Category Archives: Аҳли суннат ва жамоат

 Бу категорияда Аҳли суннат ва жамоат ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Аҳли суннат қандай бўлади?

 

Аҳли суннат қандай бўлади?

Суҳандон: Аллоҳ тарафидан мададланган тоифа қайси тоифадир? Уларни қандай билиш мумкин?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Аллоҳ таоло тарафидан мададланган тоифа ─ Аҳли суннат ва жамоат бўлиб, улар «Нажот топган фирқа»дирлар. Бундан ташқари, улар эътиқод, қавл ва амал борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалари юрган йўлдан кетаётган мусулмонлардир. Улар эътиқодда:

Аллоҳ таолога, Аллоҳнинг фаришталари, китоблари, пайғамбарлари, Охират куни, тақдирнинг яхши ва ёмонига; Аллоҳ таоло барча нарсанинг Рабби ва Ҳожаси, Ҳақ (илоҳ) ва Ундан бошқа дуо ила чорланаётган Зотлар(нинг илоҳлиги) ботил эканига;

Аллоҳ таоло Ўзини Ўзи ва пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам номлаган исмларга ҳамда Аллоҳ таоло Ўзини Ўзи ва пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсифлаган сифатларга ўзгартишсиз, сифатлардан айирмай, шакл бермай ва тенгдош қилмай;

Аллоҳнинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, Охират кунига, тақдирнинг яхши ва ёмонига Қуръон Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида келганидек иймон келтирадилар ҳамда Аллоҳ таолога Аллоҳ шариат қилиб берганидек ибодат қилиб, Аллоҳнинг динида Аллоҳ шариат қилмаган бидъатларни ўйлаб топмайдилар.

Улар: Аллоҳнинг динига киритилган ҳар бир бидъат ─ залолатдир, дея эътиқод қиладилар.

Улар Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қиладилар. Чунки улар шунга буюрилганлар:

﴿وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ

«Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга … буюрилганлар» (Баййина: 5).

Улар Аллоҳ динида Аллоҳнинг динида, эътиқодда, қавлий ва феълий амалларда бўлмаган янгиликлар ─ бидъатларни ўйлаб топишмайди. Балки, улар Аллоҳга самимий ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган мусулмонлардир. Улар ─ Нажот топган фирқа ─ Аҳли суннат ва жамоатдир.  

 

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Ислом динида жамоатнинг аҳамияти қандай?

 

Ислом динида жамоатнинг аҳамияти қандай?

 

Суҳандон: Ислом динида жамоатнинг аҳамияти қандай? Мусулмоннинг бирон муайян жамоатга мансуб бўлиши шартми?

 

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

 

Ҳа, Ислом динидаги жамоат ─ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисларида тавсифлаган ва Аллоҳнинг шариати асосида бирлашган жамоатдир: «Умматимдан бир гуруҳ ҳақиқат узра ғолиб ─ устивор турадилар. Уларга уларни ёрдамсиз ташлаб қўйганлар ёки уларга хилоф иш қилганлар зарар бера олмайдилар. Улар Аллоҳнинг амри келгунича шундайлигича қоладилар».

 

Мана шугина одамзот мансуб бўлиши лозим бўлган жамоатдир. Аммо тўғри ёки нотўғри бўлишидан қатъий назар ўзининг фикрларини устун қилиш учун ҳаракат қиладиган ҳизб─партия шаклидаги жамоатларга аъзо бўлиш, жоиз эмас. Чунки аъзоликнинг ўзи, исломий жамоатдан айрилиш ҳамда ихтилофу тарқоқлик етакчи бўлган ҳизбий жамоатлар раҳбарлигининг кафолатидир. Ҳолбуки Аллоҳ таоло шундай деган:

 

﴿إِنَّ الَّذِينَ فَرَّقُوا دِينَهُمْ وَكَانُوا شِيَعًا لَسْتَ مِنْهُمْ فِي شَيْءٍ إِنَّمَا أَمْرُهُمْ إِلَى اللَّهِ

 

«Динларини бўлиб, ўзлари ҳам гуруҳларга бўлиниб олган кимсалар тўғрисидан бирон нарсада (масъул) эмассиз. Уларнинг ишлари фақат Аллоҳнинг ўзига ҳавола» (Анъом: 159);

 

﴿شَرَعَ لَكُمْ مِنَ الدِّينِ مَا وَصَّى بِهِ نُوحًا وَالَّذِي أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ وَمَا وَصَّيْنَا بِهِ إِبْرَاهِيمَ وَمُوسَى وَعِيسَى أَنْ أَقِيمُوا الدِّينَ وَلَا تَتَفَرَّقُوا فِيه

 

«(Эй мўминлар, Аллоҳ) сизлар учун ҳам диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Ийсога буюрган нарсани — шариат — (қонун) қилди, — «Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!»

 

И з о ҳ. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло барча пайғамбарларга бир нарсани, яъни ёлғиз Аллоҳнинг динини барпо қилишни ва бу динда тўғри фирқаларга бўлиниб кетмасликни буюргани баён этилмоқда» (Шўро: 13);

 

﴿وَلَا تَكُونُوا كَالَّذِينَ تَفَرَّقُوا وَاخْتَلَفُوا مِنْ بَعْدِ مَا جَاءَهُمُ الْبَيِّنَاتُ وَأُولَئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ

 

«Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир» (Оли Имрон: 105).

 

Аллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга:

 

﴿إِنَّ الَّذِينَ فَرَّقُوا دِينَهُمْ وَكَانُوا شِيَعًا لَسْتَ مِنْهُمْ فِي شَيْءٍ

 

«Динларини бўлиб, ўзлари ҳам гуруҳларга бўлиниб олган кимсалар тўғрисидан бирон нарсада (масъул) эмассиз»─ деди (Анъом: 159).

 

Ислом ғалабасини мақсад қилган ва Исломга мансуб жамоатлар тарқоқ бўлмаслиги, билъакс, битта жамоат ─ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари юрган жамоат ичига эврилишлари керак. Ҳолбуки, бу жамоат ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги: «Бу уммат етмиш уч гуруҳга бўлинади. Улар ичидан биттасидан бошқа барчаси жаҳанамга киради» ҳадислари билан дарак бердилар ва саҳобалар: У битта жамоат кимлардир?,─ деб сўрашганида: «Мен ва асҳобларим юрган йўлда юрганлар»─ деб жавоб бердилар (Табароний «ал–Мўъжамул авсат» 7840).

 

Юқоридаги жамоатлар Умматни парчалаб, ўзаро адоватларни келтириб чиқармоқдилар. Оқибатда улардан бири бошқасига йироқ душман кўзи билан қарамоқда. Ҳолбуки, уларнинг барчаси Исломга мансуб ва Исломнинг ғалабасини хоҳлаган жамоатлардир. Бироқ, шунчалар тарқоқлик ва парчаланиш билан қандай ғалабага эришишлари мумкин?! Ҳолбуки, ҳар бир мусулмон Исломга мансуб ва Исломнинг зафарини хоҳлайди.

 

Мен Саудия Арабистони Қироллигидаги ушбу «Йўлдаги ёғду» дастури минбаридан туриб биродарларимга ҳақиқат узра жамланишлари, ўзаро ихтилофлардан воз кечишлари, ихтилофларига Аллоҳнинг Китоби ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари асосида барҳам беришларини тавсия этаман. Чунки, бунинг қурбони мусулмон ёшларнинг онги бўлмоқда. Улар шу жамоатларга қараб парчаланишаяпти: уларнинг бир жамоаси бу, бошқаси эса у жамоатга бўлиниб кетаяпти. Бир жамоат иккинчи жамоатни қоралаб, ҳақорат қилаяпти. Бу эса осорлари мусулмон ёшлар ҳаётида кўрина бошлаган исломий уйғонишга катта зарба бўлмоқда.

 

Хуллас, мен шу жамоатлар ўртасида ҳам ўзаро парчаланмасликни насиҳат қиламан. Чунки менинг кўришимдаги Ислом уммати ─ ихтилоф қилмайдиган ва ҳар бири ўзи танлаган исм билан намоён бўлиб, бошқа жамоатларга душман бўлмайдиган ягона–яхлит умматдир.        

 

 

 

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

 

«Умматим етмиш уч гуруҳга бўлинади …» ҳадиси саҳиҳми?

 

«Умматим етмиш уч гуруҳга бўлинади …» ҳадиси саҳиҳми?

 

Суҳандон: Ибн Касийр раҳимаҳуллоҳнинг тафсирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Умматим етмиш уч гуруҳга бўлинади. Улардан биттасидан бошқа барчаси жаҳаннамдадир» ҳадисини кўрдим. Айтингчи, у ─ саҳиҳ ҳадисми? Ўша адашган гуруҳлар ичидаги нажот топган гуруҳ кимлардир?

 

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

 

Мазкур ҳадис ривоят йўлларининг кўплиги ва уммат қабул этгани боис, саҳиҳдир. Чунки, уламолар уни қабул қилдилар ва ҳатто эътиқод ҳақидаги китобларга ёзиб қўйдилар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нажот топган гуруҳнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари юрган эътиқод, қавл ва амалларни лозим тутган жамоат эканини баён қилдилар. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабул қилган соғлом эътиқод, машруъ бўлган қавл ва феълларни лозим тутган кишилар ─ нажот топган гуруҳдирлар. Бу, бирон замон ёки маконга хос эмас, балки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳидоятини зоҳиран ва ботинан лозим тутган ҳар бир одам ушбу нажот топган жамоатдандир. У жамоат, бу дунёда бидъат ва динга хилоф ишлардан, Охиратда эса жаҳаннамдан нажот топгандир.   


 

 

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

 

Тавҳид аҳли ким?

 

Тавҳид аҳли ким?

Суҳандон: Амоний Абдулҳалим сўрамоқда: Бир китобда тавҳид аҳлининг жаҳаннамда мангу қолмаслиги ҳақида ёзилганини кўрдим. Айтинг–чи, тавҳид аҳли ким?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Тавҳид аҳли ─ Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилган одамлардир. Яъни, улар ибодатни ёлғиз Аллоҳ таолога, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб қиладилар. Ўшаларгина тавҳид аҳли ҳисобланадилар. Улар бир тоифадангина бўлмайдилар. Улар қайси шаҳар, қабила ёки миллатга мансуб бўлмасинлар, Аллоҳ таолога Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб ибодат қилишар экан, жаннат аҳли бўладилар.

 

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Фирқаи ножия кимлар?

Фирқаи ножия кимлар?

Савол: Жаҳаннамдан қутилган – фирқаи ножияларнинг сифатлари ҳақида айтиб берсангиз: Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ёки уламоларнинг қавлларида баён қилинган бўлса: Улар кимлар, уларнинг йўллари қандай ва улар қайси давлатда яшашади?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 6229 – 3):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Фирқаи ножия – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари юрган йўлдан юрган одамлардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг йўлларини Қуръону суннатга эргашиш ва Қуръону суннатга тааллуқли нарсаларни қилиш, дея изоҳладилар.

Фирқаи ножия, бир давлатнинг ўзидагина яшамайди.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.    

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён