Category Archives: Фатволар

  Бу бўлимда фатволар билан танишасиз

Қуръон ўқиб дам солиш

Савол: Қуръон билан даволаниш, дам солиш, Муъаввазот сураларини ўқишга одатланиш ва Қуръондан туморлар ясашнинг ҳукми нима?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 2392 – 4):

Аввало, Қуръон билан даволаниш, Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида нақл қилинган ҳадисга кўра, жоиздир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан бир нафар одамлар сафарга чиқиб, араб қабилаларидан бирида қўноқладилар ва ўзларини меҳмон қилишларини сўрадилар. Бироқ қабиладагилар уларни меҳмон қилишдан бош тортдилар. Баногоҳ, қабила сардорини чаён чақиб олди ва қўлларидан келган барча нарсани қўллаб кўрсаларда нафи тегмади. Ичларидан баъзилари: Қўноқлаётган анави нафарнинг олдига боринглар. Шояд уларнинг ичида бу ҳақда бирон маълумот бордир,- дейишди. Нафар олдига келиб: Эй жамоат, сардоримизни чаён чақиб олди ва биз қўлимиздан келган барча нарсани қилсак-да фойдаси бўлмади. Шунинг учун ичингизда (уни даволай оладиган кишининг маълумоти) борми?,- дедилар. Битталари: Ҳа, мен дам соламан. Лекин, сизлардан меҳмон қилишингизни сўрасак рад этдингиз. Бизга бирон нарса бермасангиз дам сола олмайман,- деди ва улар билан бир неча қўйга келишди. Бориб дам солганида бемор худди тушовдан қутилган (туя)дек, довдирамай юра бошлади. Қабиладагилар келишилган қўйларни бердилар. Нафардагилар (қўйларни кўриб): Орамизда бўлиб беринглар!,- дейишди. Дам солган одам эса: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига боргунча бўлишманглар. Биз бўлган воқеъани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб, Унинг нимага буюришига қараймиз,- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, бўлган воқеъани айтиб беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унинг руқя эканини қаердан билдингиз?! Тўғри қилибсизлар, (қўйларни) бўлишиб олинглар! Бўлиширкан менга ҳам бир ҳисса ажратинглар!»– дедилар» (Имом Бухорий 2156, Имом Муслим 2201, Термизий 2063, Абу Довуд 3418, Ибн Можа 2156, Имом Аҳмад 3/50). Бу ҳадис Қуръон билан даволаниш машру эканига далолат қилади.

Иккинчидан, Қуръондан тумор қилиб олиш – гуноҳ йўлини тўсиш учун туморлар тақишнинг ҳаром эканига далолат қиладиган ҳадисларнинг умумий маъноларига биноан айтилган уламоларнинг қувватли қавлларига кўра, жоиз эмасдир.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Аъзо:             Абдуллоҳ ибн Қаъуд

Зўравонлик билан олинган қўйнинг гўшти

 

Зўравонлик билан олинган қўйнинг гўшти

Савол: Тортиб олиб, сўйилган гўштнинг ҳукми нима?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 6522-1):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Аввало, (бировнинг мулкини) тортиб олиш Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги қавлларига кўра жоиз эмас.

﴿ وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ ﴾

«Бир‒бирингизнинг молларингизни ноҳақ емангиз!» (Бақара: 188);

«Қонларингиз, мулкларингиз(ни талон тарож қилиш) ва номусларингиз(ни тўкиш) сизларга ҳаромдир» (Муттафақун алайҳ. Имом Бухорий 105, Имом Муслим 1679, Имом Аҳмад 18986).

Агар шариатга биноан сўйилган бўлса гўштини ейиш мумкин. Бироқ, тортиб олган одам қўйнинг қийматини эгасига бериши, Аллоҳ таолога тавба қилиши, истиғфор айтиши, тортиб олган одам қўйдан фойдаланмаслиги, аксинча, уни камбағаллар ва муҳтож маҳбусларга садақа қилиб юбориши кеарк

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

 

Уйланганимда намозни чала ўқир эдим …

Уйланганимда намозни чала ўқир эдим …

Савол: Сизларга шуни маълум қиламанки, мен бир маҳаллар намозларни тўкис ўқимас ва ўша пайтда уйланган эдим. Ҳозир эса, алҳамдулиллаҳ, намозларни канда қилмай ўқийман. Ҳатто ҳаж қилиб, тавба ҳам қилганман. Бироқ, ўша пайтда ўқитган никоҳимиз равомиди ёки йўқми, шунинг ҳукмини била олмай дилим хижилдир. Агар у раво бўлмаган бўлса, нима қилишим керак? Аллоҳ устингиздан яхши мукофотлар ёғдирсин, менга тушунтириб берсангиз? Шуни ҳам айтишим керакки, хотинимдан бешта болам бор.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 15499):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Агар ўша пайтда хотинингиз ҳам сиздек гоҳида намоз ўқиб, гоҳида ўқимаган бўлса, никоҳ раводир ва янги никоҳга ҳожат йўқ. Чунки ўша пайтда ҳар иккингиз ҳам намозни тарк қилиш ҳукми – куфрда баробар бўлгансиз. Бироқ, рафиқангиз никоҳ қилинган пайтда намозни вақтида ўқиб юрган бўлса, уламоларнинг икки қавлининг қувватлисига кўра, агра ҳар иккингиз ҳам бир–бирингизга рағбатли бўлсангиз, тавба қилиш ва динда устивор туриш билан бирга, қайта никоҳ ўқитишингиз керак.

Янги никоҳ ўқитишдан илгари дунёга келган болалар шаръий ҳисобланишиб, никоҳ шубҳаси бўлгани боис оталарига нисбатланишаверади.

Аллоҳ таолодан ҳар иккингизга ҳам салоҳият ва барча ишларда муваффақият тилаймиз.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:             Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Бакр ибн Абдуллоҳ Абу Зайд, Абдулазиз Оли Шайх, Солиҳ ибн Фавзон ал─Фавзон ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Тилла тиш қўйдирсам бўладими?

Тилла тиш қўйдирсам бўладими?

Савол: Менинг баъзи тишларим йўқ. Шунинг учун фарфор (чинни) тиш қўйдирмоқчи бўлдим. Бироқ, доктор тилла тиш қўйдиришни маслаҳат берди. Унинг айтишича, бошқа моддалардан қилинган тишнинг зарари кўпроқ экан. Одамлардан эса эркакларнинг тилла тиш қўйдиришлари мумкин эмаслигини кўп эшитаман. Шунинг учун ҳам, бу мавзуни аввало Аллоҳга, сўнгра эса сизларга кўтариб, тўғри жавоб беришингизни умид қиламан. Айтинглар–чи, одам вафот этса тилла тишлари билан дафн этилаверадими? Аллоҳ таоло сизларни барча яхшиликларга муваффақ қилсин (омийн), менга тушунтириб берсангизлар?  

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 3319):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Агар доктор ўз касбини пухта эгаллаган ва сизга бошқа моддаларни қўйиб тилла тиш қўйиш афзал эканини хулоса қилган бўлса, сизнинг тилла қўйишингизнинг зарари йўқ. Акси тақдирда, қўйдирмаслигингиз керак.

Агар банда оғзидаги тилла тишлари билан вафот этса, мулкинининг ҳимояси ва Аллоҳ таоло таъқиқлаган беҳуда кетишнинг олдини олиш учун, тишни суғуриб олинади. Агар суғуриб олиш қийин ёки маййитнинг танасига зарар берадиган бўлса, тиши билан кўмилаверади.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:         Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Тишни тилла билан қоплатиш

Тишни тилла билан қоплатиш

Савол: Эшитишимга қараганда, эркак киши тилла ва кумуш тиш қўйдирса бўлаверар эмиш. Тишни олдириб тилла ёки кумуш тиш қўйдириш ёки тишни тилла ва кумуш билан қоплатишнинг ҳукми нима? Жоиз ёки жоиз эмаслигига Қуръон ва суннат билан жавоб берсангиз?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 2387–8):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Қавл ва амал нуқтаи назаридан ўзгармас қоида, эркак кишининг тилла ва кумушдан қилинган идиш, тақинчоқ, газлама ва шу каби истеъмол молларини ишатишининг ҳаромлигидир. Булар ичидан жоизлиги истисно қилинган кумуш узук ва кумуш суви югуртирилган идишлар, мустаснодир.

Тилла ва кумушнинг ҳар иккисидан ёки биттасидан тиш ёки бурун ясаш ҳамда тишларни қоплатиш учун, мазкур таъқиқда истисно йўқдир. Фақатгина, ясаш эҳтиёжи зарурат бўлса, тилла ва кумушдан тиш ёки бурун ясаш ёхуд уларнинг ҳар иккиси ёки улардан биттаси билан тишни қоплатиш, жоиздир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:         Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён