Category Archives: Мақолалар

 
 
Бу категорияда исломий даъват ҳақидаги мақолалар ёритилади.

Қуллар … (Толмас даъватчи Саййид Қутб раҳимаҳуллоҳ)

 

Қуллар …

 

Муаллиф: Толмас даъватчи Саййид Қутб раҳимаҳуллоҳ

Мутаржим: Абу Жаъфар ал‒Бухорий

   

Қуллар ‒ ижтимоий ва иқтисодий шароитларгина қул бўлишга мажбурлаган ёки ҳўжайинлари хоҳласа сотадиган ва хоҳласа ҳайвондек муомала қиладиган кимсаларгина эмас. Аксинча, қуллар ‒ ижтимоий ва иқтисодий шароитлар қулликдан озод қилган бўлсада, қуллик сари ўз хоҳишлари билан талпинган кимсалардир…

Қуллар ‒ саройлари, ерлари, етарли пуллари, иш бериш ва ишлаб чиқариш имкони мавжуд, мулклари ва таналарига бирон кимсанинг васийлиги бўлмаган, шундай бўлсада, ҳўжайинларнинг дарвозаси олдида тирбанд турган, қуллик ва хизматкорликка талпинган, бўйинларига кишан, оёқларига занжир солган ҳамда қуллик нишонини ғурур ва фахр билан тақиб юрган кимсалардир…

Қуллар ‒ ичкарида ҳўжайинларнинг хўрланган қулларни этиклари билан қандай тепкилагани, хизматидан огоҳлантиришсиз қандай ҳайдагани, қулларнинг эса ҳўжайинлари олдида бошларини итоаткорона эггани ва ҳўжайинлар уларга тарсакини қандай тушираётгани ва охир оқибат уларни остонадан ташқарига улоқтиришга қандай буюраётганини ўз кўзлари билан кўриб турсаларда, қувилган хизматкорлар ўрнига ўз хизматларини тақдим этиш учун остона олдида тирбанд турган кимсалардир… Ҳўжайин қанчалар кўп таҳқирласа, улар ҳўжайинларига, пашшадек парвона бўлиб, шунча талпинадилар…

Қуллар ‒ ҳурриятдан қўрқадиган кимсалардир. Уларни бир ҳўжайин қувса, бошқа ҳўжайинни қидиришади. Чунки уларда қулликка бўлган кучли эҳтиёж бор. Чунки уларнинг олтинчи ёки еттинчи ҳис этиш туйғуси ‒ қуллик иштиёқи бор! Улар бу туйғуни қондиришлари керак… Уларни биров қул қилмаса, бу туйғулари ташналикни ҳис этади ва улар ўзларини остоналарга ташлаб ёлбора бошлашади. Ҳўжайиннинг бир ишораси билан унга сажда қилиб йиқилишади!…

Қуллар ‒ озод қилинишса ҳур инсонларга эмас, қўрада қолган бошқа қулларга ҳасад қиладиган кимсалардир. Чунки, ҳуррият уларни қўрқитади, эҳтиром ‒ уларга оғирлик қилади. Зеро белларига боғлаган қуллик камари, уларнинг ғурурланган нишонларидир! Хизмат кийимларига тақилган нишонлари эса, улар жонларини фидо қилишадиган қимматбаҳо зийнатлардир!

Қуллар ‒ бўйинларида эмас, кўнгилларида кишанни ҳис этган кимсалардир. Шу боис уларнинг таналари тушаётган қамчи зарбаларини ҳис этмасада, хорли ва хўрлик қамчилари уларни ҳаяжонлантиради… Қулжаллоблар уларни қулоқларидан ўтказилган ҳалқалар билан етакламайди. Аксинча, улар қулжаллобсиз ҳам кетаверадилар. Чунки қуллик уларнинг қонларида гизлидир!

Қуллар ‒ қуллар занжирида ва қулжаллоблар қўрасидагина ўзларини яхши ҳис этадилар. У ердан чиқиб, жамиятдаги жўшқин ҳаёт ичида дарбадар бўлиб, ёруғликка боқишдан қўрқишади ва итоаткорона қайтиб, қўра дарвозасини қоқишади… Дарвозабонларга дарвозаларни очишлари учун ялиниб‒ёлборишади…

Қуллар шундай бўлиш бирга, Ер юзидаги ‒ зўравон, ҳурриятпарвар инсонларга ‒ қаттиққўл, уларга ишканжа қилиш билан роҳатланадиган, озорлаш ва азоблаш билан лаззатданадиган, шафқатсиз ва бағритош жаллодлар мисоли ўч оладиган кимсалардир.

Улар ҳур инсонларнинг мақсадларини тушуна олмайдилар. Аксинча, ҳурриятни ‒ давлатга қарши чиқиш, устиворликни ‒ иллат, иззатни эса жиноят деб тушунадилар. Шу боис ичларидаги интиқом олиш туйғусини қуллар карвонида юрмаган иззатли ва ғурурли инсонлар устида амалий татбиқ этадилар.

Қуллар, ўз ҳўжайинларини рози қилиш учун мусобақа қилишганидек, ҳур инсонларни сазойи қилиш воситаларини ўйлаб топишга ҳам белларини маҳкам боғлайдилар! Шундай бўлсада, ҳўжайинлари уларни хизматдан қувишади! Чунки, ҳўжайинларнинг табиати бир ўйинни кўравериб сиқилади ва ўйинчиларни дарвоза олдида турган ўйинчиларга алиштиришади…

Шундай бўлсада, келажак қуллар ва қуллар пойи остида пешоналарини тупроққа белаётган ҳўжайинларга эмас, ҳур инсонларгадир! Келажак ‒ ҳур инсонларникидир!

Чунки, башариятнинг ҳуррият йўлидаги кураши беҳуда кетмайди!

Чунки, вайрон қилинган қуллар қўраси қайта тикланмайди

Чунки, парчаланган қуллик кишанлари қайтадан қуйилмайди!

Қуллар сонининг кўпаяётгани, тўғри. Бироқ, ҳур инсонлар сони ҳам кун сайин ортмоқда. Халқлар бутунлай ҳуррият сари юришга қўшилиб, қуллар карвонидан нафрат этмоқда. Қуллар ҳам, агар хоҳлашса, ҳуррият карвонига қўшилишлари мумкин эди. Чунки қуллар, юқорида айтганимдек, бурунларига ҳалқа қўйишлари учун қўра дарвозаси олдида дарвозани қоқиб туришмаса, жаллодларнинг қуллар тизгинини тута оладиган даражада кучлари қолмайди.

Шундай бўлсада, ҳуррият карвони шахдам одимлар отиб йўлида давом этмоқда. Унга йўл асносида минглаб, миллионлаб одамлар қўшилмоқда! Жаллодларнинг бу карвоннинг йўлини тўсиш ёки улар устига қулбаччаларини юргизиб, сафларни парчалаш учун қилаётган ҳаракатлари беҳуда кетмоқда!

Ҳур инсонлар танасини моматалоқ қилаётган қамчи савашлари беҳудадир!

Ғовларни бузган, қояларни парчалаган ва рўпарасида тиконлардан бошқа нарса қолмаган ҳуррият карвони, энди тўхтамайди!

Бу ‒ интилишдан кейинги интилишдир! Кўҳна тажрибаларнинг барчаси ҳуррият билан қуллик ўртасида бўлиб ўтган курашларда ғалаба ҳурриятга насиб этганини кўрсатмоқда. Баъзида ҳурриятнинг қўллари қонаши мумкин, бироқ, ҳал қилувчи зарбанинг ҳурриятники экани аниқдир. Бу ‒ Аллоҳнинг Ер юзидаги қонуниятидир. Зеро, ҳуррият ‒ келажак чўққисидаги олис ғоя бўлиб, қуллик эса ўтмиш ботқоғига нодир чекинишдир.

Қуллар карвони доимо ҳуррият карвонининг йўлини тўсишга ҳаракат қилади ва у, қўрадаги барча қулларни ўз ичига олсада, ҳуррият карвонида иштирок этаётанларни тор‒мор қилишга кучи етмайди. Ҳуррият карвонида бугунги кунда фақатгина йўлбошчилар бор! Қолган қуллар карвони эса, бутун башариятни ўз ичига олган ҳуррият намойишларига қарши тура олмайди.

Бу нақадар очиқ ҳақиқат бўлсада, ундан кўра устиворликда қолишмайдиган бошқа ҳақиқат ҳам бор: ҳуррият карвони қурбонлар бериши, қуллар карвонининг ҳуррият карвонининг баъзи жабҳаларини яралаши, қуллар қамчиси айрим ҳурларнинг таналарини моматалоқ қилиши ва ҳурриятнинг мажбуриятлари бўлиши керак. Ахир, қулликнинг мажбуриятлари бор экан, ҳурриятнинг озодлик бўлгани учун мажбурияти бўлмасинми?!

Бу ҳам, у ҳам ҳақиқат бўлсада, натижа ‒ маълум, ғоя ‒ равшан, йўл ‒ очиқ ва тажрибалар ‒ кўпдир. (Келинг), қуллар карвони ва улардаги қулларни белларидаги камарлари ва кўкаракларидаги нишонлари билан бир чеккага қўяйлик ва ҳуррият карвонидаги ҳур инсонларга қарайлик: уларнинг бошларини қурбонлик ҳисси, кўкаракларини эҳтиром нишони безаб турибди. Биз, натижанинг бардошлиларга берилишини аниқ била туриб, тиконлар билан тўшалган йўлларда шахдам одимлар отаётган ҳуррият карвонига қўшилайлик!

 

 

Дин – янгилик яратиш эмас, эргашишдир! (Аллома Сафар Ҳаваалий)

Дин – янгилик яратиш эмас, эргашишдир!

Маърузачи: Аллома Сафар Ҳаваалий

Мутаржим: Абу Жаъфар ал‒Бухорий

Асл сарлавҳа:الدِّينُ اتِّبَاعٌ لَيْسَ ابْتِدَاعًا

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир… Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.

Сўнг …

Гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир, ҳар бир залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аллоҳ таборака ва таолодан бизни гапларни эшитган ва уларнинг яхшиларига эргашган кишилар қаторида қилишини, қалбларимизни эшитган оятлар билан хушули қилишини, узву амалларимизни пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етказган ҳидоятга эргашган қилишини тилайман!

Зикр ҳалқаларининг аҳамияти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган амрдан келиб чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига Аллоҳни зикр қилишлари учун байъат қилар эдилар. Шунинг учун ҳам, асҳобларига: «Бировингиз биродари учун ўзига яхши кўрмаган нарсаларни яхши кўрмагунича (комил) мўъмин бўла олмайди»− дер эдилар (Имом Бухорий 13, Имом Аҳмад 14008).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: «Дин – насиҳатдир!», дея пурмаъно жумлани ҳам айтган эдилар (Имом Муслим 205, Термизий 4946). Шунинг учун ўзаро насиҳатлашиб, Аллоҳнинг зикрини олий қилиб, Аллоҳнинг уйларидан бирида, бидъатчи ва фосиқларни ғазаблантириш учун, тўпланиб туриш керак. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

﴿ فِي بُيُوتٍ أَذِنَ اللَّهُ أَنْ تُرْفَعَ وَيُذْكَرَ فِيهَا اسْمُهُ يُسَبِّحُ لَهُ فِيهَا بِالْغُدُوِّ وَالْآصَالِ رِجَالٌ لَا تُلْهِيهِمْ تِجَارَةٌ وَلَا بَيْعٌ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَإِقَامِ الصَّلَاةِ وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ

«(У чироқ) бир уйларда (яъни масжидларда ёқилурки), Аллоҳ уларни баланд кўтариб (бино) қилинишига ва уларда Ўзининг номи зикр қилинишига изн берган (яъни амр қилган) эди. У (масжидларда) эртаю кеч У зотни поклайдиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни (ҳақдорларга) ато этишдан машғул қила олмас» (Нур: 36, 37).

«Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ!) дея берилган гувоҳлик, Аллоҳ таборака ва таолога бўлган иймон, тавҳид ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига издошлик ришталари бирлаштирган ушбу мажлис ва зикр ҳалқалари, биродарларимизнинг бу дунёдаги бўстонлари, руҳлари ва райҳонларидир. Бу бўстонлар, ҳар бир мўъмин интиладиган ва ҳар кўнгил талпинадиган энг яхши маконлардир.

Биз эргашишга буюрилган Аллоҳнинг дини, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган дин бўлиб, Аллоҳ таоло унинг воситасида бидъатчилар ўйлаб топган ширк ва залолат сингари бидъат ва ифлосликларни Ер юзидан супуриб ташлайди. Натижада, Аллоҳ таолога энг кичик нарсалар билан осийлик қилинади. Демак, Ислом – эргашишдир, янгиликни ўйлаб топиш эмас! Хўш, бу жумланинг маъноси нима?!

Аллоҳ таборака ва таоло Муқаддас Қуръонидаги Анъом сурасининг охирида Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу «Ўнта васият» дея номлаган оятларни нозил қилди. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтди: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳри босилган васиятни кўрмоқчи бўлган одам – яъни, гўё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ёзиб муҳр босган ва ҳар биримизга юборган мактубини кўрмоқчи бўлган одам − ушбу оятларни ўқисин:

﴿ قُلْ تَعَالَوْا أَتْلُ مَا حَرَّمَ رَبُّكُمْ عَلَيْكُمْ أَلَّا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَلَا تَقْتُلُوا أَوْلَادَكُمْ مِنْ إِمْلَاقٍ نَحْنُ نَرْزُقُكُمْ وَإِيَّاهُمْ وَلَا تَقْرَبُوا الْفَوَاحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ وَلَا تَقْتُلُوا النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ ذَلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ وَلَا تَقْرَبُوا مَالَ الْيَتِيمِ إِلَّا بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ حَتَّى يَبْلُغَ أَشُدَّهُ وَأَوْفُوا الْكَيْلَ وَالْمِيزَانَ بِالْقِسْطِ لَا نُكَلِّفُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا وَإِذَا قُلْتُمْ فَاعْدِلُوا وَلَوْ كَانَ ذَا قُرْبَى وَبِعَهْدِ اللَّهِ أَوْفُوا ذَلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ وَأَنَّ هَذَا صِرَاطِي مُسْتَقِيمًا فَاتَّبِعُوهُ وَلَا تَتَّبِعُوا السُّبُلَ فَتَفَرَّقَ بِكُمْ عَنْ سَبِيلِهِ ذَلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

«Айтинг: «Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай. У зотга бирон нарсани шерик қилмангиз: ота-онага яхшилик қилингиз; болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз — Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз — бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашмангиз; Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонларни ўлдирмангиз, магар ҳақ билан (яъни қасос олиш учун ё муртад бўлгани, ёки зино қилгани учун шариат ҳукми билан ўлдиришингиз мумкин). Шояд ақл юргизарсиз, деб сизларни мана шу нарсаларга буюрди. Етимнинг молига то вояга етгунича фақат энг чиройли йўл билан яқинлашингиз! Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортингиз! Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз. Сўзлаганингизда (гувоҳлик берганингизда) гарчи қариндошингиз бўлса ҳам адолат қилингиз! Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Шояд эслатма (насиҳат) олурсиз, деб сизларни мана шу нарсага буюрди. Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр. Шояд тақво қилсангиз, деб сизларни мана шу нарсаларга буюрди» (Анъом: 151–153)» (Табароний «ал−Мўъжамул Кабийр» 9917).

● Муҳр босилган васиятдаги эргашишга фармон ва (дин номи билан) янгилик (бидъат) яратмаслик

Аллоҳ таоло бу ўн васиятни уларнинг энг буюги – Аллоҳ таолони яктолаш ва Унга шерик қилмаслик билан бошлади. Бу – динимиздан илк ўлароқ ўрганишимиз, қатъий риоя қилишимиз ва даъват этишимиз керак бўлган нарсадир. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуни Яманга юборар экан, унга шундай деган эдилар: «Дарҳақиқат, сен китоб аҳлидан бўлган қавм олдига борасан. Уларни илк ўлароқ «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ) деб гувоҳлик беришга (бошқа ривоятда: «Аллоҳнинг тавҳидига», яна бошқа ривоятда: «Аллоҳга ибодат қилишга») чорла!»− дедилар (Имом Муслим 29). Бу ривоятларнинг барчаси саҳиҳ бўлиб, ўрталарида бирон зиддият йўқдир. Чунки, Аллоҳга ибодат қилиш ‒ Унинг тавҳиди ва «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб шаҳодат беришдир ва бу, биринчи вазифадир.

Охирги васият эса, гўё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафидан муҳр босилгандек. У – Аллоҳ таолонинг ушбу оятидир:

﴿ وَأَنَّ هَذَا صِرَاطِي مُسْتَقِيمًا فَاتَّبِعُوهُ وَلَا تَتَّبِعُوا السُّبُلَ فَتَفَرَّقَ بِكُمْ عَنْ سَبِيلِهِ

«Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр» (Анъом: 153). Яъни, васият шу ҳидоятни ушлаш, унда юриш ҳамда ўнгу чапга боқмасликдир. Бу, ўнта васиятни тугаллаб, бошқаларини маҳкам тутиб туради. Аллоҳ учун қилинган барча ишнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам машру қилган нарсаларга мувофиқ бўлиши шартдир.

Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бизнинг ишимиз бўлмаган амални қилса, у қайтарилгандир»− дедилар (Имом Муслим 4590, Имом Аҳмад 25986). Яъни, ўз эгасига қайтарилгандир. «Бизнинг ишимиз бўлмаган» дейишдан мақсад, барча ишлар шу ишга, яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига мос бўлиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган иш ҳоким ва устун, бошқа ишлар унга бўйинсунган ва унинг доирасида бўлиши керак. Агар тавҳиддан тортиб, то муомала ва шариат фуруъотларигача бўлган ишлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган ишга зид бўлса, у ишларнинг барчаси (Аллоҳ тарафидан қабул қилинмай), ўз эгасига қайтарилгандир.

● Фотиҳа сураси ва у ўз ичига олган «эргашиш» ҳақиқати

Бу дин «янгилик яратиш» эмас, эргашиш бўлгани ва нафсу ҳавога бўйинсунмагани боис, Фотиҳа сурасининг аҳамияти ва буюклиги туфайли Аллоҳ таоло уни намознинг ҳар бир ракаатида ўқишни машру қилди. Барча мусулмон намозининг ҳар бир ракаатида Қуръоннинг онаси ва Қуръондаги энг фазилатли сура бўлмиш Фотиҳани фарз ўлароқ ўқийди ва биз ҳам ўқиймиз. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фотиҳа сурасини ўқимай намоз ўқиган одамнинг намози тўкис эмасдир!» дедилар (Имом Молик 188, Имом Муслим 904). Мазкур Фотиҳа сураси шу маънони, яъни, «Ислом дини янгилик яратиш эмас, эргашиш» эканини кафолатлаган.

Фотиҳа сураси тавҳид ва дин ишларини ўз ичига олган. Агар биз тавҳиднинг айрим уламолар тақсимлаган тўртта: Улуҳийят, Рубубийят, Исм ва сифатлар, Итоат ва Эргашиш тавҳидини назарда тутсак, уларнинг барчаси Фотиҳа сурасида кафолатланган.

Мазкур тақсим истилоҳий бўлиб, уни тўртта ёки камайтириб иккита қилинса ва: Тавҳид икки қисмдир: «Илмий эътиқодий тавҳид» ва бунинг ичига Исм ва сифатлардаги тавҳид ҳам киради ҳамда «Ибодат тавҳиди» деб ҳам аталган «Талаб қилинган амалий тавҳид ёки Улуҳийят тавҳиди»дир, дейилса ҳам бўлаверади. Рубубийят тавҳиди бундай тақсимотда исм ва сифатлардаги тавҳид ичига кирса, унинг айрим жиҳатлари «Улуҳийят тавҳиди» ичига ҳам киради.

Хуллас, энг катта фарзлардан бири ва Аллоҳ таолонинг бандалари устидаги ҳаққи бўлган тавҳидни мустақил суратда «Итоат ва эргашиш тавҳиди» десак ҳам, ёки «Итоат ва эргашиш тавҳиди» десак ҳам натижа бир бўлгани боис, Фотиҳа сураси уни барча қисмлари ва турлари билан ўз ичига олгандир.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Рубуийят тавҳидини:

﴿ الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ

«Барча оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!» (Фотиҳа: 2) оятида зикр қилди ва бу оят Рубубийят тавҳидини ўз ичига олди.

﴿ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

«Беҳад меҳрибон ва ўта раҳмли» (Фотиҳа: 3) ояти эса Исм ва сифатлардаги тавҳидни ўз ичига олади.

﴿ مَالِكِ يَوْمِ الدِّينِ

«Қиёмат кунининг эгаси» (Фотиҳа: 4) ояти эса, Исм ва сифатлардаги тавҳид билан бирга, энг даҳшатли кун ва иймон рукнларидан бири – Қиёмат куни, Жазо ва Тақдирлар кунинини эслатишни ҳам ўз ичига олган. У кунда тарозилар қурилади, амаллар ё қабул қилинади ёки рад этилади. У кунда одамлар икки гуруҳга айрилишади: бу гуруҳларнинг бири жаннатга, бошқаси эса жаҳаннамга киради.

Сўнгра Аллоҳ таоло:

﴿ إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ

«Биз Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз!»− деди (Фотиҳа: 5). Бу – Ибодат ва Улуҳийят тавҳидидир. Бу – Аллоҳ таолони ибодат билан яктолашдир. Шунинг учун ҳам «Сенгагина» олмоши ибодат ва ёрдам сўрашни Аллоҳгагина чеклаб, феълдан муқаддам келган: «Биз Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз!»− деди (Фотиҳа: 5). (Араб тилида жўналиш келишиги одатда феълдан кейин келади. Бирон ҳаракатни кимсага хослаш ёки тингловчининг эътиборини қаратиш учун эса, феълдан олдин ҳам келади). Бу, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига ҳам ўхшаб кетади:

﴿ قُلْ هُوَ الرَّحْمَنُ آمَنَّا بِهِ وَعَلَيْهِ تَوَكَّلْنَا

«Айтинг: «У (Аллоҳ) Раҳмон — Меҳрибондир. Бизлар Унга иймон келтирдик ва ёлғиз Унинг Ўзига таваккул қилдик — суяндик» (Мулк: 29). Бу ҳам, юқоридаги оят каби, Улуҳийят тавҳидини ўз ичига олади.

Ҳа, Аллоҳ таолога ибодат қилиш биз интилаётган ғоя бўлиб, мақсадимиз Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ризосига эришиш ҳамда Унинг жамолини жаннатда кўришдир. −Аллоҳ таоло бизу сизларга ушбу неъматни насиб этсин!– Бу, Аллоҳ таолога ибодат қилаётган барча мўъминнинг ғоясидир.

﴿ إِيَّاكَ نَعْبُدُ

«Сенгагина ибодат қиламиз!» (Фотиҳа: 5). Роббимиз, биз Сенгагина ибодат қиламиз! Сенинг юзингни мақсад қиламиз! Бизни жаннат аҳлидан қилишингни истаймиз! Бизга саховатли юзингни кўришга муяссар қилишингни сўраймиз! Бинобарин, Аллоҳ таолонинг муборак юзига боқиш, аввалги яшаб ўтган ва енг шимарган умматлар ва солиҳ инсонларнинг ғояси эди.

Кейин, Аллоҳ таолонинг:

﴿ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ

«Сендангина ёрдам сўраймиз!» ояти бор (Фотиҳа: 5).  

Мазкур ғояни амалга ошириш учун восита ва ёрдамчи Аллоҳ таолонинг ўзидангина бўлиши мумкин. Зеро ишларнинг барчаси Аллоҳдан ва Аллоҳга қайтади. Бу ишда бизнинг на кучимиз ва на қудратимиз бордир.

Аллоҳ таоло ҳадис қудсийда: «Мен намозни Ўзим билан бандам ўртасида иккига айирдим»− деди (Имом Молик «Муваттоъ» 188, Имом Муслим 395). Келинглар, банданинг:

﴿ اهدِنَا الصِّرَاطَ المُستَقِيمَ صِرَاطَ الَّذِينَ أَنعَمتَ عَلَيهِمْ غَيرِ المَغضُوبِ عَلَيهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ

«Бизларни, ғазабга дучор бўлмаган ва ҳақ йўлдан тоймаган зотларга инъом қилган йўлинг бўлмиш — Тўғри йўлга йўллагайсан» (Фотиҳа: 6, 7)дея илтижо қилган (Фотиҳа сурасининг) иккинчи яримига боқайлик.

Биз Аллоҳнинг китоби ҳақида тафаккур қилишимиз, Аллоҳнинг китобини тушунишимиз керак. Чунки, бу буюк сурани намозимизнинг ҳар бир ракаатида такрорлашимиз буюк ҳикмат учун фарз қилингандир. Зеро, Аллоҳнинг ҳар бир каломида ҳикмат, ибрат ва насиҳат бордир. Шундай экан, фарз ёки нафл намозларнинг ҳар бирида такрорланаётган энг буюк сура ҳақида нима дейсиз?!

﴿ اهدِنَا الصِّرَاطَ المُستَقِيمَ

«Бизларни, … Тўғри йўлга йўллагайсан» (Фотиҳа: 6, 7). Бу – Аллоҳ таолодан Тўғри йўлга ҳидоят қилишини ҳар бир ракаатда сўраган тилагимиздир. Хўш, Тўғри йўл қайсидир?

Тўғри йўл – «Дин − эргашишдир» деган сўзимизнинг мазмунидир. Тўғри йўл – Исломдир. У – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳидояти, Аллоҳ таолога итоат ва Ундан бошқа бирон зот учун ўнг ёки чапга оғмасликдир. Чунки, салаф солиҳлардан бири: «Тўғри йўл – Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумолардир»− деган. Яъни Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумо ва салаф солиҳ раҳимаҳумуллоҳлар юрган йўлдир. Агар биз Қуръон ёки Ислом ёхуд суннат ёда хулафойи рошидийнлар десак, буларнинг барчаси Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан ҳидоят қилишини тилаётганимиз Тўғри йўл ичига киради.

Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу:

﴿ وَأَنَّ هَذَا صِرَاطِي مُسْتَقِيماً فَاتَّبِعُوهُ

«Дарҳақиқат, бу – Менинг Тўғри йўлимдир, бас, унга эргашингиз!» (Анъом: 153) оятини, мактабларда ўқувчиларга жуғрофий ва арифметик масалаларни тушунтиришда қўлланилган услуб билан, амалий суратда баён қилиб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам битта тўғри чизиқни чизиб, унинг ўнг ва чап тарафларига бир неча чизиқлар чиздилар ва: Бу – Тўғри йўлдир ва у, Менинг Тўғри йўлимдир. «Дарҳақиқат, бу – Менинг Тўғри йўлимдир ва унга эргашинглар!»,− дедилар. Ушбу Тўғри йўл – Ислом ва суннатдир. Бу чизиқлар эса ҳар бир замон ва маконда кўпайган ва кўпаяверадиган истак, бидъат ва залолатлардир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Яҳудийлар етмиш бир гуруҳга бўлиндилар ва уларнинг биттасидан бошқа барчаси жаҳаннамдадир. Насронийлар етмиш икки гуруҳга бўлиндилар ва уларнинг биттасидан бошқа барчаси жаҳаннамдадир. Бу уммат тез кунда етмиш уч гуруҳга бўлинади ва улардан биттасидан бошқа барчаси жаҳаннамдадир» деганлар (Шу мазмундаги ҳадис: Ибн Можа 3992). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: (Умматингиздан жаннатга кирадиган у бир гуруҳдаги одамлар) кимлар?,− деб сўралганида бир ривоятда: «Жамоат!» − деб (Ҳоким 443), иккинчи ривоятда эса: «Бугун Мен ва асҳобларим турган нарса (йўл)»− деб жавоб берганлар (Ҳоким 444). Тўғри чизиқ атрофидаги чизиқлар эса, Аллоҳ таолога асраши учун дуо қилганимиз ўша гуруҳлар, залолатлар ва истаклардир. Биз, Аллоҳ таолодан Тўғри йўл – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дини ва суннатига эргашишда устивор қилишини ёлбориб сўраймиз.

Тўғри йўлдан оғиш ва нафсу ҳаво ҳамда бидъатларга эргашиш – кўҳна ҳолатдир. Бу оятнинг ўзи ҳам шуни кўрсатмоқда. У, Аллоҳ таоло биздан аввал Китоблар ато этган, лекин, Тўғри йўлдан оғган икки уммат – яҳудий ва насронийларга ишора қилмоқда.

Ҳатто, улардан ҳам нарига кетса, башариятнинг барча залолати ва тавҳиддан ширкка оғишининг асоси (дин номи остида) янгиликлар ўйлаб топиш ва ДИНга эргашмаслик эканини кўрамиз.

Одамзот ҳаётидаги ширк ‒ бидъатлар, бидъатларни ўйлаб топиш, истакларга (кўр−кўрона) эргашиш ва уларни Шайтоннинг чиройли қилиб кўрсатишидир. Чунки, Аллоҳ таоло биринчи отамиз Одам алайҳиссаломни тавҳидга фитратланган пайғамбар қилиб яратганидан сўнгра, уни Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ўзигина барча нарсаларни биладиган, одамзод ибодатнинг барча турлари билан йўналиши шарт бўлган Роб Илоҳ эканини биладиган қилиб қўйди. Шунинг учун одамзотнинг барча фарзанди фитрат узра дунёга келади. Дунёга келганидан кейин эса «ота−онаси уни яҳудий ёки насроний ёхуд мажусий қилади» (Имом Бухорий 1358). Бошқача сўз билан айтадиган бўлсак, жамият, муҳит ва тарбия болани Тўғри йўлдан оздиради.

Бу, Аллоҳ таоло айтган ушбу оятнинг тасдиқидир:

﴿ وَإِذْ أَخَذَ رَبُّكَ مِنْ بَنِي آدَمَ مِنْ ظُهُورِهِمْ ذُرِّيَّتَهُمْ وَأَشْهَدَهُمْ عَلَى أَنْفُسِهِمْ أَلَسْتُ بِرَبِّكُمْ قَالُوا بَلَى شَهِدْنَا

«Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан (яъни пушти камарларидан то Қиёмат Кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: «Мен Пар­вардигорингиз эмасманми?», деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: «Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», деганларини эсланг!» (Аъроф: 172). Булар Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг орқасини силаганида икки гуруҳ: оқ ва қора бўлган зурриётларидир. Ўшанда Аллоҳ таоло: «Булар жаннат учун, (улар қилган ишга) эътибор бермайман! Мана булар эса жаҳаннам учун, (улар қилган ишга) эътибор бермайман!»− деди (Ҳоким 84) ва улардан аҳду паймонни олди. Қиёмат кунида унутган одамларга ўша аҳду паймонни эслатади ва: Мен бобокалонингнинг пушти камарида турган пайтингда сендан «Менга ширк келтирмайсан!» деб аҳду паймон олганман!,− дейди.

● Башарият ҳаётида содир бўлган илк ширк ва илк залолат

Ислом умматининг илм денгизи ҳисобланган Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтганидек, Одам алайҳиссаломнинг зурриёти ўн аср давомида тавҳид билан қолди. Бу ўн аср ичида обид, ибодат, тақво, парҳез ва хушу билан донғи чиққан солиҳ кишилар етишиб чиқдилар. Одамлар уларни севдилар, ардоқладилар, ибодат ва хушуларига лол қолдилар. Яхшилик ва Аллоҳ таолога яқин бўлиш аломатларини кўрганлари боис, уларнинг солиҳ, дўст ва суюкли банда эканликларида шубҳа қилмадилар. Аллоҳ таоло Қуръон Каримида уларнинг исмлари Вадд, Сувоъ, Яғус, Яъуқ ва Наср бўлиб, солиҳ инсонлар, мужтаҳид обидлар эканини зикр қилди. Улар тавҳид даври тугаган авлодлардан аввалги авлодда яшашган ва улардан кейин ширк пайдо бўлган эди.

Оламдан ўтишгач уларнинг издошлари нима қилишди? Улар шундай мазмундаги гапни айтишди: Биз уларни кўриб Аллоҳ таолога бўлган ибодатни эсга олар эдик. Улар бизга Аллоҳни эслатишар, савобли ишларга буюришар, гуноҳ ишлардан қайтаришар, Аллоҳга яқинлаштирадиган барча эзгу ишларни бизга айтишар ва ўзлари уларни ҳаётга татбиқ қилишар эди. Буни биз ўз кўзимиз билан кўрар эдик. Энди эса улар оламдан ўтдилар. Уларнинг ибодатларини қандай эслаймиз? Тоату ибодатда уларга қандай ўхшаймиз ва улар каби қандай ҳаракат қиламиз?

Уларнинг олдига шайтон келди ва: Модомик улар вафот этишган экан, суратларини чизиб олсангиз, бу суратларни кўрган пайтингизда Аллоҳнинг ибодатларини эслайсизлар. – Гўё, бу суратлар йўқолган ҳақиқатнинг таъбири ва мисоли бўлади – бу суратларни кўрганингиз маҳал ўша солиҳ бандалар: Вадд, Сувоъ, Яғус, Яъуқ ва Насрни кўргандек бўласизлар ва худди уларнинг тириклик даврларидагидек Аллоҳ таолога ибодат қилиб, Аллоҳнинг итоатида тиришасизлар,− деди ва улар солиҳ одамларнинг расмларини чиздилар.

Хўш, Аллоҳ таоло бунга рухсат берганмиди? Ёки:

﴿ أَمْ لَهُمْ شُرَكَاءُ شَرَعُوا لَهُمْ مِنَ الدِّينِ مَا لَمْ يَأْذَنْ بِهِ اللَّهُ

«Балки улар (Макка мушриклари) учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ буюрмаган нарсаларни — «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари — бутлари бордир?!» (Шўро: 21). Лекин, улар расмни чиздилар. Кейинги – иккинчи, сўнгра учинчи авлод келди. Биринчи авлод суратларни кўриб солиҳ инсонларни эслар ва Аллоҳ таолога ибодат қилар эди. Биринчи авлод кетганидан кейин нима бўлди? Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтганидек, билим йўқолди! Яъни, замон ўтиши билан авлодларда билим камая бошлади. Охири, Аллоҳ таоло янги даъват ва янги пайғамбарни юборди. Бу ҳодисалар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигидан аввал бўлиб ўтган эди. Аллоҳ таоло ҳар бир фатрат замонида пайғамбарни юборар эди. Аллоҳ таоло ҳар бир асрда бу умматга Ислом динини янгитдан танитадиган киши (ёки кишилар)ни тайёрлаб қўяди.

Шайтон кейинги авлодлар олдига келди ва: Сизлардан аввалги авлодлар бу бут ва суратларга сиғинишар эди,− деди. Янги авлодлар Аллоҳни қўйиб мазкур бут ва суратларга сиғиниб, уларга дуо ва илтижода бўлишар ҳамда: Булар бизни Аллоҳ таолога яқинлаштиради! Биз − бечора, гуноҳу хатоларга ботган инсонлармиз. Шундай экан қандай қилиб Аллоҳ таолога яқин бўла оламиз? Яқинлашишимиз мумкин эмас!,− дейишар эди.

Шайтон шундай васваса қилди ва улар: Биз Аллоҳ таолога ўша солиҳ инсонлар воситаси билангина ибодат қиламиз. Шунинг учун уларни Бизни Аллоҳ таолога яқинлаштиришлари ҳамда Аллоҳнинг ҳузурида шафоат қилишлари учун васила – восита қиламиз!,− дейишди ва мазкур суратларга шайтоний шубҳалар билан сиғина бошлашди. Улар Аллоҳ таолони қўйиб сурат ва бутларга ибодат қила бошлашди!! Аллоҳнинг тавҳиди унутилди. Аллоҳ таоло улар ичига Нуҳ алайҳис солату вассаломни пайғамбар қилиб юборди. Нуҳ алайҳиссалом бу авлодни тўққиз юз эллик йил Ислом динига чорлади. Субҳоналлоҳ! У даврда одамзотнинг умри шунчалар узун бўлар экан. Аллоҳ таоло у авлодларга шу умрлари мобайнида ҳам ҳужжатни барпо қилди. Шундай бўлсада, Аллоҳ таоло зикр қилганидек, Унга жуда ҳам озчилик иймон келтирди.

Бу – одамзот ҳаётида содир бўлган илк ширк эди. Нуҳ алайҳиссалом эса одамларни ширкдан тавҳидга қайтариш учун Аллоҳ таоло тарафидан юборилган илк пайғамбар бўлди.

● Нийятнинг ўзи, солиҳ амал учун етарли эмасдир

Хўш, мазкур солиҳ инсонларнинг расмларини чизган одамнинг нийятлари ёмон бўлганмиди? Улар ўзларини жаҳаннамга олиб кирадиган амални қилишмоқчи эдиларми? Улар Аллоҳ таолодан узоқ бўлиш ёки бошларига Аллоҳнинг ғазаби ёғилиши учун солиҳ инсонларнинг расмларини чизишган ёки ҳайкалларини тиклашганмиди?

Табиийки, улар буларнинг ҳеч бирини хоҳлашмаган ва, зотан, бу уларнинг ҳикоясидан кўриниб турибди. Шунинг учун бидъатчи ёки ўз истаги орқасидан кўр−кўрона юрган одамнинг: «Бизнинг мақсадимиз фақатгина яхшилик эди! Нийятимиз ёмон эмас, тўғрилик эди!»− деб баҳона қидиришларига биронта ҳам ҳужжат йўқ. Тўғри, биз сизларнинг нийятларингиз ҳақида гапирмаяпмиз. Нийятларингиз яхши бўлиши мумкин. Чунки, Нуҳ алайҳиссалом қавмининг мақсади, нийятлари ҳам ёмон эмас ва ўзларининг жаҳаннам аҳлидан бири бўлишни исташмаган эди. Ҳатто, «Биз динда, дин номи остида биронта янгилик яратмоқчимиз!» ҳам демаган балки мақсадлари яхши эди. Аммо, ўз ташаббуслари билан бўлгани ҳамда Аллоҳнинг шариати ва ваҳийсига эргашмай дин ниқоби остида янгилик яратганлари учун, бу мақсадлари уларга фойда бермади.

Шунинг учун, энди, Аллоҳ азза ва жалладан ҳар намоз ва ҳар ракаатда улардек қилмаслиги, бизни Тўғри йўлда устивор тутиши, уларнинг йўлларидан асраши учун мадад тилаганимиз икки умматга қайтамиз. Юқоридаги ҳолатни Аллоҳ тарафидан ғазаб қилинган уммат – яҳудийларда мавжуд эканини кўрамиз.

Яҳудий халқи, худди насроний халқлар залолатга хосланганидек, ғазаб қилинишга хосланди. Ҳолбуки, ҳар иккиси ҳам мушрик халқлардир. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай деди:

﴿ وَقَالَتِ الْيَهُودُ عُزَيْرٌ ابْنُ اللَّهِ وَقَالَتِ النَّصَارَى الْمَسِيحُ ابْنُ اللَّهِ

«Яҳудийлар: Узайр – Аллоҳнинг ўғли, насронийлар эса: Масиҳ – Аллоҳнинг ўғли!,− дедилар» (Тавба: 30).

Ҳа, уларнинг ҳар иккиси ҳам Аллоҳга ширк келтирдилар, кофир бўлдилар ва уларга азоб ваъда қилинди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръонида хабар берганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам хабар бердлар. Зеро, бу икки уммат ичидан кимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дини етиб борар ва у унга иймон келтирмас экан, жаҳаннам аҳлидан бири бўлади.

Энди бу икки халқнинг аҳволига бир назар ташлайлик. Сизлар Аллоҳнинг китобида Фотиҳа сурасидан кейин Бақара сурасини ўқийсизлар. Ушбу муаззам китоб ўзидан аввалги барча самовий китобларни ўз ичига олган ва тасдиқлаган. Аввалги китобларда келган барча хабарларни Қуръон Карим ўз ичига олган ва унга қўшимчалар қўшган. Фотиҳа сураси Қуръон ўз ичига олган барча маълумотларни ўз ичида мужассам қилган. Шунинг учун Фотиҳа сурасини ўқисак, Қуръоннинг хулосасини ўқиган бўламиз.

Бақара сурасини ўқиган пайтимизда эса, Фотиҳа сурасида ўқиган нарсаларимизнинг тафсилоти билан танишамиз. Бақара сурасида нималар билан танишамиз? Исроил ўғиллари ҳақида у ерда қанча гап ўтган? Исроил ўғиллари ҳақидаги хабарлар, гарчи кўпроқ яҳудийлар ҳақида бўлсада, икки турли бўлиб, яҳудийлар ва насронийлар ҳақидадир. У ерда муҳим савол туғилади: Нега яҳудий халқи ғазабга хосланган? Улар нима учун ва қандай қилиб Аллоҳ таолога қарши ўжарлик қилишган?

● Яҳудийлар залолатининг айрим кўринишлари

Яҳудийлар қиссаларини ўқир экан, мўъминнинг бадани жимирлаб кетади. Аллоҳ таоло уларни Фиръавндан, Фиръавннинг аъёнлари ва қавмидан қутқариб, душман қўлга олишига бир баҳя қолганида денгизда қуруқ йўл очиб, душманларини чўктириб ҳалок қилди ва улар саломат чиқиб келишди. Кейин нима бўлди?

Аллоҳга шукр қилдиларми? Аллоҳнинг динида устивор турдиларми? Аллоҳнинг элчиси Мусо алайҳиссаломга эргашдиларми?

Йўқ! Бутларга сиғинаётган одамларни кўрдилар. Ўзлари Мисрда Фиръавнга ибодат қилишар эди! Энди эса бутларга сиғинаётган одамларни кўришди! Уллар, Аллоҳ таоло ҳикоя қилганидек, Мусо алайҳиссаломга:

﴿ اجْعَلْ لَنَا إِلَهًا

«Бизга ҳам илоҳ қилиб беринг!»− дедилар (Аъроф: 138).

Субҳоналлоҳ! Аллоҳнинг неъматлари, тавҳиди ва шукронаси қаерда қолди?!

Улар ўша одамларникидек илоҳни талаб қилдилар!

Кейин, Мусо алайҳиссалом Тавротни қабул қилиб олиш учун кетди. Аллоҳдан тахталарни қабул қилиб олди ва қавмидан қирқ кун олисда қолди. Қайтиб келганида адашган Сомирий дин ниқоби остида янгилик ихтиро қилиб, Исроил ўғилларини тавҳиддан ширкка буриб қўйганига шоҳид бўлди. Бу одам пайғамбар йўлидан кетди ва тиллодан бузоқ ҳайкалини ясаб: Бу – сизларнинг ва Мусонинг тангрисидир!,− деди. Қавмнинг аксарияти буни тасдиқлаб, иймон келтириб, бузоққа сиғинди! Яҳудийларнинг бир гуруҳи ҳозирги кунимизгача бузоққа сиғинмоқда ва уларни «сомира» ёки «сомирийлар» деб аталади. Субҳонаддоҳ. Бу гуруҳ бузоққа сиғинади!!

Бу воқеъадан кейин Исроил ўғилларининг ҳаётида бошқа насалар ҳам бўлиб ўтди. Улар: Бизга Аллоҳ таолони аниқ кўрсат!,− деган талабни қўйишди. Аллоҳ таоло уларга ширинлик ва бедана ато этди. Бироқ, Исроил ўғиллари: Йўқ! Биз сабзавот, бодринг, фасуль ва ясмиқни хоҳлаймиз,− дейишди. Аллоҳ таоло уларни сигир бўғизлашга буюриб:

﴿ إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُكُمْ أَنْ تَذْبَحُوا بَقَرَةً

«Аллоҳ сизларга сигир сўйишни буюрди», яъни, битта сигирни олиб, уни сўйинглар!, деганида эса (Бақара: 67) эркалашиб, ўжарлик қила бошлашди. Оқибатда, узоқ давом этган ўжарликдан сўнгра сўя олмасликларига оз қолганидагина бир сигирни бўғизладилар:

﴿ فَذَبَحُوهَا وَمَا كَادُوا يَفْعَلُونَ

«узоқ машаққатлар чекиб (ўша айтилган сифатларга эга бўлган сигирни топиб) сўйдилар» (Бақара: 71).

Биз, бу халқ ҳақида бошқа мақсадда эмас, фақатгина, ибрат олиш учун узоқ гапиришни хоҳлаймиз. Ундай бўлса, биз, яҳудийларда кўрмоқчи бўлган сифатлар нима? Улар Аллоҳ таолога била туриб осийлик қилишади ва ширк келтиришади. Ҳолбуки, Алий разияллоҳу анҳу улар ҳақида шундай деган: «Оёқларига теккан денгиз суви қуриши биланоқ:

﴿ اجْعَل لَنَا إِلَهاً كَمَا لَهُمْ آلِهَةٌ

«Бизга ҳам уларникидек илоҳ қилиб беринг!»− дедилар (Аъроф: 138). Мусо алайҳиссалом улардан қирқ кун айри қолиши билан эса бузоққа сиғиндилар».

Аллоҳ таоло бу халққа қишлоққа – Муқаддас ерга киришга буюрди ва уларга ғалабани ваъда қилди. Улар эса Мусо алайҳиссаломга:

﴿ فَاذْهَبْ أَنْتَ وَرَبُّكَ فَقَاتِلا إِنَّا هَاهُنَا قَاعِدُونَ

«Сен Роббинг билан бирга бориб жанг қилавер! Биз шу ерда ўтириб турамиз!»− дедилар (Моида: 24). Бу – расволик эди! Аллоҳ таолога расволикдан сиғинамиз! Аллоҳнинг дини олдиларида, Калимуллоҳ уларга йўл кўрсатиб, даъват қилмоқда! Бироқ, улар била туриб булардан юз ўгирдилар!

Шунинг учун ҳам буюк имом Суфён ибн Уйайна раҳимаҳуллоҳ ҳам шундай деган. У айтган гап Умматнинг билим уммони Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан нақл қилинган: «Адашган олимларимизда яҳудийларга, адашган обидларимизда эса насронийларга менгзашлик бор!».

Биз:

﴿ اهْدِنَا الصِّرَاطَ الْمُسْتَقِيمَ صِرَاطَ الَّذِينَ أَنْعَمْتَ عَلَيْهِمْ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلا الضَّالِّينَ

«Бизларни, ғазабга дучор бўлмаган ва ҳақ йўлдан тоймаган зотларга инъом қилган йўлинг бўлмиш — Тўғри йўлга йўллагайсан» (Фотиҳа: 6 – 7) дейишимиз билан, яҳудийлар залолати каби залолат ва насронийлар йўли ва ибодати бўлган жаҳолат ва залолат йўли билан ибодат қилишни хоҳламаймиз. Балки, Аллоҳ таоло бошқа бир оятда зикр қилган ва инъомлар ато этган бандаларнинг йўлини назарда тутамиз ва шугина Тўғри йўлдир::

﴿ فَأُولَئِكَ مَعَ الَّذِينَ أَنْعَمَ اللَّهُ عَلَيْهِمْ مِنَ النَّبِيِّينَ وَالصِّدِّيقِينَ وَالشُّهَدَاءِ وَالصَّالِحِينَ وَحَسُنَ أُولَئِكَ رَفِيقًا

«Кимда-ким Аллоҳ ва пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Аллоҳ инъомларига сазовор бўлган зотлар — пайғамбарлар ҳақ-рост иймон эгалари, шаҳидлар ва фақат яхши амаллар билан ўтган кишилар билан бирга бўлурлар. Улар эса энг яхши ҳамроҳлардир» (Нсо: 69).

● Калом аҳли залолатда яҳудийларга менгзадилар

Билим йўлидан адашган залолатдагиларнинг бу уммат ичида ҳам кўп намуналари бордир. Буларнинг энг катта намуналари Калом олимлари деб аталган мантиқшунослардир. Улар Аллоҳнинг динини фалсафаларга, чигал ва мавҳум ишларга айлантириб, юнонларнинг гаплари ва мантиқдаги қоидаларини ва мутахассисларгина била оладиган бошқа нарсаларни киритиб ташладилар. Буларнинг чанги барча ишларда оммани ҳам кирлатди. Калом аҳллари Аллоҳ таолога била туриб осий бўлган ғазаб қилинган яҳудийларга жуда ҳам ўхшашдир.

Булар шундай дейдилар: Дин – эргашиш эмас! Биз уни ваҳий билан олмаймиз. Қуръон ва суннат насслари аниқ хабарни ифода этмайди – Аллоҳ сақласин! – Аниқ хабарни қаердан оламиз?! Аниқ хабарлар илмий хулосалар ва ақллари қийналган назарий ҳужжатларда мавжуддир! Қуръон ва суннат насслари эса шубҳали кўринишлардир.

Ҳа, улар шундай дейдилар ва уларга, Аллоҳ сақласин, шайтонлари шундай васваса қилишмоқда.

Ҳаммага аён бўлиши учун битта мисол келтирамиз. У – Аллоҳ таолонинг бандаларидан юксакдалигидир.Аллоҳ таолонинг барча махлуқларидан юксакда ва Аршнинг устида эканини ким инкор этади? Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Қуръон Каримда:

﴿ الرَّحْمَنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَى

«Раҳмон (Аллоҳ) Аршга кўтарилди»− деган (Тоҳа: 5).

Кўтарилишдан кўра юксакликнинг ўзи аниқ кўринмоқда. Ҳар бир инсондаги фитрат Аллоҳ таолонинг юксакда, Олам устидаги осмонда эканига шоҳиддир. Булар эса калондимоғлик ила фитратга қарши туриб, уни инкор этдилар ва: Ақлий ҳужжатлар Аллоҳ хабар берганидек Аллоҳнинг осмонда экани кўрсатмаяпти,− дедилар. Аллоҳ асрасин! Улар бу гаплари билан шу мавзудаги бутун оят ва ҳадисларни рад этиб, инкор қилдилар ва: Аллоҳ таоло бу оламнинг на ичи ва на ташқарисида, на ўнги ва на чапида, на усти ва на остидадир, дедилар. Аллоҳ таолодан офият сўраймиз!

Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Агар бировга йўқ нарсани таърифлаб беринг−чи, дейилса у шундай жавоб беради: Оламнинг на ичи ва на ташқарисида, на усти ва на остида, на ўнги ва на чапида бўлмаган нарса «йўқ»дир». Бундан ортиқ мукаммал жавобни топиш қийин. Бироқ улар: Бунинг учун қатъий далиллар ва ақлий ҳужжатлар керак,− дейишади.

Демак, уларнинг тасаввурида Қуръон ва суннатга эмас, ўзларининг ақллари ва фикрларига эргашиш керак. Шунинг учун ҳам, улар муаззам ҳайрат ичидадирлар.

Ўша «ақллилар»га ва омма ичидаги Аллоҳ раҳм қилмаган талайгина одамларга: Аллоҳ таоло айтди! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтди!,− десангиз сизга: Бу менинг ақлимга тўғри келмаяпти! Сенинг ақлингга қандай тўғри келаяпти?!,− дейишади. Субҳоналлоҳ! Аллоҳ бизни ақлимизга ташлаб қўйганми?!

Бу «ақллилар» ўз ақл ва билимларини олишаётган Афлотун, Арасту ва бошқа файласуфлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юборилишларидан илгари яшаганлар. Шундай эмасми?! Агар уларда ҳидоят, эзгулик, ҳақиқат ва Тўғри йўл бўлса эди, одамлар Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб юборишига муҳтож бўлишмас эди. Лекин, Аллоҳ таоло Уни пайғамбар қилиб жўнатди ва бизга Унга издош бўлишни буюрди. Демак, Унинг шариатидан бошқа барча йўллар ким тарафидан айтилган бўлса ҳам залолатдир. Ақллар Аллоҳнинг шариати, Аллоҳнинг исму сифатлари ва тавҳид масалаларида қонун чиқара олса, бу – ширк бўлади. Бироқ, оммадан бири ақл чиқарган қонунларни: Ширк эмас. Бу, ақлнинг зоҳирий ҳукмидир. Мен Аллоҳдан бошқа бирон зот таъсир эта олишига ишонмайман. Чунки таъсир этувчи зот – Аллоҳдир. Лекин, бу – восита, холос,− дейди. Биз ундан: Бунинг далили нима? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни мурдалар ёки мозорларда ётган одамларни восита қилишга буюрганмилар?,− деб сўраймиз. У: Бунинг далили йўқ. Лекин, ақл ва фикр билан кўриниб турибди,− деб жавоб беради.

Биз яна истаклар ортидан кўр−кўрона эргашиш, гарчи ақл деб аташса ҳам гумон ва шубҳалар ортидан юришга қайтамиз. Улар ҳайронлигу залолат ботқоғига ботдилар.

Калом илмига киришган, Аллоҳнинг ҳидоятидан йўқсил ҳолатда бундай баҳсу мунозараларга берилган одам пушаймон бўлади, адашади ва дарбадар бўлади. Улар ичидан бу йўлдан қутилганлардан бири ҳисобланган Жувайний ўлими олдидан шундай деган: «Ўзимни тўлқинли денгизга урдим ва Ислом уламолари таъқиқлаган сувларда суздим. Мана энди Нисобур кампирларининг динида – илк фитратда – жонимни таслим қилаяпман. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мағфират қилмаса Ибн Жувайнийнинг ҳолига вой!».

Бу одам кампирлар дини – илк фитрат – билан ўлди. Тўлқинли денгизни ва унда сузганича масофаларни ташлаб кетди. Аллоҳнинг шариатига зид бўлган барча нарса гарчи фалсафа ёки фан, масалан, психология фани, иқтисод фани, сиёсатшунослик фани деб аталсада, масала унинг фанлиги ёки фан деб аталишида эмас. Масалан, жодугарликни ўрганиш куфрдир. Чунки Аллоҳ таоло:

﴿ حَتَّى يَقُولا إِنَّمَا نَحْنُ فِتْنَةٌ فَلا تَكْفُرْ

«Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар» деган (Бақара: 102). Икки муаллим – Ҳорут ва Морут одамларга сеҳргарликни ўргатишди. Улар: Сиз сеҳрни ўрганмоқчимисиз?,− дейишар ва одам: Ҳа,− деса: Биз – фитнамиз, кофир бўлманг!,− дейишар эди. Яъни, агар биз сизга буни ўргатсак, сиз кофир бўласиз,− дейишар эди. Демак, сеҳр – куфрдир. Аллоҳ таоло эса уни «илм» − фан деб атади.

Демак, бу ерда масала унинг илм экани эмас. Лекин, бу мантиқ илмига эргашиш керакми? У, Аллоҳнинг ваҳийларидан бирими? Салаф солиҳ бу илм билан шуғулланганми? Мана шуни билиш асосдир! Йўқса, илмлар жуда ҳам кўп. Унутмаслигимиз керакки, мезон Аллоҳ таолонинг Қуръони ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидир. Демак, яҳудийларга Ислом уммати ичидан Аллоҳнинг дини ва Қуръонидан била туриб воз кечган одамлар менгзашади.

Аллоҳ таоло ушбу Каъба ҳақида:

﴿ وَإِذْ جَعَلْنَا الْبَيْتَ مَثَابَةً لِلنَّاسِ وَأَمْنًا

«Эсланг: «Байтуллоҳни одамлар учун зиёратгоҳ ва тинч жой қилдик ва Иброҳимнинг (Каъбатуллоҳни бино қилаётган вақтида) турган ўрнини намозгоҳ қилиб олинг, (дедик)» (Бақара: 125).

Аллоҳ бизга унинг Қора тошини ўпиш имконини берди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни машру қилдилар. Шундай бўлсада, Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Қора тошга: «Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, мен сенинг на фойда ва на зарар бера оладиган тош эканингни биламан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сени ўпганини кўрмаганимда сени ўпмас эдим» деган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу Қора тошни ҳурмат қилгани ва уни эъзозлаганида ҳеч шубҳа йўқ. Шундай бўлсада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ машруъ қилган пайтдан бошқа маҳалда бу тошни силаб, ўпдиларми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилдиларми? Йўқ, ундай қилмадилар!

Агар илмий дипломларни олган, катта китобларни ёзаётган ва қўлларини Қора тош каби ўпиладиган ва силанадиган қилиб олишган, олдиларида одамлар эгиладиган, ҳузурларига одамлар бориб келишадиган кимсаларга, била триб Аллоҳга осий бўлгани боис ғазаб қилинган халқ – яҳудийларга муносиб бўлган нарсалар муносиб келади. Чунки булар ҳам қилаётган ишларини Аллоҳ машру қилмаган ва уларга Аллоҳ изн бермаган эканини жуда яхши билишади. Шундай бўлсада, бу ишлардан воз кечишмайди. Одамларни Аллоҳнинг шариати ва амру фармонларига қарши чиқадиган мурид шайтонга айлантиришади!

Ҳатто, уларнинг айримлари борки: Пир буюрса қаршилик қилма! Унинг ҳузурида ғассол олдидаги ўликдек тур!,− дейишади. Тасаввуф уламолари – залолат уламоларидир! Мурид пирининг олдида ғассол олдида турган маййитдек жим туриши, ғассол уни хоҳлаганидек у тараф ва бу тарафга ағдарганидек, уни хоҳлаган кўйига солиши мумкин. Ҳатто, ҳаёсизикка буюрса ҳам итоат қилиши керак!! Чунки муридлар: Пир ҳамма нарсани билади! Агар ҳаёсизликни қилишга буюрган бўлса, демак, у, мурид учун қандайдир фойда борлигини билган! Бу ишдан кейин ухлаб, Аллоҳга тавба қилади ва муриднинг аҳволи аввалгисидан кўра яхшироқ бўлади,− дейишади… Аллоҳ бундай (эътиқодлардан) асрасин!

Пирлар Аллоҳ ҳаёсизликни ҳаром қилганини билишади, бироқ, уни қилишга буюришади. Улар қилаётган ишлари бидъат эканини билишади, бироқ, озгина моддий даромад, одамлар қўлидаги молларни ноҳақлик билан ейиш ва ботил нарсалар билан эъзозланиш учун қилишда давом этишади. Аллоҳ бундай инсонларни шундай ҳикоя қилади:

﴿ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّ كَثِيراً مِنَ الْأَحْبَارِ وَالرُّهْبَانِ لَيَأْكُلُونَ أَمْوَالَ النَّاسِ بِالْبَاطِلِ وَيَصُدُّونَ عَنْ سَبِيلِ اللَّهِ

«Эй мўминлар, ўша донишмандлар, роҳиблардан кўпчилиги одамларнинг молларини ноҳақ (йўл) билан ейдилар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар» (Тавба: 34);

﴿ اتَّخَذُوا أَحْبَارَهُمْ وَرُهْبَانَهُمْ أَرْبَاباً مِنْ دُونِ اللَّهِ

«Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ бинни Марямни Парвардигор деб билдилар» (Тавба: 31).

Ғазаб қилинган халқ − яҳудийлар ўз донишмандлари – раввинларини, адашган халқ – насронийлар эса роҳибларини Аллоҳни қўйиб илоҳ қилиб олишди. Аллоҳ таоло айтди:

﴿ وَرَهْبَانِيَّةً ابْتَدَعُوهَا مَا كَتَبْنَاهَا عَلَيْهِمْ

«Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга (роҳиб бўлишларини) ёзганимиз — буюрганимиз йўқ» (Ҳадид: 27). Улар бу роҳибликни ўйлаб топиб, Аллоҳ нозил қилган таълимотларга риоя қилмадилар. Аксинча, Аллоҳ уларга буюрмаган нарсаларни ўйлаб топишди. Шундай бўлсада Аллоҳ таоло айтганидек:

﴿ فَمَا رَعَوْهَا حَقَّ رِعَايَتِهَا

«сўнг унга тўғри-тўла риоя қила олмадилар» (Бақара: 27).

● Хавориж ва сўфийлар нарсронийларга менгзадилар

Ислом уммати ичида ҳам, гарчи ҳақиқатни мақсад қилишсада, Аллоҳ таолога жоҳилона ибодат қилган залолат намояндалари пайдо бўлди. Улардан бири хаворижлардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари Абу Саид ва Ибн Аббос разияллоҳу анҳумолар хаворижларнинг жамлоғига кирганлари маҳал уларнинг Қуръон тиловатларини ва Қуръонни таҳажжудларида батамом ўқишларини, қилган кўп ибодатлари таъсирида пешона ва қўлларида худди чўкаверганидан туяларнинг тиззаларида пайдо бўлганидек қадоқлар пайдо бўлганини кўриб, кўнгиллари юмшади. Бироқ, хаворижларга қилган бу ибодатлари фойда бердими?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хаворижлар ҳақида шундай деган эдилар: «Агар уларни кўрсам, Од ва Самуд (қавмлари)ни ўлдиргандек ўлдирар эдим» (Асбаҳоний «алМуснадул мустахраж ала Саҳиҳил Имами Муслим» 2373). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари хаворижларга қарши уруш очиб, битта жангнинг ўзида улардан тўрт мингтасини ўлдирдилар. Аллоҳнинг динини бошқалардан кўра яхшироқ билган саҳобалар, уларни қатл қилишга қарор қилдилар. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўз ибодатлари олдида сизларнинг ибодатларингизни, қироатлари олдида сизларнинг қироатларингизни камситадилар» дея таърифлаган одамларга қарши жанг қилдилар. Чунки бу ибодат ва қироат, залолат ва динни билмаслик асосида бўлган эди. Улар бу билан насронийлар роҳибларига менгазаб қолишган эди.

Пайдо бўлган бошқа гуруҳлар ҳам шу икки халқ ‒ ғазаб қилинган ва адашган халқлар таъсирида вужудга келди. Аллоҳ таоло биз ва сизларни бундай гуруҳлардан асрасин ва Тўғри йўлига ҳидоят қилсин!

Калом аҳли: Диндаги манбаъ ‒ Қуръон ва суннат эмас, ақлдир,‒ деган пайтда бошқа одамлар келиб: Манбаъ ‒ ақл эмас, аксинча, кўнгилларда пайдо бўладиган кашфиётлар ‒ кашфиёт ва ладуний билимлардир,‒ дедилар. ‒ Бу ерда назарда тутилган кашфиётлар нима?,‒ деб сўралганида шундай жавоб бердилар: Улар ‒ зикр, ибодат ва тунларни бедор ўтказиш оқибатида уйқуда ваҳий қилинадиган нарсалардир. Ўшанда кўнглингизга бир гапни ташланади ва унинг Тўғри йўл эканини биласиз. Мана шугина тўғри ва дин бўлиб, унга эргашишингиз лозим.

Бундай одамларнинг пешволаридан бири: Тушимда фалон зикрни қилишимиз кўнглимга солинди,‒ деди. Ундан: У зикрни неча марта айтиш кеарк?,‒ деб сўралганида: Ўн минг марта!,‒ деб жавоб берди. Агар унга: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан сўнгра «Субҳоналлоҳ, валҳамдулиллаҳ ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар»ни юз марта айтишга буюрди‒ку?!,‒ дейилса: Йўқ, ўн мингта айтилмаса бўлмайди!,‒ деб туриб олади. Гоҳида бу шайхга арабча бўлмаган зикрлар ҳам «ваҳий» қилинади. Унинг ҳузурига бемор келса, тумор ёзиб: Буни кўксингга осиб ол!,‒ дейди. Ўша туморни очиб кўрсангиз тўртбучак ва учбурчак шакллар ҳамда бошқа тилларда ёзилган ёзувларни кўрасиз. Бу нима? Бу қандай илм? Улар: Бу ‒ ладуний илм ва кашфиётдир,‒ дейишади. Улардан Қуръон ва суннат ҳақида сўрасангиз: Бу ‒ зоҳирий илм,‒ деб Қуръон ва суннатни «зоҳирий илм» деб атайдилар. Улар: Қуръон ўқиётган авом халқ зоҳирий нарсалар устида юрса, ҳақиқат ва кашфиёт эгалари (авлиёлар) ладуний ва кашфиётга оид илмлар билан юришади,‒ дейишади.

Агар уларга ражаб ойининг фазилатлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни зиёрат қилиш ҳақидаги: «Ҳаж қилган бироқ мени зиёрат қилмаган одам менга жафо қилибди», «Мени зиёрат қилган одамга шафоатим лойиқ бўлибди» каби кўплаб ҳадислар ҳақида: Бу ҳадис заиф ёки уйдирмадир,‒ десангиз: Бу ҳадисларнинг Жарҳ ва таъдил уламолари уйдирма эканини айтишган бўлсада, имомлар ва қутблар уларни кашфиёт йўли билан саҳиҳ дейишган. Демак, бизда ҳадисларни саҳиҳ ва заифга ажратадиган алоҳида меъёр ‒ Кашфиёт йўли бор. Ҳар бир олим бизга бошқасиникидан айри кашфиётни олиб келади,‒ дейишади. Чунки улар инсон ва жинлар ичидан етишиб чиққан шайтонлар бўлиб, бир‒бирларига ширинсуханлик билан ифода этиладиган хабарларни бериб туришади. Бир шайтон ўзининг дўсти бўлган одамзот шайтонга бошқа шайтон бермаган хабарларни бериб туради ва оқибатда залолат, бидъат ва тариқатлар кўпаяверади.

Бугунги кунда Ислом оламидаги тариқатлар сони нечта? Саноғи йўқ! Ҳар бир тариқат йўлларга айрилган. Қодирийлар тариқати тариқатлар ичида кенг ёйилганидир. Унинг эса турли тармоқлари бор. Ҳар бир пир битта тариқатни турли йўлларга бўлди. Аллоҳ азза ва жалла эса:

﴿ وَأَنَّ هَذَا صِرَاطِي مُسْتَقِيمًا

«Дарҳақиқат, бу ‒ Менинг Тўғри йўлимдир» деди (Анъом: 53) ва у ‒ ягона йўлдир. Аллоҳ таоло айтди:

﴿ اهْدِنَا الصِّرَاطَ الْمُسْتَقِيمَ

«Бизни Тўғри йўлга ҳидоят қил!» (Фотиҳа: 6);

﴿ فَاتَّبِعُوهُ وَلا تَتَّبِعُوا السُّبُلَ

«Бас, унга (Тўғри йўлга) эрашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашманглар!» (Анъом: 153).

Тариқат йўлларига эргашманглар! Бу йўллар ‒ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўғри чизиқни чизиб, унинг ўнги ва чапига чизган чизиқлардир. Шунингучун ҳам, хаворижлар, сўфийларнинг пешволари, Аллоҳ таолога жоҳилона ва бидътлар билан ибодат қилган кимсалар, гарчи жиҳод қилса ҳам, рўза тутса ҳам, намоз ўқиса ҳам ва ўзини авлиё деб ҳисобласа ҳам, қилган амаллари ботилдир ва улар Тўғри йўлда эмаслар.

● Сўфийлар ўзларида икки залолатни жамладилар

Сўфийлар ва уларнинг издошларида икки тур залолат амалга ошди. Уларнинг айримлари яҳудийларга қўшилади. Улар Аллоҳ таолога била туриб осийлик қилдилар. Бошқалари эса насронийларга қўшилдилар ва Аллоҳ таолога жоҳилона ибодат қилдилар. Улар бугунги кунда ҳам мавжуддирлар. Улар ичидан Аллоҳ ҳидоят қилганларига бу ҳақда савол берсангиз, сизга шундай жавоб беришади: Мен кеча давомида «Субҳоналлоҳ валҳамду лиллаҳ»ни ўн бир минг марта айтиб, санаб чиққанман! Зикрни ўн бир мингта тўла айтиш шарт. Бир марта пирим етти минг марта айтишни тайинлади ва уни етти минг марта айтиш шартдир!,‒ деди.

Бундай узун ибодатни қандай қилишади? Сизнинг қўлингизда зикрлар ёзилган китоб йўқми? Масалан, намоздан кейин айтиладиган зикрлар баён қилинган «Туҳфатул ахёр» каби китоб? У фазилатли шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз ҳафизаҳуллоҳ ‒Умрларини Аллоҳ узоқ, билимлари билан бизга манфаатли қилсин ‒ томонидан ёзилган мухтасар китобдир. Кенг тарқлган у китобда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган зикрлар бор. Лекин, улар бу китоб ҳақида эшитишмаган. Шунинг учун пирларидан ўн мингта зикрни эшитишади ва: Ўнг мингта зикрни айтиш керак, дейишади. Агар Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам : Юзта, деса: Биз ўшани ўн мингта қилиб қўйдик! Чунки, ўн мингта юзтадан кўра кўпроқ!,‒ дейишади.

Хўш, ўн мингта айтган савобли, юзта айтган гуноҳкорми? Албатта, йўқ!

Шом намози уч ракаатдир. Уни ўттиз ракаат қилиб ўқисак ёки уч ракаатдан кўра кўпроқ қилиб ўқисак, Аллоҳ таоло уни биздан қабул қиладими?! Қабул қилмайди! Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Ким бизнинг ишимиздан бўлмаган амални қилса, у (амали ўзига) қайтарилгандир»‒ деганлар (Имом Муслим 4590). Яъни, у қилинган иш қабул қилинмайди, рад этилади. У амал қандай бўлмасин, уни қилган одам қанчалар ихлос ва яхши нийятлар билан қилмасин, қабул қилнмайди, рад этилади.

Аллоҳ таоло қайси амални қабул қилади? Аллоҳ таоло рози бўлган дин қайси диндир? Аллоҳ таоло айтди:

﴿ فَمَنْ كَانَ يَرْجُوا لِقَاءَ رَبِّهِ فَلْيَعْمَلْ عَمَلاً صَالِحاً وَلا يُشْرِكْ بِعِبَادَةِ رَبِّهِ أَحَداً

«Ким Роббисига дуч келишни хоҳласа солиҳ амал қилсин ва Роббисига қилаётгна ибодатида бирон кимсани шерик қилмасин!» (Каҳф: 110).

Амалнинг қабул бўлиши учун иккита шарт бордир. Биз, Аллоҳ таолога итоат этишда лоқайдмиз. Бироқ, ҳар биримиз Унинг марҳамати ва афву мағфиратидан умидвормиз. Ё Аллоҳ, не ажабки, яна била туриб бидъатлар учун тиришамиз?! Аллоҳга итоатни тўкис жойига келтирмай туриб, қандай қилиб бидъатлар учун тиришамиз?Ахир, Аллоҳ таоло қудсий ҳадисда: «Бандам Менга унга фарз қилган (ибодат)лар билан яқинлашгандек бошқа севимли нарса билан яқинлаша олмайдилар»‒ деган‒ку?! (Имом Бухорий 6502). Аллоҳ таоло фарз қилган ва суйган ибодатлар ‒ беш вақт намоз, рўза, ҳаж, умра, амру маъруф ва наҳий мункардир. Шулар билан Аллоҳга яқин бўлинади. Аллоҳ фарз қилган ибодатларни бажо келтирмаётган уммат, бидъатларни тиклаш учун қандай ҳаракат қилиб, динда дин номи билан янгиликларни қандай чиқаради?! У фарз ва мустаҳаб амалларни тугал бажариб, улардан кейинги нарсалар ҳақида ўйлаб қолдими?! Бунинг уддасидан ҳеч ким чиқа олмайди! Чунки, Ислом дини бундан кўра муаззам ва кенгдир ҳамда банда Аллоҳ таолога фарз қилинган ибодатлардан бошқа бирон севимли нарса билан яқин бўла олмайди!

Одамларга эзгулик йўлларини кўрсатмоқчи, Аллоҳ йўлига чорламоқчи, Аллоҳни ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш ва уни севишни хотирлатмоқчи бўлган даъватчилар,уларни Аллоҳ фарз қилган ибодатларни қилиш ва зиммамиздаги энг буюк масъулият ‒ тавҳидга чорлаш билан бошласинлар. Одамларга тавҳидни ўргатиш, унга чорлаш билан бошлаб, намозга, зино, ўғирлик, пиёнисталик, хиёнаткорлик, ғийбат, чақимчилик, сохта гувоҳлик каби фаҳш, мункар ва катта гуноҳлардан воз кечишни ўргатайлик. Буларнинг барчаси зоҳирий гуноҳлар бўлиб, жамиятимизга илдиз отиб, чор атрофга ёйилган.

Ҳа, фарзларни бажо келтириш ва илоҳий фармонларга итоат этишда ғофилмиз ва мавлид, ражаб ва шаъбон ойидаги Аллоҳ таоло машру қилмаган бидъатларни қилишда фаолмиз! Буларни қаердан олиб келдингизлар?! Булар Аллоҳнинг Китобида келганми ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидами?! Фаразан, улар Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатида машруъ бўлса ҳам, уларни Аллоҳ муқаддам қилишимиз кераклигига буюрган фарзлар ‒ тавҳид ва беш рукнлардан муқаддам қўймаслигимиз керак. Машру бўлмаган у бидъатларни қандай муқаддам қилинади,қандай ўргатилади ва банданинг Аллоҳнинг ҳузурида нажот топишига восита бўлган тавҳидни ‒ буюк асосни қандай тарк қилинади?!

Аллоҳнинг тавҳиди (Аллоҳни яктолаш) ‒ кўнгилларни Аллоҳ таолонинг ўзи учунгина айиришдир. Яъни, Аллоҳдангина тиланади, мадад сўралади, Аллоҳга Аллоҳ имашру қилган нарсаларнигина восита қилинади. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло шундай деган:

﴿ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَابْتَغُوا إِلَيْهِ الْوَسِيلَةَ

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳдан тақво қилингиз ва унга васила излангиз!» (Моида: 35).

Ҳар бир мўъмин ва мусулмоннинг Аллоҳ таолога яқин бўлиш учун восита қилиши фарздир. Хўш, Аллоҳга яқин бўлиш учун нимани восита қилинади?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «(Аллоҳ таоло айтди): Бандам Менга унга фарз қилган (ибодат)лар билан яқинлашгандек бошқа севимли нарса билан яқинлаша олмайдилар. У Менга нафллар билан яқинлашаверади ва Мен уни суюб қоламан!» (Имом Бухорий 6502).

Фарзлардан бошлаймиз, сўнгра, ўтган икки шартлар билан нафлларга ўтамиз. Мана шу ‒ воситадир. Динимизда шундай катта восита бор! Калимаи тоййиба ‒ садақадир. Ҳар бир таҳлил ‒ садақадир. Ҳар бир ҳамд айтиш ‒ садақадир. Одамзотнинг тилини шаррдан тийиши ‒ садақадир. (Ҳа), Аллоҳ таолога бўлган восита жуда ҳам кўпдир. Буларнинг барчаси восита ва Аллоҳ таолога яқин бўлинадиган қурбатдир.

● Солиҳ амалда икки шартнинг бўлиши шартдир,

Биринчи шарт: амал Аллоҳ таоло учун холис бўлиши керак. Агар амал Аллоҳ учун холис бўлмаса, Аллоҳ қабул қилмайди. Бу, қилган иши билан дунё матосини хоҳлаган одамга ўхшайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолодан ривоят қилган қудсий ҳадисда шундай дейилган:

«Мен билан бирга бошқасини шерик қилиб амал қилган одамни ширки билан ташлаб қўяман!» (Имом Муслим 7666);

«Мен шерик қилишдан энг беҳожат бўлган Зотман! Ким Мен билан бирга бошқасини шерик қилиб амал қилса, қилган амал (Менга) шерик қилингангадир» (Ибн Муқриъ «ал‒ Мўъжам» 1247).

Аллоҳ таоло сиз қилаётган барча амаллардан беҳожат экан, нега Унга шерик қиласиз?!

Сизнинг бундай пайтдаги ҳолатингиз пулдор савдогарга совға бераётган одамга ўхшайди ‒ Аллоҳ таолодан ўта давлатманд ва Унинг учун олий мисоллар лойиқдир! ‒ У совғасини бераётиб: Шу совғадан фалончига ҳам бир оз берсангиз!,‒ дейди. Пулдор савдогар: Ундай бўлса бунинг ҳаммасини ўша одамга бераверинг! Чунки, мен бундай нарсага муҳтож эмасман,‒ дейди. Бир пулдор савдогар шундай дер экан, қуйидаги ҳадисни айтган Аллоҳ ҳақида нима дейиш мумкин:

«Бандаларим, сизларнинг аввалги‒ю охиргиларингиз, инсонларингиз ва жинларингиз ичингиздаги энг тақволи одамнинг қалбидек бўлса, бу, менинг мулкимда бирон нарсани кўпайтира олмайди! Бандаларим, сизларнинг аввалги‒ю охиргиларингиз, инсонларингиз ва жинларингиз ичингиздаги энг расво одамнинг қалбидек бўлса, бу, менинг мулкимда бирон нарсани камайтира олмайди!» (Имом Муслим 6737)?

﴿ وَاللَّهُ الْغَنِيُّ وَأَنْتُمُ الْفُقَرَاءُ

«Аллоҳ ‒ беҳожат, сизлар эса ҳожатмандсизлар» (Муҳаммад: 38). Аллоҳни мушриклар тавсифлаётган сифатлардан поклайман! Демак, амал Аллоҳ учун холис бўлиши керак.

Иккинчи шарт: амал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига мувофиқ тўғри бўлиши керак. Амал қачон ва нима билан тўғри бўлади? Билим билан тўғри бўлади.

﴿ فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لا تَعْلَمُونَ

«Агар билмасангизлар зикр аҳлидан сўрангизлар!» (Анбиё: 7). Айрим одамлар эллик йил мобайнида намоз ўқийдилар, бироқ, келиб: «Менинг намоз ўқиганимни кўрганингиздек намоз ўқингиз!» деган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозларидек намоз ўқишаяптими ёки йўқми, деб уларнинг намозига қарсак, унга мувофиқ эмаслигини кўрамиз. Шундай экан, уларнинг намозлари қабул бўлмайди.

«Адий ибн Ҳотим:

﴿ اتَّخَذُوا أَحْبَارَهُمْ وَرُهْبَانَهُمْ أَرْبَاباً مِنْ دُونِ اللَّهِ وَالْمَسِيحَ ابْنَ مَرْيَمَ

«Улар раввинлари, роҳиблари а Масиҳ ибн Марямни Аллоҳни қўйиб Роб қилиб олдилар» (Тавба: 31) оятни ўқиётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кириб борди. Насроний бўлган Адий: Ё Расулуллоҳ, биз уларга ибодат қилмаганмиз!,‒ деди. Чунки, Адий ибодат ‒ раввин, роҳиб, пайғамбар, шайх, қирол ва Аллоҳдан бошқа, уларга ўхшаганларга сажда ва рукуъ қилиш эканини тушунар эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «У (роҳиб ва бошқа)лар сизларга ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаром қилишса сизлар итоат этмасмидингиз?!»‒ дедилар. Адий: Тўғри,‒ деди. ‒ Ўша сизларнинг уларга қилган ибодатингиздир,‒ дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

● Аллоҳнинг динида дин ниқоби остида янгиликларни ўйлаб топиш

Аллоҳ таоло дин ниқоби остида янгилик ўйлаб топишни ҳаром қилганини билмайсизми? Билар экансиз, диний ишларда Аллоҳдан бошқасига итоат этманг! Аллоҳ таоло машру қилмаган, рухсат бермаган, рози бўлмаган, восита ва йўл қилмаган нарсани ҳеч бир одамдан қабул қилманг! Чунки, у ‒ бидъатдир. Бидъат эса (Аллоҳга) яқинлаштирмайди, Ундан узоқлаштиради. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча йўллардан нақл қилинган ҳадисларида: «Аллоҳ тавбани ҳар бир бидъатчидан тўсди»‒ деганлар (Байҳақий «Шуъабул иймаан» 6846).

Аллоҳ таолодан афву офият тилаймиз! Бизнинг доимо тиришган ва Аллоҳ таолодан тилаб, умид қилган нарсамиз ‒ ҳаётимизнинг хотимасини чиройли қилиши, оғзимиздан чиқадиган охирги жумланинг «Ла илаҳа иллаллоҳ» бўлиши, Аллоҳнинг бизга бу муаззам калимани ўлим пайтида айттириши ҳамда қабрда тўғри жавобни беришимизга муваффақ айлашидир.

Аллоҳ таоло бидъатчиларни тавба қилишдан тўсиб қўяди. Бу эса Аллоҳ таолонинг уларни ўлим талвасаси онида тавбага муваффақ қилмаслигига далолат қилади. Бу ‒ Аллоҳнинг динида дин номидан янгиликларни ўз ташаббуси билан ижод қилгани ва одамларни Аллоҳ таоло машру қилмаган нарсаларга буюрганига лойиқ жазодир! Бидъатнинг хатарига қаранглар: фарзларни ва чиройли хотимани бой бердираяпти. Одам кўп амал қилган ҳолатида Аллоҳнинг ҳузурига келган ва Аллоҳ таоло айтганидек бўлган:

﴿ قُلْ هَلْ نُنَبِّئُكُمْ بِالْأَخْسَرِينَ أَعْمَالاً • الَّذِينَ ضَلَّ سَعْيُهُمْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَهُمْ يَحْسَبُونَ أَنَّهُمْ يُحْسِنُونَ صُنْعاً

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Сизларга қилган иш-амалларидан энг кўп зиён кўргувчи кимсаларнинг хабарини берайликми?! Улар (кофир бўлганлари сабабли) қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо (нодонликлари сабабли) ўзларини чиройли — яхши амал қилаётган кишилар, деб ҳисоблайдиган кимсалардир!»» (Каҳф: 103, 104).

Унинг сарф этган пуллари, меҳнатлари, қилган амаллари, хушу ва йиғи‒сиғилари фойда бермайди. Чунки, Аллоҳ таоло унга битта йўлни берган ва у ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишдир.

Ҳар қандай амалнинг Аллоҳ қабул қилиши учун икки шарти бордир: унинг Аллоҳ таоло учун холис бўлиши ва Аллоҳ нозил қилган таълимотларга мувофиқ бўлиши.

Дарҳақиқат, биринчи жоҳилият ва ундан кейинги замонларда пайдо бўлган ширк, залолат ва хурофотлар, Аллоҳнинг динида дин ниқоби остида янгиликлар яратиш натижасида содир бўлди. Араблар Иброҳим ва Исмоил алайҳимассолату вассаломлар Каъбани қурганларидан бери тавҳид динида эдилар. Улар орасидан Амр ибн Луҳай Хузоъий исмли одам чиқиб Шом ўлкасига саёҳат қилади ва араблар сингари чодирларда яшамайдиган, қўй ва туя боқмайдиган маданиятли халқни кўради. У маданият, қонун, мулкдорлик ва дабдабаларга шоҳид бўлади. Бу кўринишлар уни алдайди. Сўнгра улар эътиқод қилган дин ҳақида ҳам фикр юритади: улар бутларга сиғинишарди. Улар черковларга Ийсо ва Бокира Марям алайҳимассаломларнинг расмларини чизиб, турли бут ва ҳайкалларни қўйиб олишган ва Аллоҳни қўйиб уларга ибодат қилишар эди. Амр ибн Луҳай уларни кўриб лол қолди. Чунки, буларнинг барчаси арабларга менгзамаган «маданиятли» халқдан содир бўлган эди. У, мазкур расмлардн олиб Маккага келтирди ва араблар уларни Каъбага осиб қўйишди. Шунинг учун ҳам, саҳиҳ ҳадисда айтилганидек,Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Амр ибн Луҳайнинг жаҳаннамда ичак‒чавоқларини судраб юрганини кўрдилар (Ҳоким 8789).). Аллоҳ бизни ва сизларни бундай фалокатдан асрасин! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «унинг биринчи бўлиб ҳайвонларни бутларга атаган одам эканини» таъкидладилар‒ки, Аллоҳ таоло у жонлиқлар ҳақида шундай деган:

﴿ مَا جَعَلَ اللَّهُ مِنْ بَحِيرَةٍ وَلا سَائِبَةٍ وَلا وَصِيلَةٍ وَلا حَامٍ وَلَكِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا يَفْتَرُونَ عَلَى اللَّهِ الْكَذِبَ

«Аллоҳ на «баҳийра», на «соиба», на «васийла» ва на «ҳомий» қилишга (буюргани) йўқ. Лекин кофир кимсалар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқимоқдалар …  

И з оҳ. Ислом, келишидан илгари арабларда шундай одат бор эди: бешта туққан туянинг қулоғини кесиб, бутларга ҳадя этардилар. Шундан кейин уни соғиш ҳаром деб ҳисобланар эди. Бундай туяни «баҳира» деб аташарди. Бирон киши бетоб бўлиб қолса:«Соғайиб кетсам, туямни тангри йўлида ҳайдаб юбораман», деб қасам ичарди. Сўнг соғайгач, туясини кўчага ҳайдаб чиқарар ва ундан ҳеч ким фойдаланмас эди ва уни «соиба» деб аташар эди. Араблар кетма-кет иккита урғочи бўталоқ туққан она туяни ҳам «васийла» деб атаб, бутларга қурбонлик қилар эдилар. «Ҳомий» эса пуштидан ўн бўталоқ бўлган эркак туядир. Арабларнинг одатича, бундай туя ҳам ўз ишини қилиб бўлган деб ҳисобланиб, бўш қўйиб юборилар эди» (Моида: 103).

Амр ибн Луҳай биринчи бўлиб Аллоҳ таоло шаънига ёлғон гапирган, жонлиқ ҳайвонларни бутларга атаган, туялар ҳақида «баҳийра», «соиба», «васийла» ва «ҳомий» каби бидъатларни ўйлаб топган эди. Мазкур туяларнинг муайян хусусиятлари бўлиб, бутларга назр қилинар эди. Амр бин Луҳай бутларни олиб келиб, Араб ўлкаларига ширкни ёйган эди. Мазкур бидъатларни эса бутларга яқин бўлиш учун ўйлаб топган эди. Бу одам Иброҳим алайҳиссалом миллатини тавҳиддан ширкка бурган илк одам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматни ундан огоҳлантирган эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган пайғом, тавҳид миллати бўлганларидан кейин араблар орасида кенг урчиган ширкннинг илдизини қуритиш учун эди. Демак, Аллоҳ таоло тарқоқликдан сўнгра бирлаштирган ва кўнгилларимизни зулматдан сўнгра мунаввар қилгач, тавҳид миллатидан оғдирмоқчи бўлган кимсаларга итоат қилмаймиз. Чунки, мўъминнинг йўлбошчиси ва ўрнаги ‒ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Акси тақдирда унинг йўлбошчи ва ўрнаги Амр ибн Луҳай бўлиб қолади.

Ҳар бир халқнинг орасидан вақти‒вақти билан янги Амр ибн Луҳайларнинг чиқишидан ҳайратланманглар! Чунки, ширкни ўйлаб топадиган одамларнинг, ортидан эса тавҳид эгаларининг пайдо бўлиши ‒ Аллоҳнинг суннат‒қонуниятларидан биридир. (Ҳа), ботил пайдо бўлдими, ҳақиқат юзага келаверади. (Ҳаёт) шундай (давом этаверади)… Фиръавн ҳам, Қуръон Карим ҳикоя қилганидек::

﴿ أنَا رَبُّكُمُ الْأَعْلَى

«Мен сизларнинг буюк роббингиздирман!»‒ деди (Нозиъат: 24) ва ўлди. Бироқ, ҳар бир замонда ўзини «Фиръавн» деб атамаса ҳам, «Мен, сизларнинг буюк роббингиздирман!» демаса ҳам, янги «Фиръавн» чиқиши мумкин. Аллоҳнинг дини ва қонунларини ўзгартирган ва одамларни Аллоҳни қўйиб ўзига сиғинишга чорлаган ҳар бир одам, Фиръавндек иш қилган бўлади. Бинобарин, бидъатчи ва залолатдагилар ўрнак олган одамлар ‒ инсониятни тавҳиддан ширкка бурган Нуҳ алайҳиссалом қавми ҳамда араб миллатини тавҳиддан ширкка бурган Амр ибн Луҳайдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Умматимдан бир гуруҳ ҳақиқат узра ғолиб туради ва уларга Аллоҳнинг амри келгунича мухолиф бўлган одамлар зарар бера олмайдилар» (Имом Аҳмад 16956) ҳадисининг мазмуни: Бидъатни пайдо қилган ёки бидъатга чорлаган ҳар бир кишининг даъвати муваффақиятсиздир. Чунки, Аллоҳ таоло мазкур ғолиб гуруҳни улар устидан устун қилади, демакдир.

Тавҳид ва янаТавҳид! Суннат ва яна суннат! Суннатга ‒ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига риоя қилган одам қутилади! У ‒ Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси янглиғдир! Ундан юз ўгирган одам чўкиб, ҳалок бўлади. Тўлқинлардан тоғлар чўққисига тирманиб қутилиб қоламан деб ўйлаган одам, Аллоҳнинг азобидан қутила олмайди! Қутилишнинг ягона йўли ‒ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига қатъий риоя қилишдир! Аллоҳ сари олиб борадиган ягона йўл ‒ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига эргашишдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

﴿ قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ

«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади …»» (Оли Имрон: 31).

Ягона йўл ‒ шудир. Аллоҳ таоло ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатни иддао қилган одам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашсин, унинг муҳаббатини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисларида айтганларидек, ўзи, оиласи, мулки ва фарзандларининг муҳаббатидан муқаддам қўйсин: «Бировингиз Мен унга мулки, фарзанди, онаси ва барча одамлардан кўра севимли бўлмагунимча (комил) мўъмин бўла олмайди!» (Имом Бухорий 15, Имом Муслим ). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат шу даражада бўлиши керак.

Муҳаббат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати ва турмуш тарзини суюшда намоён бўлиши керак. Шунинг учун фожирлар, осийлар ва кофирларни суйган одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севмайди. (Айтинглар‒чи), бировни яхши кўрганини иддао қилган одам унинг йўлига мухолиф бўлиши, фармонларини рад этиши ва айтган гапларини пучга чиқариши мумкинми?! Бундай одам уни яхши кўрмайди. Чунки, унинг иддаоси алдамчидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло «машақат», «синов» ва «фитна» дея аталган оятда шундай деган:

«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади …»» (Оли Имрон: 31). Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш биз фарз ва нафл намозларнинг ҳар бир ракаатида устивор қилишини тилаганимиз Тўғри йўлдир. Аллоҳ таоло айтди:

﴿ اهْدِنَا الصِّرَاطَ الْمُسْتَقِيمَ • صِرَاطَ الَّذِينَ أَنْعَمْتَ عَلَيْهِمْ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلا الضَّالِّينَ

«Бизларни, ғазабга дучор бўлмаган ва ҳақ йўлдан тоймаган зотларга инъом қилган йўлинг бўлмиш — Тўғри йўлга йўллагайсан» (Фотиҳа: 6, 7).

Аллоҳ таолодан бизни мустаҳкам суннатда бардавом қилиши, ундан билган ҳолимизда оғдирмаслиги ёки жоҳиллик ва залолат билан ибодат қилдирмаслиги, барчамизни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳларга инъом қилганТўғри йўлига ҳидоятлаши, ғазабга дучор бўлган ва адашган кимсаларнинг йўлларидан асраши, ҳақиқатни тинглаш, қабул қилиш ва унга эргашишга муваффақ айлаши, бошбошдоқ, оғувчи, бидъатчи ва адашган одамларнинг йўлларидан узоқлаштиришини тилаймиз. Дарҳақиқат, Аллоҳ ‒ эшитгувчи, (дуоларни) ижобат қилгувчи Зотдир.

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, унинг оиласи ва асҳобларига салавоту саломлар йўлласин.

Барча оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.

 

Салибчилар террори ва террористлар (Ориф Олтинбош)

Салибчилар террори ва террористлар

Муаллиф: Ориф Олтинбош

Мутаржим: Абу Жаъфар ал−Бухорий

Ер юзида қилинган жиноятлар, ноҳақликлар, ишғол ва мустамлакачилик, дунёдаги террор ҳодисаларининг тагида ётган омилларнинг энг муҳимларидандир.

Қудратли давлатларнинг кучсиз халқлар устидан юритаётган давлат террори, айрим ташкилот ва жамоатларни, ичига тушиб қолган чорасизликлар олдида, қўлга қурол олишга мажбурламоқда. Натижада, улар ҳам «ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» номи остида қўлларидан келган барча услубларни ўзлари учун машру ўлароқ кўриб, ҳаётга татбиқ қилмоқдалар. Бундай усулларни қўллашни «террор», уни амалга оширганларни эса «террорист» деб аталмоқда.

Ўз дини, ватани, номуси ва шарафини, маданият ва урфини, озодлик ва мустақиллигини мудофаа қилиш учун жангга отланганларни «террорист» деб атаётганлар, мустамлака қилиш ҳолатида турган зўравон кучлардир.

Ўз ватанларидан қувилган, гўдак ва хотин−қизлар демай ноҳақлик билан ўлдирилган ва ҳозирги кунимизда ҳам қийноқ ва қатлиом остида умрини ўтказаётган бу инсонлар, золимга қарши исён қилмай, кимга исён қилсинлар?!

Масалан, ўлганлар − фаластинликлар, қотиллар эса исроилликлар! Тупроқлари ишғол қилинганлар − фаластинликлар, ишғолчилар − исроилликлар! Ҳар куни бўмбабўронлар остида гўдак, хотин−қиз ва кекса демай ўлдирилганлар − фаалстинликлар, ўлдирганлар эса исроилликлар!

Аммо жаҳон афкор оммаси ва халқаро матбуот органларида, ТВ ва радио дастурларида қотилларни эмас, ўлдирилган мақтулларни жиноятчи қилиб кўрсатилса, айрим одамлар ва гуруҳларни ақл олмас ҳаракатларга ундаши мумкин.

Одамлар ўзлари, ўлкаси, оиласи, муқаддас қадриятларини ҳимоя қилиш ва золимдан, қотилдан, ишғолчидан ҳақларини қайтариб олиш, золимларни сарҳисоб қилиш ва уларга «ўзлари билган тилда дарс бериш учун» худкуш бўлишга қадар кетган руҳий кечинма ҳолига тушишлари мумкин.

Уларга ўлимдан бошқа ихтиёр қўймаган мустабид, қийноққа солгувчи, золим, ишғолчи, мустамлакачи ва қотилларнинг ҳеч айби йўқми?! Ҳақиқий террористлар, мазлумларни мушукни бурчакка қамаб арслонлаштириб, ўзларига ҳамла қилдиришга ундаганлардир!!

Ироқ, Афғонистон, Фаластин, Сомали, Қорабоғ, Қибрис (Кипр), Аче – Суматра, Мянмар (Бирма), Кашмир, Филиппинлар, Чеченистон, Босния, ҳозирги кундаги Сурия ва Мисрда юзага келган зулм, қатлиом ва ноҳақликлар олдида бу инсонлар инсондек ва шарафи билан яшаш учун қачонгача ваҳшиёна ўлишлари керак?!

Ғарбнинг мусулмонлар устидан ўйнаётган ўйинлари, давом эттираётган ишғоллари, истибдод, террор ва қатлиомлар, террорни келтириб чиқарган асосий омилларнинг бошида келмоқда.

Ҳеч ким бирон сабабсиз террорист бўла олмайди. Ҳақиқий террористлар уларни шу ҳолга туширган ва шу ҳолатга тушишга мажбур қилганлардир! Бу эса, Ғарбнинг тўймаган ишғолчилик иштаҳаси ва чегара билмаган мустамлакачилик истакларидир!

Ғарб оламининг мусулмонларни бўйинсундириш учун асрлар давомида юритган Салибчилар сафари, бугунги кунда ҳам бошқа жабҳа ва бошқа шаклларда давом этмоқда.

Ислом ўлкалари устидан жорий қилинган ишғол, ҳужум, зўравонлик ва қатлиом амалиётлари замонавий Салибчилик ҳаракати ва зулми бўлмаса, нима?! Ҳақиқий террористлар − салибчилик тушунчалари билан ҳаракат қилаётган Ғарб маданияти ва уларнинг ўлкамиздаги кўнгилли фидоийлари бўлган Ислом душманларидир!

Ҳозиргу кунда ТВ ва медиямизда, кўча кўю майдонларимизда, таълим муассасалари−ю давлатнинг ичкариси ва хорижида мусулмонларга қарши курашётганларнинг салибчилардан қандай фарқи бор!

Баасизм, Носиризм, Камолизм, Социализм, Ғарбийзм, Ғарб Ишчи гуруҳи, Эргеноконизм, Моликизм, Карзоизм, Махдумизм, Асадизм ва Сисиизм ва бундан бошқа исмлар бўлсин, фарқ этмас! Буларнинг ҳар бири онгли ёки онсиз равишда Салибчилар армиясининг ғалабаси учун фаолият кўрсатишмоқда!

Қўлларига хочларини олган, зирҳлар билан ҳимояланган ва чегараларимизга етиб келадиган Салибчилар қўшинини кутаётганлар алданмоқдалар!

Улар шамол тегирмонига ҳужум қилган Дон Кихот каби, Қиличаслан, Нуруддин Зангий ва Салоҳуддин Айюбийларнинг инонч ва иймон қалъаси бўлган қўшинларига тўқнашиб, парчаланиб кетишган. Ҳозирги кунда Салибчилар ҳаракатига салибчиларнинг Даблю Буш каби набиралари қўмондонлик қилмоқда!

Ҳақиқий террор – Ислом ўлкаларини ишғол қилганидан кейин Салибчилик идеологияси давом эттирган террордир. Ҳақиқй террористлар эса ўз ватани, миллати, дини, маданияти ва қадриятларини ҳимоя қилаётган мусулмонларни террорист ўлароқ кўрсатаётган тушунча ва фикр эгаларидир.

Аллоҳ таоло пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳим ва салламлар воситасида юборган Ҳақ дин – Ислом ўлдиришни эмас жонлантиришни, ноҳақликни эмас адолатни, урушни эмас тинчликни иншо этиш учун юборилгандир.

Шунинг учун ҳам, террорнинг дини, миллати ва мазҳаби йўқ бўлганидек, диннинг ҳам террори йўқдир! Террор – ғазаб, кин, адоват, интиқом ва қон тўкишни муқаддаслаштирганларнинг динидир!

 

Абу Лаҳаб ва унинг рафиқаси (Доктор Роғиб Саржоний)

Абу Лаҳаб ва унинг рафиқаси

Муаллиф: Доктор Роғиб Саржоний

Мутаржим: Абу Жаъфарал−Бухорий

Асл сарлавҳа: أَبُو لَهَبٍ وَزَوْجَتُهُ

بسم الله الرحمن الرحيم

Баъзи одамлар Абу Лаҳаб ва унинг рафиқасига раддия ўлароқ қисқа бўлсада бутун бир суранинг нозил қилингани ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга зулм қилган кофирларнинг сони кўп бўлган бўлсада, Абу Лаҳабнинг номини айнан зикр қилинишидан таажжубланишади. Шундай бўлсада, Қуръон Карим бунга очиқ эмас, имо билан ишора қилган.

Ҳайрат, шу беш оятлик суранинг Абу Лаҳабнинг рафиқасига тааллуқли икки оятини ўқилганда ва унинг шу хотинга тааллуқли иш − «хурмо пўстлоғи» − «Масад» билан аталишини ўрганилганида, яна ҳам ошади.

Яна таажжуланмоқчи бўлсангиз шуни ҳам билингки, Абу Лаҳаб ва рафиқасининг мусулмонлар билан ўтказган тарихида қамчилаш, қилич билан ўлдириш, яралаш, ўлдириш ва хиёнаткорона суиқасд қилиш каби азоб ва қийноқлар йўқ эди.

Шундай экан, Абу Лаҳаб ва унинг хотинига нисбатан нега бунча лаънатлар айтилди?!

Сизга қисқача қилиб шуни айтишим мумкинки, бу одам ва унинг хотини (ўз замонида) адаштирувчи фикр эгалари – хатарли эълончилар (журналистлар) эдилар. Бундан ташқари, уларнинг озорлари бир мусулмон ва муслимада тўхтамас, аксинча, уларга қулоқ солган ёки уларни эшитган бутун башариятга етиб борар эди…

У иккисининг сўзлари билан қанча инсонни Аллоҳнинг йўлидан тўсилди. Уларнинг ёлғонлари ва шубҳалантиришлари билан қанча даъватчиларга озорлар етди!!

Шунинг учун мазкур эр ва хотин, бу дунёда теккан ва охиратда ҳам тегажак оммавий лаънатга лойиқ бўлдилар!

Келинглар, уларнинг даъватнинг илк кунларидаги разил ҳолатларига қайтайлик…

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг ушбу ривоятини келтирди:

﴿ وَأَنْذِرْ عَشِيرَتَكَ الْأَقْرَبِينَ

«Яқин қариндошларингизни (жаҳаннам азобидан) огоҳлантиринг!» (Шуаро: 214) ояти нозил бўлгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафо тепалигига чиқдилар ва Қурайш қабиласининг аймоқларига қарата: «Эй, Феҳр аймоғи! Эй, Адий аймоғи!»,− дея чақира бошладилар. Улар тўпландилар. У ерга кела олмаган одам, нима гап эканини билиш учун (ўз номидан) элчи юборди. Абу Лаҳаб ва Қурайш (сардорлари) етиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизларга: Шу тоғнинг орқасидаги сойда сизларга ҳужум қилмоқи бўлган суворийлар бор», десам сизлар менга ишонасизларми?!»− дедилар. Улар: Ҳа, биз сенинг рост гапиришингни биламиз!− деб жавоб беришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизларни қаттиқ азоб келишидан огоҳлантираман»− дедилар. Буни эшитган Абу Лаҳаб: Қолган кунларингда қуриб кетгур, бизни шунинг учун чақирдингми?!,− деди. Шундан сўнг:

﴿ تَبَّتْ يَدَا أَبِي لَهَبٍ وَتَبَّ مَا أَغْنَى عَنْهُ مَالُهُ وَمَا كَسَبَ

«Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай — ҳалок бўлгай! (Аниқки) у қуриди —ҳалок бўлди! 2. Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ!» (Масад: 1, 2) оятлари нозил бўлди.

Ривоятга диққат қилган бўлсангиз, Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу: «Абу Лаҳаб ва Қурайш (сардорлари) етиб келди»− деди ва Абу Лаҳабнинг исмини айтди. Ҳолбуки, қавмнинг барча сардорлари келган бўлсада, Абу Лаҳаб улар ичида энг эътиборлиси эди. Нега?! Чунки у «гапирар» ва одамларни Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун йиғинларда баралла «эълонлар» қилар эди…

Одамларнинг тоза фитратлари бўлиб, Қуръон ва суннатни тингласалар уларнинг кўплари ҳидоят топадилар. Бироқ матбуотнинг фосиқ ходимлари келишади−да, воқеъликни бузиб кўрсатиб, одамларни Ислом йўлидан узоқлаштирадилар. Матбуот ходимлари шу ишлари билан, қўлларида қамчиси бўлган жаллодлар ва мўъминларни зиндонларига қамаган раҳбарлардан кўра Ислом даъватига катта хатарга айланадилар.

Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло Қурайшнинг мусулмонларга жисмоний қийноқларга солаётган бошқа шайтонлари ҳақида Абу Лаҳаб ҳақида айтилганидек оятлар зикр қилмади.

Абу Лаҳабнинг хотини ҳам хатарли хабарчи эди!!

Абу Лаҳабнинг хотини Умму Жамил исломий даъват ва пайғамбарлик ҳақида эшитгач, Ислом ва мусулмонлардан нафрат этди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳобларига ҳасад қилди. Ўғлини жоҳилият пайтида уйланган хотини –Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизи Руқийядан ажралишга ундаш билан кифояланмади балки ўзининг маккорона ва бузуқ хабарчилик ишини бошлаб, «Муҳаммад» (Кўп мақтанилган) исми ўрнига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга масхаромуз лақаб – «Музаммам (Мазаммат қилинган)»ни ёпиштирди!  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Ислом динини ҳажв қилган шеър ҳам ёзди:

Мазамматлангандан воз кечдик,

Динини ёмон кўрдик,

Амрига осий бўлдик!

У ўзининг у ер ва бу ерларда Исломга зид эълонлари билан ҳаракат қилар, ҳатто, ҳаёга ундаган фитратига қарши чиқб эркакларнинг мажлисларига ҳам кириб боришдан уялмасди. Унинг иши одамларни Ислом ва мусулмонлардан буриш бўлиб қолган эди.

Бу, у иккисининг ҳаётидаги ўткинчи ҳолат эмас эди…

Абу Лаҳабнинг рафиқаси Умму Жамил жамиятдаги хабарларни кузатиб борар ва унга адаштирувчи ёлғонларни қўшиб ёяр эди. Ваҳий тўхтаб қолган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига бориб: Эй Муҳаммад, эшитишимга қараганда Шайтонинг сендан воз кечган эмиш!,− деди. Шундан кейин Зуҳо сураси нозил бўлди.

Бироқ бу даракчи ваҳийнинг тўхташини ёлғон ва адаштирувчи хабар шаклида тарқатади ва: Муҳаммаднинг олдига Шайтон келади ва шу кунларда у келмай қолди!,− дейди. Аслида эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига фаришталардан бири келар ва У билан доимо учрашар эди. Умму Жамилнинг оддий кичкина хабар – ваҳийнинг тўхташини қандай хунук ва айбловчи суратда ёйишига қаранг! У ўзи тарафидан қанча нарсалар қўшди, қанча ҳақиқатни тушуриб қолдирди ва ботил учун қандай фаол ҳаракатлар қилди!!

Унинг умр йўлдоши Абу Лаҳаб ҳам ботил йўлида анчагина жиддий ҳаракат қилар ва рафиқасининг ёлғон даракларини ёйишига рақиб бўлар эди. Жоҳилият даврини кўрган ва кейин мусулмон бўлган Рабийъа ибн Аббод Дийлий разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Зулмажоз бозорида кўрдим. У: «Ҳой одамлар, «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ!), денглар қутиласизлар!»− дер ва бозорнинг ўрталарига кирар, одамлар жимгина унинг сўзларини эшитишар ва у: «Ҳой одамлар, «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ!), денглар қутиласизлар!»− дер эди. Унинг орқасида кўзлари ғилай, юзи порлаган ва сочлари ўрилган киши: Бу − адашган каззоб!,− дер эди. Мен: Бу одам ким?,− деб сўрасам: (У) – Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, пайғамбарликдан гапираяпти,− деб жавоб беришди. – Уни ёлғончига чиқараётган мана буниси–чи?,− деб сўрасам: Амакиси Абу Лаҳб,− дейишди (Имом Аҳмад 16119).

Абу Лаҳаб ҳам ўша бузуқ даракчилик ролини ижро этар ва ишончли ва тўғри сўзлигини билсада, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи–каззоб, ўзи бутпараст бўлсада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ягона Аллоҳга ибодат қилиш учун келганини била туриб: У – адашган, дея иддао этарди.

Бу икки даракчининг қиссаси ўзларини одамларнинг назаридангина эмас, ҳатто Аллоҳнинг назаридан ҳам туширган ачинарли воқеъалар билан тўлиб−тошган. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло уларга Азийм ва Карийм китобида ёзилган хорлик ва хўрликни раво кўрди. У хорлик ва хўрликни мўъминлар Аллоҳнинг китобидаги Масад сурасини очганлари маҳал Қиёмат кунигача такрорлаб ўқиб юришади.

Абу Лаҳаб ва рафиқасининг ҳикоясида иккита чақириқ бор

Ҳикоя мени иккита муҳим чақириқ билан мурожаат этишга ундади:

Биринчи муражаатим воқеъликни сохталаштираётган, ҳодисаларни одамларга булғаб кўрсатиб Исломдан нафратлантираётган ва мўъминлар йўлидан узоқлаштираётган эркак ва аёл жинсидан қатъий назар, журналистларгадир. Мен уларга шундай дейман:

Абу Лаҳаб Бадр жанггида мўъминлар қўлга киритган ғалабани кўргач, қайғу аламларга мубталао бўлди. Бундан баттари эса, Аллоҳ таоло унга араблар нафратланадиган мохов касаллигини юборди ва ўша касаллик билан ўлиб кетди. Касалликдан нафратланганлари боис биронта қариндоши Абу Лаҳабнинг жасади ёнига яқинлашмади. Натижада, бир неча кун хонада қолган жасад чириб, бадбўй бўлди. Одамлар ўғилларини кўммасликда айблашгач, жасад устига узоқдан сув сепдилар ва кийимлари билан Макканинг тепаликларига олиб чиқиб, тоғлар устига ташлашди ва устига тошлар отиб, жасадни «кўмишди»!

Абу Лаҳабнинг йўлидан юрган одамларнинг аянчли хотимаси шудир. Улар учун ҳеч ким кўз ёши тўкмади, хайрли дуода бўлмади. Бу – кутилган натижадир. Чунки Аллоҳ таоло:

﴿ وَمَنْ يُهِنِ اللَّهُ فَمَا لَهُ مِنْ مُكْرِمٍ

«Кимни Аллоҳ хор қилиб қўйса, бас, уни (ҳеч ким) азиз қилгувчи бўлмас»− деган (Ҳаж: 18).

Воқеъаларни бузиб кўрсатаётган журналистлар, ўзингизга келинг!

Олдингизда ўзингизни қутқариш фурсати бор. Дунёга қайтиш имконияти бўлмаган Кун келишидан илгари бу фурсатни ғанимат билингиз!… Шуни унутмангларки, сизларга эргашаётган омма сизларга ачиниб ҳеч қачон кўз ёши тўкмайди. Аксинча, сизлардан ўз безорликларини эълон қилишади ва сизларни лаънат қилишни ўз зурриётларига мерос қилиб қолдиришади ва улар на ўзлари ва на ватанларининг манфаатлари учун ҳаракат қилмаганингизни, балки, қилган ишларингиз орқасидан ўз манфаатларингиз – молу дунё, сайловлардаги овоз ва шуҳратни мақсад қилганингизни тушуниб етишади.

Хўш, воқеъаларни бузиб кўрсатиш билан нимага эришдингиз?!

Аллоҳ таоло Абу Лаҳаб ҳақида:

﴿ مَا أَغْنَى عَنْهُ مَالُهُ وَمَا كَسَبَ

«Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ!»− деди (Масад: 2). Унинг машҳурлиги нимада бўлди?! Машҳурлиги, ўз замонасидан тортиб то Қиёмат кунигача жиноятчи, бузғунчи ва расво одамларнинг шуҳрати каби бўлди!

Шундай хотима сизларга ёқадими?!

Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, менинг сизларга раҳмим келаяпти… Наҳотки ўйлаб кўрмайсизлар?!

Шуни ҳам таъкидлаб ўтмоқчиманки, мен ўлкамиздаги журналистларни Абу Лаҳаб ва хотини Умму Жамил каби кофир дея тавсифламоқчи эмасман. Фақатгина, Абу Лаҳаб ва Умму Жамилларни кофирликка олиб борган ишларни тавсифлаяпман, холос. Бу – улар қилган ишнинг нақадар расво ва нақадар жиноят эканини кўрсатмоқда. Бинобарин, уларнинг йўлидан юрган одамлар ҳам, уларнинг хотимасига дуч келишлари муқаррардир. Ҳақиқатни ёлғонга чиқариш ва ҳақиқатдан тўсишни тирикчилик манбаи қилиб олган одамларнинг, ҳаётлари давомида иймондан ажралиб қолишлари эҳтимолдан холи эмас. Шу боис, бу ишлардан огоҳлантириш бурчимиздир. Аллоҳ таоло айтди:

﴿ كَلَّا بَلْ رَانَ عَلَى قُلُوبِهِمْ مَا كَانُوا يَكْسِبُونَ

«Йўқ, (ундоқ эмас)! Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилгувчи бўлган гуноҳлари қоплаб олгандир!

И з о ҳ. Яъни уларнинг дилларини ўзларининг доимий касб-корлари бўлган гуноҳ ва жиноят занглари босиб қолгани сабабли улар Илоҳий ҳақиқатни афсонадан ажрата олмас» (Мутоффифийн: 14).

Иккинчи чақириғимни эса мўъминларга қилмоқчиман:

(Ҳой мўъминлар), Абу Лаҳаб ва Умму Жамил кабиларнинг оғзидан чиқаётган чўпчаклар сизларни тушкунликка тушурмасин! Ахир, улар ҳозир қаердалару, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаердалар?!

Аллоҳ таоло Абу Лаҳаб ва Умму Жамилни хор қилиб, чиқиб бўлмайдиган жаҳаннамга киритди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва ишларини эса улуғлади, Унга ва асҳобларига мадад қилди. Шу боис биз уларни доимо сано ва мақтовлар билан тилга оламиз. Бутун дунё эса уларнинг азаматли осорлари ва буюк зафарлари ҳақида тафаккур қилишда давом этмоқда.

Абу Лаҳаб ва Умму Жамиллар ёйган ёлғонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаракати ва фаолиятига таъсир кўрсата олдими?!

Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, йўқ!… Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга эътибор ҳам бермадилар ва бирон кишининг хаёлига келмайдиган даражада илова қилдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни масхара қилиб: Музаммам! (мазаммат қилинган),− дейишганида нима дедилар?! Асҳобларига: «Аллоҳ таоло мендан Қурайшнинг «Музаммам» дея ҳақорат ва лаънат қилишларини қандай тўсаётганларини биласизларми?! Мен – Муҳаммад (Мақтанилган)ман!»− дедилар. Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларини охирига етказдилар ҳамда асҳобларини ҳам йўлларини охирига етказишга рағбатлантирдилар. Чунки, чин даъватчининг бундай ёлғон ва чўпчаклар билан ўтказадиган вақти йўқдир.

Биз шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, мазкур ҳодиса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг раддия беришга имкони бўлмаган Маккада содир бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан ортиқ нарса билан раддия бера олмас эдилар. Мадинада бўлиб ўтган ҳодисаларнинг эса, ўзига хос тафсилотлари бор.

Эй мўъминлар, сизга муждалар бор ва хотиржам бўлинглар!

Аллоҳга қасамки, Аллоҳ яқин кунларда бу жиноятчиларни расво қилиш билан сизларни ҳам севинтиради ва кўнглингизга таскин беради. Иншааллоҳ, яқинда шундай кунлар келади−ки, ҳозир барчани оғзига қаратган бу каззобларнинг расволиги одамларга аён бўлиб, одамлар назаридан тушадилар. Бу – умрини Аллоҳу Роббул оламийннинг йўлидан тўсиб ўтказган барча золимларнинг муқаррар хотимасидир. Аллоҳ таоло айтди:

﴿ وَيَقُولُونَ مَتَى هُوَ قُلْ عَسَى أَنْ يَكُونَ قَرِيبًا

«Ҳали улар: «У (кун) қачон бўлур?» деб (сўрайдилар). «Шоядки яқин бўлса», деб айтинг!» (Исро: 51).

Аллоҳ таолодан Ислом дини ва мусулмонларни азиз қилишини сўраймиз.

 

Сурияда қатлиом

بسم الله الرحمن الرحيم

﴿إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ

«Албатта биз Аллоҳнинг ( бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз» (Бақара: 156).

Ислом уммати мелодий йигирма биринчи асрда турли синов босқичларини босиб ўтмоқда. Уммат синовларда тобланар экан, унинг душманлари қурган давлат тузумлари ва турмуш тарзлари ўз ботили ва ҳақсизликларини ўзи ошқора кўрсатиб бормоқда.

Сурияда узоқ йиллар давомида ўзининг бедодлиги билан халқларнинг диний ва миллий қадриятларини оёқ ости қилиб келган ҳукуматларга қарши бошланган тинч норозилик ҳаракати, Армия тарафидан шафқатсизларча бостирилмоқчи бўлди. Бироқ, «ё ҳаёт ёки мамот» шиори билан чиққан халқ, кўз ўнгида кўрган ўлимлардан ўзи учун куч олди ва норозилигини давом эттирди.

Сурия ҳукуматини аҳолининг миллий озчилигини ташкил қиладиган диний нусайрий оқимига мансуб кишилар ташкил қилишади. Уларнинг асрлар давомида сунний мусулмонларга нисбатан сақлаган гина−адоватлари, йиллар давомида мухолифларга қилишаётган қонли хунрезликларида ўз аксини топди.

Суриянинг собиқ президенти Ҳофиз Асад 1979 йилда Ҳамо шаҳрида бошланган ва мусулмонлар ўз ҳуқуқларини талаб қилиб чиқишган намойиш ва норозиликларни 1982 йилда қонли шаклда бостирди. У, оғир ва кимёвий қуроллар воситасида айрим ҳисоботларга кўра 10 000, бошқа ҳисоботларга кўра эса 20 000 суриялик мусулмонни ўлдирди. Шафқатсиз бостириш ортидан харобага айланган шаҳарда яшириниш эҳтимоли бўлган «исёнчи»лардан қутилиш учун эса кимёвий газ ишлатди.

           

Кеча 21 август куни эса пойтахт Дамашққа яқин Шарқий Ғута минтақасида Ҳофиз Асаднинг ўғли Башшор Асад ҳам, ҳукуматга қарши чиққан мухолифларга қарши халқаро қонунларга кўра таъқиқланган кимёвий қурол – зарин газини ишлатди (C4H10FO2P). Натижада, норасмий ҳисоботларга кўра 2 500 дан ортиқ тинч аҳоли ўлган ва буларнинг мингга яқини норасида гўдаклардир.

 

     

Зарин гази Германияда кашф этилган ва махсус кимёвий ўқ (снаряд)лар воситасида отилади. У портлагач одамларнинг асабларига таъсир кўрсатиб, фалж қилади.

Албатта, золимларнинг бундай ишларга қўл уришларининг бир неча сабаблари бор. Биринчиси, рўпараларида ҳуқуқларини талаб қилган инсонларни кўра олмаслик.

Иккинчидан, мухолифларга логистик ёрдам кўрсатаётган давлатларга ўзининг ким эканини кўрсатиш.

Учинчидан, мухолифларнинг ғалабаси яқиндир. Ҳозирги кунда қуролли мухолафат золим Башшорни пойтахт Дамашққа қамал қилиб қўйди ва у, ўзининг бедодлиги билан ҳар нарсага қодир ҳамда тахтни сақлаб қолиш учун барча имкониятларни ҳатто, кимёвий қуролларни ҳам ишлатишга тайёр эканидан хабар бермоқда.

Ҳа, золимлар ҳаётни тахтсиз тасаввур қила олмайдилар ва тахтдан ажралмаслик учун бор имкониятларини ишга соладилар. Айрим сиёсий таҳлиличиларнинг фикрларига кўра, ҳозирги кунда Сурия ҳукумати қарорларини Эрон ва Россия ҳукуматларининг талабларига кўра олмоқда. Чунки, Башшор Армияси таназзулга учраганидан кейин, унинг ҳукуматини ёлланган Ҳизбуллоҳ ва Эрон Инқилоб Муҳофизлари шиа гуруҳлари ҳамда Россия Махсус Хизмати Қўшинлари қон тўкиб ҳимоя қилмоқда.

Золимларнинг миллати ва дини фарқли бўлсада, Ислом дини ва боамал мусулмонларга нисбатан олиб борган сиёсати айнидир. Уларнинг тасаввурида халқнинг қирилиши, гўдакларнинг ўлдирилиши ва қизу жувонлар номусининг топталишининг зарра қадар аҳамияти йўқдир.

Шундай экан, биз мусулмонларнинг мўъмин қардошларимизнинг ғалабаси ва тирик қолишлари, золимларнинг эса Ер юзидан супурилиши учун барча имкониятларимиздан фойдаланиб, тинмай дуо қилишимиз керак.

Аллоҳ золимларнинг зулми билан ўлган барча мусулмонларни раҳмат қилсин, уларнинг оилалари ва яқинларига сабру қаноат, қилган сабру қаноатларига эса мукофот қилиб жаннатни берсин!

Аллоҳ золимларни Намруду Фиръавнларни, Қоруну Ҳомонларни, Абу Лаҳабу Абу Жаҳлларни ҳалок қилганидек ҳалок қилиб, ўзларидан кейинги золимларга ибрат қилсин!

 

22.08.2013