Қуръон ўқишни енгил ва қулай қилиб қўйган, уларнинг қалблари Қуръон билан суғорилган эди. Ушбу оятларни нозил қилган Аллоҳ рост гапирган:

﴿وَلَقَدْ يَسَّرْنَا الْقُرْآنَ لِلذِّكْرِ فَهَلْ مِنْ مُدَّكِرٍ﴾

«Қасамки, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?» (Қамар: 17, 22, 32, 40);

﴿فَإِنَّمَا يَسَّرْنَاهُ بِلِسَانِكَ لَعَلَّهُمْ يَتَذَكَّرُونَ﴾

«Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат, шояд улар эслатма-ибрат олсалар, деб Биз (бу Қуръонни) сизнинг тилингиз билан осон-енгил қилиб бердик» (Духон: 58).

Шунинг учун ҳам, зикр аҳлидан бўлишни суйган одам Аллоҳнинг Китобини лойиқ бўлганидек ўқиши: уни масжидларда, уйида ва иш жойида ўқиши, ундан ғафлатда қолмаслиги, уни ўқиш учун рамазон ойинигина хослаб олмаслиги керак!!

Агар Қуръон ўқимоқчи бўлсангиз, уни жиддий ўқинг! Масалан уни ҳар беш кунда ёки уч кунда хатм қилинг! Яхшиси эса, одамнинг ҳуфтон ёки бамдод ёхуд аср намозларидан сўнгра кундалик бир ҳизб (туркум) ўқишидир. Шундай қилиб сизда йил давомида Қуръон таъсирлари қолади ва бундай тартиб сизга Қуръонни севимли қилиб кўрсатади: ундан завқ, ҳаловат ва нур оласиз. Ўшандагина Қуръон ўқишда малол олмаганингиздек, тинглашда ҳам малолланмайсиз. Булар Аллоҳнинг аҳли ва хос бандалари бўлган Қуръон аҳлидек бўлишни севган мўъминнинг аломатлари ва тавсифларидир.

Намозда Қуръонни қироат қилишга келсак, юқорида айтиб ўтдикки, салаф солиҳ кечалари танҳо ва жамланиб кўп ўқир эдилар. Айтишларича, имом Шофиий (раҳимаҳуллоҳ) бир кечада бир, бир кундузда намоздан айри бир хатм қилар экан. Чунки у намозда ҳам кўп қироат қилар экан. Баъзи одамлар буни кўп деб ҳисоблаб, ҳайратланишлари мумкин. Мен эса уларга шундай дейман: Бу маҳол иш эмас. Мен шундай одамларни кўрдимки, улар жума намозигача бир ўтиришда қирқ пора, яъни, бир хатм қилиб, яна ўн пора ўқир эдилар. Имом Шофиий (раҳимаҳуллоҳ)нинг Қуръонни кундуз куни бир, кечаси бир хатм қилиши ақлдан узоқ иш эмас. Шунингдек, Аллоҳ таоло Қуръон ўқишни тиллари ва дилларига осон қилган одамлар(нинг бир кеча ва кундузда икки марта хатм қилишлари)га Қуръонни қадрламаган ёки Қуръон завқини қалбида топа олмаган одамларгина ишонмасликлари мумкин!

Киши Қуръонни ўқир экан унинг оятлари ҳақида тафаккур қилиб, ўйланиб кўриши керак. Чунки Аллоҳ таоло талайгина оятларда шунга буюрган. Масалан ушуб оятда шундай деган:

﴿أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِنْدِ غَيْرِ اللَّهِ لَوَجَدُوا فِيهِ اخْتِلَافًا كَثِيرًا﴾

«Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқа биров томонидан бўлса эди, унда кўп қарама-қаршиликларни топган бўлар эдилар-ку?!» (Нисо: 82).

Биз Қуръонга боқиб, тафаккур юритишга буюрилганмиз. Кофирлар ҳам Қуръоннинг Аллоҳ даргоҳидан юборилган китоб эканига, агар Аллоҳдан бошқасининг ҳузуридан юборилганида эди унда кўплаб ихтилофлар пайдо бўлиши ва унинг буйруқ ва таъқиқлари субутсиз бўлишига эътироф этишга буюрилганлар. Қуръон мустаҳкам бўлгани учун унда биронта ихтилоф ёки биронта субутсизлик йўқдир. Шунинг учун ҳам, Қуръон буюк ва ҳайратомуз мўъжизадир. Юқоридаги оятдан бўлган мақсад шудир. Бу, бизнинг буюрилганимиздек, ҳар ўқиган оят ҳақида тафаккур қилишимизга зид эмасдир.

 

Рамазондаги зикр ва дуолар

Мусулмон банда кучи етганича зикр ва дуоларни ўрганиши ва уларни қилишни билиши керак. Зикрларнинг савоби бу муборакда ойда яна ҳам ортиб, уларнинг мустажоб бўлиши яна ҳам аниқроқ бўлади. Банда Аллоҳ даргоҳида Аллоҳни зикр қилганлар, Аллоҳга дуо қилиб, Унинг савоби, раҳмати ва ризосига эришганлар қаторида бўлиш учун, уларни йил давомида қилиши лозим.

Аллоҳ таолони намозлар ортидан, уйқудан олдин, тонгда ва кечқурун ва ҳар доим зикр қилиш машруъдир. Зикрларнинг энг афзаллар – таҳлил, тасбиҳ, ҳамд, истиғфор, ҳавқала («Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» дейиш) ва шуларга ўхшаш зикрлардир. Таъсири кучлироқ бўлиши учун буларнинг маъноларини тушуниб айтиш – мустаҳабдир. Шунинг учун ҳам, банда «мангу қолгувчи солиҳ амаллар»ни қилиши керак. Ҳадисда Аллоҳ таолонинг:

﴿وَالْبَاقِيَاتُ الصَّالِحَاتُ

«Мангу қолгувчи солиҳ амаллар» (Каҳф: 46, Марям: 76) оятининг тафсири ўлароқ: ««Субҳоналлоҳ» (Аллоҳни мушриклар сифатлаётган нолойиқ сифатлардан поклайман), «Алҳамдулиллаҳ» (Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!), «Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир ва Аллоҳ – Буюкдир! Куч ва қудрат Аллоҳ билангинадир)» жумлалари келган (Имом Аҳмад 17630, 18322, 18353).

Бошқа бир ҳадсда эса шундай дейилган: «Қуръондан кейин энг афзал калом тўрттадир ва улар Қуръондандир: «Субҳоналлоҳ», «Алҳамдулиллаҳ», «Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар!» (Имом Аҳмад 19357, 20223). Яъни, зикрда истеъмол қилинадиган жумлаларнинг энг афзалидир.

Мусулмон дўстим, таҳлил, истиғфор, ҳавқала, тасбиҳ, ҳамд, такбир ва шунга ўхшаш зикрларнинг маъноларини билиб олинг. Шундагина уларни зикрда истеъмол қилганингизда, уларнинг маъноларини билиб, онгли зикр қиласиз ва зикрингиздан фойдалар оласиз.

Рамазон ойи – амаллар мавсумидир. Бу ойда дуоларнинг мустажоб бўлишида шубҳа йўқдир. Агар Аллоҳга самимий мусулмон ҳамда гапи ва амалида холис ўлароқ мағфират, раҳмат, жаннатга кириш, жаҳаннамдан қутулиш, хатолардан маъсумлик, гуноҳларнинг каффороти, даражаларнинг кўтарилиши ва шунга ўхшаш шахсий, мусулмонларнинг зафари, Ер юзига ҳукмрон бўлишлари, ширк ва мушрикларнинг хор бўлишлари каби умумий дуоларни қилсангиз, бу дуоларнинг мақбул бўлишидан умид қилинса бўлади.

Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асосий мақсад – жаннатга кириш ва жаҳаннамдан қутулишни сўраб дуо қилишни буюрганлар.

 

Рамазонда истиғфор айтиш

Аллоҳ таоло:

﴿كَانُوا قَلِيلًا مِنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ﴾

«Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар. Ва саҳарларда улар (қилган саҳву-хатолари учун Парвардигордан) мағфират сўрар эдилар» (Зарият: 17, 18) деган. Гоҳида: «Улар нимадан мағфират сўрар эканлар? Тунларини ибодат билан бедор ўтказганлари учунми? Тунларни ибодат билан ўтказиш гуноҳми? Улар таҳажжуд намозини ўқиганлари учун мағфират сўраяптиларми? Таҳажжуд ўқиш маъсиятми?»– деб ҳайрон бўлишингиз мумкин. Биз бу ҳақда шундай деймиз: Дарҳақиқат, улар кечаларини намоз билан обод қилишар, камчиликларга йўл қўйганларини тушунишар ва намозларини гўё кечаларини бутунлай гуноҳлар билан ўтказгандек, истиғфор билан тугаллашар эди. Бу – Аллоҳдан қўрққанларнинг ҳолидир. Улар йўл қўйган камчиликлари учун истиғфор айтар эдилар!

Уларнинг айримлари шундай дейди:

Қийналиб тутган рўзам, ўқиган намозим чун,

Аллоҳдан сўрайман ёлбориб мағфиратни.

Рўзамни кўрсанг гуноҳлардан хўп ярадор,

Намозим­чи кўрсатмас, намоздек ҳақиқатни!

Улардан бири солиҳ амалларидан Аллоҳга истиғфор айтарди. Чунки, унинг камчиликлари бўлиши муқаррар эди. Шунинг учун ҳам, амалларнинг барчасини, хусусан шу кечалардаги амалларни истиғфор билан тугаллаш мустаҳабдир. Бу кечаларда Салмон разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда кўрсатиб ўтилганидек: «(Рамазонда) тўртта хислатни кўп қилинглар. Уларнинг иккитаси билан Роббингизни рози қиласизлар, иккитасига эса ўзларингиз ҳожатмандсизлар. Роббингизни рози қиладиганингиз икки хислат: «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ!) ва истиғфордир. Ўзингиз муҳтож бўлган икки хислат эса: Аллоҳдан жаннатни сўраб, жаҳаннамда паноҳ сўрашингиздир» (Ибн Хузайма «Саҳиҳ» 1887). Буни юқорида ҳам айтиб ўтган эдик.

Бу ва бунга ўхшаган ҳадислар мақсадингиз Аллоҳнинг афви бўлган ишларни истиғфор билан тугатишингизга ҳужжат бўлади. Демак, тунларни ибодат ибодат билан ўтказган бўлсангиз, Аллоҳ таоло мақтаганидек, саҳарлари истиғфор айтинг:

﴿وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ﴾

«Улар саҳарларда истиғфор айтадилар» (Зариёт: 18).

Агар кечаларни бутунлай ибодат билан ўтказишга муваффақ қилинган бўлсангиз, Роббингиздан йўл қўйган камчиликларингизни афв этиши учун мағфират сўранг! Чунки Аллоҳ таоло афв қилишни суйган Афв қилгувчидир. Афув – Аллоҳ таолонинг ҳам исми, ҳам сифати бўлиб, хато қилганларни афв қилади ва кечиради.

 

Рамазоннинг сўнггида

Биз тунлардаги таҳажжудларимиз ва бошқа барча ибодатларимиз, балки бутун амалларимизни Аллоҳнинг улуғлиги, зикри ва мақтовига лойиқ тарзда тавба ва истиғфорлар билан тугатишимиз керак. Чунки Аллоҳ таоло бандаларини бу муборак ойларинин такбирлар билан тугатишга қуйидаги оятида амр қилди:

﴿وَلِتُكْمِلُوا الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ﴾

«Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз» (Бақара: 185).

Хўш, рамазон тугаши айёмида саноқларни тугатилгач нега такбир айтиш – Аллоҳни улуғлаш лозим?! Мен бунга шундай дейман: Инсон Аллоҳга такбир айтса Аллоҳнинг буюклиги, олийлиги, мутакаббирлиги ва муқаддаслигини, ўзининг эса нақадар арзимас ҳақир, амалларни нақадар кўп қилмасин улар тилга олинмас ва фахрданишга лойиқ бўлмаган даражада оз эканини ҳис қилади. Шу билангина у тавба ва истиғфор қилинган он банданинг афв бўлиши ва амалларининг қабул бўлиш замони бўла олади. Агар сиз Роббингизнинг сиғинилишга ва ҳамду мақтовларга лойиқ зот эканини билган бўлсангиз ва бор кучингизни сарф этиб Унга ибодат қилган бўлсангиз ҳам, Унинг зиммангиздаги ҳақларидан қилчасини ҳам адо эта олмаган бўласиз. Бу ҳақда айримлар шундай деганлар:

Поклайман Роббимники, сиғинсак Унга бизлар

Оташ мисол нинаю, тиконга сажда қилиб.

Берган лутфин ўндан бир ҳаққини беролмаймиз!

Йўқ, йўқ! Мингдан бир ҳаққини беролмаймиз!

Биз рўзамиз ва таҳажжудларимизни тугатгач Роббимизнинг нақадар буюк ва қудратли эканини, улуғланиш, эъзозланиш ва сиғинилишга лойиқ эканини биламиз. Шу боис бўлса керак, жаннат аҳли жаннатга кириб, Аллоҳ таоло билан учрашганларида ўз камчиликларига иқрор бўладилар ва: (Роббимиз), Сени (мушриклар сифатлаган нолойиқ сифатлардан) поклаймиз! Сенга лойиқ бўлганидек сиғина олмадик!,– дейдилар.

Яъни, ибодатларингиз нақадар тўкис бўлмасин, сиз уни оз деб биласиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бировингиз: Мен бутун рамазон рўза тутдим ёки (тунларини ибодат билан) ўтказдим!,– демасин»– дедилар (Абу Довуд 2062). Бу ҳадиснинг ровийси (Абу Бакра разияллоҳу анҳу): Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам банданинг ўзига мақтов беришини ёқтирмадиларми ёки ҳам ухлаш, ҳам бедорлик зарурми ёхуд камчиликка йўл қўйишни назарда тутдиларми,– била олмай қолдим,– деди. Бу икки фикр ҳам тўғридир. Чунки инсоннинг ўзини мақташи таъқиқланган. Аллоҳ таоло айтган:

﴿فَلَا تُزَكُّوا أَنْفُسَكُمْ هُوَ أَعْلَمُ بِمَنِ اتَّقَى﴾

«Бас, сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар! У тақводор бўлган кишиларни ҳам жуда яхши билгувчидир» (Нажм: 32).   

(أَلَمْ تَرَ إِلَى الَّذِينَ يُزَكُّونَ أَنْفُسَهُمْ بَلِ اللَّهُ يُزَكِّي مَنْ يَشَاءُ)

«(Эй Мҳаммад), ўзларини пок қилиб кўрсатаётганларни кўрмадингизми? Йўқ! Фақат Аллоҳ Ўзи хоҳлаган зотларни поклагувсидир» (Нисо: 49).

Нафсни поклаш – инсоннинг ўзини ўзи мақташи, ўз мақомини ўзи кўтариши ва ўзи билан ғурурланишидир. Ғурурланиш эса, амалларнинг бекор бўлиш омилидир. Сиз ўзингизни ҳақир деб ҳисоблашингиз керак. Одамларга назар ташлаб, уларнинг амалларини арзимас деб ҳисоблаганингизда ўзингизга келишингиз, ўзингизни таҳқирлаб, нафсингизни маломат қилишингиз, амалларингизни оз деб ҳисоблашингиз керакки, бу туйғулар сизни кўплаб амаллар қилишга ундасин. Қилган биронта амалингиз билан ғурурланманг! «Намоз ўқиган – менман! Таҳҳажжудга турган – менман! Қуръонни ўқиган – менман! …»– деманг. Чунки ундай дейишингиз амалларингизнинг бекор бўлишига сабабчидир. Ушбу муборак кечаларда мусулмонлар билиши, амал қилиши ва вақтлардан унумли фойдаланиб қолиши керак бўлган тавсиялар бор.

 

Еттинчи фасл: фитр садақаси

Фитр садақасига оид ҳукмлардан бири, унинг рамазоннинг охирида, Рамазон Ҳайитига ўтар кечаси ёки Ҳайит кунининг тонггида (намоздан илгари) бериладиган садақа эканидир. «Фитр садақаси» деб аталишининг сабаби, унинг рамазон ойининг охирида ва рўзадорлар рамазон рўзасини очган пайтларида чиқарилиши машруълаштирилган. У, рамазон ойи тўкис бўлганидан кейингина бериладиган ифтор закоти ёки Рамазон ҳайити садақасидир.

 

Фитр закоти (садақаси) машруълаштирилган тарих

Фитр садақасини бериш рамазон рўзаси машруълаштирилган йилда, яъни, ҳижрий иккинчи йилда, машруълашган. Чунки, бу садақа рамазон ойига, рамазон ойидан ифтор билан чиқишга изофа қилинади. У – рамазон ойига тобеъдир. Саҳобаларнинг рамазон рўзасини тутиб, фитр закоти бермаганлари ривоят қилинмаган.

 

Фитр закотининг ҳукми

Фитр закотининг вожиб эканида ҳеч шубҳа йўқдир. Икки «Саҳиҳ» ҳадислар тўпламида Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳунинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазоннинг фитр закоти учун бир соъ хурмо ёки бир соъ арпа беришни фарз қилдилар»– дегани нақл қилинган (Имом Бухорий 1407, 1408, 1411, 1412, 1415; Имом Муслим 1635, 1636, 1637, 1639) (1 соъ тақрибан 3 кг га тенгдир. Мутаржим изоҳи).

Фарзнинг зоҳирий маъноси зарурат ва мажбурийликни ифодалайди. Бу – фитр закотининг фарз эканини англатади.

Ибн Мунзир ва бошқалар шунга ижмоъ қилганлар. Бироқ Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) мазҳабига мансуб уламолар фитр закотининг фарздан бир оз паст мартабадаги вожиб эканини айтганлар. Чунки уларнинг мазҳабига кўра фарз билан вожиб ўртасини ажратадиган қоида бордир. Ибн Хузайма ривоятига кўра, Аллоҳ таолонинг:

﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ تَزَكَّى﴾

«Закот берган нажот топибди» (Аъло: 14) ояти, фитр садақаси ҳақида нозил бўлгандир.

 

Фитр закотини жорий қилишнинг ҳикмати

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр закотини рўзадорнинг қилган беҳуда ишлари, гапирган ҳаёсиз сўзларидан поклаш ва бечоралар учун эса озиқ бўлиши учун фарз қилдилар»– деди (Абу Довуд 1371, Ибн Можа 1817, Доримий 2/138). Бу ҳадисни Ҳоким саҳиҳ деган. Чунки, рўзадор кўп ҳолларда фойдасиз бўлган беҳуда ва ҳаёсиз – авратлар ҳақидаги гаплар ҳамда беҳуда ишлар билан машғул бўлади. Ушбу садақа эса рўзадорнинг рўзасини задалаган ёки савобларини камайтирган ҳаром ёки макруҳ лафзлардан тозалайди.

Бундан ташқари фитр закоти Ҳайит куни, бошқа мусулмонларнинг қувончларига ўртоқ бўлишлари учун, узрли бечоралар учун озиқ бўлади. Шунинг учун ҳам айрим ҳадисларда: «Уларни (гадойлик қилиб) айланиб юришдан беҳожат қилинглар!» (Имом Молик «Муваттоъ» 343, Ибн Ҳажар Асқалоний «Булуғул Маром» 628), яъни, уларни тўйдириб, эҳтиёжларини қондиринглар, токи қувонч ва сурур куни бўлмиш Ҳайитда кундалик нарсалари ва озиқларидан беҳожат этинглар, демакдир.

Шунингдек, беморлиги ёки сафар сабабли рўза тута олмаган фарзандлар ёки мукаллаф бўлмаган одамлар номидан фитр закотини чиқариш ҳам ҳадис маънолари ичига киради. Уни бериш мукаллаф бўлмаганларнинг валийлари учун ҳам, узр сабабли рўза тутмаган ва узри кетган рўза тутадиганлар учун ҳам, покланиш бўлади. Шундай қилиб, рўза тутишидан илгари ёки рўзасини тугаллашидан аввал поклик вужудга келади.

 

Фитр закотининг турлари

Абу Саид разияллоҳу анҳунинг саҳиҳлиги муттафақун алайҳ даражасидаги ҳадисида шундай дейилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам орамизда бўлганлари замон фитр закотини бир соъ таом ёки бир соъ хурмо ёхуд бир соъ арпа ё бир соъ майиз ёки пишлоқ чиқарар эдик. Мадинага Муовия келгунича шундай қилиб юрдик. У келгач: Мен икки муд Шом буғдойининг бир соъ хурмога тенг эканини кўрдим,– деди. Шунинг учун ҳам, одамлар буни (ўлчов) қилиб олдилар. Аммо мен фитр закотини аввалги (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонидаги)дек чиқармоқдаман» (Имом Муслим 1641, Термизий 609, Доримий 1663).

Насоий (раҳимаҳуллоҳ) Абу Саид разияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадисини ривоят қилди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр садақаси ўлароқ бир соъ буғдой ёки бир соъ арпа ёхуд бир соъ хурмо ё бир соъ пишлоқ беришни фарз қилдилар» (Насоий 2464). Дору Қутний эса яна Абу Саид разияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилган: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонида бир соъ ун ёки бир соъ хурмо ёхуд султ (арпага ўхшаш дон) ё бир соъ майиз ё бир соъ арпа ёки бир соъ пишлоқ берар эдик» (Дору Қутний 2/146). Бундан бошқа ривоятлар ҳам бор.

Кўплаб уламолар фитр закоти беш нарса: таом (айрим тафсирларда унинг буғдой экани айтилган), арпа, хурмо, майиз ва пишлоқ бериш билан амалга ошади. Чунки санаб ўтилган бу нарсалар кўплаб халқларннг кундалик озиғи ҳисобланади, деганлар. Шайхулислом Ибн Таймийя (раҳимаҳуллоҳ) эса минтақа аҳолисининг кўпроқ истеъмол қилган жўхори, гурунч ва жўхори каби озиқларидан фитр закоти ўлароқ бериш жоизлигини қувватлаган. Иншааллоҳ, бу, мақсадга анчагина яқинроқдир.

 

Фитр закотининг миқдори

Абу Саид разияллоҳу анҳунинг ҳадисида фитр закоти мазкур озиқларнинг бир соъси экани айтиб ўтилди. Буғдойнинг миқдори ҳақида фарқли кўришлар бўлиб, Муовия разияллоҳу анҳу унинг арпадан яхшироқ эканини назарда тутиб, ярим соъ билан кифояланди. Чунки (у замонларда) ярим соъ буғдойнинг нархи бир соъ арпанинг нархига тенг ва арпадан кўра мусулмонлар учун фойдалироқ эди. Чунки гоҳида фуқаролар арпани, хусусан, ёмон навдагиси бўлса, истеъмол қилмай, ҳайвонларига ем ўлароқ берар эдилар. Кўплаб саҳобалар шунга амал қилдилар. Буни Ҳофиз Асқадоний «Фатҳул Борий» ва бошқа китобларда қаламга олган.

Термизий ҳасан деб ҳисоблаган ва Амр ибн Шуъайб (раҳимаҳуллоҳ)нинг отасидан, у эса бобосидан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир жарчини Макка даралари ичида: «Огоҳ бўлингларки, фитр садақаси эркак ёки хотин, ҳур ва қул, катта ёки кичик барча мусулмонга икки мудд (ҳовуч) буғдой ёки ундан бошқа бир соъ таом ўлароқ вожиб бўлди» деб эълон қилиш учун юборганлари баён қилинган (Термизий 610).

Бу ҳадисдан кўра Абу Саид разияллоҳу анҳунинг (юқоридаги) ҳадиси саҳиҳроқдир. Унда бир соъ таом тилга олинган ва уни Хитобий «буғдой» дея изоҳлаган. У, фитр садақаси бўлишга лойиқроқдир. Зеро Абу Саид разияллоҳу анҳу (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонида фитр садақаси қилиб чиқарилган нарсалар) қолишини таъкидлади. Яъни, Муовия разияллоҳу анҳунинг фикрига қўшилмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонидаги усулларга суяниб қолишини айтди.

1 соъ ироқий ўлчовларга кўра беш бутуну учдан бир ратлдир. У ўша давлатларда ёйилгандир. У, тақрибан, 3 килога яқиндир. Соф ҳолати эса 2 ярим килодир. Шунинг учун, эҳтиёт нуқтаи назаридан 3 кило бериш афзалдир.

 

Фитр закоти ўрнига пул бериш

Суннатда фитр закотини юқорида санаб ўтилган озиқлардан ёки халқ кўплаб истеъмол қилган нарсалардан бериш кўрсатилган. Токи ҳайит кунида гадойлик қилинмасин ва қоринлар тўқ бўлсин, камбағаллар кўпинча сотиб олишган ва уйларига кўтариб кетишган нарсалардан беҳожат бўлсинлар.

Фақатгина Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) мазҳабига мансуб кишилар фитр садақасининг қийматини чиқаришни айтдилар. Яъни унинг нархини динор ёки дирҳам билан бериш жоизлигини айтиб ўтдилар ва бунинг камбағалларга шафқат эканини, улар ҳам хоҳлашган озиқ-овқат ва эҳтиёжларини сотиб олишини гумон қилдилар. Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадис ва нассларга зиддир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз замонларида бўлишига қарамай, мазкур нарсаларнинг нархини беришни айтмадилар. Чунки уларни озиқ ҳолида бериш фитр закотини ошкора қилиш ва атрофларга билдириш учундир. Агар уни пул шаклида берилса закот берган одам хуфёна беради ва гоҳида уни лойиқ бўлмаган одам ҳам олиб қўйиши мумкин.

 

Фитр закотини бериш кимларга вожиб бўлади?

Ҳайитга ўтар кечаси ва ҳайит куни, ўзининг ёки оиласининг озиқ-овқатларидан ортиб қоладиган ҳур ва оқил бўлган мусулмоннинг фитр закотини бериши вожиб бўлади. У ўзи ва зиммасида нафақаси бўлган барча кимсалар номидан фитр садақасини чиқаради. Агар барчасининг номидан беришга кучи етмаса аввало ўзи, кейин рафиқаси, қуллари, фарзанди, онаси, отаси сўнгра ўзига қариндошликда яқин бўлганларга тартиб билан беради. Икки «Саҳиҳ» ҳадислар тўпламида Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазондан фитр закотини … қул ва ҳур, эркак ва аёл, катта ва кичик мусулмонларга фарз қилдилар» (Имом Муслим 1639).

Саълаба ибн Абу Суъайрдан марфуъан ривоят қилинади: «Бир соъ таом ёки буғдой ҳар бир жуфтга: ҳур ёки қул, эркак ёки хотин, боён ёки камбағалга (фитр закотидир). Боёнларингизни Аллоҳ поклайди, камбағалларингизга эса берганларидан кўра кўпроқ нарсани ато этади» (Абу Довуд 1379).

Булардан бошқа ҳадислар ҳам бор. Бошқа йўллар билан ривоят қилинган Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳунинг ҳадисида: «… Сизлар таъминлаётган барча катта ва кичик, ҳур ва қулларга …»– дейилган (Дору Қутний, «Китабу закаатил фитри» 11, 12).

Агар итоатсиз рафиқанинг фитрини эри, мукотаб (хўжайини қўлида озод бўлиш пули эвазига ишлай бошлаган) қулнинг фитрини хожаси бериши шарт эмас. Бундан ташқари, бировнинг рамазон ойидаги нафақасини кўнгилли ўлароқ тўкис берган одамнинг ҳам нафақа фарзлигига тобеъ бўлгани учун фитр закотини бериши вожиб эмас.

Айрим саҳобалар она қорнидаги ҳомила номидан фитр закоти беришни фарз эмас, мустаҳаб деб ҳисобладилар. Нафақаси бошқалар зиммасида фарз бўлган рафиқа, она ва ўғилларнинг ўз номларидан фитр закотини чиқаришлари жоиздир. Бундаги мажбурият, аслида, валийгадир ва бу амр билан нафақа ва эҳтиёжлар сингари унга хитоб қилингандир.

 

Фитр закоти бериладиган тарафлар

Фитр закотини закот сарф этиладиган тарафларга берилади. Улар қуйидаги оятда зикр қилинган тарафлардир:

﴿إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ وَاِبْنِ السَّبِيلِ﴾

«Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (исломга) ошна қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур» (Тавба: 60).

Оятда қашшоқлик ва камбағаллик муқаддам зикр қилингани сабабли эҳтиёжлари катта бўлган, ўзлари ва оилалари учун зарурий озиқ-овқатга муҳтож бўлганлари учун қашшоқ ва камбағалларга биринчи бўлиб берилади. Шунинг учун ҳам ҳадис шарифда: «Уларни бу кунда гадойликдан беҳожат қилинглар!»– деб бежиз айтилмаган (Имом Молик «Муваттоъ» 343, Ибн Ҳажар Асқалоний «Булуғул Маром» 628).

Фитр закотини бераётган одам оят(даги тартиб)га эътибор бермай, саналган тарафларнинг қайси бири ўта қаттиқ эҳтиёж эгаси бўлса, уни муқаддам тутиши мумкин. Масалан, узоқ қариндошлари билан яқин қариндошларининг эҳтиёжлари бир хил бўлса, яқин қариндошларига бериши авлодир. Чунки, ҳадисда: «Камбағалга берган садақангиз – (фақатгина) садақадир. Қариндошга берган садақангиз эса икки нарса: садақа ва алоқадир»– дейилган (Термизий 594; Насоий 2535; Имом Аҳмад 15644, 15646, 15647).

Мол закоти каби, ўз қарамоғида бўлган одамларга фитр закотини бериш жоиз эмасдир.

 

Фитр закотини бир шаҳардан иккинчи шаҳарга бериш

Фитр закоти чиқарилган шаҳарда камбағаллар бўлмасагина, уни бошқа шаҳарларга юбориш мумкин. Уламолар: «Фитр закоти одамнинг ўзи қаерда бўлса, ўша ерга тобеъ бўлишини» айтиб ўтганлар. Яъни, мусулмон Ҳайит кечаси қайси шаҳарда бўлса, гарчи унинг турар-жойлари ва оиласи бошқа шаҳарда бўлса ҳам, ўша турган шаҳрида фитр закотини беради. Масалан, биров рамазон ойининг охирида Макка шаҳрида бўлса, фитр закотини ўша ерда беради. Оиласи эса Ҳайит кунига ўтар кечаси қаерда бўлсалар, ўша ерда фитр закотини берадилар.

Агар ўз шаҳрида қариндошлари ичида камбағаллар йўқлигини билса, фитр закотини олишга лойиқ бўлган одамлар учун бошқа шаҳарларга олиб бориб бериш жоиздир. Айрим уламолар тарафидан фитр закотини қариндошлари ёки ўта қаттиқ муҳтож одамлар борлиги учун олисларга олиб бериш ҳам жоиз экани қайд этилган.

 

Фитр закотини қачон берилади?

Фитр закотини Ҳайит кунига ўтар кечаси, қуёш ботганидан кейин беришнинг фарзлигида ҳеч шубҳа йўқдир. (Рамазоннинг охирги куни) қуёш ботганидан кейин туғилган чақалоқ номидан отанинг фитр закотини бериши, қуёш ботганидан сўнгра уйланган ва қайлиғини уйига олиб келган куёвнинг қайлиғи учун фитр закотини бериши, рамазон ойи чиққач қул сотиб олган хожанинг шу қулнинг фитр закотини бериши фарз эмасдир. Бундай қул номидан фитр закотини шу қулни сотган одам беради.

Аслида, фитр закотини ҳайитга ўтар кечаси берилади. Ҳайит куни намоздан илгари бериш эса афзалдир. Шунинг учун ҳам, фитр закоти чиқарган одам бу закотни ўзи таниган камбағалнинг уйига олиб бориб бериш яна ҳам афзалдир. Йўқса, ҳайит намозидан сўнгра, Ҳайит куни фақирларни беҳожат қилиш рўёбга чиқиши учун, зудлик билан олиши нийятида ўзида омонат ушлаб турса ҳам бўлади. Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисида фитр закотининг одамлар намозга чиқишларидан илгари берилишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарз қилганлари (Имом Муслим 1645) нақл қилинган. Ибн Абу Шайба (раҳимаҳуллоҳ) эса Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумонинг: «Намоздан илгари фитр закотини чиқариш (бериш) – суннатдир»– деганини ривоят қилган (Ибн Абу шайба «Мусаннаф», 2/160).

Хирақий (раҳимаҳуллоҳ): «Фитр закотини ҳайитдан бир ёки икки кун илгари берилса ҳам бўлаверади»– деди. Чунки Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо «Саҳиҳ»да саҳобаларнинг ҳайитдан бир ёки икки кун илгари фитр закотини берганларини айтган («Муғний», масъала № 1969).

Шунга кўра Ҳайит кундан уч ёки ундан кўра кўпроқ кеча илгари фитр закотини бериш жоиз эмасдир. Чунки, бу закотни фитр – оғиз очишга изофа қилинган. Агар уни ҳайитдан бир ёки икки кун илгари берилса, уни ҳайитга нисбатланса бўлади. Ундан кўра олдинроқ бериш камбағалга Ҳайит куни мўлчилик бермайди. Ҳайитдан бир ёки икки кун илгари бериш эса жоиздир. Чунки бирон нарсага яқин бўлган нарсага унинг ҳукми берилади. «Агар камбағаллар сони боёнлар сонидан кўра кўпроқ бўлиб, унинг олган фитр закоти билан ярим йиллик озиғини қўлга киритиши мумкин бўлгани учун ундан кўра олдинроқ берилса бўлаверади»– дейилса (ҳозир кўплаб давлатларда шундай бўлмоқда ҳам), Ҳайит куни камбағалларнинг қўллари зоҳирда ортиғи билан мўллик кўриши амалга ошгани учун ҳам, бу – жоиздир.

Валлоҳу аълам.

 

Сакказинчи фасл: Рўза ва Қурбон ҳайити  аҳкомлари

(Араб тилида ҳайит маъносидаги) «الْعِيدُ» (ъийд) сўзи «такрорланиш» ва «қайта келиш»ни, яъни, бир жойда бир ҳафтада ёки бир ойда ёки бир йилда тўпланишни ифодалайди. Бу сўз, кўпинча, мўлч-кўлчилик, қувонч ва сурур кунлари учун истеъмол қилинади. Шунинг учун айрим салаф уламолари: «Аллоҳга бўлган тоат-ибодат билан ўтказилган ҳар бир кун сиз учун ийд – байрамдир»– деганлар. Бу ҳақда айримлар шундай байтларни ёзган:

Менинг ҳайитим мудомдир, бошқаларники кетади,

Менинг қалбим лаззатлардан воз кечган.

Менинг икки ажралмас қайтмас дўстим бор,

Бири туганмас шафқат, бири туганмас кўз ёш.

Мусулмонларнинг байрами учтадир:

–        ҳар ҳафтада такрорланадиган байрам – жума куни;

–        рамазон рўзаларини тутиб бўлгач тўпланишадиган ҳайит;

–        ҳаж ва қурбонликларидан кейинги ҳайит.

Аллоҳ таоло мусулмонларга етти кунлик фарз намозларидан сўнгра еттинчи куннинг ҳайит – байрам бўлишини машруълаштирди. Бу кунда ибодат учун тўпланадилар: у кунда шаҳар аҳли иштирокида ўзига хос намозни ўқийдилар, хутба, мавъиза ва насиҳатларни тинглайдилар, бир-бирларига салом бериб, алик оладилар, дўстларнинг ҳолини сўроқлайдилар, бир-бирларининг соғ эканидан хурсанд бўлиб, касаллар ҳолидан хабар оладилар, хуллас, бир-бирларининг оғирларини енгиллатадилар ва бундан бошқа тўпланиш ва учрашиш ортидан келадиган кўплаб манфаатлардан фойдаланадилар.

Шунингдек, Аллоҳ таоло рамазон ойида рўзаларини тўкис тутиб, Роббиларига турфа ибодатлар билан яқин бўлишга интилган мусулмонлар учун рамазон ойидан кейинги кунни қувонч ва сурурларини изҳор қилишадиган, рўзаларини тугатиш ҳамда мукофотлар – мағфиратлар, раҳматлар ва жаҳаннамдан қутилиш куни деб аталадиган Рамазон ҳайитига етиб келиш билан бир-бирин муборакбод этишадиган ҳайит – байрам қилиб машруълаштирди. У кун – кибр, манмансираш, куй, қўшиқ ёки ботил нарсалар куни эмас. Шунинг учун ҳам, у кун ваъзу насиҳатларни ўз ичига олган намозни ўқиш билан бошланади. У кунда, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига биноан, такбир, тасбиҳлар айтилади:

﴿وَلِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ

«ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир» (Бақара: 185).

Аллоҳ таоло иккинчи йиллик байрам – ҳайитни Макка Ҳарамидаги махсус ибодатларни адо этиб бўлингач ва ибодат, зикр, дуо ва солиҳ амаллар жорий қилинган зулҳижжа ойининг (биринчи) ўн куни тўлгач машруълаштирди. Ўнинчи куни қурбонликлар сўйилади ва бу кун бутун мамлакатдаги мумсулмонлар учун байрам бўлади. Мусулмонлар у куни қурбонликларини бўғизлайдилар, ҳайит намозини ўқиб, хутбаларни тинглайдилар. Хутбалардаги ваъзу таълимотларга диққат билан қулоқ соладилар. Мана шулар мусулмонларнинг ҳайитлари – шодиёналаридир. 

Наврўз, Фестиваллар, Туғилган кун, Янги йил каби байрамлар борки, булар кофирларга хос бўлган байрамлардир. Уларга тақлид ўлароқ «мусулмонлар» ўйлаб топган Мавлудхонлик каби йиғинлар, ўша «мусулмонлар»га хос йиғинлардир. Ислом дини у «байрамлар»дан ва уларда иштирок этаётган кимсалардан безордир! Шунинг учун ҳам, ҳафталик: яҳудийларнинг шанба, христианларнинг якшанба ва йил давомида бўладиган байрамларида иштирок этиш жоиз эмасдир. У байрамлар бидъат ва мансух бўлгани учун, мусулмонларнинг уларда иштирок этишлари ҳаромдир. У кунлар билан табриклаш, муборакбод этиш ҳамда қувонч ва шодиёналарни изҳор этиш, у байрамлар учун тайёрланган таом, мева, ширинлик ва бошқа тортиқлардан истеъмол қилиш ҳам жоиз эмасдир. Чунки истеъмол қилиш, ўша бидъат байрамларни тан олиш ва уларга рози бўлиш, демакдир.

 

Ҳайит аҳкомлари

Ҳайит намозининг аҳкомлари ҳақида уламолар фарқли қавлларни айтганлар.

Айрим уламолар: Ҳайит намози Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мудом қилганлари ва таъкидлаганлари, саҳобаларини намозга чиқишга буюрганлари, жума ва ҳайит намозини ўқиган одамдан жуманинг фарзлиги соқит бўлиши сабабли, фарз айндир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳатто хотинларни, балоғат ёшига етган ва унаштирилган қизларни, ҳоизаларни ҳам намоз ўқилган жой – мусаллоҳга чиқишга буюрганлар. Бу – мукаллаф шахсларнинг Ҳайит намозини ўқишлари фарз эканини кўрсатмоқда, деганлар.

Бошқа уламолар эса, Ҳайит намозинин суннат муаккада, деб айтганлар. Улар фарз беш маҳал намозгагина хос эканини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Менга бошқа (фарз) намоз борми?»– деб берилган саволга: «Йўқ, фақат, кўнгилли намоз ўқисанг майли»– деб жавоб берганларини ҳужжат қилганлар (Имом Бухорий 44, 1758, 2481, 6442; Имом Муслим 12). Зеро, Ҳайит намози беш маҳал намоздан ортиқчадир.

Айрим уламолар эса, ҳайит намозини ўқишни фарз кифоя, дедилар. Шояд, қавлларнинг қувватлироғи шу бўлса ажаб эмас. Чунки, бу намозни ўқиш мамлакат аҳолисига вожиб бўлиб, у ерда яшаган ҳар бир шахс учун фарз эмасдир. У намоз, фақатгина, Ислом шиори бўлиб, ошкор ўқилади. Унинг ортидан хутба, таълим ва аҳкомлар келади. Бу намозни ўқишга етарли одам бўлса, мурод ҳосил бўлади.

 

Ҳайит намозининг суннат ва мустаҳаблари

Ҳайит намозининг суннат ва мустаҳаблари бор. Шулардан:

–        Ҳайит намозига чиқишдан аввал ғусл қилиш, ўзидаги бадбўй ҳидлардан қутилиш учун хушбўйланиш ва покланиш худди жума намози учун машруълаштирилганидек машруъдир.

–        Ҳайит намози учун ораста бўлиш, чиройли кийиниш.

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳайит куни ва элчилар ҳузурига кийиб чиқишлари учун Аторид кўйлагини тортиқ қилди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қабул қилмадилар. Чунки у ипак газламадан тикилган эди. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳайит ва жума кунлари киядиган авра тўнлари бор эди.

–        оғиз очиқ бўлиши учун Рамазон ҳайити намозини ўқишдан илгари тоқ сонли хурмо тановул қилиш. Қурбон ҳайитида эса, ўзи сўйган қурбонлик гўштидан емагунича бирон нарсани тановул қилмаслик.

–        Ҳайит намозига бориб-келиш савоби кўпроқ ёзилиши илинжида пиёда чиқиш.

–        Ҳайит намозига кетилган йўлдан эмас, бошқа йўлдан уйга қайтиш. Бунинг сабаби, ибодат ўринларини кўпайтириш ёки бошқа бирон нарса сабабли бўлса ажаб эмас.

–        Ҳайит намозини шаҳар четидаги кенг ялангликда ўқиш. Уни зарурат ёки ёмғир, ногиронлар ва ожиз инсонлар каби узрлар бўлсагина катта жомеъ масжидларда ўқиш.

–        Намоз ўқилган жой – мусаллоҳда ва намозга кетар экан йўлда, Аллоҳнинг амрига итоат этиб, такбирни товуш чиқариб айтиш:

﴿وَلِتُكْمِلُوا الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ

«Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир» (Бақара: 185).

Мусулмонларнинг такбирни баланд товушда айтишлари – суннатдир. Чунки такбир у куннинг шиорларидан биридир. Такбирни айтиш шакли қуйидагичадир:

«اللَّهُ أَكْبَرُ، اللَّهُ أَكْبَرُ، اللَّهُ أَكْبَرُ، لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ ، وَاللَّهُ أَكْبَرُ، اللَّهُ أَكْبَرُ، وَلِلَّهِ الْحَمْدُ»

«Аллоҳ буюкдир! Аллоҳ буюкдир! Аллоҳ буюкдир! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир! Аллоҳ буюкдир! Аллоҳ буюкдир ва Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!» (Дору Қутний «Сунан: Китаабул ийдайн», 29).

Агар хоҳласа шундай дейиши ҳам мумкин:

«اللَّهُ أَكْبَرُ كَبِيرًا ، وَالْحَمْدُ للهِ كَثِيرًا ، وَسُبْحَانَ اللهِ بُكْرَةً وَأَصِيلاً، وَتَعَالَى اللهُ جَبَّارًا قَدِيرًا»

«Аллоҳ ҳақиқатан жуда буюкдир! Аллоҳга жуда ҳам кўп ҳамдлар бўлсин! (Мен) Аллоҳни (мушриклар сифатлаётган нолойиқ сифатлардан) эртаю кеч поклайман! Аллоҳ Кучли ва Қудратли ўлароқ буюк бўлди!» («Аллоҳ Кучли ва Қудратли ўлароқ буюк бўлди!» жумласидан бошқалари қуйидаги манбаъларда кўрсатилган: Имом Муслим 943; Термизий 3516). Ёки шуларга ўхшаш такбирлар айтиши мумкин.

Ҳар бир одам ўзи такбир айтади. Битта такбирни жўр бўлиб, бир вақтнинг ўзида айтилмайди. Бироқ, саводсизлиги ёки ажнабийлиги боис такбирни тўғри талаффуз қила олмаса, ўргангунича бошқаларга эргашиб такбир айтса бўлаверади.

–        Хутбадан илгари намозни ўқиш машруъдир (гарчи баъзи одамлар намоздан сўнгра чиқиб кетсалар ҳам).

Чунки суннатга риоя қилиш, одамларни хутбани эшитсин дея Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва хулофои рошидийнлардан нақл қилинган осорларга зид ўлароқ намоздан илгари қилишдан кўра авлодир.Чунки, суннатга риоя қилишнинг жуда кўп яхши жиҳатлари бор. Муваффақиятга етказгувчи зот Аллоҳдир.

 

Ҳайит одоблари

Ҳайит – мусулмонларнинг сурури ва шодиёнасидир. Улар ҳайитда башанг кийиниб, ораста бўладилар. Бир-бирларини зиёрат қиладилар, совғалар алмашадилар, ушбу муборак кун билан муборакбод этадилар. Роббиларига баракаларини такрор ва такрор қайталашини, ҳайит такрор ва такрор келишини сўраб қўлларини очадилар. Улар нусрат, қувонч, фаровонлик ва бахтиёр ҳайитни яшайдилар у куни. Беморларни бориб кўрадилар, қариндошларни зиёрат этадилар, узоқ айрилиқдан сўнгра барча ёру биродар ва қариндошлар бир жойда йиғиладилар.

Уларнинг қувонч ва сурурларини изҳор қилишлари жоиздир. Оиша разияллоҳу анҳодан «Саҳиҳ»да ушбу ривоят бор: «Ҳузуримга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб келганларида олдимда ансор қўшниларимдан икки қиз Буос куни ҳақидаги қўшиқлардан бирини хиргойи қилар эдилар. Улар хонанда эмас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб тўшакка ёнбошлаб, юзларини ўгириб олдилар. Абу Бакр (разияллоҳу анҳу) кириб мени тортиб: Шайтон куйлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйида нима қилаяпти?,– деди. У кун ҳайит куни эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ўгирилиб қарадилар ва: «Ҳой Абу Бакр, уларни қўйинг! Ҳар бир халқнинг ўз байрами бор, бу – бизнинг байрамимиздир!»– дедилар» (Имом Бухорий 899; Имом Муслим 1479; Ибн Можа 1888).

Бу ҳадис Оиша разияллоҳу анҳодек саҳобияга жонни яйратадиган, фараҳлик келтирадиган ва сиқилишни кетказадиган ва ичида ҳиссиётларни қўзғамайдиган ҳамда фаҳш ишларга ундамайдиган шеърни эшитишга рухсат бўлганини кўрсатмоқда. Чунки Оиша разияллоҳу анҳо «Улар хонанда эмас эдилар» жумласини истеъмол қилдилар. Яъни, яноқлар, дудоқлар, думбалар, ароқлар ва уларга ўхшаш нарсаларни мадҳ этиш билан сокин турган одамни ҳаракатлантирадиган, яширинган ҳиссиётларни жунбушга келтирадиган қўшиқни билмас эдилар. 

«Саҳиҳ»да яна Оиша разияллоҳу анҳодан ушбу ривоят ҳам бор: «Ҳайит куни икки занжи қалқон ва найза билан ўйнар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Томоша қилишни хоҳлайсизми?»– дедилар. Мен: Ҳа, деб жавоб берганимда мени орқаларига олиб, яноқларим яноқларига тегиб турадигандек яқин қилдилар ва: «Арфада ўғлонлари, давом этинглар!»– дедилар. Мен зерикканимда эса: «Сизга етар!»– дедилар. Мен: Хўп, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Ундай бўлса), кетаверинг!»– дедилар. Ахир, ёши кичик ва ўйинга қизиққан қизни ўйлаб кўринглар!» (Имом Бухорий 4835; Насоий 1577; Имом Аҳмад 24168, 25333).

Бу, урушга тайёргарлик ва чиниқиш учун сакраш усулида қуроллар билан ўйнашнинг жоизлигига ҳужжатдир. Чунки бундай қилиш қўлни қуролларга кўниктиради. Қурол-яроғларни ишлатиш ва кўтариб юришни ўрганиш каби, ҳайит кунининг ўзига хослиги бор.

 

Ҳайит намози қандай ўқилади?

Шубҳасиз, ҳайит намозида ҳам худди бошқа намозларда бўлгани каби, таҳорат ва бошқа намоз шартлари талаб қилинади. Фақат, бу намозда азон ва иқомат айтилмайди, балки, намоз вақти – намоз ўқиш таъқиқланган пайт чиққанидан, яъни, қуёш шарқда бир найза бўйи кўтарилгач, билдирилади, холос.

Ҳайит намозининг икки ракаат эканида ихтилоф йўқдир. Уларнинг биринчиси еттита такбир билан бошланса, иккинчиси қиёмдагисидан бошқа беш такбир айтиш билан бошланади. Ҳар бир такбирда қўлларни кўтарилади. Бу қўшимча такбирларнинг ҳар иккиси ўртасида:

(اللهُ أَكْبَرُ كَبِيرًا، وَالْحَمْدُ لِلَّهِ كَثِيرًا، وَسُبْحَانَ اللهِ بُكْرَةً وَأَصِيلاً، وَصَلَّى اللهُ عَلَى مُحَمَّدٍ النَّبِيِّ الْأُمِّيِّ وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَسَلَّمَ تَسْلِيمًا كَثِيرًا)

«Аллоҳ ҳақиқатан жуда буюкдир! Аллоҳга жуда ҳам кўп ҳамдлар бўлсин! (Мен) Аллоҳни (мушриклар сифатлаётган нолойиқ сифатлардан) эртаю кеч поклайман! Аллоҳ саводсиз пайғамбар бўлган Муҳаммадга кўпдан-кўп салавоту саломлар йўлласин»– дейди. Агар хоҳласа қуйидаги жумлаларни айтади:

(سُبْحَانَ اللهِ، وَالْحَمْدُ لِلَّهِ، وَلاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ، وَاللهُ أَكْبَرُ)

«(Мен) Аллоҳни (мушриклар сифатлаётган нолойиқ сифатлардан) эртаю кеч поклайман! Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир ва Аллоҳ буюкдир!».

Имом такбирлардан сўнгра Фотиҳа сурасини ўқийди. (Унга зам қилиб) Аъло ва Ғошия ёки Қоф ва Қамар сураларини ўқиши мустаҳабдир. Қироатни жаҳрия қилади. Салом бергач иккита ҳутба қилади. Жума хутбасида бўлганидек, икки хутба ўртасида ўтиради. Хутбасида Рўза ҳайитида одамларни Фитр закотини беришга рағбатлантирса, Қурбон ҳайитида қурбонлик аҳкомлари ва унинг суннатларини баён қилади.

«Саҳиҳ» ҳадислар тўпламида Бароъ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хутбаларида қуйиаги жумлаларни айтганлари ёритилган: «Бу кунимизда илк ўлароқ қиладиган ишимиз намоз ўқиб, қайтгач эса қурбонликларимизни бўғизлаймиз. Ким шундай қилса, суннатимизга риоя қилибди» (Имом Бухорий 898).

Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса: «Ким (ҳайит) намоз(и)дан илгари қурбонлик сўйган бўлса, (ҳайит намозидан сўнгра) қайта сўйсин!»– дейилган (Имом Бухорий 901, 5135).

Бароъ ибн Озиб ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Бизнинг намозимизни ўқиган ва қурбонлигимизни сўйган одам қурбонликни жойига келтирибди. Намоздан илгари қурбонлик сўйган одамнинг қурбонлиги йўқдир (бекордир)» (Имом Бухорий 902).

Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) нақл қилган Абу Саид разияллоҳу анҳунинг ривоятида эса қуйидаги жумлалар бор: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рўза ёки Қурбон ҳайитларида намозгоҳга чиқар эдилар. У ерда қилган биринчи ишлари намоз ўқиш эди. Сўнгра намозларидан ўгирилар ва сафларида ўтирган одамларга рўпара туриб ваъз ва васият қилиб, уларни буюрар эдилар. Агар бирон қўшин жўнатмоқчи бўлсалар жўнатар, бирон нарсага буюрмоқчи бўлсалар буюрар, сўнгра (уйларига ) қайтар эдилар» (Имом Бухорий 903).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозгоҳда ҳайит намозидан илгари ҳам, кейин ҳам ҳеч қандай намоз ўқимаганлар. Бироқ сиз масжидда ҳайит намозини ўқимоқчи бўлсангиз ундан илгари, таҳийятул масжид намози каби, икки ракаат намоз ўқишингиз раводир. Лекин, ҳайит намозини шаҳар ташқарисида ўқиш – суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозгоҳда минбарлари бўлмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга чиққанларида қўлларида найзани олиб келиб, олдиларига сутра қилиб ерга санчиб қўяр эдилар.

Агар ҳайит намозини ўқий олмаган бўлса, унинг қазосини ўқиш машруъдир. Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Анас разияллоҳу анҳу ғуломига рафиқалари ва фарзандларини тўплашга буюрди ва улар билан бирга шаҳарликлар каби (ҳайит) намоз(и) ўқиди, такбирлар айтди». Атоъ (раҳимаҳуллоҳ) эса: «Агар ҳайит намозини (шаҳар аҳли билан) ўқий олмаса, икки ракаат намоз ўқийди»– деди (Имом Бухорий 4/65).

 

Рўза ҳайити намози билан Қурбон ҳайити намози ўртасидаги фарқ

Аслида, намозларни ўқишда фарқ йўқ. Чунки, уларнинг ҳар иккиси икки ракаатдан ўқилади ва ҳар иккисида ҳам қўшимча такбирлар ва улар ўртасида айтиладиган зикрлар бор. Бироқ, Рўза ҳайитида намоздан илгари бир неча хурмони тоқ сонда истеъмол қилиш суннатдир. Қурбон ҳайитида эса, агар қурбонлик сўймоқчи бўлса, ўз қурбонлигидан тотмагунича бирон нарса емайди. Қурбонликлар билан шуғулланиш учун Қурбон ҳайити намози билан бирга такбир айтиш – суннатдир. Рўза ҳайити намозида бунинг аксидир. Намозни одамлар бирон нарса тотиб олишлари, намозга покланиб, ораста бўлиб чиқишлари учун кечиктириш – суннатдир.

Имом Рўза ҳайити намозининг хутбасида ўша куннинг фазилатлари, у куннинг совринлар куни экани, у кунда (рамазон ойи давомида қилинган) ибодатлари қабул қилинган одамларнинг гуноҳлари кечирилиб уйларига қайтишларини баён қилиб, одамларни тоат-ибодатлар ва солиҳ амалларни кўп қилишга ҳамда гуноҳлардан сақланишга чорлаб, уларга гуноҳларнинг таъсирларини тушунтиради.

Қурбон ҳайити намозининг хутбасида эса, қурбонлик ҳукмлари, унинг келиб чиқиши ва фазилатлари, қурбонликка лойиқ бўлган ва бўлмаган жонлиқлар, уларни сўйиш вақти, гўштларни тақсимлаш қандай бўлишини тушунтиради ва шу муносабат билан оммавий йўриқларни кўрсатади.

 

Хотин-қизларнинг Ҳайит намозига чиқишлари

«Саҳиҳ» ҳадислар тўпламида Умму Атийя разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни балоғат ёшига яқинлашган қизларни ва уй ичида ўтирган аёлларни ҳам (ҳайит намозига) чиқаришни буюрдилар. Ҳоизалар намознинг четида турар эдилар» (Имом Муслим 1473).

Жобир разияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб намоз ўқий бошладилар. Аввало намоз ўқидилар, сўнгра хутба қилдилар. Хутбани тугатиб пастга тушгач, аёлларнинг олдига бордилар ва уларга Билолнинг қўлига таяниб насиҳатлар қилдилар. Билол эса этагини очган ва аёллар унга садақаларни ташлар эдилар»– деди. (Ҳадис ровийси Ибн Журайж (раҳимаҳуллоҳ) айтди: Атоъ (раҳимаҳуллоҳ): «Хотинларнинг у кунда қилган садақалари қўлларидаги узуклари эди. Бошқалари ҳам қўлларидаги у­бу нарсаларини ташлашган эди»– деди. Мен у (Атоъ раҳимаҳуллоҳ)га: «Сиз имомнинг бунга ҳаққи бор ва у уларга эслатиши керак, деб ўйлайсизми?»,– десам, у: «Албатта, бу уларнинг ҳаққидир! Нега улар буни қилмайдилар!»– деди» (Имом Бухорий 925).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан «Саҳиҳ» ҳадислар тўпламида шундай ривоят бор: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб келдилар. Менинг қўллари билан (одамларни) ўтиришга ишора қилганлари ҳали ҳам кўз ўнгимда. Сўнгра, аёллар тарафга билол билан бирга одамлар орасини ёриб ўтиб кела бошладилар. Аёллар олдига келгач:

﴿يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ إِذَا جَاءَكَ الْمُؤْمِنَاتُ يُبَايِعْنَكَ﴾

«Ҳой пайғамбар, ҳузурингизга мўъминалар байъат қилган ҳолларида келсалар …» (Мумтаҳана: 12) оятини ўқидилар. Оятни ўқиб (байъат шартларини айтгач): «Сизлар шунга розимисизлар?»– дедилар. Хотинлардан бири: Ҳа, дегач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ундай бўлса, садақа қилинглар!»,– дедилар. Билол кийимини ёзди ва: Ота­онам сизларга фидо бўлсин, келинглар!,– деди. Хотинлар қўлларидаг катта тошли узукларини Билолнинг кийимига ташлай бошладилар» (Имом Бухорий 926).

Бошқа ривоятда шундай дейилган: «(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар): «Садақа қилинглар! Чунки мен сизларнинг жаҳҳаннам аҳлининг кўпроғи эканингизни кўрдим. (Сабаби), сизлар кўп лаънатлайсизлар (сўкасизлар) ва эрларингизга нонкўрлик қиласизлар»» (Имом Бухорий 293, 1369; Имом Муслим 114) …

Умму Атийя разияллоҳу анҳонинг ҳадисида айтилади: «Мен: Ё Расулуллоҳ, бировимизнинг жилбоби бўлмаса (ҳайит намозига) чиқмаса бўлаверадими?,– деб сўрасам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дугонаси жилбобини кийдириб қўйсин ва улар (ҳам) яхшиликлар ва мусулмонларнинг дуоларига гувоҳ бўлсинлар!»– дедилар» (Имом Бухорий 927). Бошқа ривоятда эса: «Балоғат ёшига етган қизлар, кўча кўрмаганлар, ҳоизалар (ҳам) чиқсин ва ҳоизалар намозгоҳдан йироқ турсинлар ҳамда яхшилик ва мусулмонларнинг дуоларига гувоҳ бўлсинлар!»– дейилган (Имом Бухорий 937, 1542).

Ушбу ҳадислар ҳар икки «Саҳиҳ» ҳадислар тўпламида ёки уларнинг бирида нақл қилинган. Буларнинг барчаси хотин–қизларнинг барчаси, ҳатто ҳоизалари ҳам ҳайит учун чиқишлари мустаҳаб эканини кўрсатсада, бироқ, фитнадан эҳтиёт бўлиш, ташқи кўринишдаги гўзаллик ва ҳуснни очиб юборадиган кийимлар киймаслик шартдир. Чунки Оиша разияллоҳу анҳо: «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотин–қизлар янги пайдо қилган нарсаларни кўрганларида эди, уларни Бану Исроил аёлларига таъқиқланганидек, масжидларга келишларини таъқиқлар эдилар»– деди (Имом Бухорий 822; Имом Муслим 676).

Шояд Оиша разияллоҳу анҳонинг ушбу сўзлари аёлларнинг кийган кийимлари, уларнинг зийнат ва пардозларининг кўриниб турганидан бўлса ажаб эмас. Ҳолбуки, аёлларнинг масжидларга чиқишларига рухсат берилган ҳадисда: «хушбўй қўймай (пардозсиз)» чиқишлари шарт қилинган (Имом Аҳмад 9270, 9760, 10415, 20685). Бугунги кунга келиб Оиша разияллоҳу анҳонинг даврига қараганда аҳволлар ёмонлашгани, кўплаб хотин­қизлар тақинчоқларини кўз­кўз қилиб, ҳуснини кўрсатаётганида ҳеч шубҳа йўқ. Аллоҳнинг Ўзи бизга ёрдамчи бўлсин!

 

Ҳайит кунидаги гуноҳлар

Тунларни намоз ва Қуръон ўқиш, дуо ва тавба­тазарру билан ўтказиш ибодат ва қурбатдир. Аллоҳ таоло кўплаб оятларида бунга чорлаган ва рағбатлантирган. Дарҳақиқат, рамазон ойи тунларини ва Қадр кечасини ибодат билан бедор ўтказиш – мағфират омилларидандир.

Шундай бўлсада, ҳайитга ўтар кечани ибодатлар билан ўтказиш ҳақида на бирон фазилат ворид бўлган ва на шариат у кечани ибодат ёки Қуръон тиловати билан ўтказишга рағбатлантирган. У кечани аввалги ёки кейинги кечадан айириб бедор ўтказиш учун хосласа, бидъат ўйлаб топибди ва Аллоҳ рухсат бермаган нарсани (ўзига) шариат қилиб олибди. Чунки у ўзини саҳобалардан, аҳли суннатдан ва умматнинг салафидан ҳам устунман, дея эътиқод қилибди ва бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким бизнинг ишимизда ундан бўлмаган нарсаларни пайдо қилса, у (нарса) унинг ўзига қайтарилгандир!» (Имом Бухорий 2499; Имом Муслим 3242)– деб айтган ҳадисларининг маънолари ичига кирибди.

Агар бировнинг бир йил ёки ундан кўра кўпроқ давр мобайнида тунларни таҳажжудлар билан бедор ўтказиши одатга айланган бўлса, ҳайитга ўтар кечаси ҳам ўша кунлар қаторига киради (яъни, у кеча ибодат билан бедор бўлса бўлаверади).

 

Эркак ва аёлларнинг намозгоҳ ва бошқа жойларда аралашиб юришлари

Бу, фитнага сабабчи ва фаҳш ишларни қилишга чақириқ бўлгани учун йўқ қилиниши керак бўлган ҳолатдир. Чунки эркак кишининг аёлларга яқин бўлиши, қанчалар ўзини тийишга ҳаракат қилмасин, барибир, уларга нигоҳ ташлашга ундайди. Шунинг учун ҳам бундай ҳолатларда айрим эркаклар аёлларга кўз ташлашга, айримлари эса уларга яқинлашиб, баданларини уларга теккизишга ёки улар билан суҳбатлашишга ҳаракат қилади. Зеро бундай вазият бозорлар, касалхоналар ва бшуларга ўхшаш жойларда вужудга келмоқда.

Хуллас, эркаклар билан хотин­қизлар ўртаси айрилиши керак. Хотин­қизлар учун алоҳида кириб, чиқиладиган жой ажратилиши керак. Хусусан, икки Ҳарами Шарифда шундай қилиниши керак. Ҳолбуки, юқорида Оиша разияллоҳу анҳонинг: «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотин–қизлар янги пайдо қилган нарсаларини кўрганларида эди, уларни Бану Исроил аёлларига таъқиқланганидек, масжидларга келишларини таъқиқлаган бўлар эдилар»– деб айтганлари нақл қилинди (Имом Бухорий 822; Имом Муслим 676). Ушбу сўзлар Бану Исроил аёлларига кийган кийимлари, зийнат ва пардозлари, атирларининг бўйи сабабли масжидларга келиш таъқиқланганини, чунки булардан Аллоҳ сақлаган кишилардан бошқа эркаклар фитналаниши мумкин эканини ифодаламоқда.

 

Шодиёна ифодаси ўлароқ қўшиқ, рақс ва бошқа гуноҳлар давраси уюштириш

Айрим одамлар борки, ҳайит ва ҳайитдан кейинги кунларни ўйин­кулгу, қўшиқ, куйлар кунига айлантирадилар, тўпланишиб зиёфатлар уюштирадилар, дастурхон учун меъёрдан ортиқ пуллар сарф этадилар, хонандалар ва маишатпарастлар учун ишлатилаётган гўшт, мева ва анвойи турдаги неъматларда исрофга йўл қўядилар. Ноғора ҳамда фитна ва муқомга сабаб бўладиган куйларни чалиб, қўшиқлар айтадилар. Уларнинг бу «айшлари» бир неча кун давом этади. Ҳатто, тунлари ҳам бунга муккасидан кетадиларки, намозларни на вақтида ва на жамоат билан ўқийдилар.

Бу ишларнинг ҳаром, Аллоҳ ҳужжатларни нозил қилмаган фасод ҳамда Аллоҳ қилганларни айблаган ишлардан эканида ҳеч шубҳа йўқ:

﴿الَّذِينَ اتَّخَذُوا دِينَهُمْ لَهْوًا وَلَعِبًا وَغَرَّتْهُمُ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا فَالْيَوْمَ نَنْسَاهُمْ كَمَا نَسُوا لِقَاءَ يَوْمِهِمْ هَذَا﴾

«(Жаннат эгалари: «Аллоҳ) бу неъматларини динларини ҳазил-мазах қилиб олган ва ҳаёти дунёга алданиб қолган (кофирларга ҳаром қилгандир)», дедилар. Бас бу КУН улар бугунги учрашувни унутиб қўйганлари … каби Биз ҳам уларни «уну­тиб қўярмиз»(– дедилар)» (Аъроф: 51).

Жонини жаҳаннам азобидан қутқармоқчи бўлган одамга бу беҳуда ўйин­кулгудан нафсини тийишини, вақтини фойдали нарсалар билан ўтказишга ҳаракат қилишга интилишини, гуноҳ ва шариатга зид нарсалардан йироқ бўлишни, беҳуда, ботил ишлар билан машғул бўлган ёки мансабпараст инсонлардан узоқ бўлишини насиҳат қиламиз. Зеро, юқорида, найза билан шуғулланиш, олға интилиш ва чекиниш каби яхши мақсадлар нийятида Ҳайит куни занжилар масжидда ўйнаган ўйинлар билан кун ўтказиш афзалдир. Зеро шундай қилинса на куй ва на ноғора садолари бўлади ва на ҳаром сўзлар талаффуз қилинади. Валлоҳу аълам.

 

Рамазондан қутилганлари учун шодиёналар қилиш

Кўплаб одамлар ҳайитнинг машруъ бўлишини рамазон ойи чиқиб, ундан қутилиш, дея исботлашга ҳаракат қиладилар. Чунки, рамазон уларни лаззатлари, ширин айшлари, нафслари йил давомида чиниқиб кетган одатларидан маҳрум қилади­да!! Шунинг учун ҳам улар рамазон ойини тутқунлик, нафслари билан хоҳишлари ўртасидаги тўсиқ, деб тушунадилар. Ҳатто айримлари бунга Аллоҳ таолонинг ушбу оятини ҳужжат ҳам қилади:

﴿وَحِيلَ بَيْنَهُمْ وَبَيْنَ مَا يَشْتَهُونَ﴾

«улар билан ўзлари истайдиган нарсанинг ўртаси тўсиб қўйилди» (Сабаъ: 54).

Ибн Ражаб (раҳимаҳуллоҳ) «Латоифул маъариф» китобида шаъбон ойининг охирида рўза тутишнинг таъқиқланиши ҳақида шундай дейди: «Кўпинча, айрим жоҳиллар рамазон ойидан аввал (шаъбоннинг охирги кунида) рўза тутмасликдан мақсад, рамазонда маҳрум қолишидан илгари нафслар ейиш­ичишдан тўкис насибасини олиш учун фурсат деб тушунадилар. Шунинг учун ҳам у кунни «овқатлар билан видолашув куни»– деб, ҳатто у кунни «Танҳис»– деб атайдилар. Бу сўз «машъум» маъносидаги сўздан ясалгандир. Бунинг асил илдизи насороларда мавжуддир. Улар рўзалари – пасхалари яқинлашганида шундай қиладилар. Буларнинг барчаси гумон қилаётган одамларнинг хато ва жоҳилликларидан бошқа нарса эмасдир. Уларнинг талайгина қисми мубоҳ бўлган шаҳватларига қаноат қилмай, ҳаромларига ҳам ўтиб кетадилар. Бу – ҳақиқий зиёндир. Айримлари ушбу байтларни ўқиганлар:

Ўтганда шаъбоннинг йигирма куни

Тунларни ичиш­ла боғла кундузга!

Катта жом қадаҳни ишлат доимо

Кичикда ичишга вақт муаммо!.

Бошқаси эса шундай байт айтди:

Шаъбон огоҳ қилди рамазондан

Ёмғир сувларидан берингиз дарҳол!

Бу аҳволдаги одамлардан кўра ҳайвонлар ҳам ақллироқдир. Бундай одамларнинг Аллоҳнинг қуйидаги оятидан насибаси бордир:

﴿وَلَقَدْ ذَرَأْنَا لِجَهَنَّمَ كَثِيرًا مِنَ الْجِنِّ وَالْإِنْسِ لَهُمْ قُلُوبٌ لَا يَفْقَهُونَ بِهَا

«Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганимиз муҳаққақдир. Уларнинг диллари бору англай олмайдилар» (Аъроф: 178).

Чунки уларнинг кўпгина қисми рамазон рўзасидан нафратланади. Улар ичидан етишиб чиққан айрим шоирлар рамазон рўзасини ҳақорат қилган. Рашид ибн Сафиҳ бир шеърида шундай дейди:

Мени чақирди рўза ойи,

Кошки бундай ой бўлмаса эди!

Бундан сўнгра умрим бўйича,

Ҳеч рўзасин тутмасам эди!

Одамлар сарф этсалар кучларин

Тайёргарлик учун рамазонга,

Мен сарф этсам бор кучимни

Қарши чиқиб рамазонга!

Бу байтларни айтган шоир тутқаноқ каслига мубтало бўлиб, ҳар куни бу касаллик сабабли бир неча марта ҳушини йўқотар эди. Ва келгуси рамазон келмай туриб ўлиб кетди.

Бундай пасткаш инсонлар рамазон ойидан ундаги ибодатларни ўзлари учун оғир деб билганлари учун безадилар. Чунки уларнинг кўплари рамазон ойидагина намоз ўқийдилар, катта гуноҳлардан шу ойдагина йироқ тура оладилар. Шунинг учун нафсларига ўз одатларидан воз кечиши осон бўлмайди. Улар осийликларига тезроқ қайтиш учун кеча ва кундузларни санай бошлайдилар. Ҳатто уларнинг айримлари тоқатлари тоқ бўлади ва рамазон ойида ҳам гуноҳларга қўл уради!!».

Ибн Ражаб (раҳимаҳуллоҳ) бу гапларни ўз замондошлари ва улардан олдингилар ҳақида айтган эди.

Диннинг кунлар ўтганича ғариблашгани, ибодатларни соғлом шаклларда қилиш қийинлашгани ортиб бормоқда. Зоҳиран ўз одатларидан тийилиб турган одамлар, рамазон ойи тугаши билан қувонадилар. Ҳайит – улар учун ўз дунёлари, маишатлари, ҳаром ёки макруҳ касбларига қайтиш кунидир. Рамазон тугаши билан маҳзун бўлиб, ачинган инсонлар олдида уларни ким деб ҳам аташ мумкин?! Йўқ, улар бутун йилни рўза, қиём, ибодат ва қурбат деб ҳисоблаган, нафсларини ҳаромлар у ёқда турсин, лаззатли нарсалардан ҳам йироқ тутган одамлар олдида кимдирлар?! Аллоҳ уларга раҳм қилсин! Биз билан уларнинг мисоллари шоирнинг қуйидаги байтларидаги маъноларга ўхшайди:

Улар Маккада Ҳошим уруғи ичига қўндилар,

У эса саҳрога, одамлар кўзидан йироққа қўнди.

 

Хотима

Алвидо, тавбалар ойи!

Ҳадис шарифда рамазон рўзаси, шунингдек тунларини, Қадр кечасини ибодат билан ўтказиш, гуноҳларнинг мағфиратига сабаб экани ворид бўлган. Тўғриси, бу амаллар кичик гуноҳларнинггина ювилишига омилдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Беш вақт намоз, жума жумагача, рамазон рамазонгача, агар катта гуноҳлардан йироқ турилган бўлса, ўрталаридаги гуноҳларга каффоротдир»– деганлар (Имом Муслим 344; Имом Аҳмад 8830).

Уламолар жумҳури катта гуноҳлар ювилиши учун тавба қилиш шарт эканини уқтирганлар.

Гуноҳлари кечирилган банда рамазон ойидан сўнгра солиҳ амалларни қилишга, ўзини ҳаром нарсалардан сақлашга катта эътибор бериши, унда ҳаётининг қолган замонларида ибодат осорлари кўриниб туриши керак. Шундай бўлиши унинг рўзаси, таҳажжудлари ва қурбатларининг қабул бўлиш аломатидир. Агар банда рамазон ойидан кейин намозларни, жумъаларни ва жамоатларни суйса, нафл ибодатларни кўп қилса, тунлари кучи етганича намозлар ўқиса, нафсини нафл рўзалар тутишга чиниқтирса, Аллоҳни кўп зикр қилиб, кўп дуо ва тавба қилса, Қуръон тиловати билан машғул бўлиб, унинг оятлари ҳақида тафаккур қилса, садақа беришга одатланса, қариндош­уруғлари билан борди­келди қилса, ота­онасига ғамхўр бўлса, зиммасидаги Робби ва одамлар ҳаққини адо этса, ўзини гуноҳ ва жиноятлардан эҳтиёт қилса, гуноҳлардан нафси нафратланса, мудом Аллоҳнинг азамати, нигоҳбонлиги ва ҳайбатини унутмаса, агар рамазондан кейин шундай бўлса, бу – унинг рўзаси ва таҳажжудларининг қабул бўлиши, рамазон ойи давомида қилган солиҳ амаллари ва ҳасанотларининг осорларига далилдир.

Шундай бўлсада, ушбу муборак кунлар ва тунларнинг тугаши билан афсусда қолиш, солиҳ ва тақволилар одатидир. Бу – Умматнинг бошидаги салаф солиҳ одати эди. Улар рамазоннинг тугаши билан қайғуга тушар эдилар. Шундай бўлсада, уни доимо ёдга олишар ва Аллоҳ таолодан олти ой давомида тутган рўзаларини қабул айлашини, қолган олти ойда эса рамазонга етказишини тилар эдилар. Натижада, уларнинг бутун бир йиллари ушбу муборак ойнинг зикри билан ўтарди. Бу – рамазоннинг улар қалбига таъсирининг нақадар буюк бўлганига катта далилдир.  Уларнинг бири шундай деган эди:

Бу ойга бўлсин Раҳмондан саломлар,

Энг яхши ойга ушбу ўтган замонлар!

Рўзалар ойига бўлсин саломлар!

Раҳмондан юборилган тинчлик­–омонлар!

Ойдин кунларинг тугаб битса ҳам,

Қалбимдан қолгай мудом армонлар!  

 

Кунлар ўтди, сизлар қилмай итоат,

Гуноҳу маъсият­ла қолдингиз мудом.

Ҳиммат камарини боғлаган ўзди,

Сиз­чи, гуноҳларга ботдингиз мудом!

Бу огоҳлантириш эмасми ахир!

Наҳотки қалбингиз сезмайди буни.

Тақводорлар қалби интиқ бу ойга,

Инграйди фироқдан кундузи, туни.

Мўъминлар кўзидан наҳотки ёшлар

Шошқатор оқмаса ўтган замонга.

Чунки у билмайди яна рамазон,

Балки ташриф этмас келгуси замон!

 

Ўтган куну тунларни эсла,

Уларни хотирлаб оқмоқда ёшлар…

Кундузлари ибодатга тиришганларнинг ҳимматлари, тунлари таҳажжуд ўқиганларнинг титроқлари қаерда қолди?!

Рамазоннинг наҳорлари ва кечаларида зиён кўрганларнинг ҳоли нима бўлаяпти?!

Мусибатлар гирдобига кирган ва машаққати оғир бўлган одамларга рамазонни лоқайдлик билан ўтказганлари учун тўккан кўз ёшлари қандай фойда бериши мумкин?! Бу бечорага қанчалар насиҳат қилинди, бироқ, у насиҳатларга қулоқ бермади!! Уни сулҳга чорланди, бироқ сулҳга яқинлашмади!! У, рамазондаги сулҳга эришган қанча одамларни кўрсада, ўзи четда қолди! Рамазонда қанча жамоатлар юриб ўтсада, у ҳануз ўтирар эди! Охири вақт ўтиб ўлимдан қўрққач, афсус фойда бермайдиган бир пайтда пушаймон бўла бошлади! Имкони бўлмаган пайтда орзуларининг ушланишини умид қилди! Ҳа, рамазондан айрилиш туфайли маҳбубларнинг кўз ёшлари қуйилади, қалблари титрайди!!

Кошки видолашув они шавқ алангасини сўндира олса! Бир онлик тавба ёки гуноҳдан воз кечиш рўзанинг камчиликларини тўлдира олса!

Кошки амаллари мақбул бўлган одамлардан ажралиб қолганлар уларга ета олса ва гуноҳлар асири қутилиб, жаҳаннамга лойиқ бўлганлар қутилиб қолса!!

Рамазон ойи ойларнинг энг афзали эканида ҳеч шубҳа йўқдир. Аллоҳ таоло унинг даражаси ва мақомини бошқа ойлардан кўра юқори қилиб, унинг яхшиликлар мавсуми, рўзаси ва тунги ибодатларини гуноҳларнинг мағфиратига ҳамда жаҳаннамдан қутилишга сабабчи қилди. Бу ойда излаганлар учун Ўз дарвозасини очди. Тақводорларни савобига рағбатлантирди. Вақтларини ғанимат билганлар – зафар қучган, кунларига ўтиб кетгунича лоқайд бўлганлар эса зиён кўргандир.

Аллоҳ таоло рамазон ойини гуноҳларнинг ишқори, айбларнинг пардаси ва қалбларни обод қилгувчи қилди. Бу ойда масжидлар Қуръон тиловати, зикр, дуо ва таҳажжудлар билан обод бўлиб, улардан нурлар ёғилади ва бу нурлардан қалблар ёруғ бўлади.   

  

 

* * * *

Баҳоси – жаннатдир! (Шайх Абдулмалик Қосим) (3)

 

2008-11-25

Давоми …

Намоз ўқимаган одамнинг ҳукми

Маъносида иймон жўшган, томирида эзгулик оққан сатрлар ўртасида сузгандан сўнгра, энди назаримиз фақатгина намоз учун тайёр турган ва азонга шошилиб: «Лаббай!» деган намозхонга тушади. Биз, ўта аҳамиятли бўлгани боис намозни тарк қилган одамнинг ҳукмларини билишимиз ва қариндош-уруғ, қўни-қўшни ва ёру-биродарларга, уларни жаҳаннамдан қутқариш учун, бу ҳукмларни шошилинч етказишимиз керак. Бу ҳукмларни тафаккур билан ўқиш, сизни намоз ўқишда сустлик қилаётган одамларни: «шояд Аллоҳ уларнинг қалбларини намоз учун очса ва йўлларини ёритса!»– деб, намозга чорлашга ундайдиган қилиб қўяди.

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн (раҳимаҳуллоҳ) жавоб беради

«Оиласини намозга буюрган ва улар қулоқ солишмаган бўлса, бу одам улар билан бирга яшаши ва аралашиб юриши жоизми ёки хонадонидан чиқиб кетиши керакми?»– деб берилган саволга аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн (раҳимаҳуллоҳ) шундай жавоб берди:

«У хонадон аҳли ҳеч намоз ўқимаган бўлсалар – кофир ва муртад бўлиб, Ислом динидан чиққандирлар. Бу одамнинг улар билан бирга яшаши жоиз эмасдир. Бироқ, уларни такрор-такрор даъват этиши лозим. Шояд Аллоҳ таоло уларни ҳидоят қилар.

Чунки, намоз ўқишни тарк қилган одам – Қуръон, суннат, саҳобаларнинг сўзлари ва соғлом кўришларга кўра кофирдир, Аллоҳ сақласин!

Қуръондаги далил Аллоҳ таолонинг мушриклар ҳақида айтган оятлардир:

«Тавба қилсалар, намоз ўқисалар ва закотни берсалар, бас, улар сизларнинг диндош биродарларингиздир» (Тавба: 11).

Бу оятдан улар бу ибодатларни қилмасалар диндош биродаримиз эмасликлари маълум бўлмоқда. Ҳолбуки, диндош биродарлик, гуноҳлар ҳар қанча катта бўлса ҳам, узилмайди. Бироқ, Исломдан чиқилса узилади.

Суннатдан далил – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларидир:

«Киши билан куфр ҳамда ширк ўртасидаги (масофа) намозни тарк қилишдир» (Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 256);

«Биз билан у (мушрик)лар ўртасидаги аҳд – намоздир. Ким уни тарк қилса (ўқимаса) кофир бўлибди» (Бурайда разияллоҳу анҳу ривояти: Термизий «Сунан», ҳадис № 2830. Ибн Можа «Сунан», ҳадис № 1132. Дору Қутний «Сунан», ҳадис № 1771).

Саҳобаларнинг сўзларидан далил:

Амирулмўъминийн Умар разияллоҳу анҳу: «Намозни тарк қилган (ўқимаган) одамнинг Исломда насибаси йўқдир!»– дедилар. Насиба – ҳиссадир. Бу сўз накира-ноаниқлик шаклида инкор тизимида истеъмол қилинди. Бу умумийликни: оз ва кўп насибанинг барчасини ўз ичига олади.

Абдуллоҳ ибн Шақиқ (раҳимаҳуллоҳ): «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари амаллар ичида намоздан бошқасини тарк қилишни куфр деб ҳисоблашмас эди»– деди.  

Соғлом мунозара жиҳатидан шундай дейилади:

Қалбида намознинг буюклиги ва Аллоҳнинг намозга берган эътиборини танийдиган заррача иймони бўлган одам, қандай намозни ҳеч ўқимаслиги мумкин? Бунинг бўлиши мумкин эмас. Мен «Намоз ўқимаган одам кофир бўлмайди» деб айтган одамнинг далиллари ҳақида ўйлаб кўрдим ва уларнинг тўрт ҳолатдан бирида эканини билдим:

1 –  Бу далиллар аслида далилликка яроқсиз.

2 – Ёки намозни ўқимасликка алоқасиз васфлар билан боғланган.

3 – Ёки намозни ўқимаслик узрли бўлган ҳолатларга боғланган.

4 – Ёки бу далиллар умумий бўлиб, намоз ўқимаган одамнинг кофир эканлигини таъкидлаган хадислар билангина хосланади.

Намозни тарк қилган одамнинг кофир экани маълум бўлган бўлса, бу одамга муртадлар ҳукми жорий бўлади. Нассларда (на Қуръон ва на суннатда) намоз ўқимаган одамнинг мўъмин экани ёки униннг жаннатга кириши ёхуд жаҳаннамдан қутилиши, шунингдек, намоз ўқимаган одам ҳукм қилинган куфрни куфрони неъмат-нонкўрлик ёки куфр остидаги куфр деб таъвил қилишга эҳтиёж туғдирадиган бирон нарса йўқдир.

Биринчидан: намоз ўқимаган одамга қиз берилмайди. Агар намоз ўқимаган пайтида уйланган бўлса, никоҳи ботилдир. Аллоҳ таолонинг муҳожира аёллар ҳақида айтган оятига биноан, унга бу хотини ҳаром бўлади:

«Бас, агар сизлар улар­нинг (ҳақиқий) мўмина эканликларини билсангизлар, у ҳолда уларни кофирларга қайтарманглар! У мўминалар (кофирлар) учун ҳам ҳалол эмас ва у (кофир)лар (мўмина)лар учун ҳалол эмасдир» (Мумтаҳана: 10).

Иккинчидан: Никоҳ қилинганидан кейин намозни ўқимай қўйса, юқорида келтирилган оят ва илм аҳлларига маълум бўлган тафсилотга кўра, яъни жинсий алоқадан илгари ёки кейин, никоҳи бекор бўлади ва хотини унга ҳалол бўлмайди.

Учинчи: Намоз ўқимайдиган бу одам сўйган ҳайвоннинг гўшти ейилмайди. Чунки, у – ҳаромдир. Агар яҳудий ва насроний сўйган бўлса, унинг сўйган гўшти биз ейишимиз учун ҳалолдир. Аллоҳ сақласин, намоз ўқимаган одам сўйган гўшт эса яҳудий ва насронийларникидан ҳам ёмонроқдир.

Тўртинчидан: Намоз ўқимаган одамнинг Макка ва Макка ҳарамининг ҳудудига кириши, Аллоҳнинг қуйидаги оятига биноан, ҳаромдир: «Эй мўминлар, ҳеч шак-шубҳасиз, мушриклар нопок кимсалардир, бас, (улар) бу йилдан сўнг Масжид-ал-Ҳаромга яқин келмасинлар!» (Тавба: 28).

Бешинчидан: Агар унинг қариндошларидан биронтаси вафот этса, қолдирган меросидан ҳаққи бўлмас. Бас, бир киши вафот этса ва намоз ўқимайдиган ўғли – намозхон мусулмон ота ва намоз ўқимайдиган ўғил – ёки узоқ амакиваччаси – ъосиб – қолган бўлса, уларнинг қайси бирлари мерос олишлари мумкин? (Албатта), Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Мусулмон кофирга, кофир мусулмонга ворис бўла олмайди» (Муттафақун алайҳ) ва «Фароиз (мерос)ларни ўз аҳлига беринглар. Ортиб қолса лойиқ бўлган эркак кишига» (Муттафақун алайҳ) сўзларига биноан, ўғил эмас, амакиваччаси мерос олади. Бу – барча ворисларга тегишли гапдир.

Олтинчидан: Бу одам вафот этса ювилмайди, кафанланмайди, жанозаси ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига дафн этилмайди. Ундай бўлса нима қиламиз?! Уни саҳрога олиб чиқиб, чуқур қазиймиз ва уни ўша чуқурга (устидаги) кийимлари билан кўмамиз! Чунки, унинг ҳурмати йўқдир. Шунинг учун ҳам, яқинлари ичидан бири намоз ўқимай ўлган ва намоз ўқимаганларга жаноза ўқилмаслигини билган одам, унга одамларни жаноза ўқишлари учун чақириши ҳалол эмасдир.

Еттинчидан: У Қиёмат куни, Аллоҳ сақласин, Фиръавн, Ҳомон, Қорун ва Убай ибн Халафлар билан бирга жамланади ва жаннатга кирмайди. Оиласидан бирон кимсанинг у учун мағфират ва раҳмат тилаши ҳаромдир. Чунки у – Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларига биноан кофирдир: «На пайғамбар ва на бу мўминлар — агар мушриклар қариндошлари бўлса ҳам — уларнинг дўзах эгалари эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, у мушриклар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир» (Тавба: 113).

Дўстлар, масъала ўта хатарлидир. Афсуски, айрим одамлар бу мавзуда лоқайддирлар ва хонадонларида намоз ўқимаган одамларнинг қолишига рухсат берадилар. Бу эса жоиз эмасдир» (Манбаъ: «Мажмуъу фатава ва расааилил-Усаймийн, Китабус-солаҳ», 12– жилд, ўттиз учинчи савол).

Ҳой, намоз ўқимаган ёки намоз ўқишга лоқайд бўлган одам! Бу – эркакдир, аёлдир, намоз ўқимаган одамнинг ҳукмидир. Энди сен қолган умрингни солиҳ амаллар билан ўтказишга ҳаракат қил. Чунки, қолган умринг бир ойми, бир неча кун ёки соатми, қанча қолганини билмайсан. Доимо Аллоҳнинг ушбу сўзларини ёдингда тут:

«Ҳеч шубҳа йўқки, кимда-ким Роббисининг (ҳузурига) жиноятчи-кофир бўлган ҳолда келса, у ҳолда албатта унинг учун жаҳаннам бор бўлиб, у (кофир) у жойда на ўла олар ва на яшай олар» (То-ҳа: 74);

«Бас, ана ўшанда ким (ҳаёти-дунёда куфру исён билан) туғёнга тушган ва ҳаёти-дунёни (охиратдан) устун қўйган бўлса, у ҳолда фақат жаҳаннамгина (унинг учун) жой бўлар!» (Нозиот: 37 – 39).

Аллоҳ сизни барча эзгулик ва нажотга муваффақ қилсин. Аллоҳ ҳаётингизни шариат ёғдусида илм, амал ва даъват нуқтаи назаридан бахтли-саодатли қилсин!

Валлоҳу аълам…

Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад, Унинг оиласи ва барча саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Фойдаланилган манбаълар

1.            Шайх Абу Ҳомид Ғаззолий «Эҳёу улумид-дийн», «ал-Кутубул-илмийяҳ» нашриёти, биринчи нашри, 1406 ҳ. й.

2.            Ҳофиз ибн Касир «ал-Бидаяҳ ван-Ниҳаяҳ», «ал-Мутавассит» нашриёти.

3.            Шайх Абу Бакр ибн Алий ал-Хатиб Бағдодий «Таъриху Бағдаад», «ал-Кутубул-илмийяҳ» нашриёти.

4.            Шайх ибн Жавзий «Таъриху Умар», Аҳмад Ҳавшон тадқиқи, «ал-Муайяд» нашриёти.

5.            Шайх ибн Жавзий «ат-Табсираҳ», «ал-Кутубул-илмийяҳ» нашриёти, биринчи нашри, 1406 ҳ. й.

6.            Имом Заҳабий «Тазкиратул-Ҳуффааз», «Эҳёут-туросил-арабий» нашриёти.

7.            Ибн Ражаб Ҳанбалий «Жаамиъул-улуми вал-ҳиками», бешинчи нашри, 1400 ҳ. й.

8.            Ҳофиз Абу Нуъайм «Ҳилятул-авлияаъ ва табақотул-асфияаъ», «ал-Китаабул-арабий» нашриёти.

9.            Доктор Юсуф Қарзовий «Нафаҳаат ва лафаҳаат» (девон), «аз-Зияаъ» нашриёти, биринчи нашри, 1405 ҳ. й.

10.        Саййид Ҳайсан Аффоний «Руҳбанул-лайл», «Ибн Таймийя» нашриёти, биринчи нашри, 1410 ҳ. й.

11.        Имом Заҳабий «Сияру аъламин-нубалаъ», шайх Абдулқодир Арнаут тадқиқи, «ар-Рисалаҳ» нашриёти, 1401 ҳ. й.

12.        Шайх ибн Имод Ҳанбалий «Шажаротуз-заҳаб фий ахбаари ман заҳаб», «Эҳёут-туросил-арабий» нашриёти.

13.        Ҳофиз Жалолиддин Суютий «Шарҳус-судур би шарҳи аҳлил-мавтаа вал-қубур», «ал-Кутубул-илмийя» нашриёти, биринчи нашри, 14004 ҳ. й.

14.        Шайх ибн Жавзий «Софватус-софваҳ», Маҳмуд Форуқий ва Муҳаммад Равос тадқиқоти, «Маърифат» нашриёти, 1405 ҳ. й.

15.        Доктор, фазилатли шайх Солиҳ Сидлон «Солатул-жамаати: ҳикамуҳа ва аҳкаамуҳа», «ал-Ватан» нашриёти, биринчи нашри, 1413 ҳ. й.

16.        Қозий Абу Яъло «Тобақотул-ҳанаабилаҳ», «ас-Суннатул-Муҳаммадияй» нашриёти.

17.        Шайх ибн Жавзий «Фазоилиз-зикри», «ал-Жийл» нашриёти, иккинчи нашри, 1405 ҳ. й.

18.        Аллома ибн Қоййим Жавзийя «ал-Фавааид», «ан-Нафааис» нашриёти.

19.        Жонбоз даъватчи Саййид Қутб «Фий зилалил-Қуръан», «аш-Шурууқ» нашриёти, тўққизинчи нашри, 1400 ҳ. й.

20.        Имом Аҳмад «Китаабуз-зуҳд», Муҳаммад Саид баҳси ва тадқиқи, «ал-Китабул-арабий» нашриёти, биринчи нашри, 1406 ҳ. й.

21.        Шайх Муҳаммад Жамил Зийну «Маълумаатун муҳиммаҳ минад-дийн».

22.        Шайх Абу Ҳомид Ғаззолий «Мукошафатул-қулуб», «Эҳёул-улувм» нашриёти, биринчи нашри, 1403 ҳ. й.

23.        Шайх ибн Хилликаан «Вафиййатил-аъйаан ва анбааиз-замаан», «Содир» нашриёти, Байрут шаҳри, 1397 ҳ. й. 

 Тамом

 

   

 

Баҳоси – жаннатдир! (Шайх Абдулмалик Қосим) (2)

 

2008-11-25

Давоми…

Жамоат билан намоз ўқиш

Аллоҳ таоло фарз намозларни жамоат билан ўқишни: «ва рукуъ қилгувчилар билан бирга рукуъ қилинг» (Бақара: 43)– деб вожиб қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар ҳам фарз намозларни, мудом жамоат билан ўқирдилар, гўё жамоат улар учун намознинг бир бўлагига айланиб қолганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик ва уруш пайтларида, ҳатто вафот этган касаллик маҳалларида ҳам жамоат билан намоз ўқишни қолдирмадилар.

Бугунги кунда масжидларимизда бу нарса кўринмай, одамлар намозларни жамоат билан ўқишга қизиқишмай қолди. Жума намозига келган намозхонлар сони масжидларга сиғмаётганини кўрсак ҳам, уларни беш вақт намозларда масжидларда кўрмаяпмиз. Улар қилган бу бепараволиклари ёки танбалликлари учун ҳисоб бермаймиз, деб ўйлаяптиларми?! Ҳар куни беш марта қулоқларига янграётган муаззам азонни эшита туриб, жамоат намозида иштирок этмасликларига қандай узрлари бор?!

Севимли дўстим!

Бу неъмат учун Аллоҳга қанчалар ҳамд айтсак ҳам оз. Чунки, куфр ўлкаларда яшаётган қанча мусулмон борки, улар бу азонни эшитишдан маҳрумдирлар. Қанча ўликлар борки, ушбу тавҳид чақириғига ижобат қила олмайдилар. Ушбу нидога интилган қанча беморлар борки, унга ижобат қилишга касалликлари тўғаноқдир! Чунки тавҳид чақириғининг қулоқларда янгроғи, қалбларда сурури бордир. Қандай бўлмасин, ахир бу – солиҳлар, сажда ва рукуъ қилганлар карвонида юриш учун Аллоҳ жалла жалолуҳу тарафидан бўлган чақириқ-ку?!

Шунинг учун ҳам Абу Имрон Жазаний (раҳимаҳуллоҳ) азонни эшитса рангги ўзгариб, кўзларидан ёшлар қуйилар эди.

Бундан илгари пайғамбарлар саййиди, Оиша онамиз разияллоҳу анҳо айтганидек эдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз билан суҳбатлашиб ўтирар, намоз вақти келса У бизни, биз эса Уни танимагандек, ҳолатга тушар эдилар». Пайғамбаримизга Роббимнинг салавоту саломлари ёғилсин!

Алий ибн Ҳусайн (раҳимаҳуллоҳ) таҳорат қилса юзлари сарғаяр эди. Унга оиласидагилар: «Таҳорат пайтида нега бундай ҳолатга одатландингиз?»– деб сўрашганида: «Қандай Зотнинг ҳузурида туришимни биласизларми?!»– деб жавоб берди («Софватус-софва» 2/93).

Сулаймон ибн Аъмаш (раҳимаҳуллоҳ кечаси) ҳожати учун уйқусидан уйғониб, сув топа олмай, деворга қўлларини уриб таяммум қилиб, кўрпасига узанди. Унга бу ҳақда савол берилганида: «Мен таҳоратсиз ўлиб қолишдан қўрқаман»– деб жавоб берди!! («Ҳилятул-авлия» 5/49).

Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Билингларки, амалларингизнинг энг яхшиси – намоздир ва мўъмингина доимо таҳоратли бўлади»– деб айтган сўзларига итоат қилиш нуқтаи назаридан эди (Имом Аҳмад, Байҳақий ва Ҳоким келтирди ва бу ҳадисни аллома Албоний «саҳиҳ» деди).

Муҳаммаднинг йўлидан йўқдир бошқа йўл,

Сиротум Мустақимдир, удир тўғри йўл!

Ҳидоят топади унинг сўқмоғидан юрганлар,

Ҳалок бўладилар ундан чапу ўнгга тойганлар!

(«Зайлу тазкиратил-ҳуффааз» 175).  

Мансур ибн Зозон (раҳимаҳуллоҳ) кунларнинг бирида таҳорат қилди. Таҳоратдан сўнг кўзларидан ёш оқиб, йиғлай бошлади. Унга: «Аллоҳ раҳм қилсин, ҳолингизга нима бўлди?»– деб савол берилганида: «Менинг аҳволимдан кўра оғирроқ нарса борми? Мен на мудроғи ва на уйқуси келадиган Зотнинг ҳузурида турмоқчи бўламан. Қаердан билай, балки У мендан юз ўгирар!!»– деб жавоб берди (Софватус-софваҳ» 2/ 12).

Бу – уларнинг қалблари солиҳ, юраклари тоза эканидандир. Язид ибн Абдуллоҳ (раҳимаҳуллоҳ)га: «Масжидимизнинг томини ёпмайликми?»– деб сўралганида: «Қалбларингизни ислоҳ қилинг, масжидингиз учун кифоядир!»– деб жавоб берди («Ҳилятул-авлия» 2/312).

Зеро, қалби солиҳ ва нийяти холис бўлган одам масжиднинг томи ёки нақшларига боқмайди, балки, намозига, намозини тўкис адо этишга ҳамда унинг қабул қилинишига қаттиқ эътибор беради.

Мана бу Адий ибн Ҳотим (разияллоҳу анҳу): «Ислом динини қабул қилганидан буён, қачон намозга такбир айтилса, таҳоратли эдим»– демоқда («ас-Сияр» 3/ 160).

Азонга ижобат қилиш уларнинг ҳаётида иккиланиш ёки танбаллик бўлмаган амалий суратда камолига етар эди. Азон улар учун – масжидга йўналиш ва қўлларидаги дунёвий ишларни тўхтатишни ифода этар эди.

Иброҳим ибн Маймувн Марвазий (раҳимаҳуллоҳ)га бир боқайлик. Унинг иши заргарлик ҳамда кумуш ва тиллога сайқал бериш эди. Агар болғачасини кўтарганида азонни эшитиб қолса, болғачани урмай, азонга ижобат қилар эди.  

Улар ҳаётларини Роббул-оламийнга итоат, пайғамбарлар саййидидан ўрнак ўлароқ ушбу чақириққа ижобат қилиш учун фидо қилган эдилар. Уни эшитиш билан дунёларини бир тарафга қўйиб, ишларини тўхтатишар ва Аллоҳ сари шошиб йўл олар эдилар.

Азиз мусулмон дўстим!

Одамнинг намози охиратга заҳирадир,

Ундан илк сўралувчи нарса намоздир.

Агар ўлса суюнчидир, суюнчи!

Охиратда зафар манбаи намоздир.

Намозини ўқимаса ёруғ дунёда

Макони жаҳаннамдир охиратда!

Намоз ва бошқа ибодатларга бўлган шавқлари сабабли уларнинг азон айтилиши билан масжидларга бир-бирлари билан мусобақалашиб кетганларини кўрамиз. Бу – худди шоир айтганидек эди:

Сиз унинг одамлар ичида қўрқиб, титраб

Масжид сари жулдур кийимда юрганини кўрасиз!

Бизнинг ҳолимиз бунинг бутунлай аксидир. Биз, кечаги обидлар билан, бугунги эркаклар ўртасида катта масофа ва фарқни кўраяпмиз. Ҳозирда масжидга азондан илгари ёки азон айтилгач кирмаган қанчадан-қанча одамлар бор. Ҳатто баъзи одамлар борки, улар масжидга умуман кирмаган, балки, унга намоз ўқиш учун жасадини масжидга олиб кирилган!!

Биз уларнинг воқеъларида масжидга эрта бориб, биринчи сафдан жой олиш учун намозга қанчалар эътибор берганла-  рини кўрар эканмиз, бунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига ижобат ўлароқ қилганларини била-  миз: «Одамлар азон ва биринчи сафдаги савобларни билсалар эди, эмаклаб келишдан бошқа чоралари қолмаган бўлса эмаклаб келар эдилар» (Муттафақун алайҳ).

Бу яхшиликка умматнинг салафи риоя қилди. Бишр ибн Ҳасан (раҳимаҳуллоҳ)ни «саффий» дейишарди. Чунки у Басранинг масжидида эллик йил биринчи сафда туриб намоз ўқиди!

Ишлар аксига кетди, тушунчалар ўзгарди ва бу буюк ва-  зифа ва оммавий яхшиликка камдан-кам одамлар амал қиладиган бўлдилар.

Бугун одамларнинг кўплари имом билан бирга айтишга етиша олмаётган биринчи такбир пайтида ҳозир бўлиш ҳирси ҳақида хоҳлаганингизча гапиринг!

Саид ибн Мусайяб (раҳимаҳуллоҳ): «Эллик йилдан буён биринчи такбирдан кеч қолмадим. Эллик йилдир намозда турар эканман, бировнинг энсасига боқмадим» («Вафийятул-аъян» 2/375, «Ҳилятул-авлия» 2/163).

«Бас, мусобақачилар (мана шундай мангу неъматга етиш йўлида) мусобақалашсинлар» (Мутаффифун: 26).

Бу – мусобақалашиш ва ғолибликка лойиқ маррадир.

Ер матолари учун мусобақалашаётганлар, у матолар қанчалар катта ва буюк бўлмасин, Аллоҳнинг наздида оз ва арзимас, фоний ва пашша қанотича вазни бўлмаган нарса-  лар учунгина мусобақалашмоқдалар. Охират эса Аллоҳнинг тарозисида оғир, рақобатлашиш ва мусобақалашишга ло-  йиқ ҳақиқатдир («Фий Зилалил-Қуръон» 2/3860).

Сулаймон ибн Муҳрон (раҳимаҳуллоҳ) биринчи такбирга етмиш йил етишиб намоз ўқиди («Тазкиратул-ҳуффаз» 1/154).

Аллоҳнинг Ўзи бизга раҳм қилсин! Бировимиз биринчи такбирга бир йилда бир ёки икки мартагина етишиб намоз ўқийди. Имом билан бирга намозни тугатгач сафларга боқинг, намозни имом билан тугатганларнинг сони нақадар оз эканини пайқайсиз.

Биз салафлар олдида киммиз?!

Усайд ибн Жаъфар (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Мен амаким Бишр ибн Мансур (раҳимаҳуллоҳ)нинг биринчи такбирдан кеч қолганини ва масжид олдида турган гадойнинг қўлини қуруқ қайтарганини кўрмадим» («Софватус-софваҳ» 3/376).

Вакийъ ибн Жарроҳ (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Аъмаш (раҳимаҳуллоҳ) етмиш йил давомида биринчи такбирдан кеч қолмади» («Тазкиратул-ҳуффаз» 1/154, «ас-Сияр» 6/228, «Софватус-софваҳ» 3/128).

Баъзи кишилар эса – Аллоҳ уларни раҳмат қилсин! – қирқ йил давомида бир мартагина, у ҳам бўлса узр сабабли, биринчи такбирга етиша олмадилар.

Ибн Саммоъа (раҳимаҳуллоҳ): «Қирқ йил давомида онам ўлган кунигина биринчи такбирга етиша олмадим»– деди («ас-Сияр» 10/ 646).

Агар биз уларнинг намоз ва биринчи такбирга етиш учун ҳарисликлари шунчалар бўлганини билган бўлсак, Иброҳим Нахаий (раҳимаҳуллоҳ)нинг: «Агар бир кишининг биринчи такбирга етишга танбаллик қилаётганини кўрсанг, у одамдан қўлингни ювиб қўявер!»– дейишида ҳеч ҳайрат йўқдир («ас-Сияр» 5/65, «Софватус-софваҳ» 3/88).

Мана бу Иброҳим Таймий (раҳимаҳуллоҳ) ҳам бу эътиборни ва ўша дўстининг аломати бўлганини таъкидлаб шундай дейди: «Агар бир одамнинг биринчи такбирга етиб келишга лоқайдлик қилаётганини кўрсанг, ундан қўлингни ювиб қўявер!» («ас-Сияр» 5/62).

Салаф солиҳ (раҳимаҳумуллоҳ) буни билишган, шунинг учун ҳам биринчи такбирга катта эътибор беришган эди. Суфён ибн Уйайна (раҳимаҳуллоҳ): «Такбир (иқомат) айтилишидан илгари келишинг – намозни улуғлашдандир»– деди («Софватус-софваҳ» 2/235).

* Уларнинг (биринчи такбирга бўлган) диққат-эътиборлари шунчалар экан, қаттиқ тайёргарлик кўрганидан сўнг жамоат намозига етиша олмасалар ҳоллари нима бўларди экан?!

Шом қозиси тўқсон ёшни қоралаб қолган Сулаймон ибн Ҳамза Мақдисий (раҳимаҳуллоҳ): «Ҳаётимда икки мартагина ёлғиз намоз ўқидим. У пайтда ўзимни гўё намоз ўқимагандек ҳис этдим» (Менга муҳтарам шайхлардан бири шундай деган эди: «Тўққиз ёшлик пайтимда бир мартагина ёлғиз намоз ўқидим ва ўзимни гўё намоз ўқимагандек ҳис қилдим»).

Улар бу буюк савоб ва яхшиликдан маҳрум қолсалар аламни ҳис этар эдилар.

Муҳаммад ибн Муборак Суварий (раҳимаҳуллоҳ): «Саид ибн Абдулазиз жамоат намозида иштирок эта олмаса йиғлар эди»– деди («Тазкиратул-ҳуффаз» 1/219).

Улар учун дунё ишлари жамоат намози олдида ҳеч нарса эмас эди. Биз эса дунё ишлари ортидан итдек чопиб, у сабабли намозларни кечиктирмоқдамиз!

Маймувн ибн Муҳрон (раҳимаҳуллоҳ) масжидга келганида: «Одамлар намозни ўқиб қайтишди» дейишганида: «Иннаа лиллаҳ ва иннаа илайҳи рожиувн! (Бу мусибат дуосини ўқиди ва): Менга ушбу намознинг фазилати Ироқ ҳокимлигидан кўра севимлироқдир»– деди («Мукошафатул-қулуб» 364).

Бировимиз арзимас, тилга олишга ярамайдиган дунё матоси учун жамоат намозида иштирок этмайди. Энди сиз Ироқ ҳокимлиги ҳақида нима дейсиз?!

Салаф солиҳ жамоат намозида иштирок этмасликдан қаттиқ таъсирланар эди.

Абдуллоҳ ибн Умар (разияллоҳу анҳу) ҳуфтон намозини жамоат билан ўқий олмаса, кечанинг қолган қисмини ибодат билан бедор ўтказар эди.

Бўш вақтингда кўп рукуъни ғанимат бил,

Ўлиминг келар шояд қўққисдан.

Қанча соғлом инсонларни кўрдим-ки,

Жонлари чиқди улар билмасдан!

Азиз дўстим!

Жамоат билан намоз ўқиш, унинг моҳиятини билганлари учун салаф солиҳ наздида катта аҳамият касб этар, ундан маҳрум қолиш энг қийматли нарсаларини йўқотишдек туюлар эди.

Ҳотим Асамм (раҳимаҳуллоҳ) шундай деди: «Жамоат намозига иштирок эта олмаганим учун Абу Исҳоқ Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) гина менга таъзия билдирди. Агар биронта ўғлим вафот этса, ўнг мингта одам таъзия билдирар эди. Чунки, дин мусибати  одамлар тасаввурида дунё мусибатига қараганда енгилроқдир» («Мукошафатул-қулуб» 364).

Олтин сўзлар: Қийматли нарсаларни йўқотиш ёки яқин қариндошлар вафоти сабабли таъзия билдирганлар кўп, бироқ, диний тарафдан бирон нарсани йўқотилганда таъзия билдирадиганлар йўқ. Аллоҳим, бизга динимизда мусибат берма ва дунёни биз учун катта қайғу айлама!

Юнус ибн Абдуллоҳ (раҳимаҳуллоҳ): «Нега мен хўрозим йўқолса қайғуга тушаману, намозимни ўқий олмасам қайғурмайман?!»– дер эди («Ҳилятул-авлия» 3/19, «Софватус-софваҳ» 3/307).

Иш, маошларнинг ортиши, мансабларнинг кўтарилиши ҳақида қайғуга ботган, кечаларни бедор ўтказган, ғамлари кўпайганидан кечалари уйқуси қочган, ўткинчи дунёнинг катта ва кичик ишлари учун тинмай ҳиммат ва нашот билан елиб-югурган, бироқ, жамоат билан намоз ўқимаган ва бундан қайғуга тушмаган, ҳатто, бунга касблар, эҳтиёжлар ва дунё ишларини сабаб қилиб кўрсатган биз таниган талайгина одам бор!

Севимли дўстим!

Сиз ором лаззати ва иссиқ кўрпадан воз кечиб, ётоғингиздан сакраб турасиз ва муаззин билан бирга калималарни пичирлайсиз. Зулматли қоронғу ва қаҳратон совуқда сокин одимлар билан бомдод намози сари йўлга тушасиз.

Аллоҳ сизни савоблардан маҳрум этмасин, қадамларин-  гизга ҳасанотлар ёзсин…  Мен сизга бу Умматнинг пайғам- бари соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Зулматларда масжид сари одим отганларга Қиёмат кунидаги тўкис нурдан хуш-  хабар беринглар!» (Абу Довуд ва Термизий ривояти)– деб айтган буюк ажрдан хушхабар берайин!

Шайтон олдида мағлуб бўлманг ва ўрнингиздан туриш-  дан тараддудланманг. Кенглиги Еру Осмонларча келадиган ва тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари юринг. У ерда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсон хаёлига келмаган неъматлар бор…

Аллоҳ сизни мақсадларингизга эриштирсин ва жойин-  гизни жаннатда қилсин!

Мусулмон дўстим!

Келинг, салаф солиҳ зиммаларида масъулиятлар бўлишига қарамай тоат-ибодатларга қандай эътибор берганига бир боқайлик.

Мана бу Қози Абу Юсуф (раҳимаҳуллоҳ) қозилик мансабига ўтиргач ҳар куни икки юз ракаат намоз ўқир эди («Тазкиратул-ҳуффаз» 1/293).

Ҳатто мусулмонлар халифаси Ҳорун ар-Рашид (раҳимаҳуллоҳ) халифа бўлган кунидан бошлаб то ўлгунича, бирон сабаб чиқиб қолмаса, ҳар куни юз ракаат намоз ўқир эди («Таъриху Бағдад» 14/6).

Уларнинг ибодат ўрни бўлгани учун масжидга катта эътибор берар эдилар. Атоъ ибн Ясор (раҳимаҳуллоҳ) масжидда савдо қилаётган одамни чақириб: «Бу ер – охират бозоридир. Бор, дунё бозорига чиқ!»– деди.

Дангасалик ва лоқайдликни кўрган пайтимизда шоирнинг ушбу сўзларини мисол қилиб келтирамиз:

Ҳар нарсада бордир Унга аломат,

Унинг танҳолигига қилар далолат.

Унга гувоҳдир ҳар бир ҳаракат,

Осудалик, жимлик, ҳамда сукунат.

Ажабо, қандай исён қилинар бундай илоҳга.

Шунинг чун ҳайронман даҳрий-густоҳга!

 

Аллоҳнинг ҳузурида туриш

Намознинг фарз ва вожиблари, суннат ва мустаҳабларини тўкис, хушуъ ва Аллоҳга бўлган тавозеъ, жиддийлик ва тафаккур билан адо этишлари, уларнинг намозга тўкис риоя қилганларининг бир кўринишидир. Аллоҳ таоло уларни мақтаб: «Улар намозларида хушуъ билан турадилар» (Мўъминун: 2)– деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Киши намозидан буриларкан, унга намозининг ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, олтидан бири, бешдан бири, чораги, учдан бири, ярмигина ёзилади»– дедилар (Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривояти. Бу ҳадисни аллома Албоний саҳиҳ деган).

Умар ибн Хаттоб (разияллоҳу анҳу) минбар устида туриб: «Кишининг соқоллари Ислом динида оқарган, бироқ Аллоҳ учун намозини тўкис қилмаган бўлади»– деганларида: «Қандай қилиб?»– деган савол берилди. Умар ибн Хаттоб (разияллоҳу анҳу): «Намозда туриб намозининг хушуси, тавозеси ва Аллоҳга йўналишни тўкис қила олмайди»– деб жавоб бердилар («Эҳяу улумид-дин» 10/202).

Умар ибн Хаттоб (разияллоҳу анҳу) бу сўзларни Исомнинг аввалги даврларида айтган эди. Бизнинг бугунги кундаги воқеълигимиз ҳақида нима дейишимиз мумкин?! Аллоҳим раҳм қилган кимсалардан бошқа кўп одамларни дунёнинг ишлари ҳар тарафга тортмоқда. У бадани билан намоз ўқисада, фикри билан дунёга, дунёнинг бозорларига савдо-сотиқ учун кетмоқда, фойда ёки зарар қилмоқда… Бу –  ғафлатдан бошқа нарса эмасдир!!

Ҳасан (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Омир ибн Абд Қайс (раҳимаҳуллоҳ) одамларнинг намозда тирикчиликни эслаганларини айтишаётганини эшитиб қолди ва: «Шундай бўлаяптими?»– деб сўради. Улар: «Ҳа»,– дегач: «Намозимда бундай бўлишидан кўра қорнимга турли тарафидан найзаларнинг санчилиши мен учун севимлидир»– деди (Имом Аҳмад «Зуҳд» 321).

Аллоҳга қасамки, бу – Аллоҳни лойиқ бўлганидек таниган ва намозларни тўкис ўқиган одамнинг воқеъсидир. Ҳаммод ибн Салама (раҳимаҳуллоҳ): «Мен қачон намозга турсам, кўз ўнгимда жаҳаннам гавдаланади»– деди («Тазкиратул-ҳуффаз» 1/219, «Шазаротуз-заҳаб» 1/263).

Азиз дўстим, жаҳаннам оташига тушишдан қўрқадиган одамнинг намозни қандай бўлишини тасаввур қилиб кўринг? У – Аллоҳнинг азобидан қўрқиш, Аллоҳ ҳузуридаги неъматлардан умид қилиш намозидир. У – дунё билан ви-  долашган, қилган амаллари билан охират ва охират неъмат-  ларидан умидвор бўлган одамнинг намозидир. Сиз Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳунинг ўғлига қилган васиятига амал қилинг: «Ўғилчам, намоз ўқисанг видолашаётган одамнинг намозидек ўқи! «Мен бу намозни яна бир марта ўқий оламан» деб хаёл қилма! Ўғилчам, унутмаки, мўъмин икки яхшилик ўртасида ўлади: бири қилгани, иккинчиси эса қолдиргани» (Софватус-софваҳ» 1/496).

Агар ҳар биримиз ўз намозида шу ҳолатда бўлса ва масъулиятни ҳис этса, намозни лойиқ бўлганидек Аллоҳга итоат қилиб адо этган бўлар эди.

Эй Сен, Унга бошлар эгилиб, хушуъ қилган Зот!

Буйруғига барча махлуқ бўйинсунган Зот!

Пешонамни қўйиб сажда қиламан Сенга,

Ҳокисорлик қилмадим, иллоки Сенга!

(Доктор Юсуф Қарзовий девони, 32).

Бакр Музаний (раҳимаҳуллоҳ) намозга ҳарислик ва уни тўкис шаклида адо этишга чақириб шундай дейди: «Агар намозинг сенга фойда беришини орзу қилсанг: «Бундан бошқа намоз ўқимайман!»– де» («Жомиъул улуми вал-ҳиками» 466).

Агар биз шу йўлдан кетсак аҳволимиз ўзгарар, ишимиз тузалар, намозимиз қоим бўлар эди. Чунки, намоз мусулмоннинг дунёдан охиратга чиққан йўлидаги озуқаси ва қабрида илк сўраладиган нарсадир.

Суфён Саврий (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Агар мен Мансур ибн Мўътамир (раҳимаҳуллоҳ)ни намозда кўрсам: «У ҳозир ўлиб қолади!»– дер эдим» («Софватус-софваҳ» 3/114).

Бу – унинг намозга қаттиқ эътибор бергани ва комил адо этишга ҳаракат қилганидан эди. Ҳар бир намозини шундай ўқишга одатланган одамнинг намози – бундан кейин ўқилмайдиган намоз бўлади ва Абдуллоҳ ибн Масъуд (разияллоҳу анҳу) таъкидлаганидек, иншааллоҳ, унинг хотимаси яхши бўлади: «Мудом намозда экансан подшоҳнинг дарвозасини қоқасан. Қоққан одамга подшоҳнинг дарвозаси очилади» («Софватус-софваҳ» 1/415). Аллоҳ Ўзига итоат этган, буйруқларига ижобат қилган ва таъқиқларидан сақланган бандага нисбатан раҳмлиларнинг раҳмлироғи ва ҳурматлаганларнинг ҳурматловчироғидир.

Шубрума (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Биз Карз Ҳорисийга сафарда ҳамроҳ бўлган эдик. Бирон ерга қўнсак у атрофга боқар ва диққатини тортган жойга бориб, кетгунига қадар намоз ўқир эди» («Софватус-софваҳ» 3/120).

Чунки унинг қалби тоат-ибодатларга боғланган, ҳар бир замони эса ибодат эди. Ахир умри бир неча йил ва нафаслари белгилаб қўйилган бўлса, инсон умрида ўйин-кулгу ва беҳуда нарсаларга ўрин қоладими?!

Бўш қолсанг кундузлари билиб ғанимат,

Ўқи намозни ихлос-ла, икки ракаат.

Ҳақсиз нарсани айтмоқчи бўлсанг

Ўрнига ҳеч тинмай тасбеҳларни айт!

Тилинг буррою, ҳаким бўлса ҳам,

Сукут сақлашинг яхшидир, албат!

Саноқли кунлар ва белгиланган лаҳзаларни тоат-ибодатда ўтказингиз ҳамда Аллоҳ таолонинг даргоҳидаги туганмас неъматлар умидида жиддий ва сабот билан амал қилингиз!

Салафнинг ҳаёти – ибодат, итоат, солих амал ва тақводан иборат эди. Омир ибн Абдуллоҳ (раҳимаҳуллоҳ)га: «Нафсингиз намозда сизга бирон нарса дейдими?»– деб савол берилганида: «Ҳа, (Қиёмат кунида) Аллоҳнинг ҳузурида турганим ва икки диёрдан бирига кетаётганимни»– деб жавоб берган эди («Эҳёу улумид-дин» 1/202).

Бугун ўз ҳолимизга қаранг, нафсимиз намозда бизга нималар дейди?!

Хотира ва хаёллар намозимизда ёпирилиб келади. Баъзида намозимиз давомида булардан қутила олмаймиз. Гўё намоз фикр ва туйғулар келадиган майдонга ўхшайди. Намозда сотиш ва харид қилиш кучаяди!! Фойда ва зиёнлар ҳисоботи намозда такрорланаверади… Ҳатто, айрим одамлар Аллоҳнинг ҳузурида турган бўлишларига қарамай олис-олисларга сафар қилиб, қайтиб келади! Агар бирон бир масъул одам олдида турса, диққатини бузмайди, ҳар бир нарсани ёдида тутади. Аммо намозда-чи, саноқлари оз, Роббим марҳамат қилган кимсалардан бошқа кўпчилик, намозини тўкис адо эта олмайди?!

Дўстим!

Қайғуси эртаю кеч «Аллоҳ» бўлган банданинг эҳтиёжларини, Аллоҳнинг Ўзи зиммасига олади. Унинг барча қайғуларини кушойиш қилади. Қалбини Аллоҳга бўлган муҳаббат, тилини Аллоҳнинг зикри, узвларини Аллоҳнинг итоатига мойил қилади. Эртаю кеч дунё ғамини қилган бандага, Аллоҳ, дунёнинг ғаму қайғусини юклайди, ўзини ўзига ташлаб қўяди. Қалбини бандалар муҳаббати, тилини уларнинг зикри, узвларини эса уларга бўлган хизматга мойил қилиб қўяди.  У бошқалар хизмати учун ваҳший ҳайвонлар бошқалар учун “хизмат” қилишганидек хизмат қилади («ал-Фавааид», 110).

Абу Абдурраҳмон Айдий айтди: «Мен Саид ибн Абдулазиздан: «Намозда нега йиғлайсиз?»– деб сўрадим. У: «Жиян, нега бу ҳақда савол бераяпсиз?»– деди. – Шояд Аллоҳ бу билан менга ҳам фойда берар,– дедим. У: «Намозга турдим-ми, олдимда жаҳаннам гавдаланади!!»– деди («ас-Сияр» 5/259).

Шунинг учун ҳам, Осим ибн Абу Нажуд намоз ўқиса қоққан қозиқдек қимирламай турар эди. Жума кунлари жума намозидан сўнгра асргача масжиддан чиқмасди. У – тинимсиз намоз ўқийдиган яхши обидлардан эди. Бирон эҳтиёжи учун кўчага чиқиб масжидни кўриб қолса: «Бу ёққа кел, эҳтиёжимиз қочиб кетмас»– деб масжидга кирар ва намоз ўқир эди.

У вафот этди, Аллоҳ раҳмат қилсин! Биз-чи, ҳануз:

«Эртаю кеч чопмоқдамиз эҳтиёжлар ортидан,

Тирикларнинг эҳтиёжи ўлмас экан, туганмас.

Ўлсак агар бирга ўлар эҳтиёжлар

Яшар экан, эҳтиёжнинг тугагани билинмас!»,

деб айтилганидек ҳолдамиз. Аллоҳнинг Ўзи бизга раҳм қилсин!

Бировимиз ажал келиб ўлгунича дунё ортидан чопмоқда. Ҳолбуки, унга қилган солиҳ амалларигина фойда қилади.

Қосим ибн Муҳаммад (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Эрталаб турсам Оиша разияллоҳу анҳонинг олдига кириб, унга салом берардим. Одатдагидек бир куни эрталаб Оиша разияллоҳу анҳонинг олдиларига кириб, салом бердим. У чошгоҳ намозини ўқиётган ва: «Аллоҳ бизга лутф қилди ва бизларни жаҳаннам азобидан қутқарди» (Тур: 27) оятини тиловат қилаётган экан. У йиғлар, дуо қилар ва оятни такрорлар эди. Мен кута-кута зерикдим. У эса пинагини бузмай ибодатига давом этди. Буни кўргач бозор томонга йўл олдим ва: «Эҳтиёжларимни олиб, қайтиб келарман»– дедим. Бозордан қайтиб келсам, У, ҳануз оятни такрорлар, йиғлар ва дуо қилар эди» («Эҳёу улумид-дин» 4/436).

 

Чошгоҳ намозини ўқишлик суннати

Бугунги кунда талайгина одам чошгоҳ намозини ўқиш суннатини адо этмай қўйишди.  Уни озгина одамларгина ўқимоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса ўз ҳадисларида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳуга бу намозни ўқишга васият қилган эдилар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: «Халилим – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал-  лам менга уч нарсани васият қилди: ҳар ойда уч кун рўза ту-  тиш, чошгоҳнинг икки ракаат (намоз)и ва (кечаси) ухлашдан илгари витр (намози)ни ўқиш» (Муттафақун алайҳ).

Бугун бомдод намозини қолдирмай ўқиётган кишилар ҳам бомдод пайтидан пешингача бўлган муддат ичида Аллоҳни жуда ҳам оз зикр қилмоқалар. Ҳолбуки, бу – узоқ муддат ва бебаҳо лаҳзалардир. Гоҳо бу муддат ичида дунёни эслаш ва у билан машғул бўлиш оқибатида охиратдан ғафлатда қолинмоқда.

Орзулар уммонига чўмганинг маҳал

Дунёлар сеники бўлиб қолади.

Ажалинг етиб ўлим келган он

Орзулар ортингдан тинмай қолади.

Гўёки суғорилган хурмо ниҳоли

Бир кун келиб катта хурмо бўлади.

Инсон-чи, ажали етгани замон,

Мурдага айланиб, адо бўлади!

(«Таъриху Бағдад» 12/318).

Салаф хушуъси

Намозга бўлган муҳаббат, уни зоҳиран ва ботинан мукаммал суратда адо этиш учун шошилиш – қалбдаги Аллоҳнинг муҳаббати ва Аллоҳга дуч келишга бўлган иштиёқнинг аломатидир. Намоздан юз ўгириш, уни адо этишда ялқовлик қилиш, муаззин чақириғига лоқайдлик қилиб, мусулмонлар жамоати билан бирга эмас, масжиддан бошқа ерда танҳо ўқиш, ҳақиқатда, қалбда Аллоҳ муҳаббатининг йўқлиги ва Аллоҳ ҳузуридаги неъматларни тарк этиш аломатидир («Солатул-жамаати»).

Келинг, салафнинг намоздаги ҳоли ва хушуъсига бир назар ташлайлик.

Маймувн ибн Ҳайён (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Мен Муслим ибн Ясор (раҳимаҳуллоҳ)нинг енгил ёки узоқ намоз ўқир экан, (бирон ҳодиса туфайли) масжиддан бурилиб чи-  қиб кетганини кўрмадим. Бир куни масжиднинг бир тарафи қулаб тушди. Бозорда турган одамлар унинг йиқилишдан ташвишга тушган бўлсаларда, Муслим ибн Ясор масжид ичида пинагини бузмай намозини давом эттирган эди» (Имом Аҳмад «аз-Зуҳд» 359).

Халаф ибн Айюб (раҳимаҳуллоҳ)дан: «Намозингизда пашша сизга озор бермайдими. Нега уни ҳайдамайсиз?»– деб сўралганида: «Нафсимни намозимни бузадиган ишларга ўргатмайман»– деб жавоб берди. – Бунга қандай сабр қиласиз?, дейилганида эса: «Менга фосиқларнинг султон қамчиларини егач: «Фалончи бардошлидир!» деб айтилган сўздан фахрланганларини эшитдим. Шундай экан, битта пашша учун мен қандай ҳаракат қилай!!»– деб жавоб берди («Эҳёу улумид-дин» 1/179).

Ибн Зубайр (разияллоҳу анҳу) намозда хушуъси сабабли тахтадек қотиб қолар эди.

Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) кўп намоз ўқигани учун «қозиқ» деб аталар эди («ас-Сияр» 6/400).

Салафнинг мудом ибодатда бўлганлари ва кўп намоз ўқиганларини Абу Убайдуллоҳ ал-Вазирнинг набираси – Убайдуллоҳ ибн Сулаймон (раҳимаҳуллоҳ) шундай тавсифлайди: «Бобом иккита жойнамозни эскиртди. (Бобомнинг обидлардан эканини билардим. У бундан бир неча йил илгари вафот этди). Учинчи жойнамозни ишлата бошлаган ва кўп намоз ўқигани учун тиззалари, юзи ва кафтлари теккан жойларнинг оҳорини тўккан эди».

Бобом ҳар куни беш минг кишига етадиган унни садақа қиларди. Нархлар кўтарилгач ўн минг кишига етадиган унни садақа қила бошлаган эди».

Намоздан уларни бирон нарса чалғита олмас, Аллоҳ билан ўрталарини тўса олмас эди. Ҳушёрлик – намоз ўқиш ва Аллоҳдан хушуъ қилишгагина қаратилган эди.

Абу Абдуллоҳ Нубоҳий (раҳимаҳуллоҳ) кунларнинг бирида тарсусликларга имом бўлиб намоз ўқир экан, (жиҳодга) сафарбарлик нидоси қилинди. У намозини енгиллатмади. Намозни ўқиб бўлгач: «Сен – жосусмисан?»– деб савол берилганида: «Нега бундай деяпсизлар?»– деб савол билан жавоб қайтарди. «Чунки, жиҳодга сафарбарлик ҳақида нидо қилинганида намозингни енгил ўқимадинг?»– дейишганида: «Мен намоз ўқишга киришган одамнинг қулоғига Аллоҳ қилган хитобдан бошқа нарсанинг киришини тахмин этмайман»– деб жавоб берди («Софватус-Софваҳ» 4/279).

Салаф, аллома ибн Ражаб (раҳимаҳуллоҳ) «Латоифул-маъариф» китобида қаламга олганидек, Аллоҳ таолонинг:

«Яхшиликлар учун беллашинглар!» (Бақара: 148) ва:

«Роббингизнинг мағфирати ва кенглиги Осмону Ерларча бўлган жаннат учун шошилинглар!» (Оли Имрон: 133) оятларини тинглар эканлар,  уларнинг ҳар бири бошқалар билан бу эҳтиромга лойиқ бўлиш учун беллашиши ва бу олий мақомга эга бўлиш учун шошилиши кераклигини тушунар эди. Агар бировнинг ўзи қила олмайдиган амални қилаётганини кўрса, ўша одамнинг беллашув ғолиби бўлишидан қўрқар, ютқизгани учун ўкинарди. Уларнинг беллашувлари охират мақомлари ва унга сазовор бўлиш эди. Улардан сўнг бир авлод дунёга келиб, ишни аксига айлантирдилар. Натижада, уларнинг беллашувлари пасткаш дунё ва унинг фоний насибаларидан нарига ўтмай қолди.

Мана бу Абу Талҳа (разияллоҳу анҳу) дарахтлари кўп бўстонда намоз ўқиди. Бирдан, дарахтларнинг биридан учган қуш унинг нигоҳини тортди (ва хаёли бўлиниб) неча ракаат намоз ўқиганини билмай қолди!!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошига келган ФИТНАни айтиб: «Ё Расулуллоҳ, у (бўстон) – садақадир. Хоҳлаган жойингизга ишлатинг!»– деди («Эҳёу улумид-дин» 1/194).

Бир одам ўзининг мевалари етилиб қолган хурмо бўстонида намоз ўқир экан, бўстонидан қувонди ва неча ракаат намоз ўқиганини билмай қолди. У бу ҳодисани Усмон разияллоҳу анҳуга айтиб: «У бўстон – садақадир. Уни Аллоҳ йўлида ишлатинг!»– деди. Усмон разияллоҳу анҳу уни эллик минг динорга сотдилар («Эҳёу улумид-дин» 1/194).

Бу икки шахс намоз ва намоз аҳамиятининг буюклиги сабаблигина шундай қилдилар.

Дўстим, биз бу дунёни икки намоз ўртасига омонат қўйишимиз керак: бири ўқиган намозимиз, иккинчиси эса келишини кутаётганимиз намоз. Биз ҳар бир намозни (ҳаётдан) видолашаётгандек ўқишимиз зарур. Шояд Аллоҳ бу билан ҳаётимизни хайрли хотима билан тугатиб, яхшиликларимизни қабул айлар ва Ўз лутфу карами билан гуноҳларимизни кечирар.

Муҳаммад ибн Исмоил – «Имом Бухорий» тунларнинг бирида намоз ўқир экан ўн етти марта ари чақди. У намозни тугатгач: «Қаранглар, менга нима озор берибди?»– деди («ас-Сияр» 12/ 441).

Бу сабр уларнинг хушуълари, Роббиларига қилаётган муножотларида диққатли бўлганларидан келиб чиққан. Инчунун, Абу Наср Фародис (раҳимаҳуллоҳ) Саид ибн Абдулазиз (раҳимаҳуллоҳ)нинг: «Мен намозда кўз ёшларимнинг бўйрага тушган томчиларининг товушини эшитаман»– деганини нақл қилди («Тазкиратул-ҳуффааз» 1/219).

Қалбимиз қорайгани туфайли, биз, кўз ёшларини рамазон ойидагина кўрамиз. Унда ҳам қалблари нозик, Роббиларига хушуъ қилиб, пешоналарини ҳокисор қилган бир ҳовуч инсонларда кўрамиз, холос!

Солиҳларни ёшларининг улғайиши ва баданларининг заифлиги Аллоҳ таоло ҳузурида узоқ туришга тўғаноқ бўлмаган. Абу Исҳоқ Субайъий (раҳимаҳуллоҳ) шундай дейди: «Мен аввалгидек намоз ўқиёлмай қолдим. Танам заифлашди. Бугун намозга турсам Бақара ва Оли Имрон сурасинигина ўқий олаяпман!» («Софватус-софваҳ» 3/104).

Намозга ўзи туришга кучи етмай қолган одам ҳақида Абу Ало Абдий (раҳимаҳуллоҳ) шундай дейди: «Абу Исҳоқ Субайъий (раҳимаҳуллоҳ) бировнинг ёрдамисиз ўрнидан тура олмас эди. Намозга ҳам бировларнинг ёрдами билан оёққа турар ва қаддини тик тутиб минг оят ўқир эди» («Софватус-софваҳ» 3/105).

Атоъ ибн Абу Рабоҳ (раҳимаҳуллоҳ) ибн Журайж нақл қилганидек эди: «Мен Атоъ (раҳимаҳуллоҳ)дан ўн саккиз йил айрилмадим. У мўйсафид ёшида ҳам намоз ўқишга киришар, тик тургач ҳеч қимирламай Бақара сурасининг икки юз оятини ўқир эди» («Софватус-софваҳ» 2/213, «ас-Сияр» 5/87).

Унда уч нарса: қарилик, қувватсизлик ва узун қироат жам бўлган ва у қимирламай тек туриш билан хушуъда эди.

Келинг, энди узун намоз ўқиш билан донғи чиққан Абдуллоҳ ибн Зубайр разияллоҳу анҳу ҳақида Муслим ибн Баноқ Маккий (раҳимаҳуллоҳ) айтган сўзга қарайлик: «Ибн Зубайр (разияллоҳу анҳу) рукуъ қилди ва мен Бақара, Оли Имрон, Нисо ва Моида сураларини ўқиб бўлсам ҳам бошини рукуъдан кўтармади!!» («ал-Бидая ван-Ниҳая» 8/359, «ас-Сияр» 1/767).

Солиҳ кишиларнинг ибодатдаги тиришқоқликларини Валид ибн Алий (раҳимаҳуллоҳ) айтган нарсалар ҳам таъкидлайди: «Рамазон ойининг таҳажжудида бизга бир юз йигирма ёшли Сувайд ибн Ғафлаҳ (раҳимаҳуллоҳ) имом бўлар эди».

Маъруф (ибн Васл Таймий раҳимаҳуллоҳ) Амр ибн Саъд уруғининг масжидида имом эди. У хоҳ сафарда, хоҳ турар-жойида бўлсин, Қуръонни уч кунда хатм қилар эди. Қаттиқ эътибор бергани учун, имом бўлиб ўқиган олтмиш йил мобайнида намозида бирон марта ҳам адашмади.

Толқ ибн Ҳубайб (раҳимаҳуллоҳ): «Мен Аллоҳ учун белим оғригунича (намозда) туришни севаман»– деди ва Қуръонни бошидан бошлаб Ҳижр сурасигача ўқиб, сўнгра рукуъ қилди.

Собит Баноний (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Мен Мақом(и Иброҳим) орқасида намоз ўқиётган Абдуллоҳ ибн Зубайр (разияллоҳу анҳу)нинг ёнидан ўтар эканман, у гўё тиклаб қўйилган ходадек турар эди» («ал-Бидая ван-Ниҳая» 8/358).

Шикоятни Аллоҳдан бошқасига қилмаймиз. Ҳаётимизда энг тез адо этиладиган нарса намоз бўлиб қолди. Баъзиларимиз намозини қушлар чўқигандек тез, бошқаларимиз керакли даражада хушуъсиз, кўпчилигимиз эса эътиборсиз ва иштиёқсиз равишда ўқимоқдамиз.

Агар бу намозхонларнинг дунёвий манфаатлари ҳақида ўйлаб кўрсак, улар киссасига кирадиган чақалар ҳақида қанчалар диққатли, дидли, шошилмаган ва фидоийлик қилаётгани кўзларимиздан қочмайди.

Бизга нима бўлдики, намоздан юз ўгириб, масъулиятларимизни зое қилаяпмиз?

Абдуллоҳ ибн Масъуд (разияллоҳу анҳу) намозда турса гўё ташлаб қўйилган кийимга ўхшар эди (Имом Аҳмад «Зуҳд» 231).

Саид ибн Жубайр (разияллоҳу анҳу) намозда қозиқдек (қимирламай) турар эди («Софватус-софваҳ» 3/77).

Севимли дўстим, улар қаерда-ю, биз қаердамиз?

Абдуллоҳ ибн Зубайр (разияллоҳу анҳу) рукуъда экан қузғун келиб унинг орқасига қўна олар, сажда қилганида эса гўё ташлаб қўйилган кийимлардек турар эди («ал-Бидая ван-ниҳая» 8/359).

Биз ушбу хушуъ ва хотиржамликдан ҳайратланамиз. Сабаби, биз уларни кундалик ҳаётимизда кўра олмаяпмиз. Фақатгина…

Анбас ибн Уқба (раҳимаҳуллоҳ) сажда қилганида устига чумчуқлар қўнар, у эса гўё деворнинг бир бўлагидек турар эди («аз-Зуҳд» 496).

Келинг, солиҳлар билан бирга юрайлик. Мана бу Абу Бакр ибн Айёш айтмоқда: «Мен Ҳубайб ибн Абу Собит (раҳимаҳуллоҳ)нинг сажда қилаётганини кўрдим. Агар уни (сажда қилаётганини билмасдан) кўрсам эди, узоқ сажда қилганидан ўлиб қолибди, дер эдим» («ас-Сияр» 5/291).

Иброҳим Таймий (раҳимаҳуллоҳ) сажда қилса, деворнинг бир парчасидек қимирламай турар ва унинг устига чумчуқ-  лар қўнар эди («ас-Сияр» 5/61).

Ибн Ваҳб (раҳимаҳуллоҳ) шундай дейди: «Мен (Суфён) Саврий (раҳимаҳуллоҳ)нинг Ҳарамда шомдан сўнгра намозни бошлаб сажда қилганини ва ҳуфтон намозига азон айтилганидагина саждадан бошини кўтарганини кўрдим» («ас-Сияр» 7/266).

Улар ўзлари учун тикилган жаннат байроғи сари енг шимардилар. Жаннатга элтувчи тўғри йўл кўрсатилгач, у йўлда устивор қолдилар. Абадулабад мангуликдаги, боёнлик ҳаёти билан туганмас, кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсон хаёлига келмаган нарсаларни тушдек ёки тушда кўринган ёлқиндек, ғам-ғуссаларга йўғрилган, бир кулдирса, минг йиғлатган, бир ой қувонтирса ойлар давомида қайғуга солган, қайғулари қувончларидан бир неча баробар ортиқ, аввали хатар ва охири нобудгарчилик бўлган дунё эвазига сотишни катта зарар деб билдилар.

Абу Қутн (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Мен Шўъба ибн Ҳажжож (раҳимаҳуллоҳ)ни қачон рукуъ ёки сажда қилганини кўрсам: «Ажабо, унутдими?!»– деб ўйлаб қолар эдим» («Тазкиратул-ҳуффааз»: 1/193).

Алий ибн Фузайл (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Мен (Суфён) Саврий (раҳимаҳуллоҳ)нинг сажда қилаётганини кўрдим. (Каъбани) етти марта тавоф қилиб чиқсам ҳам, у саждадан бошини кўтармаган эди» («ас-Сияр»: 7/277).

Севимли дўстим, биз улар олдида киммиз?!

Тақводор ўлсада, ичимизда мудом тирикдир,

Ичимизда яшаган кўплаб инсон – ўликдир!

(«Таъриху Бағдад»: 13/207).

Намозни бунчалар эътибор ва диққат билан ўқишларига қарамай, Усмон ибн Абу Дуҳруш (раҳимаҳуллоҳ): «Мен қачон намоз ўқиган бўлсам, ундаги камчиликлар учун Аллоҳдан мағфират сўрадим»– деди.

Намозлари ва аҳволлари ҳақида тилга олишган сўзларга боқинг! Муовия ибн Мурра (раҳимаҳуллоҳ): «Мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг етмишта саҳобаси билан кўришишга муяссар бўлдим. Агар улар тирилиб келсалар эди, сизлар қилаётган ишлардан азондан бошқа нарсани танимас эдилар!!»– деди («Ҳилятул-авлия»: 2/299).

Маймувн ибн Муҳрон айтди: «Бизга эса бундан кўра оғирроқ гапни айтди: «Агар салафлардан бири ичингизга  тирилиб келса эди, сизларнинг қиблангиздан бошқа нарсани танимас эди!!». Бу – (ҳижрий) биринчи асрда айтилган эди. Бугунги кундаги биз ҳақимизда у нима дер эди экан?!

Ҳурматли дўстим!

Замонамизнинг ўзгариб, алишгани, елинидаги сутларнинг қуригани, яшил новдаларининг сўлигани, ширин таъми бузилгани оқил ва ҳушёр инсонларга кўринмоқда. 

(Келинг), салафларнинг намозни қандай адо этганларини тарифлаб берадиган бошқа бир манзарага назар солайлик. Ҳотим Асамм (разияллоҳу анҳу) намози ҳақида савол берилганида шундай жавоб берди: «Намоз вақти келгач таҳоратни тўкис қилиб оламан ва намоз ўқимоқчи бўлган жойимга бориб ўтираман. Узвларим жойига келгач, намоз учун ўрнимдан тураман ва Каъбани рўпарам, жаннатни ўнг, жаҳаннамни чап, Ўлим фариштасини орқа тарафимга қўяман. Намозимни (бу дунёдаги) сўнгги намозим деб ўйлай-  ман. Сўнгра, умид ва қўрқув орасида туриб, қатъий суратда такбир айтаман. Тартил билан қироат, тавозеъ билан рукуъ, хушуъ билан эса сажда қиламан. Чап думбамга ўтириб, чап оёғимни тўшак қилиб, ўнг оёғимни бош бармоғига тиклай-  ман ва ихлос билан туришга ҳаракат қиламан. Билмайман, бу намозим (Аллоҳ ҳузурида) мақбул бўладими ёки йўқми?» (Эҳёу улумид-дин»: 1/ 179).

Одамлар намоз ўқир эканлар беш мақомда бўладилар:

Биринчи мақом: ўз жонига жабр қилган, намозининг таҳорати, вақти, ҳудуди ва рукнларида лоқайдлик қилган одам.

Иккинчи мақом: Намозни ўз вақтида, ҳудуди, зоҳирий рукнлари ва таҳорати билан ўқишга давом этган, бироқ, васваса билан курашиб, васваса ва ўйларга берилиб кетган одам.

Учинчи мақом: Намознинг ҳудуди ва рукнларига риоя қилиб, нафси билан васваса ва ўйларни даф қилиш учун курашган ва душмани билан намозини «ўғирламаслиги» учун жанг қилган одам. У – намоз ва жиҳоддадир.

Тўртинчи мақом: Намозни бошлагач унинг ҳақлари ва рукнларини тўкис қилган, қалби намознинг ҳудудлари ва ҳақларидан биронтаси зое бўлмаслиги учун диққатли бўлган, балки, бутун қайғуси намозни лойиқ бўлганидек тўкис адо этиш бўлган, одамдир. Унинг қалби намозни тўкис адо этиш ва намозида Роббисига қуллик қилиш билан банддир.

Бешинчи мақом: Бу одам намозини бошлайди, бироқ, қалбини ушлайди ва Роббисининг ҳузурига қўяди. Қалби Роббисига, Уни кўриб тургандек, қараб, Унинг муҳаббати ва буюклиги билан жўшади. Натижада, васваса ва ўйлар йўқолади. Қалб билан Роббиси ўртасидаги пардалар кўтарилади. Бу одам намоз ўқиётган бошқа одамдан осмону Ер ўртасидаги нарсалардан кўра афзалроқ ва буюкроқдир. Чунки бу одам намозида Роббиси билан банд ва У билан қувонади.

Биринчи мақомдаги одам – жазоланади.

Иккинчи мақомдаги одам – ҳисоб қилинади.

Учинчи мақомдаги одам – авф этилган.

Тўртинчи мақомдаги одам – савобга сазовордир.

Бешинчи мақомдаги одам – Роббисига яқиндир. Чунки у намозида қувонч ато этилган одамлар жумласидандир (Намозида қувонч ато этилган одам – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга дунёйингиздан хушбўй нарсалар ва аёллар севимли қилиб кўрсатилди. Қувончимни намозга қўйилди»– дедилар (Насоий ва Имом Аҳмад нақл қилдилар. Бу ҳадисни аллома Албоний саҳиҳ, деди).

Бу дунёда намоз билан қувонган одам, охиратда Роббисига яқин бўлиш билан қувонади. Бу дунёда ҳам қувонади. Аллоҳ билан қувонган одам билан ҳамма қувонади. Аллоҳ билан қувонмаган одамнинг боши бу дунёда ҳам ҳасратдан чиқмайди (Ибн Жавзий «Фазоилуз-зикр»: 27).

Айрим салаф уламолари шундай дедилар: «Одам фарзанди, сен дунёдаги насибангдан кўра охиратдаги насибангга кўпроқ муҳтожсан! Агар ишни дунёвий насибангни қўлга киритиш билан бошласанг, охиратдаги насибангдан қуруқ қоласан ва бошинг хатардан чиқмайди. Агар ишни охиратдаги насибангни қўлга киритишдан бошласанг, дунёдаги насибангга эришиб, уларни тартибга соласан» (Ибн Жавзий «Фазоилуз-зикр»: 1/19).

Дўстлар, қалбнинг моғори икки нарса: ғафлат ва гуноҳдан пайдо бўлса, икки нарса: истиғфор ва зикр билан жилоланади. Ғафлат кимнинг вақтини кўп олган бўлса, моғор унинг қалбига ўрнашиб кетади. Қалб моғорлиги – у одамнинг ғафлатига қараб бўлади. Маълумотлар шакли моғорлашган қалбда лойиқ бўлганидек ўрнашмайди. Бу қалб ботилни ҳақ, ҳақни эса ботил тусида кўради. Чунки, қалб моғорлашгани сайин золимроқ бўлиб боради. Қалбда ҳақиқатлар сурати лойиқ бўлганидек очиқ намоён бўлмайди. Моғори ўрнашиб қорайса, қалбнинг тасаввур ва идроки ҳам бузилади-да, ҳақиқатни қабул ва ботилни инкор этмайди. Бу – қалбнинг энг оғир қийноғидир. Бунинг асли ғафлат ва майлликларга эргашишидан келиб чиқади. Зеро, ғафлат ва майлликларга эргашиш қалб нурини сўндириб, кўзини кўр қилади (Ибн Жавзий «Фазоилуз-зикр»: 46).

Аллоҳнинг сўроқлари ҳақ эканлиги,

Қилган зулми бандалардан олинишини,

Эзгу ҳасаноти тақдирланишини

Билган, қандай яшасин ҳаёт-айшини!

(«Шарҳус-судур»: 295).

Толқ ибн Ҳубайб (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Аллоҳнинг ҳақлари банда адо эта олмайдиган даражада каттадир. Шунинг учун улар эрта-ю кеч тавба қиладилар» («Эҳёу улумид-дин»: 4/16).

Азиз дўстим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафоти олдидан умматига: «Намоз(га диққат этинглар)! Намоз(га диққат этинглар)! Қўл остингиздаги (қул ва жория)лар(нинг ҳақларини зое қилмасликка диққат этинглар)!»– дедилар (Ибн Можа ва Имом Аҳмад (27415) ривоятлари. Аллома Албоний бу ҳадисни «саҳиҳ», деди).

Аллоҳ сизни амр қилган жойида топсин, таъқиқлаган жойида топмасин!

 

(Давоми бор …)