Category Archives: Аллоҳга иймон келтириш

Бу ерда Аллоҳга қандай иймон келтириш ҳақидаги китоб ва мақолалар билан танишасиз.

Тавҳид калимасининг шартлари

 

Тавҳид калимасининг шартлари

 

Савол: Тавҳиднинг турлари нима ва тавҳид калимасининг шартлари–чи?

 

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

 

Тавҳид калимаси ҳақидаги саволга жавоб шуки, тавҳид калимаси «Ла илаҳа илаллоҳ» яъни: «Барҳақ маъбуд – Аллоҳдир», демакдир. Бу калима икки муҳим нарсани ўз ичига олади. Уларнинг биринчиси: ҳақиқий илоҳликнинг Аллоҳ азза ва жалладан бошқаларида эканини инкор этиш. Яъни, Аллоҳгина ҳақиқий илоҳдир. Иккинчиси эса, илоҳликни Аллоҳ учун исбот этиш. Шу билан Исломга кириш дарвозаси ҳисобланган буюк калимадаги ихлос камолига етади. Шунинг учун ҳам, «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган одам ўз қони ва молини сақлаб қолади. «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу жанг майдонидан қочаётган мушрик одамга етиб олди ва уни ўлдирмоқчи бўлганида: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб юборди. Усома разияллоҳу анҳу, шундай дейишига қарамай уни ўлдирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бундан дарак берилганида Усома разияллоҳу анҳуга: ««Ла илаҳа иллаллоҳ» деса ҳам ўлдирдингми?!»– дедилар. Усома разияллоҳу анҳу: Мен уни ихлос билан эмас, жонини сақлаш учун айтган, деб ўйлабман,– деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна аввалги жумлаларини қайтара бошладилар. Усома разияллоҳу анҳу: «Ўшанда кошки ҳануз мусулмон бўлмасайдим!»– деган орзуга бордим,– деди (Имом Муслим 4269; Имом Муслим 288).

 

Бу, тавҳид калимасидаги энг муҳим нарсалардан биридир. Яъни, унинг қабул бўлиш шартларидан бири, инсон уни чин юракдан қуруққина такрорламай, бировларга тақлид қилмай, қатъий ишонч билан айтиши керак. Бундан ташқари тавҳид калимасини тугалловчи фарз ёки мустаҳаб бўлган амаллар ҳам борки, уни илм аҳллари ўз китобларида баён қилиб беришган.     

 

 

 

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

 

Тўғри ва нотўғри эътиқод мавжудлигининг сабаби

 

Тўғри ва нотўғри эътиқод мавжудлигининг сабаби

 

Суҳандон: Тўғри ва нотўғри эътиқод мавжудлигиниг сабаби нима?

 

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

 

Бу жуда ҳам ажойиб савол–ку! Яъни, сиз: Мўъминлар ва кофирлар, фосиқлар ва мўътадиллар мавжудлигининг сабаби нима?,─ деб сўрай қолинг! Биз бу саволга шундай жавоб берамиз: Бу, Аллоҳ таоло айтганидек, Аллоҳ таолонинг ҳикматидир:

 

﴿هُوَ الَّذِي خَلَقَكُمْ فَمِنْكُمْ كَافِرٌ وَمِنْكُمْ مُؤْمِنٌ

 

«У сизларни яратган зотдир. Бас, сизлардан (айримларингиз) кофир, сизлардан (айримларингиз) мўминдир» (Тағобун: 2);

 

﴿وَلَوْ شَاءَ رَبُّكَ لَجَعَلَ النَّاسَ أُمَّةً وَاحِدَةً

 

«Агар Парвардигорингиз хоҳлаганида, барча одамларни бир миллат (яъни бир динга эргашувчи) қилган бўлур эди» (Ҳуд: 118). Яъни, уларни ягона дин ва ягона эътиқод узра қўйган бўлар эди. Лекин:

 

﴿وَلَا يَزَالُونَ مُخْتَلِفِينَ إِلَّا مَنْ رَحِمَ رَبُّكَ وَلِذَلِكَ خَلَقَهُمْ

 

«(Лекин У зот бундай бўлишини истамади. Шунинг учун) улар (одамлар) мудом ихтилоф қилурлар, магар Парвардигорингиз раҳм қилган кишиларгина (ҳақ йўлда иттифоқ бўлиб яшарлар). Уларни шунинг учун (яъни бировлари ҳақ йўлда ҳидоят топишлари, бошқалари ноҳақ йўлларда талашиб-тортишиб юришлари учун) яратгандир» (Ҳуд: 118, 119).

 

Агар бу фарқлилик бўлмаса эди жаннат ва жаҳаннамни яратиш беҳуда бўлар эди. Чунки жаҳаннам ҳам, жаннат ҳам ўзида яшайдиганларга эҳтиёжни ҳис қилади ва бу ихтилофни чорасиз қилиб қўяди.

 

Агар савол берган одам: Тўғир (соғлом) эътиқод билан нотўғри эътиқод асослари нима?,─ деб сўраётган бўлса, унга жавобимиз шундайдир: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар қилган эътиқодга мос эътиқод ─ соғлом (тўғри), унга терс эътиқод эса бузуқ (нотўғри) эътиқоддир.

 

Тана ибодатлари ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар қилган амалларга мос амаллар солиҳ, мос бўлмаганлари эса фосид ─ бузуқ амаллардир.

 

Биз шулар ҳақида сўрашимиз ҳамда эътиқод ва амалларимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларнинг эътиқод ва амалларига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигимиз ҳақида изланишимиз керак. 

 

 

 

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

 

«Ла илаҳа илаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ»нинг маънолари қайси китобда ёзилган?

«Ла илаҳа илаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ»нинг маънолари қайси китобда ёзилган?

Савол: Инсон ва жинларга пайғамбар қиилб юборилган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида: «Ким: «Ла илаҳа иллаллоҳ. Муҳаммадур расулуллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир) деса жаннатга киради» деган калимаи тоййиба икки бўлимни, яъни: «Ла илаҳа» (Илоҳ йўқ) инкор ва «Иллалоҳ» (Фақатгина Аллоҳ илоҳдир) исботни ўз ичига олади. Бу маъно Аллоҳнинг яктолигига далолат қилади.

Иккинчи бўлим эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигини ифодалайди. Айтингчи, бу маълумотларни қайси китоблардан топишим мумкин? Агар бу иккиси Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида келган бўлса, бошқа қайси китобларда топишим мумкин?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 7701 – 1):

Ислом рукнининг ушуб биринчи рукни ўзининг ҳар икки бўлими билан Қуръон Каримда ворид бўлган. Аллоҳ таоло (калимаи тоййибанинг биринчи бўлими ҳақида) шундай деди:

﴿اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ﴾

«Аллоҳдан ўзга ҳеч кандай тангри йўқ. Фақат Унинг ўзи бордир. У тирик ва абадий тургувчидир» (Бақара: 255);

﴿فَاعْلَمْ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ﴾

«Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг» (Муҳаммад: 19);

﴿ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ﴾

«Мана шу Аллоҳ Роббингиздир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи бордир. У ҳамма нарсани яратгувчидир» (Анъом: 102).

Аллоҳ таоло (калимаи тоййибанинг) иккинчи бўлим(и) ҳақида шундай деди:

﴿مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللَّهِ وَالَّذِينَ مَعَهُ أَشِدَّاءُ عَلَى الْكُفَّارِ رُحَمَاءُ بَيْنَهُمْ﴾

«Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар» (Фатҳ: 29);

﴿وَمَا مُحَمَّدٌ إِلَّا رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِنْ قَبْلِهِ الرُّسُلُ﴾

«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир» (Оли Имрон: 144).

Суннатдан далиллар эса, Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг «Саҳиҳ»ларида Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушуб ҳадиси ривоят қилинган: «Ислом беш нарсага асосланган: «Ла илаҳа илаллоҳ ва Муҳаммадур расулуллоҳ» дея гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закотни бериш, Уй (Каъба)ни ҳаж қилиш ва рамазон рўзасини тутиш» (Имом Бухорий 7, Имом Муслим 21).

Имом Муслим (раҳимаҳуллоҳ)нинг «Саҳиҳ»ида Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида ўтирганимизда кийимлари оппоқ, сочлари тим қора, сафар алмоатлари кўринмаган, ичимиздан бирон киши танимаган бир одам чиқиб келди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб тиззаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тиззаларига теккизиб ўтирди вакафтларини сонлари устига қўйди-да: Ҳой Муҳаммад, менга Исломдан хабар еринг?,– деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, деб гувоҳлик беришингиз, намозни тўкис адо этишингиз, закотни беришингиз, рамазон рўзасини тутишингиз, йўлига кучингиз етса Уй (Каъба)ни ҳаж қилишингиздир»– дедилар. (Ҳалиги одам): Тўғри айтдингиз!,– деди. Биз: Ҳа сўрайди ва ҳам тасдиқлайди-я?!,– деб ҳайрон бўлдик.

–                    Менга Иймондан хабар беринг?

–                    (Иймон) – Аллоҳга, Унинг фаришталари, китоблари, элчилари, охират куни ва тақдирнинг яхши ва ёмонига ишонишингиздир.

–                    Тўғри айтдингиз. (Энди) менга эҳсондан хабар беринг?!

–                    (Эҳсон) – Аллоҳга Уни кўриб турганигиздек ибодат қилишингиздир. Гарчи – Сиз кўрмасангиз ҳам, У сизни кўриб туради.

–                    Тўғри айтдингиз. (Энди) Қиёмат ҳақида хабар беринг?!

–                    Бу ҳақда сўралаётган одам савол бераётган одамдан кўра билгувчироқ эмас!

–                    (Ундай бўлса), менга Қиёматнинг аломатларидан хабар беринг?!

–                    Чўрининг ўз мураббиясини туғиши, фақир, ялангоёқ ва яланғоч қўйчивон одамларнинг бинокорликда димоғдорлик қилишларини кўришингиз( – Қиёматнинг аломатларидандир).

Сўнгра, (ҳалиги) одам кетди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдидалирда бир оз қолдим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Савол берган одамни танидингизми?»– дб сўраб қолдилар. Мен: Аллоҳ ва Расули уни мендан кўра яхшироқ билади,– дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У – чизларга динингизни ўргатиш учун келган Жибрил эди»– дедилар» (Имом Муслим 9).

Икки «Саҳиҳда» Убода ибн Сомит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким «Ягона шерисиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад – Унинг қули ва расули, Ийсо – Унинг қули ва калимаси ва руҳи бўлиб, уни Марямга отган, жаннат – ҳақ, жаҳаннам – ҳақдир»– деб гувоҳлик берса, Аллоҳ уни қандай амал қилган бўлишидан қатъий назар жаннатга киритади» (Имом Муслим: 41).

Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ)нинг «Саҳиҳ»ида эса Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен одамлар билан «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ) деб айтгунларича жанг қилишга буюрилдим. Агар шундай десалар, намозимизни ўқисалар, қибламизга йўналсалар, ҳайвонларимизни (шариат асосида) бўғизласалар уларнинг қонлари(ни тўкишимиз), моллари(ни талон-тарож қилишимиз) ҳаромдир. Моллари ҳақидаги ҳисоблари эса Аллоҳгадир»» (Имом Бухорий 379).

Икки «Саҳиҳ»да Итбон разияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинади: «Аллоҳ Аллоҳнинг юзини излаб «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ) деган одамни (азоблашни) жаҳаннамга ҳаром қилди» (Имом Бухорий 4892).

Илм аҳллари ушбу ҳадисларни ва шу ҳадислар маъносидаги бошқа ҳадисларни қуйидагича изоҳладилар: «Бу икки шаҳодат калимасини талаффуз қилиш ва уларнинг фарзларни адо этиш ва ҳаром нарсаларни тарк қилиш ҳамда ибодатни Аллоҳнинг ўзи учунгина холис қилиш каби ҳаққини адо этган одамни Аллоҳ таоло биринчи бўлиб жаннатга киритади. Аммо ширкдан бошқа гуноҳлар қилиб, тавба қилмай вафот этган одам, Аллоҳнинг хоҳишига қолади: Аллоҳ субҳоаҳу ва таоло хоҳласа уни мағфират қилиб, қандай амал қилган бўлса ҳам жаннатга киритади. Агар хоҳласа гуноҳи миқдорича азоблаб, сўнгра жаннатга киритади. Зеро бу ҳақда мутавотир ҳадислар нақл қилинган. Қуръоннинг баъзи оятлари ҳам бошқаларини, суннат каби, изоҳлайди. Аллоҳ таоло:

﴿إِنَّ اللَّهَ لَا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ﴾

«Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирар» деди (Нисо: 48, 116). Бу оят тавба қилмаганлар ҳақидадир.

Аллоҳ таолонинг:

﴿قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنْفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِنْ رَحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعًا﴾

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг ўз жонларига жиноят қилган (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гунохларини мағфират қилар» (Зумар: 53) ояти эса, илм аҳлларининг ижмоъси билан, тавба қилганлар ҳақидадир.

Булар аҳли суннат ва жамоат – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари, уларнинг изидан юрган тўрт имом ва уларнинг издошлари каби уламо ва мўъминларнинг сўзидир».            

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий

Аъзо: Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Калимаи тоййибага бирон нарса қўшиш мумкинми?

 

Калимаи тоййибага бирон нарса қўшиш мумкинми?

Савол: Калимаи тоййиба Ислом асосланган беш рукндан биридир. Бу калимани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир ва Муҳаммад Унинг элчисидир) деб ўргатганларми ёки «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир),– дебми?  Аллоҳнинг Китоби ва саҳиҳ ҳадисларда бу ҳақда нималар дейилган? Агар Қуръон Каримда бу ҳақда сўз юритилган бўлса, у қайси суранинг қайси оятида? Ҳадисларда келган бўлса эътиборли китобларнинг нечанчи бетида ва у, ҳадисларнинг қайси турига оид? Ислом умматининг Қуръон оятлари ёки саҳиҳ ҳадисларга бирон ширин лафз ёки жумлани қўшиши мумкинми? Шариатнинг бу ҳақдаги ҳукми нима?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 11110):

Калимаи тоййиба – «Ла илаҳа иллаллоҳ», ўзингиз саволингизда айтиб ўтганингиздек, Ислом асосланган беш рукндан биридир. Балки, рукнларнинг энг биринчисидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу калимаи тоййибани ва Исломнинг бошқа рукнларини ушбу ҳадисларида ўргатганлар:

«Ислом беш нарса: «Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадур Расулуллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир) дея гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закотни бериш, Уй (Каъба)ни ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутишга асосланган» (Имом Бухорий 7; Имом Муслим 21; Термизий 2534; Насоий 4915; Имом Аҳмад 4567, 5414, 5743, 18423, 18429. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривояти);

«Одамлар билан «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Менинг Аллоҳнинг расули» эканимга гувоҳлик бергунларича жанг қилишга буюрилдим. Агар шундай десалар мендан қонларини ва молларини ҳаққи билан сақлаб қоладилар. (Молларининг ҳаққини бермасалар) уларнинг ҳисоби Аллоҳгадир» (Имом Бухорий 24; Имом Муслим 31, 33; Термизий 2533; Насоий 3043, 3904, 3906).

Муоз разияллоҳу анҳу, Яманга юборар эканлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг унга айтган ҳадисларини қуйидагича ривоят қилган: «Сиз аҳли китоб бўлган қавм олдига борасиз. Сизнинг илк даъватингиз «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ) деб гувоҳлик беришга бўлсин».

Бошқа бир ривоятда эса шундай дейилган: «(Уларни) Аллоҳни яктолашга чақиринг! Агар улар сизга бунда итоат этишса, Аллоҳ уларга бир кеча ва кундузда беш вақт намоз ўқишни фарз қилганини билдиринг. Агар улар бунда ҳам сизга итоат этишса, Аллоҳ уларга боёнларидан олиниб, камбағалларига қайтариладиган садақа (закот)ни фарз қилганини билдиринг. Агар улар бунда (ҳам) сизга итоат этишса, уларниг энг яхши и молларини олишдан эҳтиёт бўлинг ва мазлумнинг дуосидан қўрқинг! Чунки у билан Аллоҳ ўртасида парда йўқдир» (Имом Бухорий 1401, 4000; Имом Муслим 27).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизни Ўзига ва Расули бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръон оятлари ва суннатда юборган ҳар бир шаръий ҳукмида итоат қилишимизга буюрди ва шундай деди:

﴿قُلْ أَطِيعُوا اللَّهَ وَالرَّسُولَ فَإِنْ تَوَلَّوْا فَإِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْكَافِرِينَ﴾

«Айтинг: «Аллоҳ ва пайғамбарга итоат қилингиз!» Агар юз ўгирсалар, бас, албатта Аллоҳ (бундай) динсизларни севмас» (Оли Имрон: 32);

﴿مَنْ يُطِعِ الرَّسُولَ فَقَدْ أَطَاعَ اللَّهَ﴾

«Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди» (Нисо: 80);

﴿وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانْتَهُوا﴾

«Пайғамбар олиб келган нарсани маҳкам ушланглар ва таъқиқлаган нарсалардан тийилинглар!» (Ҳашр: 7).

Ислом умматининг Аллоҳнинг Китоби (бўлмиш Қуръон)га ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига бирон ҳукм ёки лафз ёки жумла ёки бошқа бирон нарсани қўшишга ҳаққи йўқдир. Балки бу қўшилган нарса бидъатдир. Ҳолбуки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бизнинг ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилган одам(нинг бу иши), рад қилингандир» (Имом Муслим 3242, Ибн Можа 14), бошқа бир ривоятда эса: «Бизнинг ишимиздан бўлмаган амални қилган (одамнинг бу иши) рад қилингандир» деганлар (Имом Муслим 3243).

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий

Аъзо: Абдуллоҳ ибн Қаъуд

 

 

«Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ»нинг маъноси нима?

 

«Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ»нинг маъноси нима?

Савол: Мен «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ» жумласининг маъносини айтиб беришингизни хоҳлайман?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 61493):

«Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ) ва «Муҳаммадур расулуллоҳ» (Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир) деб гувоҳлик бериш, Ислом рукнларининг биринчисидир.

«Ла илаҳа иллаллоҳ», ҳақиқатан Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир, демакдир. Бу жумла инкор ва исботни ўз ичига олади.

«Ла илаҳа» (Илоҳ йўқдир) жумласи Аллоҳдан бошқаси учун қилинган ибодатларнинг барчасини инкор этади. «Иллаллоҳ» жумласи эса, барча ибодатларни ягона ва шериксиз Аллоҳ таоло учунгина қилинишини ифодалайди.

Сизга бу ҳақда тўлиқроқ маълумотга эга бўлишингиз учун Шайх Абдурраҳмон ибн Ҳасан қаламига мансуб «Фатҳул Мажийд шарҳу китабит тавҳид» китобига мурожаат қилишингизни тавсия этамиз. Чунки у, тавҳид ва «Ла илаҳа иллалоҳ» калимасини анчагина муфассал баён қилган.

«Муҳаммадур расулуллоҳ» (Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир) жумласининг маъноси эса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлигига иқрор бўлиш, иймон келтириш ва бу жумлага талаффуз, амал ва эътиқод бобида бутунлай бўйинсуниш, унга зид бўлган сўз, амал, мақсад ва таъқиқлардан сақланиш, демакдир.

Бошқача сўз билан айтсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига итоат этиш, хабарларини тасдиқлаш, таъқиқлаган ва огоҳлантирган нарсаларидан сақланиш, Аллоҳ таолога Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатган йўллар билангина сиғиниш, демакдир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён\