Category Archives: Фитрат (хилқат) суннатлари

  Бу ерда фитрат (хилқат) суннатлари ҳақидаги фатволар билан танишасиз

Тирноқларни кўмиш керакми?

Тирноқларни кўмиш керакми?

Савол: Айрим одамлар: «Тирноқларинг, сочларинг ва шунга ўхшаш нарсаларингни олсанг уларни эҳтиёт қил. Бир чуқур ковлаб, уларни ўша жойга кўм. Чунки сен улар ҳақида Қиёмат кунида сўроқланасан!»– деди. Шу гап тўғрими?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 3785-3):

Биз сиз айтган нарсага бирон далил борлигини билмаймиз. Бу борада йўл кенгдир: хоҳласа кўмади, хоҳламаса ташлаб юборади.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:              Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Пардоз учун кўзларга сурма қўйиш

Пардоз учун кўзларга сурма қўйиш

Мисрнинг Қоҳира шаҳридан А. А.: Хотин киши кўзига сурма қўйиб пардоз қилиши мумкинми?

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради:

Хотин кишининг аёллар ўртасида, эри ва маҳрамлари орасида кўзига сурма қўйиб пардоз қилиши жоиздир. Бироқ, ажнабий эркаклар олдида юзи ва сурма қўйилган кўзларини очиши жоиз эмасдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

﴿وَإِذَا سَأَلْتُمُوهُنَّ مَتَاعًا فَاسْأَلُوهُنَّ مِنْ وَرَاءِ حِجَابٍ ذَلِكُمْ أَطْهَرُ لِقُلُوبِكُمْ وَقُلُوبِهِنَّ﴾

«Қачон сизлар (пайғамбар аёлларидан бирон нарса сўрасангизлар) парда ортида туриб сўранглар! Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутгувчироқдир» (Аҳзоб: 53).

Иккала кўз ёки уларнинг биттаси кўриниб турадиган бурқани ажнабий эркаклар олдида, кўзларга сурма қўймай ишлатиш мумкин.

«Ажнабий эркак» дейишдан мақсад, хотин кишининг маҳрами бўлмаган қайноғаси, эрининг амакиси, ўз амакиваччаси, тоғаваччаси ва булардан бошқа, мусулмон ёки кофир бўлсинлар, номаҳрамлардир.

 

Манбаъ: «Турли фатволар ва мақолалар девони», 10– жузъ.

Парик ҳақидаги Исломнинг ҳукми

Парик ҳақидаги Исломнинг ҳукми

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Аллоҳга ҳамдлар, Расулуллоҳга, Расулуллоҳнинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг …

Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг «Саҳиҳ» ҳадислар девонида шундай дейилган: «Муовия разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбаридан хутба қилди. Қўлига қўриқчиларидан бирининг қўлида турган бир тутам сочни олиб: Ҳой Мадина аҳли! Олимларингиз қани? Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундан қайтаргани ва: «Бану Исроил, хотин-қизлар буни ушлаган пайтларида ҳалокатга учраган» – Имом Муслимнинг лафзида эса: «Бану Исроил, хотин-қизлар буни ушлаган пайтларида азобланган»– деганларини эшитганман»– деди» (Имом Муслим 1909; Термизий 2705; Имом Аҳмад 16262, 16286).

Яна икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Саид ибн Мусайяб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Муовия Мадинага келгач бизга хутба қилди. Бир тутам сочни чиқариб: Мен яҳудийлардан бошқа бирон кимса буни ишлатганини билмайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу етиб келганида, уни «сохта»– деб атаганлар, деди» (Имом Муслим 3969. Ҳадис лафзи Имом Муслимники).

Имом Муслиминнг бошқа бир лафзида шундай дейилган: «Муовия разияллоҳу анҳу кунларнинг бирида: «Сизлар ёмон кийинишни ихтиро қилибсизлар. Набийюллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу сохта (парик)ни таъқиқлаганлар»– деди» (Имом Муслим 3970).

Имом Нававий ушбу ҳадиснинг шарҳида шундай дейди: «Асмаъий  айтди: «Қуссатум минаш шаър» (бир тутам соч)»дан мақсад, пешонага тушиб турган сочдир. «Куббатум минаш шаър» эса, бир бирига эшилган сочдир». Қомусда: «қусса» – пешонадаги соч, демакдир» (Шарҳу Саҳиҳи Муслим, 14/108).

Ушбу ҳадисда парик деб аталган сунъий сочни тақишнинг ҳаром эканига очиқ далолат бор. Чунки Муовия разияллоҳу анҳу пешонага тушган соч ва бири–бирига эшилган сочларни баён қилган саҳиҳ ҳадис, бугунги кундаги парикларга мос тушади. Аслида, бугунги кундаги одамлар тақиб олган париклар, сохтадан кўра қаттиқроқ шубҳалантиради. Парик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Исроил ҳақида айтган ҳадиснинг айни бўлмасада, ундан кам эмасдир. Чунки парик, алдаш ва фитналашда сохтадан кўра қаттиқроқ таъсир қилади ва унинг ортидан ҳам, гарчи улар каби бўлмасада, қусса ва куббалар ортидан келадиган фитналар келади. Бу ҳукм эркак ва хотин-қизларнинг барчасига тегишлидир. Чунки, поклик барчага умумийдир.

Шу боис, қуйидаги тўрт жиҳатдан парик тақиш ҳаромдир:

Биринчиси: Унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъқиқлаган ишлар жумласидан бўлиши. Чунки таъқиқнинг асли – ҳаром қилишдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

﴿وَمَا آَتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانْتَهُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَاب﴾

«Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир» (Ҳашр: 7).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан йироқ туринглар! Нимага буюрган бўлсам, уни кучингиз етганича қилинглар!» (Муттафақун алайҳ. Имом Муслим 4348). 

Иккинчиси: Парик тақиш – алдов ва сохтакорликдир.

Учинчиси: парик тақиш – яҳудийларга ўхшашликдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким бир қавмга ўхшаса, бас, у – улардан биридир» деганлари собитдир (Абу Довуд 3512; Баззор: 2966).

Тўртинчиси: Парик тақиш – азоб ва ҳалокат омилидир. Бунинг далили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларидир: «Бану Исроил, хотин-қизлари буни ушлаган пайтларида ҳалок бўлган» (Имом Бухорий 3209, 5477; Имом Муслим 3968).

Бизнинг парикни тақиш ҳаром эканлиги ҳақидаги сўзимизни, сочни улашдан кўра парикнинг алдовчироқ ва сохтароқ экани қувватлайди. Чунки, икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида соч улаган ва улатган хотинларни Аллоҳ лаънат қилгани баён қилинган.

Сочни улаган аёл – сочларни бир–бирига улаган аёлдир. Шунинг учун ҳам, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ сочни улаш ҳақидаги бобда Муовия разияллоҳу анҳунинг ҳадисини зикр қилиб, сохта сочларни тақиш сочни ўриш ҳукмида эканига ишора қилди. Бу – Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг фиқиҳлиги, билимдонлиги, дунёқарашининг кенглиги ва ўта зийрак эканига аниқ далилдир.

Чунки, агар сочни узайтириш ёки кўпайтириш ёхуд катта қилиб кўрсатиш учун улаш – алдаш, қаллоблик ва сохталик бўлгани учун лаънатга сазовор қиладиган даражада ҳаром экан, бутун бошни қоплаб турадиган парикни тақиш – ўта алдов, ўта қаллоблик ва ўта сохтакорликдир. Бу, алҳамдулиллаҳ, очиқ–ойдиндир.

Хуллас, мусулмонлар парикка қарши курашишлари, ундан қайтаришлари, ўзлари эса уни ишлатмасликлари керак. Бинобарин, давлат арбоблари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига амал қилиб, уни ижро этиб, фитналарни таг–томири билан йўқ қилиш, фитна ва ҳалокат омилларини илдизи билан қуритиш, мусулмонларни Аллоҳнинг душманлари бўлмиш яҳудийларга ўхшаб қолишдан сақлаш, мўъминларни дунё ва охиратда зарар тегадиган барча нарсалардан огоҳлантиришлари лозим.   

Аллоҳ таолодан мусулмонлар аҳволини тузатиши, уларни динда билимдон қилиши, динга зид бўлган барча нарсалардан сақлаши, раҳбарларини эса дунё ва охиратдаги бандалар ва мамалакатлар фаровонлиги учун муваффақ қилишини тилаймиз. Аллоҳ бунга эга ва қодирдир.

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Манбаъ: «Турли фатволар ва мақолалар девони», 10– жузъ.

Аёлларнинг сочни силлиқлаштириш ва бўяш учун қоришма ишлатишлари

Аёлларнинг сочни силлиқлаштириш ва бўяш учун қоришма ишлатишлари

Умму А. А.: Ҳурматли шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз, (Аллоҳ сизни ўз паноҳида асрасин)!

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Айрим аёллар сочни силлиқлаштириш учун қоришма ишлатадилар. Бу қоришма хина ва бир неча турдаги гиёҳлардан иборатдир. Уларнинг ичида сочни қора рангда бўяш учун ишлатиладиган гиёҳ ҳам бор. Шу қоришмани ишлатишнинг ҳукми нима? Шуни ҳам айтишим керакки, аёллар бу қоришмани сочларини бўяш учун эмас, силлиқлаштириш учун ишлатадилар. Ҳолбуки, уларнинг айримларининг сочлари қора рангда бўлади. Орасида бир икки тола сочи оқ бўлиб, қолганлари қора рангда бўлган ёши кекса бўлмаган аёлларнинг бу қоришмани ишлатишиларининг ҳукми нима? Бу аёллар ҳам қоришмани сочларини силлиқлаштириш мақсадидагина ишлатадилар, холос. Аллоҳ сизга билдирсин, бизга тушунтириб берсангиз. Аллоҳ устингиздан яхши мукофотлар ёғдирсин.

Жавоб: Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Сўнг …

Мазкур қоришмани сочида оқи бўлмаган аёллар сочларини силлиқлаштириш учун ишлатсалар бўлаверади. Бироқ, Сочлари орасида оқи бўлса, уни қора рангга бўяш жоиз эмас. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Оқ тукларни(нг ранггини) ўзгартиринглар, бироқ, қора рангдан йироқ туринглар!»– деганлар (Имом Муслим 3925).

Аллоҳ таоло барчани Ўзи рози бўлган нарсаларга муваффақ қилсин.

Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ.  

   

Манбаъ: «Турли фатволар ва мақолалар девони», 10– жузъ.

Сочни қора рангга бўяш

Сочни қора рангга бўяш

Риёзлик Н. А. М.: Хотин киши сочини қора рангга бўяши мумкинми?

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради:

Хотин киши ва бошқаларнинг оқарган тукларини қора рангга бўяшлари жоиз эмас. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Оқ тукларни(нг ранггини) ўзгартиринглар, бироқ, қора рангдан йироқ туринглар!»– деганлар (Имом Муслим 3925).

Қора рангдан бошқа рангларга бўяшнинг зарари йўқ  хина ва катмни қориштириб, бу қоришма қораликдан чиқиб қизил ва қора ранглари ўртасида (жигарранг) бўлса, ишлатса бўлаверади.  

 

Манбаъ: «Турли фатволар ва мақолалар девони», 10– жузъ.