Category Archives: Ногиронлар

Бу категорияда ногиронлар ҳаётига тааллуқли фатволар билан танишасиз

Беш ойлик ҳомилани олдириш

Беш ойлик ҳомилани олдириш

Савол: Мен ҳомиладорликнинг бешинчи ойидаман. Докторлар ҳомиланинг ногирон туғилишини айтдилар. Айтингчи, шу ҳомилани олдириш (аборт қилиш) жоизми?

Профессор доктор Ҳисомуддин ибн Мусо Аффона жавоб беради:

Уламолар ҳомиладорликнинг тўртинчи ойи, яъни бир юз йигирма кеча ўтиб, ҳомилага руҳни пуфлангач аборт қилишнинг жоиз эмаслигини айтганлар. Бунинг далили Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг ушбу ривоятидир: «Рост гапирган ва чин гапиришига гувоҳлик берилган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга қуйидаги ҳадисни айтиб берган эдилар: «Бировингизнинг яралиши онасининг қорнида қирқ кун маний (сперм), сўнгра яна шунча (қирқ кун) қуюқ қон, сўнгра яна шунча (қирқ кун) бир парча гўшт ҳолатида жамланади. Сўнгра унга фариштани юборилади ва у парча гўштга руҳ (жон)ни пуфлайди. Сўнгра фариштани тўрт нарсани: (ҳомиланинг) ризқи, ажали, амали ва бахтли ёки бахриқаролигини ёзишга буюрилади»» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Уламолар ичида тўрт ойдан илгари ҳомилани туширишни ҳаром қилганлар бор. Тўғриси ҳам шудир, иншааллоҳ. Онанинг ҳаётига раҳна соладиган ҳолат мавжуд эмас экан, болани олдириш – аборт қилиш таъқиқланади. Болани олдириш – аборт қилиш хулосасини ҳам (ҳар қандай доктор­гинеколог эмас, балки), ишончли ва тажрибали доктор­гиноколог бериши керак.

Шундай бўлсада, докторнинг ҳомиланинг ногирон туғилиши ҳақида берган хабари, ҳомилани олдириш – аборт қилишга сабаб бўла олмайди. Бундай ҳомиладор аёл сабр қилиши ва қилган сабрига Аллоҳдан савоб умидида бўлиши керак. Агар у боласини олдирса, унинг бу қилмиши дият (хун) жазони тақозо этадиган жиноят ҳисобланади. Чунки у аёл Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ўлдирган бўлади. Айрим илм аҳллари бундай жиноятга қўл урган одамнинг билмай ўлдириб қўйган одам сингари жарима тўлашини айтиб ўтганлар.

Гинеколог докторлар ҳам муслима аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқишлари, онанинг ҳаётига хатар туғилган пайтдан бошқа пайтларда унинг ҳомиласини олишни осонлаштирмасликлари лозим. Чунки бола олдириш – аборт, фасод дарвозасини ланг очиш, демакдир. Бунинг ортидан эса мусулмонлар яшайдиган жамиятларда охири кўринмайдиган зарарлар оқиб кела бошлайди.

Валлоҳу аълам.

Манбаъ: «Фатаваа ясъалувнак» китоби.

Ота-онанинг фарзандга берилган нафақадан фойдаланиши

Ота-онанинг фарзандга берилган нафақадан фойдаланиши

Савол: Ота-онанинг давлат тарафидан ногирон фарзандларига берилаётган нафақани унга сарф этмай, ўзлари учун ишлатишлари жоизми?

Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин жавоб беради:

Бундай қилишларининг зарари йўқ. Чунки, ота фарзанднинг мулкини ишлатишда, қуйидаги ҳадисга кўра, ҳақ эгасидир: «Сен ва молинг – отангникидир» (Ибн Можа: 2282, 2283). Шунга кўра ота, нафақани ногирон фарзандининг эҳтиёжлари учун сарф этиши, унга боқиши учун бировларни ишга олиши, ногироннинг дори-дармонларини сотиб олиши ва бошқа эҳтиёжлари учун сарф этиши мумкин. Бироқ, отанинг ногирон фарзандининг хусусий молидан шу фарзандига зарар берадиган ёки муҳтож қилиб қўядиган даражада олиши ёки уни бошқа фарзандларига бериши, жоиз эмас.

 

Манбаъ: «ал-Фатааваш-шаръийя фил-масааилит-тиббийя», 1 жузъ.

Соқовнинг қироати

Соқовнинг қироати

Савол: Соқов одам намозда Фотиҳа сурасини ўқир экан лабларини қимирлатиб туриши керакми?

Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин жавоб беради:

Соқов одам ҳам, намози тўкис бўлиши учун қироат қилишни ўрганиши керак. Агар ўрганишга қурби етмаса қалби билан зикр, дуо ва қироат қилишга ҳаракат қилиши керак. У қироат қилар экан имкони борича лабларини қимирлатиши керак. Агар (оятларни) тушуна олмаса (ўқишни) нийят қилиши ва қалбининг жиддий туриши билан кифояланади. Ҳолбуки қалб жиддийлигидан унинг хушуъси, сокинлиги ва бошқа аъзоларининг қимирламай туриши каби синиқлиги намоён бўлади.

 

Манбаъ: «ал-Фатааваш-шаръийя фил-масааилит-тиббийя», 1 жузъ.
 

Қулоғи эшитмайдиган одам мукаллаф ҳисобланадими?

Қулоғи эшитмайдиган одам мукаллаф ҳисобланадими?

Савол: Қулоғи эшитмайдиган одам барча ибодатларни қилишга мажбурми? У оддий инсонлар каби бу ибодатлардан сарҳисоб қилинадими?

Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин жавоб беради:

Ҳа, соқовнинг сарҳисоб қилинишида ҳеч шубҳа йўқдир. Чунки у ўзининг ақли, фаҳми ва ҳис этиш узвлари билан ибодатларни адо этишга мукаллафдир. Қулоғигина эшитмайдиган одамнинг савол бериб сўраши, ишоралар билан тушуниши, одамлар қилаётган ибодат ва муомалаларни қилиши ҳамда ҳаром нарсаларни тарк қилиши мумкин. У модомики қудрати етган барча одам қилиши кераклигини билар экан, (соғ) одамлар қилаётган амалларни қилиши мажбурийдир.

Бироқ, мазкур одам эшитиш қобилиятини ҳали тили чиқмай туриб йўқотган бўлса, уни соқов деб аталади. Соқовларнинг ҳам ибодат қилишлари мажбурийдир. Чунки Аллоҳ таоло унга маъноларнинг идрок воситаси бўлган ақлни, яхшилик ва ёмонлик ўртасини  айириш воситаси бўлган кўзни ато этган. У ишоралар билан ҳам тушуниши мумкин. Бундан ташқари, у аҳкомлар ҳақида суриштириб, изланиши мумкин. Ҳолбуки у, аҳкомларни ўрганишга буюрилган. У одамларнинг таҳорат, намознинг шартлари, намоз, рўза, ҳаж ва бошқа ибодатларни адо этаётганларини ўз кўзи билан кўриб туради. Бундан ташқари у, одамлар сақланаётган ёки қилган одамга жазолар бериладиган ҳаром нарсалардан йироқ туриши керак.

У қироат, зикр, дуо ва уларга ўхшаш нарсаларнинг зоҳирий сабабларида узрли бўлсада, бошқалар каби ибодатларни қилишга мукаллафдир.     

 

Манбаъ: «ал-Фатааваш-шаръийя фил-масааилит-тиббийя», 1 жузъ.

Ногирон фарзандга ортиқча муҳаббат

Ногирон фарзандга ортиқча муҳаббат

Савол: Оила бошлиғи оиланинг бошқа аъзоларидан кўра кўпроқ ногирон қизига шафқат кўрсатишининг ҳукми нима?

Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин жавоб беради:

Отанинг бирон нарса олиб бериш ва молиявий эгадор қилишда, фарзандлари ўртасида адолат қилиши лозим. Унинг уларни тенг суюши ва уларга тенг боқиши мустаҳабдир. Бироқ, оилада ногирон, бемор ёки кичкинтой бўлса, одатда, унга бошқалардан кўра кўпроқ эътибор ва шафқат кўрсатилади. Арабларнинг бирига: Сенга болаларингнинг қайси бири суюклироқ?,– деб савол берилганида: Кичиги вояга етгунича, бемори тузалгунича ва олдимда бўлмагани ҳузуримга келгунича,– деб жавоб берган экан. Яъни, уларнинг барчаси суюкли, бироқ санаб ўтилганларига бўлган шафқат ва меҳр яна ҳам кучли бўлади. Агар уларнинг ҳар бирининг соғлиги жойида, отасининг ҳузурида ва ёши тенг бўлса, асос – ўрталарида тенгликнинг бўлишидир. Айрим салаф уламолари фарзандларининг юзларидан баб-баробар ўпар, улардан бирини ўпса бошқаларини ҳам шафқат ва меҳр нуқтаи назаридан ўпиб қўяр эдилар.

 

Манбаъ: «ал-Фатааваш-шаръийя фил-масааилит-тиббийя», 1 жузъ.