Category Archives: Илоҳий китоблар

Бу ерда илоҳий китобларга қандай иймон келтириш ҳақида ёзилган китоб ва мақолалар билан танишасиз

Инжил ва Тавротни ўқишнинг ҳукми

Инжил ва Тавротни ўқишнинг ҳукми

Савол: Мен мусулмон ўлароқ, фақатгина танишиш учун, Инжилни ўқишим жоизми? Самовий китобларга бўлган иймонимиз уларнинг Аллоҳ тарафидан борилган эканигагинами ёки уларнинг ичидаги ҳукмларга ҳам иймон келтиришимиз керакми? Аллоҳ сизга билдирсин, бизга тушунтириб беринг.

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради (фатво № 1):

Ҳар бир мусулмон Таврот, Инжил ва Забурларнинг Аллоҳ таоло томонидан жўнатилгани, уларни Аллоҳ таоло пайғамбарларига буйруқ ва таъқиқлар, ваъз ва эслатмалар, ўтмишдаги ишлар, жаннат, жаҳаннам ва шунга ўхшаш нарсалардан дарак ўлароқ саҳифаларга ёзилган ҳолатида нозил қилганига иймон келтириши, бироқ, уларга амал қилмаслиги керак. Чунки уларга ўзгариш ва ўзгартишлар кириб кетган. Мўъмин (бугунги кундаги) Таврот, Забур ва Инжилларни уйида сақлаши ёки ўқиши мумкин эмас. Чунки уларни ўқиб, ичларидаги бирон ботил нарсани тасдиқлаб, ҳақиқатни инкор этиш хатарига тушиши мумкин. Чунки у китоблар яҳудий ва насоро бўлган халқлар тарафидан ўзгартириб ташланган: ўзгартирилган, алиштирилган, олдинги оятлар кейинда, кейинги оятлар эса олдинда ёзилган. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло биз мусулмонларни муқаддас китобимиз – Қуръон Карим билан ундай китоблардан беҳожат қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг қўлида Тавротдан бир варақни кўриб аччиқландилар ва: «Ҳой, Хаттобнинг ўғли, сиз ҳам шак қилаяпсизми? Мен сизларга шундай аниқ равшан нарсани олиб келдимки, агар Мусо тирик бўлса, менга эргашишдан бошқа чораси қолмас эди!»– дедилар (Имом Аҳмад 3/387; Доримий 435).

Хуллас, биз сиз ва сиздан бошқа мўъминларни Таврот, Инжил ва Забурдан бирон ҳукмни олмаслик, у китобларни уйда сақламаслик ва ўқимаслик, агар улардан биронтаси бўлса уни ерга кўмиш ёки ёқиб ташлашни тавсия этамиз. Гарчи у китобларда бирон ҳақиқат бўлса, Қуръон Карим ундан беҳожат қиладиган даражада ҳақиқатларни олиб келган. У китобларга кириб қолган ўзгариш ва ўзгартишлар гуноҳ ва мункар ишлар бўлиб, мўъмин улардан сақланиши ва уларни ўқимаслиги лозим. Агар ўқиса ичидаги ботилни тасдиқлаб қўяр ёки ҳақиқат бўлса рад этар. Улардан қутулишнинг йўли эса ё уни ерга кўмиш ёки ёқиб ташлашдир.

Онгли мусулмон олимнинг Исломнинг яҳудий ва насоро каби душманларига раддия бериш илинжида мазкур китобларни ўқиши жоиздир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (зонийларни) тошбўрон қилиб ўлдириш ҳақидаги ҳукмга қарши чиққан яҳудийларга Тавротни олиб келишга буюрдилар ва унга қарадилар. Шундагина (яъни, Тавротда ҳам зонийларни тошбўрон қилиб ўлдириш ҳукми бор эканини кўргач) яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тошбўрон қилиб ўлдириш ҳақидаги ҳукмларини қабул қилдилар.

Ҳа, Муҳаммадий шариатни билган олимлар гоҳида исломий мақсадлар, масалан, Аллоҳнинг душманларига раддия бериш, Қуръоннинг фазилати, унда мужассам бўлган ҳидоят ва ҳақиқатни баён қилиш учун Таврот, Забур ва Инжилга қарашга муҳтож бўладилар. Авом халқнинг эса бундай мақсадлари бўлмайди. Шунинг учун ҳам, улар қўлларига Таврот, Забур ва Инжил тушса, уларни ўқиб бошқалар залолатга юз тутмасликлари учун, покиза ерга кўмишлари ёки ёқиб ташлашлари вожибдир.  

 

         Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Ҳозирги Инжилда ҳидоят ва нур борми?

Ҳозирги Инжилда ҳидоят ва нур борми?

Савол: Бир дўстим менга варақа жўнатибди. Ундан бир нусха олиб сизларга жўнатаяпман ва сизлардан жавоб кутиб қоламан:

… Мазкур миссионер шундай дейди: «Қуръон, Инжил ва насоролар (христианлар)га очиқ ишоратлар қилиб ўтган. Қуръон Инжилда ҳидоят ва нур борлигини (Моида: 46), Инжилнинг бутун башарият учун ҳидоят эканини (Оли Имрон: 34), яҳудий ва насоролар самовий китоблар ўқишини (Бақара: 113), уларнинг Инжил талабларига кўра ҳукм қилишларини (Моида: 47), агар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръон ҳақида шубҳаланиб қолса аҳли китоблар – яҳудий ва насороларга мурожаат этиши лозимлигини (Юнус: 95) таъкидлаган. Қуръон, ўзининг ҳеч бир оятида Инжилнинг бузилганлиги ёки ишончга нолойиқ эканини зикр қилмаган. Агар Инжил ҳозирги мусулмонлар ўйлаганидек бузилган бўлса эди, Қуръон уларга насороларнинг аҳли китоблардан экани ва улар самовий китобларни ўқишаётган эканини насиҳат қилмас эди. Агар Инжил мусулмонлар айтишаётганидек муҳарраф – бузилган ёки самога кўтарилган бўлса эди, Қуръон насороларга Инжилни ўзлари учун ҳакам қилиб олишга ишора ва насиҳат қилмаган бўлар эди. Чунки, Қуръоннинг насороларга бузилган ёки самога кўтарилган Инжилга ҳукм қилишлари учун мурожаат этишга ишора қилиши мантиқий бўлмас эди. Ахир Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръондан шубҳаланганмиди?!».

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 11419-1):

«Қуръон Инжил ва насоролар (христианлар)га очиқ ишоратлар қилиб ўтган. Қуръон Инжилда ҳидоят ва нур борлигини (Моида: 46), бутун башарият учун ҳидоят эканини (Оли Имрон: 34) зикр қилган».

Аллоҳ таоло Қуръон Каримда Инжилни зикр қилган ва насороларни Аллоҳ Инжилда нозил қилган нарсалар билан ҳукм қилишга буюрган. Аллоҳ нозил қилган нарсалардан бири эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигидан башорат ва Унга иймон келтиришнинг фарзлигидир. Ҳатто Аллоҳ таоло ҳар бир пайғамбардан, ўзидан кейин юбориладиган пайғамбарга иймон келтириш аҳдини олди. Шунинг учун ҳам Ийо алайҳиссалом ва Унинг умматига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам юборилган пайтида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, У олиб келган ҳукмларга ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарлиги бутун инсоният учун эканлигига иймон келтиришлари фарз бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

﴿وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الْكِتَابَ بِالْحَقِّ مُصَدِّقًا لِمَا بَيْنَ يَدَيْهِ مِنَ الْكِتَابِ وَمُهَيْمِنًا عَلَيْهِ فَاحْكُمْ بَيْنَهُمْ بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ وَلَا تَتَّبِعْ أَهْوَاءَهُمْ﴾

«Сизга эса (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзидан олдинги китоб(ларни) тасдиқлагувчи ва у (китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик. Бас, одамлар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг ва Сизга келган ҳақдан юз ўгириб, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг!» (Моида: 48).

Аллоҳ таоло Қуръон Каримни ўзидан аввалги самовий китобларни тасдиқловчи ва уларни ўз ичига олган ҳолатида нозил қилгани, улар ичидаги хоҳлаган ҳукмларни мансух – бекор қилгани, Қуръонга иймон келтирган аҳли китоб – яҳудий ва насороларни мақтаб, иймон келтирмаганларини мазаммат қилгани, Роббилари тарафидан қўйилган аҳду паймонни бузганликларини ва Унинг буйруқларига итоатсизлик этганларини баён қилди:

﴿ لَنْ يَضُرُّوكُمْ إِلَّا أَذًى وَإِنْ يُقَاتِلُوكُمْ يُوَلُّوكُمُ الْأَدْبَارَ ثُمَّ لَا يُنْصَرُونَ • ضُرِبَتْ عَلَيْهِمُ الذِّلَّةُ أَيْنَ مَا ثُقِفُوا إِلَّا بِحَبْلٍ مِنَ اللَّهِ وَحَبْلٍ مِنَ النَّاسِ وَبَاءُوا بِغَضَبٍ مِنَ اللَّهِ وَضُرِبَتْ عَلَيْهِمُ الْمَسْكَنَةُ ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ كَانُوا يَكْفُرُونَ بِآَيَاتِ اللَّهِ وَيَقْتُلُونَ الْأَنْبِيَاءَ بِغَيْرِ حَقٍّ ذَلِكَ بِمَا عَصَوْا وَكَانُوا يَعْتَدُونَ • لَيْسُوا سَوَاءً مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ أُمَّةٌ قَائِمَةٌ يَتْلُونَ آَيَاتِ اللَّهِ آَنَاءَ اللَّيْلِ وَهُمْ يَسْجُدُونَ • يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَيُسَارِعُونَ فِي الْخَيْرَاتِ وَأُولَئِكَ مِنَ الصَّالِحِينَ • وَمَا يَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ فَلَنْ يُكْفَرُوهُ وَاللَّهُ عَلِيمٌ بِالْمُتَّقِينَ

«Улар сизларга озор беришдан бошқа ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. Агар сизлар билан урушсалар, кетларига қараб қочадилар. Сўнгра уларга (ҳеч ким томонидан) ёрдам берилмайди. Агар Аллоҳнинг ва одамларнинг (яъни мусулмонларнинг) аҳди паноҳида бўлмасалар, албатта уларга қаерда бўлмасинлар, хор-зорлик битиб қўйилди. Улар Аллоҳнинг ғазаби билан кетдилар ва уларга бечораҳоллик ёзиб қўйилди. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ оятларини инкор қилишлари ва пайғамбарларни ноҳақ ўлдиришларидир. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир. (Аҳли китобнинг ҳаммаси ҳам) баробар эмас. Аҳли китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган тўғри йўлдаги кишилар ҳам бор. (Ўша зотлар) Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадилар, яхши амалларга буюриб, ёмон амал­лардан қайтарадилар ва яхшилик қилишга шошиладилар. Ана ўшалар солиҳ бандалардандирлар. Улар қилган бирон яхшилик беркитилмайди (яъни зое бўлмайди). Аллоҳ тақводорларни билгувчидир» (Оли Имрон: 111 – 115);

﴿وَلَتَجِدَنَّ أَقْرَبَهُمْ مَوَدَّةً لِلَّذِينَ آمَنُوا الَّذِينَ قَالُوا إِنَّا نَصَارَى ذَلِكَ بِأَنَّ مِنْهُمْ قِسِّيسِينَ وَرُهْبَانًا وَأَنَّهُمْ لَا يَسْتَكْبِرُونَ • وَإِذَا سَمِعُوا مَا أُنْزِلَ إِلَى الرَّسُولِ تَرَى أَعْيُنَهُمْ تَفِيضُ مِنَ الدَّمْعِ مِمَّا عَرَفُوا مِنَ الْحَقِّ يَقُولُونَ رَبَّنَا آمَنَّا فَاكْتُبْنَا مَعَ الشَّاهِدِينَ • وَمَا لَنَا لَا نُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَمَا جَاءَنَا مِنَ الْحَقِّ وَنَطْمَعُ أَنْ يُدْخِلَنَا رَبُّنَا مَعَ الْقَوْمِ الصَّالِحِينَ • فَأَثَابَهُمُ اللَّهُ بِمَا قَالُوا جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا وَذَلِكَ جَزَاءُ الْمُحْسِنِينَ﴾

«Иймон келтирган зотларга энг қаттиқ адоват қилгувчи одамлар яҳудийлар ва мушрик бўлган кимсалар эканини кўрасиз. Иймон келтирган зотларга энг яқин дўст бўлгувчилар эса: «Биз насронийлармиз», деган кишилар эканини кўрасиз. Бунга сабаб уларнинг орасида олимлар ва роҳиблар бор эканлиги ва уларнинг кибр-ҳаво қилмасликларидир. Улар пайғамбарга нозил қилинган нарсани (Қуръонни) эшитган пайтларида унинг ҳақ эканини билганлари сабабли кўзларидан ёш қуйилаётганини кўрасиз. Улар: «Парвардигоро, иймон келтирдик. Бас, бизни гувоҳлик бергувчилар қаторига ёзгин», дейдилар.

И з о ҳ. Ушбу оятлар Ҳабаш давлатидаги насронийлар ҳақида нозил бўлган. Исломнинг илк даврларида Макка мушриклари пайғамбар алайҳис-саломга иймон келтирган саҳобаларга турли тазйиқлар ўтказиб, мусулмонлар учун Маккада яшаш ниҳоят даражада қийинлашиб кетганида расулуллоҳ бир қанча саҳобага Ҳабаш юртига ҳижрат қилишни буюрдилар. У ерда насронийлар яшар эдилар. Мусулмонлар борганларида Ҳабашистон подшоҳи Нажоший улардан ким эканликларини ва қайси динга ишонишларини сўраб-суриштиради. Булар ўзларининг араб юртидан келганликларини, динлари Ислом, пайғамбарлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам алайҳис-салом эканини айтадилар. Нажоший: «Бу қандай дин ва қайси китобга амал қилади, у қандай пайғамбар?» — деб сўраганида, мусулмонлар пайғамбар алайҳис-салом ҳақларида маълумот бериб, Исломнинг моҳиятини сўзлаб берадилар ва Қуръон оятларидан тиловат қиладилар. Шунда Нажоший ва бошқа насроний уламо ва роҳиблар Ислом ҳақ дин эканига, Қуръоннинг эса илоҳий китоб эканига тан берадилар ва бу китоб оятларининг таъсиридан кўзёшларини тўхтата олмай қоладилар. Нажоший эса: «Бу китоб билан бизнинг Инжилимизнинг асли — манбаи биттага ўхшайди», дейди ва мусулмонларга бу юртда бемалол яшашлари учун қулайликлар ҳозирлаб беришни буюради. Бу воқеалардан хабар топган ўша ерлик яҳудийлар: «Насронийлар ўз динларидан чиқиб, мусулмон бўлиб кетдилар», деб маломат қилганларида, насроний уламо ва роҳиблари уларга жавобан бундай дейдилар.

«Бизга нима бўлдики, ўзимиз Аллоҳга ва бизга келган ҳақ динга ишонмаймиз-у, яна парвардигоримиз бизни ҳам бу солиҳ қавм билан бирга (жаннатга) дохил қилишини тамаъ қиламиз?!». Бас, шу гаплари сабабли Аллоҳ уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий яшайдиган жаннатлар билан мукофотлади. Бу чиройли амал қилгувчиларнинг мукофотидир» (Моида: 82 – 85);

﴿قَاتِلُوا الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَلَا بِالْيَوْمِ الْآَخِرِ وَلَا يُحَرِّمُونَ مَا حَرَّمَ اللَّهُ وَرَسُولُهُ وَلَا يَدِينُونَ دِينَ الْحَقِّ مِنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حَتَّى يُعْطُوا الْجِزْيَةَ عَنْ يَدٍ وَهُمْ صَاغِرُونَ • وَقَالَتِ الْيَهُودُ عُزَيْرٌ ابْنُ اللَّهِ وَقَالَتِ النَّصَارَى الْمَسِيحُ ابْنُ اللَّهِ ذَلِكَ قَوْلُهُمْ بِأَفْوَاهِهِمْ يُضَاهِئُونَ قَوْلَ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ قَبْلُ قَاتَلَهُمُ اللَّهُ أَنَّى يُؤْفَكُونَ • اتَّخَذُوا أَحْبَارَهُمْ وَرُهْبَانَهُمْ أَرْبَابًا مِنْ دُونِ اللَّهِ وَالْمَسِيحَ ابْنَ مَرْيَمَ وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا إِلَهًا وَاحِدًا لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ سُبْحَانَهُ عَمَّا يُشْرِكُونَ

«Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари ҳаром деган нарсани ҳаром деб билмайдиган, Ҳақ (яъни ислом) динига эътиқод қилмайдиган ахли китоблардан иборат бўлган кимсаларга қарши то улар хорланган (мағлуб) ҳолларида ўз қўллари билан (зиммаларидаги) солиқни тўламагунларича, жанг қилингиз! Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғли», дедилар. Насронийлар: «(Ийсо) Масиҳ Аллоҳнинг ўғли», дедилар. Бу уларнинг оғизларидаги (ҳужжат-далилсиз) гапларидир. Уларнинг бу гаплари худди аввалги кофир бўлган кимсаларнинг гапига ўхшайди. Уларни Аллоҳ лаънатлагай! Қандай адашмоқдалар-а! Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ бинни Марямни Парвардигор деб билдилар. Ҳолбуки, фақат ягона Аллоҳга бандалик килишга маъмур (буюрилган) эдилар. Ҳеч илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У зот уларнинг ширкларидан покдир» (Тавба: 29 – 31).

Бундан бошқа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирган китоб аҳлларини мақтаб, иймон келтирмаганларини эса қоралаб нозил бўлган талайгина оятлар бор.

Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга нозил қилган Инжил пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг келишидан башорат берган бўлсада, китоб аҳллари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигига иймон келтирмадилар. Шундай бўлишига қарамай, сизлар Аллоҳ таоло нозил қилган Қуръонни ўзингиз учун далил ўлароқ ишлатиб, яҳудийларнинг Ийсо ибн Марямни осганлари ҳамда ўлдирган эканларига иймон келтирмоқдасизлар ва буни Инжилда бор дея гумон қилмоқдасизлар. Аллоҳ таоло эса, сизларни ва бундай гумонларни айтган яҳудийларни ёлғончига чиқариб, Қуръон Каримида шундай демоқда:

﴿وَقَوْلِهِمْ إِنَّا قَتَلْنَا الْمَسِيحَ عِيسَى ابْنَ مَرْيَمَ رَسُولَ اللَّهِ وَمَا قَتَلُوهُ وَمَا صَلَبُوهُ وَلَكِنْ شُبِّهَ لَهُمْ﴾

«Аллоҳнинг пайғамбари бўлган ал-Масиҳ Ийсо бинни Марямни «бизлар ўлдирганмиз», деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Ҳолбуки, улар уни ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ» (Нисо: 157).

Сизлар «Масиҳ Ийсо ибн Марям – Аллоҳнинг ўғлидир!»– деб гумон қилдингиз. Аллоҳ таоло эса Ўзининг ўғли бўлишидан кўра буюк бўлган Зотдир. Аллоҳ бу борада ҳам сизларни ёлғончига чиқарди ва қуйидаги оятлари билан сизларни кофир дея эълон этди:

﴿لَقَدْ كَفَرَ الَّذِينَ قَالُوا إِنَّ اللَّهَ هُوَ الْمَسِيحُ ابْنُ مَرْيَمَ﴾

««Аллоҳ-Масиҳ бинни Марямдир», деган кимсаларнинг кофир бўлганликлари аниқдир» (Моида: 17).

Сизлар: «Ийсо алайҳиссалом Аллоҳ билан бирга илоҳдир»– дея гумон қилдингиз. Аллоҳ таоло бу гапларингиз билан кофир бўлганингизни шундай ифодалади:

﴿لَقَدْ كَفَرَ الَّذِينَ قَالُوا إِنَّ اللَّهَ ثَالِثُ ثَلَاثَةٍ وَمَا مِنْ إِلَهٍ إِلَّا إِلَهٌ وَاحِدٌ وَإِنْ لَمْ يَنْتَهُوا عَمَّا يَقُولُونَ لَيَمَسَّنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ﴾

««Аллоҳ — Учтанинг (яъни Аллоҳ, Марям, Ийсонинг) биридир, деган кимсалар ҳам аниқ кофир бўладилар. Чунки ягона Илоҳдан бошқа бирон илоҳ йўқдир. Агар айтаётган гапларидан тўхтамасалар, албатта улардан кофир бўлган кимсаларни аламли азоб ушлайди» (Моида: 73).

Сизлар Инжилда бўлмасада: «Чўчқа гўшти – ҳалол!» дедингиз ва роҳиблик билан сиғина бошладингиз. Инжилда эса роҳиблик йўқ эди. Ҳатто сизлар роҳибликни, Аллоҳ ва Аллоҳнинг шариати изн бермаган бўлсада, дин қилиб олдингиз. Бу ва бундан бошқа ифтироларингиздан сўнг яна: «Инжил бузилмаган. Ундан бирон нарсани яширмаганмиз ва унга бирон нарсани қўшмаганмиз»– дея иддао қилиб, етмаганидек ўз гумонларингиз ва бидъатларингизнинг исботи учун Қуръоннинг муташобиҳ – бир-бирига ўхшаш оятларини ҳужжат ўлароқ олиб, муҳкам – қатъий ҳукмларини фитна уруғини сочиш, Исломни қоралаш ва тилингизни бурро қилиш учун ишлатмоқчи бўлаяпсизларми?! (Кўзларингизни очинглар), Аллоҳ таоло сизларга шундай хитоб қилмоқда:

﴿يَا أَهْلَ الْكِتَابِ قَدْ جَاءَكُمْ رَسُولُنَا يُبَيِّنُ لَكُمْ كَثِيرًا مِمَّا كُنْتُمْ تُخْفُونَ مِنَ الْكِتَابِ وَيَعْفُو عَنْ كَثِيرٍ﴾

«Эй аҳли китоб, мана, элчимиз (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам алайҳис-салом) сизлар китобингиз (Таврот, Инжил) орасидан яшириб келган (у зотнинг пайғамбар бўлишлари ва яна бошқа зарур масалалар хусусидаги) кўп нарсаларни сизларга баён этган ҳолда, (фақат сизларнинг сирларингизни очиб, шарманда қилиш учунгина ишлайдиган) кўп нарсаларни тарк этган ҳолда келди» (Моида: 15);

﴿يَا أَهْلَ الْكِتَابِ قَدْ جَاءَكُمْ رَسُولُنَا يُبَيِّنُ لَكُمْ عَلَى فَتْرَةٍ مِنَ الرُّسُلِ أَنْ تَقُولُوا مَا جَاءَنَا مِنْ بَشِيرٍ وَلَا نَذِيرٍ﴾

«Эй аҳли китоб, мана, элчимиз (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам алайҳис-салом) аввалги пайғамбарлардан анча замон ўтиб: «Бизга на бирон (жаннат ҳақида) хушхабар бергувчи ва на бирон (дўзах азобидан) қўрқитгувчи келмаган», демасликларингиз учун сизларга дин ҳукмларини баён қилган ҳолда келди» (Моида: 19);

﴿يَا أَهْلَ الْكِتَابِ لَا تَغْلُوا فِي دِينِكُمْ وَلَا تَقُولُوا عَلَى اللَّهِ إِلَّا الْحَقَّ إِنَّمَا الْمَسِيحُ عِيسَى ابْنُ مَرْيَمَ رَسُولُ اللَّهِ وَكَلِمَتُهُ أَلْقَاهَا إِلَى مَرْيَمَ وَرُوحٌ مِنْهُ فَآَمِنُوا بِاللَّهِ وَرُسُلِهِ وَلَا تَقُولُوا ثَلَاثَةٌ انْتَهُوا خَيْرًا لَكُمْ إِنَّمَا اللَّهُ إِلَهٌ وَاحِدٌ سُبْحَانَهُ أَنْ يَكُونَ لَهُ وَلَدٌ لَهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ وَكَفَى بِاللَّهِ وَكِيلًا • لَنْ يَسْتَنْكِفَ الْمَسِيحُ أَنْ يَكُونَ عَبْدًا لِلَّهِ

«Эй аҳли Китоб, (Ийсони худо дейиш билан) динингизда ҳаддингиздан ошмангиз! Аллоҳ шаънига эса фақат ҳақ гапни айтингиз! Албатта, ал-Масих Ийсо бинни Марям фақат Аллоҳнинг пайғамбари ва Унинг Марямга етказган сўзи ҳамда унинг томонидан бўлган руҳ (соҳибидир), холос. Бас, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирингиз! «(Тангри) учта (яъни, Аллоҳ Марям ва Ийсо учалалари ҳам тангрилардир)», демангиз! (Бундай ботил эътиқоддан) тўхтангиз, шунда ўзингиз учун яхши бўлур. ҳеч шак-шубҳасиз Аллоҳ якка-ягонадир. У фарзандлик бўлишдан пок бўлган зотдир. Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Уникидир. Аллоҳнинг Ўзи етарли вакилдир. Масиҳ ҳам, … Аллоҳга банда бўлишдан зинҳор ор қилмайдилар» (Нисо: 171, 172).

Агар сизлар ушбу оятларга амал қилмасангизлар, Аллоҳ таоло қуйидаги оятда баён қилган кимсалар қаторида бўласизлар:

﴿إِنَّ الَّذِينَ يَكْفُرُونَ بِاللَّهِ وَرُسُلِهِ وَيُرِيدُونَ أَنْ يُفَرِّقُوا بَيْنَ اللَّهِ وَرُسُلِهِ وَيَقُولُونَ نُؤْمِنُ بِبَعْضٍ وَنَكْفُرُ بِبَعْضٍ وَيُرِيدُونَ أَنْ يَتَّخِذُوا بَيْنَ ذَلِكَ سَبِيلًا • أُولَئِكَ هُمُ الْكَافِرُونَ حَقًّا وَأَعْتَدْنَا لِلْكَافِرِينَ عَذَابًا مُهِينًا

«Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига ишонмайдиган, Аллоҳ билан пайғамбарларининг ораларини ажратишни истайдиган (яъни Аллоҳга ишониб, пайғамбарларини инкор қиладиган) ва «айрим пайғамбарларга ишонамиз, айримларига ишонмаймиз», дейдиган ҳамда ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар — ана ўшалар ҳақиқий кофирдирлар. Бундай, кофирлар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз» (Нисо: 150, 151).

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий

Аъзо: Абдуллоҳ ибн Ғудайён