Category Archives: Нифос (туғруқ) қони

  Бу Категорияда нифос (туғруқ) қони ҳақидаги фатво ва мақолалар билан танишасиз

Икки ойлик боласи тушди …

Икки ойлик боласи тушди …

Савол: Бир хотиннинг икки ойлик боласи тушди. (Айтингчи), ундан келган қон ҳайз қони ҳисобланадими? Бу қон жуда ҳам оз келаётган бўлса рўза тутиш ва намоз ўқишнинг ҳукми нима?

Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин жавоб беради:

Бу қон – ҳомиладорлик пайтида тўпланиб қолган ҳайз қонидир. Модомики бу қон келар экан, у хотин ҳайз қонининг энг узун келган вақти – ўн беш кунгача намоз ўқимайди. Агар қон тўхтаса ғусл қилиб, намоз ўқийверади. Гарчи қон икки кундан кейин тўхтаса ҳам ғусл қилиб, намозини ўқийверади.

 

Манбаъ: «ал-Фатааваш-шаръийя фил-масааилит-тиббийя», 1 жузъ.

Нифос қони келган пайтда Қуръон ўргатиш

 

Нифос қони келган пайтда Қуръон ўргатиш

Савол: Бир хотин нифос пайтида қизига Қуръондан таълим беради. Унинг укалари эса доимо уйда бўладилар ва улардан бири ҳеч бир иш билан банд эмас. Шунинг учун ҳам у уйда бўлса, хотин кишининг бундай ҳолатда бўлишига қарамай Қуръон ўқитишининг ҳукми нима?

Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин жавоб беради:

Уйда бўлган ва бўш пайтида акасининг Қуръондан таълим бериши афзалдир. Аммо у ишлаётган ва уйда бўлмаса, (нифос қони кўраётган) онанинг ўз қизига Қуръондан таълим бериши жоиздир. Бироқ, таълим мобайнида Қуръонни ушламаслиги, фақатгина Қуръон калималари ва оятларинигина (қараб) ўқиши керак.

Валлоҳу аълам.

 

Манбаъ: «ал-Фатааваш-шаръийя фил-масааилит-тиббийя», 1 жузъ.

 

 

 

Хотинлар туғруқдан сўнгра қирқ кун намоз ўқимайдиларми ёки …?

 

Хотинлар туғруқдан сўнгра қирқ кун намоз ўқимайдиларми ёки …?

Савол: Айрим аёллар нифоснинг қирқ куни давомида намоз ўқишлари мумкин эмаслигини тушунадилар. Айтингчи, бунинг шаръий ҳукми нима?

Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин жавоб беради:

Бу – хато тушунчадир. Намоз, туғруқ қони келаётган пайтдагина соқит бўлади. Агар қон тўхтаб хотин пок бўлса, намоз ўқишга монеъ бўлган нажосат қони тўхтагани, поклик ва орасталикнинг вужудга келгани учун ғусл қилиб, намоз ўқиши ва рўза тутиши фарз бўлади. Зеро нифос (туғруқ) қони ҳайз қонининг қолдиқларидир. Ҳайз қони ҳомиладорлик пайтида тўхтайди ва бачадондаги ҳомиланинг озуқасига айланади. Бу озиқ ҳомиладан баъзида кўпроқ, баъзида эса озроқ ортиб қолади.  Хотиннинг кўзи ёригач тўпланиб қолган бу қон оз бўлиб, гоҳида ўн кун ёки унинг атрофида, кўп бўлса қирқ кун давомида бачадондан келиб туради. Гарчи нодир ҳолат бўлсада, қирқ кундан ортиқ келиши ҳам кузатилган. Бу қон қачон тўхтаса, худди ҳайз кўраётган аёл каби, одатий кунларидан илгари пок бўлиши ва намоз ўқишдан тўсган нажосат бўлмагани учун, намозни ўқиши мумкин. Валлоҳу аълам.  

 

Манбаъ: «ал-Фатааваш-шаръийя фил-масааилит-тиббийя», 1 жузъ

 

 

Кўзим ёриди ва бачадонимни тозаладилар …

 

Кўзим ёриди ва бачадонимни тозаладилар …

Савол: Кўзим ёриб, бачадонимни тозалаш учун амалиёт қилдилар. Уч кун қон келди ва ундан кейин беш кун давомида қон келмай, пок бўлдим. Бу беш кун ичида намозимни ўқидим. Бироқ айрим одамлар менинг намоз ўқишимга эътироз билдирдилар. Мен эса уларнинг эътирозларига қулоқ солмадим. Беш кундан сўнгра қон қайта кела бошлади. Неча кун намоз ўқимаганим ҳозир эсимда йўқ. Ундан кейин қон тўхтади ва мен шубҳаланганим учун, ундан кейин намоз ўқимадим. Чунки, қон тўхтасада сариқ сув кела бошлади. Атрофимдаги одамлар савол сўрашимга лойиқ одамлар эмас эди. Ўз ишимга ҳайрон бўиб қолган эдим. Орадан қанча вақт ўтди, аниқ билмайман, Қубо масжидининг имоми шайх Алийдан бу ҳақда сўрасам, Умму Атийя (разияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган: «Биз сариқ ва кулранг суюқликка эътибор бермас эдик» ҳадиси борлигини ва унга кўра намоз ўқийверишим кераклигига фатво бердилар. Нифос муддати тугагунича намоз ўқийвердим. Мен ҳозир жоҳиллигим туфайли намоз ўқимай ўтказган кунларим ҳақида сўрамоқчиман: У кундаги намозларни нима қилай? Мен неча кун намоз ўқимаганимни аниқ билмасам, у кунларнинг намозининг қазосини ўқишим керакми? Аллоҳ сизга мусулмонлар учун яхшиликларни кўрсатсин, менга тушунтириб беринг: У намозларни қандай ўқийман?     

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 4952):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Қон тўхтаган беш кундаги ўқиган намозингиз раводир. Балки, у намозларни ўқишингиз фарз эди. Бошқа кунларда келган қон – нифос қонидир. Қон қирқ кунгача келган бўлса, у давр мобайнида намоз ўқиш фарз эмас ва ўқилган намоз ҳам раво эмасдир.

Аммо оқ ва сариқ сувлар келган бўлса, уларнинг тафсилоти бордир. Агар оқ рангдаги сув қонга улашиб келган бўлса ва унда кулранглик бўлса, у поклик ҳукмидадир. Бундан кейин келган сариқ сувга эътибор берилмайди. Балки уларнинг ҳар бири, Умму Атийя (разияллоҳу анҳо)нинг: «Биз пок бўлгандан кейин келган кулранг ва сариқ суюқликка аҳамият бермас эдик»– деб айтган қавлига кўра пешоб ҳукмидадир.

Бироқ, сариқ рангдаги суюқлик қоннинг ўзига улашиб ёки оқ суюқлик билан бирга қирқ кун тўлишидан илгари келган бўлса, у хотин нифос қони кўрган хотин ҳукмида бўлиб, унга намоз ўқиш фарз эмас ва намоз ўқиши ҳам жоиз эмас.      

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:               Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:   Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:       Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

 

 

 

Бир хотиннинг боласи тушди …

 

Бир хотиннинг боласи тушди …

Савол: Бир хотиннинг боласи ҳеч бир сабабсиз тушди. Эрининг у билан жинсий алоқа қилиши мумкинми ёки қирқ кун кутиши керакми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 9520 – 1):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Агар ҳомиланинг қўл, оёқ ва бош каби аъзолари билиниб қолган бўлса, модомики қон келар экан, у хотин билан эри қирқ кунгача жинсий алоқа қилиши ҳаромдир. Қирқ кун мобайнида қон тўхтаб қолса ва аёл ғусл қилса, эри у билан қовушиши мумкин.

Агар ҳомиланинг аъзолари ҳали билинмаган бўлса, эрининг у хотин билан, гарчи ҳомила тушаётган пайтда бўлсада, жинсий алоқа қилиши мумкиндир. Чунки, бундай пайтда келган қон нифос қони деб эмас, балки, фасод қон деб ҳисобланади ва бундай пайтда хотин кишининг намоз ўқиши, рўза тутиши, ҳар намоз учун таҳорат олиши ва унга эрининг қовушиши жоиздир.

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий