Category Archives: Пайғамбаримиз билан танишув

Бу категорияда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёти билан танишасиз

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёти билан танишайлик (3)

 

 

51 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам узугини бирга олиб юрган одам

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг узугини Муъайқиб ибн Абу Фотима Давсий (разияллоҳу анҳу) олиб юрар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу узук билан мактубларни муҳрлар эдилар («Зодул-маъод» 1/ 128).

52 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг инсон экани

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсондек туғилдилар, инсондек яшадилар, инсондек касал бўлдилар ва инсон каби ўлдилар. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нур ёки Аршнинг нуридан яратилган, деб гумон қилган киши, Қуръон Каримни инкор этган бўлади (Оли Имрон: 144, Каҳф: 110, Анбиё: 34, Фурқон: 7, 8. Имом Бухорий, ҳадис № 5016).

53 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўриқчилари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўриқчилари Саъд ибн Муоз, Муҳаммад ибн Маслама, Зубайр ибн Аввом, Уббод ибн Бишр ва бошқалар (разияллоҳу анҳум) эдилар. Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳ Сизни одамлардан ҳимоя қилади» (Моида: 67) ояти нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўриқчиларига бунинг хабарини бериб, уларни тарқатдилар (Зодул-маъод» 1/ 127).

54 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сарбонлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сарбони ва туяларига хиргойи қилганлар: Абдуллоҳ ибн Равоҳа, Омир ибн Акваъ, Салама ибн Акваъ ва Анжаша Ҳабаший разияллоҳу анҳум («Зодул-маъод» 1/ 128).  

55 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуроли

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўққизта қиличи, еттита темир совути, олтита камони, бешта найзаси, темирдан қилинган дубулға, урушда киядиган учта жуббаси, битта қалқони ва «Уқоб» деб номланган қора байроғи бор эди (Ибн Саъд «Табақот» 1/ 376, 379).

56 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг котиб-ёзувчилари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Қуръон Карим ва мактубларини ёзувчи котиблари: Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Алий ибн Абу Толиб, Зубайр ибн Аввом, Омир ибн Фуҳайра, Амр ибн Ос, Убай ибн Каъб, Абдуллоҳ ибн Арқам, Собит ибн Қайс ибн Шаммос, Ҳанзала ибн Рабийъ, Муғийра ибн Шўъба, Абдуллоҳ ибн Равоҳа, Холид ибн Валид, Холид ибн Саид ибн Ос, Муовия ибн Абу Суфён ва Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳумлардир («Зодул-маъод» 1/ 117).

57 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кулгиси ва ҳазиллари

Термизий ривоят қилди: Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу) айтди: (Саҳобалар): Ё Расулуллоҳ, Сиз биз билан ҳазиллашаяпсизми?,- деганларида: «Ҳа, бироқ мен фақатгина ҳақиқат билан ҳазил қиламан!»- дедилар (Саҳиҳ ҳадис. «Мухтасаруш-шамааилил-Муҳаммадийя», ҳадис № 202).

58 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва ўлим талвасаси

Оиша (разияллоҳу анҳо) айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида сув қуйилган идиш бор эди. У қўлини сувга солиб, юзларини ишқар ва: «Ла илаҳа илллалоҳ! Ўлимнинг сархушлиги-талвасаси бор»– дер эдилар (Имом Бухорий, ҳадис № 6510).

59 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам насабининг ахлоқсизлик-зинодан поклиги

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насаби Одам алайҳиссолату вассаломдан тортиб, то ота-оналаригача жоҳилият ахлоқсизлигидан пок бўлган эди. Восила ибн Асқаъ (разияллоҳу анҳу) айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ мени Ҳошим уруғи ичидан танлаб олди»- дедилар (Имом Муслим ривояти, ҳадис № 2276). Табароний (раҳимаҳуллоҳ) Алий ибн Абу Толиб (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен Одам (алайҳиссалом)дан то ота-онамдан туғилгунча зинодан эмас, никоҳдан дунёга келдим ва менга жоҳилий зинодан ҳеч бир нарса тегмади» («Саҳиҳул-Жомеъ», ҳадис № 3225).

60 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўшаги

Оиша (разияллоҳу анҳо) айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўшаги ичи хурмо ёғочининг пўстлоғи билан тўлдирилган тери эди (Имом Бухорий, ҳадис № 6456, Имом Муслим ривояти, ҳадис № 2082).

61 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қасамлари

Ибн Қоййим (раҳимаҳуллоҳ) айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саксондан ортиқ ерда Аллоҳ номига қасам ичдилар. Аллоҳ таоло эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни уч ерда қасам ичишга амр қилди:

1 – «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиздан: «У (ваъда қилинган азоб) ҳақми?» — деб сўрайдилар. Айтинг: «Ҳа, Роббимга қасамки, албатта у ҳақдир. Сизлар (ундан) қочиб қутулгувчи эмассизлар» (Юнус: 53);

2 – «Кофир бўлган кимсалар «Бизларга (қиёмат) соати келмас», дедилар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Йўқ! Ғайбни билгувчи Роббимга қасамки, шак-шубҳасиз у (яъни қиёмат) сизларга келар» (Сабаъ: 3);

3 – «Кофир бўлган кимсалар ўзларининг ҳеч қачон қайта тирилмасликларини гумон-даъво қилдилар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Йўқ! Роббимга қасамки, албатта қайта тириласизлар, сўнгра албатта сизларга қилган амалларингизнинг хабари берилажак ва бу – Аллоҳ учун осондир» (Тағобун: 17) («Зодул-маъод» 1/ 163).

62 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кечиримлари

Анас (разияллоҳу анҳу) айтди: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга кетаётган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эгнида ёқаси дағал тикилган нажрон жуббаси бор эди. Бир аъробий дуч келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кийими билан шундай қаттиқ тортдики, ёқанинг дағаллиги бўйинларида из қолдирди. Сўнгра: Эй Муҳаммад, олдингдаги Аллоҳнинг молидан менга бер?!,- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ўгирилиб қараб кулдилар ва унга ўша молдан беришга амр қилдилар (Имом Бухорий, ҳадис № 3149).

63 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жасурлиги

Анас (разияллоҳу анҳу) айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг эҳсонкори, саховатлиси ва энг жасури эдилар. Кечаларнинг бирида Мадина аҳолиси қўрқиб кетдилар ва товуш келган томонга кета бошладилар. Улар келган товуш томон борар эканлар, ўзларидан илгари кетган ва қайтаётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дуч келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Талҳанинг отига минган ва бўйнига қилични осиб олган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: «Қўрқманглар! Қўрқманглар»- дедилар (Имом Муслим ривояти, ҳадис № 2307).

64 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳайвонларга шафқати

Саҳл ибн Ҳанзалийя (разияллоҳу анҳу) айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам орқаси қорнига ёпишиб қолган (озғин) туя олдидан ўтар эканлар: «Аллоҳдан бу тилсиз ҳайвонлар ҳақида қўрқинглар! Уларни лойиқ бўлганидек мининглар ва лойиқ бўлганидек (сўйиб,) енглар!»- дедилар («Саҳиҳу Аби Довуд» ҳадис № 2221).Саид ибн Жубайр (раҳимаҳуллоҳ) айтди: Абдуллоҳ ибн Умар (разияллоҳу анҳу) товуқни нишон қилиб отишаётган одамлар олдидан ўтди. Уни кўргач одамлар тарқалиб кетдилар. Абдуллоҳ ибн Умар (разияллоҳу анҳу): Буни ким қилди?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни қилган одамни лаънатлаган- деди (Имом Муслим ривояти, ҳадис № 1958).

65 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам терининг хўшбўйлиги

Анас (разияллоҳу анҳу) айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизникига кириб, қайлула-пешин уйқусини ухлаганларида терладилар. Онам шиша идишни олиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг терларини сидириб ола бошладилар. Бирдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйғониб кетдилар ва: «Эй Умму Сулайм, нима қилаяпсиз?»- деганларида онам: Сизнинг терингизни атирларимиз ичига қўшиб қўямиз. У (терингиз) атирларнинг энг хушбўйидир,- деб жавоб берди (Имом Муслим ривояти, ҳадис № 2331).

66 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг очиқ қўллиги

Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳу) айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам очиқ қўлликда ҳар нарсани учириб келган шамолдан ҳам саховатпеша эдилар (Имом Муслим ривояти, ҳадис № 2308).

67 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғайри муслимларга қилган муомаласи

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (разияллоҳу анҳу) айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Муъоҳид-шартнома қилган одамни ўлдирган кимса жаннатнинг ҳидини кўрмайди. Ҳолбуки, унинг ҳиди қирқ йил(лик масофа)дан келиб туради» (Имом Бухорий, ҳадис № 3166).«Муоҳид»- мусулмонлар аҳд берган одам.Сафвон ибн Сулайм (раҳимаҳуллоҳ) саҳобаларнинг бир неча  ўғилларидан, улар оталаридан ҳадис айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен муоҳидга зулм қилган ёки ҳаққини бермаган ёки кучи етмаган нарсага мажбурлаган ёхуд ундан розилигисиз бирон нарсани олган киши қаршисида Қиёмат куни даъвогарман!»- дедилар («Саҳиҳу Аби Довуд», ҳадис № 2626).

68 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг илм толиблари ҳақидаги васиятлари

Абу Саид Худрий (разияллоҳу анҳу) айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Яқинда олдингизга илм излаган одамлар келадилар. Сизлар уларга: Расулуллоҳнинг васияти, хуш келдингиз!- деб, ўргатинглар!»- дедилар (Ҳасан ҳадис: «Саҳиҳу ибн Можжа», ҳадис № 201).

69 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва ҳижома

«Ҳижома» – терини тилиб, махсус жиҳоз билан қон олишдир.

Анас (разияллоҳу анҳу) айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўйиннинг икки томири ва елканинг уст қисмидан (ҳижрий қамарий ойларнинг) ўн еттинчи, ўн тўққизинчи ва йигирма биринчи кунлар(и)да қон олдирар эдилар (Шайх Албоний «Мухтасаруш-шамааил», ҳадис № 313).

70 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг камтарлиги

Бароъ ибн Озиб (разияллоҳу анҳу) айтди: Аҳзоб куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз билан бирга тупроқ ташидилар ва оппоқ қоринлари тупроқ бўлиб кетди (Имом Муслим ривояти, ҳадис № 1803).Табароний (раҳимаҳуллоҳ) Саҳл ибн Ҳунайф (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам камбағал мусулмонларнинг олдига бориб зиёрат қилар, беморларини кўрар ва жанозаларида ҳозир бўлар эдилар («Саҳиҳул-Жомеъ», ҳадис № 4877).

71 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз хонадонида

Урва ибн Зубайр (разияллоҳу анҳу) айтди: Мен Оиша (разияллоҳу анҳо)дан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларида бирон нарса қилар эдиларми?- дея сўрадим. У: Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пойафзалини тозалар, кийимларини тикар ва сизлардан бирингиз каби уй ишларини ҳам қилар эдилар,- деб жавоб берди, (разияллоҳу анҳо) (Имом Аҳмад «Муснад» 42 / 2531).

72 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва набиралари

Бароъ ибн Озиб (разияллоҳу анҳу) айтди: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг елкасига Ҳасан ибн Алий (разияллоҳу анҳу)ни ўтқазиб: «Аллоҳим, мен уни яхши кўраман, Сен ҳам уни яхши кўр!» деяётганларини кўрдим (Имом Бухорий, ҳадис № 3749).Абу Қатода (разияллоҳу анҳу) айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимизга чиққанларида Умома Абу Ос қизи елкаларида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқидилар ва рукуъ қилганларида уни (ерга) қўяр, (иккинчи ракаатга бошларини) кўтарганларида кўтариб олар эдилар (Имом Бухорий «Саҳиҳ», ҳадис № 5996).

73 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асирларга яхшилик қилишга васият қилар эдилар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр жангидан қайтгач, асирларни саҳобалар ўртасида бўлиб бердилар ва уларга: «Асирларга яхшилик қилинглар!»- дедилар. Мусъаб ибн Умайр (разияллоҳу анҳу)нинг укаси Абу Азиз ибн Умайр асирлар ичида эди. У айтди: Мен Бадрдан қайтгач, ансорлар ичида қолдим. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг васиятларига содиқ ўлароқ, нонушта ёки кечки овқатларида менга алоҳида нон ва хурмо берар эдилар. Уларнинг биронтасининг қўлига бирон бурда нон тушиб қолса уни менга берар, мен эса уялиб уни ўзига қайтарар, у эса олмас ва яна менга қайтарар эди (Ибн Ҳишом «Сийра» 2/ 251).

74 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодатдаги тиришқоқлиги

Оиша (разияллоҳу анҳо) айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечалари таҳажжуд намози ўқир ва оёқлари ёрилиб кетар эди. Мен Унга: Ё Расулуллоҳ, нега бундай қиласиз? Ахир Сизнинг аввалги ва кейинги гуноҳларингиз мағфират қилинган-ку?- десам: «Шукрона келтирган банда бўлмайинми?!»- деб жавоб бердилар (Имом Бухорий, ҳадис № 4837).Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу) айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ номига қасамки, Мен бир кунда Аллоҳга етмиш мартадан кўпроқ истиғфор айтиб, тавба қиламан»- дедилар (Имом Бухорий, ҳадис № 6307).

75 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қарз олиши

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар ичида чиройли муомалали инсон эдилар. Бирон нарсани қарзга олсалар, ундан кўра яхшироқ қилиб тўлар ва қарз берган одамга дуо қилиб: «Аллоҳ сизга аҳлингиз ва бойлигингизда барака берсин! Қарзнинг мукофоти – вафодорлик ва мақтовдир»- дедилар (Имом Бухорий, ҳадис № 2392. Ибн Можжа «Саҳиҳ», ҳадис № 1968). 

 

Қуръон оятларини таржима қилишда Алоуддин Мансурнинг «Қуръон Карим» изоҳли таржимасидан баъзи ўзгартишлар билан фойдаланилди.

Ҳижрий 13 рабиъул аввал 1429 йил

Мелодий 22 март 2008 йил

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёти билан танишайлик (2)

 

 

26 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқиган илк жума намози

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи жума намозини Мадинага қилган ҳижратларидан сўнг, Солим ибн Авф қабиласида ўқиган эдилар (Ибн Ҳишом «ас-Сийра», 2/ 102).

27 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаж ва умралари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрий ўнинчи йилда бир марта ҳаж – (тарихий номи) Видолашув ҳажи ва тўрт марта умра қилдилар. Умраларнинг барчаси зул-қаъда ойида бўлган эди. Улар: Ҳудайбийя умраси, қазо умраси, ҳажлари билан қилинган умра ва Жэъэрронадан қилинган умраси. (Имом Бухорий, ҳадис № 1778, Имом Муслим ривояти, ҳадис № 1253).

28 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғазотлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йигирма еттита жангга бордилар ва тўққиз жангда шахсан иштирок этдилар. У жанглар: Бадр, Уҳуд, Мурайсийъ «Бану Мусталақ», Хандақ, Қурайза, Хайбар, Фатҳ, Ҳунанйн ва Тоиф жангларидир. Қирқ еттита бўлинмани уруш учун жўнатдилар («Табақотул-Кубро» 2/ 3). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган биринчи ғазот – Абвоъ (Ваддон) жанги, охирги ғазот эса Табук жанги эди (Табарий Тарихи, 2/ 207).  

29 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муаззинлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муаззинлари тўртта бўлиб: Билол ибн Рабоҳ ва Абдуллоҳ ибн Умму Мактум Мадинада, Саъд ал-Қураз Қубода, Абу Маҳзура Маккада эдилар («Зодул-маъод» 1/ 124).

30 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларга имом бўлиб ўқиган охирги намози

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобларга имом бўлиб ўқиган охирги намози – Мурсалот сураси ўқилган шом намози эди (Имом Бухорий ҳадис № 4429, Имом Муслим ривояти, ҳадис № 462).

31 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётидаги охирги намоз

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётидаги охирги намоз – вафот этган душанба кунидаги бомдод намози эди («Далолилун-нубувваҳ», 7/ 192 193).

32 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оғизларидан чиққан охирги сўз

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оғизларидан чиққан охирги гап – «Аллоҳумма ар-Рафиқул-Аъло»: Аллоҳим, жаннатнинг олий мақоми(ни танладим), жумласидир (Имом Бухорий, ҳадис № 4463).

33 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрий ўн биринчи йил, рабиъул-аввал ойининг ўн иккинчи куни – душанба кунида вафот этдилар ва чоршанба куни Оиша (разияллоҳу анҳо)нинг хоналарига дафн этилдилар (Ибн Саъд «Табақот» 2/ 209, Табарий Тарихи, 2/ 241).

34 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умри

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида ёшлари олтмиш учда эди (Имом Муслим ривояти, ҳадис № 2349).

35 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғассоллари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан сўнг муборак баданларини Аббос ибн Абдулмутталиб, Алий ибн Абу Толиб, Фазл ибн Аббос, Қусам ибн Аббос, Усома ибн Зайд ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғуломи – Шуқрон (разияллоҳу анҳум)лар ювдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ювганларида кийимлари ечилмаган эди (Ибн Ҳишом, «ас-Сийра», 4/ 287).

36 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кафанлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пахтадан тўқилган учта газмол билан кафанландилар. Улар ичида кўйлак ва салла йўқ эди (Имом Бухорий, ҳадис № 1264, Имом Муслим ривояти, ҳадис № 941).

37 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўқилган жаноза намози

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун ўқилган жаноза намозида биронта саҳоба имом бўлмади. Балки ҳар бир киши танҳо намоз ўқиди. Аввал эркаклар, кейин хотинлар, кейин болалар, кейин қуллар намоз ўқидилар (Ибн Ҳишом «ас-Сийра», 4/ 289).

38 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мерослари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотидан сўнг оқ хачири, қурол-аслаҳаси ва садақа қилиб  қолдирган еридан бошқа на тилло ва на кумуш тангалар, на қул ва на канизакни мерос қилиб қолдирдилар («ат-Табақот», 2/ 241).

39 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳовузи

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳовузи жуда ҳам катта бўлиб, унинг суви жаннатдаги Аллоҳ таоло Муҳаммад соллалоҳу алайҳи ва салламга ваъда қилган Кавсар дарёсидан оқиб келади. Унинг суви сутдан оқ, асалдан тотли ва ҳиди мушкдан шириндир. Унинг идишларининг сони Самодаги юлдузлар соничадир. Ундан бир марта ичган одам, кейин ҳеч ҳам чанқамайди (Имо Бухорий, ҳадис № 6575; 6593)

40 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушда кўриш

Имом Бухорий ва Имом Муслим раҳимаҳумаллоҳлар Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мени тушида кўрган киши – Мени кўрибди. Чунки шайтон, менинг шаклимда гавдалана олмас» (Имом Бухорий, ҳадис № 110, Имом Муслим ривояти, ҳадис № 2266).

41 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ ҳузуридаги мақоми

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам – Аллоҳ таоло ҳузурида яратилган бутун махлуқларнинг энг афзалидирлар.

42 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари: Муҳаммад, Аҳмад, Моҳий (Йўқ қилгувчи – Аллоҳ у билан куфрни йўқ қилади), Оқиб (Сўнгги – Ундан кейин пайғамбар келмайди), Амийн (Омонатдор), Уммий (Саводсиз), Расул, Набий, Шоҳид, Заҳук (Сертабасссум), Фотиҳ, Қаттол (Ислом динига қурол билан қарши чиққанларни ўлдиргувчи), Қусам (Барча яхшиликларни ўзида жамлаган), Мустафо(одамларнинг Сараси), Мубашшир (Башорат берувчи), Башир (Башорат берувчи), Мутаваккил ( Аллоҳга таваккул қилган), Муқаффий (Ўзидан аввалги пайғамбарлар ҳидоятига Издош), Назир (Огоҳлантирувчи), Набийюр-раҳмаҳ (Раҳмат пайғамбари), Набийют-Тасвияҳ (Инсон ҳуқуқини тақводан бошқа барча нарсаларда тенг кўрган пайғамбар), Набийюл-малҳамаҳ (Жанг пайғамбари (жангларда шахсан иштирок этган пайғамбар)), Қосим (адолат билан тақсимловчи), Абдуллоҳ (Аллоҳнинг бандаси), ас-Сирожул-Мунийр (порлаган Чироқ), Саййиду валади Одам (Одам фарзандларининг Саййиди), Соҳибу ливаил-Ҳамд (Қиёматда тикиладиган Ҳамд байроғининг Эгаси), Соҳибу Мақомил-Маҳмуд (Мақталган Мақом Эгаси), ад-Доъий илаллоҳи биизниҳ (Аллоҳ йўлига Аллоҳ изни билан Чорловчи), Хотимун-набиййин (Охирги Пайғамбар) ва бошқа исмлар («ат-Табақот» 1/ 83, 84; «Далоилун-нубувваҳ» 1/ 151 – 161).  

43 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг куняси

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг куняси тўнғич фарзанди Қосимга нисбатан – Абул-Қосимдир (Имом Муслим ривояти, “Китобул-адаб”, ҳадис № 5).

44 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифат-шакллари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оқ, нурафшон юзли, табассум қилсалар ўн тўрт кунлик ойдек порлар эди. Ўрта бўйли – новча ҳам, пакана ҳам эмас эдилар. Сочлари ўртача на пахмоқ ва на узун бўлиб, қулоқлари билан елкаларигача тушар эди (Имом Бухорий ҳадис № 3549, Имом Муслим ривояти, ҳадис №№ 2338, 2340).

45 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оқ туклари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соч ва соқолларида йигирмата оқ тук бор эди (Имом Бухорий, ҳадис № 3548, Имом Муслим ривояти, ҳадис № 2347).   

46 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бўй-ҳидлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бўй-ҳидлари мушкдан кўра ширинроқ эди (Имом Бухорий, ҳадис № 3561, Имом Муслим ривояти, ҳадис № 2330).

47 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёси

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чимилдиққа кирган бокира қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар (Имом Бухорий, ҳадис № 3562).

48 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гапиришлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шунчалар оз гапирар эдиларки, уни санамоқчи бўлган одам санаши мумкин эди (Имом Бухорий, ҳадис № 3567).

49 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набиралари:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набиралари олтитадир.1 – Умома Абу Ос ибн Рабийъ қизи, онаси – Зайнаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизи.2 – Абдуллоҳ ибн Усмон ибн Аффон, онаси – Руқийя Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизи.3-, 4-, 5-, 6- Ҳасан, Ҳусайн, Зайнб ва Умм Кулсум. Буларнинг барча Алий ибн Абу Толибнинг фарзандлари бўлиб, оналари – Фотима Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизидир. (Аллоҳ уларнинг барчасидан, ота-оналаридан рози бўлсин) («Сияру аъламин-нубалаъ» 1/ 31, «Софватус-софваҳ» 1/ 294, 309).

50 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соқоллари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соқоллари қалин ва узун эди («Саҳиҳу Сунани Аби Довуд» 3/ 393).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёти билан танишайлик (1)

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан танишайлик

Ношир: Тавҳид ойномаси

Арабчадан Абу Жаъфар ал-Бухорий таржимаси 

 

1 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг наслу-насаблари

У – Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ибн Феҳр ибн Молик ибн Назр ибн Кинона ибн Хузайма ибн Мудрика ибн Илёс ибн Музар ибн Низор ибн Маъд ибн Аднондир. Шу ергача бўлган  сулола насабшунос олимлар томонидан тўғри деб тасдиқланган. Адноннинг Исмоил ибн Иброҳим алайҳимассаломнинг фарзанди эканида ҳеч шубҳа йўқдир (Имом Бухорий, 28; Ибн Ҳишом «Сийра» 1/ 23; Ибн Саъд «Табақот» 1/ 46; Байҳақий «Далоилун-нубувваҳ» 1/ 179).

2 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дояси

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дояси – Абдурраҳмон ибн Авф (разияллоҳу анҳу)нинг онаси Шифоъ Авф ибн Абдулҳорис ибн Зуҳранинг қизидир («ал-Бидая ван-ниҳая» 2/ 246).

3 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарзандлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг еттита фарзанди бўлиб, шулардан учтаси ўғил ва тўрттаси қиз эди.

Ўғилларининг исмлари: Қосим, Абдуллоҳ (уни Тийб (хушбўй) ва Тоҳир (пок, озода, дея лақабланарди) ва Иброҳим.

Қизларининг исми: Зайнаб, Руқийя, Умму Гулсум ва Фотима.Иброҳимдан бошқа барча фарзандлари Хадича (разияллоҳу анҳо)дан таваллуд топганлар. Иброҳим эса мисрлик Мория Шамъун қизидан таваллуд топган. Мория Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чўриси эди.

Фотима (разияллоҳу анҳо)дан бошқа барча фарзандлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлик даврида оламдан ўтдилар. Фотима (разияллоҳу анҳо) эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотидан олти ой кейин дунёдан кўз юмди («Зодул-маъод» 1/ 103).

4 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сут оналари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сут оналари Абу Лаҳабнинг чўриси Сувайба ва Саъд қабиласидан Ҳалима исмли аёлдирлар ( «Сифатус-софваҳ» 1/ 56, 57).

5 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мураббиялари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга волидалари Омина Ваҳб қизи, Абу Лаҳабнинг чўриси Сувайба, Саъд қабиласидан Ҳалима, Ҳалиманинг қизи Шаймоъ ва ҳабашистонлик Барака Умму Айманлар мураббиялик қилдилар («Зодул-маъод» 1/ 83).

6 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ака-укалари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сутдош ака-укалари: амакиси – Ҳамза ибн Абдулмутталиб, Абу Салама ибн Абдуласад Махзумий, Абдуллоҳ ибн Ҳорис, Аниса Ҳорис қизи ва Жудома Ҳорис қизи «Шаймоъ». Кейинги уч киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сут онаси – Ҳалиманинг фарзандларидир («Табақотул-Кубро» 1/ 87-89).

7 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўн битта амакиси бор эди. Улар: Ҳорис, Зубайр, Абу Толиб (исми Абдуманоф), Абдулкаъба, Ҳамза, Муқаввим, Ҳажл (исми Муғийра), Зирор, Қусам, Абу Лаҳаб (исми Абдулъуззо), Ғайдоқ (исми Мусъаб) ва Аббос. Булардан Ҳамза ва Аббос (разияллоҳу анҳумо)ларгина Ислом динини қабул қилдилар (Ибн Саъд «Табақотул-Кубро» 1/ 74-75).

8 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммалари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олтита аммаси бор эди. Улар: Умайма, Умму Ҳаким, Барра, Отика, Софийя ва Арволардир (Ибн Ҳишом «Сийра» 1/169).

9 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдаги пайғамбарлик муҳри

Пайғамбарлик муҳри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқасида, кураклари ўртасида бўртиб чиққан ва кабутарнинг тухумидек бир парча гўштдир (Имом Муслим 11).

10 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳтарама рафиқалари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қовушган ўн битта рафиқаси бор эди. Улар тартиб билан қуйидагилардир:

1 – Хадича Хувайлид қизи (разияллоҳу анҳо).

2 – Савда Зумъа қизи (разияллоҳу анҳо).

3 – Оиша Абу Бакр қизи (разияллоҳу анҳо).

4 – Ҳафса Умар ибн Хаттоб қизи (разияллоҳу анҳо).

5 – Зайнаб Хузайма қизи (разияллоҳу анҳо).

6 – Умму Салама Ҳинд Маҳзумийя Умайя қизи (разияллоҳу анҳо).

7 – Зайнаб Жаҳш қизи (разияллоҳу анҳо).

8 – Жувайрийя Мусталақийя Ҳорис қизи (разияллоҳу анҳо).

9 – Умму Ҳабиба Рамла Абу Суфён қизи (разияллоҳу анҳо).

10 – Софийя Ҳуйай ибн Ахтоб қизи (разияллоҳу анҳо).

11 – Маймувна Ҳилолийя Ҳорис қизи (разияллоҳу анҳо).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлик даврида улардан иккитаси: Хадича Хувайлид қизи ва Зайнаб Хузайма қизи (разияллоҳу анҳумо) вафот этдилар.

11 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чўрилари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўртта чўриси бор эди.

1 – Мисрлик, Шамъун қизи Мория. Уни Миср волийси Муқавқас Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга совға ўлароқ юборган эди. Мория – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўғли – Иброҳимнинг онасидир.

2 – Райҳона Зайд қизи.

3 – Жангда қўлга олинган чўри.

4 – Рафиқалари Зайнаб (разияллоҳу анҳо) совға қилган чўри.

12 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга илк нозил бўлган Қуръон оятлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга илк нозил бўлган Қуръон ояти – Алақ сурасининг ушбу беш оятидир:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, барча мавжудотни) яратган зот бўлмиш Роббингиз номи билан (бошлаб) ўқинг! 2. У инсонни лахта қондан яратган (зотдир). 3-4. Ўқинг! Сизнинг Роббингиз (инсониятга) қаламни (яъни ёзишни — хатни) ўргатган ўта карамли зотдир. 5. У зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди».

13 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган охирги оят ушбудир:

«Сўнгра ҳар бир жонга қилган амали учун тўла жазо берилади ва ҳеч кимга зулм қилинмайди» (Бақара: 281) (Насоий «ас-Сунанул-Кубро» 6/ 307, ҳадис № 11057).

14 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муқтадий бўлиб намоз ўқиганлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки марта: Абу Бакр ва Абдурраҳмон ибн Авф (разияллоҳу анҳумо)ларнинг орқасида иқтидо қилиб намоз ўқидилар (Имом Аҳмад «Муснад» 3/ 18182).

15 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга биринчи бўлиб иймон келтирган одам

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи бўлиб иймон келтирганлар: эркаклардан Абу Бакр (разияллоҳу анҳу), аёллардан Хадича Хувайлид қизи (разияллоҳу анҳо),болалардан Алий ибн Абу Толиб (разияллоҳу анҳу), қўл остидаги қуллардан Зайд ибн Ҳориса (разияллоҳу анҳу)  ва қуллардан Билол ибн Рабоҳ (разияллоҳу анҳу)дир (Қуртубий тафсири 8/ 219).

16 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқиган биринчи фарз намоз

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқиган биринчи фарз намоз – пешин намозидир (Қуртубий тафсири 3/ 207, 9/ 281).

17 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг узуги

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг узуги кумушдан ясалган бўлиб, «Муҳаммад Расулуллоҳ» жумласи ва «Муҳаммад» сўзи биринчи сатр, «Расул» иккинчи сатр, «Аллоҳ» учинчи сатрга ёзилган эди (Имом Бухорий, ҳадис № 5875, 5878).

18 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шоирлари

Каъб ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Равоҳа ва Ҳассон ибн Собит (разияллоҳу анҳум)лар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шоирлари эдилар («Зодул-маъод» 1/ 128).

19 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хизматчилари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:

– эҳтиёжларини кетказиш учун Анас ибн Молик (разияллоҳу анҳу);

– чориқ ва мисвокларини кўтариб туриш учун Абдуллоҳ ибн Масъуд (разияллоҳу анҳу);

– сафарларда туяларини етаклаш учун Уқба ибн Омир (разияллоҳу анҳу);

– уловларининг соҳиби Аслаъ ибн Шарик (разияллоҳу анҳу);

– Абу Бакр (разияллоҳу анҳу)нинг қуллари Билол ибн Рабоҳ ва Саъд (разияллоҳу анҳумолар), Абу Зарр Ғифорий (разияллоҳу анҳу) ва Айман ибн Убайд (разияллоҳу анҳу)лар эса таҳорат ва эҳтиёжлари учун хизмат қилар эдилар («Зодул-маъод» 1/ 116, 117).

20 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбари ёғочдан ясалган бўлиб, учта поғонаси бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг устида жума ва бошқа кунлари хутба қилар эдилар (Шайх Албоний «Саҳиҳут-Тарғиб», ҳадис № 1679).

21 – Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнни бошқа пайғамбарлардан фарқли қилган жиҳатлар

1 – Душманининг қалбига бир ойлик масофа қолганида қўрқув солиш билан Аллоҳнинг мадад бергани.

2 – Аллоҳ таолонинг Ерни саждагоҳ ва покловчи қилгани.

3 – Аллоҳ таолонинг ўлжаларни ҳалол қилиб, бошқа (пайғамбар)ларга ҳаром қилгани.

4 – Аллоҳ таолонинг катта шафоат – Мақоми Маҳмудни бериши.

5 – Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бутун башарият учун ва бошқа пайғамбарларни фақат ўз халқигагина юборгани.

22 – Аллоҳ таолонинг бошқа мусулмонларга ҳаром қилмаган ва фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳаром қилган нарсалари

1 – садақа олиш;

2 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга турмуш қуришни хоҳламаган аёлни раво кўрмаслик;

3 – Душманга қарши уруш тугамагунича уруш кийимларини ечмаслик;

4 – Хоинона кўз ташлаш (яъни, бир нарсага аслида кўринганидан фарқли кўрсатиш учун, кўз билан ишора қилиш);

5 – Саводини чиқариш.

Аллоҳ таоло айтди: «Сиз (ўзингизга Қуръон нозил қилинишидан) илгари бирон китобни тиловат қилгувчи бўлган эмас эдингиз ва ўз қўлингиз билан хат ҳам ёзган эмас эдингиз. Акс ҳолда бузғунчи кимсалар албатта шубҳага тушган бўлар эдилар» (Анкабут: 48).

6 – Шеърни ўрганиш

«(Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга) шеър ўргатмадик ва (шоирлик) унинг учун дуруст эмасдир» (Ёсин: 69) (Имом Муслим ривояти, ҳадис № 1071 ва Имом Бухорий ривояти, ҳадис № 5254).

23 – Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгагина рухсат берган ва бошқа мусулмонларга ҳаром қилган нарсалари

1 – Рўзани улаб тутиш.

2 – Валий ва гувоҳларсиз уйланиш.

3 – Тўрттадан ортиқ хотинга уйланиш.

4 – Маккада урушни биринчи бўлиб бошлаш (Имом Бухорий, ҳадис №№ 1964, 7420, 1832).

24 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нафл намозларни ўтириб ўқишлари

Бошқа мусулмонлардан фарқли ўлароқ, узрлари бўлмаса ҳам нафл намозларни, бошқа намозларни тик туриб ўқиганларидек, ўтириб ўқишлари  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хусусиятларидандир. Чунки, оддий мусулмонларнинг узрсиз ўтириб ўқиган намозларига (тик туриб ўқилган намознинг) ярим савоби берилади (Имом Муслим ривояти, ҳадис № 735).

25 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бекор қилган илк ўсим

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рад этган ва бекор қилган (илк) ўсим – амакиси Аббос ибн Абдулмутталиб (разияллоҳу анҳу)нинг ўсими эди (Имом Муслим ривояти, ҳадис № 1218).