Category Archives: Даъват ва даъватчилар

  Бу категорияда даъват ва даъватчилар ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Ислом ғариб бўлиб бошланди …

Ислом ғариб бўлиб бошланди …

Тинговчи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом ғариб бўлиб бошланди ва яна ғариб бўлади»– дедилар. Мен сиздан ушбу ҳадисни изоҳлаб, унинг саҳиҳ – соғломлиги ҳақида маълумот беришингизни сўрайман. 

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради (фатво № 4):

Ушбу ҳадисни Имом Муслим (раҳимаҳуллоҳ) «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан нақл қилган бўлиб, унинг ривоят силсиласи саҳиҳ – соғломдир: «Ислом ғариб бўлиб бошланган ва тез кунда (яна) ғариб бўлади. Ғарибларга хушхабарлар бўлсин!» (Имом Муслим 145; Ибн Можа 3976; Имом Аҳмад 2/389). Ҳа, бу ҳадис саҳиҳ бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинган.

Ҳадис имомлари ушбу ривоятга: Ё Расулуллоҳ, ғариблар кимлар?,– деб савол берилганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Одамлар бузилганида ислоҳ қиладиган одамлар» (Имом Аҳмад 4/74), бошқа бир лафзда эса: «Одамлар бузиб ташлаган суннатимни ислоҳ қиладиган одамлар» (Термизий 2630), бошқа бир лафзда: «Қабилалар ичидан ажралиб чиққанлар» (Термизий 2629; Ибн Можа 3988; Имом Аҳмад 1/398; Доримий 3755), яна бошқа лафзда: «Кўп бадбахт одамлар ичидаги оз сонли яхши одамлар» (Имом Аҳмад 2/177)– деб жавоб берганларини қўшимча қилдилар.

Бундан мақсад, ғариблар устувор инсонлар бўлиб, одамлар бузилган пайтида ислоҳот билан шуғулланадилар. Аҳволлар ўзгариб, ишлар ноаниқ бўлиб, яхши инсонлар сони камайганида ғариблар ҳақиқат ва Аллоҳнинг дини узра устувор турадилар, Аллоҳни яктолаб, Унга ибодатни холис қиладилар: намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва бошқа диний ибодатларни тўкис қилишга ҳаракат қиладилар. Мана шу одамлар – ғариблар бўлиб, Аллоҳ таоло улар ва уларга менгзаган одамлар ҳақида шундай деган:

{إِنَّ الَّذِينَ قَالُوا رَبُّنَا اللَّهُ ثُمَّ اسْتَقَامُوا تَتَنَزَّلُ عَلَيْهِمُ الْمَلَائِكَةُ أَلَّا تَخَافُوا وَلَا تَحْزَنُوا وَأَبْشِرُوا بِالْجَنَّةِ الَّتِي كُنْتُمْ تُوعَدُونَ • نَحْنُ أَوْلِيَاؤُكُمْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَفِي الْآخِرَةِ وَلَكُمْ فِيهَا مَا تَشْتَهِي أَنْفُسُكُمْ وَلَكُمْ فِيهَا مَا تَدَّعُونَ • نُزُلًا مِنْ غَفُورٍ رَحِيمٍ}

«Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри — устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар! Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот томонидан бўлган зиёфатдир»» (Фуссилат: 30 – 32).

Ислом, ғариб бўлиб бошланган. Маккада (даъватнинг илк кунларида) иймон келтирганларнинг сони жуда ҳам оз бўлиб, Ислом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши, Унга ва саҳобаларига зулм қилган одамлар сони салмоқли даражада кўп бўлган. Сўнгра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва оз сонли мўъмин саҳобалари Мадина шаҳрига ҳижрат қилганлар. Ислом яна ғариб бўлди. Мадинада ва бошқа шаҳарларда мўъминлар сони тобора ортиб борди. Аллоҳ Макка шаҳрининг  фатҳини бергач эса, одамлар Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кира бошладилар.

Илк кунларида Ислом ғариб бўлган ва одамларнинг кўпи Аллоҳга кофир ва мушрик бўлишар, бутлар, пайғамбарлар, солиҳ инсонлар, дарахтлар, тошлар ва бошқа махлуқларга сиғинишар эди. Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган кўп инсонларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳоблари қўлида Исломга ҳидоят қилди ва улар Аллоҳнинг динига кириб, ибодатни Аллоҳ учун холис қила бошладилар: бутлар, ҳайкаллар, пайғамбарлар, солиҳ инсонларга сиғинишдан воз кечдилар ва ёлғиз Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қила бошладилар. Улар Аллоҳгагина намоз ўқиб, сажда қилишар, тилак, ёрдам ва шифоларни Аллоҳдангина умид қилишар, тилак, мадад ва ёрдамларни қабрдаги мурдалар, бутлар, ҳайкаллар, дарахтлар, тошлар, буржлар, жинлар ва фаришталардан сўрашмас, балки, қулликни фақатгина Аллоҳ учун қилар эдилар. Ўшалар – ғариблар эди.

Замона охирида ҳам одамлар динга эътибор бермай, куфр йўлига тушган, гуноҳ ва маъсиятлари кўпайган бир даврда, ғариблар Аллоҳнинг итоати ва динида устивор турадилар. Шунинг учун ҳам, уларга дунё ва охиратда мадҳ этилган саодат ва жаннат ато этилади.

 

          Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Даъват учун қаҳвахонага бориш

Даъват учун қаҳвахонага бориш

Савол: Ҳар бир мусулмон ўзининг ғофил, қаҳвахона ва ўйин-кулгу масканларида гуноҳга муккасидан кетган дўстларини Аллоҳ йўлига чорлаши фарздир. Биз, Жазоирда тартибли ҳаракатларни йўлга қўйиб, Аллоҳ таолонинг:

﴿فَذَكِّرْ إِنْ نَفَعَتِ الذِّكْرَى﴾

«Бас, агар огоҳлантириш фойда берса, эслатинг» (Аъло: 9) оятига мувофиқ уларни масжидга даъват учун тўплаймиз. Уларни Аллоҳнинг изни билан ғафлатларидан чиқаришни хоҳлаймиз. Бироқ айрим шайхлар: «Таҳоратсиз одамларни масжидга киритиш жоиз эмас»– деб эътироз этмоқдалар. Биз, сиз жаноблардан тез кунда, шу даъвони рад этиб ёки қувватлаб тушунтириш беришингизни сўраймиз?       

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 3778):

Аллоҳ йўлига чорлаш барча пайғамбарлар, жумладан, уларнинг охиргилари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтди:

﴿قُلْ هَذِهِ سَبِيلِي أَدْعُو إِلَى اللَّهِ عَلَى بَصِيرَةٍ أَنَا وَمَنِ اتَّبَعَنِي وَسُبْحَانَ اللَّهِ وَمَا أَنَا مِنَ الْمُشْرِكِينَ﴾

«Айтинг: «Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга — ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро) мен мушриклардан эмасман»» (Юсуф: 108).

Шахс ва жамоатларни масжидлар, клублар, дорулфунунлар, мактаблар ва бошқа ижтимоий жойларда даъват қилинса бўлаверади. Чақириқ эса фосиққа ҳам, кофирга ҳам, мўъминга ҳам умумийдир. Чунки шояд кофир куфридан, фосиқ фисқу фужуридан қайтар ва мўъмин иймонини қувватлар. Шу мақсадда мусулмон бўлмаган инсонларнинг масжидларга киришлари — уларнинг даъватларни эшитиб, дарс ҳалқаларида иштирок этиб Исломни қабул қилишлари каби шаръий манфаат бўлгани учун жоиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳали Ислом динини қабул қилмаган Сумома ибн Ассол Ҳанафийни масжид устунларидан бирига боғлашга амр қилганлари ва уни Аллоҳ Ислом динига ҳидоят қилгани ҳақидаги саҳиҳ ҳадис ривоят қилинган (Имом Муслим 1764, Имом Аҳмад 2/451, Ибн Хузайма 252, 253).   

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:     Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:         Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Насиҳат

Насиҳат

Савол: Ёшларга нималарни насиҳат қиласиз?

Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин жавоб беради:

Ўзини қутқаришга ҳаракат қилаётган ҳар бир ёшга ҳалокат ва разолат ботқоғидан узоқ бўлишни, ёмонлик ва маъсиятларга чорлаётган ёмон ўртоқлардан йироқ туришни насиҳат қиламиз. Чунки улар ичидаги бузғунчиларнинг кўпи маъсият ва жиноят гирдобига тушиб қолган ва ундан қутила олмаётган ва бошқа сафил ва жоҳилларни разолат ботқоғида ўзлари билан бирга бўлишини суйган ёшлардир. Уларни мусулмонлар учун хайирли ишларни қилиш қизиқтирмайди. Балки бошқалар ҳам ўзи каби ҳалокатга учрашини хоҳлайдилар. Уларнинг баъзилари ишнинг оқибатидан бехабар ва ҳалокатга учраганларнинг кўплиги билан алданган ва буларнинг барчаси тўғри йўлда, дея гумон қилгандир. Қутилиш йўли банданинг Роббисига қайтиши, тавба қилиб, истиғфорлар айтиши, Аллоҳни кўп зикр қилиб, намоз ва вирдларни вақтида адо этиши ва нафл-кўнгилли ибодатларни кўп қилишидир. Бундан ташқари даъватчи ва муассасаларнинг ходимлари ундай пасткашларнинг қўлларидан тутиб, разилликлардан қайтарсинлар, нажот сабаблари сари етаклаб, уларни ҳалокатдан қутилиб, тўғри йўлга тушиб, ислоҳотчи ва садоқатли тарбия қилгувчи мураббийлар билан бирга бўлишларига ҳаракат қилсинлар. Тўғри йўлни топгач, фасод ва бузғунчиларни танигач улар ҳам бузғунчилардан огоҳлантириб, ўзлари ҳам улардан сақлансинлар. Шундагина, улар жамиятнинг солиҳ ва ислоҳотчи аъзоларига айланадилар. Аллоҳгина тўғри йўлни кўрсатгувчи Зотдир.   

 

Манбаъ: «ал-Фатааваш-шаръийя фил-масааилит-тиббийя», 1 жузъ.