Category Archives: Жазолар

Бу категорияда турли гуноҳлар учун белгиланган жазолар билан танишасиз

Ичкиликка муккасидан кетган ва ички ичишни ривожлантирган одамнинг жазоси

Ичкиликка муккасидан кетган ва ички ичишни ривожлантирган одамнинг жазоси

Савол: Ичкиликка муккасидан кетган ва ичкиликни халқ орасида ёяётган одамнинг дунё ва охиратдаги жазолари нима?

Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин жавоб беради:

Дунёдаги жазолар гуноҳлардан воз кечиш даражасига қараб ижро этилади. Ароқ ичган одам учун жазо ўлароқ қирқ дарра уриш белгиланган. Пиёнисталар бу жазодан кейин ҳам дарс олишмагач Умар разияллоҳу анҳу дарра сонини саксонга чиқардилар.

Марфуъ ҳадисда шундай дейилган: «Агар (биров) ароқ ичса унга дарра уринглар. Яна ичса, яна дарра уринглар. Яна ичса яна дарра уринглар! Тўртинчисида яна ичкиликка қайтса, ўлдиринглар!». Бу ҳадис саҳиҳ бўлиб, бир неча йўллардан нақл қилинган (Ҳоким 8120).

Охиратдаги жазоси ҳақида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу дунёда ароқ ичган одам, охиратда уни ичмайди»– деганлар (Имом Муслим 3738; Имом Аҳмад 4499; Ибн Можа 3364).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ароқни муккасидан кетиб ичган одамга жаҳаннам аҳлининг йиринглари ичирилишидан ҳам хабар бердилар. Бундан ташқари: «Ароқ ичаётган пайтида инсон мўъмин бўла туриб ичмаслигини» айтганлар (Имом Аҳмад 18315).

Шубҳасиз, банг моддалари ва тамакининг зарарлари ароқникидан қолишмайди. Унинг гуноҳлари қаттиқроқ, жазоси эса оғирроқдир. Шунинг учун ҳам суннат уламолари гиёҳванд моддаларни халқ ичида ёяётган одамларни қатл этиш ҳукмини берганлар. Чунки улар Ер юзида фасод ёяётган кишилардирлар. Гиёҳванд моддаларнинг динга бўлган зарари, заҳарнинг инсон танасига берган зараридан кўра каттароқдир.      

 

Манбаъ: «ал-Фатааваш-шаръийя фил-масааилит-тиббийя», 1 жузъ

Доктор даволаётган бемор вафот этди

 

Доктор даволаётган бемор вафот этди

Савол: Бир бемор докторларнинг нотўғри ижтиҳодий амалиёт килишлари оқибатида вафот этди. Докторлар ҳозир шуни сўрамоқдалар: Қилинган бу ижтиҳодий амалиёт учун докторлар нима қилишлари керак ва бунинг каффороти нима?

Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин жавоб беради:

Агар доктор маҳоратли, у касалликни даволаш ва амалиёт қилишда мутахассис бўлиб, амалиётни одатдагидек, тажовужсиз ва лоқайдсиз ҳамда ўз замонида ўтказган бўлса ва бунинг оқибатида бемор ўлса ёки шол бўлиб қолса ёки бирон бир хусусиятини йўқотган бўлса ёки ногирон бўлиб қолса, у доктор зомин бўлмайди ва унга бирон каффорот ҳам юкланмайди.

Бироқ доктор мутахассис бўлмаса ва бу амалиётни муносиб бўлмаган пайтда ё ўлим ёки ногиронликка сабаб бўлиши мумкин бўлган касалликнинг кучайган пайтида тажриба ўлароқ ва ҳаддан ошиб амалиёт қилган бўлса, зомин (жавобгар) бўлади. Чунки бу ҳақда Абу Довуд, Насоий, Ҳоким ривоят қилган ва Ҳоким «саҳиҳ» деган Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинган ушбу ҳадис бор: «Табиблиги билинмаган одам даволаса, у – зоминдир (жавобгардир)» (Ибн Можа 3457, Насоий 4748).  

 

Манбаъ: «ал-Фатааваш-шаръийя фил-масааилит-тиббийя», 1 жузъ