Category Archives: Ширк

Бу категорияда ширкка тааллуқли фатволар билан танишасиз.

«Ё Расулуллоҳ, мадад қилинг!»– деса бўладими?

«Ё Расулуллоҳ, мадад қилинг!»– деса бўладими?

Савол: Менга қуйидаги мавзуда фатво беришингизни сўрайман: Бир жамоат масжидда ҳалқа қилиб ўтиради. Улар Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тилга олишади ва зикрларида жўр бўлиб тавҳидга мухолиф бўлган: «Ё Расулуллоҳ, менинг қўлимдан ушланг!» каби жумлаларни истеъмол қилишади. Буни уларнинг барчаси такрорлайди. Уларнинг бошлиғи эса: «Эй, Аллоҳ мулкининг очқичи! Эй, Аллоҳнинг тажаллийси бўлган Каъба! Эй, Аллоҳнинг кўтарилиши учун яратилган Арш! Эй, Аллоҳга осилиш учун яратилган Курсий! Ё Расулуллоҳ, бизларни беҳожат қилинг! Эй Аллоҳнинг ҳабиби, сиз қасд қилинган зотсиз! Сиз …сиз, ё Расулуллоҳ!» ва бошқа ширк билан суғорилган жумлаларни истеъмол қилади. (Шундай қилиш тўғрими?). 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 5034):

Аввало, зикрларни тасаввуф йўлида кўрсатилганидек жамоат билан жўр бўлиб қилиш, бидъатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ҳақда: «Ким бизнинг ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у иш (қилган одамнинг ўзига) қайтарилгандир», деганлари ривоят қилинган (Имом Бухорий 3/167; Имом Муслим (Нававий шарҳи) 12/16; Абу Довуд 5/12; Имом Аҳмад 6/270; Ибн Можа 1/7).

Иккинчидан, мусибатларни кўтариши ва қайғулар кушойиши учун Аллоҳдан бошқа махлуқотларга дуо қилиш ёки улардан мадад сўраш, қилиш керак бўлмаган катта ширк бўлиб, Аллоҳ сақласин, Ислом миллатидан чиқаради. Аллоҳ таоло айтди:

﴿وَلَا تَدْعُ مِنْ دُونِ اللَّهِ مَا لَا يَنْفَعُكَ وَلَا يَضُرُّكَ فَإِنْ فَعَلْتَ فَإِنَّكَ إِذًا مِنَ الظَّالِمِينَ • وَإِنْ يَمْسَسْكَ اللَّهُ بِضُرٍّ فَلَا كَاشِفَ لَهُ إِلَّا هُوَ وَإِنْ يُرِدْكَ بِخَيْرٍ فَلَا رَادَّ لِفَضْلِهِ يُصِيبُ بِهِ مَنْ يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ وَهُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ﴾

«… ва Аллоҳни қўйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Бас, агар шундай «қилсангиз, у ҳолда албатта золимлардандирсиз! Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшилик (етказишни) ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олгувчи йўқдир. У Ўзи хоҳлаган бандаларига яхшилик етказур. У мағриратли, меҳрибондир» (Юнус: 106, 107);

﴿وَأَنَّ الْمَسَاجِدَ لِلَّهِ فَلَا تَدْعُوا مَعَ اللَّهِ أَحَدًا﴾

«Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18);

﴿وَمَنْ يَدْعُ مَعَ اللَّهِ إِلَهًا آخَرَ لَا بُرْهَانَ لَهُ بِهِ فَإِنَّمَا حِسَابُهُ عِنْدَ رَبِّهِ إِنَّهُ لَا يُفْلِحُ الْكَافِرُونَ﴾

«Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилса, бас унинг ҳисоб-китоби Парвардигорининг ҳузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар» (Мўъминун: 117).

Бундан бошқа, ибодатларни Аллоҳ таолонинг Ўзигагина йўналтиришни фарз қилган оятлар ҳам талайгина.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар тиласангиз Аллоҳдан тиланг! Ёрдам сўрасангиз Аллоҳдан сўранг!» (Имом Аҳмад 1/293, 303, 307; Термизий 4/667);

«Дуо – ибодатдир» (Имом Аҳмад 4/267, 271, 279; Абу Довуд 2/161; Термизий 5/374; Ибн Можа 2/1258).

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Кичик ширкни қилиш Исломдан чиқарадими?

Кичик ширкни қилиш Исломдан чиқарадими?

8 – Савол: Кичик ширкни қилиш бандани Ислом динидан чиқарадими?

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради:

Кичик ширк бандани Ислом динидан чиқармайди. Балки, иймонни камайтириб, тавҳиднинг зарурий камолотига зарар беради. Агар биров (Қуръонни) риёкорлик учун ўқиса, садақани биров кўриши учун берса ёки шунга ўхшаш бошқа риёкорликни қилса, бу унинг иймонининг камайиши, заифлашиши ва гуноҳ, демакдир. Шундай бўлсада, бу амал катта куфр ҳисобланмайди.

 

Манбаъ: «Турли фатволар ва мақолалар девони», 1 жузъ.

Қабрларни тавоф қилган одам мушрикми?

Қабрларни тавоф қилган одам  мушрикми?

2 – Савол: Айрим Ислом ўлкаларидаги одамлар (ҳукмини) билмагани учун қабрларни тавоф қилишади. Уларнинг ҳукми нима бўлади? Уларга нисбатан «мушрик» сўзини истеъмол қилиш мумкинми?

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради:

Бутлардан тилак ва мадад сўраган одамнинг ҳукми, Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин, очиқ равшан бўлиб, у иш катта куфр ҳисобланади. Фақатгина, қабрларни Аллоҳ таолога яқин бўлиш мақсадида, худди Каъбани тавоф қилинганидек мозорларни ҳам тавоф қилса бўлаверишини тушуниб тавоф қилган одам кофир эмас, бидъатчи ҳисобланади. Чунки, қабрларни тавоф қилиш худди унинг олдида намоз ўқиш каби бидъатдир ва буларнинг барчаси куфрга олиб борадиган воситадир. Бироқ қабрларни тавоф қилаётган одамларнинг кўпи, қабрда ётган одамга яқин бўлишни тасаввур қилишади. Бинобарин, улар қабрдаги маййитга яқин бўлиш учун жонлиқ ва назр атайдилар. Бу ишлар катта ширк ҳисобланиб, уни қилаётган инсон вафот этса кофир бўлиб ўлади ва уни на ювилади, унга на жаноза намози ўқилади ва на мусулмонлар қабристонига дафн этилади. Унинг иши Қиёмат кунида Аллоҳга ҳавола қилинади. У исломий даъват етиб келмаган одамлардан бўлса, унинг ҳукми икки пайғамбарлик ўртасида – фатрат замонида яшаган одам ҳукмида бўлади. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг волидаларига жорий бўлган ҳукм жорий қилинади. Чунки у, пайғамбарлик замонасига қадар етиб келмаган ва ўз қавмининг динида яшаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам онаси учун истиғфор айтишни Аллоҳ таолодан сўради, бироқ, Аллоҳ таоло рухсат бермади. Чунки у, жоҳилият динида яшаб ўтган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг отаси ҳам шундай яшаб ўтган эди. Саҳобалардан бири ўз отаси ҳақида савол берганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг отам ҳам, сенинг отанг ҳам жаҳаннамдадир!»– деб жавоб берган эдилар (Имом Муслим 302; Абу Довуд 4095; Имом Аҳмад 11747, 13332). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг отасининг ҳукми ҳам, қавмининг динида яшаб ўтгани учун кофирлар ҳукмидадир. Бироқ бу дунёда даъват етиб келмаган ва ҳақиқатни билмай вафот этган барча одамлар, илм аҳлларининг қувватли қавлларига кўра, Қиёмат кунида имтиҳон қилинади. Агар имтиҳондан ўтсалар жаннатга, ўта олмасалар жаҳаннамга кирадилар. Аллоҳ таоло қуйидаги оятида баён қилганидек, пайғамбарлик замонига етиб келмаган одамларнинг барчасига шу имтиҳон жорий қилинади:

﴿وَمَا كُنَّا مُعَذِّبِينَ حَتَّى نَبْعَثَ رَسُولًا﴾

«Биз пайғамбарни юбормай туриб азобламаймиз» (Исро: 15).

Аммо Қуръон ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғоми етиб борган ва уларга ижобат қилмаган одамнинг зарарига, Аллоҳ таоло айтганидек, ҳужжат барпо бўлади:

﴿وَأُوحِيَ إِلَيَّ هَذَا الْقُرْآنُ لِأُنْذِرَكُمْ بِهِ وَمَنْ بَلَغَ﴾

«Сизларни ва Қуръон етиб борган кишиларни (охират азобидан) огоҳлантиришим учун менга — мана шу Қуръон ваҳий қилинди» (Анъом: 19). Яъни, Қуръон етиб келган одам – огоҳлантирилган ҳисобланади.

Аллоҳ таоло айтди:

﴿هَذَا بَلاغٌ لِلنَّاسِ وَلِيُنْذَرُوا بِهِ﴾

«Бу (Қуръон) одамлар огоҳлантирилишлари учун (Аллоҳ тарафидан нозил қилинган) бир баёнот — хабардир» (Иброҳим: 52). Кимга Қуръон ва Ислом етиб келган ва у Ислом динига кирмаган бўлса, унга кофирлар ҳукми жорий қилинади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу саҳиҳ ҳадис ривоят қилинган: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мени бу уммат ичидаги яҳудий ёки насроний эшитиб, сўнгра мен билан юборилган нарса (ваҳий)га иймон келтирмай вафот этса, жаҳаннам аҳлидан бўлади». Бу ҳадисни Имом Муслим ўз «Саҳиҳ»ида ривоят қилди (218). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  бу ҳадислари билан ўз пайғамбарликларини эшитиш ҳужжат эканини баён қилди.

Хуллас, Ислом ўлкаларида куфрни ошкора қилган одамнинг ҳукми кофирлар ҳукмидир. Агар даъват етиб келмаган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигини эшитмаган бўлса, Қиёмат кунида жаҳаннам азобидан қутилиши ёки қутилмаслиги Аллоҳга ҳаволадир. Чунки уни Қиёмат куни имтиҳон қилинади ва Асвад ибн Сарийъ разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисга кўра унга жаҳаннамнинг бир парчаси юборилади ва: Унинг ичига кир!, дейилади. Агар унинг ичига кирса у одам учун салқин ва омонлик бўлади. Агар кирмаса, олов унга чирмашиб, жаҳаннамга кириб кетади. Аллоҳ таолодан омонлик сўраймиз!

Ҳосили калом шуки, дунёнинг чор атрофида яшаган ёки пайғамбарлик замонига етишмаган ёки пайғамбарлик етиб келган бўлсада ақлсиз мажнун ёки кексайиб эсар бўлган кимсаларнинг барчаси мушрикларнинг фарзандларига ўхшайдилар. Чунки мушрикларнинг балоғат ёшига етмай болалик чоғида вафот этган фарзандларининг иши Аллоҳ таолога ҳаволадир. Зеро Аллоҳ таоло (улар вояга етишса) нима қилишларини жуда яхши билади. Бу ҳақда савол берилганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур жавобни берган эдилар. Аллоҳ таолонинг илми уларни Қиёмат кунида синовга қўйганида очиқ намоён бўлади. Синовдан ўтганлар жаннатга, ўта олмаганлар эса жаҳаннамга кирадилар. Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ.                

 

Манбаъ: «Турли фатволар ва мақолалар девони», 1 жузъ.

Алий разияллоҳу анҳу мадад қила оладими?

Алий разияллоҳу анҳу мадад қила оладими?

Савол: Алий разияллоҳу анҳу мусибат пайтида бирон кишига мадад қила оладими?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 17275):

Алий разияллоҳу анҳу ўзига уюштирилган қотиллик режаларини била олмади ва ўзини ҳимоя қилишга ҳам кучи етмади. Шундай экан тириклик пайтида ўзини ҳимоя қила олмаган одам, ўлганидан кейин бошқаларни қандай ҳимоя қила олиши мумкин? «Ўлиб кетган Алий разияллоҳу анҳу ёки бошқа бирон инсон ўзгалардан мусибатларни даф қила олади ёки кушойиш қила олади ёхуд мадад бера олади», деб эътиқод қилган одам – мушрикдир. Чунки буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг иши бўлиб, уларни Аллоҳдан бошқасига эътиқод ва мадад ўлароқ нисбатлаган кимса ўша кимсани ўзига илоҳ қилиб олган бўлади. Аллоҳ таоло айтди:

﴿وَإِنْ يَمْسَسْكَ اللَّهُ بِضُرٍّ فَلَا كَاشِفَ لَهُ إِلَّا هُوَ وَإِنْ يُرِدْكَ بِخَيْرٍ فَلَا رَادَّ لِفَضْلِهِ يُصِيبُ بِهِ مَنْ يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ وَهُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Макка мушрикларига) айтинг: «Осмонлар ва Ердаги нарсаларни (яъни, ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси бор эканлигига далолат қилувчи белгиларни) кузатинглар. (Чунки) иймон келтирмайдиган қавм учун (ҳеч қандай) оят-мўъжизалар ва қўрқитувлар фойда бермас» (Юнус: 107).

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Отам авлиёдан мадад сўрайди …

Отам авлиёдан мадад сўрайди …

Савол: Отам намоз ўқиши, рўза тутиши ва закот беришига қарамай, ўлиб кетган шайхга эътиқод қўйган. Бундай одамларни биз тарафларда «авлиё» деб атайдилар. Отам ўша авлиёни восита қилиб, дуоларида уни Аллоҳга шерик қилади. Масалан: «Ё раббим ва хожам Абдуссалом!»– дейди. Исломда бунинг ҳукми нима?     

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 6009 – 6):

Намоз ўқийдиган, рўза тутадиган ва закот берадиган одам тарафидан бўлсада, ўлиб кетган ва олисдаги пайғамбарлар, авлиёлар ёки бошқа инсонларнинг ўзларигагина ёхуд Аллоҳ билан бирга дуо қилиш – катта ширкдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:

﴿وَلَا تَدْعُ مِنْ دُونِ اللَّهِ مَا لَا يَنْفَعُكَ وَلَا يَضُرُّكَ فَإِنْ فَعَلْتَ فَإِنَّكَ إِذًا مِنَ الظَّالِمِينَ﴾

«Аллоҳни қўйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Бас, агар шундай «қилсангиз, у ҳолда албатта золимлардандирсиз!» (Юнус: 106);

﴿ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ لَهُ الْمُلْكُ وَالَّذِينَ تَدْعُونَ مِنْ دُونِهِ مَا يَمْلِكُونَ مِنْ قِطْمِيرٍ • إِنْ تَدْعُوهُمْ لَا يَسْمَعُوا دُعَاءَكُمْ وَلَوْ سَمِعُوا مَا اسْتَجَابُوا لَكُمْ وَيَوْمَ الْقِيَامَةِ يَكْفُرُونَ • بِشِرْكِكُمْ وَلَا يُنَبِّئُكَ مِثْلُ خَبِيرٍ﴾

«Ана шу Аллоҳ сизларнинг Парвардигорингиздирки, (барча оламларга) подшоҳлик ёлғиз Уникидир. (Эй мушриклар), сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар. Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсалар-да, сизларга жавоб қила олмаслар ва қиёмат кунида уларни (Аллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, дунё-ю, охират ҳақида ҳеч ким) сизга хабардор зот (яъни Аллоҳ) каби хабар бера олмас» (Фотир: 13, 14).

Бу маънодаги оятлар талайгинадир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён