Category Archives: Бемор ва таҳорат

  Бу категорияда таҳоратнинг бемор одамга нисбатан ҳукмлари ҳақидаги фатволар билан танишасиз.

Таҳорат асносида сунъий тишларни олиш керакми?

Таҳорат асносида сунъий тишларни олиш керакми?

Савол: Мен тишларимни олдириб ўрнига қўзғалмас ва суғурилмас сунъий тишлар қўйдирдим. Бир олимдан у ҳақда сўрасам менга: Уни чиқармай таҳорат олиш мумкин эмас,– деб қолди. Шу гап тўғрими ёки нотўғрими?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 5271):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Сизнинг мазкур тишларни чиқармай таҳорат қилишингиз мумкин ва у таҳорат билан қилган намозингиз раводир. Аллоҳ таоло айтди:

﴿ وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ ﴾

«… ва Аллоҳ … бу динда сизларга бирон хараж-танглик қилмади » (Ҳаж: 78);

﴿ لا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا ﴾

«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди» (Бақара: 286);

﴿ يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ ﴾

«Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди » (Бақара: 185);

﴿ فَاتَّقُوا اللَّهَ مَا اسْتَطَعْتُمْ ﴾

«Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар» (Тағобун: 16).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эса: «Сизларга бирон нарсани буюрсам, кучингиз етганича қилинглар!»– деганлари нақл қилинган (Имом Бухорий 6858, Имом Муслим 1337, Термизий 2679, Насоий 2619, Ибн Можа 2, Имом Аҳмад 2/508).

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:                Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзолар:         Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён

Доктор қўлимга малҳам суришни тавсия этди

Доктор қўлимга малҳам суришни тавсия этди

Савол: Доктор менга эрталаб ва кечқурун қўлларимга суриш учун малҳам тавсия этди. Қўлларимга сурган дорининг таъсири кетмагунича уларни юва олмайман. Чунки ювсам, сув малҳамни ювиб кетади. (Айтингчи), намоз учун қандай таҳорат олишим керак?

Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин жавоб беради:

Малҳамни намоздан бошқа пайтларда, масалан, бамдод ва ҳуфтон намозларидан кейин, қўйиш керак. Бундай ҳолатда малҳам иккинчи намознинг вақти киргунича узоқ вақт қўлда қолиб, унинг таъсири яхшироқ бўлади. Иккинчи намоз учун қўлингизни, сув терингизга етиши учун, совун ва бошқа ишқорлар билан ювинг. Чунки таҳорат учун кирлар кетиб, сувнинг терингизга етиши шартдир.

Валлоҳу аълам.

 

Манбаъ: «ал-Фатааваш-шаръийя фил-масааилит-тиббийя», 1 жузъ.

Тахтакач (шина) ва унга тааллуқли аҳкомлар

 

Тахтакач (шина) ва унга тааллуқли аҳкомлар

Савол: Жабира (тахтакач) нима ва унга таллуқли аҳкомлар қандай?

Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин жавоб беради:

Агар билак ва елка оралиғидаги суяк, билак суяги, сон, болдир, бўйин, қовурға ва бошқа суяклар синганида, одатда, уларга мускулларга зарар бермасликлари, синган жой тезроқ тузалиши, оғриқ кетиши ва аъзоларниг ўз ўрнига келиши учун таёқча ва тахтачаларни маҳкам боғланади. Натижада, у бемор расо юради, нарсаларни қийналмай олади, тўғри ҳаракатлар қилади. Бу тахтакачлар (шиналар) аъзонинг устига қўйилиб, ип билан маҳкам боғланади. (Буни фиқҳ истилоҳида «жабира» деб аталади).

Жабира, синиқ тузалгунича қолади. Шубҳасиз, инсон бу муддат давомида катта (жунублик) ёки кичик нопоклик (таҳоратсизлик)ни бошидан кечириши ва жабирани ечиб ташаласа инсонга зарар қилиши мумкин. Шунинг учун синиқ тузалгунича жабира устидан масҳ тортиш мумкин.

Тўғриси, жабиранинг инсоннинг таҳоратлик пайтида қўйилиши шарт эмас. Чунки, синиқ бирдан вужудга келиши ва жабрдийданинг таҳоратсиз ҳолатда бўлишига қарамай, жабирани қўйиш зарурати туғилиши мумкин.

Жабиранинг ҳукми масҳ тортиш ҳукмидан қуйидагича фарқ қилади:

1. Жабирага синиқ тузалгунича масҳ тортилаверилади. Яъни, жабирага масҳ тортишнинг шариат тарафидан белгиланган вақти йўқ. Агар бир ой давомида синиқ тузалмаса, масҳ тортиш бир ой давом этиши мумкин.

2. Жунублик ғусли ва таҳорат пайтида жабирага масҳ тортилади. Пойафзални эса ғусл пайтида ечиш керак бўлади.

3. Жабиранинг ҳар тарафига масҳ қилинади. Пойафзалнинг эса уст тарафигагина масҳ тортилади.

4. Жабиранинг ювилиши фарз бўлган аъзоларни қоплаб туриши шарт эмас. Балки, аъзонинг эҳтиёждан ошиқча жойига жабира ўтиб кетмаслиги керак. Бироқ, эҳтиёждан ортиб кетса, масалан, (билак суяги синганида) қўлнинг ҳамма ёғини гипс қилинса, ёки болдир суяги синганида оёқни кафт суякларигача гипс қилинса, жабирани масҳ қилиш билан бирга таяммум қилиш авлодир.      

 

Манбаъ: «ал-Фатааваш-шаръийя фил-масааилит-тиббийя», 1 жузъ

 

 

 

Бошига сув тегишини докторлар таъқиқладилар …

 

Бошига сув тегишини докторлар таъқиқладилар …

Савол: Докторлар бир беморнинг бошига сув тегмаслги кераклигини айтдилар. Аллоҳ сизга савоблар берсин, айтиб берсангиз, у таҳорат қилмоқчи бўлса ўша ерга қўли билан ишорат қилиб қўйса етарлими ёки нима қилиши керак?

Аллома Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин жавоб беради:

Мазкур бемор боши устига салла ёки бирон матони ташлаб, унинг устига масҳ тортиши керак. Чунки унга бирон матоҳ устидан масҳ тортиши кифоядир. У матоҳ жабира – синган аъзо устидан тузалгунича боғланган дока ўрнидадир. Бу матоҳнинг ҳукми маҳси, рўмол ёки салланинг ҳукмида эмасдир. Чунки маҳси, рўмол ва салланинг белигаланган вақти бўлиб, уларга муқим одам бир кеча ва кундуз, сафардаги одам эса уч кеча ва кундуз масҳ тортиши мумкин. Муддати тугагач эса, уларга масҳ тортиш мумкин эмас.

Мазкур бемор бошига ўраб туриши учун бирон матоҳ ёки бош кийим (эркак араблар бошларига киядиган матоҳ) ташлаши жоиздир. Бошига ишора қилиб қўйиш, масҳ дегани эмас. Агар бошида яраси ёки ёрилган жойи бўлиб, унга бирон нарса ташлаб олишга қодир бўлмаса, орага докторлар кирадилар ва бошига бирон ёпишқоқ нарса (пластырь) ёки дори қўйиб, унинг устидан тузалгунича масҳ тортаверади. Валлоҳу аълам.

 

Манбаъ: «ал-Фатааваш-шаръийя фил-масааилит-тиббийя», 1 жузъ

 

 

 

Қари кампир қандай намоз ўқийди?

 

Қари кампир қандай намоз ўқийди?

Савол: Тўқсон ёшли қари кампир ёталоқ бўлгани учун таҳорат олиш ва ғусл қилишга, хусусан, совуқ кунлари ва таҳорат олиш ерининг узоқлиги сабабли қийналмоқда. Унинг ҳар бир намоз учун таяммум қилиши ёки битта таҳорат билан икки намозни жамлаб ўқиши мумкинми?

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси жавоб беради (Фатво № 13036–1):

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг…

Агар иш айтилганидек бўлса, мазкур кампир кучи етганича, сувни унга келтириб бериш билан бўлса ҳам, таҳорат қилади. Агар таҳорат қилишига ўзи ёки бошқаларнинг кўмаги билан ҳам кучи етмаса таяммум қилиши жоиз бўлади. Чунки Аллоҳ таоло:

(فَاتَّقُوا اللَّهَ مَا اسْتَطَعْتُمْ)

«Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар!» (Тағобун: 16)–  демоқда.

Орқа ва олд чиқарув йўлларидан чиққан ахлат ва пешобни артиб, узвларни кесак, ҳожатхона қоғози ва бошқа нарсалар билан тозлаш учун истибро қилиш кифоядир. Уларни энг камида уч марта ишлатиш, агар тозаланмаса яна ишлатиш мумкин.

Бу кампир пешин билан аср, шом билан ҳуфтоннни иккисидан бирининг вақтида жамлаб ўқиса бўлаверади. Чунки бу кампир – бемор ҳукмидадир.   

Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

 

Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси:

Раис:               Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

Раис ноиби:    Абдурраззоқ Афифий

Аъзо:              Абдуллоҳ ибн Ғудайён