Category Archives: Китоблар ҳақида

 Бу категорияда китоблар ҳақидаги уламолар фатволари билан танишасиз.

Саҳобаларни ёмон кўрсатадиган маъориф

 

Саҳобаларни ёмон кўрсатадиган маъориф

Суҳандон: Айрим Ислом давлатларида Ислом тарихи нотўғри услублар билан талқин қилинмоқда. Натижада, ўқувчиларнинг айрим саҳобаларга нисбатан нафратлари қўзғалмоқда. Биз сиздан буни бирон жангдан мисол келтириб тушунтириб беришингизни сўраймиз.  

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Савол берган одам тўғри айтаяпти. Чунки тарих, ўқитилаётган давлатларга қараб сохталаштирилмоқда ва бузилмоқда. Афсуски, тарихни ўрганиш, ўзининг хоҳлаган тарафига йўллаётган давлатнинг қўлида ва давлат чорлаётган ва интилаётган тарафларда шакллаётган ҳамда ёлғонга журъатли бўлган фикрларга тобеъ бўлиб қолмоқда. Шу боис кўплаб китобларда тарихнинг сохталаштирилиб бузилгани, ҳатто, ёлғон талқин қилинганини ҳам кўрамиз. Хусусан, бундай ёлғонлар ижтиҳод қилганлари сабабли узрли бўлишларига қарамай саҳобалар разияллоҳу анҳумлар ҳақида ёзилган. Ҳолбуки, улардан масъалани тўғри ҳал қилгани иккита, тўғри жавобни топа олмагани эса битта савоб оладилар. Чунки, ижтиҳоддаги хато кечирилгандир.

Шу боис, шахс қўшимчалар қўшилган ёки ҳақиқий тарих ёзилмаган сохта ва шубҳали китоблардан эҳтиёт бўлиши керак. Хусусан, бундай китоб саҳобаларни ҳаётлари ва жамиятларини қоралаш билан айблаётган бўлса. Чунки уларни қоралаш нафақат уларни, балки улар билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни, шариатни ва Аллоҳ таолони ҳам қоралаш, демакдир. Зеро саҳобаларни қоралаш шариатни қоралашга тенгдир. Чунки улар бизга шариатни етказишган ва шариатни етказиш воситаси бўлишган. Агар улар қораланган бўлишса, қўлимиздаги шариатга қандай ишончимиз бўлиши мумкин. Ахир у, улар тарафидан олиб келинмаган–ми?! Дўстни қоралаш у билан бирга бўлган нарсани ҳам қоралаш, демакдир. Агар саҳобаларни қораланса, Аллоҳ қораланган бўлади. «Аллоҳ таоло одамзотнинг энг фазилатлиси бўлган Пайғамбарига шундай айбу камчиликлари кўп ва ҳақоартланишга лойиқ бўлган асҳобларни танлаган!»─ деб қандай айтиш мумкин?! Демак, саҳобаларни қоралаш ─ Аллоҳни, Аллоҳнинг пайғамбарини ва шариатини қоралаш, демакдир. Хуллас, уларни қоралаш гуноҳи азиймдир. Тарих китобларининг айримлари саҳобаларни ошкора ёки ишора билан қоралаган бўлиши мумкин. Инсонни адаштирадиган бундай китоблардан мўъминнинг эҳтиёт бўлиши шартдир. Аллоҳ бизнинг мададкоримиз бўлсин!         

 

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Ҳадис китобларини ўқисак савоб бўладими?

Ҳадис китобларини ўқисак савоб бўладими?

Тингловчи: Қуръон Каримни ўқилганида савоб берилиши ҳақида далиллар бор. Айтингчи, ҳадис китобларини ўқилганида ҳам савоб бўладими? Аллоҳ устингиздан баракалар ёғдирсин, менга фатво берсангиз?

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради (фатво № 2):

Ҳа, илм ўрганиш учун савоб берилади. Илмни ўрганиш, Қуръон ва ҳадис билимларини олишга тиришиш учун ҳам катта савоблар бор. Аслида, билимни Қуръон ва суннатдан олинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларнинг яхшироғингиз Қуръонни ўрганиб, ўргатганингиздир»– деганлар (Имом Бухорий 4639; Термизий 2907; Абу Довуд 1452; Ибн Можа 211; Имом Аҳмад 1/69; Доримий 3338).

Қуръонни ўқиш ҳақида кўплаб ҳадислар келган бўлсада, шулардан бири: «Қуръонни ўқинглар! Чунки у, Қиёмат кунида эгалари (ўқиганлар) учун оқловчи (шафоатчи) бўлиб келади» ҳадисидир (Имом Муслим 804; Имом Аҳмад 5/255).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кунларнинг бирида: «Бировингиз Батҳон – Мадинадаги сойлардан бири – га бориб, ҳеч бир гуноҳсиз ва қариндошлик алоқаларини узмай иккита катта туя олиб келишни ёқтирадими?»– деб савол бердилар. Саҳобалар: Буни қайси биримиз ёқтирмаймиз?!,– деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бировингизнинг масжидга бориб, Аллоҳнинг Китобидан икки оят ўқиши унга шундай иккита катта туядан, уч оят ўқиши учта катта туядан, тўрт оят ўқиши тўртта катта туядан ва оятлар саноғи қанча бўлса шунча туядан кўра яхшироқдир»– дедилар ёки шу мазмунда гап айтдилар (Имом Муслим 803; Абу Довуд 1452; Имом Аҳмад 4/154). Бу, Қуръонни ўрганиш ва ўқишнинг фазилатига далолат қилади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса шундай дейилган: «Қуръондан бир ҳарфни ўрганган одамга битта савоб, ва у савоб ўн баравари билан берилади» (Термизий 2910).

Шунингдек, мўъмин суннатларни ўрганмоқчи бўлиб ҳадисларни ўқиса ва ўрганса, унга ҳам катта савоб берилади. Чунки бу, илм ўрганиш бобига киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда: «Аллоҳ, илм излаб йўлга тушган одамга жаннат сари йўлни осон қилиб қўяди»– деганлар (Имом Муслим 2699; Термизий 2646; Абу Довуд 4946; Ибн Можа 225; Имом Аҳмад 2/252; Доримий 344).

Мазкур далиллар билим олиш, ҳадисларни ёдлаш ва ҳадислар ҳақида ўзаро фикр алмашишнинг жаннатга кириш ва жаҳаннамдан қутилишнинг сабабчилари эканидан дарак бермоқда. Яна, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни хоҳласа, уни динда фақиҳ (билимдон) қилиб қўяди» ҳам деганлар (Имом Бухорий 71; Имом Муслим 1037; Ибн Можа 221; Имом Аҳмад 4/93; Имом Молик 1667; Доримий 226).

Динда фақиҳ бўлиш эса, Қуръон ўқиш ҳамда суннат орқали бўлади. Қуръон ва суннат илмида билимдон бўлиш эса, Аллоҳ таолонинг ўша инсонга яхшилик ирода қилганига далилдир. Алҳамдулиллаҳ, бунга далиллар жуда ҳам кўпдир.

 

         Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

«Қуръон Карим таржимаси» нега нашр қилинди?

«Қуръон Карим таржимаси» нега нашр қилинди?

Савол: («Қуръон Карим таржимаси»), Муҳаммад Асад(1)нинг Марокаш Қироллигида яшаган пайтида талайгина Ислом давлатларида нега нашр қилинди? Юқорида берган саволларимга жавобни Қуръон Карим ва суннатдан топа олмадим. Сизнинг менга берадиган фатвойингиз ушбу таржимани қайта нашр этилишига қаршилик кўрсатишим учун катта ҳужжат бўлади.    

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 2190-4):

Муҳаммад Асаднинг «Қуръон Карим таржимаси»да ғализ хатолар ва очиқ куфрлар мавжуд. Шунинг учун ҳам Робитатул Оламил Исломий ташкилотининг Маккаи Мукаррамадаги таъсис мажлиси, у китобнинг нашр қилиниши ва тарқатилиши ҳаром эканига қарор қилди.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:     Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:         Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён


(1) Муҳаммад Асад — асл исми шарифи Леопольд Вайс (1900 — 1991), Львовдаги яҳудий оилалардан бирида таваллуд топган. Бир неча марта Берлинга борган ва илмий фаолиятини шарқшуносликдан бошлаган. Шарқдаги динлар, хусусан, Ислом дини соҳасида олиб борган илмий тадқиқотлари ҳамда мусулмонларнинг ижтимоий ҳаётларига шоҳид бўлиб, ижобий самаралар олиши натижасида мусулмон бўлган ва бир неча илмий асарлар ташлаб кетган. Ҳаётининг охирги дамларида Испанияда яшаган (Мутаржим иловаси).

Ибн Ҳажар ва Нававий (раҳимаҳумаллоҳ)ларнинг китобларини ўқишдан огоҳлантираётган одам ҳақида

 

2008-11-08

Ибн Ҳажар ва Нававий (раҳимаҳумаллоҳ)ларнинг китобларини ўқишдан огоҳлантираётган одам ҳақида

Савол: Ибн Ҳажар ва Нававий (раҳимаҳумаллоҳ)ларнинг китобларини “таътил” бўлгани учун ўқишдан огоҳлантираётган, гоҳида эса уларни ёқиб юборишга ва уларни бидъатчилар деб тавсифлашга буюраётган одам ҳақида қандай фикр билдирасиз?  Аллоҳ сизни ўз паноҳида сақласин.

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Рожиҳий жавоб беради:

Ундай одамларда, Аллоҳ сақласин, ғулув бордир. Улар жуда катта хатога йўл қўймоқдалар. Ибн Ҳажарнинг «Фатҳул-Борий» китоби – муаззам китобдир. Ундан кейинги ҳар бир асрдаги олимлар бу китоб чашмасидан сипқориб, фойдаланмоқдалар. У – энг эътиборли китоблардан биридир. (Бу киотбдаги) эътиқод бобида йўлга қўйилган хатоларни тузатиш мумкин ва уламолар улардан огоҳлантирмоқдалар.

Ибн Ҳажар ва Нававий (раҳимаҳумаллоҳ)лар буюк уламолардан ҳисобланадилар ва бу хатоларга қасддан йўл қўймадилар. Аллоҳдан уларни мағфират қилишини сўраймиз. Улар ўша муҳитда ўсдилар ва баъзи сифатларни таъвил қилдилар. Бу дегани «Фатҳул-Брий» ўқилмасин, дегани эмас. У китоб – буюк китобдир.

Нававий (раҳимаҳуллоҳ) ҳам Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ига ёзган шарҳида сифатлар бобида айни йўлдан кетди. Бироқ, бу шарҳ ҳадис маънолари, ҳукмлар чиқариш ва фиқҳий аҳкомлар бобида буюк китобдир. Ўрнини тўлдириш ва огоҳлантириш мумкин бўлган кичик хатолар сабабли, қандай қилиб бу илмдан маҳрум қолиш керак?

Бу – ғализ хатодир. У китобларни ёқаётган ёки ўқимаслика чақираётган одамлар – ақлсиз ва жоҳил инсонлардир. Ҳамма ҳам хато қилиши мумкин ва Аллоҳнинг Китоби – Қуръон Каримдан бошқа барча китоб хатодан маъсум эмасдир. 

Замахшарийнинг «Кашшоф», Фахруддин Розийнинг «Мафаатиҳул- ғойб» каби хатолари кўп ва ғализ бўлган асарлар, илм излашни янги бошлаган талабаларнинг ўқишлари учун ўта хатарлидир ва улар бу китобларни ўқимасликлари керак. Чунки у китоблар сизни муаллифларнинг оқими – ҳулул, Аллоҳнинг борлигини инкор этиш ва сеҳр илмини ўрганишга чорлайди. Шунинг учун уларни етарлича билим савияси бўлган илм толибигина ўқиши мумкин.

Ибн Ҳажар (раҳимаҳуллоҳ)нинг «Фатҳул-Борий» китобига келсак, муаллиф бу китобни ёзиш учун ўн етти йилни сарф этган. «Фатҳул-Борий» – энг буюк ва энг фойдали китоблардан бири бўлиб, ҳар бир илм толибининг унга эҳтиёжи бор. Нававий (раҳимаҳуллоҳ)нинг Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ига ёзган шарҳи ҳам худди шундай.

Бу икки китобни ёқаётган ёки одамларни бу китобларни ўқимасликка чақираётган одам – ақлсиз жоҳилдир. Уни бу ишидан қайтиши учун огоҳлантириш ва таъзирини бериш керак. Унинг устидан бу жиноятдан тавба қилиши ёки таъзирини бериши учун (исломий) давлат идоралари ва (исломий) маҳкамаларга шикоят қилиш керак.