Category Archives: Таҳорат

Таҳорат учун авратларнинг ёпиқ бўлиши шартми?

Таҳорат учун авратларнинг ёпиқ бўлиши шартми?

Тингловчи: Таҳорат қилар экан авратларнинг ёпиқ бўлиши зарурми? Яъни, ғусл қилгандан кейин кийимларни кийишдан илгари яланғоч ҳолатда таҳорат олишнинг зарари борми?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Аслида, банда ғусл қилгач заруратсиз авратлари очиқ қолмаслиги учун тезда кийимларини кийиб олиши керак. Бироқ, ғусл қилганидан кейин авратлари очиқ ҳолатда таҳорат олса, бу таҳорат раво бўлиб, авратнинг очиқлиги унга зарар бермайди. Бироқ, бу таҳорат ғусл қилишдан илгари олиниши керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ғусл қилишдан илгари таҳорат олар эдилар». Ғусл қилинганидан кейин таҳорат олинмайди. Гарчи банда ғусл қилишни нийят қилган ва ғуслдан илгари ёки кейин таҳорат олмаган бўлса ҳам, ғусл қилгач ғусли таҳорат ўрнига ўтаверади. Чунки Аллоҳ таоло насх – жунуб одамга бутун танасини поклашни амр қилган.

 

Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари

Қулоқ учун алоҳида сув олиш керакми?

Қулоқ учун алоҳида сув олиш керакми?

Савол: Таҳорат қилаётган киши қулоқлари учун алоҳида сув олиши керакми?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради (Фатво № 74):

Қулоқлари учун алоҳида сув олиши шарт эмас. Ҳатто, қувватли қавлга кўра мустаҳаб ҳам эмас. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратларини тавсифлаган барча ровийлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қулоқлари учун алоҳида сув олганларини нақл қилмаганлар. Шунинг учун ҳам бошга масҳ тортилганидан кейин қолган нам билан қулоқларни силаш афзалдир.

 

         Манбаъ: «Фатво ва рисолалар девони», 11 жилд.

Таҳорат сингани замон доим таҳорат қилиш

Таҳорат сингани замон доим таҳорат қилиш

Савол: Таҳорати сингани замон доим таҳорат олган одамнинг фазилати қандай бўлади?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради (Фатво № 71):

У, мудом таҳоратли бўлади ва мудом таҳоратли бўлиш солиҳ амаллардандир. Чунки, у одам балки Аллоҳ таолони ҳар онида зикр қилар, ёки сув бўлмаган жойда намоз вақти кириб қолар. Шундай пайтларда у доимо намоз учун ҳозиру нозир туради. Хуллас, инсоннинг таҳоратли бўлишида жуда ҳам кўп фойдалар бор. 

 

        Манбаъ: «Фатво ва рисолалар девони», 11 жилд.

Таҳорат безаклари

Таҳорат безаклари

Савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Мўъминнинг безаклари таҳорати етиб борган жойигача етиб боради» (Имом Муслим 368; Имом Аҳмад 8485, 8840) ҳадисининг маъносини тушунтириб берсангиз?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради (Фатво № 70):

Ҳадиснинг маъноси шуки, жаннат аҳли жаннатга киргач уларни безаб қўйилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Каҳф сурасида шундай дейди:

﴿يُحَلَّوْنَ فِيهَا مِنْ أَسَاوِرَ مِنْ ذَهَبٍ

«улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар билан безанурлар» (Каҳф: 31). Ҳаж ва Фотир сураларида эса бундай деган:

﴿يُحَلَّوْنَ فِيهَا مِنْ أَسَاوِرَ مِنْ ذَهَبٍ وَلُؤْلُؤًا

«Улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар ва марварид-маржонлар билан безанурлар» (Ҳаж: 23; Фотир: 33)

﴿وَحُلُّوا أَسَاوِرَ مِنْ فِضَّةٍ

«улар кумуш билакузуклар билан безангандирлар» (Инсон: 21).

Демак, мўъминларни эркак ёки аёл бўлишларидан қатъий назар, ушбу тақинчоқлар билан безатилади ва бу безаклар таҳорат суви етиб борган жойгача етиб боради. Шунга кўра тақинчоқлар икки қўлларида тирсакларигача етиб боради. Чунки, таҳорат(суви) тирсакларгача етиб борган. Бу савол берган тингловчи ишора қилган ҳадиснинг маъносидир.    

 

 

        Манбаъ: «Фатво ва рисолалар девони», 11 жилд.

Қуръонни таҳорати бўлмаган одамнинг ушлаши

Қуръонни таҳорати бўлмаган одамнинг ушлаши

Савол: Қуръонни таҳорати бузилган одамнинг ушлашининг ҳукми нима? Аллоҳ устингиздан яхшиликлар ёғдирсин, саволимизга батафсилроқ жавоб берсангиз.

Аллома Солиҳ Фавзон ал–Фавзон жавоб беради:

Таҳорати бузилган ёки ғусли бўлмаган одамнинг Қуръонни ушлаши жоиз эмас. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусҳафни таҳоратли одамгина ушласин!»– деганлар (Ҳоким «Мустадрак» 1/397, Имом Молик «Муваттоъ» 1/199).

Бироқ, унутгани ёки билмагани учун Қуръонни таҳоратсиз ушлаган одам гуноҳкор бўлмайди. Шунингдек, бирон газмолга ўраб ёки бирон новда ёки бошқа нарса воситасида ушлашнинг ҳам зарари йўқдир. Чунки, Қуръонни таҳоратсиз (ва ғуслсиз) одамнинг қўллари билан бевосита (тўсиқсиз) ушлаши таъқиқланган. 

Манбаъ: «ал-Мунтақо мин фатаваа ал-Фавзан: Китабут-тоҳараҳ», ўн тўққизинчи савол