Category Archives: Дуо

Бу категорияда дуо ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Аллоҳга қайси исмлари билан дуо қилиш керак?

Аллоҳга қайси исмлари билан дуо қилиш керак?

Савол: Аллоҳ таоло:

﴿وَلِلَّهِ الْأَسْمَاءُ الْحُسْنَى فَادْعُوهُ بِهَا﴾

«Аллоҳнинг гўзал исмлари бор ва улар билан Аллоҳга дуо қилинглар!»– демоқда (Аъроф: 180). Аллоҳ таолога гўзал исмлари билан дуо қилган одамнинг ҳаққи нима? У, Аллоҳнинг ўнта ёки ундан кўра кўпроқ исмларини восита қилиб сўраши керакми ёки ўз матлабига муносиб исмларидан биттасини восита қилса бўлаверадими?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 53183):

Аллоҳ таолога гўзал исмлари билан дуо ва уларни восита қилиш Аллоҳ таолонинг:

﴿وَلِلَّهِ الْأَسْمَاءُ الْحُسْنَى فَادْعُوهُ بِهَا﴾

«Аллоҳнинг гўзал исмлари бор ва улар билан Аллоҳга дуо қилинглар!» ояти ҳамда Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадиси билан машруъдир: «Бировга қачон ғам ёки қайғу етса ва:

«اللَّهُمَّ إِنِّي عَبْدُكَ ، ابْنُ عَبْدِكَ ، ابْنُ أَمَتِكَ ، نَاصِيَتِي بِيَدِكَ ، مَاضٍ فِيَّ حُكْمِكَ ، نَافِذٌ فِيَّ قَضَاؤُكَ ، أَسْأَلُكَ بِكُلِّ اسْمٍ سَمَّيْتَ بِهِ نَفْسَكَ ، أَوْ أَنْزَلْتَهُ فِي كِتَابِكَ ، أَوْ عَلِمْتَهُ أَحَدًا مِنْ خَلْقِكَ ، أَوِ اسْتَأْثَرْتَ بِهِ فِي عِلْمِ الْغَيْبِ عِنْدَكَ ، أَنْ تَجْعَلَ الْقُرْآنَ رَبِيعَ قَلْبِي ، وَنُورَ صَدْرِي ، وَجِلاءَ حُزْنِي ، وَذَهَابَ غَمِّي»

«Аллоҳим, мен Сенинг бандангман. Сенинг қулинг ва чўрингнинг ўғлисиман. Пешонам қўлингда, ҳукминг ва қазойинг устимдан жорий! Сендан Ўзингни номлаганинг ёки Китобингда нозил қилганинг ёхуд бандаларингдан биронтасига ўргатганинг ёда Ўз даргоҳинг – ғайб оламида Ўзинггина билганинг исмларингни восита қилиб Қуръонни қалбим баҳори, кўксимнинг нури, қайғу ва ғамларимнинг кушойиши қилишингни сўрайман!», деса Аллоҳ унинг ғаму қайғусини кетказади ва ўрнига кушойишни бадал қилади». Саҳобалар тарафидан: Ё Расулуллоҳ, бу дуони ўрганиб (ёдлаб) олайликми?,– деб савол берилганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, буни эшитган одам уни ўрганиб (ёдлаб) олиши керак!»– деб жавоб бердилар» (Имом Аҳмад 1/391, 452).

Дуо қилаётган одам Аллоҳ таолога Аллоҳ Ўзини ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳни номлаган гўзал исмлардан бирини восита қилсин. Ёки ўз матлабига муносиб энг гўзал исмни танласин. Масалан, «Ҳой Муғийс (Мададкор) ёрдам бер!. Ё Раҳмон, раҳм қил! Роббим, мени мағфират қилиб, менга шафқат қил! Дарҳақиқат, Сен тавбаларни қабул қилгувчи ва раҳмли Зотсан!», десин (Ҳофиз Ибн Касийр «Тафсирул Қуръонил Азийм» 2/268 ва ундан кейинги бетлар).    

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён