Category Archives: Рубубийят тавҳиди

 Бу категорияда рубубийят тавҳидига оид фатволар билан танишасиз.

«Мен Ер юзида халифа яратаман» ояти

«Мен Ер юзида халифа яратаман» ояти

Савол: Аллоҳ таоло:

{ وَإِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلَائِكَةِ إِنِّي جَاعِلٌ فِي الْأَرْضِ خَلِيفَةً قَالُوا أَتَجْعَلُ فِيهَا مَنْ يُفْسِدُ فِيهَا وَيَسْفِكُ الدِّمَاءَ وَنَحْنُ نُسَبِّحُ بِحَمْدِكَ وَنُقَدِّسُ لَكَ قَالَ إِنِّي أَعْلَمُ مَا لَا تَعْلَمُونَ }

«Эсланг, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Парвардигорингиз фаришталарга: «Мен Ерда (Одамни) халифа қилмоқчиман», деганида улар айтдилар: «У Ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми? Ҳолбуки, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сенинг номингни мудом пок тутамиз». (Аллоҳ) айтди: «Мен сизлар билмаган нарсаларни биламан»» (Бақара: 30) деган. Бу оятнинг маъноси Аллоҳ таолонинг Одам алайҳиссаломдан илгари инсон яратганини ифодалайдими? Агар яратмаганини ифодаласа, фаришталар инсоннинг Ер юзида бузғунчилик қилиб, қонлар тўкишини қаердан билди? Аллоҳ таолонинг Ер юзида халифа – ўринбосар қилишинанг маъноси нима? Бу халифа кимдан ўринбосар бўлади?  

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради (фатво № 14):

Оят карима Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни ўзидан илгари яшаб ўтган осий ва бузғунчи махлуқларга халифа – ўринбосар қилиб яратганига далолат қилмоқда. «Ер юзида бузғунчилик» қилганларини тилга олишлари, фаришталарнинг у махлуқларнинг қилган бузғунчилик ва бошқа қабоҳатларига гувоҳ бўлганини кўрсатмоқда. Аллоҳ таоло эса уларга улар билмаган нарсаларни билишини, бу халифа Аллоҳнинг дини ва шариати билан ҳукм қилишини, Аллоҳнинг тавҳиди, Аллоҳга бўлган ихлос ва иймонга чорлашини, шунингдек, Одам алайҳиссаломнинг кейинги зурриётлари ичидан анбиё ва расул, солиҳ ва холис инсонлар етишиб чиқиб, Ер юзида Аллоҳгагина сиғиниш, Аллоҳнинг шариатини жорий қилиш, Аллоҳ буюрган нарсаларга буюриб, таъқиқлаган нарсалардан таъқиқлаш каби ибодатлар содир бўлишини айтди. Ҳақиқатан, набий ва расуллар, солиҳ уламою ихлосли обидлар етишиб чиқди. Аллоҳ айтган ишлар амалга ошди. Фаришталар шундан сўнгра бу муаззам яхшиликни тушуниб етдилар. Айтишларича, Одам алайҳисаломдан илгари яшаб ўтган махлуқлар (ҳозирги билганимиз) жинлар ва жинларнинг бошқа бир кучсиз тоифаси – ҳинлар эмиш.

Хуллас, Одам алайҳиссаломдан илгари Ер юзида Аллоҳгина биладиган ва бизда тавсиф ва ишлари ҳақида аниқ маълумот бўлмаган махлуқотлар яшаб ўтган. Аллоҳнинг Одам алайҳиссаломни халифа қилишидан мақсад эса, Ер юзида ундан илгари ҳам махлуқ яшаб ўтгани, Одам алайҳиссалом ҳақиқатни рўёбга чиқариш, Аллоҳнинг шариатини жорий қилиш, Аллоҳга яқин қилиб, Аллоҳ рози бўладиган ишларни амалга ошириб, бузғунчиликни таъқиқлаб унга халифа – ўринбосар бўлиши, холос.

Бинобарин, ундан кейин келган зурриётлари: пайғамбарлар, расуллар, солиҳлар ва эзгу ишларга қўл урганлар ҳаққа чорлаб, ҳақиқатни ойдинлаштирдилар. Аллоҳнинг динига йўллаб, Ер юзини Аллоҳга итоат қилиш, Аллоҳни яктолаш, Аллоҳнинг шарити билан ҳукм қилиш ва шариатга қарши бўлган одамларга қарши чиқиш билан обод қилдилар.   

 

          Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Инсоннинг яралиши

Инсоннинг яралиши

Савол: Биз: «Ҳомилага тўртинчи ойидан кейин жон ато этилади» деган жумладан: «Жонли эркак уруғининг онанинг (тухумдонидан ажралган) тухум билан бирлашиши оқибатида ҳомила пайдо бўлади. Шу уруғ ва тухумнинг эса руҳи (жони) йўқ»– деб тушунишимиз керакми ёки йўқми? 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 2612 – 6):

Эркакнинг уруғи (сперми) ва онанинг тухумлари, Аллоҳ офатлардан сақласа, бир-бири билан Аллоҳнинг изни ва тақдири билан бирлашадиган кунгача, ўзларининг яшашига муносиб бўлган жонли бўладилар. Икковлари бирлашса ва Аллоҳ хоҳласа, ҳомила пайдо бўлади. Бундан ташқари, ривожланиши ва маълум босқичларни босиб ўтишига муносиб жонли бўлади. Ҳомилага жон ато этилгач, Латиф ва Хабардор Аллоҳнинг изни билан унда янги ҳаёт бошланади.

Инсон, гарчи моҳир табиб бўлса ҳам, ҳомиладорлик сирлари, сабаблари ва босқичларини ҳеч қачон тўкис била олмайди. Балки у, ўзига берилган тадқиқот, билим ва тажрибалар воситасида ҳомиладорликнинг айрим кўринишлари – симптомлари ва ҳолатларини била олади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

﴿اللَّهُ يَعْلَمُ مَا تَحْمِلُ كُلُّ أُنْثَى وَمَا تَغِيضُ الْأَرْحَامُ وَمَا تَزْدَادُ وَكُلُّ شَيْءٍ عِنْدَهُ بِمِقْدَارٍ • عَالِمُ الْغَيْبِ وَالشَّهَادَةِ الْكَبِيرُ الْمُتَعَالِ﴾

«Фақат Аллоҳгина ҳар бир аёлнинг кўтариб юрган ҳомиласини (ўғилми-қизми, расоми-норасоми, чиройлими-хунукми эканини) ҳам, бачадонлар (муддатидан илгари) ташлайдиган болани ҳам, (тўққиз ойдан) ортиқроқ туриб қоладиган болани ҳам билади. У зот даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир. У ғайбу шаҳодатни (яъни махфий ва ошкора барча нарсани) билгувчи буюк ва юксак зотдир» (Раъд: 8, 9);

﴿إِنَّ اللَّهَ عِنْدَهُ عِلْمُ السَّاعَةِ وَيُنَزِّلُ الْغَيْثَ وَيَعْلَمُ مَا فِي الْأَرْحَامِ﴾

«Дарҳақиқат, ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина (қиёмат) соати (қачон бўлиши тўғрисидаги) билим бордир. У (Ўзи хохлаган вақтда), Ўзи хохлаган жойга ёмғир ёғдирар ва (оналарнинг) бачадонларидаги ҳомилаларини (ўғилми-қизми, расоми-нуқсонлими, бахтлими-бахтсизми эканини) билар» (Луқмон: 34).    

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:             Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:      Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Инсон маймундан тарқалганми?

Инсон маймундан тарқалганми?

Савол: «Инсон маймундан тарқалган» деган гап бор. Шу тўғрими? Бунга далиллар борми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 5167 – 5):

Бу гап нотўғридир. Бунинг далили шуки, Аллоҳ таоло Қуръон Каримда Одам (алайҳиссалом)нинг ярялиш босқичларини айтиб, шундай деган:

﴿إِنَّ مَثَلَ عِيسَى عِنْدَ اللَّهِ كَمَثَلِ آدَمَ خَلَقَهُ مِنْ تُرَابٍ﴾

«Дарҳақиқат, Ийсонинг Аллоҳ ҳузуридаги мисоли Одамникига ўхшайди. Аллоҳ Одамни тупроқдан яратди» (Оли Имрон: 59).

Сўнгра бу тупроққа сув қориштирилди ва у қўлларга ёпишадиган лойга айланди. Аллоҳ таоло айтди:

﴿وَلَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنْسَانَ مِنْ سُلَالَةٍ مِنْ طِينٍ﴾

«(Қасамки), Биз инсонни (яъни Одам алайҳис-саломни) лойнинг мағзидан яратдик».

И з о ҳ . «Лойнинг мағзи»дан мурод — лой-ер жинсидаги барча моддалардир. Дарвоқеъ, замонавий тиббиёт ҳам инсон вужудида ер жинсининг барча моддалари мавжуд эканини исботлайди (Мўъминун: 12);

﴿إِنَّا خَلَقْنَاهُمْ مِنْ طِينٍ لَازِبٍ﴾

«Зотан Биз (инсонларнинг асли-аввали бўлмиш Одам алайҳис-саломни) ёпишқоқ бир лойдан яратгандирмиз» (Соффаат: 11).

Сўнгра у лой қора ботқоққа айланди. Аллоҳ таоло айтди:

﴿وَلَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنْسَانَ مِنْ صَلْصَالٍ مِنْ حَمَإٍ مَسْنُونٍ﴾

«Маълумки, Биз инсонни — (Одамнинг асли) қора ботқоқдан бўлиб (одам) сурати берилгач, қуритилган лойдан яратганмиз» (Ҳижр: 26);

﴿خَلَقَ الْإِنْسَانَ مِنْ صَلْصَالٍ كَالْفَخَّارِ﴾

«У зот инсонни (яъни Одам алайҳис-саломни) сопол каби қуриган қора лойдан яратди» (Раҳмон: 14).

Сўнгра Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Одам алайҳис-саломни Ўзи хоҳлаган суратда яратиб, унга руҳини пуфлади. Аллоҳ таоло айтди:

﴿وَإِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلَائِكَةِ إِنِّي خَالِقٌ بَشَرًا مِنْ صَلْصَالٍ مِنْ حَمَإٍ مَسْنُونٍ • فَإِذَا سَوَّيْتُهُ وَنَفَخْتُ فِيهِ مِنْ رُوحِي فَقَعُوا لَهُ سَاجِدِينَ﴾

«Роббингиз фаришталарга: «Албатта, Мен (асли) қора ботқоқдан бўлиб (одам сурати берилгач) қуритилган лойдан Инсон яратгувчиман. Бас, қачон уни тиклаб, ичига Ўз (даргоҳимдаги) жондан киритганимда, сизлар унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз!» — деганида …» (Ҳижр: 28, 29).

Булар Одам алайҳис-саломнинг яратилиши ҳақида Қуръон Каримда ўтган босқичлардир. Одам алайҳис-саломнинг зурриётининг яралиши ҳақида ўтган босқичлар ҳақида эса Аллоҳ таоло шундай дейди:

﴿وَلَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنْسَانَ مِنْ سُلَالَةٍ مِنْ طِينٍ • ثُمَّ جَعَلْنَاهُ نُطْفَةً فِي قَرَارٍ مَكِينٍ • ثُمَّ خَلَقْنَا النُّطْفَةَ عَلَقَةً فَخَلَقْنَا الْعَلَقَةَ مُضْغَةً فَخَلَقْنَا الْمُضْغَةَ عِظَامًا فَكَسَوْنَا الْعِظَامَ لَحْمًا ثُمَّ أَنْشَأْنَاهُ خَلْقًا آخَرَ فَتَبَارَكَ اللَّهُ أَحْسَنُ الْخَالِقِينَ﴾

«(Қасамки), Биз инсонни (яъни Одам алайҳис-саломни) лойнинг мағзидан яратдик. Сўнгра уни (яъни барча инсонларни) аввало мустаҳкам қароргоҳдаги (яъни бачадондаги) нутфа-маний қилдик. Сўнгра бу нутфадан лахта қонни яратиб, лахта қондан парча гўштни яратиб, парча гўштдан суякларни яратиб, бу суякларга гўшт қопладик, сўнгра (унга жон киргизиб, аввал бошдаги бир томчи сув — нутфадан бутунлай) бошқа бир жонзот ҳолида пайдо қилдик. Бас энг гўзал яратгувчи (яъни йўқдан бор қилгувчи бўлмиш) Аллоҳ баракотли — буюкдир» (Мўъминун: 12 –14).

Одам алайҳис-саломнинг рафиқаси Ҳаввога келсак, Аллоҳ таоло уни Одам алайҳис-саломнинг ўзидан яратганини баён қилиб шундай деди:

﴿يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالا كَثِيرًا وَنِسَاءً﴾

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз!» (Нисо: 1).

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

«Ҳаво табиийдир» деса бўладими?

 

«Ҳаво табиийдир» деса бўладими?

Савол: «Ҳаво табиийдир» деса бўладими ёки йўқми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 9552 – 2):

Агар бу иборани айтишдан мақсад ҳавонинг мўътадил эканини ифодалаш бўлса, зарари йўқ.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                 Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:      Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:                Абдуллоҳ ибн Ғудайён

 

 

Мусулмонлар Аллоҳнинг Ер юзидаги халифасими?

 

Мусулмонлар Аллоҳнинг Ер юзидаги халифасими?

Савол: Баъзи китобларда: «Ҳой мусулмонлар, сизларгина Аллоҳнинг Ер юзидаги халифасисизлар!»– деган жумлани кўрдим. Бундай дейишнинг ҳукми нима?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 20141):

Бундай ибора маъно нуқтаи назаридан нотўғридир. Чунки, Аллоҳ таоло барча нарсанинг Холиқи, Эгаси бўлиб, У, махлуқлари ва мулкидан бехабар эмаски, Ўзига Ер юзида ўринбосар қилса. Балки, Аллоҳ таоло айрим одамларни, айрим одамлар учун ўринбосар – халифа қилади. Бир шахс ёки жамоат ёхуд халқ – уммат вафот этса, Аллоҳ таоло бошқа шахс, жамоат ёки умматни Ерни обод қилишлари учун халифа қилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

﴿وَهُوَ الَّذِي جَعَلَكُمْ خَلَائِفَ الْأَرْضِ وَرَفَعَ بَعْضَكُمْ فَوْقَ بَعْضٍ دَرَجَاتٍ لِيَبْلُوَكُمْ فِي مَا آَتَاكُمْ﴾

«У сизларни Ерда халифалар қилиб қўйган ва Ўзи ато этган неъматлар билан сизларни имтиҳон қилиш учун айримларингизни айримларингиздан юқорироқ даражаларга кўтариб қўйган зотдир» (Анъом: 165);

﴿قَالُوا أُوذِينَا مِنْ قَبْلِ أَنْ تَأْتِيَنَا وَمِنْ بَعْدِ مَا جِئْتَنَا قَالَ عَسَى رَبُّكُمْ أَنْ يُهْلِكَ عَدُوَّكُمْ وَيَسْتَخْلِفَكُمْ فِي الْأَرْضِ فَيَنْظُرَ كَيْفَ تَعْمَلُونَ﴾

«Улар айтдилар: «Сен бизга (пайғамбар бўлиб) келишингдан илгари ҳам (яъни ўшанда ҳам Фиръавн ўғилларимизни ўлдириб, аёлларимизни тирик қолдириб, зулм қилган эди), сен келганингдан кейин ҳам озор кўрдик». У (Мусо) деди: «Шояд Роббингиз душманларингизни ҳалок этиб, сизларни бу Ерга халифа қилса ва қандай амаллар қилишингизни кўрса»» (Аъроф: 129);

﴿وَإِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلَائِكَةِ إِنِّي جَاعِلٌ فِي الْأَرْضِ خَلِيفَةً﴾

«Роббингиз фаришталарга: «Мен Ерда (Одамни) халифа қилмоқчиман», деганида …» (Бақара: 30).

Яъни, ўзларидан аввал яшаб ўтган махлуқотларга ўринбосар – халифа бўладиган бир махлуқ ҳақида гап кетмоқда.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:               Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:        Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён