Category Archives: Улуҳийят тавҳиди

 
 
Бу категорияда Аллоҳнинг илоҳлиги ва Унинг ўзигагина ибодат иқлиш шарт экани ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Хотин эридан Аллоҳга сиғинди

Хотин эридан Аллоҳга сиғинди

Савол: Бир хотиннинг эридан, эрининг хотинидан Аллоҳга сиғинишининг ҳукми нима?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 6799 – 2):

Паноҳ сўраган одамнинг Аллоҳдан Уни улуғлаб паноҳ сўраши лозим. Абу Довуд ва Насоий яхши санад билан Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ушбу ҳадисни нақл этдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Аллоҳ номи билан сўраса, беринглар! Ким Аллоҳ номи билан паноҳ сўраса, паноҳ беринглар! Ким сизларни даъват этса, ижобат қилинглар! Ким сизга яхшилик қилса, уни мукофотланглар! Агар мукофотни топа олмасангизлар у одамни рози қилгунингизча дуо қилинглар!»» (Абу Довуд 2/310; Насоий 5/82).

Буни, паноҳ сўраётган одам паноҳ сўраётган нарсасини беришни тақозо этмаса қилиш керак. Агар бериши керак бўлган қарз, эр ҳаққи, қасос ва бошқа нарсалар бўлса, унинг паноҳ сўраши вожиб бўлмайди. Балки, у ҳақларни адо этиши ёки ҳақ эгаси ҳаққидан воз кечиши керак бўлади. Бу, ҳақлар ҳақида келган умумий далилларга кўра шундайдир. 

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Мусибатларни Аллоҳдан бошқа ким кушойиш қила олади?

Мусибатларни Аллоҳдан бошқа ким кушойиш қила олади?

Савол: (Айтингчи), Аллоҳдан бошқа мусибат ва ғамларни кушойиш қила оладиган бирон кимса борми? Бу саволнинг тагида ўнта савол бор. Кўплаб оқимларда шу саволни кўрамиз: Қайғуларни кушойиш қиладиган Аллоҳдан бошқа бирон кимса борми?

Бу савол ҳақида гапирадилар, бироқ биз қониқарли жавоб берадиган одамни топа олмадик. Одамнинг ақлига турли фикрлар келиб, Аллоҳдан бошқа бирон кимса қандай қилиб мусибатларни кушойиш қила олади?, деган хаёл суради. Бу саволнинг ҳам турли кўринишлари бўлиб, уламоларимиздан бунга қониқарли жавоб беришларини умид қиламиз.

Агар мусибатларни кушойиш қиладиган Аллоҳдан бошқа бирон кимса бўлса, ўрталаридаги Аллоҳдан бошқа кимса билмайдиган узоқ масофалардан, ҳатто ҳаётда бўлган кишини қабрда эшитиб, ижобат қиладиган ким бор?

Фараз қилайликки, у, шунча узоқ масофадан эшита олади. Бунда бошқа савол пайдо бўлади: У, дунёнинг турли, масалан, немисча, инглизча ва бошқа тилларида қилинган дуоларни тушунадими?

Агар: Ҳа, у барча тилларда қилинган дуоларни тушуна олади– деб жавоб бергудек бўлсангиз, бошқа бир савол пайдо бўлади: Эҳтиёжманд миллионлаб одамлар бир пайтнинг ўзида ўз эҳтиёжларини турли тилларда талаб қилсалар, у кимса ўша оннинг ўзида уларнинг талаб ва истакларини эшитиши мумкинми? Ёки ҳар бирининг эҳтиёжини навбатма-навбат, бирин-кетин ҳал қилиш учун вақт айирадими? Одамлар ўз эҳтиёжларини сўрашаётган кимса ухлайдими ёки мудроқ ва уйқу унинг эҳтиёжи эмасми? Агар у ухлайдиган бўлса бизнинг унинг дам оладиган ва дам олмайдиган вақтлари ҳақида жадвалимиз бўлиши керак ёки у, ухлаётган пайтида ҳам эшитаверадими?

Ўз эҳтиёжларини гапира олмайдиган соқов одамлар бор бўлиб, ўз эҳтиёжларини қалблари билангина изҳор эта оладилар. Мазкур кимса уларнинг қалбларидаги истак ва ҳожатларига ижобат қила оладими?  

Одамзот бешикдан қабргача турли муаммоларга дуч келади. Агар Аллоҳ унинг эҳтиёжларини ҳал қилишга етакчилик қилаётган бўлса, ундан бошқасига мурожаат этишнинг ҳожати йўқ. Агар бу кўп мусибатлардан Аллоҳдан бошқаси қутқараётган бўлса, Аллоҳга мурожаат этишнинг нима фойдаси қолади?

Агар Аллоҳдан бошқаси барча муаммоларни ечишга қодир бўлса ва айрим масъалаларни Аллоҳ таоло ечади ва айримларининг ечими Аллоҳдан бошқасидадир, дейилса, эҳтиёжманд одамларни Аллоҳ учун бўлган эҳтиёждлари учун алоҳида, Аллоҳдан бошқаси учун алоҳида «эҳтиёж рўйхатлари» бўлиши керак. Токи Аллоҳдан бўлган эҳтиёжларини бошқасидан, бошқасидан бўлган эҳтиёжларини эса Аллоҳдан сўрамасинлар.

Одамлардан зарар ва мусибатларни кушойиш қилишга қодир бўлган кимса одамларга зарар ҳам келтира олиши керак. Ёки бу кимса зарар келтира олмай, фақатгина кушойиш қила оладими? Агар у фақатгина кушойиш қиладиган бўлса, зарарларни ким юбораяпти?

Хуллас, агар Аллоҳ таоло мусибат юбориши ва иккинчи кимса уни кушойиш қилишини, Аллоҳ таоло зара бериши ва бошқаси уни даф қилишини фараз қилсак ва ҳар иккиси ҳам ўз ишида давом этаверса, ким ғолиб бўлади?!

Агар банда яхшига ҳам, ёмонга ҳам дуо қилаверса, мағфиратни кимдан сўраши керак?        

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 7366):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Аллоҳ таолонинг ўзигина мудрамайди, ухламайди, оқил ёки оқил бўлмаган дуогўйларнинг дуоларини қаердан ва қайси тилда қилган бўлишларидан қатъий назар эшитади ва ўша онда ижобат қилади. Аллоҳгина ҳақиқий зарар ва фойда беради. Бошқалардан содир бўлаётган кўмаклар эса, Аллоҳ таоло берган имкониятлар сабаблики, улар бу кўмакларни Аллоҳнинг тавфиқи ҳамда жорий қилган сабаблари билан қиладилар. Масалан, табиб Аллоҳнинг тавфиқи билан касалликни аниқлаб, унга фойда қиладиган дориларни ёзади. Бироқ, ҳақиқий шифо Аллоҳдан келади. Деҳқон эса Аллоҳнинг тавфиқи билан ерни ҳайдаб, уруғ сочади, экинини суғоради. Меҳнатининг натижаси эса Аллоҳга ҳаволадир. Аллоҳ экинлар, дарахтлар, мевалар ва уруғларни ўстириш билан сабабларни вужудга келтиради. Шунинг учун ҳам:

1) Бу ерда, мусибатларни ҳақиқатан кушойиш қиладиган Аллоҳдан бошқа биронта кимса йўқдир. Лекин, юқорида айтиб ўтилганидек, Аллоҳ таоло мусибатларни кушойиш қилишда сабаб қилган табиб ва деҳқон бордир. Мусибатларнинг кушойиши махлуқотлар сабабли ва Аллоҳнинг тавфиқи билангина амалга ошади. Олислардан дуогўйларнинг дуо ва ёлборишларини эшитадиган Аллоҳдан бошқа кимса ва мурда йўқдир. Агар эшитса ҳам, жавоб бера олмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

﴿ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ لَهُ الْمُلْكُ وَالَّذِينَ تَدْعُونَ مِنْ دُونِهِ مَا يَمْلِكُونَ مِنْ قِطْمِيرٍ • إِنْ تَدْعُوهُمْ لَا يَسْمَعُوا دُعَاءَكُمْ وَلَوْ سَمِعُوا مَا اسْتَجَابُوا لَكُمْ وَيَوْمَ الْقِيَامَةِ يَكْفُرُونَ بِشِرْكِكُمْ وَلَا يُنَبِّئُكَ مِثْلُ خَبِيرٍ﴾

«Ана шу Аллоҳ сизларнинг Парвардигорингиздирки, (барча оламларга) подшоҳлик ёлғиз Уникидир. (Эй мушриклар), сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар. Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсалар-да, сизларга жавоб қила олмаслар ва қиёмат кунида уларни (Аллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, дунё-ю, охират ҳақида ҳеч ким) сизга хабардор зот (яъни Аллоҳ) каби хабар бера олмас» (Фотир: 13, 14).

2) Барча махлуқотлар тилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Биронта махлуқ сўралаётган эҳтиёжларнинг барчасини билмайди ва эҳтиёжларига жавоб бериш учун уларни тушуна олмайди.

3) Аллоҳдан бошқа бирон кимса дунёдаги барча тилларни билади деб фараз қилсак, аслида бундай бўлиши мумкин эмас, у кимса бир оннинг ўзида турли масофалардан қилинаётган сонсиз ва турфа тилакларни эшитиши ва бир пайтнинг ўзида у эҳтиёжларни бера олиши мумкин эмас.

4) Одамзот ва бошқа махлуқларнинг сўраганларнинг тилакларини бир пайтда эшитиб, ўша пайтда уларни беришга кучи етмайди. Чунки махлуқ унутади, заифлик қилади ва ҳатто ухлаб қолиши мумкин. Эҳтиёж, тилак ва дуолар тўхтамай келаверади. Буларни рўёбга чиқаришга ухламайдиган, мудрамайдиган Қайюм ва Тирик зотгина қодир бўла олади.

5) Бандаларнинг қалбидаги матлаб ва эҳтиёжларни Аллоҳдан бошқа бирон кимса била олмайди. Шундай экан, тиллари билан талаб қилинмаган эҳтиёжларни ким ҳам қондира олдаи?! 

6, 7, 8, 9, 10) Юқоридги жавоблардан маълум бўлмоқдаки, зарарни ҳақиқатда Аллоҳ таологина кушойиш қилади, яхшиликларни ҳақиқатда Аллоҳгина беради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:

﴿وَلَا تَدْعُ مِنْ دُونِ اللَّهِ مَا لَا يَنْفَعُكَ وَلَا يَضُرُّكَ فَإِنْ فَعَلْتَ فَإِنَّكَ إِذًا مِنَ الظَّالِمِينَ • وَإِنْ يَمْسَسْكَ اللَّهُ بِضُرٍّ فَلَا كَاشِفَ لَهُ إِلَّا هُوَ وَإِنْ يُرِدْكَ بِخَيْرٍ فَلَا رَادَّ لِفَضْلِهِ يُصِيبُ بِهِ مَنْ يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ وَهُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ﴾

«Аллоҳни қўйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Бас, агар шундай «қилсангиз, у ҳолда албатта золимлардандирсиз! Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшилик (етказишни) ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олгувчи йўқдир. У Ўзи хоҳлаган бандаларига яхшилик етказур. У мағриратли, меҳрибондир» (Юнус: 106, 107).       

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Аллоҳ барча нарсанинг Холиқидир ва барча нарса махлуқдир

Аллоҳ барча нарсанинг Холиқидир ва барча нарса махлуқдир

Савол: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамду санолар, сўнгги Пайғамбарга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Менга баъзи биродарларим айрим дўстлари тарафидан ўртага ташланган қуйидаги шубҳани ёзишибди ва менга шу саволларига жавоб беришимни сўрашибди: Мен Аллоҳ таолонинг Ер ва осмонлар, арш, курсий ва бошқа нарсаларнинг Холиқи эканини жуда яхши биламан. Бироқ Аллоҳ қаердан келган?

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради:
        Сизнинг биринчи гапингиз изоҳсиз тушунарли ва тўғридир. Иккинчи: Аллоҳ қаердан келган?,– деган гапингизни эса бирон мусулмон тилга олмайди. Сиз билимнинг уммони бўлган саҳобалар қониққан нарсалар билан қониқишингиз керак. Чунки улар бу ҳақда биронта савол бермадилар.  Бундан ташқари Аллоҳ таоло ҳам Ўзи ҳақида шундай деган:

﴿لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ وَهُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ﴾

«Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир» (Шўро: 11);

﴿هُوَ الْأَوَّلُ وَالْآخِرُ وَالظَّاهِرُ وَالْبَاطِنُ وَهُوَ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ

«Аввал ҳам, охир ҳам, зоҳир ҳам, ботин ҳам Унинг Ўзидир. У барча нарсани билгувчидир.

И з о ҳ. Ушбу ояти каримада ҳар бир мўмин Аллоҳ тао­лонинг бор ва бирлигига иймон келтириш билан бирга эътиқод килиши лозим бўлган тўрт илоҳий сифати баён этилди: Аллоҳ аввалдир, яъни У азалий зот бўлиб, Ундан аввал бирон замон ўтган эмас; Аллоҳ охирдир, яъни У абадий-мангу зот бўлиб, барча нарса йўқ бўлур, лекин Унинг интиҳоси йўқдир; Аллоҳ зоҳирдир, яъни коинотдаги ҳар бир нарса Унинг борлигига очиқ-зоҳир далолат қилиб туради; Аллоҳ ботин-махфийдир, яъни Унинг зотини кўз билан идрок этиб бўлмас ва Унинг моҳият-ҳақиқатига ақл билан етиб бўлмас» (Ҳадид: 3).

Аллоҳ сизни ва бошқа барча мусулмонларни динида фақиҳ бўлиш ва унда устивор туришга муваффақ айласин, билингки, инсон ва жин шайтонлар аҳли Ислом ва бошқаларга ҳақиқатни тушунтириш ва одамларни нурдан зулматларга олиб чиқишда, кофирни эса ботил ақидасидан айирмаслик борасида иккилантириш учун тинимсиз шубҳаларни олиб келаверадилар. Буларнинг барчаси, Аллоҳнинг илми ва тақдири ҳамда бу дунёни  ҳидоятни излаган одам бошқалардан, ростгўй ёлғончидан, мўъмин мунофиқдан айрилгунича синов, ҳақ билан ботил ўртасидаги кураш доирасида бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

﴿الم • أَحَسِبَ النَّاسُ أَنْ يُتْرَكُوا أَنْ يَقُولُوا آمَنَّا وَهُمْ لا يُفْتَنُونَ • وَلَقَدْ فَتَنَّا الَّذِينَ مِنْ قَبْلِهِمْ فَلَيَعْلَمَنَّ اللَّهُ الَّذِينَ صَدَقُوا وَلَيَعْلَمَنَّ الْكَاذِبِينَ﴾

«Алиф, Лом, Мим. Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик» деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур» (Анкабут: 1 – 3);

﴿ وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ حَتَّى نَعْلَمَ الْمُجَاهِدِينَ مِنْكُمْ وَالصَّابِرِينَ وَنَبْلُوَ أَخْبَارَكُمْ

«Ал­батта Биз, то сизларнинг орангиздаги (Бизнинг йўлимизда молу жонлари билан) жиҳод қилгувчи ва (яхши-ёмон кунларда) сабр қилгувчи зотларни билгунимизча ҳамда сизларнинг ҳоли-хабарларингизни текшириб — юзага чиқаргунимизча, сизларни имтиҳон қилурмиз» (Муҳаммад: 31);

﴿ وَإِنَّ الشَّيَاطِينَ لَيُوحُونَ إِلَى أَوْلِيَائِهِمْ لِيُجَادِلُوكُمْ وَإِنْ أَطَعْتُمُوهُمْ إِنَّكُمْ لَمُشْرِكُونَ

«Албатта, шайтонлар ўз дўстларини (яъни мушрикларни) сизлар билан жанжаллашишлари учун васвасага солурлар. Агар уларга бўйинсунсангизлар, ҳеч шак-шубҳасиз мушриклардан бўлиб қолурсизлар» (Анъом: 121);

﴿وَكَذَلِكَ جَعَلْنَا لِكُلِّ نَبِيٍّ عَدُوًّا شَيَاطِينَ الْإِنْسِ وَالْجِنِّ يُوحِي بَعْضُهُمْ إِلَى بَعْضٍ زُخْرُفَ الْقَوْلِ غُرُورًا وَلَوْ شَاءَ رَبُّكَ مَا فَعَلُوهُ فَذَرْهُمْ وَمَا يَفْتَرُونَ • وَلِتَصْغَى إِلَيْهِ أَفْئِدَةُ الَّذِينَ لا يُؤْمِنُونَ بِالْآخِرَةِ وَلِيَرْضَوْهُ وَلِيَقْتَرِفُوا مَا هُمْ مُقْتَرِفُونَ

«Шунингдек, ҳар бир пайғамбар учун инсу жин(дан бўлган) шайтонларни душман қилиб қўйдик. Улар бир-бирларини алдаш учун гўзал (ялтироқ) сўзлар билан васваса қиладилар. Агар Парвардигорингиз хоҳласа, ундай қилмаган бўлур эдилар. Бас, уларни туҳмат, бўҳтонлари билан бирга тарк қилинг! 113. Ундай сўзларга охиратга ишонмайдиган кимсаларнинг диллари мойил бўлиши учун ва ўша сўзларга рози бўлишиб, ўзлари қилмоқчи бўлган гуноҳларини қилишлари учун (у шайтонлар васваса қиладилар)» (Анъом: 112, 113).   

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло биринчи, иккинчи ва учинчи оятда иймонда садоқати борми ёки йўқми эканини синаш учун иймонни иддао қилган одамни турли фитналар билан имтиҳон қилишини очиқ баён қилди.

Аллоҳ таоло бу синовда илгари яшаб ўтган одамларнинг ҳам ростгўй ёки алдоқчи эканликларини айириш учун синаганидан ҳам хабар берди. Бу фитна – бойлик, камбағаллик, касаллик, соғлик, душман, инсон ва жин шайтонлар амалга оширадиган шак–шубҳалар ва бошқа фитналар бўлиши мумкин. Шу имтиҳонлардан сўнграгина иймонида ростгўй бўлган инсонлар билан ёлғончи инсонлар ўртасидаги фарқ кўринади. Аслида, буларни Аллоҳ таоло азалий илми билан аниқ билади. Чунки Аллоҳ таоло барча нарсани олдиндан жуда яхши билган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

﴿لِتَعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ وَأَنَّ اللَّهَ قَدْ أَحَاطَ بِكُلِّ شَيْءٍ عِلْمًا﴾

«Токи сизлар Аллоҳнинг барча нарсага қодир эканлигини ва Аллоҳ барча нарсани (Ўз) билими билан иҳота қилиб олганини билишларингиз учун (У зот сизларга юқорида зикр қилинган нарсалар ҳақида хабар берди)» (Талоқ: 12).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: «Аллоҳ таоло махлуқотлар тақдирини Ер ва осмонларни яратишдан эллик минг йил илгари – Арши сув устида бўлган пайтларда ёзиб қўйган»– дедилар (Имом Муслим 4797).

Лекин Аллоҳ таоло бандаларни ўзининг ўтмиш илми билан жазоламайди. Балки уларни қилган амалларини кўргани ва улар тарафидан воқеъларида содир бўлганидан сўнггина жазолаб, савоблар беради.

Тўртинчи, бешинчи ва олтинчи оятларда эса, шайтонларнинг ўз дўстларига турли шубҳалар ва таъсирчан сўзларни ҳақ эгалари билан баҳс қилишлари, иймон аҳлларига шубҳаларни туғдиришлари, ҳақиқатни ботил билан қориштириб, одамларни ҳақиқат ҳақида гумонлашувларига сабаб бўлишлари, охиратга иймон келтирмаганлар эса унга қулоқ солиб рози бўлишлари, жангга отланиб одамларни ҳақиқат ҳақида шубҳалантиришлари ва уларни ҳидоятдан тўсишлари учун хуфёна хабарлар берадилар. Лекин, Аллоҳ улардан ғофил эмасдир. Аллоҳ ўз раҳмати билан ўша шайтонлар ва уларнинг дўстларини уларнинг ботиллари ва шубҳаларини етук ва қатъий ҳужжатлар билан очиб ташлаш ва уларга ҳужжатни қоим қилиб, баҳоналарини чиппакка чиқарадиган одамлар билан расво қилди ҳамда барча нарсанинг баёни бўлган Китобини нозил қилди:

﴿وَنَزَّلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ تِبْيَانًا لِكُلِّ شَيْءٍ وَهُدًى وَرَحْمَةً وَبُشْرَى لِلْمُسْلِمِينَ﴾

«Сизни эса (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ана у (ўз умматингизга) гувоҳ қилиб келтирдик ва сизга — ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун хушхабар бўлган Китобни — Қуръонни нозил қилдик» (Наҳл: 89);

﴿وَلا يَأْتُونَكَ بِمَثَلٍ إِلا جِئْنَاكَ بِالْحَقِّ وَأَحْسَنَ تَفْسِيرًا

«Улар сизга (Қуръонни айблаш учун юқоридаги каби) бирон мисол-савол келтирсалар, албатта Биз сизга ҳақ (жавобни) ва энг гўзал шарҳни келтириб қўйдик» (Фурқон: 33).

Баъзи салаф олимлари: «Ушбу оят ботил аҳли Қиёмат кунигача олиб келадиган ҳужжатлар учун омдир»– дедилар.

Саҳиҳ ҳадисларда ҳам баъзи саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Ё Расулуллоҳ, бизнинг кўнглимиздан айтишга истиҳола қиладиган оғир нарсалар ўтади»– дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кўнглингиздан шундай нарса ўтаяптими?»– деб савол бердилар. Улар: «Ҳа»,– дейишгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу – соф иймондир!»– дедилар (Насоий 10500).

Айрим илм аҳллари буни изоҳлаб шундай деганлар: «Шайтон инсоннинг кўнглига гоҳида шундай шубҳа ва васвасаларни соладики, оғирлиги ва катталигидан инсон уни тилга олишга қўрқади. Ҳатто, унинг осмондан тушиши уларни талаффуз қилишдан кўра осонроқ туюлади. Банданинг бу васвасалардан нафрат этиши, уни талаффуз қилишни оғир кўриши ва унга қарши кураши – соф иймоннинг белгисидир. Чунки банданинг Аллоҳ таолога, унинг комил исм ва сифатларига, Аллоҳнинг тенги ва ўхшаши йўқлиги, Халлоқ – яратгувчи, Алийм – билгувчи, Ҳакийм – доно, Хабийр – бохабар эканига бўлган иймони, бандадан бу шубҳа ва васвасаларни инкор этишни, уларга қарши курашиш ва уларнинг ноҳақ эканига эътиқод қилишни тақозо этади».

Дўстингизнинг сизга айтган гапининг васваса эканида ҳеч шубҳа йўқдир. Сиз унга чиройли жавоб берибсиз ва ҳақ гапни айтибсиз. Аллоҳ сизга тавфиқ ва билимни зиёда қилсин!

Мен эса сизга, иншааллоҳ, бу жавобда шу ҳақда келган ва шубҳаларни очиб уларни бекор қилиб, ҳақиқатни намоён қиладиган ҳамда  бундай шубҳа пайтида мўмин айтиши ва суяниши керак бўлган айрим ҳадисларни ва уламоларнинг гапларини эслатиб ўтаманки, шояд сизга, сиз тилган ва шубҳага мубтало бўлган дўстингизга ҳам бу масъала очиқ равшан бўлар. Сўнгра эса, бу буюк мақомда туриб Аллоҳ илҳом берган нарсалар билан сўзимизни тугатаман. Дарҳақиқат, Аллоҳ тавфиқнинг эгаси ва тўғри йўлга йўлловчидир.

Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) «ас–Саҳиҳул Жомеъ» ҳадислар девонида Иблис ва лашкарларининг тавсифи ҳақида қуйидаги ҳадисни келтирган: «Бизга Яҳё ибн Букайр ҳадис айтди: Бизга Лайс (раҳимаҳуллоҳ) Уқайлдан, у Ибн Шиҳобдан ҳадис айтди: Менга Урва ибн Зубайр разияллоҳу анҳу хабар берди: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Шайтон бирингизнинг олдига келиб: Буни ким яратди? Уни ким яратди?,– деяверади ва охири: Роббингни ким яратди?,– дейди. Агар иш шу даражага етиб борса, у (банда) Аллоҳдан паноҳ сўрасин ва ундай хаёлларга бормасин!»» (Фатҳул Борий 6/336; Имом Бухорий 3034).

Сўнгра «Фатҳул Борий» китобининг учинчи мужжаллади 264– бетидаги «ал–Эътисом» мавзусида, Анас разияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадислари ривоят қилинган: «Одамлар бир-бирларига савол бераверадилар, бераверадилар ва охири: Аллоҳ барча нарсанинг холиқи экан, Аллоҳнинг ким яратган?,– дейдилар».

Имом Нававий Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ига ёзган шарҳининг иккинчи мужаллади 154– саҳифасида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ҳадисининг биринчи лафзини келтирган бўлса, Имом Муслим «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан бошқа бир лафз билан ҳам ривоят қилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамлар бир-бирларига савол бераверадилар, савол бераверадилар, ҳатто: Бу Аллоҳ барча нарсани яратибди, Аллоҳни ким яратди экан?,– дейдилар. Ким буни ҳис этса: Аллоҳга ва Расулига иймон келтирдим,– десин»».

Сўнгра, Имом Муслим (раҳимаҳуллоҳ) ҳадиснинг бошқа лафзларини ҳам нақл қилди ва Анас разияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадисини ривоят қилди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло: Умматингиз у нима, бу нима?,– деб сўрайверадилар ва охири: Бу Аллоҳ барча махлуқларни яратибди. Хўш, Аллоҳни ким яратган?! ,– дейдилар»».

Имом Муслим (раҳимаҳуллоҳ) Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Айрим саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига келиб: «Ё Расулуллоҳ, бизнинг кўнглимиздан айтишга истиҳола қиладиган оғир нарсалар ўтади»– дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кўнглингиздан шундай нарса ўтаяптими?»– деб савол бердилар. Улар: «Ҳа»,– дейишгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу – соф иймондир!»– дедилар».

Имом Муслим (раҳимаҳуллоҳ) Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан васваса ҳақида савол берилганида: «Бу – иймоннинг ўзгинасидир!»– деганларини нақл қилди.

Имом Нававий (раҳимаҳуллоҳ) Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ига ёзган шарҳида юқоридаги ҳадисларнинг матнини келтиргач шундай деди: «Ҳадисларнинг маънолари ва фиқҳи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Соф иймон» ва «иймонинг ўзгинаси»– деб айтган сўзининг маъноси: «Сизларнинг бу гапларни тилга олишни оғир кўришингиз – соф иймон сабабли, демакдир. Чунки, буни талаффуз қилишни оғир кўриш, ундан хавф қилиш, уни эътиқод қилиш у ёқда турсин талаффуз қилишнинг оғирлиги – иймони комил бўлган, иймонини ҳаётга татбиқ қилган ҳамда шак ва шубҳаси қолмаган одамдагина бўлиши мумкин. Билингки, икинчи ривоят гарчи унда оғир санаш зикр қилинмаган бўлсада, аслида мақсад удир. У, биринчи ривоятнинг мухтасаридир. Шунинг учун ҳам, имом Муслим (раҳимаҳуллоҳ) биринчи ривоятни муқаддам қўйди. Айтилишича, унинг маъноси: Шайтон адаштиришдан ноумид бўлган одамларгагина васваса қилади. Унинг ҳаётини, адаштиришдан ожиз бўлганидагина васваса билан оғулайди.

Кофирнинг олдига эса хоҳлаган тарафидан келаверади. Уни васваса қилиш билан чекланмай, хоҳлаганидек ўйинчоқ қилиб ўйнайди. Ҳадиснинг маъносига кўра васваса қилишнинг сабаби – соф иймон ёки аниқ иймоннинг аломатидир. Бу – Қози Иёз (раҳимаҳуллоҳ)нинг сўзидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким бундай нарсани топса (ҳис этса): Аллоҳга иймон келтирдим!,– десин» – бошқа бир ривоятда эса: «Аллоҳдан паноҳ тилаб, (ўй–хаёлдан) тўхтасин!» – ҳадисининг маъноси эса, бу хаёлдан воз кечиш, уни кетказиши учун Аллоҳ таолога илтижо қилиш, демакдир. Имом Мозирий (раҳимаҳуллоҳ): Ҳадиснинг сиртдан маъноси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни бу хаёллардан далил изламай ва бекор қилиш ҳақида ўйланмай воз кечиш ва уни рад этишга буюрдилар,– деди. Бу маънода айтилиши керак бўлган нарса шуки, хаёллар икки қисм бўлади: Ўрнашмаган ва шубҳалар олиб келмаган хаёлларни воз кечиб даф қилинади. Ҳадис шуни ифодаламоқда ва буларга «васваса» деб аталади. Гўё асоссиз ва кутилмаганда содир бўлган ишдан бирон далил изламай воз кечилади. Чунки, унинг қараладиган бирон асоси йўқ! Бироқ, шубҳалар сабабли ўрнашиб қолган хаёлларни эса, далиллар ва уларни бекор қилишга қараш билан даф қилинади. Валлоҳу аълам.

«Аллоҳдан паноҳ тилаб, (ўй–хаёлдан) тўхтасин!»– ҳадисининг маъноси эса: «Агар бандада бу васваса пайдо бўлса унинг шарридан сақлаши учун Аллоҳга илтижо қилсин ва у ҳақида фикр юритишдан воз кечсин ва билсинки, бу хаёл шайтоннинг васвасаларидан биридир. Шайтон фасодни ёйиш ва тўғри йўлдан оғдириш учун ҳаракат қилади. Шунинг учун шайтоннинг васвасасига қулоқ бермасин ва бошқа ишлар билан шуғулланиб унинг васвасасидан ўзини чалғитсин. Валлоҳу аълам» (Имом Нававий шарҳи, 156– бет).            

Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний (раҳимаҳуллоҳ) «Фатҳул Борий» китобида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг ҳадисига шарҳ ёзар экан жавобнинг аввалида ушбу сатрларни ёзган: ««Роббингни ким яратди?,– дейди. Агар иш шу даражага етиб борса, у (банда) Аллоҳдан паноҳ сўрасин ва ундай хаёлларга бормасин!» ҳадисининг маъноси: Банда бу хаёлларга берилиб кетмасин, балки уни даф қилиши учун Аллоҳга илтижо қилсин. Билсинки, шайтон унинг дини ва ақлини шу васвасалар билан бузмоқчидир. У васвасаларни даф қилиш учун бошқа ишлар билан ўзини чалғитсин, демакдир.

Хитобий (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Бу ҳадиснинг маъноси шуни кўрсатмоқдаки, агар шайтон шунга васваса қилса, банда Аллоҳга ундан сиғинсин. Шундагина шайтон унга қилаётган васвасасини тўхтатиб, бошқа тарафга кетади. Бу – бирон инсон дуч келган нарсанинг аксидир. Бундай пайтларда инсон ҳужжат ва далиллар билан ўз муаммосини ҳал қилиши мумкин. Бу билан васваса ўртасидаги фарқ шуки, одамдан савол ва жавоб талаффузи содир бўлиши ва у шу ҳолатига ўралашиб қолиши мумкин. Агар бирон йўлни ахтарса ва ҳужжатни топса, муаммоси узоққа бормай ҳал бўлади. Шайтон васвасасининг эса, ниҳояси йўқдир. Унга бирон ҳужжат келтирсангиз, бошқа тарафга оғиб кетаверади. Охири инсонни ҳайратга солади. Аллоҳга шайтон васвасасидан сиғинамиз!».

«Унинг: «Роббингни ким яратди?»– деб айтган гапи тутурақсиз бўлиб, гапнинг аввали охирини инкор этмоқда. Чунки, Холиқнинг махлуқ бўлиши маҳолдир. Агар савол берилса, у, саволлар силсиласини тақозо этади. Бу ҳам маҳолдир. Ақл шуни исботлаганки, пайдо бўлган нарса пайдо қилгувчига муҳтождир. Агар бирон нарса пайдо қилгувчига муҳтож экан, унинг ўзи пайдо қилингандир».

Хитобийнинг шайтон васвасаси билан инсон хитоби (саволи) ўртасидаги фарларқни ифодалаш учун келтирган мисолини тадқиқ қилиб кўриш керак. Чунки Имом Муслимнинг Ҳишом ибн Урванинг отасидан ривоят қилган ҳадисда: «Одамлар бир-бирларига савол бераверадилар, савол бераверадилар, ҳатто: Бу Аллоҳ барча нарсани яратибди, Аллоҳни ким яратди экан?,– дейдилар. Ким буни ҳис этса: Аллоҳга ва Расулига иймон келтирдим,– десин»,– дейилган. Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсон ва бошқа махлуқлар тарафидан келган саволларга берилмасдан, ундан воз кечишга тенг ҳукм бермоқда.

Имом Муслимнинг Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан келтирган ривоятида: «Мендан бу ҳақда икки киши сўради»– дейилган. Бу савол заиф бўлгани учун жавоб беришга ҳам лойиқ бўлмаган.  Ёки ундан тийилиш ҳукми Аллоҳнинг Зоти ва сифатлари ҳақидаги мавзуга киришишни таъқиқлаган буйруққа тенгдир. Мозирий айтди: «Хаёллар икки қисм бўлади: Уларнинг ҳануз ўрнашмаган ва шубҳани уйғотмаганини, ундан воз кечиш билан даф қилинади. Ҳадис шу ҳақда келган ва бу хаёлни «васваса» деб аталади. Аммо шубҳадан пайдо бўлган ва мияга ўрнашган хаёлни, изланиш ва ҳужжатлар билан даф қилинади».

Тийбий (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (васваса онида) паноҳ сўраш ва бошқа иш билан машғул бўлишга буюрдилар. У ҳақида фикр юритиш ёки ҳужжат излашга эмас. Чунки, Аллоҳ таолонинг вужудга келтирувчида беҳожатлигини билиш, баҳсга йўл очмайдиган даражада зарурийдир. Чунки бу ҳақда саволлар шодасини тизишга киришиш, бандани ҳайратдан бошқа нарсага олиб бормайди. Унинг ҳолатини тузатиш учун эса Аллоҳга илитижо қилиш ва Унга маҳкам боғланиш керак. Ҳадисда банданинг кераксиз ва эҳтиёжи бўлмаган нарсалар ҳақида серсавол бўлиши мазаммат эканига ҳамда бундай ҳодисаларнинг келажакда бўлиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар беришлари пайғамбарлик аломатларидан бири эканига ишорат бор» («Фатҳул Борий», 6/341).

Шайхулислом Ибн Таймийя (раҳимаҳуллоҳ) «Мувафақату саҳиҳил манқул ала сориҳил маъқул» (Нақл қилинган тўғри хабарларнинг ақлга мувофиқлиги) номли китобида «силсила» лафзидан мақсад таъсир этувчилардаги силсила эканини айтди. Яъни, бир янги нарсанинг қилувчиси, қилувчининг ҳам қилувчиси бўлиши керак. Бу эса мантиқан ва оқиллар қарори билан пуч нарса бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳдан паноҳ сўрашга, хаёл билан давом этишдан тўхташга ва: «Аллоҳга иймон келтирдим!»– деб айтишга буюрган силсиладир. Бинобарин, икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шайтон бирингизнинг олдига келиб: Буни ким яратди? Уни ким яратди?,– деяверади ва охири: Роббингни ким яратди?,– дейди. Агар иш шу даражага етиб борса, у (банда) Аллоҳдан паноҳ сўрасин ва ундай хаёлларга бормасин!»– дедилар» (Имом Бухорий 3034).

Бошқа ривоятда: «Одамлар бир-бирларига савол бераверадилар, савол бераверадилар, ҳатто: Бу Аллоҳ барча нарсани яратибди, Аллоҳни ким яратди экан?,– дейдилар».

Мен масжидда ўтирган эдим аъробийлар келиб: Ҳой Абу Ҳурайра, бу Аллоҳ махлуқотларни яратибди, Аллоҳни ким яратган?, деб савол бериб қолишса бўладими? Мен бир ҳовуч майда тошни олиб уларга қарата отдим ва: Кетинглар! Йўқолинглар! Менинг халилим тўғри айтган экан!»– дедим» (Имом Муслим 195). Ибн Таймийя (раҳимаҳуллоҳ)нинг каломи шу ерда тугади (1/211).

Ҳой савол берган одам сизга ва сизда шубҳалар уйғотган дўстингизга биз тилга олган ва шубҳаларни йўқ қилиб, уни бутунлай қуритиб ташлайдиган ва ботил эканини исботлаб берган оят, ҳадис ва илм аҳлларнинш гаплари тушунарли бўлган бўлса ажаб эмас. Чунки Аллоҳ таолонинг ўхшаши, тенги, тенгдоши йўқдир. Унинг зоти, исмлари, сифатлари ва иш–ҳаракатларида ўхшаши йўқдир.У – барча нарсанинг холиқидир ва ундан бошқа барча нарса махлуқдир. Ҳолбуки Унинг ўзи муқаддас Қуръонида ва омонатдор Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тилида Аллоҳ ҳақида қандай эътиқод қилишимиз, Аллоҳни қандай танишимиз, Аллоҳнинг исмлари, сифатлари ва кўриниб турган осмон, ер, тоғлар, денгизлар, дарёлар ва бошқа махлуқотларини, жумладан, инсоннинг ўзи каби мўъжизаларидан хабар берди. Буларнинг барчаси – Аллоҳнинг Ўзининг қудрати, азамати, тўкис илми ва ҳикматига далолат қиладиган мўъжизаларидир. Аллоҳ таоло айтди:

﴿إِنَّ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَاخْتِلافِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ لَآيَاتٍ لِأُولِي الْأَلْبَابِ﴾

«Осмонлар ва Ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб тургувчи зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар борлиги шубҳасиздир» (Оли Имрон: 190);

﴿وَفِي الْأَرْضِ آيَاتٌ لِلْمُوقِنِينَ • وَفِي أَنْفُسِكُمْ أَفَلا تُبْصِرُونَ﴾

«(Эй инсонлар), Ерда (ундаги тоғу тошлар ва водий-дараларда, денгизлар ва дарёларда, ҳайвонот ва наботот оламида) ҳамда ўзларингизда (ушбу ҳаётга келиб-кетишингиздан тортиб, вужудларингиздаги ҳар бир аъзойингизда, балки ҳар бир ҳужайрангизнинг нақадар нозик тартиб-интизом билан яратилиб, ўз ўрнига жойлаштирилганида ва ўз зиммасидаги Яратган буюрган вазифани қулоқ қоқмасдан адо этиб боришида) ишонгувчи зотлар учун (Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган) оят-аломатлар бордир. Ахир кўрмайсизларми?!» (Зориёт: 20, 21).

Аллоҳнинг зоти, сифатлари ва уларнинг қандай экани Аллоҳ бизга билдирмаган ғайб ишлардандир. Бизнинг бу мавзуда иймон келтиришимиз, таслим бўлишимиз ва у мавзуга кирмаслигимиз фарздир. Зеро саҳобаи киром ва уларга яхшилик билан издош бўлганлар каби салаф солиҳларимиз бу мавзуга кирмадилар ва улар ҳақида савол ҳам бермадилар. Балки Аллоҳга, Аллоҳ Ўзи ҳақида Қуръони ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тилида билдирган хабарларга:

﴿لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ وَهُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ﴾

«Аллоҳга бирон нарса ўхшамас ва У – эшитгувчи ва кўриб тургувчи Зот» (Шўро: 11) эканига ишониб, иймон келтирдилар.

Хуллас, бундай васвасани ҳис этган ёки қалбига унинг бир қисми ташланган одам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқоридаги ҳадисларида эслатиб ўтилганидек, уни талаффуз қилишни оғир кўриши, ундан юрагининг тубидан нафратланиши ва: «Аллоҳга ва Расулига иймон келтирдим!»– деб шайтоннинг найрангларидан Аллоҳга сиғиниши, у хаёлларга берилмаслиги керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни талаффуз қилишни оғир гуноҳ деб ҳисоблаш кераклигини ва инкор этиш эса иймон софлиги эканини айтиб ўтдилар. Бундай одам бу мавзуда савол берадиган одамлардан узоқ туриши керак. Чунки улар билан бирга қолиши каттароқ ёмонликлар ва туганмас шубҳаларга олиб бориши мумкин. Бундай васвасалардан қутилишнинг энг яхши йўли ва давоси эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган нарсаларга бўйинсуниш, уни маҳкам ушлаш, унга таяниш ва бу мавзуларга кирмасликдир. Мана шу Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига мувофиқдир:

﴿وَإِمَّا يَنْزَغَنَّكَ مِنَ الشَّيْطَانِ نَزْغٌ فَاسْتَعِذْ بِاللَّهِ إِنَّهُ هُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ﴾

«Агар сизни шайтон томонидан бирон васваса йўлдан оздириб (мазкур хислат эгаси бўлишдан қайтармоқчи бўлса) у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг. Зеро У эшитгувчи, билгувчи зотдир.

И з о ҳ. Мазкур оятларда Аллоҳ таоло ҳар бир мўмин мусулмон учун зарур бўлган гўзал фазилатларни баён қилди. Қуйидаги оятларда энди Ўзининг қудрат ва етук ҳикматига далолат қиладиган оят-аломатларни келтириб, ёлғиз Ўзигина маъбудликка лойиқ зот эканлигини уқтиради» (Фуссилат: 36).

Аллоҳга сиғиниш ва ёлбориш, васвасачилар ва асоссиз мантиқ арбоблари – файласуфлар ва уларнинг издошлари ҳеч бир далил ва ҳужжатсиз Аллоҳнинг исм ва сифатлари ҳамда Аллоҳ Ўзи билишни афзал кўрган бобда айтган гапларга берилмаслик, ҳақиқат ва иймон аҳлининиг йўлидир. У – инсу жин шайтонларнинг найрангларидан қутилиш йўлидир. Аллоҳ таоло мени, сизни ва барча мусулмонларни уларнинг найрангларидан қутилишга муваффақ айласин! Шунинг учун ҳам, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айрим одамлар шу васваса ҳақида сўрашганида уларга тош отган, саволларига жавоб бермай: «Менинг халилим тўғри айтган!»– деган эди.

Мўъминга бу бобда керакли бўлган энг муҳм нарса, Қуръон Каримни кўп тиловат қилиши, у ҳақда фикр юритишидир. Чунки Қуръонда Аллоҳнинг сифатлари, азамати, борлиги, У барча нарсанинг Робби ва Ҳукмдори, яратгувчи Холиқи, барча нарсани билгувчи Олим ва Ундан бошқа роб ва илоҳ йўқ эканини кўрсатган далиллар борки, қалбларни иймон, муҳаббат ва таъзимга тўлдиради.

Шунингдек, мўъмин Аллоҳ таолодан фойдали билим, ўткир онг, ҳақда устиворлик, ҳидоятлангандан сўнгра оғишдан паноҳ тилаши керак. Чунки Аллоҳ таоло бандаларини Аллоҳдан тилашга йўллади, рағбатлантирди ва уларга ижобат қилишни ваъда қилди ва айтди:

﴿وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ﴾

«Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар. Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларда жаҳаннамга кирурлар» (Ғофир: 60).

Бу маънодаги оятлар жуда кўп.

Аллоҳ таолодан бизни, сизни, дўстингизни ва барча мусулмонларни динда фақиҳ ва устивор қилишини, барчамизни адаштирувчи фитналардан, инсу жинларнинг найранглари ва васвасаларидан асрашини сўрайман. Дарҳақиқат, Аллоҳ бунга лойиқ ва бунга қодирдир.

Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Аллоҳ таоло бандаси ва расули бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.   

          Манбаъ: «Турли фатволар ва мақолалар девони», 1 жузъ.

Диний масъалаларда ақлга суянилмайди

Диний масъалаларда ақлга суянилмайди

Савол: Ислом Динини Тушунтириш мажлисларида турли жойлардан келган мусулмонлар ўртага турфа саволларни ташлайдилар. Улар Қуръон ва суннатга иймон келтирмаётган (халқларнинг) ақлларига муносиб жавоблар беришимизни хоҳлайдилар. Чунки улар ақлларигагина суянадилар, яъни ақлларига муносиб келган нарсаларнигина тақдирдайдилар. Улар жоҳил мусулмонлар ўртасида шубҳалар ёйиш ва қийинчиликлар туғдириш учун ҳаракат қиладилар. Уларнинг хитойлик ва малайзияликлар каби мусулмонларга хушомадгўй бўлганлари ҳам, патанийлик бутпарастлар каби мусулмонлар устидан зўравонлик қилаётганлари ҳам бор. Қуйидаги саволларга қандай жавоб беришимиз керак:

1 – Ўртамизда ҳеч қандай фарқ йўқ. Чунки биз Малайзияда ҳайкал тошларга сиғинамиз, сизлар эса молу мулкларингиз ҳатто ерларингизни сотиб, қимматбаҳо бойликларингизни сарф этиб Макккага бориб, у ерда Масжидул Ҳаромдаги Каъбанинг тошларини тавоф қиласизлар. Унга қараб сажда ва рукуъ қиласизлар. Биз буни ойнижаҳонда ўз кўзларимиз билан кўрмоқдамиз. Демак, у (Каъба) ҳам, биз сиғинаётган ҳайкаллар ҳам кўринишда, эътиқодимиз хориж, тошдан иборатдир.

Бу фикрлар малайзиялик хитойликлар тарафидан айтилади ва ўртага ёйилади.

2 – Ер юзидаги динларнинг мисоли энг баланд жойда жойлашган битта булоқдан оқиб келаётган ва битта денгизга қуйилаётган бир неча дарёга ўхшайди. Бу фикр билан улар: Барча динлар ўзига мансуб бўлган шахсларга башариятнинг дунё ва охиратига фойдали бўлган гўзал аҳлоқ ва мақсадли амалларни ўргатади ва уларни, охир-оқибатда, ўзларидан талаб қилинган: битта булоқдан то ягона денгизгача бўлган нарса, Аллоҳнинг ҳузурида жамлайди.

3 – Ушбу саволимиз қуйидаги маънодадир: Ким қайси динни маҳкам ушласа, албатта, нажот топади. Чунки нажот бериш Аллоҳнинг ҳаққи бўлиб, бу диннинг Ислом, будда ёки христиан дини бўлишида фарқ йўқдир.

Мазкур фикрлар мусулмонлар, хусусан, уларнинг фарзандлари ўртасида шубҳаларни ёйиш ва қийинчилик туғдириш мақсадида айтилмоқда. Бу саволларимиз етиб бориши биланоқ тезроқ жавоб юоришингизни интизорлик билан кутамиз.

Шу талаблар бор. Ҳолбуки бу тайландлик буддистларнинг сўзи ёки фалсафасидир. Тайландлик сиёсатчилар давлат мактабларида таълим олаётган мусулмон болалар ўртасида шундай фикрларни ёймоқдалар ва болаларнинг кўплари бунга ишонмоқдалар. Бунинг орқасида эса Исломни ўзларининг будпарастлик ва малавий динларига уйғунлаштиришни кўзламоқдалар. Ва бу борада ҳақиқатан амалий ҳаракатлар олиб бормоқдалар.

Айрим шиа гуруҳлари Аллоҳ таолонинг:

﴿وَأَقِمِ الصَّلَاةَ لِذِكْرِي﴾

«Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил!» (Тоҳа: 14) оятини таъвил қилиб шундай дейдилар: «Аллоҳни қалбида зикр қилган одам, одатдаги зоҳирий кўринишдаги намозни ўқимаса ҳам бўлаверади. Маълумки, бу тушунчадаги инсонлар ботиний намозни, яъни, кўзларини юмиб, шу аснода намоз ўқишни хаёлларидан ўтказиб, «ўқимоқдалар» ва: «Шу билан намоз тўкис ўқилди. Ботиний намоз зоҳирий амаллар, яъни одатдаги намозни ўқишдан кўра адо этилиш услуби билан кучлироқ ва боқийроқдир», демоқдалар. Бунга Аллоҳ таолонинг:

﴿مَا عِنْدَكُمْ يَنْفَدُ وَمَا عِنْدَ اللَّهِ بَاقٍ﴾

«Сизларнинг ҳузурларингиздаги нарсалар йўқ бўлур. Аллоҳ даргоҳидаги нарсалар эса боқийдир» (Наҳл: 96) оятини далил қилмоқдалар. Яъни, сизларнинг узвлар воситада қилган одатий кўринишдаги намозларингиз намозни ўқиш биланоқ йўқ бўлиб кетади. Аллоҳнинг даргоҳидаги нарсалар, яъни, сизлар у билан намоз ўқиган қалбингизнинг саси ва сурати мудом боқий қолади. Сизлар кун давомида: кундузнинг бошида тонгда ёки кундузнинг охирида кечқурун бир марта намоз ўқисангиз етарлидир. Бироқ, афзали барча намозларни ҳар замон ва ҳар маконда, ҳатто ҳожатхоналарда, овқатланиш пайтида ва жинсий алоқа пайтида ҳам ўқиш мумкин!!».

Айтиб ўтганларимизнинг барчаси, ўтиришларимизда иштирок этган устозлардан бири айтган гапларнинг хулосасидир. Аллоҳ таоло барчани Ўзи суйган ёки рози бўлган нарсаларга муваффақ қилсин.                   

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 8897 – 8, 9):

Биз мўъминлар билан, сиз тилга олган даҳрийлар ўртасида катта фарқ бор. Мусулмонлар Қуръон Карим ҳамда жин ва инсонлар, эркак ва хотин-қизларга пайғамбар қилиб юборилган ҳамда пайғамбарларнинг охиргиси қилинган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати олиб келган таълимотларга биноан Аллоҳ таолога ибодат қиладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло инсон ва жинларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш ва У олиб келган таълимотларга риоя қилишни фарз қилди.

Даҳрийлар эса ўз хоҳишлари ва ақлларига эргашадилар. Ақл ва хоҳишлар эса ўз эгаларини Аллоҳнинг азобидан қутқара олмайди ва Аллоҳ таолони рози қиладиган амал ва сўзлар томон етакламайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

﴿وَمَنْ أَضَلُّ مِمَّنَ اتَّبَعَ هَوَاهُ بِغَيْرِ هُدًى مِنَ اللَّهِ﴾

«Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавои нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?!» (Қасас: 50).

Уларнинг: «Барча динлар ягона манбадан келади» деган гаплари нотўғридир. Аллоҳ таоло пайғамбарлари билан юборган дин – Исломгина ҳақ дин бўлиб, унинг манбаи – шу дин учун инсу жинларни яратган, китобларни жумладан Қуръон Азиймни нозил қилган ва пайғамбарларни жумладан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни охиргилари қилиб юборган Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодир. Бошқа динларнинг манбаъи эса адашишдан ҳимояланмаган инсонларнинг ақллари ва фикрларидир. Уларнинг ақл ва фикрлари эса пайғамбар соллаллоҳу алайҳим ва салламлар олиб келган таълимотларга муносиб бўлсагина тўғри бўлади ва эътиборли ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигидан сўнгра эса одамларнинг фикрлари, ақллари ҳатто Қуръондан илгари келган самовий китоблардаги маълумотлар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатига мос келсагина тўғри деб ҳисобланади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:

﴿قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ﴾

«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади»» (Оли Имрон: 31).

﴿وَهَذَا كِتَابٌ أَنْزَلْنَاهُ مُبَارَكٌ فَاتَّبِعُوهُ وَاتَّقُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ﴾

«Мана бу эса Биз нозил қилган муборак Қуръондир! Бас, унга эргашингиз ва (Аллоҳдан) қўрқингиз! Шояд раҳматга эришсангизлар» (Анъом: 155);

Аллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида шундай дейди:

﴿فَلَا وَرَبِّكَ لَا يُؤْمِنُونَ حَتَّى يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ لَا يَجِدُوا فِي أَنْفُسِهِمْ حَرَجًا مِمَّا قَضَيْتَ وَيُسَلِّمُوا تَسْلِيمًا﴾

 «Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича – бўйинсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65);

﴿وَرَحْمَتِي وَسِعَتْ كُلَّ شَيْءٍ فَسَأَكْتُبُهَا لِلَّذِينَ يَتَّقُونَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَالَّذِينَ هُمْ بِآيَاتِنَا يُؤْمِنُونَ • الَّذِينَ يَتَّبِعُونَ الرَّسُولَ النَّبِيَّ الْأُمِّيَّ الَّذِي يَجِدُونَهُ مَكْتُوبًا عِنْدَهُمْ فِي التَّوْرَاةِ وَالْإِنْجِيلِ يَأْمُرُهُمْ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَاهُمْ عَنِ الْمُنْكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَائِثَ وَيَضَعُ عَنْهُمْ إِصْرَهُمْ وَالْأَغْلَالَ الَّتِي كَانَتْ عَلَيْهِمْ فَالَّذِينَ آمَنُوا بِهِ وَعَزَّرُوهُ وَنَصَرُوهُ وَاتَّبَعُوا النُّورَ الَّذِي أُنْزِلَ مَعَهُ أُولَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ﴾

«Раҳматим — меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Мен уни (раҳматимни) тақво қиладиган, закотни берадиган зотларга ва Бизнинг оятларимизга иймон келтиргувчи бўлган кишиларга ёзурман. Улар шундай кишилардирки, уммий (саводсиз) пайғамбарга — номини ўз олдиларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолда топишадиган — элчимизга эргашадилар. У пайғамбар уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни улар учун ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда улардан юкларини ва устларидаги кишанларини олиб ташлайди (яъни ислом динидан аввалги динларда бўлган оғир, машаққатли ибодатларни олиб ташлаб, уларнинг ўрнига осон ва енгилларини келтиради). Бас, унга иймон келтирган, уни улуғлаб, унга ёрдам қилган ҳамда унинг (келиши) билан нозил қилинган нурга (яъни Қуръонга) эргашган зотлар — ана ўшаларгина нажот топгувчилардир» (Аъроф: 156, 157);

﴿قُلْ يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنِّي رَسُولُ اللَّهِ إِلَيْكُمْ جَمِيعًا الَّذِي لَهُ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ يُحْيِي وَيُمِيتُ فَآمِنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ النَّبِيِّ الْأُمِّيِّ الَّذِي يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَكَلِمَاتِهِ وَاتَّبِعُوهُ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ﴾

«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман. У шундай зотки, самовот ва Ер Унинг мулкидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Бас, Аллоҳга ва Унинг элчисига — Аллоҳ ва Унинг сўзларига ишонадиган уммий пайғамбарга иймон келтирингиз ва унга эргашингиз— шояд ҳидоят топурсиз»» (Аъроф: 158).

Бу маънодаги оятлар кўпдир. Икки «Саҳиҳ» ҳадислар тўпламида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадислари ривоят қилинган: «Бир пайғамбар ўз қавмигагина юборилган бўлса, мен бутун инсониятга (пайғамбар қилиб) жўнатилганман» (Имом Бухорий 323; Доримий 1389);

«Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бу уммат ичидан мени эшитган яҳудий ва насоронинг мен билан бирга юборилган нарсаларга иймон келтирмай вафот этгани бўлса, у жаҳаннам аҳлидан бўлади» (Имом Муслим 218).

Бу маънодаги ҳадислар ҳам кўп.

Зиммангиздаги вазифа, ўша даҳрийларга насиҳат қилиш, уларни ҳақиқат сари чорлаш, агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигига ишонишмаса, У олиб келган таълимотларга риоя қилишмаса кофирликларининг оқибати жаҳаннам бўлишини эслатишдир. Шундагина сизларга катта ажру савоб ва чиройли оқибат насиб этади.

Аммо сиз тилган уларнинг фақатгина ақл тақозо қилган нарсаларнигина қабул қилишлари ҳақида гумонларига жавоб шуки, уларга ўз тилларида қуйидагича тушунтирилиши керак: Ақл хатолардан маъсум эмас ва одамларнинг ақллари бир-биридан тубдан фарқ қилади. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг пок шариати ақлга суянмай, таъсирланмайдиган соф ҳақиқат бўлган Аллоҳнинг Китоби далолат қилган нарсага асосланиб келди. Зеро Аллоҳдан кўра ростгўй бўлган ва бандаларининг аҳволини яхшироқ билган бошқа бирон зот йўқдир. Пок шариат Аллоҳнинг Китобидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ бўлган ҳадисларга асослангандир. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзи тарафидан гапирмайди, балки, У тилга олган нарсанинг барчаси ваҳийдир. Қуръон Каримнинг на олди ва на орқасидан ҳақсиз нарса кела олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса Аллоҳ тарафидан ўзига юборилган нарсаларда хатога йўл қўйишдан маъсумдир. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло ихтилофли онларда Аллоҳнинг Буюк Китоби – Қуръон ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг (саҳиҳ) суннатига мурожаат қилишга амр қилди:

﴿وَمَا اخْتَلَفْتُمْ فِيهِ مِنْ شَيْءٍ فَحُكْمُهُ إِلَى اللَّهِ﴾

«Сизлар (бу ҳаёти дунёда кофирлар билан) ихтилоф қилган ҳар бир нарсанинг ҳукми (Қиёмат Кунида) Аллоҳга (қайтарилур ва У зот ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини ажратиб берур)» (Шўро: 10);

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ فَإِنْ تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللَّهِ وَالرَّسُولِ إِنْ كُنْتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ ذَلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلًا﴾

«Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59).

Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ақлга мурожаат қилиш ёки ақлни ҳакам қилишга амр қилмади. Чунки ақл барча муаммо ва ихтилофларни ҳал қилшга ожиздир. Аллоҳ  таолодан барчамизни Ўзи рози бўладиган нарсаларига муваффақ қилишини, динида билимдон бўлиб, устивор туришга ҳамда динга зид бўлган нарсаларни тарк этишга мадад беришини сўраймиз. Дарҳақиқат, У – Жўмард ва Саховатли зотдир.             

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:            Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Аъзолар:     Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Қабрларга сажда қилиш ва уларга атаб жонлиқ сўйишнинг ҳукми

Қабрларга сажда қилиш ва уларга атаб жонлиқ сўйишнинг ҳукми

Савол: Қабрларга сажда қилиш ва уларга атаб жонлиқ сўйишнинг ҳукми нима?

Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин жавоб беради:

Бундай қилиш жоиз эмас. Балки, у катта ширк ва қабрда ётган мурдага қилинган ибодат ҳамда ўша маконни улуғлашдир. Бундай ишни қилган одам Аллоҳга шерик қилган бўлади.. Қабрларнинг пайғамбарлар ёки бошқаларники бўлишида фарқ йўқ. «Саҳиҳ» ҳадислар тўпламида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафот этгган касалликлари пайтида: «Аллоҳ, пайғамбарларининг қабрларини саждагоҳ қилиб олган яҳудий ва насороларни лаънат қилсин!»– деб улар қилган ишларни таъқиқлаганлари ривоят қилинган (Имом Муслим 823, 825).

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг охирларида: «Огоҳ бўлинглар! Қабрларни саждагоҳ қилиб олманглар! Мен сизларга буни таъқиқлайман!»– деган эдилар (Имом Муслим 827).

Қабрлар олдида намоз ўқишни қасд қилиш ва уларга сажда қилишнинг, қабрларни саждагоҳ қилиб олиш эканида ҳеч шубҳа йўқдир. Чунки намоз ўқилган барча жой, гарчи атрофлари девор билан ўралмаган бўлса ҳам, масжид – саждагоҳ деб аталади.

Ушбу таъқиқнинг сабаби, қабр олдида сажда қилишни қасд қилган одам қабрда ётган мурданинг фойда бера олиши, амалларини қабул қилиши ёки амалларини кўтариши ёхуд шафоат қилишига ишонади. У, бу махлуққа нисбатан шундай эътиқодда бўлиб, уни ўз маратабасидан кўтарган бўлади.

Авом халқ қабрларни қасд қилаётган ва қабрлар олдида намоз ўқиётган ёки дуо қилаётган ёки атрофида ибодат қилаётган ё қабрдаги мурдаларга ёлбораётган бирон пешвони кўриб қолса, у туфайли алданиб, унинг пешини тутади. Бу қабрнинг хуфёна сири борлигига ишониб, ундан айрилмайди ва унинг олдида намоз ўқийди. Бу эса уларни шу қабрда ётган мурдага ибодат қилиш ва Аллоҳга қўшиб унга ҳам дуо қилишга олиб боради. Ҳолбуки, бундай қилиш ширк бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ширкдан ва ширкка олиб борадиган василалардан қайтарганлар.

Валлоҳу аълам. 

Манбаъ: «Фатаава фит-Тавҳид», савол № 6.