Category Archives: Ислом

Бу категорияда Исломга тааллуқли фатволар билан танишасиз.

Ислом, иймон ва эҳсон ўртасидаги фарқ

 

Ислом, иймон ва эҳсон ўртасидаги фарқ

 

Суҳандон: Ислом, иймон ва эҳсон ўртасидаги фарқ нима? Агар шахс Исломни барпо қилса ва бошқаларини тарк қилса, уни кофирга чиқарамизми ёки йўқми?

 

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

 

Бу уччаласи ўртасидаги фарқни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жибриил алайҳиссалом Ислом, иймон ва эҳсон ҳақида савол берганида баён қилиб берганлар ва: «Ислом ─ «Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадур расулуллоҳ» (Аллоҳдан бошқа барҳач илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир) деб гувоҳлик беришингиз, намозни тўкис адо этишингиз, (закотни беришингиз), рамазон рўзасини тутишингиз ва Уй (Каъба)ни ҳаж қилишингиздир», деганлар. Иймон ҳақида савол берганида эса: «(Иймон) ─ Аллоҳга, Аллоҳнинг фаришталари, китоблари, пайғамбарлари, Охират куни ва тақдирнинг яхши ва ёмонига ишонишингиздир»─ деганлар. Эҳсон ҳақида сўраганида эса: «(Эҳсон) ─ Аллоҳ таолога кўриб турганингиздек ибодат қилишингиздир. Агар уни сиз кўрмасангиз, У сизни кўриб туради»─ деб жавоб берганлар (Имом Аҳмад 184).

 

Ўртадаги фарқ ─ шудир. Улардан биронтасини тарк қилган одам бўлса, унинг тафсилотини ўрганилади: икки шаҳодат калималаридан воз кечган ва «ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадур расулуллоҳ» дея гувоҳлик бермаган одам, мусулмонлар ижмоси билан кофир ва муртаддир. Шаҳодат калималарини айтган бироқ намоз ўқимаган одам, уламоларнинг қувватли қавлларига кўра кофирдир. Бунга даллилар кўп бўлиб, ушбу дастур орқали эслатиб ўтмоқдамиз. Закот ёки (рамазон) рўза(си) ва ҳажни тарк қилган одам, қувватли қавлга кўра, кофир ҳисобланмайди. Чунки Абдуллоҳ ибн Шақиқ разияллоҳу анҳу шундай деган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари намоздан бошқа бирон ибодатни тарк қилишни куфр ҳисоблашмаган.

 

Иймоннинг рукнлари олтита бўлиб, улардан биронтасини тарк қилган одам кофир бўлади. Масалан, Аллоҳга иймон келтирмаган одам ─ кофирдир. Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтирмаган одам ─ кофирдир. Аллоҳнинг китоблари ёки пайғамбарлари ёхуд Охират куни ёда тақдирга иймон келтирмаган одам ─ кофирдир.

 

Эҳсон эса, камолотдир: агар уни одам амалга оширса (ибодатлар) мукаммал бўлади. Яъни, Роббисини кўриб тургандек намоз ўқиса (ўқиган намози тўкис бўлади). Гарчи у Аллоҳни кўрмаса ҳам, Аллоҳ уни кўриб туради! Демак, эҳсон ─ камолот ва фазилатдир. Иймон рукнларидан биронтасини тарк этиш эса куфрдир. Ислом арконларидан биронтасини тарк этиш ҳақида тафсилотли ҳукмлар бордир.

 

 

 

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

 

«Мустаҳкам арқон» нима?

 

«Мустаҳкам арқон» нима?

 

Суҳандон: «Мустаҳкам арқон» нима?

 

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

 

«Мустаҳкам арқон» ─ Исломдир. Уни «мустаҳкам арқон» деб аталди. Чунки у, жаннатга олиб боради.

 

 

 

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

 

Ислом рукнларидан биронтаси бузилса …

 

Ислом рукнларидан биронтаси бузилса …

 

Суҳандон: Мусулмон иймон рукнларидан биронтасини бузса, бунинг ҳукми нима бўлади?

 

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

 

Агар мусулмон иймон рукнларидан биронтасини қасддан ва рад этиб бузса, у одам кофир бўлади. Агар бирон таъвил билан бузса, кофир ҳисобланмайди. Масалан, тақдир ҳақидаги айрим масъалалрни инкор инкор қилган одамлар каби. Чунки бунадй одам таъвилчи ҳисобланиб, таъвили гоҳида талаб қилинган мақсаддан йироқ ва гоҳида талаб қилинган мақсадга яқинроқ бўлиши мумкин.

 

 

 

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

 

Аллоҳ инсон ичидаги васвасаларни мағфират қилганми?

Аллоҳ инсон ичидаги васвасаларни мағфират қилганми?

Савол: Аллоҳ таолонинг:

{ وَإِنْ تُبْدُوا مَا فِي أَنْفُسِكُمْ أَوْ تُخْفُوهُ يُحَاسِبْكُمْ بِهِ اللَّهُ }

«Ичингиздаги нарсани хоҳ ошкор қилинг, хоҳ яширинг, Аллоҳ сизларни ўша нарса билан ҳисоб-китоб қилади» (Бақара: 284) оятининг маъноси нима ва у билан: «Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматининг ичида бўлган бироқ амал қилмаган ёки гапирмаган нарсалар (васвасалар)ни афв этган» ҳадиси ўртасини қандай бирлаштиришимиз мумкин? 

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради (фатво № 13):

Ушбу:

{لِلَّهِ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ وَإِنْ تُبْدُوا مَا فِي أَنْفُسِكُمْ أَوْ تُخْفُوهُ يُحَاسِبْكُمْ بِهِ اللَّهُ فَيَغْفِرُ لِمَنْ يَشَاءُ وَيُعَذِّبُ مَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ}

«Самовот ва ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Ичингиздаги нарсани хоҳ ошкор қилинг, хоҳ яширинг, Аллоҳ сизларни ўша нарса билан ҳисоб-китоб қилади ва Ўзи истаган кишини мағфират қилиб, Ўзи истаган кишини азоблайди. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир» (Бақара: 284) оят карима нозил бўлганида кўплаб саҳобалар ҳам уни тушуна олмаган ва ишнинг нақадар оғирлигини ҳис этиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, бу ишнинг оғирлигини кўтара олмасликларини айтган эдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: «Сизлар ҳам аввалгилар каби: Биз эшитдик ва осий бўлдик,– демоқчимисизлар. (Йўқ), эшитдик ва осий бўлдик, денглар»– дедилар. Саҳобалар: Эшитдик ва итоат этдик,– дедилар. Улар бу гапларни айтишга мажбур бўлган эдилар. Шунинг учун ҳам, бу оятдан сўнгра Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди:

{آمَنَ الرَّسُولُ بِمَا أُنْزِلَ إِلَيْهِ مِنْ رَبِّهِ وَالْمُؤْمِنُونَ كُلٌّ آمَنَ بِاللَّهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِنْ رُسُلِهِ وَقَالُوا سَمِعْنَا وَأَطَعْنَا غُفْرَانَكَ رَبَّنَا وَإِلَيْكَ الْمَصِيرُ • لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا}

«Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар (ҳам иймон келтирдилар). Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши (айтди): «Унинг пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз». Ва «Эшитдик ва итоат этдик» (Бақара: 285, 286).

Аллоҳ таоло бу оят билан саҳобаларни риоя қилди, уларни афв этди ҳамда юқоридаги оят далолат қилган мазмунни мансух – бекор қилиб, улар қилган амалларига мудом давом этар ва устувор турар эканлар жазоланишлари, бироқ, қалблари ва кўнгилларига келиб қолган нарсалари афв қилинган эканидан дарак берди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ умматимнинг қалбидаги васвасаларни модомики амалга оширмас ва тилга олмас экан, кечирди»– дедилар (Имом Бухорий 4968; Имом Муслим 127; Термизий 1183; Насоий 3433; Абу Довуд 2209; Ибн Можа 2040; Имом Аҳмад 2/194). Шу билан, алҳамдулиллаҳ, муаммо ҳал бўлди ва мўъмин қилган ёки тилга олган ёхуд қалби билан мудом устувор турган кибр, нифоқ ва бошқа қабиҳ амали билангина жазоланадиган бўлди.

Шунинг учун гоҳида келиб, йўқ бўлиб кетадиган хаёл ва васвасалар зарар бермайди. Балки улар шайтон тарафидан ўткинчи васвасалар, холос. Шунинг учун ҳам саҳоблар: «Ё Расулуллоҳ, бировимизнинг кўнглидан шундай нарсалар ўтади-ки, уни айтиши осмондан тушиб кетишидан кўра оғирроқдир!» дедилар ёки шу мазмунда гап айтдилар. Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўша – иймоннинг очиқлигидир!»– дедилар (Имом Муслим 132; Абу Довуд 5111; Имом Аҳмад 2/441).

Бундай васваса – шайтондандир. Бирон мўъминда садоқат, ихлос, соғлом иймон ва Аллоҳ ҳузуридаги мукофотларга бўлган иштиёқни кўргани маҳал, шайтон васваса қилиб, унинг кўнглига ҳар хил бўлмағур фикрларни олиб келади. Мўъмин унга қарши иймон билан курашса ва Аллоҳга шайтондан сиғинса, шайтоннинг разилликларидан қутулади. Шунинг учун ҳам бошқа бир ҳадисда шундай дейилган: «Одамлар бир-бирларидан: Аллоҳ-ку барча нарсани яратибди. Аллоҳни ким яратган!!,– деб сўроқлайдилар. Кимнинг кўнглида шу нарса бўлса: Аллоҳ ва пайғамбарларига иймон келтирдим!,– десин» (Имом Бухорий 6866; Имом Муслим 136; Имом Аҳмад 3/102), бошқа бир ривоятда эса: «Аллоҳдан паноҳ сўраб, (бундай хаёлдан) тийилсин!» (Имом Бухорий 3102; Имом Муслим 134; Абу Довуд 4722; Имом Аҳмад 2/331).       

         Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

«Ла илаҳа илаллоҳ» ва жаннатга кириш

«Ла илаҳа илаллоҳ» ва жаннатга кириш

Савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ««Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадур расулуллоҳ» деган одам жаннатга киради», дедилар. Мен шуни билмоқчиман, одамнинг у калимани ҳаётида бир марта ёки бир неча марта ёхуд ўлими олдидан ёда қачондир бир пайт айтиши етарлими? Талаффуз қилган одам гуноҳ ишларга қўл урган бўлса ҳам, бу калима фойда бераверадими? Аллоҳ сизга билдирсин, бизга тушунтириб берсангиз.    

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради (фатво № 15):

Агар банда «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ),– деб айтиб, «Муҳаммадур расулуллоҳ» (Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир),– деб чин юракдан иймон келтириб гувоҳлик берса, Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилиб, ибодатда Аллоҳни яктоласа: У билан бирга мурдалар, дарахтлар, бутлар, юлдуз (бурж)лар ва бошқа нарсаларга ибодат қилмаса, балки Аллоҳнинг ўзигагина сиғиниб, Унинг инсону жинларга юборилган пайғамбарини тасдиқлаб, унга гувоҳлик берса, сўнгра шу ҳолатида гуноҳларга муккасидан кетмай, мусулмонлиги ва шу шаҳодатларни келтириши билан вафот этса, у жаннат аҳлидан бўлади (иншааллоҳ).

Аммо, зино ёки ароқ ичиш ёхуд ота-онага оқ бўлиш ё қариндошлар билан аразлаш каби гуноҳлари бўлса, бундай банда Аллоҳнинг хоҳишига ҳаволадир: хоҳласа афв этади, хоҳламаса жаҳаннамга киритиб, гуноҳининг ҳажмига қараб жазо беради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:

{إِنَّ اللَّهَ لَا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ}

«Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48).

Банда бу икки шаҳодат калимасини талаффуз қилиш билан бирга беш вақт намозларни адо этиши, закотни бериши, рамазон ойи рўзасини тутиши, Каъбатуллоҳни ҳаж қилиши, қўйинки, Аллоҳ фарз қилган ибодатларнинг барчасини қилиши керак. Бундай қилиши заруратдир. Бундан ташқари, Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан йироқ туриши лозим. Чунки шаҳодат калималарини айтган бўлсада, Исломни бузадиган ҳаром ишлардан биронтасини қилиб қўйса кофирга айланади. Зеро мунофиқлар «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадар расулуллоҳ» деб гувоҳлик берган бўлсалар ҳам, ботин – ички дунёларида Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи дедилар-да, жаҳаннамнинг тубида азобланадиган кофирга айландилар. Бинобарин, «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир» дея гувоҳлик берган, сўнгра эса Ислом дини ёки Аллоҳни ҳақорат қилган одам, Аллоҳ сақласин, мусулмонликдан чиқади.

Шунингдек, фарзлигини инкор этамасада намозни қасддан ўқимаган одам ҳам, кўплаб илм аҳлларининг фатвосига кўра, кофир бўлади. Шу фатво тўғридир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

«У (мушрик)лар билан ўртамиздаги аҳд – намоз ўқишдир. Ким намозни тарк қилса, кофир бўлибди» (Имом Аҳмад 5/346; термизий 2621; насоий 463; Ибн Можа 1079);

«Киши билан куфр ва ширк ўртасида намозни тарк қилиш бордир» (Имом Муслим 82; Термизий 2620; Абу Довуд 4678; Ибн Можа 1078; Имом Аҳмад 3/389; Доримий 1233).

Намознинг фарз эканини инкор этган одамнинг, гарчи намоз ўқисада, кофир эканида уламолар якдил фикрдадир. Чунки у, Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни рад этган бўлади.

Бироқ, рўза тутиш ёки закот беришнинг фарз эканини била туриб тарк этса, рўза тутишнинг фарз эканини била туриб уни тутишда лоқайдлик қилса, катта гуноҳ ва осийликка қўл урган бўлади. Аллоҳ таоло бундай одамга Қиёмат куни қаттиқ азобни ваъда қилди. Агар хоҳласа уни кечираверади. Шунинг учун ундай одам Аллоҳнинг хоҳишига ҳаволадир.

Шунга кўра, юқорида эслатиб ўтилган ароқ ичиш ёки ота-онага оқ бўлиш ёхуд судхўрлик қилиш каби гуноҳларга қўл урган одам, модомики Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалол демас ва уларнинг гуноҳ эканини била туриб нафсу ҳавоси, шайтони ва ёмон дўстларига эргашиб қилган экан, катта гуноҳни қилган бўлади. Бу билан унинг иймони камайиб, заифлашади. Аҳли суннат эътиқоди бўйича, ундай одам Аллоҳнинг хоҳишига ҳаволадир. Шундай бўлсада унга, хаворижларга қарши ўлароқ, кофир ҳукми берилмайди. Балки у Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола этилади ва иймони камаяди. Аллоҳ хоҳласа мағфират қилади, хоҳласа жаҳаннамда қилган гуноҳига яраша жазолайди. Жазосини олиб гуноҳлардан поклангач, Аллоҳ уни жаҳаннамдан чиқаради ва азоблар ичида мангу қолдирмайди. Зеро жаҳаннамда кофирларнгина мангу қоладилар.

Жаҳаннамда муваққат қолиш эса қотил ва зоний одамлар учун белгиланганидек, айрим осийларгагина хосдир. Буни «муваққат мангулик»– деб аталади. Кофирлар мангулиги эса, чексиздир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

{كَذَلِكَ يُرِيهِمُ اللَّهُ أَعْمَالَهُمْ حَسَرَاتٍ عَلَيْهِمْ وَمَا هُمْ بِخَارِجِينَ مِنَ النَّارِ}

«Шундай қилиб, Аллоҳ таоло уларнинг қилган амалларини ўзларига ҳасрат-надомат қилиб кўрсатади ва улар жаҳаннамдан чиқувчи бўлмайдилар» (Бақара: 167);

{يُرِيدُونَ أَنْ يَخْرُجُوا مِنَ النَّارِ وَمَا هُمْ بِخَارِجِينَ مِنْهَا وَلَهُمْ عَذَابٌ مُقِيمٌ}

«Улар дўзахдан чиқмоқчи бўладилар-у, ҳеч ундан чиқувчи бўла олмайдилар — улар учун доимий азоб бордир» (Моида: 37).

Аллоҳ таолодан офият сўраймиз.           

 

          Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.