Category Archives: Аъзоларни кўчириш (трансплантация)

Бу категорияда Аъзоларни кўчириш (трансплантация) ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Аъзоларимдан бирини сотсам бўладими?

Аъзоларимдан бирини сотсам бўладими?

Савол: Аллоҳ таоло менга 1399 ҳижрий санадан бошлаб саратон касаллигини берди, Аллоҳ сизларни бундан асрасин! Ўша пайтдан ҳозирги кунимизгача унинг ортидан кўп қийналдим. Мамлакатимизнинг давлат ва хусусий касалхонларининг деярли барчасига учрадим ва қўлимдаги бору бурдимни сарф этдим. Охири давоси учун хорижга сафар қилдим ва Аллоҳ таолонинг лутфи сўнгра эса мусулмон дўстларимнинг берган қарз ёрдами билан касалликка ташхис қўйилди ва даволаниш муддати бошлади. Адҳамдулиллаҳ, анчагина яхшиман. Лекин, қарзларим беш юз минг риёлга етди. Буни қоплаш учун менда на ер ва на пул ва на яқин қариндошим борки, улар воситасида қарзимдан қутилсам. Мен одамлар ҳаққидан қутилиш учун имкониятимдаги барча нарса ва йўллардан, гарчи ногирон бўлиб қолсам ҳам, фойдаланмасам бўлмайди. Аллоҳ таоло уларнинг устидан хайрли мукофотлар ёғдирсин! Саволим шундан иборат: Шариатга кўра танамнинг мугуз пардаси (кўзнинг энг устки тиниқ пардаси), буйрак, жигарнинг бир қисми ёки тиббиёт олингач зарар қилмайди деган аъзоларидан биронтасини қарзимдан қутилиш учун сотсам бўладими? Чунки мен, қарзимни бериш учун бундан бошқа чора топа олмаяпман. Олаётган маошим 5300 риёл бўлиб, у, дориларни сотиб олишга ҳам етмаяпти. Бундан ташқари оиламнинг харажатлари, кира ҳаққи бор. Мен қарзларимни уза олмай паришон бўлишдан қўрқаяпман. Зеро оиламдагиларнинг кўпи хотин–қизлардан иборат, ўғиллар эса ҳали ёш. Сизлардан вақт ўтишидан илгари саволимга қониқарли жавоб беришингларни сўрайманки, унинг асосида бировларнинг қарзларидан Қиёматдан илгари шу дунёда қутилай. Аллоҳ таоло сизларни яхши мукофотлар билан тақдирласин!    

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 13271):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Қарзингиздан қутилиш ёки бошқа эҳтиёжларингиз учун аъзоларингиздан биронтасини сотишингиз мумкин эмас.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:               Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Онанинг бачадонини қизига кўчириш

Онанинг бачадонини қизига кўчириш

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамду санолар, энг охирги Пайғамбарга салавоту саломлар бўлсин. Сўнг …

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси Бош Муфтий жанобларига Давлат Аъзоларни Кўчириш (трансплантация) касалхонаси мудири доктор Файсал Абдурраҳим Шоҳин номидан Катта Уламолар Қўмитаси Умумий Омонатлар бўлимига ва у ердан Қўмитага 7 /09/ 1420 ҳижрий йил 4596 сонли қуйидаги сўров мактубини юборган: Мен сиз жаноблардан Саудия Арабистони Аъзоларни Кўчириш Марказига келган ушбу савол билан мурожаат қилмоқчиман: Бир она қизига бачадонини бермоқчи. Эслатиб ўтаман, қизга генларни қабул қиладиган тухумдон кўчирилмайди. Кўчириш фақатгина бачадонга тааллуқли бўлиб, у, ҳомила ривожланадиган халта вазифасини бажаради, холос. Тухумлар бачадон кўчирилган қизнинг ўзидан, уруғ эса эридан келади. Шундай экан, бачадонни кўчириш шаръан жоизми ёки йўқми? Мен шу ерда 1410 ҳижрий йили Ислом Фиқҳи Академияси томонидан Саудия Арабистони Қироллиги Жидда шаҳрида бўлиб ўтган олтинчи чақириқ кенгашининг 59/ 8/ 6 сонли қарори (қарорни илова қилиб жўнатмоқдаман) докторларнинг мояк ёки тухумдонларни кўчириши наслларнинг қоришишига олиб бориши ҳақидаги кўрсатмалари асосида уларни кўчириш таъқиқланган эканига қарор қилган ва ички таносил аъзоларини кўчириш мубоҳ эканини айтилган, бироқ бачадон ҳақида батафсил баён қилинмаган. Фақатгина, ўлган ёки тирик жувондан кўчирилган бачадон, кўчирилган аёлнинг узви бўлади деб ҳисоблаган. Суррогат (ўриндош, кира) она ҳақидаги мунозара чоғида бу бачадонда ҳомиладор бўлиш ҳамда туғилган бола бу жувонга маҳрам бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақида эса бирон нарса айтилмаган. Сиз жаноблардан юборган саволимга жавоб беришингиз, ҳамда сизларга бўлган самимий ҳурматим ва тақдиримни қабул айлашингизни сўраб қоламан. Аллоҳ таоло сизларни Ўз паноҳида асрасин!         

Фатво Бериш Доимий Қўмитаси тадқиқотлардан сўнг шу жавоб берди:

Мазкур онанинг ўз қизига бачадонини бериши жоиз эмасдир. Чунки бунинг оқибатида шаръий ҳаромлар содир бўлиши мумкин.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Оли Шайх

Аъзолар:         Абдуллоҳ ибн Ғудайён, Солиҳ Фавзон ва Бакр Абу Зайд

Отамга буйрагимни берсам бўладими?

Отамга буйрагимни берсам бўладими?

Савол: Отамнинг буйраклари оғрийди ва докторлар ҳар иккала буйрак фаолияти бузилганига қарор қилдилар. Отам ҳафтада уч кун касалхонага бориб, диализ жиҳозида буйракларини ювдиради. Отам бундан кўп қийналади. Докторларнинг айтишича, отам ё ҳаётининг сўнгги дамигача диализ жиҳозига боғланиб қолиши ёки оиламиздагилардан бири буйрагини бериши керак экан. Мени қийнаган нарса шундай қилиш шаръан жоиз ёки жоиз эмаслигидир. Агар жоиз бўлса, мен буйрагимни беришга тайёрман. Эшитишимизга қараганда, ўлган одамдан бирон узвни кўчириш мумкин экан, тирик одамдан ҳам кўчирилса бўладими? Ҳиндларга ўхшаш кофирлардан буйрак сотиб олинса бўладими?  Аллоҳ устингиздан ажру мукофотлар ёғдирсин, саволимизга жавоб берсангиз.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 3582–1):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Агар мутахассис докторлар буйракларингиздан бирини отангизга берсангиз сизнинг ва отангизнинг танасига бирон зарар келмаслигига қарор қилишса ҳамда амалиётнинг муваффақияти докторлар гумонида кучлироқ бўлса, буйракларингизни беришингиз жоиздир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:               Абдуллоҳ ибн Ғудайён