Category Archives: Ҳилолни кўриш

 Бу категорияда рамазон ойи ҳилолини кўриш ҳақидаги фатволар билан танишасиз

Қурбон ҳайити табриги

بسم الله الرحمن الرحيم

Бизларга қувониш ҳиссиётини берган Аллоҳга ҳамду санолар, байрамлар моҳиятини ўргатган пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавоту саломлар бўлсин …

Сўнг …                                                  

Ассалому алайкум, муҳтарам муслим ва муслималар!

Аллоҳ таоло башарият учун машру қилган икки байрамдан бири – Қурбон ҳайити кириб келди. Биз www.hikmatnuri.comтаҳририяти ўлароқ, сизларни ушбу муборак айём билан чин юракдан табриклаб, шу кунгача қилган ва Ташриқ аёмларида қиладиган солиҳ амалларингизни даргоҳида қабул қилиши ва уларга мукофот қилиб Фирдавс жаннатларини беришини Аллоҳ таолодан тилаймиз.

Аллоҳ таоло Қурбон ҳайитингизни муборак қилсин!

Зулҳижжа ҳилоли кўринди!

Зулҳижжа ҳилоли кўринди!

 

Саудия Арабистони Қироллиги Олий Шаръий Маҳкамаси эртага 2013 йилнинг 6 октябрь куни зулҳижжа ойининг биринчи куни эканини эълон қилди. Бунга ишончли, иймонли ва тақводор одамларнинг гувоҳлигини ҳужжат қилингани айтилган.

Шундай қилиб, эртага 6 октябрь якшанба куни зулҳижжанинг тўққиз кунлик рўзасини тутиш ва солиҳ амаллар, дуо ва зикрларни кўп қилиш мавсуми бошланади. Аллоҳ таоло барча мўъминларни бу фазилатли айёмларда Роббиларининг розилигига эришишларига муваффақ айласин!

Ҳайит табриги

Ҳайит табриги

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бугун ҳижрий 1434 йилнинг рамазон Ҳайитига етиб келдик. Шу муносабат билан Ер юзидаги барча мусулмонларни, жумладан, жафокаш ва меҳнатсевар мусулмон халқимизни кириб келган Ҳайит куни билан чин юракдан муборак этиб, Аллоҳ таолодан мўъминларнинг ҳаётини ислоҳ, Ислом қуёшини эса яна ҳам мунаввар қилишини тилаб қоламиз.

Ҳайитингиз муборак бўлсин!

 

www.hikmatnuri.com веб саҳифаси таҳририяти

Рамазон ойи табриги (2013)

Рамазон ойи табриги

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримизга салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Азиз мусулмон биродарлар ва муслима опа−сингиллар!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, яшаётган ўлкаларимизда ҳилол кўринишига қараб баъзиларимиз рамазон ойини кутиб олдик, баъзиларимиз эса бугунни эртага боғлайдиган кечада рамазон ойининг биринчи кунига қадам босмоқдамиз. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бу борада шариатимизда кенг йўллар бор.

Энг севинчлиси эса дунёнинг жуда кўп ўлкалари, жумладан, Ўзбекистон Диний Идораси фалакиёт оламини ўрганиш ва ҳилолни кўрмаслик натижасида шаъбон ойини тўкис ўттиз кун ҳисоблаб, жорий йилнинг 10 июлини рамазон ойининг биринчи куни деб эълон қилди. Ўзбекистон Диний Идорасининг ибодатларни ўз вақтида адо этишнинг шаръий меъёрларини йиллар илгари тайинланган тақвим асосида эмас, аксинча, суннат асосида мусулмон халқимизга кўрсатиб бериши, таҳсинга сазовор одимлардан бири бўлиб, мазкур Идора ходимларининг ҳар йили рамазон, шаввол ва зулҳижжа ойларининг ҳилолини тақвимга кўра эмас, ҳилолнинг воқеъда кўринишига қараб халқимизга етказиб беришларини Аллоҳ таолодан тилаб қоламиз.

Муҳтарам мусулмонлар, кимлар учундир кириб келган, кимлар учундир кириб келаётган рамазон ойи, Ислом уммати учун ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида зафарларга восита бўлсин!

www.hikmatnuri.comвеб саҳифаси таҳририяти

  

Остонага келди ойлар султони,

Кўнгилларни очиб кутиб олайлик!

Ичида мужассам ажру савобни

Ихлосу иймон−ла олиб қолайлик!

 

Ланг очилди жаннатнинг дарвозалари,

Ундан зудлик билан кириб олайлик!

«Рўза Ўзим чун!», деган Аллоҳнинг

Сўзини қулоққа қуйиб олайлик!

 

Шайтонларга урилганда занжирлар,

Нафсимизга маҳкам кишан қўяйлик!

Ибодат мавсумининг айни палласи,

Яратилганга лойиқ инсон бўлайлик!

 

Кундузлари рўза, тунлари бедор,

Раҳмон баракасин териб олайлик!

Тилларда янграсин Қуръон садоси,

Рамазонда хатмни канда қилмайлик!

 

Кабағал бечора, мазлуму бемор

Ҳаққига кўнгилдан макон берайлик!

Олису яқинда яшаган диндош

Дўстларга ифтору эҳсон қилайлик!

 

Ифтор маҳалида қилиб кўп дуо,

Кариму Ғаффорга тилак қилайлик!

Ислом умматининг зафари учун

Қаҳҳору Жабборга умид қилайлик!

 

Бугун Фаластину Бирмада қардош

Диндошлар борлигин ёдда тутайлик!

Уларга моддию маънавий дастак,

Ҳеч бўлмаса тилда дуо қилайлик!

 

Бугунги Мисрдаги қирғин баротни

Ислом тарихига ёзиб қўяйлик!

Намозда − саждада турган пайтида.

Ўлдирилган мўъминни ёдга олайлик!

 

Золимлар зиндонида иймони учун,

Қолганлар ҳаққига тилак қилайлик!

Уларни қаматган манқурт жоҳилга,

Аллоҳдан ҳидоят, инсоф тилайлик!

 

Иймону, гўзал ахлоқ, сийратимиз–ла,

Ислом даъватида сардор бўлайлик!

Дунёга бўй чўзган ботил эътиқод,

Тузумни билим−ла абгор қилайлик!

 

Кўнгилдан айрилмасин мунаввар иймон,

Унинг талабий−ла амал қилайлик!

Рамазонда тутилган бу рўзамизни,

Ўн бир ой ичида ушлаб қолайлик!

                                             09.07.2013

Кириб келаётган Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!

Кириб келаётган Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!

Аллоҳимга шукрлар бўлсин, мана бугун Қурбон ҳайитининг арафасини яшамоқдамиз. Эртага Қурбон Ҳайити. Дунёдаги барча мусулмонлар бу кунни интиқлик билан кутишади. Чунки бу кунда одамзот учун тайинланган ибодатлар сайили бор. Унда бадан ибодатлари билан бирга молиявий ибодатлар ҳам мавжуд. Ер юзининг муқаддас жойларидан бири – Макка ҳарамида ҳаж, мусулмонлар яшаётган барча жойда эса қурбонлик ибодати қилинади. Энг севинчли он эса барча Оламлар Робби бўлган Аллоҳ таолонинг Арафот тоғига йиғилган ҳожилар билан фаришталарга фахрланишидир.

Ҳа, меҳрибон Аллоҳимиз қанчалар осийлик қилмасинлар, гуноҳларининг мағфиратини тилаб ёлбораётган инсонлар билан фахрланади ва уларнинг гуноҳларини кечиради. Бу – одамзот учун берилган жуда катта имтиёз ва фахрдир.

Аллоҳим, гуноҳларимиз уммон сувларининг кўпикларидан ҳам кўп! Уларни Сен мағират қилмасанг ким мағфират қилади! Бизларни ҳам Арафот тоғида тўпланган матонатли бандалариниинг қаторида мағфират қил!

Аллоҳим, биз Сен берган ҳаётдан розимиз ва Сен ҳам берган ҳаётингни яшаш тарзимиздан рози бўл!

Аллоҳим, Пайғамбаринг – жонимиздан ҳам ортиқ севишга ҳаракат қилганимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг асҳобларини севдик! Аллоҳим, бизларни улар яшаган ҳаётни яшашга ва ўша йўлда бу оламдан кўз юмишга муяссар айла!

Гўзал Роббимиз, биринчи қибламиз бўлган Масжидул Ақсо ва дунёнинг турли бурчакларида золиму мунофиқлар тарафидан ёпиб қўйиган уйларинг – масжидларда эркин ибодат қилиш кунларини яқинлаштир!

Дунёнинг зиндонларида турли қийноқларга солиниб, золимлар тарафидан ҳурриятлари тортиб олинган мусулмонлар, жумладан, устозларимиз, дўстларимиз ва қардошларимизни ўз қудрат ва азамат сифатларинг билан озод қил!

Бу дунёда фақат Сенгагина суянамиз! Орқамиздан отилаётган мунофиқу номардларнинг заҳарли ўқлари бизни Сенинг йўлингдан оғдирмасин ва бунинг учун бизга Ўзинг мададкор бўл!

Аллоҳим, мазлум қардошларимизга ҳуррият, барча халқимизга ҳидоят, муҳожир қардошларимизга омонлик, бутун мусулмонларга эсонлик насиб айла!

Аллоҳим, Сен ягонасан ва шеригинг йўқ, зурриётимиздан динингга ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга душман бўладиган кимсаларни чиқарма!

Аллоҳим, Ислом Умматининг бошида айланаётган фитна булутларини ўзинг даф қил!

Ислом Умматининг келажагини порлоқ, иқтисодини баракали, иттифоқини давомли қил!

 

Азиз мусулмонлар, Ҳайитингиз муборак бўлсин!