Category Archives: Қазо ва қадар

Бу категорияда қазо ва қадар ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Инсон мажбурланганми ёки эркинми?

Инсон мажбурланганми ёки эркинми?

Савол: Инсон бошқариладими ёки эркинми?

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради (Фатво: 5):

Инсон ҳам бошқарилган ва ҳам эркиндир. У, ёзилган Аллоҳнинг тақдири билан бошқарилгандир. Зеро Аллоҳ таоло тақдирларни ёзиб қўйган ва оламда содир бўладиган жараёнларга Ер ва Осмонларни яратишдан эллик минг йил илгари ҳукм қилган. Аллоҳ, барча нарсани ўлчаб қўйган. Аллоҳ, бўладиган барча нарсадан хабардордир. Бу ҳақда Аллоҳ таолонинг ўзи шундай дейди:

{ إِنَّا كُلَّ شَيْءٍ خَلَقْنَاهُ بِقَدَرٍ }

«Албатта Биз ҳар бир нарсани (аниқ) ўлчов билан яратдик» (Қамар: 49);

{ مَا أَصَابَ مِنْ مُصِيبَةٍ فِي الْأَرْضِ وَلَا فِي أَنْفُسِكُمْ إِلَّا فِي كِتَابٍ مِنْ قَبْلِ أَنْ نَبْرَأَهَا }

«На Ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур. Албатта бу Аллоҳга осондир.

И з о ҳ. Яъни, ҳаётда содир бўладиган ҳар бир яхши-ёмон, катта-кичик воқеа-ҳодиса албатта Аллоҳ таолонинг тақдири азалийсида битилган бўлади. Яратганнинг амрисиз бировнинг баданига бир тикан кирмайди. Бу ҳақиқат баён этилишига сабаб…» (Ҳадид: 22);

{ مَا أَصَابَ مِنْ مُصِيبَةٍ إِلَّا بِإِذْنِ اللَّهِ }

«(Бирон кимсага) бирон мусибат етмас, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (етур)» (Тағобун: 11).

Барча ишлар азалда Аллоҳнинг илми билан қилинган ва уларга Аллоҳнинг ҳукми берилган. Барча махлуқ ўзи учун яратилган нарсаларга (эришиш учун) мажбурланган ва унга (эришиши учун) қулай йўллар билан таъминланган. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

{ هُوَ الَّذِي يُسَيِّرُكُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ }

«У (Аллоҳ) шундай зотки, сизларни қуруқлик ва денгизда юргизур» (Юнус: 22);

{ فَأَمَّا مَنْ أَعْطَى وَاتَّقَى • وَصَدَّقَ بِالْحُسْنَى • فَسَنُيَسِّرُهُ لِلْيُسْرَى • وَأَمَّا مَنْ بَخِلَ وَاسْتَغْنَى • وَكَذَّبَ بِالْحُسْنَى • فَسَنُيَسِّرُهُ لِلْعُسْرَى }

«Шак-шубҳасиз сизларнинг саъйу ҳаракатларингиз ҳилма-ҳилдир. Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз.

И з о ҳ. Ушбу оятлардан маълум бўлишича, ким дунё ва охиратда бахтли-саодатли ҳаёт кечириши учун осон йўл изласа у киши уч хислатга эга бўлиши лозим экан: ўз зиммасидаги Аллоҳ таоло буюрган хайр-эҳсонни камбағал бечораларга ато этиш, мудом тақво билан, ёлғиз Аллоҳдан қурқиб яшаш ва яхши амал учун гўзал мукофот-жаннат бўлишини чин дилдан тасдиқ этиш Тангри таоло ана шу уч хислатга эга бўлган кишиларга жаннат йўлини осон қилишга ваъда берди. Энди қуйидаги оятларда юқоридаги хислатларнинг зиддига мубтало бўлган кимсалар ва улар топажак оқибат ҳақида сўз юритилади.

Энди ким (Аллоҳ йўлида ҳайр-саҳоват кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Бас, Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Лайл: 4 – 10).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ махлуқотлар тақдирини Арши сув устида тургани маҳал – Ер ва Осмонларни яратишдан эллик минг йил илгари ўлчаб қўйган» (Имом Муслим 2653; Термизий 2156; Имом Аҳмад 2/169).

Иймоннинг олтита рукнларидан бири – тақдирнинг яхши ва ёмонига ишонишдир. Инсон бошқарилгандир. Яъни, Аллоҳ таоло инсон учун яратиб қўйган тақдир нуқтаи назаридан бошқарилгандир. Инсон, Аллоҳнинг тақдиридан четга чиқа олмайди. Бу ҳақда Аллоҳ шундай дейди:

{ هُوَ الَّذِي يُسَيِّرُكُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ }

«У (Аллоҳ) шундай зотки, сизларни қуруқлик ва денгизда юргизур» (Юнус: 22).

Инсон, Аллоҳ таолонинг инсонга берган ақл, ирода ва хоҳиш нуқтаи назаридан эркиндир. Телбалардан бошқа барча инсониннг ақли бордир. Бу масъаладаги асос – ақл бўлиб, кимнинг ақли бўлса у яхшилик ёки ёмонликни қилишда эркиндир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

{ لِمَنْ شَاءَ مِنْكُمْ أَنْ يَسْتَقِيمَ • وَمَا تَشَاءُونَ إِلَّا أَنْ يَشَاءَ اللَّهُ رَبُّ الْعَالَمِينَ }

«(У (Қуръон) ҳеч шак-шубҳасиз бутун оламлар учун — сизларнинг орангиздаги) Тўғри йўлда бўлмоқни хоҳлаган кишилар учун бир эслатмадир. Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина (Тўғри йўлда бўлишни) хоҳларсизлар» (Таквир: 28, 29);

{ تُرِيدُونَ عَرَضَ الدُّنْيَا وَاللَّهُ يُرِيدُ الْآخِرَةَ }

«(Эй мўминлар), сизлар дунё нарсаларини истамоқдасиз. Аллоҳ эса охират (неъматлари сизларники бўлиши)ни истайди. Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир.

И з о ҳ. Бу оят пайғамбар алайҳис-салом ва саҳобаларга берилган танбеҳдир. Улар мушрикларнинг етмиш аскарини асир олиб, сўнг маълум товон-тўлов эвазига бўшатиб юборганларида мана шу оят нозил бўлди» (Анфол: 67).

Бандаларнинг хоҳиш ва истаклари бордир. Қилгувчи – бандаларнинг ўзлари бўлсаларда, Аллоҳ уларнинг ишларини яратгувчи Зотдир. Аллоҳ таоло айтди:

{ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ }

«Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Моида: 8);

{ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ }

«Албатта Аллоҳ улар қилаётган ҳунарлардан хабардордир» (Нур: 30);

{ إِنَّهُ خَبِيرٌ بِمَا تَفْعَلُونَ }

«Албатта, У Зот сизлар қилаётган (барча) ишлардан огоҳдир» (Намл: 88).

Банданинг амали, иши ва ҳунари бўлиши мумкин. Аллоҳ эса инсонни, инсоннинг амали, ҳунари ва ишларини яратгувчидир. Аллоҳ таоло айтди:

{ فَمَنْ شَاءَ ذَكَرَهُ • وَمَا يَذْكُرُونَ إِلَّا أَنْ يَشَاءَ اللَّهُ }

«Бас, хоҳлаган киши ундан эслатма-ибрат олур. Улар ёлғиз Аллоҳ хоҳлаганидагина (Қуръондан) эслатма-ибрат олурлар» (Муддассир: 55, 56);

{ لِمَنْ شَاءَ مِنْكُمْ أَنْ يَسْتَقِيمَ • وَمَا تَشَاءُونَ إِلَّا أَنْ يَشَاءَ اللَّهُ رَبُّ الْعَالَمِينَ }

«(У (Қуръон) ҳеч шак-шубҳасиз бутун оламлар учун — сизларнинг орангиздаги) Тўғри йўлда бўлмоқни хоҳлаган кишилар учун бир эслатмадир. Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина (Тўғри йўлда бўлишни) хоҳларсизлар» (Таквир: 28, 29).

Ҳа, ҳар бир инсоннинг хоҳиши, истаги, амали, ҳунари ва ишлари бўлади. У, буларни қилишда ихтиёрлидир. У, қилиш учун таклиф қилинган. Инсон – Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат этишга, Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъқиқлаган нарсаларни қилмасликка, фарзларни қилиб, ҳаромларни қилмасликка, ўз дўстларига одиллик қилиш ва зулм қилмасликка буюрилган. Бу нарсаларга буюрилган экан, унинг кучи, эрки ва хоҳиши бордир. У намоз ўқиши, рўза тутиши, зино қилиши, ўғирлик қилиши мумкин, барча ишларида эркиндир: ейиши ва ичишида ҳам …

  Бироқ, инсон қилган барча ишидан жавобгардир. Чунки у, бу ишларни ўз хоҳиши ва истаги билан қилаяпти. Бошқача қилиб айтсак, у, бу жиҳатдан эркиндир. Зеро Аллоҳ таоло унга ақл, ирода, хоҳиш ва истакни бергандир.

Инсон ҳам жорий қилинган Аллоҳнинг тақдири билан бошқарилган ва ҳам эркиндир. Шунинг учун ҳам, у, Аллоҳнинг тақдирини риоя қилишга мажбур. Агар бошига бирон мусибат келса:

{ إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ }

«Албатта биз Аллоҳнинг ( бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз» (Бақара: 156) ва: «Аллоҳнинг тақдири! У нимани хоҳласа қила олади!»– деб айтиши ҳамда Аллоҳнинг тақдирига рози бўлиши, нафси билан курашиб, уни Аллоҳ фарз қилган ибодатларни қилиш билан сарҳисоб қилиши, омонат, ҳуқуқларни адо этиш ва барча мусулмонга самимий бўлиш билан бирга Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни тарк эишга ҳаракат қилиши керак.

Демак, банда Аллоҳнинг тақдири жиҳатидан бошқарилган, Аллоҳ ато этган ақл, хоҳиш, истак ва ихтиёр билан эркиндир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бирингизнинг жаннат ёки жаҳаннамдан жойи ёзиб қўйилган»– дедилар. Баъзи саҳобалар: Ё Расулулоҳ, унда амал қилишнинг нима фойдаси бор?,– деб савол беришганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар амал қилинглар! Ҳар бир инсон ўзи учун яратиб қўйилган нарсага: саодат аҳли саодат аҳлининг амалига, бахтақаролар бахтиқаролар амалига муваффақ қилинадилар»– деб, Аллоҳ таолонинг ушбу оятини ўқидилар:

﴿فَأَمَّا مَنْ أَعْطَى وَاتَّقَى • وَصَدَّقَ بِالْحُسْنَى • فَسَنُيَسِّرُهُ لِلْيُسْرَى • وَأَمَّا مَنْ بَخِلَ وَاسْتَغْنَى • وَكَذَّبَ بِالْحُسْنَى • فَسَنُيَسِّرُهُ لِلْعُسْرَى﴾

«Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса, бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз.

И з о ҳ. Ушбу оятлардан маълум бўлишича, ким дунё ва охиратда бахтли-саодатли ҳаёт кечириши учун осон йўл изласа у киши уч хислатга эга бўлиши лозим экан: ўз зиммасидаги Аллоҳ таоло буюрган хайр-эҳсонни камбағал бечораларга ато этиш, мудом тақво билан, ёлғиз Аллоҳдан қурқиб яшаш ва яхши амал учун гўзал мукофот-жаннат бўлишини чин дилдан тасдиқ этиш Тангри таоло ана шу уч хислатга эга бўлган кишиларга жаннат йўлини осон қилишга ваъда берди. Энди қуйидаги оятларда юқоридаги хислатларнинг зиддига мубтало бўлган кимсалар ва улар топажак оқибат ҳақида сўз юритилади.

Энди ким (Аллоҳ йўлида ҳайр-саҳоват кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса, бас, Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз» (Лайл: 5 – 10).

Бу маънодаги оят ва ҳадслар жуда ҳам кўп бўлиб, биз тушунтирган нарсаларни ўз ичига олади. Тавфиқ Аллоҳдандир.

         Манбаъ: «Мақолалар ва фатволар девони», 7– жилд.