Category Archives: Қабрпарастлик

Бу категорияда қабрпарастлик ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Мурдадан тилакда бўлиш

Мурдадан тилакда бўлиш

Савол: Авлиёларнинг дахмаларини тавоф қилиш ёки мурдалар учун назр ва қурбонлик қилишнинг ҳукми нима? Ислом ҳукмида валий кимдир? Тирик ёки ўлик авлиёлардан дуо талаб қилишнинг ҳукми нима?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 9879–4):

Мурдалар учун жонлиқ сўйиш ёки уларга назр аташ – катта ширкдир. Валий, гарчи каромати бўлмаса ҳам, Аллоҳ таолога итоат қилиб сиғинган, Аллоҳ буюрган нарсаларни қилиб, таъқиқлаган нарсаларидан воз кечган одамдир. Вафот этган авлиёлар ва бошқа инсонларадн дуо талаб қилиш жоиз эмас. Дуони тирик бўлган солиҳ инсонлардан сўраш керак. Қабрларни тавоф қилиш мумкин эмас. Чунки тавоф, Каъбаи Муаззамага хосдир. Қабрларни қабрларда ётган мурдаларга яқин бўлиш нийяти билан тавоф қилиш, катта ширк ҳисобланади. Агар қабрларни тавоф қилишни Аллоҳга яқин бўлиш учун қасд қилинса, бу – мункар бидъат бўлади. Чунки қабрлар атрофида гарчи Аллоҳнинг Юзи қасд қилинсада, тавоф қилинмайди ва намоз ўқилмайди.  

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:             Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Қабрга атаб жонлиқ сўйиш

Қабрга атаб жонлиқ сўйиш

Савол: Баъзи одамлар борки, қадим замонларда ўлкаларида вафот этган одамнинг қабри олдида жонлиқ сўядилар. Буларнинг гумонича, у одам Аллоҳнинг авлиёси бўлган Фалончининг ўғли Фалончи эмиш. Одамлар чорва моллари ва ҳосилларидан ўша авлиёлар учун улуш ажратиб барака сўрайдилар, оиласи ва тирикчиликлари бошига келадиган балоларни даф этишни тилайдилар. (Шу тўғрими?).  

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 2450–4):

Мозорларга атаб жонлиқлар сўйиш, мозорлар олдида ейиш учун мева ва сабзавот ҳосилларидан айириш ва бу билан манфаат келтириш ёки зарарни қайтариш ёда Аллоҳ ҳузурида шафоат ва бундан бошқа қабрпарастлар мозорлар олдида тилаган тилаклар умидида авлиё ёки бошқа махлуқотларга яқинлашишни нийят қилиш, Ислом дини ҳаром қилган ишлардан бўлиб, ширк ҳисобланади.

Қўмитамизга шунга ўхшаш савол билан мурожаат этилган ва унга келгуси – 189- фатвода жавоб берилган эди.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Авлиёлар ҳожатларни бароридан келтирадими?

Авлиёлар ҳожатларни бароридан келтирадими?

Савол: Олдимизга олимлардан бири келиб: Авиёлар одамлар тилаган пайтларида уларнинг эҳтиёжларини Аллоҳни қўйиб бароридан келтирадилар! Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таолонинг шундай бандалари борки, одамлар уларга эҳтиёжларида ёлборадилар ва улар Қиёмат кунида амну-омонда бўладилар» деганлар,– деб қолди. (Шу тўғрими?). 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 4162 – 2):

Ўзи қодир бўлган тирик ва олдида турган одамдан кўмак сўраш жоиздир. Масалан, биров бировдан қарз сўраса, ёки қўлидан ёхуд султон даргоҳидаги обрўсидан фойдаланса, ҳаққини олиш ёки зарарни даф қилишда ёрдам сўраса, жоиздир.

Мурдалардан ёрдам сўраш – ширкдир. Тирик, бироқ ғойиб бўлган одамдан ёрдам сўраш ҳам, ширкдир. Чунки улар ўзларидан талаб қилинган нарсани рўёбга чиқаришдан ожиздирлар. Бунга қуйидаги оятларнинг умумий маънолари далолат қилади:

﴿وَأَنَّ الْمَسَاجِدَ لِلَّهِ فَلَا تَدْعُوا مَعَ اللَّهِ أَحَدًا﴾

«Дарҳақиқат, масжидлар Аллоҳ учундир. Бас, Аллоҳ билан бирга бировга дуо қилманг!» (Жин: 18);

﴿وَلَا تَدْعُ مِنْ دُونِ اللَّهِ مَا لَا يَنْفَعُكَ وَلَا يَضُرُّكَ فَإِنْ فَعَلْتَ فَإِنَّكَ إِذًا مِنَ الظَّالِمِينَ﴾

«Аллоҳни қўйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Бас, агар шундай «қилсангиз, у ҳолда албатта золимлардандирсиз!» (Юнус: 106);

﴿ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ لَهُ الْمُلْكُ وَالَّذِينَ تَدْعُونَ مِنْ دُونِهِ مَا يَمْلِكُونَ مِنْ قِطْمِيرٍ • إِنْ تَدْعُوهُمْ لَا يَسْمَعُوا دُعَاءَكُمْ وَلَوْ سَمِعُوا مَا اسْتَجَابُوا لَكُمْ وَيَوْمَ الْقِيَامَةِ يَكْفُرُونَ بِشِرْكِكُمْ وَلَا يُنَبِّئُكَ مِثْلُ خَبِيرٍ﴾

«Ана шу Аллоҳ сизларнинг Парвардигорингиздирки, (барча оламларга) подшоҳлик ёлғиз Уникидир. (Эй мушриклар), сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар. Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсалар-да, сизларга жавоб қила олмаслар ва қиёмат кунида уларни (Аллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, дунё-ю, охират ҳақида ҳеч ким) сизга хабардор зот (яъни Аллоҳ) каби хабар бера олмас» (Фотир: 13, 14).

Бу мазмундаги оятлар жуда ҳам кўп. Аллоҳ Ёрдамчимиз бўлсин!

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Пайғамбар ва авлиёлардан мадад сўраш, ширкдир

Пайғамбар ва авлиёлардан мадад сўраш, ширкдир

Савол: Бизда иккита гуруҳ бор. Улардан бири Қуръон ва суннатдан ҳужжатлар келтириб: Пайғамбар ва авлиёлардан мадад сўраш – ширк ва куфрдир, деса, иккинчи гуруҳ: Улардан мадад сўраш – ҳақдир. Чунки, улар Аллоҳнинг суюклилари ва сара қулларидир, демоқдалар. (Айтингчи), буларнинг қайси бири ҳақли?  

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 2251 – 1):

Аллоҳдан бошқасидан беморнинг шифосини ёки ёмғир ёғдиришини ёхуд умрни узайтиришини ва бошқа, Аллоҳга хос бўлган ишларни сўраш катта ширк бўлиб, уни қилган одам Ислом миллатидан чиқади. Шунингдек, ўликлардан ва бошқа ғойиб махлуқлардан: хоҳ фаришта, хоҳ жин ва хоҳ инсон бўлсин фойда келтириши ёки зарарни даф қилиши учун мадад сўраш катта ширк турларидан бири бўлиб, Аллоҳ ундан тавба қилмаган одамни мағфират қилмайди. Чунки, бундай мадад сўраш тури қурбат ва ибодат ҳисобланади. Уни фақат Аллоҳ таолонинг ўзидангина сўралади. Бунинг далиллари Аллоҳ таолонинг бандаларига нима дейишларини ўргатган ушбу оятдир:

﴿إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ﴾

«Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз!» (Фотиҳа: 5).

﴿وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ﴾

«Роббингиз Ўзигагина ибодат қилишингизга ҳукм қилди!» (Исро: 23).

﴿وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ﴾

«Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга буюрилган эдилар» (Баййина: 5).

﴿وَأَنَّ الْمَسَاجِدَ لِلَّهِ فَلَا تَدْعُوا مَعَ اللَّهِ أَحَدًا﴾

«Дарҳақиқат, масжидлар Аллоҳ учундир. Бас, Аллоҳ билан бирга бировга дуо қилманг!» (Жин: 18).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳуга: «Агар сўрасаниз Аллоҳдан сўранг! Ёрдам сўрасангиз Аллоҳдан сўранг!» деган бўлсалар, Муоз разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дедилар: «Бандалар зиммасидаги Аллоҳнинг ҳаққи – Унга ибодат қилиб, Унга шерик қилмасликларидир» (Имом Бухорий 3/216, 7/68, 137, 189, 8/164; Имом Аҳмад 2/525, 3/261, 5/228, 234, 236, 238, 242; Имом Муслим (Нававий шарҳи) 1/230).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга тенгдош чорлаб вафот этган кимса жаҳаннамга киради»– дедилар (Имом Бухорий 5/152, 7/230; Имом Муслим «Аллоҳга бирон нарсани шерик қилиб вафот этган одам жаҳаннамга киради» лафзи билан ривоят қилди (2/92); Имом Аҳмад 1/374, 443, 462, 464). 

Аллоҳ таоло махлуқотларига берган ва қилишга қудрат ато этган оддий сабаблар доирасида Аллоҳдан бошқасидан кўмак сўраш, масалан, беморни даволашда табибдан ёрдам сўраш, очни тўйдириш, ташнани қондириш, бадавлат одамнинг камбағалга пул бериши ва шунга ўхшаш нарсалар ширк эмас балки махулқотларнинг тирикчиликдаги ўзаро ҳамкорлигидир. Шунингдек, олдида бўлмаган тирик одамлардан ҳиссий йўллар, масалан, мактуб, телефон ва телеграф орқали ёрдам сўраш ҳам жоиздир.

Аммо пайғамбар ва авлиёлар барзах (қабр) ҳаётидалар. Барзах ҳаётининг ҳақиқатини Аллоҳдан бошқа бирон кимса билмайди. У, улар яшаб ўтган бу дунёга ўхшамайди.

Бундан, ҳақиқат: Аллоҳдан бошқасидан мадад сўраш ширкдир,– деб айтган биринчи гуруҳ билан бирга экани маълум бўлди.          

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Ўлган солиҳ одамдан мадад сўраш

Ўлган солиҳ одамдан мадад сўраш

Савол: Ҳиндистонда бир солиҳ одам вафот этди. Уни Ажмиз шаҳрида дафн этдилар. Ундан мадад сўраса бўладими? У, мадад сўраган барчанинг тилагини рад этмай қабул қиладими?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 17277):

Бунинг жавоби бешинчи саволнинг жавобига ўхшайди: Ўликлардан мадад сўраш ширкдир. Улар тирикларнинг дуоларини ижобат қилиш қувватига эга эмаслар. Ҳатто дуоларни эшитмайдилар, дуо қилган одамлардан ва уларнинг қилаётган бу ибодатларидан воз кечадилар. Бунга Қуръон Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан ҳужжатлар кўпдир. Аллоҳ таоло айтди:

﴿ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ لَهُ الْمُلْكُ وَالَّذِينَ تَدْعُونَ مِنْ دُونِهِ مَا يَمْلِكُونَ مِنْ قِطْمِيرٍ • إِنْ تَدْعُوهُمْ لَا يَسْمَعُوا دُعَاءَكُمْ وَلَوْ سَمِعُوا مَا اسْتَجَابُوا لَكُمْ وَيَوْمَ الْقِيَامَةِ يَكْفُرُونَ بِشِرْكِكُمْ وَلَا يُنَبِّئُكَ مِثْلُ خَبِيرٍ﴾

«Ана шу Аллоҳ сизларнинг Парвардигорингиздирки, (барча оламларга) подшоҳлик ёлғиз Уникидир. (Эй мушриклар), сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар. Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсалар-да, сизларга жавоб қила олмаслар ва қиёмат кунида уларни (Аллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, дунё-ю, охират ҳақида ҳеч ким) сизга хабардор зот (яъни Аллоҳ) каби хабар бера олмас» (Фотир: 13, 14);

﴿وَمَنْ أَضَلُّ مِمَّنْ يَدْعُو مِنْ دُونِ اللَّهِ مَنْ لَا يَسْتَجِيبُ لَهُ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ وَهُمْ عَنْ دُعَائِهِمْ غَافِلُونَ • وَإِذَا حُشِرَ النَّاسُ كَانُوا لَهُمْ أَعْدَاءً وَكَانُوا بِعِبَادَتِهِمْ كَافِرِينَ﴾

«Аллоҳни қўйиб, Қиёмат Кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиган бутларга дуо-илтижо қиладиган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Ҳолбуки у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофилдирлар! (Қиёмат Кунида) инсонлар (ҳисоб-китоб учун) тўпланган вақтида ўша (бутлар) уларга (мушрикларга) душман бўлурлар ва уларнинг (Аллоҳни қўйиб, ўзларига) ибодат қилганларини ҳам инкор этурлар» (Аҳқоф: 5, 6).

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён