Category Archives: Ғусл

  Бу категорияда ғусл ҳақидаги фатволар билан танишасиз

Пешин вақти киргунича ғусл қилиши фарз эмас

Савол: Биров рамазон ойи наҳорида бомдод намозидан сўнгра ухлаб эҳтилом бўлса, орада намоз ўқилиши учун кўп вақт бўлишига қарамай ўрнидан туриб, ғусл қилиб танасини роҳатлатиши керакми? Аллоҳ сизларни ўз паноҳида асраб, устингиздан савоблар ёғдирсин, саволимга жавоб беришингизни илтимос қиламан.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 13466 — 2):

Эҳтилом бўлган одамнинг бомдод намозидан кейин, пешин намозининг вақти киришидан илгари ғусл қилиши фарз эмасдир.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Ғуслдан илгари сийиш керакми?

Савол: Дўстларимдан бири мусулмон одам рафиқаси билан жинсий алоқа қилгач ғусл қилишдан илгари сийиши кераклиги, акси тақдирда жунублик ҳолида қолиши ҳақида гапириб қолди. Чунки, маний (сперматозоид) суюқлиги олат каналида қолиб, уни сийдикгина тозалар эмиш. Сиз жанобларнинг бу ҳақидаги фикрингиз қандай?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 2550):

Сиймаса ҳам қилган ғусли раводир. Ундан сўнгра сийса ва олатидан лаззатсиз манийнинг ёлғиз ўзи ёки сийдик билан бирга чиқса, иккинчи ғуслни қилиш фарз эмас. Бундай пайтда истинжо қилиб, машруъ таҳоратни олиш кифоядир.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Жунуб одам таҳорат қилмай ухлаши мумкинми?

Савол: Жунуб бўлган одамнинг таҳорат қилишдан илгари ухлаши жоизми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 9345 — 5):

Жунуб бўлган одам таҳорат қилишдан илгари ухласа гуноҳкор бўлмасада, таҳорат қилганидан сўнгра ухлаши афзалдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилар ва таҳорат олишга буюрар эдилар.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аёлнинг таносил аъзосидан суюқлик оқди…

Савол: Жимоъ қилмаган ва эҳтилом бўлмаган жувоннинг таносил аъзосидан суюқлик келса, ғусл қилиши керакми? Жувон ҳам ўзидан келаётган суюқликларда эркакдан келадиган маний (сперматозоид), мазий (жинсий ўйлар асносида келадиган шаффоф шилимшиқ суюқлик) ва вадий (сийдикдан сўнгра келадиган қуюқ суюқлик)ларда муштаракми? Ёки аёл кишининг таносил аъзосидан келган суюқлик фарқли бўлиб, ҳар келганида ғусл қилиш фарз бўладими?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 19896 — 12):

Агар аёлнинг таносил аъзосидан жимо ва эҳтиломсиз лаззат билан суюқлик келса, ғусл қилиш фарз бўлади. Агар мазий келса таносил аъзосини ювиши шарт. Агар вадий келса унинг ҳукми сийдик ҳукмида бўлиб, ювиш керак бўлади.

Аёлнинг таносил аъзосидан келадиган суюқлик тури, эркакнинг таносил аъзоларидан келадиган суюқлик тури кабидир.

Аёл киши намоз ва бошқа ибодатлар учун покликка тааллуқли нарсаларни қилмоқчи бўлса, таҳорат олиши фарздир.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:             Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Ғусл қилишдан илгари ўқиладиган оят борми?

Савол: Никоҳ ўқитилаётган пайтда паноҳ тиланадиган Қуръон оятлари борми? Чақалоққа исм қўйилаётган пайтда ҳам паноҳ тиланадиган оятлар борми? Сиз менга, қанча оят ўқилишини тафсилоти билан айтиб берсангиз. Бундан ташқари, жунубликдан ғусл қилинаётган пайтда ҳам ўқиладиган оятлар борми?  

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 13089):

Биринчидан: Никоҳ ўқитилаётган пайтда Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу нақл қилган хутбани ўқиш мустаҳаб ҳисобланади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга эҳтиёж пайтида: «Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд, истиғфор айтиб, Ундан ёрдам, нафсимизнинг шумлиги ва ёмон амалларимиздан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилгувчи йўқдир. Мен: «Аллоҳдн бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси»— деб гувоҳлик бераман» дея шаҳодат келтиришни ўргатдилар. Сўнгра уч оятни ўқидилар:

﴿ يَآ أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلاْ تَمُوتُنَّ إِلاّ وَأنتُمْ مُسلِمُونَ

«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).

﴿ يَآ أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُم مِن نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالًا كَثِيرًا وَنِسَآءً وَاتَّقُوا اللهَ الَّذِي تَسَآءَلُونَ بِهِ وَالأَرْحَامَ إِنَّ اللهَ كَانَ عَلَيْكُم رَقِيبًا﴾

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

﴿ يَآ أَيَّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ وَ قُولُواْ قَوْلًا سَدِيدًا ، يُصلِحْ لَكُم أَعْمَالَكُم وَ يَغْفِرْ لِكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَ مَن يُطِعِ اللهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزًا عَظِيمًا ﴾

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71)» (Термизий, Насоий, Абу Довуд, Ҳоким ва Байҳақий раҳимаҳумуллоҳлар ривоят қилдилар).

Иккинчидан: Чақалоққа еттинчи кунида чиройли исмларни қўйиш, ўғил учун иккита бир хил (катталикдаги) қўйни, қиз учун эса битта қўйни бўғизлаш, суннатдир. Бу ишларни Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ва Термизий раҳимаҳумуллоҳлар Самура разияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисга кўра, чақалоқ туғилган куннинг еттинчи кунида қилиш афзалдир: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар бир чақалоқ ақиқасига гаровга қўйилгандир: (уни) еттинчи кунида бўғизланади, чақалоққа еттинчи кунида сочи олинади ва исми қўйилади» (Имом Бухорий 5155, Термизий 1522, Насоий 4220, Абу Довуд 2837, Ибн Можа 3165, Имом Аҳмад 8/5, Доримий 1969). Бу ҳадис ҳақида Имом Термизий «ҳасан саҳиҳ» деди.

Учинчидан: жунубликдан ғусл қилиш пайтида Аллоҳнинг номи билан бошланади, истинжо қилиниб, намозга олинганидек таҳорат олинади, сўнгра, жунубликдан ғусл қилинади. Ғуслни қилиб бўлгач:

(( اللَّهُمَّ اجْعَلْنِى مِنَ التَّوَّابِينَ، وَاجْعَلْنِى مِنَ الْمُتَطَهِّرِينَ ))

«Аллоҳим, мени тавба қилганлар ва покланганлар қаторида қил!»— дейилади. Бу зикрни ҳар бир таҳорат ва фарз бўлган ғуслдан сўнгра айтилаверади.

Аммо чақалоққа исм қўйиш ва жунубликдан ғусл қилиш асносида тиловат қилинадиган оятлар, йўқдир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:  Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:             Абдуллоҳ ибн Ғудайён