Category Archives: Иймон

Бу категорияда иймонга тааллуқли фатволар билан танишасиз.

Жаҳаннамдан қутилиш учун тавҳид калимасини қандай амалга ошириш керак?

Жаҳаннамдан қутилиш учун тавҳид калимасини қандай амалга ошириш керак?

Суҳандон: Тингловчимиз сўрамоқда: Мусулмон «Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадур расулуллоҳ» шаҳодатини ўзи учун жаҳаннамда мангу қолмасликни кафолатлайдиган даражада талаффуз, амал ва эътиқод нуқтаи назаридан қандай амалга ошириши керак?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

«Ла илаҳа иллаллоҳ» дея шаҳодат келтиришни рўёбга чиқариш, аввало, одамзотнинг унинг маъносини билиши ва кейин бу билиши тақозоси бўйча амал қилишидир. Унинг маъноси: Аллоҳдан бошқа барҳақ маъбуд йўқдир, демакдир. Унинг маъноси: Аллоҳдан бошқа мавжуд илоҳ йўқдир, дегани эмас. Балки: Аллоҳдан бошқа барҳақ илоҳ йўқдир, деганидир. Чунки яратилган махлуқотлар ичида ҳам Аллоҳдан бошқа сиғинилаётгналари ва «илоҳ» (тангри) деб аталаётганлари бор. Аллоҳ таоло айтди:

﴿ فَمَا أَغْنَتْ عَنْهُمْ آلِهَتُهُمُ الَّتِي يَدْعُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ مِنْ شَيْءٍ لَمَّا جَاءَ أَمْرُ رَبِّكَ

«бас, қачонки, Парвардигорингизнинг фармони (яъни азоби) келганида, Аллоҳни қўйиб, илтижо қиладиган бутлари уларни ҳеч нарсадан беҳожат қилмади» (Ҳуд: 101);

﴿ وَلَا تَجْعَلْ مَعَ اللَّهِ إِلَهًا آخَرَ

«Сиз Аллоҳ билан бирга яна бошқа бирон илоҳ бор деб, маломатланган ва (Аллоҳ раҳматидан) қувилган ҳолда жаҳаннамга ташланманг» (Исро: 39).

Мушриклар айтдилар:

﴿ أَجَعَلَ الْآلِهَةَ إِلَهًا وَاحِدًا

«(Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?!» (Сод: 5).

Бироқ бу илоҳлар ҳақиқат эмас, Аллоҳнинг қавлига кўра ботилдирлар:

﴿ ذَلِكَ بِأَنَّ اللَّهَ هُوَ الْحَقُّ وَأَنَّ مَا يَدْعُونَ مِنْ دُونِهِ هُوَ الْبَاطِلُ

«Бунга сабаб Аллоҳнинг Ўзигина ҳақиқий Илоҳ экани ва сизлар Уни қўйиб илтижо қилаётганлар эса ботилнинг ўзи эканидир» (Ҳаж: 62).

Модомики, Аллоҳдан бошқа барҳақ илоҳ йўқ экан, одамзот ибодатларнинг барчасини эътиқод, талаффуз ва амал нуқтаи назаридан Аллоҳ таоло учунгина қилиши шартдир. Модомики «Ла илаҳа иллаллоҳ» маъноси шу экан, уни тақозосига амал қилмай туриб рўёбга чиқариш мумкин эмас. Яъни, Аллоҳгагина ибодат қилади. Аллоҳдан бошқасига ибодат ва яқин бўлиш жиҳатидан бўйинсунмайди, ҳокисорлик қилмайди. Бунинг тақозосидан бири, Аллоҳга Аллоҳ шариат қилган услубда сиғинишдир. Чунки Аллоҳ таоло барҳақ илоҳдир ва Ундан бошқаси ботилдир. Шунга кўра Аллоҳ таолога Аллоҳ таоло пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳим ва салламлар воситасида шариат қилган ибодатлар билан сиғинилади.

Бундан ташқари, «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг тақозоларидан бири банданинг Исломга қатъий амал қилиши амалга ошиши учун, Аллоҳдан бошқа тангриларга кофир бўлишдир. Аллоҳ таоло айтди:

﴿ فَمَنْ يَكْفُرْ بِالطَّاغُوتِ وَيُؤْمِنْ بِاللَّهِ فَقَدِ اسْتَمْسَكَ بِالْعُرْوَةِ الْوُثْقَى

«Бас, ким шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди» (Бақара: 256);

﴿ وَلَقَدْ بَعَثْنَا فِي كُلِّ أُمَّةٍ رَسُولًا أَنِ اعْبُدُوا اللَّهَ وَاجْتَنِبُوا الطَّاغُوتَ

«Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғутдан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).

«Ла илаҳа иллаллоҳ» шаҳодатини рўйбга чиқариш учун тоғутлардан йироқ ткриш кера. Тоғут ─ Аллоҳдан бошқа сиғинилган ёки Аллоҳни қўйиб ҳукм учун мурожаат қилинган махлуқларнинг барчасидир.

 

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Тавҳид калимасининг шартлари ва вожиблари

Тавҳид калимасининг шартлари ва вожиблари

Суҳандон: Тингловчимиз мисрлик Саййид Аббос сўрамоқда: Ҳурматли шайх, тавҳид калимаси «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъноларини билмайдиган кексаларимиз ҳам мусулмон ҳисобланишадими? Тавҳид калимасининг шартлари ва вожиблари нима?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

«Ла илаҳа иллаллоҳ» деган одамлар унинг маъноси: «Аллоҳдан бошқа барҳақ маъбуд йўқ ва сиғинилаётган Аллоҳдан бошқа тангрилар ботил» эканини билишлари керак. Чунки, Аллоҳ таоло шундай деган:

﴿ ذَلِكَ بِأَنَّ اللَّهَ هُوَ الْحَقُّ وَأَنَّ مَا يَدْعُونَ مِنْ دُونِهِ الْبَاطِلُ وَأَنَّ اللَّهَ هُوَ الْعَلِيُّ الْكَبِيرُ ﴾

«Бунинг боиси Аллоҳнинг Ўзигина Ҳақ (илоҳ) экани, улар (яъни мушриклар Аллоҳни) қўйиб илтижо қилаётган бутлари эса ботил нарса экани ва Аллоҳнинг Ўзигина энг юксак ва буюк зот эканлигидир» (Луқмон: 30).

«Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг шартлари: одамзот уни кўнгли билан эмас, тили билан талаффуз қилиши ҳамда ушбу пурмаъно калима тақозо этган ибодатларни, жумладан, улар ичидаги энг муҳими бўлган намозни адо этиши керак. Чунки, намозни тарк қилган одам ─ кофирдир.

Ушбу «Ла илаҳа иллалоҳ» жумласи, маъноларини тушуниб талаффуз қилган одамдан Аллоҳнинг ибодатларини қилишни талаб этади. Чунки «Ла илаҳа иллаллоҳ» нинг маъноси «Аллоҳдан бошқа барҳақ илоҳ йўқ», демакдир. Бу эса Ҳақ бўлган Илоҳга буюрган тарзда: холис ва охирги пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиб ибодат қилишни тақозо этади.    

 

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Мулкка бўлган муҳаббат ўлчови

 

Мулкка бўлган муҳаббат ўлчови

 

Суҳандон: Тингловчимиз сўрамоқда: Айрим одамлар молу мулкни жуда қаттиқ севадилар. Бу муҳаббатнинг эътиқодларига таъсири борми?

 

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

 

Модомики, бирон фарз ёки мустаҳаб ишлардан чалғитмас экан, молу мулкка бўлган муҳаббатнинг эътиқод ва диёнатга таъсири йўқдир. Агар бирон фарздан чалғитадиган бўлса ундай муҳаббат ҳаром, мустаҳабдан чалғитадиган бўлса, мустаҳаб амални қилиш дунё ишини қилишдан кўра авлороқ бўлади.Одамзотнинг дунё билан шуғулланиши шариат андозаларига кўра бўлиши, зулм, рибо ва қаллобликка асосланмаган муомалаларда бўлиши шартдир. Одамлар билан «уники эмас» деган даъво ёки ўзи турган ҳолатни инкор этиш билан муомала қилмаслиги керак. Инсоннинг мулкка бўлган муҳаббати табиийдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

 

﴿وَالْعَادِيَاتِ ضَبْحًا فَالْمُورِيَاتِ قَدْحًا فَالْمُغِيرَاتِ صُبْحًا فَأَثَرْنَ بِهِ نَقْعًا فَوَسَطْنَ بِهِ جَمْعًا إِنَّ الْإِنْسَانَ لِرَبِّهِ لَكَنُودٌ وَإِنَّهُ عَلَى ذَلِكَ لَشَهِيدٌ وَإِنَّهُ لِحُبِّ الْخَيْرِ لَشَدِيدٌ ﴾

 

«(Аллоҳ йўлида) харсиллаб чопадиган, (чопган пайтида туёқларидан) чақмоқлар чақадиган, тонг пайтида (ёв устига) бостириб борадиган, бас, ўшанда чанг-тўзон кўтариб, шу (чанг-тўзон) билан (душман) жамоасининг ўртасига кириб келадиган (от)ларга қасамки. Шак-шубҳасиз (кофир) инсон Парвардигори (унга ато этган неъматлар)га кўрнамаклик қилгувчидир. Ва шак-шубҳасиз у бунга (ўзининг бу ношукурлигига) гувоҳдир. Ва шак-шубҳасиз у мол-дунё муҳаббатига жуда қаттиқ (берилгувчи)дир» (Одиёт: 1 ─ 8);

 

﴿ وَتُحِبُّونَ الْمَالَ حُبًّا جَمًّا

 

 «Яна мол-дунёни қаттиқ муҳаббат билан яхши кўрурсизлар!» (Фажр: 20).

 

Агар инсоннинг молга бўлган муҳаббати уни солиҳ амалларни қилиш учун ўстириш бўлса, жуда яхшидир. Чунки солиҳ инсоннинг фойдали моли бўлиши қандай яхши! Қанча одамлар борки Аллоҳ таоло уларни бой қилган ва бойликлари билан Аллоҳ йўлидаги жиҳодга, шаръий билимларни ёйишга, музтар инсонларга кўмакчи бўлиш ва шу каби хайрли ишларга катта ёрдамлар қилишган.  

 

 

 

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

 

Шаҳодат калимасини тилга олиш билан мусулмон бўладими?

 

Шаҳодат калимасини тилга олиш билан мусулмон бўладими?

 

Суҳандон: Риёзнинг Дийра музофотидан тингловчимиз Ғоним ал–Абд ал–Ғаффор сўрамоқда: Аксарият одамлар исломий ибодатларни қилмайдилар ва улардан ибодатларни қилиш талаб қилинса: Мен: ««Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг расули» эканига шаҳодат келтираман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уруш қилишларидан мақсад шу бўлган. Ким шаҳодат калималарини тилга олса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қони ва мулкини сақлаб қолган»─ дейдилар. Шунинг учун ҳам улар: Ислом, фақатгина, тавҳид калималарин такрорлашдан иборат, ─ дейдилар.

 

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

 

Савол берган одам айтган ушбу тушунча ўта катта хатодир. Чунки улар Ислом динини «Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадур расулуллоҳ» (Аллоҳдан бошқа барҳақ илоҳ ва Муҳаммад ─ Аллоҳнинг элчисидир), деб гувоҳлик беришдангина иборат деб ҳисобламоқдалар. Аслида эса у калима Ислом динига кириш учун калитдир. Ислом эса шариатда кўрсатилган бошқа ибодатларни қилиш билан бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундай қилсалар Мендан қонлари ва мулкларини ҳаққи билан сақлаб қоладилар»─ дедилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳу закотни бермаганларга қарши уруш эълон қилдилар. Умар разияллоҳу анҳу бу ҳақда мурожаат қилганида: Закот ─ молнинг ҳаққидир,─ деди. Закот Исломнинг зарурий ҳақларидан биридир. Намоз, ҳаж ва рўза ҳам шундай. Бироқ уларнинг айримларини тарк қилиш куфрдир. Масалан, намоз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг банда билан ширк ва куфр ўртасидаги фарқ ҳамда биз мўъминлар билан кофирлар ўртасидаги аҳд намоз ўқиш эканини айтиб ўтганлари собитдир. Айрим Ислом ҳақлари борки, уни тарк қилиш шаръий насслар тақозосига кўра куфр ҳисобланмайди.

 

Хуллас, Ислом, шаҳодат калималарини талаффуз қилиб қўйишнинг ўзи билангина бўлмайди. Уни талаффуз қилган одам зиммасидаги Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақларини адо этмай туриб қандай мусулмон бўлиши мумкин? Агар «Аллоҳдан бошқа барҳақ илоҳ йўқ» эканига шаҳодат келтирар экан, нега энди Аллоҳнинг ҳаққини адо этмайди ─ Аллоҳга ибодат қилмайди?! Агар «Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир» деб гувоҳлик берар экан, нега Унинг ҳаққини адо этиб, Унга эргашмайди? Демак, Аллоҳга ибодат қилиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш шарт. Зеро тил билан шаҳодат калималарини айтиб қўйишнинг ўзи етарли эмас. Мунофиқлар ҳам «Аллоҳдан бошқа барҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир» деб гувоҳлик беришар, лекин мўъминлардан ҳисобланмас эдилар.       

 

 

 

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

 

Ислом афзалми ёки иймонми?

 

Ислом афзалми ёки иймонми?

Суҳандон: Тингловчимиз сўрамоқда: Аъузу биллҳи минаш Шайтонир рожийм.

﴿قَالَتِ الْأَعْرَابُ آمَنَّا قُلْ لَمْ تُؤْمِنُوا وَلَكِنْ قُولُوا أَسْلَمْنَا ﴾

«Аъробийлар: «Иймон келтирдик», дедилар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Сизлар иймон келтирганларингиз йўқ, лекин сизлар «Бўйинсундик», денглар» ояти бор (Ҳужурот: 14). Айтинг–чи, буларнинг қайси бири афзал: Исломми ёки иймонми?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Иймон, Исломдан кўра афзалроқ. Шунинг учун Аллоҳ таоло:

﴿وَلَكِنْ قُولُوا أَسْلَمْنَا وَلَمَّا يَدْخُلِ الْإِيمَانُ ﴾

«… лекин сизлар «Бўйинсундик», денглар, (чунки ҳали-ҳануз) иймон дилларингизга кирган эмасдир»─ деди (Ҳужурот: 14). Яъни, иймон ҳануз қалбингизга кирмади, киришига оз қолди. Лекин «Ислом» сўзи истеъмол қилинса, унинг ичига иймон ҳам киради:

﴿وَرَضِيتُ لَكُمُ الْإِسْلَامَ دِينًا ﴾

«… ва сизларга Исломни дин деб рози бўлдим» (Моида: 3).

«Иймон» сўзининг ўзигина истеъмол қилиниб, масалан: мўъмин ва кофир, дейилса, бу ерда иймон Исломни ҳам ўз ичига олади. Агар ҳар иккиси бирга тилга олинса ─Ҳужурот сурасида бўлгани каби─ иймон қалбда, ислом эса узвларда бўлади. Ҳолбуки, иймон (Исломдан кўра) тўкисроқдир.

 

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.