Category Archives: Аёллар касаллиги (гинекология)

Бу категорияда Аёллар касаллиги (гинекология) ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Ҳомиладорликни тезлаштирадиган дориларни истеъмол қилиш

 

Ҳомиладорликни тезлаштирадиган дориларни истеъмол қилиш

 

Савол: Узоқ йил аввал турмуш қилган ва ҳануз фарзанд кўрмаган жувон, ҳомиладорликни тезлаштирадиган дориларни истеъмол қилса бўладими?

 

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

 

Бу ҳақда мутахассис доктор билан маслаҳат қилиш керак. Агар у ҳомиладорликни тезлатадиган дориларни истеъмол қилиш зарар бермаслигини айтса, ҳомиладор бўлиш учун уларни истеъмол қилиш лозим. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Суюкли ва пуштли аёлга уйланинглар! Чунки мен сизларнинг кўплигингиз билан (бошқа) умматлар ичида фахрланаман!»– деганлар (Абу Довуд 2050; Ибн Можа 1846).

 

 

 

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

 

Ногирон ҳомилани олдириш

Ногирон ҳомилани олдириш

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамду санолар, энг охирги Пайғамбарга салавоту саломлар бўлсин. Сўнг …

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси Бош Муфтий жанобларига доктор Маъмун Малас номидан Катта Уламолар Қўмитаси Умумий Омонатлар бўлимига ва у ердан Қўмитага 20 /10/ 1411 ҳижрий йил 4229 сонли қуйидаги сўров мактубини юборган: Юқорида исми айтиб ўтилган бемор аёл 17/ 10/ 1411 ҳижрий йилида ҳомиладорлигининг йигирманчи ҳафтасида боласининг тушиши эҳтимоли билан касалонага ётқизилди. Чунки у таносил аъзосидан қон кетиш ва қорин бўшлиғининг пастидаги оғриқлардан шикоят қилган. У, беш ойлик ҳомиладор бўлган. Мазкур жувон бундан илгари саккиз марта ҳомиладор бўлиб, тўрт марта табиий йўллар ва тўрт марта тиббий амалиёт билан фарзанд кўрган. Тўрт марта амалиёт қилингани боис, тиббиёт нуқтаи назарида шу кундан бошлаб тўққиз ойда табиий йўллар билан кўзининг ёриши мумкин эмас. Яъни, доя доктор бундан кейинги туғруқларни, она ва боланинг ҳаётини сақлаб қолиш илинжида, амалиёт воситасидагина амалга ошириши керак. Акси тақдирда кучли тўлғоқ туфайли қисқариш кучайиб бачадон ёрилиши ва она ҳамда боланинг ҳаёти хатарда қолиши мумкин.

Ультрасон тўлқинлар воситасида мазкур ҳомилани текшириб кўрилганида, унинг яшашга яроқсиз ногирон экани аниқланди. Чунки унинг умуртқаси йўқ эди. Бу ҳомиланинг орқасида тикондек ёриқ бўлиб, асаб томирларининг ҳам ривожланмаган бўлиш эҳтимолини кучайтирмоқда. Зеро умуртқаси бўлмаган пайтда ҳомиланинг юрак ва қон айланиш марказидан бошқа барча асаб узвлари шаклланмайди. Боланинг ақлий ривожланиши боғлиқ бўлган мия пўстлоғи ҳам йўқ. Ҳомила бундай ҳолатда ё онасининг қорнида ўлади ёки тирик туғилса ҳам туғилганидан соатлар ёки бир кун ўтгач ўлади. Аснода уни даволашнинг ҳеч имкони йўқ.  

Агар мазкур ҳомилани йигирманчи ҳафтаси, яъни, бешинчи ойида, ўз ҳолига ташлаб қўйилса тўққизинчи ойгача ривожланиб бориши ва охири онани аввал амалиёт билан туғдирилгани боис табиий йўллар билан туғдириш қийин бўлади. Чунки ҳомиладорликнинг охирги икки ойида тўлғоқ сабабли мускул қисқаришлари оқибатида бачадоннинг тикилган жойлари йиртилиб кетиши мумкин. Ҳомиланинг яшаш эҳтимоли оз бўлган бир пайтда онанинг ҳаёти ҳам хатарда қолади. Шунинг учун сиз жаноблардан ҳомилани ҳозирги бешинчи ойида табиий йўллар билан туғдириш ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдим. Бундан кейин эса табиий йўллар билан туғдиришнинг имкони бўлмайди. Чунки ҳозирги ривожланиш еттинчи ойгача давом этса, юқорида айтиб ўтилган тиббий шароитларга кўра амалиёт қилиниши ва онанинг ҳаёти таҳликада қолиши мумкин. Сизларга олдиндан миннатдорчилик билдиришга ижозат бергайсиз.

Бундан ташқари, доктор Зор Банозаҳдий, доктор Муҳаммад Одам Усмон ва доктор Аҳмад Букайрлардан ташкил топган тиббий ҳайъатнинг қарорида ҳам шундай дейилган: Сиз жанобларга бемор Ф. А. М. нинг аҳволи ҳақидаги саволларимизга берган жавобларингиз учун миннатдорчилигимизни изҳор этамиз. Биз сизларга унинг тиббий аҳволини батафсил айтиб ўтдик. У, ҳомиладорликнинг бешинчи ойида бўлиб, қорнида тирик аммо ривожланиши ниҳоясига етсада яшашга яроқсиз қоладиган ногирон ҳомиласи бор. Бундан ташқари бемор тўртта боласини амалиёт билан туққан. Ҳозирги ҳомиладорлик давом этса, замонавий тиббиёт имкониятларига кўра, беморнинг келгусида ҳомиладор қолиш имкониятини чеклаш зарурати туғилади. Чунки биз бешинчи марта амалиёт қилинганидан сўнгра беморимизга кўп амалиётлар қилингани ва уни бирин–кетин қилинган жарроҳлик амалиётларининг ёмон таъсирлари сабабли бачадон найларини боғлашга мажбурмиз бўламиз. Бундан ташқари, юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳозирги ҳомила ҳам яшаш имкониятини бермайдиган даражада ногирондир. У умуртқаси йўқлиги ва унга тааллуқли бошқа ривожланмасликлар сабабли тирик туғилганидан сўнгра ҳам бир неча соатгина яшаш эҳтимоли бор, холос. Шариат нуқаи назаридан мазкур ҳомилани ушбу бешинчи ойида тўхтатиш ҳамда онани амалиёт билан туғдириб, бачадон найчасини боғлаш ва келгусида ҳомиладор бўлишдан тўсишдан сақлаб, табиий йўллар билан туғдиришга ҳаракат қилиш жоизми? Чунки бирин–кетин қилинган амалиётлар онанинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатади ва бачадоннинг ёрилишига олиб боради. Сиз жанобларнинг шаръий фикрларни баён қилишингиз учун миннатдорчилигимизни изҳор этамиз.

Фатво Бериш Доимий Қўмитаси чуқур ўрганиб чиққач фатво бериш учун сўралган саволга шундай жавоб беради (Фатво № 14268)::             

Юқоридаги икки қарорда айтиб ўтилганига кўра, ҳаётига хатар бўлмайдиган бўлса мазкур жувонни бешинчи марта амалиёт қилинади. Чунки тилга олинган ҳомилани (сунъий йўллар билан) тушириш жоиз эмас. Аллоҳ таолодан барчамиз учун яхши оқибатларни сўраб қоламиз.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:               Абдуллоҳ ибн Ғудайён

24 ҳафталик ҳомилага нима қилиш керак?

24 ҳафталик ҳомилага нима қилиш керак?

Савол: Тиббий тушунчага кўра  йигирма тўрт ҳафтадан илгари туғилган ёки вазни ярим килограм (500 гр) бўлган бола тушук ҳисобланади. Тиббиёт тараққиёти воситасида нодир ҳолатлардагина бундай пайтда боланинг туғилиши ва туғилган боланинг юраги уришига эришилаяпти. Болага сунъий нафас олдириш билан тиббий муолажа қилиш, Аллоҳнинг изни билан, боланинг умри узайишига сабаб бўлмоқда. Шундай бўлсада, бола гохида яшаб кетиши, бироқ ё тўрт ёки беш ой давомида тинимсиз берилган дори–дармонлар натижасида жисмоний ва ақлий ногирон бўлиб қолиши мумкин. Шундай бўлсада, Ғарб оламида муддатидан (йигирма тўрт ҳафтадан) илгари туғилган чақалоқларни тиббий муолажага қўл урмай, Аллоҳга ташлаб қўйишга қарор қилинган. Агар Аллоҳ хоҳласа чақалоқ яшайди, акси тақдирда, Аллоҳ танлаган барча нарса яхшидир.

Саволимиз шундан иборат: Мен мазкур тиббий қонунга амал қилишим керакми? Ҳолбуки, менинг кўнглим шунга чопаяпти ва биздаги тиббий имкониятлар Ғарбдаги каби эмас. Яъни, чақалоқни туғилганидан сўнгра сунъий нафас олдириш ёки кислород бериш ёхуд бирон тиббий мудохаласиз Аллоҳнинг иродасига ташлаб қўйишимиз керакми? Агар Аллоҳ унинг яшашини хоҳласа яшаш имкониятларини очиб беради. Йўқса, йўқ.         

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 3):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Агар мутахассис докторнинг гумонича фойдали бўлса, йигирма тўрт ҳафтадан озроқ вақт ичида туғилган чақалоққа тиббий муолажа қилишнинг зарари йўқдир. Фойдасиз бўлса, муолажа қилишнинг ҳожати йўқдир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдулазиз Оли Шайх

Аъзолар:         Бакр Абу Зайд, Солиҳ Фавзон ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Қайлиғим гинеколог эркакка кўринмайди …

Қайлиғим гинеколог эркакка кўринмайди …

Савол: Уйланганимга уч йил бўлган бўлсада, ҳануз фарзанд кўрмадик. Шу боис қайлиғимни бизда гинеколог аёл бўлмагани учун гинеколог эркакка олиб бордим. Қайлиғим унга кўринишдан бош тортди. Айтингларчи, қайлиғим унга текширтирса бўладими?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 3582–1):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Агар хотин–қизлар касалликларини даволовчи мутахассис аёл бўлмаса, жувонларнинг туғмаслик сабабларини ўрганиш учун мутахассис гинеколог эркакка текширтиришлари жоиздир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:         Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Хотинимга бошқа хотиннинг тухумларини қўйиш …

Хотинимга бошқа хотиннинг тухумларини қўйиш …

Савол: Хотиним Ф. М. ҳомиладор бўла олмаяпти. Тиббий текширувлардан сўнгра унинг туғиши учун ягона йўл «найча (пробирка) болалари» усули билан бошқа жувондан тухум олиш ёки сотиб олиш эмиш. Бу тухумни хотинимнинг бачадонига қўйилса, менинг уруғларим билан ҳомиладор бўлар эмиш. Ҳурматли шайх,  биз Аллоҳнинг раҳматидан умидвормиз. Шундай бўлсада, Аллоҳ таолодан, кейин эса сизга бу ҳақдаги шаръий ҳукмни баён қилиш учун мурожаат қиаяпмиз. Бу ҳукмни, риоя қилишлари учун Тиббий Ҳайъат масъулларига ҳам бермоқчимиз. Аллоҳ таоло устингиздан баракаларини ёғдириб, ҳидоятланган кимсалар қаторида қилсин!  

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 3582–1):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

«Найча болалари» усули билан бошқа жувониннг тухумларини олиш ва хотинингизнинг бачадонига қўйиш жоиз эмас. Чунки, ажнабий жувондан олинган ёки сотиб олинган тухумларнинг бошқалари(нинг бачадони)га киритилиши жоиз эмас.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:         Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён