Category Archives: Тумор

Бу категорияда тумор ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Қуръон ўқиб дам солиш

Савол: Қуръон билан даволаниш, дам солиш, Муъаввазот сураларини ўқишга одатланиш ва Қуръондан туморлар ясашнинг ҳукми нима?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 2392 – 4):

Аввало, Қуръон билан даволаниш, Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида нақл қилинган ҳадисга кўра, жоиздир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан бир нафар одамлар сафарга чиқиб, араб қабилаларидан бирида қўноқладилар ва ўзларини меҳмон қилишларини сўрадилар. Бироқ қабиладагилар уларни меҳмон қилишдан бош тортдилар. Баногоҳ, қабила сардорини чаён чақиб олди ва қўлларидан келган барча нарсани қўллаб кўрсаларда нафи тегмади. Ичларидан баъзилари: Қўноқлаётган анави нафарнинг олдига боринглар. Шояд уларнинг ичида бу ҳақда бирон маълумот бордир,- дейишди. Нафар олдига келиб: Эй жамоат, сардоримизни чаён чақиб олди ва биз қўлимиздан келган барча нарсани қилсак-да фойдаси бўлмади. Шунинг учун ичингизда (уни даволай оладиган кишининг маълумоти) борми?,- дедилар. Битталари: Ҳа, мен дам соламан. Лекин, сизлардан меҳмон қилишингизни сўрасак рад этдингиз. Бизга бирон нарса бермасангиз дам сола олмайман,- деди ва улар билан бир неча қўйга келишди. Бориб дам солганида бемор худди тушовдан қутилган (туя)дек, довдирамай юра бошлади. Қабиладагилар келишилган қўйларни бердилар. Нафардагилар (қўйларни кўриб): Орамизда бўлиб беринглар!,- дейишди. Дам солган одам эса: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига боргунча бўлишманглар. Биз бўлган воқеъани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб, Унинг нимага буюришига қараймиз,- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, бўлган воқеъани айтиб беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унинг руқя эканини қаердан билдингиз?! Тўғри қилибсизлар, (қўйларни) бўлишиб олинглар! Бўлиширкан менга ҳам бир ҳисса ажратинглар!»– дедилар» (Имом Бухорий 2156, Имом Муслим 2201, Термизий 2063, Абу Довуд 3418, Ибн Можа 2156, Имом Аҳмад 3/50). Бу ҳадис Қуръон билан даволаниш машру эканига далолат қилади.

Иккинчидан, Қуръондан тумор қилиб олиш – гуноҳ йўлини тўсиш учун туморлар тақишнинг ҳаром эканига далолат қиладиган ҳадисларнинг умумий маъноларига биноан айтилган уламоларнинг қувватли қавлларига кўра, жоиз эмасдир.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Аъзо:             Абдуллоҳ ибн Қаъуд

Жавшан тақиб юриш

Жавшан тақиб юриш

Савол: Қуръон оятларини ўқиб дам солиш ёки оятлар ёзилган туморларни осиб юришнинг ҳукми нима? Ўзим билан бирга «ал–Ҳиснул Ҳасийн», «Жавшан» ва «ас–Сабъул уқудис–Сулаймонийя» китобларини кўтариб юрсам бўладими? Бу китоблардаги дуоларнинг назар ва ҳасаддан сақланишда фойда бериши тўғрими? Айтишларича, унда ҳам Фалақ ва Нос каби суралар ва Оятул Курсий бор экан. Уларни кўтариб юрмай, ўзини ўқишнинг фойдаси борми?  

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 4798 – 3):

Қуръон оятлари, зикрлар ва ширку ҳаром нарсалар бўлмаган дуолар билан дам солиш, жоиздир. Аммо «ал–Ҳиснул Ҳасийн», «Жавшан» ва «ас–Сабъул уқудис–Сулаймонийя» китобларини тумор қилиб олиш жоиз эмас.

Оятул Курсийни ухлашдан илгари ўқишнинг фойдаси бор. Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини ўқишнинг ҳам фойдаси бор.   

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

 

Тумор таққан одамнинг ибодати

Тумор таққан одамнинг ибодати

Тингловчи: Қўлида тумор бўла туриб намоз ўқиган ёки ундан бошқа бирон ибодатни қилган одамнинг ҳукми нима?

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради (фатво № 20):

Тумор тақиш жоиз бўлмай, ҳаромдир. Тумор тақиш – кичик ширк бўлиб, катта ширкка олиб боради. Агар унинг қалби туморга боғланмаган ва туморни фойда ёки зарар беради деб эътиқод қилмаган, яъни, катта ширкни қилмаган экан, намози раводир. Чунки, кичик ширк амалларни ботил қилмайди. Фақатгина риёкорлик амалларни бекор қилади.

Аммо, тумор қандай ном билан аталмасин ва суяк, тилсим, азойим, қисқартирилган ҳарфлар, Қуръон оятлари, пайғамбаримизнинг дуолари ёки бошқа нарсалардан қилинган бўлмасин, уни суқланмасин ёки жин тегмасин дея болаларга, гоҳида катта ёшдагиларга ёхуд беморларга тақиб қўйишлари хато ва жоиз эмасдир. Шундай бўлсада, унинг намози раво бўлиб, одам мусулмон ҳисобланади. Бундай қилиш хато ва таъқиқланган кичик ширкдир. Одамнинг қалби туморга боғланса, Аллоҳни қўйиб туморнинг ўзигина фойда ёки зарар бера олади деган эътиқодга борса, туморнинг сабаб эканини ўйламаса ёки туморнинг ўзигина шифо беради деб ишонса, бу – хатарли эътиқод ва катта ширкдир. Бироқ, мусулмонларнинг кўплари бундай эътиқодда бўлмайди, балки тумор сабаблардан бири, деб тушунади. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тамима (кўз тегмасин дея тақилган тумор)ни таққан одамни Аллоҳ сақламасин! Вадаъа (тинчлантириш учун тақилган тумор)ни таққан одамга Аллоҳ тинчлик бермасин! Тумор таққан одам ширк келтирибди»– дедилар (Имом Аҳмад 4/154). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай туморларнинг ва уларни тақишнинг ҳаром эканини баён қилдилар. Шунинг учун ҳам, мўъмин агар бу гуноҳга қўл урган бўлса, тавба қилиши, туморларни узиб ташлаши ва улардан мутлақ эҳтиёт бўлиши керак. Туморлар гарчи Қуръон оятларидан қилинган бўлса ҳам, уларни узиб ташлаш керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тумор тақишни таъқиқладилар ва уларнинг биронтасини истисно қилмай, барчасидан огоҳлантирдилар. Ҳолбуки, Қуръон оятларидан туморлар ясаш, бошқа ширкларга олиб борадиган воситадир. Ширк дарвозаларини ва омилларини беркитиш лозим. Бу – менинг барча мусулмонга насиҳатимдир. У, туморларни елкаси, бўйни ёки бошқа аъзоларига, фарзандларига, хотинига ёки бошқа кимсаларга тақмасин. Балки, Аллоҳдан ҳимоя изласин. Аллоҳнинг комил сўзлари билан, яратилган махлуқларнинг шарридан паноҳ сўрасин. Шаръий ва пок зикрлар ва вирдларни ўқисин. Шунинг ўзи кифоядир. Туморларни тақишга эҳтиёж йўқ. Бундай қилиш барча мусулмон учун фарздир.           

         Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Ҳимояланиш мақсадида тақилган нарса – тумордир

Ҳимояланиш мақсадида тақилган нарса – тумордир

Савол: Чаённинг бир тури бўлиб, уни (қуритилганини) тақиб олса одамни чаён чақмайди. Айтингчи, шуни тақиб олиш таъқиқланган тумор қаторига кирадими?

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради (фатво № 21):

Ҳа, чаён чақишидан ҳимоя қиладиган нарса: «Чаёнлар ёки илонлар ёхуд иситма ёки бошқа нарсалардан ҳимоя қилади» деган эътиқод билан тақилса, у тумор ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тумор тақишни таъқиқлаганлар ва: «Тамима (кўз тегмасин дея тақилган тумор)ни таққан одамни Аллоҳ сақламасин! Вадаъа (тинчлантириш учун тақилган тумор)ни таққан одамга Аллоҳ тинчлик бермасин! Тумор таққан одам ширк келтирибди»– деганлар (Имом Аҳмад 4/154).

Бошқа ривоятда эса: «Тамима (кўз тегмасин дея тақилган тумор)ни таққан одам (Аллоҳга) ширк келтирибди!»– дейилган (Имом Аҳмад 4/156).

Бундан мақсад, иситма, чаён, илон, йиртқич ҳайвонлар, суқланиш ёки шуларга ўхшаш бошқа нарсаларга қарши тумор тақиш ва ўша ҳалқа ёки пахта, жун ёки бошқа нарсалар тугуни ёда узук уларни даф қила олади деган эътиқодда бўлиш, жоиз эмас. Булар – жоҳилият ишларидир. Бундай пайтларда Аллоҳ таоло шариатлаб қўйган ишларни қилиш керак. Масалан: тонгда ва кечқурун уч марта Аллоҳ таолонинг комил сўзлари билан Аллоҳ яратган нарсаларнинг шарридан паноҳ сўраш ва:

(بِسْمِ اللهِ الَّذِي لاَ يَضُرُّ مَعَ اسْمِهِ شَيْءٌ فِي الأَرْضِ وَلاَ فِي السَّمَاءِ وَهُوَ السَّمِيُع الْعَلِيمُ)

«Исми билан Еру осмондаги бирон нарса зарар бера олмайдиган Аллоҳнинг номи билан (паноҳ сўрайман). Ҳолбуки У – эшитгувчи ва билиб тургувчи Зотдир»– деб уч марта айтиш, намоздан кейинги зикрлардан сўнгра ва ухлашдан олдин Оятул Курсийни ўқиш, ҳар намоздан кейин Ихлос, Нос ва фалақ сураларини ўқиш. Буларнинг ҳар бири ёмонликлардан сақланиш омилидир. Мазкур сураларни тонгда ва кечқурун ҳамда ухлашдан один уч марта ўқишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рағбатлантирдилар. Аммо ип ёки ҳалқа ёхуд узук ёда бошқа бирон нарсани балони кўтариши ёки даф қилиши нийятида тақиб олиш, жоиз эмас. Яъни, иситма ёки чаёнлар ёхуд илонлар ёда шунга ўхшаш бирон бошқа нарсаларнинг зараридан ҳимояланиш учун тақиб олиш, жоиз эмас.          

 

         Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

Оят ёзилган туморлар

Оят ёзилган туморлар

Тингловчи: Бизнинг Суданда «фақиҳлар» деб аталган одамлар бор. Улар Қуръон оятларини кичик варақлар ёки туморлар ёда тахталарга ёзишиб, касалликка қараб уни ювиб, ичирадилар. Туморларни эса қуролга, шайтон ва ёмон ҳодисаларга қарши ишлатиш учун ёзиб берадилар. Уларни тажрибадан ўтказмаган одамлар, қилинаётган бу ишларни жоду деб айтадилар. Бироқ, мажнун ва ақли заиф инсонлар фақиҳлар қўлида даволаниб кетганига юзлаб гувоҳлар бор. Одамлар эса юзлаб туморларни тақиб, қурол-аслаҳанинг зараридан ҳимоя қилишига ишонадилар. Аллоҳ сизга билдирсин, бизга тушунтириб берсангиз: сизнинг булар ҳақидаги фикрингиз қандай?

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради (фатво № 18):

Берилган саволга аниқлик киритиш керак. Агар илм толиби ёки фақиҳ деб аталаётган одам, бирон варақ ёки идишга заъфарон ёки асал ёки шуларга ўхшаш нарса билан Қуръон оятларини ёзиб, уни бемор ювиб ичаётган бўлса, бунга кўплаб илм аҳллари ижозат беришган. Буни Ибн Қоййим (раҳимаҳуллоҳ) «Зодул маъод фий ҳадйи хойрил ибаад» китобида ва бошқа уламолар талайгина салаф олимларидан нақл қилганлар. Бу мавзуда анчагина кенг йўллар бор. Шунга кўра, агар Қуръон оятлари ёки шаръий дуолар заъфарон ёки асал билан ёзилиб, уни бемор ювиб ичса, Аллоҳ фойда беради.

Булардан кўра яхшироғи эса, бировнинг беморга оят ва машруъ дуоларни ўқиб дам солиб, Аллоҳ таолодан шифо сўрашидир. Чунки буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар ҳам қилишар эдилар. Агар сувга дам солиб уни бемор ичса ёки ундан беморга сепилса, Аллоҳнинг изни билан, фойдали бўлади. Абу Довуд (раҳимаҳуллоҳ) яхши санад билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Собит ибн Қайс ибн Шаммос разияллоҳу анҳуга шундай қилганларини нақл қилган.

Варақ ёки тери ёхуд бошқа нарсаларга оят ва машруъ дуоларни ёзиб, қуроллар ёки жинлардан ҳимоя қилиши учун беморга осиб қўйиладиган туморларга келсак, бу жоиз эмас. Фақатгина Қуръон оятлари ёзилган туморларга айрим илм аҳллари ижозат берган бўлсаларда, уларнинг асослари заифдир. Тўғриси эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисининг умумий маъноларига кўра, барча туморларни тақишнинг таъқиқланишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Тамима (кўз тегмасин дея тақилган тумор)ни таққан одамни Аллоҳ сақламасин! Вадаъа (тинчлантириш учун тақилган тумор)ни таққан одамга Аллоҳ тинчлик бермасин! Тумор таққан одам ширк келтирибди» (Имом Аҳмад 4/154). Бу ерда назарда тутилган ширк – кичик ширкдир. Чунки бу амр билан бошқа, ширк ва маъсиятга олиб борадиган туморларни тақишнинг олди олинмоқда. Бу эса шариатнинг энг буюк мақсадлари ва вазифаларидир.

Оятлардан бошқа суяк, тилсим, азойим ва номаълум исмларни тақиб олишнинг мумкин эмаслигига, илм аҳллари якдил жавоб берганлар. Чунки, юқорида айтиб ўтганимиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Тамима (кўз тегмасин дея тақилган тумор)ни таққан одамни Аллоҳ сақламасин! Вадаъа (тинчлантириш учун тақилган тумор)ни таққан одамга Аллоҳ тинчлик бермасин! Тумор таққан одам ширк келтирибди» (Имом Аҳмад 4/154). Зеро бу ишлар қалбларни Аллоҳдан тўсиб, уларни Аллоҳдан бошқасига боғлагани учун ҳам, жоҳилий ишлардир.Қалблар эса Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ўзигагина боғланиши ва Унгагина суяниши керак. Туморларни тақиб олиш эса, қалбларни туморларга мойил қилиб, улардан умидвор ва улар билан қувонадиган қилиб қўяди. Бу эса катта хатодир. Шунинг учун ҳам тумор ёки туморга исмдош (синоним) бўлган барча нарсаларни тақиш жоиз эмас. Имом Аҳмад (раҳимаҳуллоҳ) Имрон ибн Ҳусойн разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мис ҳалқа тақиб олган одамдан бунинг сабабини сўрадилар ва у: Воҳина (касаллиги – елка оғриғи)дан сақланиш учун тақиб олганман,– дегач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уни чақариб ташла! У касалликни кучайтиради, холос. Агар у (тумор) сенда тақилган ҳолатида ўлсанг (жаҳаннам азобидан) ҳеч ҳам қутулмайсан!»– дедилар» (Имом Аҳмад 4/445; Ибн Можа 3531). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг баъзилари касалликдан сақланиш учун қўлларига тақиб оладиган ушбу ҳалқа, уларнинг касалликларини тузатиш ўрнига кучайтириши ҳамда тақилиши керак бўлмаган мункар эканидан дарак бердилар. Бу ҳалқа ҳам туморга ўхшаган нарса эди.

Буюк саҳобалардан бири Ҳузайфа разияллоҳу анҳу бир кишининг олдига кирди ва унинг қўлига боғланган ипни кўриб, у ҳақида сўради. Одам: Бу иситмадан сақланиш учун!– деганида, уни узиб ташлади ва Аллоҳ таолонинг ушбу оятини тиловат қилди:

{ وَمَا يُؤْمِنُ أَكْثَرُهُمْ بِاللَّهِ إِلَّا وَهُمْ مُشْرِكُونَ }

«Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар» (Юсуф: 106).

Бу ривоят саҳобалар тумор тақишни таъқиқлаб, уни ёмон кўрганликларига далолат қилмоқда. Шунинг учун мусулмон эр ва хотин ушбу тумор, ип ва азойимларни бемор ёки чақалоқ ёки бошқаларга жин ва қуроллар, жоду ёки бошқа нарсалардан ҳимоя қилиши нийятида тақмасликлари керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни таъқиқлаганлар ва тумор тақиш жоиз эмаслигини айтиб, у ва бу туморларни тақиш ҳақида тафсилотли хабар бермаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Қуръондан бўлсагина бўлаверади, демаганлар, балки ҳукмни умумий берганлар. Бу Қуръондан ёки бошқа нарсалардан қилинган барча туморларнинг таъқиқланган эканини кўрсатмоқда. Чунки қонун чиқарувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъқиқни умумий қилганлар. Ҳобуки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга энг самимий насиҳатгўйдирлар. Агар туморлар ичидан истиснолари бўлса эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни айириб айтган бўлар эдилар.

Бундан ташқари, Қуръон оятлари ёзилган туморларни тақиш, бошқа туморларни тақишга йўл очиб, иш қийинлашиб кетади ва ширкий туморлар урчийди.

Гуноҳларнинг олдини тўсиш ,исломий шариатнинг энг муҳим ишларидан биридир. Шунинг учун ҳадисларнинг умумий маъноларига кўра ва ширк омиллариниг олдини олишга ҳамда умматни эътиқодини бузадиган нарсалардан сақлаш учун, барча туморларни бутунлай таъқиқлаш лозим. Чунки ширк омиллари, Аллоҳнинг ғазабини келтиради. Аллоҳ таолодан барчамиз учун ҳидоят ва тавфиқ сўраймиз.                    

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.