Category Archives: Бидъат

Бу категорияда бидъатлар ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Бидъатнинг фарз ва вожиби борми?

Бидъатнинг фарз ва вожиби борми?

Савол: Шайх Нававий (раҳимаҳуллоҳ) ўзининг шарҳида бидъатни беш қисмга бўлибди. Унинг биринчиси вожиб бўлган бидъат. Бунинг мисоли: даҳрийларга мантиқчилар далилини назм қилишдир. Иккинчиси: мустаҳаб бидъат. Бунинг мисоли: китоблар ёзишдир. Учинчиси: мубоҳ бидъат. Бунинг мисоли: турли таомларни истеъмол қилиш. Тўртинчи ва бешинчиси: ҳаром ва макруҳ бидъатлар бўлиб, уларнинг нималар экани маълум. Саволим шундан иборат: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Барча бидъат залолатдир», деганлар (Абу Довуд 4607; Ибн Можа 42). Ушбу ҳадис билан Имом Нававий (раҳимаҳуллоҳ) назарда тутган нарса ўртасидаги фарқ нима? Аллоҳ устингиздан баракалар ёғдирсин, тушунтириб берсангиз. 

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради (фатво № 145):

Имом Нававий (раҳимаҳуллоҳ)дан бидъатни беш қисмга бўлганлиги ҳақида келтирганингиз хабарни бошқа бир гуруҳ уламолар ҳам айтганлар ва: Бидъат беш қисм: вожиб, мустаҳаб, мубоҳ, ҳаром ва макруҳга бўлинади, деганлар. Бошқа уламолар эса: Бидъатнинг ҳар бири залолат бўлиб, уни тақсимланмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Барча бидъат залолатдир»– деганлар, деб айтганлар (Абу Довуд 4607; Ибн Можа 42).  Шунингдек, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ҳадислар ҳам келган. Улардан бирини Имом Муслим (раҳимаҳуллоҳ) «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий разияллоҳу анҳудан нақл қилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жума куни хутба қилар ва унда шундай дер эдилар: «Сўнг … Гапларнинг яхшироғи Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшироғи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи (дин ниқоби остида) янги чиққанлари ва ҳар бир бидъат залолатдир»» (Имом Муслим 867; Насоий 1578; Абу Довуд 2954; Ибн Можа 45; Имом Аҳмад 3/371; Доримий 206).

Бу ҳақда Оиша ва Ирбоз ибн Сория разияллоҳу анҳумоларнинг ҳадислари ва бошқа ҳадислар ҳам ривоят қилинган. Бидъатлар ҳақидаги тўғри ҳукм ҳам, мана шудир. Чунки, бидъат Нававий ва бошқалар айтганидек турларга бўлинмайди. Балки бидъатларнинг ҳар бири залолатдир. Бидъат мубоҳ ишларда эмас, диний ишларда бўлади. Аввалги замонларда бўлмаган ва ҳозирги кундаги турфа егуликлар, луғат – тил нуқтаи назаридан бидъат-янгилик ҳисоблансада, шариат нуқтаи назаридан бидъат ҳисобланмайди. Чунки, луғатдаги бидъат ўзидан аввал ўхшаши бўлмаган нарсани ифодалайди. Аллоҳ таолонинг:

{ بَدِيعُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ }

«Еру осмоларни яратгувчиси» (Бақара: 117) оятининг изоҳи: уларнинг илгари ўхшаши ҳеч ҳам бўлмаган ижодкори ва яратгувчиси, демакдир.

«Бидъат» сўзи шаръий амаллардаги ибодатлар учун истеъмол қилинади. Бундай пайтда барча бидъат залолат ҳисобланади. Уни: Фарз, суннат ёки бошқа қисмларга тақсимланади, деб айтилмайди. Мана шугина ҳақиқат ва илм аҳлларининг бир жамоати рози бўлиб қарорлаштирган ва ўзларига қарши бўлганларга раддия беришган тўғри гапдир.

 Даҳрий ва душманларга раддия бериш учун китоб ва назмлар ёзишни бидъат деб номланмайди. Балки у, Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ишдир. У бидаът эмас, Аллоҳга итоат этишдир. Қуръон Каримн Ислом душманлари ва рақибларига кўплаб оятларда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса кўплаб ҳадисларда раддия берганлар. Мусулмонлар Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан ўрганган билимлари билан, саҳобалар давридан то бизнинг кунимизгача даҳрийларга раддия бериб, далилларни баён қилиб, далилларни турларга бўлиб келганлар. Буларнинг ҳеч бири шариатда бидъат деб аталмайди. Балки, вазифани адо этиш, Аллоҳ йўлидаги жиҳод деб аталади.

Ҳа, бу, шариат ҳукмида бидъат эмасдир. Мадраса, қашшоқлар уйи ёки дарёлар лабига тўсиқлар қуриш ва бошқа, мусулмонларга фойда берадиган иншоотларни қуриш шариат нуқтаи назаридан бидъат эмас. Балки, шариат таълим беришга буюрган ва мадрасалар таълим олишга ёрдам беради. Шунингдек, фуқароларга ёрдам бериш учун Қашшоқлар уйларини қуриш ҳам бидъат эмас. Чунки шариат қашшоқ ва фақир инсонларга ёрдам қўлини узатишга амр қилган. Дарё соҳилларига ҳимоя тўсиқларини қуриш ҳам  мусулмонлар манфаати учун бўлиб, уларнинг ҳеч бири бидъат эмас, балки машуръ ишлардир. Уларни «бидъат» деб аташ тарихда ўхшаши қилинмаганини ифодалаган араб тили нуқтаи назаридандир. Бинобарин, Умар разияллоҳу анҳу ҳар кеча таровиҳ намозини бирга ўқишлари учун барча мусулмонларни битта имомга иқтидо қилиб ўқишни жорий қилди ва: «Бу қандай яхши янгилик (бидъат) бўлди!»– деди (Имом Бухорий 1906; Имом Молик «Муваттоъ» 252). Яъни, араб тили нуқтаи назаридан шундай деди. Чунки, аввал ҳеч бундай қилинмаган эди. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонида масжидда тўп-тўп бўлиб намоз ўқишар: бир имомга икки ва яна бошқасига уч, яна бошқасига ундан кўра кўпроқ одам иқтидо қилиб, бир пайтниг ўзида масжиднинг турли жойларида таровиҳ ўқишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса саҳобаларга имом бўлиб уч кеча таровиҳ намозини ўқиган, кейин эса ўқимаган ва: «(Таровиҳ намози) сизларга фарз бўлиб қолишидан қўрқдим»– деган эдилар (Имом Бухорий 696; Имом Муслим 761; Насоий 1604; Абу Довуд 1373; Имом Молик «Муваттоъ» 250). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлрига фарз бўлиб қолиш қурқувсидан, саҳобалар билан бирга таровиҳ намозини бошқа ўқимаган эдилар.

Хуллас, таровиҳ намозини ўқиш таъкидланган суннатлардан бўлиб, гарчи Умар разияллоҳу анҳу тил нуқтаи назаридан бидаът деган бўлсада, шариат нуқтаи назаридан бидъат эмасдир.

Демак, Аллоҳ ҳужжат нозил қилмаган ва одамлар дин ниқоби остида ўйлаб топишган барча нарсалар бидъат деб аталади. У бидъатлар залолат бўлиб, уларни қилиш жоиз эмас.

Бидъатларни вожиб, суннат, мубоҳ ва бошқа қисмларга бўлиш ҳам жоиз эмас. Чунки бундай қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баён қилган қоидага зид ва катта хатардир. Чунки бунга раддия берадиган одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга раддия берган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: «Барча бидъат залолатдир»– деганлар (Абу Довуд 4607; Ибн Можа 42).

Биров: Йўқ, бидъат бир неча қисмга бўлинган!, деса, бу жуда ҳам катта хатардир ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан одобсиздикдир. Илм аҳллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳурмат қилишлари, суннатга хилоф бўлган ишларни қилган одамни ҳалокатга олиб бориши мумкин бўлган ишлардан йироқ туришлари керак. Агар буни уламолар айтишган бўлса, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга раддия бериш учун айтмаганлар. Чунки Аллоҳ уларни бундай қабоҳатдан ҳимоя қилган! Аллоҳ уларни раҳмат қилсин! Бироқ, уларнинг бу яхши нийятли сўзларини ёмон нийтли дин душманлари ҳужжат қилиб олишлари ёки баъзи жоҳиллар бидъат ҳақида нотўғри фикрда бўлиб қолишлари мумкин.

Хуллас, бидъатни мустаҳаб, вожиб ёки бошқа қисмларга бўлиш хато бўлиб, бўлмаслик тўғридир.

 

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.