Category Archives: Тиббий экспертиза

Бу категорияда Тиббий экспертиза ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Ўликдан намуна олиш

Ўликдан намуна олиш

Савол: Айрим ўлим ҳодисаларининг сабаби номаълум бўлади. Доктор унга сабаб бўлган омилни ўрганиши керак. Бунинг учун эса жасаддан катта игна воситасида намуна олинади. Саволим шундан иборат: Бундай қилишнинг шариат нуқтаи назардан ҳукми қандай? Ҳолбуки бу игнанинг учи оддий игналар каби кичик бўлгани боис, жасадда бирон ёриқ ёки кесишга сабаб бўлмайди.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 6619–1):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Агар ўлим сабабини аниқлаш учун зарурат ёки эҳтиёж бўлса ва унинг сабабини аниқлаш мазкур игнадан бошқа нарса билан бўлмаётган бўлса, зарурроқ манфаатни маййитга келадиган озордан кўра афзал кўриб, у игнани ишлатиш шаръан жоиз бўлади.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Бармоқ изларини олишингиз мумкин …

Бармоқ изларини олишингиз мумкин …

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамду санолар, энг охирги Пайғамбарга салавоту саломлар бўлсин. Сўнг …

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси Бош Муфтий жанобларига Риёз музофоти амирининг ноиби номидан 06/ 03/ 1411 ҳ.й.да 1/ 1/ 16368 сонли, Умумий Омонатлар бўлимидан Катта уламолар Ҳайъатига 10/ 03 / 1411 ҳ.й.да 1019 сони билан ҳавола этилган мактубини ҳамда мактубга илова қилинган Ички Ишлар вазирлиги Риёз Бўлими Саноатлаштириш ва Турар–Жой бўлими мудирининг 15/ 02/ 1411 ҳ.й. 598 ш 32 сонли мактубини ҳам кўриб чиқди. Мактубда айтилишича, мазкур қисм миршаблари Хараж ноҳиясига олиб борадиган йўл ёқасидаги дала ҳовлилардан бирида, шахси номаълум бўлган фуқаронинг жасадини кўрганлар. Шаръий тиббиёт унинг ўлганига анча вақт ўтганини аниқлаган. Ўлимнинг ҳақиқий сабабларини ўрганиш учун жарроҳлик амалиётларини қилиш тўғрисида амирликнинг қарори олинди. Чунки, тадқиқотлар давомида мурданинг қўл бармоқларининг изларини олиш билан, унинг ким эканини ҳам ўрганиш мумкин. Бироқ ўлимдан сўнгра узоқ вақт ўтгани боис, қўл бармоқларини олиш имкони бўлмади. Ички Ишлар Вазирлиги ходимларининг айтишича жaсаддан бармоқларни кесиб олиб, бир қанча муддат махсус суюқлик ичида муҳофаза қилинса, бармоқ излари олиниб, шахснинг кимлигини ўрганиш мумкин. Бу ҳақда фатво чиқаришингиз учун мавзуни Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитасига тақдим этмоқдамиз. Шояд берадиган фатволарингиз келгусидаги ишларимиз учун ҳам асос бўлиб қолса. Вассалом.      

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 13725):

Умумий манфаатлар учун уни кесиб олишнинг зарари йўқ.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:               Абдуллоҳ ибн Ғудайён