Category Archives: Қадр туни

  Бу категорияда Қадр туни ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Қадр тунининг фазилатлари

Қадр тунининг фазилатлари

Савол: Қадр туни ва у ҳақда келган оят ва ҳадислардан айтиб берсангиз?

Аллома Солиҳ ибн Фавзон алФавон жавоб беради (Фатво: 236):

Аллоҳ таоло у туннинг шаънига ишора қилиб «Қадр туни» деди. Айтилишича, у тунда бир йил давомидаги ажаллар, ризқлар ва илоҳий тадбирлар белгиланади. Аллоҳ таоло бу ҳақда:

﴿فِيهَا يُفْرَقُ كُلُّ أَمْرٍ حَكِيمٍ﴾

«У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур).

И з о ҳ. Ибн Аббос (Аллоҳ ундан рози бўлсин) айтадиларки, Аллоҳ таоло бу кечада то келгуси сананинг шу кечасигача бўладиган, бандаларга тааллуқли барча ишлар ҳақида ҳукм қилур»деган (Духон: 4).

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу кечани «Қадр туни» деб атади. Яна айтилишича, бу кеча Аллоҳнинг ҳузурида қадрли, қийматли ва манзилатли бўлгани боис «Қадр туни» деб аталди. Аллоҳ таоло эса бу кечани «Муборакли» деб атади:

﴿إِنَّا أَنزَلْنَاهُ في لَيْلَةٍ مُّبَارَكَةٍ إِنَّا كُنَّا مُنذِرِينَ﴾

«Дарҳақиқат Биз (инсонларни ушбу Қуръон билан охират азобидан) огоҳлантиргувчи бўлдик.

И з о ҳ. Кўпчилик уламоларнинг айтишларича бу кеча Рамазон ойидаги Қадр кечаси бўлиб, Қуръони Карим ўша кечада нозил бўла бошлагандир. Унинг «муборак-баракотли кеча дейилишига сабаб эса жаҳолат зулматларида қолиб, ўз йўлини йўқотиб қўйган инсоният олами ўша кечада осмон билан боғланиб, ундан ўзи учун то Қиёмат дастурул-амал бўладиган илоҳий йўл-йўриқлар ола бошлаганидир. Бу кечанинг яна бошқа хислатлари ҳам борки, у ҳақда қуйидаги оятларда баён қилинади» (Духон: 3).

Аллоҳ таоло унинг шаънига ушбу оятлари билан ишора қилди:

﴿وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ، لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِّنْ أَلْفِ شَهْرٍ﴾

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан ҳам билар эдингиз? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир» (Қадр: 2, 3). Яъни, бу муборак кечадаги амалнинг савоби Қадр туни бўлмаган минг ой – саксон уч йилда қилинган амалнинг савобига тенгдир. Бу – ушбу ойнинг фазилатига ҳужжатдир.

Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қадр тунини излар ва: «Ким Қадр тунини иймон ва савоб илинжида бедор ўтказса, унинг аввалгию охирги гуноҳлари мағфират қилинади»– дер эдилар (Имом Бухорий 2253. Имом Бухорий «охирги» сўзини ривоят қилмаган).   

Аллоҳ таоло Қадр тунида фаришталарнинг жумладан Жибриил алайҳиссаломнинг нозил бўлишини ҳам таъкидладики, бу ҳам у кечанинг улуғлиги ва аҳамиятига далолат қилади. Чунки, фаришталар ўта муҳим ишлар учунгина нозил бўлишади.

Бундан ташқари Аллоҳ таоло бу кечани:

﴿سَلامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ﴾

«У (кеча) то тонг отгунча тинчлик-омонликдир» (Қадр: 5) ояти билан тавсифлади. Аллоҳ таоло уни «осудалик, тинчлик» дея таърифлади. Бу ҳам у кечанинг шарафи, яхшиликлари ва баракаларига далолат қиладики, унинг яхшиликларидан маҳрум қолган одам, жуда ҳам кўп яхшиликлардан маҳрум қолади.

Булар, ушбу муборакли кечанинг улуғ фазилатларидир.

Бироқ, Аллоҳ таоло ўз ҳикмати билан ушбу кечани мусулмон унинг талабида рамазоннинг ҳар кечасида ибодатларга берилиши, амалларини кўпайтириши ҳамда бу кечанинг фазилатлари ва савобларига дуч келиши учун рамазоннинг бошқа кечаларида ҳам ибодатларга бел боғлаши ва бу билан икки яхшиликни қўлга киритиши учун, Қадр тунини рамазон ойи ичига яширди. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган марҳаматидир.

Хуллас, Қадр туни – буюк, муборакли кеча бўлиб, Аллоҳ таолонинг неъматидир. У, рамазон ойи давомида мусулмон учун албатта ўтади. Агар мусулмон уни топишга ва ундан фойдаланишга муваффақ бўлса, ҳар бир банда муҳтож бўлган катта ажру савоблар ва мўл неъматларни қўлга киритади. 

 

Манбаъ: «алМунтақо мин фатаавалФавзан», 3 жузъ.

Охирги даҳанинг фазилатлари

Охирги даҳанинг фазилатлари

Савол: Рамазон ойи охирги даҳасининг фазилатлари ҳақида гапириб берсангиз?

Аллома Солиҳ ибн Фавзон алФавон жавоб беради (Фатво: 234):

Рамазон ойи охирги даҳасининг фазилатлари буюкдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  бу ойнинг аввалига қараганида охирида кўпроқ ҳаракат қилар эдилар:

–                    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги даҳанинг кечаларида ой бошидаги кечалардан кўра кўпроқ таҳажжуд ўқир эдилар;

–                    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  рамазоннинг охирги ўн кунида эътикоф қилар эдилар. Яъни, Аллоҳга ибодат қилиш ва Уни зикр этиш учун масжидда турар, ўн кун давомида зарурий эҳтиёжларидан бошқа бирон нарса учун ташқарига чиқмас эдилар. Бу ҳам охирги ўн куннинг аҳамияти ва ўзига хос хусусиятига далолат қилади.

–                    Шунингдек, охирги ўн кун ичидаги кчалардан бири Қадр тунига тўғри келиб қолиш мумкин. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  Қадр туни рамазоннинг охирги ўн кечаларидан бирига тўғри келиб қолиши мумкинлигини айтиб ўтганлар. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  Қадр тунини топиш учун охирги ўн кунда ибодатлар учун белларини қаттиқ боғлар эдилар.  

 

Манбаъ: «алМунтақо мин фатаавалФавзан», 3 жузъ.

Қадр кечасида жимоъ қилса бўладими?

Қадр кечасида жимоъ қилса бўладими?

Савол: Ҳайз кўраётган хотин–қизлар намоз ўқиса бўладими? Қурбон ҳайити кечасида ва Қадр тунида жинсий алоқа қилса бўладими? Мусулмон эрнинг хотинига жимоъ қилиши қачон ҳаром бўлади?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 3684):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Аввало, ҳайз кўраётган хотин–қизларнинг намоз ўқишлари ҳаромдир. Улардан намоз ўқиш мажбурияти бекор қилинган ва қони тўхтагач намознинг қазосини ҳам ўқимайдилар. Қони тўхтагач ғусл қилишлари ва ўша вақтдаги намозни ўқишлари фарздир.

Иккинчидан, эрнинг ҳайз кўраётган хотинининг қинига жимоъ қилиши ҳаром бўлиб, ундан бошқа узвлари билан лаззатланиши мумкин.

Эр хотинига Қадр кечасида, модомики ҳаж учун эҳром боғламаган экан, Қурбон ҳайити кечасида жимоъ қилиши мумкин. Чунки ҳаж ёки умра учун эҳром боғлаган одамнинг Ақаба жамраси тошларини отиб, Ифоза тавофини қилиб, Сафо ва Марва орасида саъй қилиб, сочларини қирдириб ёки қисқартириб эҳромидан чиққунига қадар хотини билан жинсий алоқада бўлиши ҳаромдир. Шунингдек, эр умра учун эҳром боғламаган, лекин хотини умра ёки ҳаж учун эҳром боғлаган бўлса ҳам, жинсий алоқа қилиши ҳаром бўлади.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:         Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Рамазон тунларини пулга Қуръон ўқиш билан ўтказиш

Рамазон тунларини пулга Қуръон ўқиш билан ўтказиш

Савол: Айрим одамлар рамазон кечаларини бировларнинг уйларида пул эвазига Қуръон ўқиш билан ўтказадилар. Қуръон Карим ва суннат асосида бундай қилишнинг жоиз ёки жоиз эмаслиги ёхуд ҳалол ёда ҳаром эканини ёки таъқиқланган эканини айтиб берсангиз. Чунки мен ҳам ҳар йили баъзи одамларникида кечаларни бедор ўтказаман. Бу қилган ишимнинг ҳужжатини ўрганмай туриб бу йил ундай жойларга бормасликни қасд қилганман. Аллоҳ таоло устингиздан мукофотлар ёғдирсин, менга тушунтириб берсангиз.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 5049):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Аллоҳ таоло Қуръон Каримни тиловат қилиш ва ўрганишга амр қилган. Рамазон ойининг тунларида бу иш билан шуғулланиш зарурлиги яна ҳам таъкидланган. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Рамазон (кечаларини) иймон ва савоб илинжида бедор ўтказган одамнинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади» деганлари нақл қилинган (Имом Молик «Муваттоъ» 1/113; Имом Бухорий 1/14, 251; Имом Муслим 1/523 (759); Имом Аҳмад 2/281, 289, 423, 473, 486, 503, 529; Абу Довуд 2/103 (1371); Термизий 3/172 (808); Насоий 3/154 –158, 201, 202, 8/117, 118 (1602, 1603, 2191, 2192, 2194 – 2202, 2206 – 2208, 5024 – 5027),; Доримий 2/26; Абдурраззоқ 4/258 (7719, 7720); Табароний «Авсат» 5/485 (4919); Байҳақий 2/492, 493).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  рамазоннинг охирги ўн кунлиги киргач унинг тунларини ибодатлар билан ўтказар, рафиқалари ва чўриларини бу кечаларни ибодат билан ўтказишга рағбатлантирар эдилар. Аллоҳ розилиги ва савоблари умидида бундай қилган одамга катта ажрлар берилади.

Аммо айрим одамларнинг бу кечаларни пул эвазига Қуръон тиловати билан бошқаларнинг уйларида бедор ўтказишлари –улар бу ишлари билан хонадон аҳлига баракалар ёғилиши ёки уларнинг тирик ёхуд ўликлари учун савобларни умид қилсаларда– бу ишларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  қилганлари собит бўлмаган. Шунинг учун, ундай ишлар хунук бидъатдир. Ҳолбуки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бизнинг ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, унинг бу иши (қабул қилинмай, ўзига) қайтарилгандир» (Имом Бухорий 2550, Имом Муслим 1718, Абу Довуд 4606, Ибн Можа 14, Имом Аҳмад 6/270) ва: «Ким бизнинг ишимиз бўлмаган ишни қилса, унинг бу иши (қабул қилинмай, ўзига) қайтарилгандир»– дедилар (Имом Бухорий 2550, Имом Муслим 1718, Абу Довуд 4606, Ибн Можа 14, Имом Аҳмад 6/256). Шунга кўра мазкур ишни қилган ва унга ёрдам берган одамга савоб бўлмайди. Балки, Ислом динида дин ниқоби остида Исломда асоси бўлмаган янгиликни яратгани учун, гуноҳ бўлади. 

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Йигирма еттинчи кечани ибодат билан ўтказиш

Йигирма еттинчи кечани ибодат билан ўтказиш

Савол: Рамазон ойининг йигирма тўртинчи ва йигирма еттинчи кечаларини байрам каби ўтказиб, бошқа кечаларда бўлмаган ўзаро дарслар қилинишининг ҳукми нима? 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 4172-6):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Рамазоннинг йигирма тўртинчи кечасини бошқа кечалардан кўра хос фазилати бор экани ҳақида биронта маълумотимиз йўқ. Бироқ, Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечасида бирон кимса Қадр тунини қасд қилса, унга эътироз қилинмайди. Шундай бўлсада, мусулмон одам Қадр тунини рамазон ойининг охирги даҳасидаги тоқ кунларда излаши керакки, у кечаларда фазилат кўпдир.

Йигирма тўртинчи ёки йигирма еттинчи кунларни ўза дарслар билан ўтказишнинг асоси борлигини ҳам билмаймиз. Шунингдек, рамазон ойининг йигирма тўртинчи ва йигирма еттинчи кечаларини байрам қилиб олишнинг ҳам динимизда асоси йўқ бўлиб, ундай қилиш бидъатдир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён